Регимантас Адомайтис: “Тихонов Штирлицни жуда ёмон ўйнаган…”

Кино санъати мухлислари литвалик машҳур кино ва театр актёри Регимантас Адомайтисни яхши билишади. Унинг саҳна ижоди Вильнюс университети талабалар театридан бошланиб, кейинчалик Капсукас,  Вильнюс драма, Литва Давлат академик драма  театрларида давом этади. Дастлабки роллари билан томошабинлар меҳрини қозона олган Регимантас кино санъатида беқиёс маҳоратини намоён этиб, машҳурликнинг юксак чўққисига кўтарилади. Болтиқбўйи, Белорусия ва Молдавияда ўтказилган кино фестивалларда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилади. “Колумб ҳақидаги ҳақиқат”, “Озодлик деган ширин сўз”, “Шайтоннинг келини”, “Кентаврлар”,  “Ўлим фаришталари”, “Ёш аёл учун эркак”, “Бўлиниш” фильмлари ва “Учинчи осмон”, “Орзулар қирғоғи” телесериалларидаги роллари уни кино санъатининг юлдузларидан бирига айлантиради.

Ўтган асрнинг сўнгги йилларида Регимантас мамлакат сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этади, аммо орадан кўп ўтмай, бу ишидан афсусланиб, яна саҳнага қайтади.

Журналист Сергей Шурконинг журналхонлар ҳукмига ҳавола этилаётган ушбу суҳбати яқинда бу ёруғ оламни тарк этган истеъдодли санъаткорнинг маънавий дунёси, характерли хусусиятлари ҳамда ўзига хос турмуш тарзи хусусида бўлиб, уни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилмоқдамиз.

Киоскада “Марльборо” сигаретаси  йўқ экан, Регимантас “Уинстон” ҳам бўлаверади, деди. Уйга келгач, мендан рухсат сўраб, аввал балкон деразасини очди ва бурқситиб чека бошлади. “Тутатиб турмасам бўлмайди, биродар, шунга ўрганганман…”, деди. Тез-тез йўтал тутиб турганига қарамай,  саволларимга бамайлихотир жавоб қайтарди, шу боис мен савол устига савол бермадим.  Ўзига хос мулоқот бўлди. Жуда самимий, очиқчасига. Бунинг сабаби бор, албатта: хонадаги жамики нарсалар кишини хотиржамликка даъват этади. Суҳбатдошим театрда ишламай қўйганига анча бўлган, кинода суратга  тушаётгани йўқ. Уйида хоҳлаганча дам олиши, кофе тайёрлаши, хаёл суриши, уй деворларини безаб турган суратларни томоша қилиши, бой архивини (бундай архивни ҳамма ҳам ҳавас қилиши аниқ)  кўздан кечириши ёки бу ердан атиги бир неча қадам наридан бошланадиган ўрмонда сайр қилиши мумкин. Меҳмонхона бурчагидаги катта ёғоч соат ўтаётган вақтни ҳисоблашда давом этади, аммо унинг вақти-вақти билан занг уриши энди аввалгидек муҳим эмас, аксинча: ярим кечада уй соҳибини уйғотиб юборади ва у яна лабига сигарета қистиради.

Регимантасга берадиган саволимни ҳали Минскдан жўнамай турибоқ тайёрлаб қўйгандим: у суратга тушган “Ғалабанинг гўзал лаҳзаси” фильмини интернетдан топа олмадим. Ўзимча, бу асарда бош ролни ижро этган суҳбатдошимда унинг диски ёки кассетаси бўлиши керак, деб ўйлагандим. Суҳбатни шундан бошламоқчи эдим. Аммо у бир зумда ҳафсаламни пир қилди.  “Диски ҳам, кассетаси ҳам йўқ, фильмнинг ўзини элас-элас эслайман. Сценарий муаллифи ва режиссёр Вячеслав Винник эканлиги ёдимда қолган. Славанинг ўзи яхшигина спортсмен эди, катта спортни яхши биларди. Унинг машҳур тренер Валерий Лобановский ҳақида  бадиий фильм яратганини билсангиз керак. У яна Олимпиада ўйинлари ҳақида кино яратишни орзу қиларди. Ҳозир Канадада яшайди. У ерда  кино учун пул топиш осон бўлмаса керак. Ярим йилдан бери қўнғироқ қилмайди. Ишқилиб, бирор кор-ҳол юз бермаган бўлсин-да”.

– Литваликлар азалдан баскетболни яхши тушунишади дейишади…

– Билмадим, спорт билан шуғулланган эмасман. Мактабдалигимда синфимиз бўйича энг ёмон югурадиган мен эдим. Жин урсин, ҳозир ўша сиз айтган гандбол тўғрисидаги фильмни эслашни хоҳлаб қолдим. Аммо Пётр Вельяминовдан бошқа, у ҳам, адашмасам, фильмда тренер ролини ижро этган эди, ҳеч нарса ёдимга тушмаяпти. Аммо… россиялик енгил атлетикачиларни жаҳон чемпионатига қўйишмаётганидан хабарим бор. Улар таъқиқланган воситаларни истеъмол қилишган экан-да.

