Америкалик невролог олима, адиб ва илм тарғиботчиси Марианна Вулф жаҳон олимлари орасида “Пруст ва кальмар: тарих ва мутолаа қилаётган мия тадқиқотлари” (“Proust and the Squid: The Story and Sсience of the Reading Brain”) асари билан танилган.
Муаллифнинг “Hamburger Abendbiatt” ва “Suddeutsche Zeitung” газеталарига берган интервьюлари асосидаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.
– Ҳозир кўпчилик, айниқса, ёш болалар матнни экрандан ўқишга ўрганиб қолди. Сиз эса мана шундан хавотирдасиз. Нега?
– Рақамли воситалар, айтайлик, интернет матнни юзаки ўқишга бизни ўргатиб қўйди. Биз ниҳоятда улкан ҳажмдаги ахборотларни иложи борича тез суръатларда қабул қилиб олишга интиламиз; гоҳ электрон почтамизни назоратдан ўтказишимиз, гоҳ фейсбукдаги саҳифаларни кўздан кечиришимиз керак; гоҳ сайтлардан сайтларга саёҳат қилишимизга тўғри келяпти. Диққатимиз эса тутундай тарқалиб, тўзғиб кетяпти. Китоб бўлса бунинг акси – у бизга диққат-эътибор билан ўқишимизга имконият яратади, олган билимларимиз хотирамизда қолади; китоб ўқиш жараёнида алоҳида сўзларга, ибораларга эътиборимизни қаратиб, диққат марказимизда тутиб тура оламиз, турли сўз бирикмаларига, жумлаларга, сўзлараро уйғунлик ва алоқаларга эътибор қиламиз – миямиз бундан фақат роҳатланади, билсангиз…
– Наҳотки? Қандай қилиб?
– Китоб ўқиётган лаҳзаларда одамнинг миясидаги аввал бир-биридан йироқда бўлган, ажралиб қолган асаб ҳужайралари жипслаша бошлайди, тамомила янгича тузилма (структура)ларни вужудга келтиради.
– Мана шу жараённи батафсилроқ тушунтириб беринг, илтимос…
– Миямиз “репрезентация” (намойиш) ҳолатида турибди, дейлик. Орқа миядаги ҳудудлар фаолияти туфайли, биз бир пайтлар кўрган, эшитган ёки ҳис қилган таассуротларни бир-бири билан боғлай оламиз, уларни янги ахборотлар билан тўйинтирамиз, шу аснода ҳужайраларимиз жипслашади. Китоб ўқиётган лаҳзаларда миямизнинг кўриш билан боғлиқ қатламларига кўрганларимиз – ҳарфлар, сўзлар ҳақидаги сигналлар етиб боради. Бу қатламда мана шу сигналларни қабул қилиб, шу аснода ўзлари ҳам фаоллашиб оладиган тузилмалар мавжуд. Масалан, инглиз тилидаги “jat” сўзи ўзининг асл маъноси – “мармелад”, “жем” маъноларидан ташқари, хотирамизда “music jat” мусиқий ором ёки тиқилинч йўл, кўчалардаги машиналар тизими маъносидаги “traffic jat” тасвирини ҳам етказади. Матнни ўқиш жараёнида маъноларнинг уйқашиб, бир-бирини тақозо қилиб келишини ҳис қиляпсизми? Матн экрандан ўқилганда эса мана шу маънолар аралашиб, асосий маъно тушунилмасдан қолиб кетиш ҳоллари кучаяди.
– Бош миядаги янги нейронал алоқалар фақат болаларда, улар ўқишни ўрганаётган лаҳзаларда шаклланадими?
– Йўқ, бу ҳодиса катта ёшлиларда ҳам содир бўлади. Бу нарса қатор-қатор илмий тадқиқотларда ўз исботини топган. Масалан, олимлар бир гуруҳ кишиларни синовдан ўтказдилар, уларда адабиётга оид таълим йўқ эди, кам мутолаа қилардилар. Тадқиқот иштирокчиларига адабий асарларни кўпроқ ўқиш тавсия қилинди. Уларнинг ҳаммасиям топшириқни бажаравермаган, албатта. Аммо (шуниси қизиқ!) томографик тадқиқотлар шуни кўрсатдики, адабий асарларни кўп мутолаа қилган одамларнинг бош миясида янги нейронал алоқалар, жипслашишлар содир бўла бошлаган ва миялари аввалгидан кўра фаоллашган, яъни ривожланган; топшириқни бажармаганлар (китоб ўқимаганлар) миясидаги ҳужайралар эса аввалги ҳолатда қолиб кетаверган.
