Усмонқул муаллим энди уйига кетмоқчи бўлиб турганди, директор чақираётган экан. Осмонга қараганча кўзларини юмиб афтини бужмайтди. Ҳаво тафти қиздирилган тандирдек юзга урилди. Ўқувчиларга таътил бошланган, мактабда кунлик ишни тугатгани учун яна нима ками бор экан деган хаёлда ортига қайтди. Мактаб директори Ўктам ака уни одатдагидан хушчақчақ қаршилади.
– Буни қаранг, Усмонқул укам, ёндираман дейди-ку. Темирни қизиғида бос дегандек, ажойиб бир хушхабар бор, – дея олдидаги уюм қоғозлардан бир даста олиб ўзини елпиди.
Ҳаёти бир меъёрда кечган Усмонқул кутилмаган илтифотдан ҳаяжонланиб кетди. Кўрсатилган стулга жойлашиб ўтириб олди. Тағин бахтдан эсим оғиб йиқилиб тушмай деган ижирғаниш лип этиб хаёлидан ўтди. Қирғичдек танасида шалвираб осилган енгсиз кўйлак, билак томирлари чилвирдек тортилган, ботиқ кўзлари нурсиз йилтирайди.
Бу одам айни ёрдамга муҳтож. Бу кетишда кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолса, ўзини ўнглаб олиши қийин бўлади деб ўйлаган директор меҳрибонлик билан гап бошлади.
– Усмонқул ошна, биологиядан кўргазмали қуролсиз ҳам дарс ўтаверсангиз бўларкан. Бу туриш нимаси, арвоҳга ўхшаб қолибсиз, – дея кулиб бош чайқади. – Ўша биринчи иш бошлаган даврингиздан буён сизни яхши биламан. У пайтлари мен ҳам сиз каби ўқитувчи эдим. Умр шамолдек ўтиб кетаркан. Афт-ангорингизга қараган маймунлар ҳам йиғлайди. Бу юришда эрта бир кун бутингиз кўтарилиб қолади-ку. Гапнинг индаллоси, бу йил дам олиш гали сизга. Бу дунёда Катмандан ҳам бошқа жойлар бор. Қишлоққа ёпишиб қолманг, кўкракка бир шамол тегсин. Зоминнинг баҳаво арчазорларида мазза қилиб бир дам олиб даволаниб келасиз. Бунинг устига, шерикнинг ҳам зўри тўғри келди. Қўзибойдан яхши йўлдош чиқади, ажойиб йигит, анчадан бери илтимос қилиб юрибди. У йигитнинг ҳам хизмати сингган. Икки ошна бир яйраса яйрабди-да.
Бу хушхабар Усмонқул муаллимни кутилганидек қувонтирмади. Кўзлари ҳамон нурсиз йилтираб, куйдирилган калладек тиржайди.
– Ўктам ака, ҳолимни кўриб ҳиммат қилибсиз, бундан жуда хурсандман, очиғи, қувониб кетдим, – деди муаллим ясама кулги билан гарданини қашлаб. – Нима дейишга ҳам ҳайрон бўлиб қолдим.
– Бу одамнинг гапини қаранглар-а. Ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Сизнинг ўрнингизда бошқа бўлганда қандай ҳолатга тушарди? Сал кам текин йўлланма, билсангиз.
– Бу гапингиз тўғри. Аммо яқин кунларда тўй қилиш режам бор. Шуни ўйлаб… Таътил бошланиши билан тўнғичга келин туширамиз деб тургандик. Шароит ўзингизга маълум, тўй деганларининг ҳеч ками тўлмас экан. Ташвишдан эртароқ қутулсак. Ростини айтсам, ҳозир ортиқча чиқимни чўнтак кўтармайди.
Директор кифтини учирди. Ажабланиб қаради. Бу хабардан тўрва-халтасини тайёрлашга тушади деган хаёлда уни алоҳида чақириб ўтирибди-я.
– Бу ёғи қизиқ бўлди-ю, ошна. Яхши, яхши, тўй қилиш яхши. Аммо одам деган ўзини ҳам ўйлаши керак. Туришингизга бир қаранг, чўпга либос илгандек гап. Мана йўлланма десам, талабгор кам эмас. Текин бўлса михни ют дейдиганлар бор. Аммо… – директор ҳафсаласизлик билан қоғозларни ташлади-да, қўлига ручка олди. Бу қанақа одам-а… одамларга ҳеч тушуниб бўлмайди.
– Тўғри, шу туришимда аҳволимга шоқоллар ҳам йиғлайди. Таътил бошлансин, бир-иккита осма укол оламан деб тайёргарлик кўриб қўйдим. Дўхтир қувватингиз йўқ, бошқаси жойида деганди.
Директорнинг ҳафсаласи пир бўлди. Менга нима, бу кунингдан баттар бўл дейишгача борди.
