Холмуҳаммад Каримий. Болагинам (ҳикоя)

Еттинчи синфда ўқийдиган Баҳром катта танаффусда партадошини тирсаги билан туртиб сумкага ишора қилди. Энгашиб қараган Тошматнинг кўзлари порлаб: «Вой-й, бунча зўр?» – деб юборди. Синфда шовқин-сурон бошланган, ҳар ким ўзи билан ўзи овора. Қатор терилган сап-сариқ олмаларга тикилиб: «Ўзларингнинг боғданми, бунча ажойиб?» – деганча Тошматнинг оғзи сувланиб кетди. Тамшанаётган ошнасини кўрган Баҳром жилма­йиб энгашди-да, унинг қулоғига пичирлади:
– Сотаман.
– Қанчадан? – деб ҳовлиққан Тошмат худди бошқа биров олиб қўядигандек кўзи олма тераркан, ғилт этиб ютиниб лабини ялади. – Музқаймоқ олмоқчи эдим. Шу пулга берасанми?
Дарҳол иши юришганидан Баҳромнинг юзига қон теп­ди. Сумкани ошнаси томон сурди.
– Хоҳлаганингни танлаб ол. Фақат эҳтиёт бўлиб, бош­қа болаларга ҳам хабар бер. Билиб қўй, лекин қизлар эшитмасин, муаллимга чўғоллайди, – дея энгашиб ошнасига тушунтирди.
Тошмат энг катта олмани кўйлаги этагига беркитаркан, бу ёғидан хавотир олма дегандек кўз қисганча зипиллаб жўнаб қолди. Аввалига у болаларга олмани кўрсатиб мақтанди. Кейин берган ваъдасини бажаришга киришди. Бу иш жуда осон кўчди, олмага талабгорлар тезда топила қолди. Кейинги кунларда бошқа синф ўқувчилари ҳам Баҳромнинг олдига кела бошлади. Савдо қизиб, ўз-ўзидан олма Тошматга текин бўлди. Қишлоқда ҳамманинг ҳам ҳовлисида боғи бор эмас, Баҳромнинг омади чопгани шу. Мактабга жўнаш олдидан онасининг кўзини шамғалат қилиб сумкасига кетганича олма жойлайди. Бир куни онаси уни тўхтатди.
– Бир кўрай-чи, сен боланинг юришинг бошқача, сумканг намунча катта?
Қўлга тушган Баҳром ёлғон гапирди:
– Ошналарим илтимос қилганди. Улар ҳам менга нарса беришади. Мен ҳам уларга олиб боряпман.
Сувдан қуруқ чиққан Баҳром бу ёғига эҳтиёт чораларини кўрди. Олма солинган халтачани томорқа адоғига қўйиб келиб, одатдагидек онаси кўз ўнгида сумкани қўлтиқлаб жўнарди. Пул ҳирси ўй-хаёлини эгаллаганидан у дуч келган тўсиқлардан осонгина ўтиб кетарди. Ахир ўзининг ўй-хаёлича, энди унинг ҳам рўзғорга фойдаси тегади. Уддабуронлигидан хурсанд. Пулининг чўғи ортгандан кейин дарсхонасидаги қўлбола жавонга яширди. Хазина сақлайдиган яширин жой эртадан-кеч хаёлида. Жамғарма салмоғи ортгани сайин хаёлан турли хил режалар туза бошлади. Аввалбошда пулни кўпайтиб онасига бермоқчи эди. Онасини алдади, демак, бу режа энди иш бермайди. Отасидан велосипед олиб беришни сўрайди. Роса кўпайиб кетса, балки…
Томорқадаги олмалар шу пайтгача сотилмай, текиндан-текин ейилиб кетарди. Энди эса кўп пул бўляпти. Қилаётган ишларидан мамнун.