– Китоб мутолаа қилганларнинг мияси бундан қандай наф кўрган?
– Қаранг, биз китоб ўқиётган пайтимизда мутолаа сайин она тилимизни чуқур ўргана борар эканмиз. Бу пайтда бизнинг сўз захирамиз кенгайиб, жумла тузиш лаёқатимиз такомиллашар экан, энг мураккаб ва нозик маъноларни ҳам чуқур англаб етишга қобиллашиб борарканмиз. Китоб мутолааси бизни чуқурроқ ва фойдалироқ ўйлашга ўргатар экан. Тажрибали китобхонларга разм солинг, улар матнни тушунибгина қолмайдилар, балки тушунтириб-изоҳлаб беришга ҳам, матнга танқидий нуқтаи назардан ёндашишга ҳам мойил бўладилар. Китоб ўқишнинг яна бир фазилатли томони – мутолаа инсонга ҳаяжон бағишлайди, вужудимизга эзгулик нурларини сингдиради, қачонлардир бошдан кечирган, бизга таниш ҳиссиётлар билан қайта учраштиради, мутолаа қилган инсон маънан бойийди. Болалар китоб ўқимас экан, адабий қаҳрамонларнинг кечинмаларидан бебаҳра қоладилар, “қиссадан ҳисса чиқаролмай”, фикрий қолоқлик ботқоғига ботадилар, мушоҳада юритиш имконлари чекланади. Бу маҳдудлик, биқиқлик инсоннинг ўзини чеклаб қўяди.
– Китобни интернетдан бўлса ҳам, ўқияпмиз-ку ахир, бунинг нимаси ёмон? Ўқиш бўлгандан кейин ҳаммасиям ўқиш-ку…
– Тўғри. Лекин инсон интернетдан ўқиётган пайтда вақт омили уни елкадан босиб туради. Яъни, биз интернетда ўтириб ҳамма ахборотни шоша-пиша қабул қилиб олишга, миямизга чала-чулпа тиқиштиришга ўрганиб қоламиз. Шунинг учун ҳам, ҳаммасини ўқидим, тушуниб етдим, билиб олдим, деган ҳиссиёт вужудимизга сингади. Илгари одамлар китоб ўқиш учун кутубхонага махсус тайёрланиб, машаққатлар чекиб етиб борар, бутун диққат-эътибор мана шу юмушга йўналтирилган бўларди. Ҳозир эса бутун кутганларингизни интернет уч секунд ичида олдингизга чиқариб қўяди, машаққат-заҳмат чекиб юрмайсиз. Фарқини ҳис қиляпсизми – қийналмасдан эришилган билимлар бир зумда учиб келади-ю кетади, миянгизга, хотирангизга жойлолмай ҳам қоласиз…
– Демак, болани ўқишга ўргатиш мобайнида ҳам матн маъносини тушуниб ўқишга, ҳам ўқилганларни таҳлил қилиб, хотирага жойлаб ўқишга ўргатишимиз керак экан-да?
– Албатта-да, ҳамма гап мана шунда. Фарзандларимиз қандай интеллектуал қобилиятларга эга эканликларини билиб олишимиз жуда муҳим. Уларни теварак-атрофдаги нарсаларга қараб бехато йўналиш олишга, ахборот ва маълумотларни самарали таҳлил қилишга ўргатишимиз зарур.
– Сиз, мана, интернет одамларни шошилишга мажбур қилади, олган ахборотларимиз хотирага чала ўрнашади ё ўрнашмасдан учиб кетади, деб ёзғиряпсиз. Ўқиладиган матн эса кўп, ҳаммасини кўриб чиқишга, хотирага жойлаб олишга эса вақт йўқ, улгурмаймиз. Шошилишимиз балки шундандир? Интернетнинг ўзи замондаги шиддаткорликни, суръатни акс эттириб, бизни тезликка ундаётгандир?