– Шундай бўлса керак.

– Мен умримда икки марта бу бемаъниликка қўл урганман. Қримда янги фильмни суратга олаётганимизда ўртаосиёлик йигитлар қоғозга ўроғлиқ наша олиб келишган экан, қизиқиб, меҳмонхонада ҳаммамиз тўпланиб, бир-бир тортиб кўрдик. Баъзиларга унча таъсир қилмади. Мени эса, аввалига шундай йўтал тутди-ки, юрагим дукиллаб кетди. Кроватда ўтирибман-у, бошим айланади. Кейин кўз ўнгимда аллақандай тасвирлар – уфқни эгаллаб олган манзаралар дейсизми, пайдо бўла бошлади. Хонадаги крандан битта-битта сув томиб турган эди, унинг овози менга ёқимли симфониядай эшитилди. Ўзимга келгач қилган ишимдан жуда афсусланиб кетганман.

Колумбияда марихуанани тотиб кўрдим. Қайсидир фестивалга борган эдик. У ерда бу сабил қолгурни кўчада бемалол сотиб олиш мумкин экан. Шерикларимдан бири меҳмонхонага олиб келди. Тортдик. Бутунлай бошқача ҳолат: тананг шу қадар енгиллашадики, қўл ҳаракати билан осмонга парвоз қилиш мумкин. Бунинг устига, тўхтатиб бўлмайдиган даражада тинимсиз кула бошлайсан. Шунақа кулги келадики, телба ҳам бу ҳолатга тушмайди. Шу-шу бундай нарсалардан ўзимни олиб қочиб юрдим. Гиёҳвандлик кўз ўнгимда қанча-қанча истеъдодларнинг бошига етди.

– Танишларингиздан қай бири соғлом турмуш тарзига эга, деб ўйлайсиз?

– Коля Караченцев спорт билан жиддий шуғулланарди. “Таназзулга юз тутган трест” фильмини суратга олаётганимизда дўстлашиб қолганмиз. Оддий, хушфеъл йигит. Афсус, оғир касалга чалиниб қолди. Олдига бордим. Бир қарашда, аввалгидек:  муомала қилади, юради, чекади. Аммо нима деяётганини англаб бўлмайди. Уни фақат хотини тушунади, холос. Театр саҳнасига чиқа олмаслиги аниқ. Санъат учун бу – оғир йўқотиш. Жуда афсусдаман. Ўзи ҳам афсусда.

– Сиз ҳам театрдан узоқлашиб кетдингиз…

– Бу йил мен учун  омадсиз келди. Бир нималарни репитиция қила бошладим, аммо тобим қочиб, касалхонага тушдим. У ерда менга аниқ ташхис қўйиша олмади. Шуниси ёмон. Саратон касаллигига чалинганимни биламан. Билганимга ўн йил бўлди, Яшаб юрибман.

– Тузалиб кетиш эҳтимоли борми?

– Гап шундаки, даволаниш, анализ топшириш ва яна бошқа махсус муолажалар, тўғриси, жонимга тегиб кетди.  Фойдаси бўлганини врачлар ҳам, ўзим ҳам сезмайман. Охири бор-е, дедим-да, ҳаммасига қўл силтадим. Пешонамга ёзилганини кўраман. Кейинги пайтларда гармон дорилар ичдим, нур-терапия қилишди. Балким, булар менинг саратон дўстимга бироз бўлса-да, таъсир қилгандир.

– Касалингизга беэътиборсиз, назаримда?

– Йўқ, ундай эмас. Қўрқаётганим йўқ. Орадан ўтган йиллар давомида биз ҳатто дўстлашиб ҳам қолдик. Баъзан гаплашиб  турамиз. Аҳволим ёмонлашганида, мен унга: “Ҳой, қўйсангчи биродар, аъзойи баданим зирқираб оғрияпти”, дейман. Назаримда, у менга қулоқ солади.

– Оллоҳга ҳам мурожаат қилиб турасизми?

– Оллоҳга мурожаат қилиш учун унинг  борлигига ишониш керак. У, шубҳасиз, мавжуд. Аммо биз уни танимаймиз. Болалар учун нашр этилган диний китобдаги кекса чол эмас у. Советлар даврида бизнинг онгимиз ҳамма нарсани аниқ билса, ўлчаса, баҳоласа бўлади, деган ақидага йўналтирилган эди. Бундай эмас. Физикада Гейзенбергнинг ноаниқлик принципи деган тушунчаси бор. Маъноси: бирор зарранинг характерис­тикаси аниқ ифодаланса, иккинчисиники шунча номаълум бўлади. Таассуфки, шундай. Йил ўтган сари инсон жуда кўп нарсаларни англайди, тушунади, аммо одам ва оламни охиригача тушунишга ҳеч кимнинг қурби етмайди.