Пул тахлами бир боғламдан ошгандан кейин режалар буткул ўзгарди. Ҳатто кечалари уйқуси учиб кетадиган бўлди. Хаёлан амалга оширган ишларига гоҳо онаси норози бўлса, гоҳо отаси уришадигандек туюлаверади. Бу орада муаллимлар уйга вазифаларни хато бажараётгани учун дакки бера бошлади. Ҳаммаси аввалгидек кетяпти-ку, муаллимлар янглишгандир деб ўйлаб қўйди. Аслида, уйдан жўнагунча онасидан хавфсирайди, мактабга етганидан кейин фикри-хаёли сумкасини енгиллаштириб олишда, шу боис дарс ўлда-жўлда эди.
Куйиб-пишиб юрган кунларнинг бирида Назира синф­доши: «Ҳой қитмир ўлгурлар. Намунча олмани яшириб ўзларинг ейсилар, қизғончиқлар?» – деб ўғил болалардан хафа бўлди. Баҳромнинг юраги пўкиллаб турган пайт Панжи синфдоши ўлганнинг устига тепган қилди: «Назира, томоғинг тушиб ўтирмасин тағин. Текинга тарқатаётгани йўқ, бу савдогар-ку, сотади», – дея ҳиринглаб қизларнинг олдида Баҳромни шарманда қилганидан роса роҳатланди.
– Сотса ёмонми, томорқа ўзлариники бўлганидан ке­йин билганини қилсин. Бизга ҳам бер, пулини тўлаймиз, – дея қизлар Баҳромни ўраб олишди.
Мазза-мазза, Баҳромга мазза, энди бекитиб ўтиришга ҳожат қолмади. Фақат, ёмон томони, муаллимга чақиб қўймасмикин деган хавотирда юраги зириллади. Панжи бекорга ҳузурланган экан, бу гаплардан кейин лабини тишлаб қолаверди. Қуруққа қурумсоқнинг ишини юриштиргани қолди, холос. Албатта, шу кундан бошлаб Баҳромнинг савдоси очиқчасига ўтди. Бу орада олманинг ёнига нок қўшилди-ю, савдо янада авж олди. Баҳром бу каби чақма-чақарлик уйда ҳам бўлиши мумкинлигини ўйлаб тўртинчида ўқийдиган Момохол синглисига музқаймоқ олиб бериб оғзини ёпди. Бошланғичдаги Ҳасан билан Зуҳра ҳали гўдак.
Минг бир хаёлда юрган кунларнинг бирида синф раҳбари Бектурди уни муаллимлар хонасига чақиртирди. Баҳром синф раҳбаридан кўпам ҳайиқмайди, ахир тоғаси мактаб директори бўлганидан кейин нимадан чўчисин? Бектурди муаллим ҳам эҳтиёткорлик билан унга танбеҳ берди, холос.
– Хўш, «ошна», нималар билан шуғулланиб юрганингни биласанми? – деди муаллим ерга қараб турган Баҳромнинг пешонасига кўрсаткич бармоғи билан нуқиб. – Мактабни бозорга айлантириб юборганмишсан, бу ер илм даргоҳи, катта холангнинг бозоримас. Шуни унутма.
– Муаллим, ҳеч ёмон иш қилмадим. Уйимизда олма кўп. Болаларга олиб келиб беряпман. Бошқа ҳеч нарса, – деди кўзини лўқ қилиб.
– Ота-онангни чақиртириб олма ташишингни бир кўрсатиб танобингни тортиб қўяйми? Томорқангда олманг кўп бўлса, ана бозор. Шуни бир билиб қўй, иккинчи мактабда бу ишни қилаётганингни эшитмай. Гапим тушунарли бўлса, дарсингга бор, – Бектурди мишиқи бир бола учун директор билан орага совуқчилик тушиб қолишидан ҳайиқди. Соғ жонга сақич ёпиштириш зарил кептими? Иш бошлаганига уч йил бўляпти. Бу ёғи Шодиқул чўпоннинг ҳам ошиғи олчи келиб турган бўлса.