– Усмонқул иним, тўй қилиш қочмайди. Эзмаланманг, эркак бўлинг! Кузда ўтказасиз бир кунлик тўйни, кўпам ваҳима қилаверманг, йўл харажатидан ҳам ёрдам қиламиз, – директор қизишиб кетди.
Усмонқул типирчилаб қолди. Аммо, начора, топган-тўдалагани тежаб-тергаб келин олишга мўлжаллаб турганда курортга бало борми, шу ҳолатда дам олиш татирмиди? Ҳар нарсанинг ўз ўрни бор деб ўйлади.
– Майлику-я, лекин бир чатоқ жойи бор. Биз қудалар билан тўй кунини мўлжаллаб қўйгандик. Орадан бу гап чиқса, ўртага совуқчилик тушиб қолишидан андишадаман. Қудачилик – минг йилчилик дейишади-ку.
– Майли, ихтиёрингиз, сизга рухсат, – директор хайрлашди-да, етаклаган ит овга ярамайди, менга деса ўлиб кетмайсанми деб ўйлади.
Директорнинг гапими ёки ўзининг ҳам ич-ичида чўкиб ётган дардлари бош кўтардими, нима бўлганда ҳам, ўзини тергашга тушди. Қалб тубида мудраб ётган дардлари қўзғалганди. Директорнинг олдидан чиққандан кейин Усмонқул қаттиқ афсусланди. Сўнгги пайтларда боши касалдан чиқмай қолди. Бу дунё ташвишларининг эса учи-қуйруғи йўқ. Пичоқ бориб суякка қадалганда мияси ишлаб кетдими, ҳар қалай, афсуслана бошлади-ку.
Усмонқул йўл-йўлакай ўйлаб келди. Одам бўлиб бу дунёда нима иш қилдим ўзи? Одамларнинг боласига ўхшаб отамдан дакки эшитмадим. Бундай ўйлаб қараса, ота-онага маслаҳат солмасдан ўзига кўйлак ҳам олиб киймабди. Ўл бу кунингдан дейдиган одам йўқ. Аввалига ота-онанинг оғзига қаради, энди-чи, энди хотин, бола-чақадан ўтиб бир иш қилолмаса. Қандай лапашангман-а дея ўзидан ўзи ғижинди. Ваҳоланки, тўй куни ҳақида қудалар билан ҳеч қандай гап-сўз бўлгани йўқ. Бор-йўғи уйидагилар ёзда тўйни ўтказиб олайлик дейишди, холос.
Тўйни кузда қилса ҳам, осмон узилиб ерга тушмайди. Ҳар доимгидек ўзидан бир фикр чиқариб гап айтолмади. Уйдагилар билан маслаҳатлашиб келайин дейишга эса тили бормай баҳона тўқиб қўя қолди. Уйдагилар билан бир маслаҳатлашиб олай деса ҳам бўлавераркан. Лекин шу гап ҳам ҳеч хаёлига келмабди. Эҳ, хомкалла… Умрим ўтибдики, бирор нарсани танлаш тўғри келиб қолса, албатта, уйга келиб аниқлаштираман. Ҳатто институтни битириш арафасида аспирантурага қол дейишди, уйга келиб маслаҳат солганди, бегона юртларда улқоиб юрасанми деган важ-карсонлар билан рухсат бўлмади. Синфдошининг синглисини ёқтириб қолганида-чи? Бунга онаси рози бўлмаганди, ошначиликка тўғри келмайди экан. Аммо бир гап шу кунгача ҳеч хаёлига келмаганига ҳайрон бўлди. Нима сабабдан отамнинг ошнасининг қизига уйландим? Тўғри келди-ку. Во ажаб…
Ҳатто томорқага маккажўхори экмоқчи бўлсам, хотиним буғдой экайлик дейди, оқибатда буғдой экилади. Қўй қилиб кўпайтирайлик деб ҳаракат қилиб кўрди. Хотини кўнмади; болаларни ўқишдан чалғитаркан, сигир бўлса арқонлаб қўяди. Сигир болалагач, қўй олдирди, болаларнинг ўқишига халақит қилишини гапирмади. Ҳаттоки: «Бугун бир палов қил, хотин», – деса, «Шўрва қилмоқчи бўлиб турибман, болалар гуруч овқатни унча хушламайди». Қарабсизки, отаси болаларига қўшилиб шўрвани хўриллатиб ўтиради.
Мактабга ишга келганидан буён таътил бошланди дегунча бировнинг пахсасини уради. Эшик-ром қўяди, том ёпади, бекор турмайди. Ёшликда куч-қувват бўлган экан, индамай ишлайверган. Энди қўли ишга бормай қолди.