– Мен сизларга ўз бошимдан кечган бир ҳолатни гапириб берай. Тажрибамдан ўтган. Интернет менинг хулқ-атворимни қанчалар ўзгартириб юборганини айтмоқчиман. Мен ҳозир шеърий китобларни кам мутолаа қиладиган бўлиб қолдим. Матнни, мураккаб романни ўқишга чоғланаётиб, яна ўйланаман: буни ўқиб чиқишга вақт қайда энди? Кўрдингизми, вақт масаласи елкамдан босиб, шу саволнинг ўзи мутолаага йўл қўймаяпти… Бунинг ўрнига фалон-фалон ишларни қилиб олишим керак, деган ҳиссиётни кўнглимга қуйган – интернет. Ҳатто компьютердан узоқлашган пайтларда ҳам мана шу ҳиссиёт мени тарк этмаётир. Демак, бир менда эмас, ҳаммадаям аҳвол шу. Интернет – жамиятимизнинг қора ўраси, сизу бизнинг вақтимизни ямлаб-ютиб боряпти.
– Биз китоб ўқимай қўйдик, дейлик. Мана, интернет бор, шундаги матнни ўқиб олсам, шунинг ўзи етарли деб юраверсак, унда нима бўлади?
– Инсон мияси азалдан ўқиш учун мосланмаган эди. Миямизнинг турли ҳудудларидаги ҳужайраларни жойлаштириб, бирлаштириб, мутолаага масъуллик қиладиган “бўлинма” яқин-яқинларда пайдо бўлди, шу “бўлинма”да мутолаага масъул бўлган махсус нейронал тармоқ шаклланди. Бу тармоқниям аъло даражада, идеал ишлайди, деб бўлмайди, аслида. Лекин шуниси аниқки, матн ичига чуқур кириб боришни истасак, миямизнинг иккала яримшаридан тенг фойдаланишимиз керак. Агар матнга лоқайдгина, шоша-пиша, чала-чулпа, юзаки қарайдиган бўлсак – мен интернетнинг бизга ўргатган ўқиш техникасини назарда тутаяпман – миямиз ҳам бефарқ-лоқайд, “тепсатебранмас” бўлиб қолади, ярим кучини сарфлаб, истар-истамас ишлайдиган бўлади, яъни ўзидаги бор ресурслардан тўлиқ фойдалангиси келмасдан ишлай бошлайди. Мана, интернетнинг “каромат”и.
– Дўстлар билан кечадиган суҳбатлар пайти олинган ахборотлар мутолаа ўрнини боса оладими?
– Баъзан шунақаям бўлади. Лекин бу суҳбатлар ҳам кўпинча шунчаки турмуш икир-чикирларидан, чала-ярим таассуротлардан иборат бўлиб қолади-да, шу томони бор. Мутолаа пайтида биз китоб ичига кириб, ўз хаёлларимизга бемалол эрк беришимиз, бизни ўйлантираётган нарсалар ҳақида обдон мулоҳаза юритишимиз мумкин. Хаёл эса чегара билмайди: гоҳ ўзимизни қотил деб тасаввур этишимиз, гоҳ шоҳ, гоҳ гадо бўлиб “кун кечириш”имиз мумкин. Интернетдаги кўз югуртиришлар, чала-чулпа, юзаки ўқишлар бизнинг хаёлан қилаётган “парвоз”ларимизни чиппакка чиқаради.
– Сиз айтаётган ҳолатлар қоғоз китобларни мутолаа қилиш пайтидагина юз берса керак. Электрон китобларни (мен интернетни назарда тутяпман)ўқишдаям шунақа ҳолат юз бермайдими?
– Биз қоғоз китобларни ўқиганимизда қандай ижобий ҳиссиётларни бошдан кечирсак, балки ҳозир ёшлар ҳам – болалигидан компьютер ва планшетларга тикилиб ўрганган авлод ўша ҳолга ошно тутинар, балки. Қоғоз китобга тикилиб, шундан завқ туйган катта авлод, яъни бизлар электрон китобларни ўқиганда ўша завқли онларни, ҳаяжонларни туймаймиз, электрон китоблар ичига сингишиб кетолмаймиз. Умуман, мутахассис олимлар мана шу масалаларни махсус тадқиқ қилиб, хулоса чиқарсалар яхши бўларди: бунинг сабаблари нимада эканлиги, қоғоз китобни ўқигандаги завқ-шавқ, лаззатлар қандай-у, электрон китоблар мутолааси пайтида одамда қандай ҳис-туйғулар уйғонади, уйғонадими-йўқми ўзи – мана шуларни бир аниқлаштириб берсалар яхши бўларди.
