Холмуҳаммад Каримий. Жаноза (ҳикоя)

Кўҳна Боботоғ ортидан эндигина бош кўтарган саратон қуёши бирданига қиздиришни бошлади. Ҳаво дим. Катманнинг чекка бир қишлоғида тупроқ кўча бўйлаб бораётган отлиқ: «Бойназарбойнинг жанозасига», – дея уйларга қараб товуш бериб ўтди. Бу совуқ хабардан қари-қартанглар калима қайтариб: «Бечора, ҳали ёш эди-я», – деган кўйи жанозага бориш учун тараддудга тушиб қолди.
Жонқобилнинг хотини ҳам супада ётган эрини дарҳол турткилай кетди: «Ҳой, ҳой… кўзингизни очинг, Бойназарбойнинг қулоғи остида қолибди. Туриб, ювиниб-чайиниб ўзингизга келинг. Жанозада ароқнинг иси келиб элга шарманда бўлиб юрманг тағин».
Жонқобил сесканиб кўзини очди, аммо боши зирқираб оғриди-ю, қимирлашга мажолсиз ётган кўйи жеркинди:
– Нимага ваҳима қиласан, аҳмоқ? Ажали етган экан, ўлибди. Шу беш кунлик дунёда бир ҳордиқ чиқариб келдимми, сен хотиннинг машмашанг тайёр туради. Аслида, бу ваҳималаринг мени ҳам ажалимдан бурун ўлдирадиёв…
– Ҳа, шишангга ўт тушсин-а, ҳаёсизга ҳар куни ҳа­йит экан. Ошнаси ўлиб, бола-чақаси чириллаб ётса-ю, бу кишининг кайфи бузилмасин эмиш. Садқаи ошначилик кетсин-э, – деганча Ойимхол ғудраниб йироқлашди.
Қуёш бир таёқ бўйи кўтарилиб, Жонқобил тандир ичида ётгандек терга тушиб ўрнидан қўзғолди. Чўнтагини кавлаштириб носхалтасини олди. Нос чекканидан кейин баттар кўнгли айниб, қайт қилиб юборди. Эрининг супа четида ўмганлаб қусаётганини кўрган Ойимхол обтова кўтариб борди. У бир амаллаб ўрнидан кўтарилгач бошидан қуйилган совуқ сув таъсирида сал ўзига келгандек бўлди.
– Боя нима деб валдирагандинг, ўлган ким экан? – деб хотинига қаради. Ўзи бошига сочиқни ташлаб пишиллайди.
Ойимхол эрининг гапига ижирғанди.
– Нима бало, мен деворга гапирдимма?..
Дастлаб Жонқобил бу гапга ишонмади. Хотини аниқ-тиниқ қилиб қайта айтгандан кейин от босган қурбақадек кўзи манглайига битиб қолди.
Тушдан кейин Бойназар ошнасининг бетоблигини эшитиши билан Жонқобил югургилаб Бойтўраникига борди. «Бизникида ичганидан бери яна кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолибди. Сенинг хабаринг бўлдими? Уйига ўтиб келайлик-чи», – деди. Аммо Бойтўраникида овқат тайёр экан, кел-э, қайнонанг суяр экан деб дастурхон бошига қўярда-қўймай ўтирғизди. Аввалига икки ошна овқатнинг тагида қолсин дея юз-юз урди. Овқатдан ке­йин шишанинг тагида қолмасин деб яна ол-ол бўлди. Сал бошлар қизигач, кўчага отланди, маҳалла гузарига етганда ошхонада бир-икки улфатлар ичиб ўтиришган экан, уларга қўшилиб тун ярмигача ўша ерда қолиб кетди. Жонқобил қоронғи тушганда ҳам ичишиб ўтирганини билади. Қандай қилиб ва қачон уйга келган, у ёғини эслолмайди.