– Фикримча, сизнинг Донатас Банионис билан, айниқса, ҳаётининг сўнгги йилларидаги учрашувларингизда мангу мавҳум нарсалар ҳақида сўз борар эди. Шундай эмасми?

– Йўқ. Асосан театр ҳақида сўзлашар эдик. Девордаги суратни кўряпсизми?   Донатас иккимиз “Учрашув” спектаклида ўйнаганмиз. Немис драматурги Паул Барцнинг икки буюк композитор – Бах ва Генделга бағишланган асари. Улар бир йилда, иккови ҳам Германияда туғилишган, аммо ҳеч қачон учрашишган эмас. Бахнинг бутун ҳаёти мусиқа билан боғлиқ, бошқа ҳеч нарсага қизиқмаган. Гендел бўлса бунинг акси – уни машҳурлик, шон-шуҳрат ва пул қизиқтирган. Спектаклнинг бошидан охиригача улар инсонни турли пайтларда нималар қизиқтириши тўғрисида баҳслашишади.

– Сиз, албатта, Генделсиз?

– Албатта. Банионис кўпроқ Бахга ўхшайди. Биргаликда уч йил саҳнага чиқдик. Кейинроқ Баниониснинг соғлиғи ёмонлашди. У мендан ўн ёш катта эди. Шундай бўлса-да, мен унинг истеъдоди ва, айниқса,  шижоатига қойил қолардим. Бирга ишлар эканман, унинг характеридаги кўп жиҳатлардан хабардор бўлдим. Жуда меҳнаткаш эди. Тиним билмасди. Хаёли ҳамиша театр билан банд эди. Ёнида дафтарча олиб юрар, спектакл тугаши билан, йўл қўйган хатоларини – саҳнанинг қаерида нотўғри туриб қолганини, қайси сўз ёки иборани маромига етказиб айтмаганини ёзиб борарди. Навбатдаги спектакл олдидан ёзувларига кўз югуртирарди. “Ҳеч ким ўлишни хоҳламасди”да биринчи марта ҳамкасблар сифатида учрашганимиздаёқ, мен унинг жуда жўн, аммо бошқа актёрларнинг ҳаёлига  келмайдиган деталларга ҳам жиддий эътибор беришини билганман.

– Ўша биринчи учрашувингизда Баниониснинг қаҳрамони – собиқ сотқиннинг башарасига тушириб қолмаган экансиз-да…

– Эсимда, бу учрашув саҳнада бўлган эди. Аммо у бизнинг биринчи учрашувимиз эдими ёки йўқми, буни аниқ айта олмайман. Биласизми, шу картина менда йўқ. Бўлса, кўрардим. Эҳтимол бирор жойдан сотиб олиш мумкиндир?

– Интернетда бор.

– Менда эса интернет йўқ. Мен бугунги куннинг одами эмасман. Аммо битта тугмачани босиб, Лондонда яшайдиган қиз набирамни кўра оламан. Қандай яхши. Бу нарсалар советлар замонида одамнинг хаёлига ҳам келмаган. Бугунги  техникаларга қизиқмайман, Менинг шахсий тараққиётим ўтган аср даражасида қолиб кетган. Бугун ғирт тўнкага ўхшасам керак, аммо ҳаётимда бирор нарсани ўзгартиришга кеч бўлди.

– “Ҳеч ким ўлишни хоҳламасди” фильмида Баниониснинг персонажи – собиқ сотқинга колхозга раис бўлишни таклиф этишади. Колхознинг барча аъзолари ундан юз ўгириб турган бир пайтда! Ишониш қийин.

– Шу фильм учун кўп тана эшитишга тўғри келди. Танқидчиларнинг фикрича, унда Литва қаршилик ҳаракати нотўғри талқин этилган. Эҳтимол шундайдир. Аммо улар фильм қандай шароитда, кучли цензура остида суратга олинганини унутиб қўйишган чоғи. У пайтлари қандайдир қаршилик ҳаракати тўғрисида ҳатто оғиз очиш  мумкин эмасди. Сценарий муаллифи ва режиссёр Витаутас Жалакявичус расмийлар билан  муросага келиш учун фильмнинг кўп жойларини ўзгартиришга мажбур бўлган. Шундай бўлса-да, фильм 1966 йилнинг энг яхши кино асари сифатида баҳоланди ва Давлат мукофотига сазовор бўлди.

– Шу фильмда актриса Вия Артмане ҳам рол ижро этган. Уни кўплар севиб қолган бўлишса керак?

– Ҳа, шундай бўлганди. Аммо, мен сизга бир сирни айтишим керак: мен ва Юозас Будрайтис учун бу картина  биринчи фильмимиз эди. Шу боис, жуда ҳаяжон билан, бошқа нарсаларга чалғимай, уёқ-буёққа қарамай ўйнаганмиз. Режиссёрнинг барча талабларини бажаришга ҳаракат қилганмиз. Артмане фавқулодда истеъдодли, ҳар қандай фильм­ни безай оладиган актриса эди. Мухлислари шу қадар кўп эдики, эҳ-ҳе. Дарвоқе, сиз ишлайдиган газетада Совет иттифоқи пайти яшаган, ишлаган аёллар борми?

