Анвар Ҳожиаҳмедов. Илмга садоқат (1989)

Улуғ Ватан уруши давом этаётган 1943 йилнинг баҳори.

Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг илмий ходими Ғулом Каримов машҳур шарқшунос ва адабиётшунос олим Евгений Эдуардович Бертельс Тошкентга кўчиб келиб, шу илмий даргоҳда иш бошлаётганини эшитиб қувониб кетди. Эртаси куни Евгений Эдуардович институт ходимлари билан учрашганида Ғулом Каримович дилида алломага ўз дардини айтиш муддаоси уйғонди, яъни кандидатлик диссертацияси ёзиш учун мавзу танлашда маслаҳат беришини илтимос қилди. Олим озғингина, жиккак, кўзидан илмий ишга кучли ҳавас сезилиб турган бу йигитга боқар экан, аввало ўзи ҳақида батафсилроқ гапириб беришини сўради…

1929 йили Тошкентдаги Наримонов номидаги педагогика билим юртини тугаллаб, мактаб ўқитувчиси мутахассислигини олган Ғулом Каримов ўз педагогик фаолиятини шаҳардаги «Билим» мактабида дарс беришдан бошлади. Орадан кўп ўтмай ўз истаги билан Хевага, ҳали босмачилар ҳаракати тугалланмаган қадимий шаҳарга жўнаб кетди. Шаҳардаги педагогика техникумида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди, бошланғич синф ўқитувчилари тайёрлаш ишига ҳисса қўшди.

1931 йил август ойи эди. Пойтахтга чақириб, ўқишни давом эттириш учун Ленинградга, Герцен номидаги педагогика институтига юборишаётганини билдиришди. Шу институтда бир йил ўқигач, Ғулом Каримов Ленинград давлат университетининг филология факультетига ўтказишларини илтимос қилди. 1932 йилнинг баҳорида ўзи орзу қилган дорилфунунда ўқишни давом эттирди. Атоқли рус олимларидан адабиётнинг назарий асослари, рус ва жаҳон адабиётининг тараққиёт йўли, забардаст ёзувчилар ижодини атрофлича ўрганган Ғулом Каримовда адабиётшуносликка, илмий кашфиётларга бўлган қизиқиш янада мустаҳкамланди.

1938 йили Ленинград университетида аспирантура муддатини тугатиб, Тошкентга қайтди. «Ўзбек адабиёти 15 йил ичида» тўпламида 1939 йили рус ва ўзбек тилларида нашр қилинган «Болалар адабиёти ҳақида» мақоласи ёш олимнинг биринчи жиддий тадқиқоти эди.

1940 йили бутун мамлакатда улуғ мутаффаккир Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлашга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Шу муносабат билан Ғулом Каримов «Хамса» достонлари устида тадқиқотлар олиб борди ва уларнинг натижаларини мақолалар тарзида нашр эттирди.

Устоз Е. Э. Бертельс Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достони танқидий матнини тайёрлаш устида илмий тадқиқот олиб боришни ёш олимга маслаҳат берди.

Муайян тарихий шароитда яратилган адабий асар текстини тиклаш учун ўша давр ижтимоий-сиёсий ва маданий-адабий ҳаётини, адабий тил хусусиятлари, адабий анъаналар, метод ва услубларни, ижодкорнинг ўзига хослигини пухта ўрганиш зарур. XV асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-маданий ҳаёт муаммоларини акс эттирган «Лайли ва Мажнун» текстини тиклаш ҳам олимдан ана шу тарздаги машаққатли меҳнатни талаб қиларди.

Маълумки, 40-йиллар Ўзбекистонда текстология илмининг шаклланиш даври саналади. Бу соҳада адабиётшунослигимиз эндигина дастлабки қадамларни қўяётган эди. Текстологиянинг мураккаб хусусиятларини ўзлаштириш ва амалиётга тадбиқ этишда рус олимларининг ёрдами катта бўлди. В. В. Бартольд, Е. Э. Бертельс, В. М. Жирмунский каби рус шарқшунос олимлари ёш ўзбек адабиётшуносларига нодир асарлар ғоявий-бадиий қимматини тиклаш малакасини ўргатдилар.

Достоннинг танқидий матнини яратиш асарнинг бизгача етиб келган ўнлаб қўлёзма нусхаларини синчиклаб ўрганиш давомида энг мўътабар, ишончли нусхаларини аниқлаш, сўнг улардан бирини асос учун қабул қилиб, ҳар бир байт, ҳар қайси мисра, қолаверса, ҳар битта сўзни бошқа таянч нусхалар билан қиёслаш асосида достоннинг тадқиқотчи нуқтаи назаридан асосли деб ҳисобланган матнини тузиш, танлаб олинган қўлёзмалардаги фарқли жиҳатларни акс эттирган ҳолда асарни араб алифбосида ёзиб чиқиш демакдир. Ғулом Каримов Тошкент, Ленинград кутубхоналарида сақланаёган кўплаб қўлёзмаларни ўрганиб чиқиб, XV асрда машҳур хаттот Абдужамил котиб, XX аср бошида Шомурод котиб томонидан ёзилган нусхаларни асос қилиб олди, «Лайли ва Мажнун»нинг танқидий матнини яратди. Тадқиқот давомида ғамхўр устоз Евгений Эдуардович ёш тадқиқотчига фойдали ўгит ва кўрсатмалар бериб борди.

