Собир Ўнар 1964 йили 25 февралида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида Қувкалла қишлоғида туғилган. 1981-86 йилларда ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетида таҳсил олган. 2022 йил 18 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
“Ёшлик” журналида 1986 йилда муҳаррир, бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари 1993-2015 йилларда журнал бош муҳаррир вазифасида, 2015 йилда бир муддат “Куч адолатда” газетаси ва “Ғафур Ғулом”, (2016-2017) “Ёшлар” (2017-2019) нашриётида, 2020 йилдан умрининг охирига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Наср” бўлимида фаолият олиб борган.
1989 йилда Собир Ўнарнинг илк китоби – “Орзуга тўла қишлоқ” ҳикоялар тўплами Чўлпон нашриётида чоп этилган. Шу йили у Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. 1990 йилда “Овлоқ адирлар бағрида”, 1991 йилда “Чашма” китоблари дунё юзини кўрган.
Кейинги йилларда у “Инқилоб кечаси”, “Дунё шундоқ турурми?”, “Бибисора” каби қиссалар эълон қилди. 2006 йилда “Чамбилбелнинг ойдаласи”, 2011 йилда “Бибисора” қисса ва ҳикоялар тўплами, 2016 йилда эса “Фаришта”, “Кунсулувнинг сирли хатлари” (2021) ҳикоялар, “Олдинда ёнган маёқ” (2020) мақола ва эсселар тўпламлари китоб ҳолида чоп этилган.
Собир Ўнарнинг қисса ва ҳикоялари корейс, хитой, қозоқ, рус ва инглиз тилларига таржима қилинган.
Собир Ўнарнинг турк, рус, Лотин Америкаси адиблари ижодидан қилган бир неча ҳикоя ва қиссалар таржималари ўзбек китобхонларига яхши таниш. У қорақалпоқ адиби Х.Тожимуродовнинг “Ов ҳангомалари” (1990) ҳамда турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг “Карбало фожиаси” қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.
Ёзувчи 1993 йилда ҳар йили мустақиллик кунида ёш ижодкорларга берилажак “Давлат мукофоти” соҳибига айланган. 2022 йилнинг август ойида “Дўстлик ордени” билан тақдирланган.