Жонқобил етиб борганда аллақачон чошгоҳ бўлган. Жанозага тўпланганлар том, дов-дарахт соясига ўзини урганди. Бир хонада гоҳо аёл, гоҳо бола ўксиб-ўксиб йиғлайди. Мусибат устига марҳумнинг қариндошларида қандайдир бесаранжомлик ҳам бордек, нимадандир алағда. Токнинг соясида ўтирган муллодан нималарнидир сўраб-суриштирган бир-икков майит ётқизилган хона эшиги олдида турганлар билан келиб пичир-пичир қилишади. Ҳовлида юк машина ўнглаб қўйилган, аммо тобут чиқаришга ҳеч ким шошаётгани йўқ.
Ҳовлига кириб келаркан, кўз қири тушганларга бош ирғаб саломлашган бўлди-да, марҳумнинг яқинларини кўрганида довдираб нима қиларини билмай қолди. Бир муддат иккиланиб турганидан кейин ошнасининг тўнғичи елкасига қўл ташлаб: «Бандачилик, ҳар биримизнинг бошимизда бор савдо, сабр берсин худойим», – деёлди, холос.
Бу гаплар тилига қандай келганини ўзи ҳам сезмай қолди. Шу заҳоти бўғзига бир нарса тиқилгандек бўғилиб кетди. Юрагида симиллаб оғриқ пайдо бўлди. Бу виждон азобимиди ёки етимларга раҳми келганиданми, нимага йиғлаётганини ўзи ҳам аниқ билолмади. Таёққа суянган жабрдийдалар олдида турган Бойтўрани кўрганида Жонқобилни қалтироқ тутди. Шунда булоқ кўз очгандек, кўзларидан ёш қуйилиб келди. Шу топда унинг кўзига ҳеч ким кўринмасди, бирор нарсани фарқлашга ҳам ҳоли йўқ, етим бўлиб қолган неварасини қучоқлаб овозсиз силкиниб-силкиниб йиғлар, хўрлиги келиб оғир-оғир хўрсинарди. Ўзини босолмай неварасини янада маҳкамроқ қучоқларди…
Кимдир елкасидан ушлаб тортганида кўз ёшларини тиёлмаса ҳам ўгирилди. Бойтўра экан. Унинг ҳам кўзларида ёш, аммо у анча хотиржам эди. Жонқобил неварасини кўксидан бўшатаркан, унинг елкасига меҳрибонлик билан шапатилаб қўйди.
Бойтўра ошнасига далда бергандек уни қучоқлаб қулоғига ўзингни қўлга ол дея шивирлади. Ошнасининг бу қилиғи дард устига чипқон бўлмасин деган андишада унга шипшиб қўйганди. Оғир мусибат доғида жизғанак бўлиб турганларга ошнасининг кеч келиб бу янглиғ кўнгил сўрашдан ёмон ўйга боришлари мумкинлигидан Бойтўра алағда.
Бир сидра юрагини бўшатган Жонқобил ошнасига қаради.
– Тоғани кутяпмиз, қабрга ўша киши қўяди, – пичирлади Бойтўра.
Жонқобил кайфини тарқатиш учун устидан сатиллаб сув қуявериб, чакки ялаб-ялаб бир нави бўлгунича анча вақт ўтди. Кун кўтарилиб кетгани, ҳовлиқиб ит қувган танадек югургилаб келганидан ҳамон нафасини ростлаёлмай энтикарди.
Унинг ҳаяжонида бошқа бир гап бор. Бундан тўрт кун олдин уч ошна топишди. Кетдик, кетдик билан уларни Жонқобил уйига олиб кирди. Тез орада дастурхонга қайноқ шўрва келтирилди. Чакки суюлтириб келинглар дея ўзи бир жуфт шишани Бойтўрага узатди. Бойназар: «Менинг мазам йўқ, ичмайман, ичсаларинг очинглар, – деди. – Ўзларинг гувоҳ, шифохонадан чиққандан бери ичганим йўқ, бунинг устига, дўхтир ичма деган». Бу гапга парво ҳам қилмаган Бойтўра уч пиёлани тўлатди. Фақат бир мартадан оламиз мезбоннинг ҳурмати, дастурхон иззати деб пиёлани қўлга олди. Мезбон ҳам Бойтўрага қўшилиб Бойназарни қисташга тушди. Бойназар ҳадеганда бўйин эгмади. «Агар юз грамм ичсам ҳам юрагим уюшиб ухлаёлмай чиқаман. Мана шу юришимда ҳам кечалари суякларим қақшаганидан азоб чекяпман. Шу пайтгача бирор марта қўлларингни қайтардимми, мени ҳам тушунинглар-эй. Алдаётганим йўқ, қасам ичайинми, худо кўриб турибди-ку», – дея роса тайсаллади.