Тадқиқот республика илмий жамоатчилиги томонидан қониқиш билан кутиб олинди. Е. Э. Бертельс ўз мақолаларидан бирида: «…Тошкентдаги барча илмий доиралар диққатини ўзига жалб этган «Хамса» матни тарихига оид ажойиб иш…» деб баҳо берди.

1945 йили 14 май куни Ғулом Каримов диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари кандидати илмий даражасини олишга муваффақ бўлди.

Кўп ўтмасдан Евгений Эдуардович ўз шогирдига атоқли демократ шоир Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ижодини докторлик диссертацияси сифатида тадқиқ этишни маслаҳат берди.

50-йилларда ўзбек адабиётшунослиги олдида бутун бир давр — XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларидаги прогрессив-демократик адабиётга раҳнамолик қилган, адабий ҳаётнинг жуда кўп соҳасида кашфиётлар яратган, чинакам халқчил ижод соҳиби, кўплаб демократ шоирларни тарбиялаб вояга етказган, хуллас, мазкур давр ижтимоий-маданий ва адабий ҳаётида улкан мавқега эга бўлган Муҳаммад Аминхўжа Муқимий адабий меросини ўрганиш соҳасида катта вазифалар кўндаланг бўлиб турарди.

20—30-йилларда маданий-адабий ҳаётни бир томонлама тушунган вульгар социолог зиёлилар Муқимий ижодига юзаки ёндошган ҳолда уни жадид шоир сифатида баҳоладилар ва асарларини ўрганишга қарши чиқдилар. 30-йилларнинг ўрталарига келиб бундай зарарли қарашларга кескин зарба берилди.

Одатда, шоирлар ўз асарларининг умрбоқийлигини таъминлаш учун уларни девон ҳолига, яъни тўплам ҳолига келтирадилар. Китоб сифатида ана шу хил девонлар асрлар синовига бардош бериб, қайта-қайта кўчирилиб, авлодлар қалбига етиб боради. Отойи ва Саккокий, Лутфий ва Алишер Навоий, Бобур ва Огаҳий сингари кўплаб шоирларнинг мероси бизга у қадар девон ва куллиётлар шаклида етиб келган. Тўғри, кўпинча девонларнинг қайта-қайта кўчирилиши натижасида нусхаларда хилма-хиллик ҳам учраб туради. Бу ҳолда қиёсий текшириш ёрдамида уларнинг асл нусхага энг яқин бўлган кўриниши, бошқача қилиб айтганда, танқидий матни яратилади.

Муқимий асарларини излашда ҳам Ғ. Каримов худди хазина изловчи каби меҳнат қилди. Муқимий яшаган Қўқон ва у саёҳат қилган ўнлаб қишлоқларда бўлиб, шоир қариндошлари, замондошларини излаб топиш ва уларнинг хотираларини ёзиб олиш, халқ қўлида сақланаётган лирик, сатирик, юмористик асарлар, «Саёҳатнома»ларни тўплаш ишининг кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлигини англаб етган олим 1954 йили Фарғона водийсига Тошкент давлат университетининг махсус экспедициясини уюштирди.

Баёзлар… Классик шаъриятнинг жонкуяр мухлислари бўлган зиёлилар, саводхон ҳунарманд-косиблар, мадраса талабалари ўзлари севган ижодкорларнинг халққа манзур энг яхши асарларини тўплаб борардилар. Уларнинг холис меҳнати туфайли қанча-қанча шоирларнинг асарлари бизнинг асримизга қадар етиб келди. Ана шундай баёзлар бўлмаганда Муқимийнинг юзлаб асарлари ном-нишонсиз йўқолиб кетган бўларди. Қарангки, шоирнинг замондоши бўлган номаълум адабиёт мухлиси ўзи тузган ва 1904 йили тугалланган баёзига киритган 212 шеърдан 199 таси Муқимийники экан.