Аввалига уйланиб уйдагиларга оғирим тушди дея ота ёнига кириб кичкиналарни уйлантириш учун кечани кундузга улаб ишлади. Кейин болали бўлди. Бирин-кетин фарзандлар улғая бошлади. Уларга суннат тўй қилиб бериш учун ишга шўнғиб кетди. Бир эмас, икки эмас, уч суннат тўй қилди. Бутун куч-қувватни элнинг олдидан ўтай деб бир кунлик тўйга сарфлайверибди. Энди қутулдимми деса, уйлантириш навбати етиб келибди. Томоғини қисди, оҳорсиз кийимлар кийишга ўтди. Уларга латта-путта йиғишни бошлаган хотини турса ҳам, ўтирса ҳам таъкидлайвериб фикри-хаёли шу нарсага боғланиб қолибди. Ҳў товуқмия, латта-путта нима зарур, ўзингнинг келинлик кўрпа-тўшагинг ҳали-ҳамон келган-кетганга кўрсатиш учун томнинг тўрида уч шум бўлиб турибди дейиш учун ҳам ақл керак…
Эсизгина отамнинг меҳнатлари, ҳамон уйимизнинг тўрида қат-қат бўлиб турибди-я. Нима бўларди, туриб-туриб бир кун сичқонга ем бўлади. Меники ҳам худди шундай. Эҳ-ҳе, шунча ташвишни қандай калладор ўйлаб топган экан? Қойилман лекин. Шуларсиз ҳам яшаш мумкин эмасмикин?
Умрим вафо қилиб болаларни уйлантириб бўлгунимча нафақага ҳам чиқсам керак. Худо хоҳласа, нафақада ҳам бекор ўтирмай уларга уй-жой қилиб бериш керак бўлади…
Отам раҳматли ҳам дам олиш, сайру саёҳат деган нарсаларни билмай ўтди. Қўлим юпқа, элнинг олдида уятли бўлмай, болаларнинг қўлини ҳалоллатай дея беш марта суннат тўй қилиб берди. Эсимни таниб билганим отамнинг эгнидаги бир чопони икки бўлган эмас. Элнинг ошини еганмиз, қайтимча… юзи ёруғ бўлди.
Ёруғ юз билан бирин-кетин ўғилларини уйлантиришга тушди. Навбати келса қизларни узатди, узатаверди, уйлантирди, уйлантираверди. Ёшларнинг орзу-ҳавасига тўғаноқ бўлмайлик дейишди.
Янги оилаларга уй-жой қуришга тушди. Энди ўзининг ёнига бизларни ҳам тортди. Ачинарлиси, тиним билмай меҳнат қилса ҳам, умри етмади. Кенжа укамни уйли-жойли қилолмаганидан ортига қарай-қарай ўлиб кетди. Отам диғ-диғлашини бизга мерос қолдирган экан. Худди отамдек қўлим юпқа бўлди. Бой бўлолмадим, бойнинг болаларидек айш-ишрат ҳам қилолмадим. Бирор базмга борсам уйдагиларни ўйладим. Улар ҳам шундай ширин таомлар еса бўларди дея томоғимдан таом ўтмай қолди. Мен ким бўлдим?
Усмонқул бир-бир босиб гўё минг йилдан бери юрган йўлидан хаёл суриб келади. Толтуш маҳали кўчада одам қораси кўринмади. Гўёки бемалол хаёл суравер дегандек.
Бутун ички дунёсини ағдар-тўнтар қилиб ташлаган бугунги гурунг эмас, ўша гап бўлмаганда ҳам, унинг ўзи бу нарсани ўйлаши аниқ эди.
Ички бир исён билан уйга етиб келди. Кийимларини алмаштириб дарахт соясидаги тўшамчига бориб ўтирди. Қуёш ҳамон олов пуркайди. Эрининг паришонлигини кўрган хотини бошингиздан иссиқ ўтганга ўхшайди деди-да, тарвузни косалаб унинг олдига сурди. Тарвуз муздеккина экан, тана роҳатланди. Секин шитирлаётган дарахтларга қаради. Танаси ўзининг билакларидек ғадир-будир. Отамни кўрган дарахтларим…
Салқинлаб сал чиройи очилганидан кейин мактабдаги гурунгни айтиб берди. Фикрини билгиси келиб қизиқиш билан хотинига тикилди.
– Тўғри қилибсиз, отаси, дам олиш бўлса қочмас. Аввал келинни тушириб олайлик. Келин ҳовлимизни супуриб-сидириб кўриниш берса, эл олдида юзимиз ёруғ бўлади. Ҳали бунинг қанча каму кўсти бор, – деди хотини.
Усмонқул тиржайди. Танаси бошқа дард билмас деб пичирлади.
Хотини оғилхонадан икки қулоч занжирни Усмонқул ўтирган супанинг олдига шарақлатиб ташлади.
– Ҳўкиз нўқтасини узиб кетган, қўрага қамаб ўтирибмиз, ушлаб боғланг, – деди.
Усмонқул занжирга қараб ўйланиб қолди.