– Бор.

– Улар менинг фикримга қўшилишлари ҳам, қўшилмасликлари ҳам мумкин, аммо  қатъий айтишим мумкинки,  кўпгина ёш актрисалар Арт­мане ва унинг даражасидаги санъаткорларнинг муваффақияти – узоқ йиллик изланиш, азобли меҳнат натижаси эканини тушунишмайди. Навқирон гўзаллар юлдузга айланишнинг энг осон йўли – режиссёр ёки фильмда бош қаҳрамон ролини ижро этаётган машҳур актёрнинг қўйнида деб ўйлашади. Репитициялар пайти бу ҳолатга мен ҳам кўп бор дуч келганман. Бир гал ёш қизча билан қолиб, Станиславский бўйича фильмдаги муносабатларимизни  аниқлашга ҳаракат қилмоқчи бўлдик. Мен жон куйдириб ётибман, у бўлса, менга қараб кўзини шундай сузадики…

– Сизга висол лаззатини инъом этмоқчи бўлгандир-да?

– Ҳа, қишлоқда катта бўлган мен нодон бўлсам тушунмабман.

– Кинодаги ҳаётингиздан келиб чиқиб, энг гўзал актриса ким бўлганини айта оласизми?

– Бу саволга чуқур ўйлаб жавоб бериш керак бўлади. Бирорта исмни айтиш тўғри бўлмас. Лекин, шундайлардан бири, шубҳасиз,  Людмила Чурсина. Мен у билан “Мерседес”даги одам” фильмида суратга тушганман. Бир вақтлар у кўплар қатори  мени ҳам мафтун этган эди. Фильм боис танишганимизда у аввалгидек кўҳли эмасди. Латофатли актрисаларнинг бир муаммоси бўлади: ёш ўтиши билан улар ўзлари учун ёқимли бўлган ролларни ижро этишдан маҳрум бўладилар. Кўпсонли эътибордан ҳам. Бу жуда ёқимсиз ҳолат.

Людмила Гурченко билан театрда бирга ўйнаганмиз. Унга раҳмим келади. Сон-саноқсиз операциялардан сўнг  юзида сунъий қоплама бўлиб, унинг тагида аёл киши қолиб кетганди. Мен уни эмас, қуруқ қопламани кўрардим, холос.

Менга Софи Лорен ҳаётининг ҳамма даврларида ҳам ёқарди. Мен учун у аёл ва актрисанинг ноёб эталони эди. Гарчи у билан таниш бўлмасам ҳам, бирор жойда учрашмаган бўлсак ҳам, шундай эди. Мен уни фақат фильмлари ва мемуарлари орқали билардим. Яқинда уни кекса аёл ролида кўрдим. Латофат  чеҳрасини  ҳануз тарк этмабди.

Андрей Тарковскийнинг севимли актрисаси Маргарита Тереховани  эсламасам бўлмас. У кўпларнинг ёдида бениҳоя гўзаллиги билан қолгани аниқ. Афсус, у билан суратга тушиш менга насиб этмади. Маргарита жиддий актриса бўлса-да, мафтун этиш борсида унга тенг келадигани йўқ эди. Шу аёлни севиб қолишим ҳеч гап эмасди.

– Кинода сизнинг севимли партнёрингиз ким бўлган?

– Улар жуда кўп, аммо биринчи бўлиб Караченцовни айтишим керак. “Трест” режиссёри Александр Павловскийдан миннатдорман: у менга комик ролни ишониб топширди. Бошқалар бўлса, юз ифодамга қараб, нуқул жиддий ролларга таклиф қилишарди. Мен ўзимни комедия актёри деб ҳисоблайман. Театрда буни бир неча бор исботлаб берганман.

Анатолий Солоницин ҳам менга маъқул эди. Худо раҳматига олган бўлсин. Биз “Юлия Вревская” ва “Дам олувчилар ҳаётидан” фильмларида рол ўйнаганмиз. Толя кучли ва таъсирчан ички маданиятга эга эди. Дарвоқе, биз у билан Минскда танишганмиз. Бир даврада ўтирган эдик, бир киши келиб, бизга Андрей Тарковскийнинг “Андрей Рублев” фильмида бош қаҳрамон ролини ижро этаётган йигитчани таништирди. У суҳбатимизга  дарҳол қўшилиб кетмади, бир четда туриб, бошқаларни диққат билан эшитадиган кишидай таассурот қолдирди. Унинг бу характери эътиборимни тортди. Кейинчалик уни “Ленком”да Тарковский саҳналаштирган “Гамлет” спектаклида кўрдим. Спектакл менга унча хуш келмади. Андрей драмани кўпроқ кинобоп қилиб юборган. Шундай бўлса-да, менда Солоницинга нисбатан ижобий муносабат ўзгармади. Болгарияда бўлганимизда у билан узоқ суҳбатлашдик.