Бойназар ўзини олдириб қўйгани чин, қоқ суяк бўлиб қолган. Тиришган кафтдек юзида бурни муштдек бўлиб турибди. Даволаниб чиққанидан бери юзига сўл югургандек кўринса ҳам, ранги ҳамон заҳил эди.
Мактабни битириш кечаси биринчи бор синфдошлар ўзларини эркин сезди. Энди тергайдиган муаллим бўлмаса, бўйлари оталари билан тенглашди. Ўша кундан бошлаб бир-бирининг қўлини қайтаргани йўқ. Уч ошнанинг орасидан қил ўтмасди. Оғир-енгил, яхши-ёмон кунида ҳеч бир ишдан қош қайтаришган ҳам эмас. Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди дея бир-бирининг ишига ўмганлаб киришиб кетадилар. Қачон бўлмасин боши бирикдими, ароқ ёки виносиз ажралишмасди ҳам. Ичмайман деган сўз улар ўртасида ҳали бўлганича йўқ.
Энди бири касалманд бўлиб ўтирибди. Икки ошна қандай бўлмасин бемор кўнглини кўтаришга киришди. Уй эгаси Жонқобил пиёлани унинг тумшуғида ушлаб тураверди. Охири ноилож қолганидан: «Майли, фақат бир марта», – дея Бойназар пиёлани қўлга олди. Шўрвани ичиб бўлишганидан кейин энди жуфт бўлсин деб бу гал Бойтўра туриб олди. Биринчисининг таъсири бўлдими, иккинчи пиёлани кўп гапиртирмай олди. Жуфт бўлди, тоқ бўлди билан уч ошна икки шишани бўшатишди. Яна аввалгидек апоқ-чапоқ бўлиб ўтиришди.
– Бойназарнинг яйраб ўтирганини кўриб, очиғи, бош­қача бўлиб кетдим. Тўғриси, охирги пайтларда касалликни баҳона қилиб аввалги давралар эсдан чиқа бошлаганди. Агар бугун ҳам уйимдан қуруқ оғиз, хафа бўлиб чиқиб кетганингда борми, ошна, сендан кўнглим оғрирди. Лекин мени хурсанд қилдиларинг. Қандай ҳам яхши-я, узоқ йиллик ошначилигимиз яна ўз йўлига тушиб олди, – дея Жонқобил бемор ошнасини қучоқлаб ўпиб миннатдор эканлигини билдирди.
Сал бўлмаса Бойназар ошналарини хафа қилиб қўяркан. Айни пайтда вужудига илиқлик югуриб, роҳатланиб ўтирибди. Ҳатто ошналарини ялинтириб қўйганига хижолат тортди.
– Тўғри, ҳозир олмаганида, ошначилигимиз ҳам шунчаки гап бўлиб қоларди. Бойназар-ку касал экан, агар мен бундан баттар аҳволда бўлсам ҳам қўлларингни қайтаришни ҳеч тасаввуримга сиғдиролмайман. Бир-биримизга йўқ деган сўзни айтсак, дўстлигимиз қаёқда қолади? – камгап Бойтўра ҳам ичидагини тўкиб сола бош­лади.
Мана шу ўтиришдан уч кун ўтиб Бойназар яна ётиб қолганидан хабар топишди. Афсуски, кўришолмай қолдилар.
