Таниқли адиб Шукур Холмирзаев ўзбек адабиётида насрнинг турфа хил жанрларида сермаҳсул ижод этмоқда. Унинг ижодий йўлида янгича изланишларни кузатамиз. Хусусан, бу унинг эссе ва бадиаларида кўринади. Шунинг учун биз ижодкор билан эссе жанри табиати ва бевосита Шукур Холмирзаев ижодида эссенинг ўрни, яратилиши ҳақида суҳбатлашдик.
— Шукур ака, маълумки, эссе қадимий жанр сифатида нафақат адабиёт оламини, бошқа фанлар ва жамият ҳодисаларини ҳам қамраб олади. Сизнинг ижодингизда эссенинг турли йўналишларини кўрамиз. Чунончи, бадиий, адабий-танқидий, тарихий, публицистик, хотиравий йўсиндаги эсселарингиз мавжуд. Эссе жанри табиати, генезиси ҳақида мулоҳазаларингизни билдирсангиз. Сизнингча, бу жанрнинг очерк, ҳикоя сингари насрий жанрлардан, шунингдек, хотиралардан тафовутли жиҳатлари нималарда кўринади?
— Бизда бир кекса ёзувчи бор. Жанрларнинг бир-биридан фарқини билмагани билан фахрланиб юради. “Ман билмайман қанақа жанрда ёзиб қўйдим. Китобхонга ёқса, бас”, дейди. Ва жанрдан жанрнинг фарқини Садриддин Айний ҳам билмаганини рўкач қилади. Ҳа, энди бундай “билмаслик”нинг сабаблари бўлса бордир, албатта…
Аммо шофёр одам машинанинг машинадан фарқини, чавандоз йигит отнинг отдан фарқини билганидек адиб дегани ҳам адабиёт илмидан баҳоли қудрат хабардор бўлиши керак. Бу — аксиома, синглим. Энди менинг “эссе”га, ўзингиз айтмиш, унинг “табиати”га доир мулоҳазаларимга келсак, маълумингиз, асосан ҳикоянавис сифатида гапни ҳикоядан бошласам.
Русларда “рассказ” — “рассказат”дан олинган дейдилар. Яъни бир воқеани “айтиб бериш, ҳикоя қилиш” демакдир. Бошда аксар рус адиблари ҳақиқатан ҳам “ҳикоя қилиш, баён этиш” йўлидан борганлар. Ҳатто француз, ҳатто ҳинд адиблари ҳам аввалда шу йўсинда ижод қилганлар. Кейинчалик ижоднинг тадрижий такомили тақозосида Чехов каби новатор ёзувчилар чиқиб: “Йўқ, воқеани баён қилмаслик керак, балки кўрсатиш лозим”, деб шу йўриғда асарлар битганлар. Илло, “кўрсатиш, холис тасвирлаш йўли” — асл адабиётнинг йўли эди.
Демак, ҳикояда маълум бир воқеа (инсон ҳаётининг маълум бир бўлаги) тасвирланади. Демак, холис тасвирланади ва аксар ҳолларда ҳикоядан чиқариладиган хулоса ўқувчига ҳавола этилади… Энг яхши ҳикоялар шу тариқа ёзилади. Шу ўринда айтиб кетишни истар эдимки, бугунги кунда — кейинги ўн йилликларда ёзилаётган ҳикояларнинг кўпчилигида орқага қайтишни, яъни оддий баён қилиш, шунчаки айтиб беришни кўраман. Бу ҳол — ўша муаллифларнинг қандайдир онгли равишда “ортга”, аниқроғи, ҳикоя жанрининг ибтидоий ҳолатларига қайтишидан далолат бермайди — аксинча: ўша муаллифларнинг ҳикоя жанри хусусиятларидан, ҳикоянинг жанр сифатидаги такомилидан бехабар эканлигидан далолат беради.
