Қуронов Дилмурод Хайдаралиевич, 1960 йил 27 октябрда Ўш вилоятида туғилган. Андижон давлат университети профессори, филология фанлари доктори. 35 йилдан бери илмий-педагогик фаолият билан шуғулланади.
Дилмурод Қуронов 100 дан ортиқ илмий ишлар, шу жумладан, 2 та дарслик, 3 та монография, 3 та қўлланма, 1 та луғат муаллифи. Республика матбуотида ўзбек адабиётшунослиги масалаларига бағишланган 80 дан зиёд илмий мақолалар чоп этган.
Унинг умумий таҳрири ва ҳаммуаллифлигида чоп этилган “Адабиётшунослик луғати” адабиётшунослик соҳасида асосий луғат сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Олим Абдулҳамид Чўлпоннинг 3 жилдлик асарлари тўпламининг 2-жилдини нашрга тайёрлаган, 4 жилдлик Чўлпон асарларини нашрга тайёрлаш ва чоп эттириш бўйича гуруҳга раҳбарлик қилган.
Д.Қуронов саъй-ҳаракатлари билан 2018 йилдан бошлаб “Андижон ижодкорлари меросидан” номли серияда унинг умумий таҳрири остида сериянинг бешта китоби чоп этилган. Олимнинг 2010–2019 йилларда “Адабий жараёнда “Мом синдроми”, “Мутолаа ва идрок машқлари”, “Завқимдан бир шингил”, “Талқин имконлари”, “Адабий ўйлар”, “Назарий қайдлар”, “Adabiyot va b. haqida” номли китоблари чоп этилган.
Дилмурод Қуронов таржима билан ҳам шуғулланиб, “Ғарб адабий- танқидий тафаккури тарихи очерклари” қўлланма-хрестоматиясида 15 нафарга яқин олимларнинг асарлари унинг таржимасида берилган.
Д.Қуронов раҳбарлигида 1 нафар фан номзоди, 4 нафар фалсафа доктори ва 1 нафар фан доктори тайёрланган.