Мусибат етган жойда одамлардан кўнгил сўрашдан оғир нарса йўқ экан, асли. Одамлар тўплангандан кейин жанозанинг кечиктирилиши эса аҳволни баттар оғирлаштириб юборди. Айниқса, бу хабардан қаттиқ таъсирланган Жонқобил ҳали-ҳамон ўзини қўярга жой тополмайди. Уйидан жўнаганда ҳам бу ҳолни ўйлаб келаётганди, воқеа жойига келганда буткул ўзини йўқотиб қўйди. Яхшиям, Бойтўра бор экан. У оғир табиатли, яхши-ёмонни ичига ютиб кетадиган хилидан. Қувонса ҳам, ёнса ҳам ўз ичида сақлайди.
Қўлига тутқазилган обтовадан юзига сув уриб Жонқобил бир нави одамшаванда бўлди. Ана шундан кейин Бойтўра унинг ёнига чўққайиб, эгнига қўлини қўйди. Жонқобилнинг қонталаш кўзларидаги маънони шу топда Бойтўрадан бошқа тушунолмаслиги аниқ. Бойтўранинг ҳам ичидан қиринди ўтяпти. Фақат у табиатан оғир-вазмин бўлганидан тезда ўзини қўлга ололди.
Жонқобил яқинида одамлар йўқлигини билганидан кейин деди:
– Ошна, ичим куйиб кетяпти. Ўзимдан шундай нафратланиб боряпман. Энди ошнанинг болалари кўзига қандай қараймиз? Бош кўтариб юргилигимиз қолдими-а?! Қандайгасига ошна бўлдик?..
Азалилар бошқа томонда қолиб Бойтўра энди буни юпатиши керак. Ошнасининг ҳолати тушунарли, феъли ҳам равшан, уни тинчлантирмаса, шарманда қилиши аниқ. Дабдурустдан мен унинг қотилиман дея айюҳаннос солиб қолиши ҳеч гапмас. Ақлини танигандан буён уни яхши билади, териси юпқа, ўта таъсирчан. Йўқ жойдан томоша кўрсатиб азадорларнинг ярасига туз сепиши турган гап.
– Ўзингни бос, ошна, ҳар не бўлганда ҳам ажал-да. Худонинг хоҳиши экан, бизнинг қўлимиздан нима ҳам келарди? Энди бошқа бир нарсани ўйла. Ҳозир бу ердагиларнинг кўнглига қил сиғмай турган пайтда сеники ортиқча бўляпти, билсанг агар. Нотўғри гапираётган бўлсам, айт ўзинг.
Бу гапларни деярли пичирлаб гапираётган Бойтўра икковининг буйтиб ўтиришини эп билмади. Жонқобилни ҳовуридан туширганига кўзи етгач одамлар кўз тикиб турган йўл томон қараган бўлди-да, ўрнидан турди.
Жонқобил ҳам ошнасининг ортидан бориб ёнғоқ соя­сида мум тишлагандек ўтираверди. Гапиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Биров гапир демайди ҳам. Ҳамманинг дарди ичида, боши эгик, сукутда.
Ўн-ўн беш минут ўтар-ўтмас ошнасининг безовталанаётганини кўрган Бойтўра унинг тирсагидан ушлаб ариқ томон юрди. Лойқароқ сув шалдираб оқарди. Ариққа энгашган Жонқобил бошидан қўшқўллаб сув қуя бошлади. Бойтўра жимгина уни кузатиб турди, холос. Ошналарнинг бу қилиғи одамларга ғалати кўриниши тайин. Аммо начора…
Уст-боши шалаббо бўлган Жонқобил тол соясига ўтиб ўтирди. Яқинида эшитар қулоқ йўқлигини билгач яна дардини дастурхон қилишга тушди:
– Ошна, ўзи нимага бу дунёга келганмиз? Эрталабдан бери шу савол бошимни ёриб юборай дейди. Наҳотки, ўз дўстимизни ўзимиз ўлдириб ўтирган бўлсак? Минг лаънат шу ароғига ҳам, чиқарган зовутига ҳам. Йўқ, у ўз ҳолини бизга билдириб узрини айтди. ­Эҳ-ҳ,­ аттанг, аттанг. Бизнинг ҳурматимизни қил, лоақал, дастурхоннинг иззатини бил, ҳеч бўлмаганда, дўстинг учун заҳар ич деймизма-ей. Шунчалар ҳам говкалла бўламизма? Эҳ-ҳ, эҳ-ҳ, қандай аҳмоқмиз-а. Уни биз ўлдирмадик деб менга исботлаб бер-чи. Қўлингдан келса мени тинч­лантир. Ўзи биз нима учун ичамиз? Бир-биримизни ўлдириш учунми ёки ўзимизни ўлдириш учунми? Нима учун ичамиз, бу бало қаердан чиққан, айт-чи менга. Йўқ, энди мени бу азоблар тинч қўймайдиган кўринади…
– Мен ҳам худди сендек тушуниб турибман, аммо бу гапларни гапириш мавриди эмас, биляпсанми, сендан илтимос қиламан, ўзингни қўлга ол, жон ошна, – қалби титраб турган Бойтўра ёшли кўзларини ерга қадади.