– Менинг гапимни тушундинг-а? – Бектурди ўқувчисининг димоғидан қурт ёғаётганини кўриб уни тўхтатди. – Ҳў мишиқи, сен ҳақингда биронта ёмон гап эшитсам, билиб қўй, ўзингга ёмон бўлади. Ўрага сичқон тушди – гулдургуп. Гап тамом, мен сени кўрганим йўқ, сен мени. Энди жўна дарсга.
Баҳром ўйлаганидек муаллим уни ортиқча сўроқ-савол қилиб ўтирмади. Тоғасидан қўрқди, шекилли. Лекин мактабда бу ишни тақиқлагани чатоқ бўлди деб ўйлади. Энди у ариқ бўйида ёки спорт майдончасида савдо қила бошлади. Бу чора мутлақо савдосига зарар етказгани йўқ. Аввалгидек бир сумка олма-нок бирпасда сотилади. Бу орада беҳи пишадиган вақт келди. Энди болалар ундан беҳи олиб келишни ҳам илтимос қилишди. Бу гапга нима деб жавоб беришни билмай қолди. Ҳар куни пулига пул қўшилаётганда қандай жавоб айтишни ўйлаб қолди. Аллақачон пул ҳавосини олиб, ўзи сезмаган ҳолда димоқ-фироқ қиладиган одат чиқарган. Йўқ деб қўйса, болалар олмасини ҳам сотиб олмай қўйса-чи. Баҳромнинг кўнглига ғулғула тушган бўлса ҳам, йўлини топди. Шом қоронғисида ҳамма рўзғор ташвиши билан андармон бўлганида кўзни шамғалат қилиб қўшнининг боғига оралади. Эски этакка бир кунлик беҳиларни келтириб жўякларда уюлиб қолган хазонлар орасига яшириб қўядиган бўлди. Мактабга жўнаганда этакни сумкага бўшатиб, камига олма солиб кетаверади.
Ойдинбайча уй юмушларига кўмилиб боласининг нима иш билан машғул эканлигини суриштириб ўтирибдими? Рўзғор ташвишидан ортиб боласини қандай назорат қилсин? Бола бу ҳолатни яхши ўзлаштириб олган. Онанинг кўзи ўнгида хато қилмаса бас.
Шодиқул чўпон қишин-ёзин тоғма-тоғ юради. Мана, боғбон қўшнисининг қўйини боқиш эвазига чўпоннинг томорқаси бир ажойиб боғ бўлди. Сиздан угина – биздан бугина деганидек, бири таёқ тутмаса ҳам, қўйи яйловда, бири кўчат-ниҳол нималигини билмаса ҳам, томорқаси тўла дарахт. Ён қўшни – жон қўшни, ҳамкорлик ҳар иккаласи учун ҳам яхши. Бировининг болалари қўй ортидан сарсон юрмай мактабга қатнаётган, ўйнаб-кулаётган бўлса, чўпоннинг болалари ҳам боғи борларнинг қўлига қараб қолгани йўқ. Шодиқул бу ёғидан кўнгли тўқ, гўшт-мойдан рўзғорни кам-кўстсиз таъминлаб қўйибди. Кутилмаганда эса бошига бахт қуши қўнди. Омадни қаранг-а. Бу йилги тўл мавсумида бир совлиғи тилла сур қўзичоқ туғди. Бу ҳазил гап эмас. Шодиқул «бисмиллоҳ» деб қўлига таёқ олган кундан бери бировнинг ҳақини емаган. Унинг ҳалол меҳнат қилишини ҳамма билади. Бахтига, ҳали бирор марта ҳам сел балосига, бўри галасига дуч келмади. Бу борада бош­лиқларининг олдида ҳам юзи ёруғ. Барча офатлардан уни худо асраб келяпти.