Мана, янги бир қўлёзма баёз. У Тошкентда 1893—94 йилларда тузилган. Муаллиф-тузувчи тошкентлик шоир Каримбек Шарифбек ўғли — Камий. У Муқимийнинг яқин дўстларидан эди. Қарангки, Камий шоирга бўлган самимий муҳаббатини унинг 40 та асарига ўз баёзидан ўрин бериш билан исбот қилибди. Йиллар ўтиб бу нодир нусха бизгача халқпарвар ижодкорнинг энг муҳим саналган ўнлаб асарини етказиб келди. Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, бу асарларни жиддий тадқиқдан ўтказган олим Ғулом Каримов ана шу унутилмас шеърлар Муқимий билан Тошкент адабий муҳитига мансуб шоирлар ўртасидаги ижодий ҳамкорликнинг қимматли далиллари эканлигини аниқлади.

Баёзларнинг сарғайган саҳифаларини варақлаган сари олим кўз ўнгида шоир яшаган давр адабий муҳити, ижодкорнинг маънавий қиёфаси ва иқтидори, меҳнаткаш омма билан Муқимий ўртасидаги самимий ва мустаҳкам муносабат тобора ёрқинроқ гавдаланарди.

Хуллас, катта, машаққатга тўла меҳнат муваффақиятли якунланди. Энди олимнинг ихтиёрида Муқимийнинг жами бир неча юз асари турарди. Уларни жиддий тадқиқ этиш, қиёсий ўрганиш асосида 1958 йили Муқимий асарларининг олдингиларидан анча мукаммал бўлган «Танланган асарлар», 1959 йили шоир туғилган куннинг 100 йиллиги муносабати билан 2 томлик асарлар тўплами нашр қилинди. Икки томликда Муқимийнинг жами 307 асари ўрин олган. Булар олим тўплаган кўп сонли асарлар орасидан атрофлича ўрганилиб, Муқимийники эканлиги узил-кесил аниқланган шеър ва мактублар. Ғулом Каримов ўз тадқиқотлари давомида шоирга замондош ва ҳаммаслак бўлган Фурқат ва Завқий, Анбар отин ва Аваз каби йирик демократ ижодкорлар мероси билан атрофлича шуғулланди ва оқибатда Муқимий бошчилик қилган бутун бир прогрессив шоирлар плеядасидан ташкил топган чинакам халқчил адабиёт — демократик адабиётнинг асосий хусусиятларини мукаммал ишлаб чиқди.

Олим тадқиқотларида XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларидаги ижтимоий-маданий ҳаётнинг энг муҳим муаммоларини ғоявий ва бадиий жиҳатдан юксак асарларда тўлақонли акс эттира олган, меҳнаткаш омманинг озодлик курашига яқиндан ёрдам кўрсата олган адабиётнинг тезкор тараққиёт омиллари, ижодий-эстетик принциплари, тематикаси ва ғоявий асослари, жанрлари ҳамда бадиий-тасвирий воситалари каби муҳим назарий-амалий масалалар марксча-ленинча методология асосида ёритиб берилган эди.

Ана шу муҳим илмий хулосалар «Муқимий ва унинг адабий муҳити» деб номланган докторлик диссертациясида, кейинчалик шу асосда яратилган «Муқимий» монографиясида (1970 йил), кўплаб илмий мақолаларда ўз аксини топди.

Ўзбек адабиёти тарихининг ҳали ўрганилмаган бир қатор муаммолари, чунончи, Владимир Ильич маданий мерос ҳақидаги таълимоти ва ўзбек адабиёти тарихини ўрганиш масалалари, рус-ўзбек адабий алоқалари, классик адабиётимизнинг ижодий методи, ўзбек адабиёти тарихини даврлаштириш каби муҳим муаммолар олимнинг 60—70-йилларда яратилган қатор мақолаларида ўз тадқиқотини топди. Уларнинг аксарияти Ғулом Каримовичнинг «Халқ, тарих, адабиёт» тўпламидан (1977 й.) ўрин олди. 1969 йили аллома адабиётшунослигимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби унвони билан тақдирланди.

Евгений Эдуардович олим билан қилган суҳбатларида хоразмлик йирик шоир, тарихчи ва таржимон Муҳаммад Ризо мироб Эрниёзбек ўғли Огаҳий асарларининг кўп жилдлик тўпламини нашр этишнинг илмий-маърифий ва тарбиявий аҳамиятини қайта-қайта таъкидлар, улкан тадқиқотни талаб қилувчи бу ишнинг ғоят масъулиятли эканини ҳам айтиб қўяди. Устоз вафотидан сўнг унинг бу орзусини икки қадрдон дўст — Ғулом Каримов билан таниқли методист ва адабиётшунос олим, Огаҳий лирик меросининг тадқиқотчиси Субутой Долимов рўёбга чиқаришга бел боғладилар. Икки алломанинг кўп йиллик машаққатли меҳнати Огаҳий лирикаси, тарихий ва таржима асарларининг турли қўлёзмаларини қиёслаб тадқиқ этиш, котибларнинг матнларда йўл қўйган хатоларини аниқлаш ва тузатиш, адабиётимиз, маданиятимиз тарихининг ана шу ноёб обидаларини нашрга тайёрлаб, улардан кенг халқ оммасини баҳраманд қилишдек олижаноб ишга бағишланди. Ўн йиллик ижодий меҳнат Огаҳийнинг олти жилдлик асарлар тўпламини нашр этиш (1971—1980) билан тугалланди.