– Менга ошна деб гапирма. Ошна, ошна деб бир кишини ўлдириб ўтирибмиз. Яна қанақасига ошна дейсан? – деб Жонқобил яна изиллаб йиғлаб юборди.
Шу пайт дув этиб одамлар ҳурккан қўйдек кўча томон қараб қолишди. Машина келиб тўхтаган, марҳумнинг тоғаси тушиб келмоқда эди. Йиғи-сиғи энди ҳовлида баралла янгради. Ғала-ғовур ичида обтова кўтарган тоға ҳожатхона томон юрди. Одамлар ҳам қимирлашиб қолган. Икки ошна ҳам майит ётқизилган хона томон келишди.
Тобут ташқарига чиқарилгач, ҳамма томон сув сепгандек жимжит бўлиб қолди. Эркаклар шошилинч сафлана бошлади. Таҳорати йўқлар ўтирган жойида қолаверди, баъзиси хижолатда ўзини панага тортди. Йиғилган оломоннинг ярмидан кўпроғи сафга тизилди… Жаноза ўқилди. Тобут кўтарилди.
Шовқин яна бошланди: тўрама-а… отама-а… қандайлар оғам бор эди-я… деган йўқловлар зўрайиб борарди. Тобут қўлдан қўлга ўтиб машина устига чиқди. Одамлар машинага ёпирилиб, тобут атрофига чўккалашди. Бойназар билан Жонқобил ҳам ошнасининг сўнгги сафарида унинг ёнидан жой олишди.
Машиналар қўзғолди. Хотин-қизларнинг чинқириши бошланди: «Бизларни кимларга ташлаб кетяпсиз, отажо-он, мен энди нима қиламан, тўрамо-ов, етимлар бошини ким силайди, тўрамо-ов…»
Тобутни кўриб сирри бўлиб қолган Жонқобил оломонга қўшилиб қадам ташлаётганди. Машина бир маромда кета бошлаганда хаёлини йиққан Жонқобил ҳўл тол дастакни маҳкам чангаллади. Ошнасининг сўнгги манзил сари минган оти. Ярқироқ матоҳларга бурканган тахтиравонда ошнаси ухлаяпти. Секин унинг либосига қўл теккизди ва қўлини тезда тортиб олди. Мен сенинг қотилингман деб ўйлади. Бундай қилишга ҳаққим йўқ. Иккинчидан, ҳамон менинг қорнимда ароқ тўла, қўлларимда ҳам қон билан бирга ароқ айланяпти. Боболар айт­ганидек, шу шайтон суви билан сенинг сўнгги манзилга кийган кийимингни булғамай. Менинг қўлим қон, қўлим мурдор. Сенинг тобутингни ушлашга ҳам ҳаққим йўқ. Тобутни чангаллаган қўллари титраб бўшашиб кетганида рўпарасидаги мотамсорага нигоҳи қадалди. Бойтўра йиғлаб ошнасига тикилиб борарди.
Жонқобилнинг ҳам кўзидан тирқираб ёш отилди. Мана, ошнамиз ўртада ухлаб ётибди. У бизни кечирармикин дея икки ошна бир-бирига мўлтирарди.