Яна кимларни айтсаммикин?.. Ҳа, Георгий Бурков. У билан Анатолий каби яқин бўлмасак-да, унда мен ақлли, фикри тиниқ актёрни кўра олдим.

– Смоктуновский гениал актёрми?

– Шубҳасиз. Аммо бироз айёрлиги ҳам бор эди. Кончаловскийнинг “Ваня тоға”сида Сергей Бордарчуқ суратга тушиши аниқ бўлса-да, мени ҳам  “проба”га чақиришди. Смоктуновский – бош ролда, мен эса Астров образига мўлжаллашаётганди. Москвага келиб, тўғри студияга боришнинг ўзи бўлмайди. Йўл чарчоғи, фикрингни жамлаш қийин. Бордим. Қўлимга матнни тутқазишди, диванга ўтириб, қандай ижро этиш керак­лиги тўғрисида ўйлай бошладим. Смоктуновский кириб келиб, мен билан саломлашди-да, ёнимга ўтирди. “Бу энди, кимсан Чехов, ҳазилакам одам эмас, картина  дунёга чиқади” дея менга насиҳат қила бошлади. “Сиз бу ролни қандай ижро этиш кераклигини биласизми?” деган, аслида тўғри, аммо кинояли саволи  ва мафтункор табассумига яширинган айёрлиги менга ёқмади, қора қарға миямни чўқилаётгандай бўлди. Ўшанда “Қандай ижро этишни яхши биламан, сизнинг ёрдамингизга муҳтож эмасман”, дейишим мумкин эди, аммо, нима бўлганда ҳам олдимда Смоктуновский турарди-да, индамадим. У юрагимга шубҳа солди. Ролга ўтганим ҳам, суратга тушганим ҳам йўқ.

– Ўшанда сизнинг ўрнингизда Банионис ёки Будрайтис бўлганида, улар Смоктуновскийга боплаб жавоб қайтаришган бўлармиди?

– Билмадим, ҳар иккиси ҳам одамгарчилик юзасидан индашмасди, менингча. Будрайтис, аниқ айтаманки, бундай қилмасди. “Ҳа-ҳа” дея бошини  қимирлатиб, мўйловини маъноли бураб қўярди, холос. Юозас – яхши дўстим, яхшилиги шундаки, анчадан бери бирорта рол ўйнагани йўқ. У шарқликларнинг “Борингча кўрин” деган маслаҳатига амал қиладиганлардан бири эди. Актёрлик мактабини ўтаган эмас, аммо унда шундай ички ҳис этиш фазилати мавжудки, ижро этаётган персонажи дунёқарашини тез англай олади. Бу актёр учун  муҳим хусусият.

– Устозларингиз ҳақида нималар дея оласиз?

– Мен ўзимни Станиславскийнинг шогирди, гениал актёр  Михаил Чехов мактабига мансуб деб ҳисоблайман. Унинг, гарчи устози ўгитларига қатъий амал қилса-да, “Актёрни персонажнинг териси ичига киришга мажбурлама, уни саҳнада кўрсатиб бер”, деган шахсий принципи бор эди. Театр мактабидаги этюдларни бажаришда жуда қийналганимиз ёдимдан чиқмайди. Ўқитувчимиз: “Сиз комсомоллар коммунизм қурилишига бораяпсизлар. Дарёни тўсишми, чўлни ўзлаштиришми, қандай топшириқ бўлмасин, мақсад сари ишонч билан олдинга қараб интилишингиз керак, шуни қўрсатиб беринглар”, дея талаб қиларди. Саҳнада уёқ-буёққа қараб юриб, ўзимни ўзим: “Мен комсомолман, коммунизм қурилишига бораяпман, ҳаётимни БАМ қурилишисиз тасаввур эта олмайман. Қаҳратон қиш, шамол ва довулдан қўрқмайман”, деб ишонтиришга ҳаракат қиламан. Аммо ишонтира олмайман. Ўқитувчининг олдига келиб, комсомол аъзоси эканлигимга ишонмаяпман, деб тўғрисини айтганман. – “Демак, сиздан яхши актёр чиқмайди”, деганди у.

Бу масалада Чехов ўта содда, аммо табиий моделни таклиф этади: “Ўзингдан сохта ҳис-ҳаяжон қидирма, санъаткорлигингни ҳис эт ва шуни кўрсатиб берсанг бўлди”. Шу сўзларни айтган устоз қуйидаги мисолни  келтиради: “Шаляпин “Иван Сусасин” операсида куйлар экан, ҳар гал йиғлаб юборади. Унга “Сиз ижро этаётган ролингизга шу қадар чуқур кириб кетдингизки, кўз ёшлари сизнинг эмас,  Сусаниннинг  кўзларидан оқди”, дейишади. Шаляпин “Йўқ, ундай эмас,  Сусанинга шунчаки раҳмим келди, холос”, дейди”.

