Ҳейнрих Ҳейне ҳикматларидан

Ёзувчи охир-оқибат ўз ўқувчисига ўрганади.

* * *
Одам қанча баланд бўлса, кулгига шунча осон нишон бўлади; майдаларни мўлжалга олиш қийин.

* * *
Нуқсон катта бўлса, камроқ ғазаблантиради.

* * *
Олмон тили аслида бой, лекин сўзлашув тилида ана шу бойликнинг ўндан биридангина фойдаланамиз. Француз тили эса аслида камбағал, лекин французлар оғзаки нутқда унинг бор имкониятидан фойдалана олади, шу боис ҳам амалда сўзамоллар.

* * *
Баҳорнинг латофати кўпинча қишда билинади – печка ёнида ўтириб май ҳақида шеърлар ёзасан.

* * *
Қаҳрамонлар кетган пайтда майдонга масхарабозлар чиқади.

* * *
Аёлларнинг нафрати ҳам муҳаббат – фақат йўналиши ўзгарган.

* * *
Барча соғлом одамлар ҳаётни севади.

* * *
Биз халқнинг инсоний ҳуқуқлари учун эмас, илоҳий ҳуқуқлари учун курашамиз.

* * *
Муҳаббат! У барча туйғуларнинг улуғи ва виқорлисидир. Лекин унинг қудрати ҳадсиз ҳиммат ва ғайришуурий холислик билангина намоён бўлади.

* * *
Гўзал қофиялар кўпинча оқсоқ фикрларнинг қўлтиқтаёғи бўлади.

* * *
Ауффенбергни ўқимаганман. Менимча, у Арленкурга ўхшаса керак. Униям ўқимаганман.

* * *
Ахлоқ – юракнинг оқиллигидир.

* * *
Ҳар бир одам – бир олам. Бу олам у билан туғилади ва ўлади. Ҳар бир қабрда бутун бир дунё тарихи ётибди.

* * *
Мен биладиган ягона гўзаллик соғлиқдир.

* * *
Бутун бойлигимни хотинимга васият қиламан. Фақат бир шарт билан: у мендан кейин турмушга чиқиши керак. Шунда дунёда битта бўлса ҳам менинг ўлимимга йиғлайдиган эркак бўлади.

* * *
Муҳаббат қалбдаги тишоғриғидир.

* * *
Ҳар ким аҳмоқ бўлиш ҳуқуқига эга.

* * *
Ақлли кишилар ичида фикрлайди, аҳмоқлар эса ҳаммага эълон қилади.

* * *
Аёлни гулга илк бор қиёслаган киши шоир эди, иккинчи бор ўхшатган эса – меров.

* * *
Ёшлик фикр ва ўйда холисдир, шу сабабли ҳақиқатни чуқурроқ англайди ва ҳис этади.

* * *
Тўй мусиқалари менга доим уруш олдидан чалинадиган довулни эслатади.

* * *
Тумшуқбоғ тутилган ит орқадан ҳуради.

* * *
Ўша кунларда менга ҳар ким дўст эди: улар овқатимни, сўнгги тийинимни мен билан биродарларча бўлишдилар.

* * *
Бекорчи одам тўкис бахтни ҳис қила олмайди, унинг юзида ҳамиша норозилик ва ҳафсаласизлик аломатларини кўрасиз.

* * *
Талантни биргина белгисида аниқлаймиз-қўямиз, лекин характерни билиш учун узоқ вақт ва давомли мулоқот зарур.

* * *
Бизни йиғлата олган драматургни мақташга одатланганмиз. Бироқ бу ишни ҳар қандай пиёз уддалай олади.

* * *
Таржимон туғма истеъдод эгаси бўлиши керак. У китобдаги энг муҳим ва энг яхши жиҳатни кўриши ва кўрсата билиши зарур.

* * *
Бизни йиғлата олган драматургни мақташга одатланганмиз. Бироқ бу ишни ҳар қандай пиёз уддалай олади.

* * *
Танқиднинг кўзлари ёшдан хира тортган пайтда унинг фикри аҳамиятга эга эмас.

* * *
Кечмиш – инсон қалбининг ватанидир. Баъзида олдин туйган ҳисларимизни қўмсаб қайғуга ботамиз. Баъзан ҳатто ўтган дардларимизни ҳам соғинамиз.

* * *
Изтироблар – ҳатто тасаввурдагиси ҳам – менга оғриқ беради.

* * *
Меҳр гўзалликдан устундир.

* * *
Юморни ақлсизлар уйидан фақат панжара ажратиб туради.

* * *
Қилич тақиб юриш урфдан қолгандан сўнг гапга усталик қуролини олиб юриш зарур бўлиб қолди.

* * *
Буюк эҳтирос бизни иккинчи бор йўқлаб келиши мумкин, лекин унинг боқийлигига кейин ортиқ ишонмай қўямиз.

* * *
Тугал насрий асар ёзиш учун шеър илмининг ҳам билимдони бўлиш зарур.

* * *
Буюк шоирларнинг асарларида иккинчи даражали қаҳрамонлар йўқ. Барча иштирокчилар ўз ўрнида бош қаҳрамондир.

* * *
Ҳар бир даврнинг ўз масалалари бўлади, уларни ечиб, инсоният олға қадам ташлайди.

Ориф Толиб таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 6-сон