Мен бундай ҳаваскор адибларни юқоридаги айтганим — “жанрнинг жанрдан фарқини билмайдиган” адибларга ўхшатаман. Энди “очерк” жанрининг ўзига хос жиҳатларига келсак, бунда ҳам маълум бир воқеа — инсон қисматининг бир бўлаги қаламга олинади-ю, аммо ҳикоядан фарқли ўлароқ очеркда мавжуд — бор ҳаётий одам қаламга олинади. Шу боис муаллифнинг ўша одамга — қаҳрамонга муносабати очиқ-ойдин бўртиб туради. Шунинг учун ҳамдир мен ўқиган аксар очеркларда ижобий хислатли кишилар тасвирланади… Энди “Эссе”га келсак, бу жанр ҳикоя, очерк жанридан жуда ёш бўлишига қарамай, ёзувчига беҳад кенг эркинликлар беради: яъни эссе ёзгувчи адиб тасвирлаётган ёхуд баён этаётган воқеа-ҳодисага — яна ўша гап: инсон қисматининг маълум даври бўлагига нисбатан ўз муносабатини (очеркдаги каби) очиқ-ошкор билдириб туриши баробарида (бу йўруғда) ўз кўнглида туғилган қандайдир ҳис-ҳаяжонини ҳам, ҳатто шахсий мулоҳазаларини ҳам бемалол ёзиш имконига эгадир. Демак, айтиш мумкинки, эссе жанри очерк билан ҳикоя ўртасидан ўсиб чиққан жанр — тасвир усулидирки, у мақола — мақола илмий бўладими, бадиийроқ бўладими, барибир, — мақолага хос унсурлардан ҳам фойдаланади, тўғрироғи, уларни-да ўзиники қилиб олади.
Марҳабо синглим, эсда тутингки, адабиётдаги ҳар битта жанр ҳам ўз даврига хос, унинг эҳтиёжларини тўлароқ ифодалаш замирида пайдо бўлар экан.
Эссе ҳам шу тариқа пайдо бўлган экан. Дарвоқе, унинг пайдо бўлган макони Франция ҳисобланади. Умуман, француз адабий тафаккури ҳамиша бошқалардан олдинроқда юрган ва замоннинг талабу эҳтиёжларини бошқа дунё адибларидан илгарироқ ҳис этган. Қарангки, “роман” жанри ҳам дастлаб французларда пайдо бўлди ва энг дунёвий-миллий романлар ўшаларда яратилди. Буёғи ҳам қизиқ: таажжуб қиласанки, “Антироман” (Сартр асарлари) ҳам ўшаларда пайдо бўлди.
Эсимдан чиқибди: Сиз “Хотира жанри” ҳақида сўровдингиз. Сингилой, “Хотира — хотира”-да: уни ҳар ким ёзиши мумкин ва унга қўйиладиган талаб ҳам ўзига яраша бўлади. Тўғри, Тагорнинг хотиралари (“Россиядан хатлар”и ёки Эренбургнинг хотиралари ёхуд Уэлснинг “Россия зулмат қўйнида”) ёхуд шу каби ёдномалар борки, уларни эссе дейиш ҳам мумкин, очерк дейиш ҳам.
Улар шунчаки “хотиралар” деб жанрини қўйиб юборганлар. Қолаверса, уларни қизиқтирган долзарб масалалар олдида “жанр” ҳақида ўйлаш хаёлларига ҳам келмаганов…
— Эссе, менинг назаримда, ёзувчининг ҳаёт, инсон ва жамиятни тушуниш ва тушунтириш шаклларидан биридир. Айтинг-чи, сизнинг айнан шу жанрга мурожаатингизнинг боиси нимада?
— Эссега мурожаат қилишимнинг боиси — феълимда бўлса керак: болаликдан эркинликни севардим. Эссе — эркин жанр, бундан ташқари, у агар таъбир жоиз бўлса, “размерсиз жанр”ки, кийим танлаганда бўйинггаю энингга ўлчаб ўтиргандай сиқилмайсан.
— 70-йилларда Европа адабиётида эссе-роман, эссе-қисса, эссе-ҳикоя, ҳатто фантастик эсселар ҳам яратиш авж олиб кетди. Шунинг учун бўлса керак, Ғарб адабиётшунослигида романтика ва фантазияга қурилган адабиёт ўрнини бир кун келиб эссе эгаллайди, деган шов-шувли мунозаралар пайдо бўлди. Аммо 30 йил вақт ўтди ҳамки, прозанинг барча жанрлари баравар ижод шакли сифатида ривожланмоқда. Сизнинг шу баҳсларга муносабатингиз қандай?
— Рост айтасиз, ўша йилларда эссе-роман, эссе-қисса…лар кўп яратилди ва адабиётшуносликда “бошқа жанрларнинг шўри қуриди”, деган гаплар ҳам пайдо бўлган эди.
