Оммавий ахборот воситалари учун оғир келган 2004 йилда хизмат вазифасини бажараётган вақтда 56 нафар журналист ҳалок бўлди. Бу ҳақда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан эълон қилинган «Матбуотга ҳужум» ҳисоботида хавотир билан қайд этилади.
Қароргоҳи Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси нодавлат ташкилот бўлиб, ҳар йили оммавий ахборот воситалари фаолияти, дунё давлатларида матбуот эркинлиги аҳволи хусусидаги ҳисоботларни чоп тайёрлайди.
ОАВ ходимлари манфаатларини ҳимоя қилувчи яна бир уюшма — «Чегара билмас мухбирлар» маълумотига кўра, 2003 йилда 53 нафар журналист жонига қасд қилинганди. Кўриниб турибдики, ОАВга муносабат тобора муросасиз, шафқатсиз бўлиб бормоқда.
Халқаро қўмита ҳисоботида айтилишича, Ироқ дунё журналистлари учун энг хавфли мамлакат бўлиб қолмоқда. Маълумотларга қараганда, ҳали ҳам қуролли тўқнашувлар давом этаётган мамлакатда биргина ўтган йилнинг ўзида 23 нафар журналист жонига қасд қилинган. Шунингдек, тартибсизликлар ҳукмрон давлатда 22 нафар ОАВ ходими исёнчилар томонидан ўғирлаб кетилган.
Маърузада Россия ва бошқа собиқ Иттифоқ давлатларида матбуот эркинлиги ва журналистларга муносабат салбий даражада қолаётгани айтилади.
Россияда оммавий ахборт воситалари ҳукумат томонидан назорат қилинмоқда, Тожикистонда мухолифат матбуоти фаолиятига йўл берилмаяпти, Белорусда президент Лукашенко томонидан сўз эркинлиги бўғилмоқда, Туркманистон эса журналистлар учун хатарли маскан бўлиб қолмоқда, дейилади ЖҲҚҚ ҳужжатида.
2004 йили Россияда икки журналист ҳалок бўлди. «Рейтер» тасвирчиси Адлан Ҳасанов Чеченистонда жангарилар бомбасидан жон таслим қилди. «Форбс» журналининг рус нашри муҳаррири Пол Хлебников эса Москвада қуролли кишилар томонидан отиб кетилди.
Шунингдек, ўтган йилда Сербия ва Черногория (собиқ Югославия) да нашр этиладиган «Дан» мухолифат газетаси бош муҳаррири Душко Ёвоновичга ҳам суиқасд қилинди.
Халқаро қўмита «тўртинчи ҳокимият» вакиллари ҳаётига қасд қилинган қуйидаги давлатлар рўйхатини келтиради: Ироқ (23 нафар журналист), Филиппин (8), Шри-Ланка ва Бангладеш (3), Ҳиндистон, Мексика, Никарагуа ва Россия (2), Бразилия, Доминикана, Гамбия, Гаити, Исроил, Кот-д‘Ивуар, Непал, Покистон, Саудия Арабистони, Сербия ва Черногория (1).
Бундан ташқари, яна 17 нафар журналистга суиқасд қилинган бўлиши мумкин. Мазкур журналистлар ҳалок бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд бўлмасада, улар ҳаётига қасд қилингани бўйича гумонлар бор.
«Матбуотга ҳужум» ҳисоботига кўра, 2004 йилда бутун дунёда 122 нафар журналист касбий фаолияти сабаб қамоққа олинди. 2003 йилга қиёслаганда, бу рақам бироз камайган. Бундан икки йил олдинги санада 135 нафар журналист панжара ортига ташланганди.
Қамоққа олинган журналистларнинг тўртдан уч қисми Куба, Хитой, Бирма ва Эритрея давлатларида истиқомат қилишади. Аслида зикр этилган давлатлар ОАВ ходимларини қамаш борасида кўпдан буён биринчиликни бермай келмоқда.
Мазкур 122 ҳолатнинг 74 тасида «тўртинчи ҳокимият» вакиллари давлат сирини ошкор этиш моддаси билан айбланган. Энг қизиғи, қамалган ОАВ ходимлари орасида сўнгги уч йил ичида илк маротаба америкалик журналист номи ҳам қайд этилган.
Собиржон Ёқубов