Барот Бойқобилов (1937-2006)

Бойқобилов Барот Тиллаевич (1937.14.3, Ургут тумани Кенагас қишлоғи – 2006) — Ўзбекистон халқ шоири (1997). СамДУ филология факултетини тамомлаган (1962). Ўзбекистон давлат бадиий адабиёт нашриёти (1962—63), ёшлар газетаси (1963—68), болалар адабиёти нашриёти (1968—74)да муҳаррир, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, «Мулоқот» журнали бош муҳаррири (1991 йилдан) бўлиб ишлаган.

Барот Бойқобиловнинг «Самарқанд сатрлари» (1962), «Висол» (1965), «Сени излайман» (1968), «Самарқанд ушшоғи» (1969), «Афросиёб» (1970), «Ким сокин яшайди Ўзбекистонда» (1990) ва бошқа шеърий тўпламлари, бир нечта достонлари нашр этилган. Унинг «Кун ва тун» (1968) шеърий қиссасида Бобурнинг бадиий образи ўзбек адабиётида илк бор намоён бўлди. Кейинчалик Барот Бойқобилов Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган «Шукухли карвон» (1981), «Нотинч Хуросон» (1985), «Сокин Хурсон» (1992) ва «Қонли Хуросон» (1992) достонларини, «Ҳайрат ул-Аҳрор» (1997) шеърий романини эълон қилди. Сўнг улар асосида беш достондан иборат «Янги хамса»ни (1998) ва «Ўзбекнома» (1999) шеърий романини яратди.

Барот Бойқобилов ўзбек шеъриятида сонет жанрининг равнақ топишига катта ҳисса қўшди. Б. Петрарка, В. Шекспир, П. Неруда, Р. Ҳамзатов сонетларини, ўзбек тилига таржима қилган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994).