Ана шу муҳим илмий кашфиётлар ва тадқиқотлар олимнинг бу йиллардаги педагогик фаолияти билан бир вақтда амалга оширилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. 1948 йили республика педагогика илмий-текшириш институтига директор этиб тайинланган Ғулом Каримович мактабларда она тили ва адабиёт ўқитиш ишларини яхшилаш ишига алоҳида аҳамият бериб, Ойбек, Ҳ. Ҳомидий каби ёзувчи ва олимларни жалб қилган ҳолда мактаблар учун адабиёт программаси, VIII синф учун адабиёт дарслигини (1950) тузади.

1951 йилдан эса Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ТошДУ)нинг ўзбек адабиёти кафедрасида ўзбек адабиёти тарихидан лекциялар ўқий бошлайди. Иқтидорли олим, жонкуяр ва меҳрибон мураббий бўлган Ғулом Каримов 1957 йили шу кафедранинг мудири этиб сайланди. То 1984 йилгача кафедрага раҳбарлик қилиб келган аллома филолог мутахассислар тайёрлашни яхшилашга эътиборни қаратди.

Шу йиллар ичида Ғулом Каримовнинг олий ўқув юртлари учун «Ўзбек адабиёти тарихи» (III қисм) дарслиги уч марта (1966, 1977, 1987) , қайта тўлдирилган ҳолда нашр этилди. Университетнинг сиртқи бўлими учун «Қисқача ўзбек адабиёти тарихи» (1984) талабаларга тақдим этилди. Унинг ҳаммуаллифлигида ўрта махсус ўқув юртлари учун «Ўзбек адабиёти» дарслиги (1970), ўрта мактаблар учун «Ўзбек адабиёти тарихи» дарслиги (1983) яратилди.

Буларнинг барчаси ўрта ва олий мактабда ўзбек адабиёти тарихи фанини ўқитишни яхшилаш ишига сезиларли таъсир кўрсатмай қолмади, албатта. Зеро, бу дарсликларнинг барчаси адабиётимиз тараққиёти қонуниятларининг атрофлича ва изчил ёритилиши, шоир ва ёзувчиларимиз ижодининг ғоявий ва бадиий хусусиятларини ёрқин мисоллар билан ишонарли тарзда баён қилиниши, илмий тезисларнинг аниқлиги, фикрларнинг лўндалиги, услубнинг равонлиги билан ажралиб туради.

Аллома 1984 йилдан бошлаб профессор-консультант вазифасини бажараётган бўлишига қарамай, ҳам педагог, ҳам олим, ҳам коммунист сифатида ҳамон олдинги сафда. Домла олий мактаб ўқитувчисининг вазифасини лекцияни шариллатиб ўқиб кетишда эмас, балки талабаларда адабий жараённи чуқур англаб етиш, адабий тараққиёт қонуниятларини тушуниш, бадиий асарларни ҳам ғоявий, ҳам бадиий таҳлил қилиш малакаларини эгаллаш, умуман, мустақил фикрлаш, мустақил илмий тадқиқот олиб боришга ўргатишда кўради. Қирқ йиллик педагоглик фаолияти давомида аллома неча минглаб олий маълумотли шогирдлар етиштирди. Ҳозир уларнинг кўплари йирик олимлар, таниқли ёзувчилар, донг таратган ўқитувчилардир.

…Ғулом Каримов шу ардоқли хотиралар оғушига чўмиб тун ярим бўлганини ҳам сезмабди. У эртанги ишлар режасини ўйлаб кетди: Алишер Навоий поэтикасининг яна бир қирраси ҳақидаги тадқиқотни бошлаш керак. Вақт кутиб турмайди. Эртага дипломанти билан суҳбатлашиши лозим, унинг ишини тонгдаёқ кўриб қўйиш зарур. Ҳа, ишлар етарли. Соғлиқ бўлса — бас.

Ташқаридаги майин шамол деразага урилиб, домланинг диққатини бўлди. Ҳовлидаги шафтоли гуллай бошлабди. Баҳор. Ғулом Каримович учун саксонинчи баҳор! Яқинда олтин тўй ўтказиши керак. Келинойи билан эллик йил бирга тотув яшашибди.

Унга рўпарадаги расмдан севимли икки чевараси худди «Қўш тўйингиз муборак бўлсин, азиз буважон», дейишгандек кулиб қараб туришарди.

Анвар Ҳожиаҳмедов, филология фанлари доктори, профессор

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 8-сон