Қабристон дарвозаси олдида тўхтаган юк машина ортидан чанг-тўзон кўтариб турнақатор енгил машиналар етиб келишди. Тобут туширилди. Одамлар илдамлик билан тобутни елкама-елка ўтказишиб қабр томон елиб боришарди. Гўёки бирор нарсадан кечикаётгандек оломон шошиб-суриниб қадам ташлайди.
Тик кўтарилган саратон қуёши елкадан олов пуркайди. Қабристонда ўт-ўланлар қовжираб жизғанак бўлиб қолган. Дўппили бошлар, қизарган-қорайган башаралар, чанг қўнган қош-киприклар рангсиз қотган, худди уясида уймалашаётган қумурсқадек қабр атрофида ивирсийди. Бир зум тобутни тупроқ уюмига тиркаб ушлаб туришди. Тоға бошига рўмол танғиб ички қабрга кирди, икки киши қабрнинг даҳлизига тушди. Жонқобил ҳам қабрга тушиб ошнасини ўз қўли билан тоғасига узатмоқчи бўлди. Бу ёруғ дунёни тарк этаётган сўнгги лаҳзаларда узр сўраб қолиш учун ўзини зўр қулайлади. Шу хаёлда турганида қабрга тушувчилардан таҳорати бор-йўқлиги сўралди. Жонқобил бирдан орқасига тисарилди. Бу орада ошнасининг устидаги барча саруполар олинган, биргина оппоқ сурп кўйлакда охирги уйига олиб тушилаётган эди. Жонқобил дўстининг либосини нопок қилиб қўйишдан ўзини тўхтатиб қолди…
Бир-бирига туртиниб одамлар бел-кетмонга ёпишади: бир, икки, уч… етти дея тупроқ тортиб қўлдаги асбобни ерга қўйиб тисарилади. Ортга ўтганлар беихтиёр пешонасидан қуйилаётган терни чанг қўлининг сирти билан сидиради. Одамлар орасидан чиқиб олганидан кейин рўмолча билан қайтадан терларни артиб четроққа чўнқайиб ўтириб кута бошлайди. Ниҳоят, бу жойда бир тўмпиқ пайдо бўлиб, одамлар сочилиб ерга ўтириб тинчиб қолишди. Тиловат бошланди, қўллар дуо­га кўтарилди, овмин… «Бойназарбой қандай одам эди?» – дея мулло мурожаат қилди. «Яхши одам эди», – деган жўр овоз таралди. Оломон гуриллаб қўзғолди. Юзлар маъюс, қадамлар машиналар томон ҳорғин силжий бошлади.
Шу чоқ қатор тизилган қабрларга ишора қилиб:
– Бу ердан жой банд қилиб қўйиш керакка ўхшайди, – деди бир йигит ҳазил оҳангида.
Жим бораётган оломон орасида бу товуш жаранглаб кетгандек бўлди. «Астағфируллоҳ» дегувчилар бўлди.
– Ҳеч кимсанинг ўлиги ҳоварда қолмайди, ошна. Яхшиси, номаи аъмолингни ўйла, сўров-савол бўлади, – деган дўриллаш эшитилди.
– Номаи аъмолимда камчилик бор экан, шуни тузатгали келдим дея қайтиб борганни ҳозиргача кўрмадик ҳам, эшитганимиз ҳам йўқ, – дея яна луқма ташлади боя ҳазил қилган йигит.
Кимдир пиқирлаб кулди. Бу сафар «астағфируллоҳ» деган товушлар кўпчилик томонидан айтилди.
– Ҳой мусулмонлар, тавба денглар, тавба. Тилим бор деб валдирама, бўтам, ўйлаб гапир, – дея кексароқ киши томоғига нимадир тиқилгандек йўталиб қолди.
Жонқобил йиқилиб тушмаслик учун Бойтўранинг тирсагидан ушлаб олган. Ёруғ оламда фақат иккиси қолгандек ғамга ботган Бойтўра дардини ичига ютиб бормоқда. Унга сон-саноқсиз мусибатлар бирдан ёпишган. Марҳум ошнаси учун аза очган бўлса, ёнида бораётган тирик ошнаси учун ҳам қайғуда, жони куяди.