– Мутолаанинг келажаги қандай бўлар экан? Шулар ҳақдаям фикр билдириб ўтсангиз…
– Электрон ахборот воситалари ҳаётимизга жуда чуқур сингиб боряпти, ёш авлод гўдакликданоқ электрон асбоб-ускуналар орасида ўсади. Улар янги-янги технологиялар орқали информацияларга эга бўлар экан, ўша олинган билимлар биз қоғоз китоблар орқали олган билимлар каби хотираларида сақланиб қоладими-йўқми? Мана бу – бош масала! Менинг фикримча, болалар интернет билан чекланиб қолмаслиги керак, уларга қоғоз китобларни ҳам ўқиб беришимиз зарур. Ҳозир янги технологиялар кириб бормаган ер йўқ, бу борада унинг имкониятлари жуда катта. Бугун жаҳонда 100 миллион болакай мактабда бўлиш имкониятидан маҳрум, улар кўчада тентираб юриб кунни кеч қилишади. Эҳтимол, компьютер технологияларининг имкониятларини уларнинг саводини чиқариш, билимли-маърифатли қилишга сафарбар этса бўлар?
– Бу технологияларни ҳаётимиздан, кундалик турмушимиздан ҳайдаб-супуриб чиқаролмаймиз. Шундай экан, нима қилиш лозим?
– Ҳозир ҳаммамиз учун муҳим масала бу – ўрта йўлни топиб, мувозанатни сақлаш… Нима қилиш кераклигини ўйлаб, бир хулосага келиш, қарор чиқариш учун ҳам вақт керак, сокинлик керак, хотиржамлик керак. Интернет деганлари – шовқин-суроннинг уяси, унга кирдингизми – хотиржамлик йўқ, ниманидир излайсиз, ниманидир топиб, енгил-елпи ўқиб ўтасиз, ёдингизда қолдими-қолмадими, бу ёғи билан ишингиз йўқ, бармоқлар мунтазам ҳаракатда, у сайтга сакра, бунисига ўт… ва ҳоказо. Биз-ку китоб ўқиб тарбияланган авлодмиз, интернетга тикилиб ўтириб ўсаётган авлоднинг келажаги нима бўлади? Уларнинг хотирасига, миясига нималар ўрнашиб қолади, тарбияси нима бўлади, кўнглида нима гап, кайфияти, хулқ-атвори, маънавиятию маданияти нима бўлади – мана шулар ҳақида ҳамма-ҳамма ўйлаши керак.
– Бола тарбиялаётган, парвариш қилаётган одамларга нималарни тавсия қилган бўлар эдингиз?
– Менинг ота-оналарга маслаҳатим ҳозирча шу: “Уйингизда китоб кўп бўлсин, кўпдан-кўп қоғоз китоблар бўлсин, жавонларингиз китобга тўлиб турсин! Болангиз беш ёшга тўлгунча ҳар куни кечқурун китоб ўқиб беринг, уларнинг қулоқлари сиз талаффуз қилган сўзларга қониб ўссин! Агар улар улғайиб, ёшлари каттарган бўлса ҳам, китоб ўқиб беринг, ўқинг, ўқинг”.
Мен иккала фарзандимга ҳам китоб ўқиб, ўқитиб ўстирдим. Бири ўн ёшга, иккинчиси ўн икки ёшга тўлгунча китобни ўзим ўқиб берардим. Мана бу сўзларни қулоғингизга қуйиб олинг: қулоқдан кирган сўз, овоз бола миясининг ривожида жуда катта аҳамиятга эга. Агар сиз ўзингиз компьютерга ёпишиб олиб, ундан бери келишни истамасангиз, билингки, болангиз ҳам компьютерга ёпишиб ўсади, ундан нари кетмай қолади.
Интернетнинг макригиёҳи шунчалар ўткир, шунчалар жозибадор, болангизни эҳтиётлаб-эҳтиётлаб ўргата бормасангиз, кейин кеч бўлади. Бунинг оқибати нима билан тугашини ҳали ҳеч ким билмайди. Яхшиси, болага китоб ўқиб бериб, бошқа ишларга қизиқтириб, чалғитиб, компьютер сабоқларини эса оз-оздан, кам-камдан бериб бориш мақсадга мувофиқдир. Фарзандларингизнинг болалик даври компьютерга қурбон бўлиб кетмасин!
“Знание – сила” журналининг 2016 йил 11-сонидан Музаффар Аҳмад таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 9-сон