Бунинг сабабини мен ўша Ғарбдаги маънавий-адабий ва бошқа-бошқа эҳтиёжлардан, деб биламан. Қолаверса, ўша тур асарларнинг муаллифлари жуда унақа — адабиёт — менинг қисматим деган ижодкорлар бўлишмаган. Адабиётшуносларнинг каромату башоратларида эса адабиётга нисбатан енгил таклифни кўраман. Сизга бир мисол айтайин: ўтган асрда рангли фотография санъати яратилди. Ва… каромату башоратчилар нималар дейишди: “Тасвирий санъатнинг куни битди!” деб айюҳаннос солишди… Йўқ, сал вақт ўтмасидан Тасвирий санъат инсоният яратган энг улуғ санъатлардан бири эканига яна иймон келтирдилар. Бундай гаплар бўлаверар экан. Ахир, ҳар битта жанр каби Санъатнинг ҳар бир тури ҳам — минг-минг йиллик ақлий ва ҳиссий, маънавий ва маданий изланишлар ҳосиласидир. Биз уларни фақат бойитишимиз, янада камол топтиришимиз лозим, холос…
Шу ўринда битта чекиниш қилсам: яқинда Комил Аваз деган қаламкашнинг “Қўналға” номли эссе-роман деб жанрини белгилаган асари қўлимга тушди. Бу ҳақда хоразмлик оғам — гўзал шоир Эркин Мадраҳимов (Ошиқ Эркин) айтган эдилар: “Шукуржон, шуни бир ўқинг”. Хуллас, ўқиб чиқсам, жуда ғаройиб эсселар мажмуаси экан. Бекорга “мажмуа” демаяпман. Илло, биронта эссенинг бошқа биронтаси билан деярли алоқаси йўқ. Тағин ”биринчи роман” деган илова ҳам бор.
Тавба, бунинг нимаси роман? Ўйлаб-ўйлаб шу фикрга келдим: романли бўлишни истабдиларда Комил оға. Ҳа, орзуга айб йўқ. Қолаверса, “роман” номи билан қанақанги хом-хатала, алжирашга ўхшаб кетадиган асарлар чиқиб кетмаётир. Мана шунақа гаплар. Сиз Ғарб адабиётида пайдо бўлган эссе-романларни гапириб юрибсиз. Ўтаверади… Шошманг, агар “Қўналға” — эсселар тўплами деб эълон қилинганда, камина Комил Авазни табриклаган бўлардим.
— Шукур ака, сизга яна бир савол бермоқчи эдим, жаҳон эссенависларидан қайси ёзувчи кўпроқ ёқади?
— Жаҳон эссенависларидан… Эсимга келмаяпти. Ҳа, ўтган йили Скандинавия ёзувчиларидан Фарли Моуэтнинг шимол музликларида яшаётган элатлар ҳаётидан ёзилган эсселар тўпламини топиб ўқидим. Кейин руслардан Юрий Нагибиннинг “Дунё бўйлаб” деган каттагина эсселар тўпламини ўқиб чиқдим. Фарли Моуэтнинг айрим эсселари Жек Лондоннинг шимол ҳикоялари билан бўйлашар экан. Юрий Нагибин эса, аслида эссенавис экан. Мен у адибни “ёзувчи, сценарист” деб юрардим.
— Бугунги кунда ўзбек адабиётида кимларни эссечиликда фаол қалам тебратаяпти деб ўйлайсиз?
— Бугунги ўзбек адабиётида Дадахон Нурийни энг фаол эссечи, деб биламан. Унинг бир неча эссе тўпламлари чиқди. Уларга ман-ман деган адабиётшунослар сўз боши ёзишган. Чунончи, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов… ва бошқалар. Аммо матбуотда шу публицист адибнинг дурустроқ мақталганини билмайман. Ҳолбуки, бунақанги жонкуяр, юртпарвар адибни топиш қийин. Бошқа эссенавислардан домламиз Озод Шарифиддиновни айтгим келади. Аммо лекин, шу пайтгача Одил Ёқубовнинг “Фарзандлар бурчи” номли эсселаричалик гўзал эсселарни ўқимаганман. Бугунги кундаги эссенавислардан тағин Собиржон Қодиров, Карим Баҳриев, Қулман Очил, Фотима Шариповаларни мамнуният билан тилга оламан.
— Мана сиз 68-йилдан бери шу жанрда ижод қилмоқдасиз. Айниқса, кейинги пайтларда жуда кўплаб ёзувчи, шоирлар, умуман санъат аҳли ҳақида, жамоат арбобларига бағишлаб ёзилган эссе ва бадиаларингиз бор. Айтинг-чи, эсселарингиз орасида сизга энг маъқули қайси бири?
— Деярли барча эсселарим ўзимга ёқади. Чунки… улардан биронтасини қайта ёзгим келмайди.
Суҳбатни Тил ва адабиёт институтининг аспиранти Марҳабо ҚЎЧҚОРОВА ёзиб олди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 16-сонидан олинди.