– Дунёни хўб кезган бўлсангиз керак?

– Ҳа, дунё кезишда омадим келди. Жалакявичусга хорижда ишлаш учун жуда кўп имкон беришган. Бунақаси камдан-кам бўлади. Лотин Америкасида “Озодлик деган ширин сўз” номли фильмни суратга олганмиз. Салвадор Альенде тўғрисидаги “Кентаврлар” фильми ҳам шу ерда олинган. Альенде ролини Банионис ўйнаган. Бу икки фильм совет томошабинларида муаллифлар кутган даражада  қизиқиш уйғотмади. Мен бўлсам Аргентинада хотинимнинг амаки-акасини учратиб қолдим. Урушдан аввал эмиграция жуда катта эди, ҳамма Америкага етиб олишни орзу қиларди. АҚШ маълум вақт уларни қабул қилишни тўхтатиб турди, шунда қочоқларни Жанубий Америкага жўнатишди. У ерда ҳозир ҳам литваликлардан иборат катта диаспора бор. Ҳаммалари бир мавзеда яшашади, маданий марказ ташкил этишган. Клуб, тўгаракларда машғулотлар ўтказишади, олисда қолган Ватанларига муҳаббатлари сўнмаган. Албатта, болалар испан тилида сўзлашишади. Кексалар оламдан ўтишгач, ҳаммаси тугайди. Ҳозирча яшаб туришибди.

– Сизга хорижда қолишни таклиф этишмаганми?

– Бундай фикр, бирор марта бўлсин, хаёлимга ҳам келмаган. Литвада туғилганман, шу ерда вояга етдим, оилали бўлдим. Чет элда ҳам суратга тушиш, яхши даромад топиш мумкин. Хўш, нима ўзгаради? Мен ҳеч қачон пулнинг орқасидан қувмаганман. Бирлашган Германияда ишланган фильмлардаги ролларим учун  кўп миқдорда гонорар олганман. Советлар даврида чет элликларнинг ролини ижро этардим, Ғарбда бўлса менга нуқул рус ролларини топширишади.

– Болтиқбўйилик  актёрларга хос тақдир. Вячеслав Тихонов ҳеч тортинмай, кино санъатида у ҳамиша намунали совет кишисининг типажи бўлганини айтарди.

– Дарвоқе, у “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” фильмида разведкачи ролини жуда ёмон ўйнаган. Унинг ижросидаги Штирлицни немислар бир дақиқада фош этишарди. Бу ролни Банионисга топширишганида борми…

– Ҳарбий мавзу бизнинг “Белорусфильм”да ҳам  устуворлик қилган.

– Мен сизларда шу мавзудаги фильмда суратга тушганман. Партизан ролини ижро этганман. Аммо бу ролни яхши ижро деб айта олмайман. Юз тузилишимга кўра, мендан яхши партизан чиқмаган. Иттифоқдаш респуб­ликаларда  кўп ишлаганман. Айниқса, Арманистон ёдимда қолган. Қиш пайтлари. Хонадонларда газ, иссиқ сув, электр йўқ. Меҳмонхонага келиб, деразалардаги пардаларни олиб, одеял ўрнида ёпиниб ётамиз, совуқ бадан-баданингдан ўтиб кетади. Бундай “имтиҳон”дан кейин бошқа ҳеч нарсадан ҳайратга тушмайсан. Дарвоқе, хонада чекаётганим сизга маъқул эмасдай кўринади?

– Бемалол чекаверинг, сизга яхши бўлса бўлди.

– Балкон деразасини каттароқ очайлик. Оҳ, кўряпсизми, оёқларим ҳам аввалгидай эмас. Бу йил жуда мураккаб бошланди. Саҳнага чиқадиган аҳволда эмасман. Аҳволимни тушуниб, театр билан ҳамкорликни тўхтатдим. Театрга бўлган қизиқишим сўнди. Спектаклларни томоша қилиш уёқда турсин,  репертуарларга ҳам кўз ташламайман, янгиликларни ўқимайман. Ҳаммасидан бездим десам бўлмас, узоқлашиб кетдим. Қизиқ. Бир вақтлар кимдир менга вақти келиб шундай ҳолга тушасан, театр сенсиз, сен театрсиз яшайди, деса, Худо ҳақи, ишонмасдим. Мана, айни шу ҳолга тушиб турибман. Осмон узилиб ерга тушгани ёки бирорта саҳна менсиз бўш қолгани йўқ.

– Буни ўзингиз қандай изоҳлайсиз?

– Изоҳлашга ҳожат йўқ. Ҳаётнинг аччиқ, аммо ўзгармас қонунлари бор. Бугун ҳам, эртага ҳам шундай бўлади. Бу қоидани ҳеч ким ислоҳ қила олмайди. Ҳеч ким уларни четлаб ҳам ўта олмайди. Менга келсак, менда… муҳаббат қолмади. Бу туйғусиз театрда яшаб бўлмайди.

– Ундай бўлса, ҳаётда сиз учун нима қолди?

