Раҳмон Қўчқор (Раҳмон Ўрмонович Қўчқоров) 1961 йил 18 июнь куни Андижон шаҳрида туғилган. 1987 йили Тошкент давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1991 йилда “Абдулла Қаҳҳор романларининг ижодий тарихи” мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Ўзбекистон телевидениесида (1997-1998), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида (1998-2000), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида (2000-2009) ишлаган. Тошкент давлат юридик университетининг “Умумтаълим фанлар ва маданият” кафедраси доценти (2009 йилдан), Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Унинг “Уруш қурбони” ҳикояси 1977 йилда таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов сўзбошиси билан “Гулхан” журналида эълон қилинган. “Саробнинг пайдо бўлиши”, “Ойбекнинг “Гулнор опа”си”, “Искандару Доролардан қолган латифа”, “Миллатни таниш”, “Адабиётнинг қанд касаллиги”, “Виждон”, “Қарз берилган нур” сингари адабий-танқидий мақолалари республика илмий жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинган.
Адабиётшунос Раҳмон Қўчқорнинг “Ўзбекистон” телеканалида эфирга узатилган “Ҳайрат” кўрсатуви ўтган асрнинг энг машҳур адабий кўрсатувларидан бири эди.
“Истеъдод қадри” (1991), “Мен билан мунозара қилсангиз” (1997), “Қарз берилган нур” (2008) китоблари нашр этилган. Бундан ташқари у умумий ўрта таълим мактабларининг 5-, 6-, 8-, 9-синфлари учун яратилган “Адабиёт” дарслиги ва ўқитувчилар учун ёзилган шу номдаги услубий қўлланмаларнинг, 7-, 8-, 9-синфлар учун тайёрланган “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” дарсликларининг ҳаммуаллифи ҳисобланади.
Раҳмон Қўчқор 2006 йилда “Шуҳрат” медали билан, 2012 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. 2015 йилда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг ғолиби деб эътироф этилган.
Раҳмон Қўчқор мақолалари:
Раҳмон Қўчқор. Аччиқ тажрибалар (1989)
Раҳмон Қўчқор. “Ўткан кунлар”нинг давоми (1993)
Раҳмон Қўчқор. Қарз берилган нур (2006)
Раҳмон Қўчқор. “Умри узун бўлар кўнгил гулининг…” (2010)
Раҳмон Қўчқор. Чингиз Айтматов ва адабий танқид
Раҳмон Қўчқор. Озод Шарафиддинов феномени
Раҳмон Қўчқор. Зигмунд Фрейд ёҳуд “дардингни олай, биродар” таълимоти
Раҳмон Қўчқор. Қалб илми эгаси (Эрих Фромм)
Раҳмон Қўчқор. “Толкўприк”дан инсон қалби сари
Раҳмон Қўчқор. Яна “Галатепа…”га қайтиб
Раҳмон Қўчқор. Бирники юзгами? ёхуд миллат шаъни хусусида куюнчак мулоҳазалар