Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтун стратегик алоқа имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва тизимли дезинформация кампанияларига қарши курашиш жуда муҳим эканини таъкидлади. Бу ҳақда у Истанбулда бўлиб ўтган Стратегик алоқалар бўйича халқаро саммитдаги (Stratcom Summit’21) якуний нутқида гапирган.
Туркия президенти девони Ахборот-коммуникациялар бошқармаси томонидан ташкил этилган анжуман икки кун давом этди. Профессор Алтун саммитда самарали натижаларга эришилгани, турли фикр-қарашлар муҳокама қилиниб, аниқ тўхтамларга келинганини маълум қилди.
“Умумий жиҳатларимиз мавжуд эканига гувоҳ бўлдим. Эҳтимол, бу бизнинг энг муҳим ютуғимиз бўлса керак. Барча соҳаларда дуч келган муаммолар билан бир қаторда имкониятларимизни ҳам кўриб чиқдик. Бу имкониятларни қандай диверсификация қилишимиз мумкинлигига эътибор қаратдик”, – деди у.
Ф.Алтун янги алоқа технологиялари турли мамлакатлардан мисоллар билан муҳокама қилинганини ҳам қайд этди.
“Биз янги коммуникация технологияларининг муҳим бойитиш жиҳатлари бўлса-да, тизимли дезинформация манбаи сифатида замонавий демократик давлатларга салбий таъсир кўрсатишини таъкидладик. Янги коммуникация технологиялари ва улар таклиф қилаётган алоқа воситалари нафрат муҳитининг тарқалиши ва нафратланиш таъсирида жиноятлар пайдо бўлишига хизмат қилмоқда. Ирқчилик ва исломофобия каби салбий тенденцияларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда ва барчамиз бундан азият чекаётганимиз кундек равшан. Янги медиа, янги коммуникация технологиялари ва улар билан ҳаётимизга кириб келаётган янги маданий воқеликлар қаршисида ҳуқуқий механизмлардан демократик асосда фойдаланган ҳолда бир қатор тартибга солиш ишлари зарурлигини англаб етдик. Албатта, демократияни, музокара маданияти ва жамоат майдонини ҳимоя қилиш энг устувор мақсадларимиздан бири. Шу нуқтаи назардан, стратегик алоқа имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва айтиб ўтилган тизимли дезинформацион кампанияларга қарши курашиш долзарблик касб этади. Бу борада аниқ бир доира белгилаб олинганини кўрдик”, – дея мулоҳазаларини давом эттирди Туркия президенти девони вакили.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон тадбир очилишидаги нутқида дезинформация нафақат миллий хавфсизлик , балки глобал хавфсизлик масаласига айланганини таъкидлаган эди.
Ф.Алтун саммитда бунинг аниқ мисоллари кўрилгани ва бу анжуман ана шундай муаммоларга глобал ечим топиш учун асос яратишига умид қилишини айтди.
Ёпилиш маросимида ТРТ бош директори Меҳмет Зоҳид Собажи ва Онадўли агентлиги бош директори Сердар Карағоз ҳам иштирок этди.