Аёллар ва эркаклар илм-фан бобида тенглаша оладими?

АҚШдаги Гарвард университети ректори Догренс Саммерс яқинда бир илмий анжуманда математика соҳасида аёлларнинг зеҳни эркакларникидан пастроқ бўлиши мумкин, дея мулоҳаза билдириб, жинслараро тенглик борасидаги тортишувларни янада жонлантириб юборди. Баъзилар Саммерсни «ХХI асрга қарши гап» айтганликда айбламоқда. Мамлакат матбуоти Саммерснинг фикрини муҳокама қилишда давом этар экан, ҳар икки жинс номидан гапириб, инсон борки, табиатан тенг иқтидорга эга, аммо ҳар бир одамнинг қизиқишлари турлича бўлиши мумкин, деяётганлар кўпчиликни ташкил этади, деб маълумот бермоқда.

Статистика маълумотларига кўра, АҚШ мактабларида ўғил болалар математикадан қизларга қараганда сал юқори баҳо оларкан. Америкадаги инженерларнинг атиги 20 фоизи аёллардир. Математика ва компютер соҳасида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг сони бундан уч баробар кам. «Қизлар ва ўғил болалар бирдек таълим олади, аммо, табиатан, қизлар математика ва техникага камроқ қизиқади», — дейди социолог Кимберли Шауман.

Жинслараро фарқни болаларнинг эрта ёшидан сезиш мумкин, дейишади олимлар. Масалан, онасидан ажратилган ўғил бола, норозилигини ҳаракат орқали билдирса, қиз бола бу ҳолни жисмонан эмас, балки сўз орқали ифодалайди. Масала юзасидан изланган олимлар Рубин ва Ракел Гурнинг айтишича, илмий тажрибаларда аёлларнинг сўзлашув қобилияти кучлироқ, эркакларнинг эса фазовий иқтидори юқори экани маълум бўлган. Аёллар миясининг ҳар икки томони бирдек ишлашга қодир. Хотин-қизлар бир пайтнинг ўзида бир неча ишни бажара олади, эркаклар бунга қодир эмас, дейди олим Рубин Гур.

«Баъзи соҳаларда эркаклар, баъзи соҳаларда эса аёллар кучли. Биргаликда улар идеал муҳит яратади. Бунда икки томоннинг иқтидори, қобилияти ва заифликлари ўзаро алмашиниб, жинслараро ҳаракат майдони юзага келади. Худди шу жараён, инсониятни тебратади». Шундай экан, жинслараро фарқлар борасидаги тортишувларга нуқта қўйиш мумкинми? Кўпчилик олимларнинг фикрича, ҳаёт давом этаркан, аёл ва эркак ўртасидаги фарқ сиёсий, ижтимоий ва фалсафий масалалигича қолаверади.