– Бу дунёда борлигингни узайтириш иштиёқидан бошқа ҳеч нарса.

– Моддий жиҳатдан қийналаётганингиз йўқми?

– Дурустгина пенсия оламан. Қўшимчаси ҳам бор. Курортларга бориб дам олишни хоҳламайман. Қишлоқда уйим бор. Ўрмон, жилға, кўл. Жоннинг роҳати дейсиз. Менга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Аммо… (стол устида турган марҳум хотинининг суратига қарайди) менга умр йўлдошим етишмайди. Эугения тўрт йил аввал вафот этди. Ёлғиз ҳаётим аввалгидек бой, қизиқарли эмас, ҳаммаёқ бўм-бўш, атрофим ҳувиллаб қолгандай. Бирорта аёл топиш мумкиндир. Аммо Эугениянинг  ўрнини ҳеч ким боса олмайди.

– Сизнинг бу тушкун ҳолатингизни кўриб, Эугения нима деган бўларди?

– Кайфияти бузиларди, албатта. У инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам енгилмаслиги,  курашни давом эттириши керак, деб ҳисобларди.

– Бу маънода ҳамма хотинлар бир хил бўлишса керак?

– У мени ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватларди. Ўзи  ёмон актриса эмасди. Ҳаётимиз ўта намунали бўлмаса-да, хотиним ҳаётлигида биз бир бутун оила эдик. Инсон шундай яратилганки, бир ўзи бутунликка эриша олмайди. Бутун бўлиш учун жуфт бўлиш керак. Жуфтликда яшаш зарур. Улардан бири охират сафарига отланганидан кейин ҳаёт, турмуш бутунлай ўзгаради, бутунлигини йўқотади. Ёлғиз одамнинг фожеаси шунда. Дарвоқе, сиз уйланганмисиз?

– Йўқ, ҳозирча ёлғизман.

– Уйланинг. Ҳали ёшсиз. Маслаҳат беришни ёқтирмайман, аммо ишончим комилки, ота-онангиз ҳам шу фикрда бўлишлари керак. Инсон бу ёруғ оламда оила борлиги учун ҳам яшайди. Биз уч фарзандга ота-она бўлдик. Демакки, умримиз беҳуда ўтгани йўқ. Кексаликка келсак, уни айланиб ўтиб бўлмайди. Ҳамманинг бошига тушадиган ташвиш. Қариликни ёшликни, кулгили ҳолатларни, бахтли онларни эслаб енгиш мумкин.

– Кўплар ҳар куни ишга бормаслик учун тезроқ пенсия ёшига етиб олишни ўйлашади.

– Бунинг ҳам ўзига яраша маъноси бор. Мана мен, пенсионерман, хоҳлаганимча ухлайман, уйда нимани маъқул кўрсам, шуни қиламан, ҳеч нарса қилмаслигим ҳам мумкин. Биров бир нима демайди. Эрталаб мен билан яшайдиган кенжатойимга нонушта тайёрлайман. Жуда меҳнатсевар. Ишдан кеч соат 11-12 ларда қайтади. Машинани тузатади, иштаҳаси яхши.

– Қўлингиз ширинми?

– Авваллари чой дамлаш билан қуймоқ пиширишдан бошқасини билмасдим. Кулинария китобларини сотиб олганман. Рецептга қараб пишираман. Баъзида жуда ширин чиқади.

Суҳбатимиз якунига етади. Менингча, унга берадиган бошқа саволим қолмади. Аммо суҳбатдошим ҳақида ҳамма нарсани билдим дея айта олмайман. Тўғри, кўп нарсалар ойдинлашди, бироқ, инсонни тушуниш учун, у жуда оддий ва тўпори бўлса ҳам, бир учрашув камлик қилади.

Кўкни булут қоплаб, юзимга майда томчилар қўна бошлади. Адомайтис менга қайтиш йўлини кўрсатар экан, назаримда у бу томчиларни мутлақо сезмаётгандек, табиий қабул қилаётгандек кўринди. Балки, шундай бўлгани маъқулдир…

* * *

Таржимондан:

Ушбу суҳбатни ўзбек тилига ўгиришни ниҳоясига етказар эканман, кўнглимдан “Капиталистик меҳнат қаҳрамони” номини олган бу машҳур актёр бошқа ҳамкасбларимнинг саволларига ҳам жавоб қайтарган бўлиши керак, балким кимдир “Йигирма олтинчиси отилмасин” фильмида разведкачи ролини қойилмақом қилиб ижро этган ўзбек актёри Тўғон Режаматов ҳақида  сўрагандир, деган фикр ўтди. Не бахтки, изланишларим беҳуда кетмади.  Регимантас мухбирларнинг турли даражадаги, яъни мавзуга гоҳ бевосита, гоҳ билвосита алоқадор саволларига жуда очиқ, самимий жавоб қайтарган, суҳбатдошлари билан бўлган турли мулоқотларида уларни эътибор билан тинглаган, кези келганда, жиловни қўлга олиб, ўзи ҳам бир нималарни аниқлаштириб олган. Журналистлар суҳбатни “Жаноб Адомайтис…” деб бошласалар, дарҳол бош чайқаган: “Ҳеч қанақа жаноб эмасман, ўртоқ ҳам. Регимантас ёки қисқача Регис десаларинг бўлди. Яқин дўстларим менга доимо шундай мурожаат қилишади. Сизлар ҳам дўстларимсизлар-ку”, деган.

2015 йили бўлиб ўтган суҳбатларидан бирида у (таассуфки, машҳур актёр кимларнинг саволларига жавоб қайтаргани маълум эмас) қуйидаги фикрларни билдирган:

– Ҳаётингиз қандай кечмоқда? Нималар бўлмоқда ўзи?

– Нималар бўлмоқда дейсизми? Ҳеч нарса бўлаётгани йўқ. Театрдаги труппадан кетдим. Пенсиядаман. Шартнома бўйича иккита спектакл­да рол ўйнамоқдаман. Баъзи сериалларда эпизодик ролларда бўлса-да, кўриниб тураман. Кинематография билан алоқам буткул узилган. Сизлар мени унутмаганингиздан кўнглим кўтарилди, кино эса мени бутунлай ёдидан чиқарди.  Кино кемам мендан узоқлашиб кетди, у ердаги каютамни кимдир эгаллаб олди. Бошқа театрга бориб, “Биродарлар, мана мен келдим, бу ер энди менинг жойим бўлади”, дегим келмади.

– Эшитишимизча, юбилейингизни қайсидир музейда нишонлаган эмишсиз? Жуда таажжубли, гўё сиз музей экспонатидай…

– Ҳа-ҳа (кулади). Шундай бўлувди. Тўғриси, мени энди музей экспонати деса ҳам бўлаверади. Жиддий айтсам, дабдаба билан ўтказиладиган юбилей тадбирларини жиним суймайди. Оширилган ёлғон гапларни эшитиб ўтиришга тоқатим йўқ. Шунинг учун театр музейини танладим, у ерда  дўстлар, танишлар, ашаддий мухлислар йиғилдик. Турмуш ўртоғим ҳаёт эди, уч ўғлим, тўртта набирам – ҳаммалари жам бўлишди. Ғоят гўзал давра бўлди денг. Бошқа сабаби шуки, мен энди пенсионерман, бирор ташкилотнинг штатида турмайман, қайиғим бирор қирғоққа боғлаб қўйилмаган. Уйимни эса йўқотдим, юбилей деган тадбирни бошқа қаерда ҳам ўтказардим…

– Россия театрларида пенсия ёшига етган актёрлар жуда ҳам кўп. Нима, сизларда 70 ёшлиларни ташқарига чиқариб қўйишадими?

– Ҳаммани ҳам эмас. Бизда ҳукуматнинг ишлаётган фуқароларга пенсия тўланмаслиги тўғрисидаги ажабтовур қарори эълон қилинганидан кейин, театрдан бутунлай кетдим. Кейинчалик бу қарор конституцияга мос эмаслиги аниқ бўлди, аммо мен қайтмадим.

– Пенсионерликка ўз ихтиёрингиз билан ўтган экансиз, демак, сизларда нафақа  пули дурустгина экан-да?

– Йўқ,  кўп эмас, театрдаги ойлик маош билан деярли тенг. Шундай экан, ҳар куни ишга боргандан кўра, уйда эркин яшаш яхши, менингча.

– Москвадан иш топишга ҳаракат қилмадингизми?

– Бир нималарни мўлжаллаган пайтларим бўлган, Аммо энди кеч бўлди, вақт кутиб турмас экан. 80 деган ёш эшикдан бош суқиб турибди. Москвада бўлса истеъдодли,  ижодий ўсишдан ҳамон  тўхтамаётган қариялар менсиз ҳам етарли.

– Бугунги Литвада, Адомайтисдек санъаткор билан деярли иши бўлмаётган мамлакатда нималар бўлаётганини гапириб берсангиз.

– Ё худо, Адомайтис деган бир актёр мамлакат ҳаёти олдида кўзга кўринмас бир зарра. У ҳозир бошқалардан кўра ўзига кўпроқ керак. Албатта, ҳар биримиз, ўзимизча муҳиммиз. Озми-кўпми, ўзимизга эътибор талаб қиламиз.  Буни тўғри тушуниш зарур. Литва бўлса, бугун бутунлай бошқа нарсалар билан банд. Мансабда ўтирган кишилар, сиёсатдонлар ўртасидаги  янги-янги можаролар кўнгилни хира қилади.

– Уларга аралашмайсизми?

– Мутлақо. Сиёсат менинг йўлим эмас. Депутат бўлиб кўрдим. Менга ўхшаганларнинг иши эмас экан. Буни вақтида тушунганимдан хурсандман.

                                               Рус тилидан Аҳмаджон Мелибоев таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 8-сон