Аввалбошда хотини билан келишиб уй-иморат қилган эди. Эр пул-мол топади. Хотин бўлса эрнинг ўрнини билдирмайди. Икков шу зайл фарзандларини улуғ одамлар қилиб тарбиялаб, қариган чоғларида оёғини узатиб ётади. Шодиқул йигитлик даври тоғда ўтган бўлса ҳам бундан асло ачинмайди. Ахир шу йигирма йил оралиғида ўзини ўтга-чўққа уриб мол тўплаган чўпонлардан бир тўли билан неча ҳисса ортиқ нарсага эга бўлди-я. Тақдирнинг ажойиб совғаси бу. Не бир чўпонлар орзу қилиб ўтиб кетишган.
Шундай бўлса-да, ўғлининг ўзидек чўпон бўлишини истамайди. Боласининг тоғаларидек илмли, олим бўлишини хоҳлайди. Бунинг учун ўзи умрининг охиригача тоғу тошларни кезиб юришга ҳам тайёр. Ахир қайноғаларининг гурунгларини эшитиб ҳаваси ортгандан-ортади. Шаҳарлик бўлиб кетган қайнукасининг билмаган нарсаси йўқ. Ер юзининг ҳамма жойини билади. Тарихдан гап кетса-ку, ҳаммани оғзига қаратади. Худди эски боболардек матал-мақолни жойига қўйиб гапиради, эшитганлар қани энди менинг ўғлим ҳам шундай бўлса дея ҳавас қилади. Шуларни кўз олдига келтирган чоғлари болаларимнинг илм эгаси бўлиши учун ҳеч нарсани аямайман деб Шодиқул чўпон ғайрат қилади. Ҳа, ўғли буни уддалайди, китобни қучоқлаб юрибдими, ундан бир нарса кутса бўлади. Бу ёғидан кўнгли тўқ.
Тилла қўзи ҳақидаги шов-шув гап қишлоққа ёйилиб бўлгандан кейин Шодиқулнинг ўзи ҳам қаҳрамон баҳодирлар каби кириб келди. Келиб-кетувчилар билан гурунглашавериб бу галги ўн кун кўз очиб-юмгунча ўтди-кетди. Яна таёқни қўлга олди. Тоғларга қор тушиб, отарлар қишловга қайтгунича зовларнинг устидаги пис­тани ит азобида осилиб-териб тўплади. Энди эл кўзида қишлоққа қуруқ қўл билан кириб бориши ноқулай. Кимсан, Шодиқул аркар, бойвачча чўпон. Хуржун-халтани ғамлаб қанот чиқариб уйига учишга тайёр юрарди. Қишлов жойига тушган куни сурувни ёрдамчи чўпонга топшириб, ўзи тайёргарлик кўрди. Хуржуннинг бир кўзига пистани жойлади, иккинчи кўзига бир тўхлини мучалаб бўжага ўраб солди. Чилласи чиқмаган куёвдек кўнглида бир орзиқиш билан саҳарлаб эшакни олдига солиб йўлга тушди. Қалбини ҳаяжон эгаллаган, у ёз бўйи тоғларда фақат келажак хаёллари билан кун ўтказди. Кутилмаган бахт оғушида: ҳозирдан Баҳромини шаҳар мактабига жўнатсамикин, яхшиси, тоғалари билан маслаҳат қилади. Айниқса, қайнукасининг билмаган балоси йўқ.
Қуёш кўҳна Боботоғ ортидан мўралаганда Пўстак ҳоварнинг дарасидан чиқиб, Катманнинг тепасидан тушиб келарди. Ў-ҳў, билмай юрган эканмизда. Ҳамма томон том-тош бўлиб кетибди-я, таёқ ташласанг одам бошига тушади. Дов-дарахт сарғайибди, ҳадемай қор сурилиб Катманнинг даштига ҳам оқ супрасини тўшайди… Эшаги ҳам унинг кўнглини сезгандек устида оғир юкни писанд қилмасдан йўрғалаб боради. Шодиқулнинг кайфи чоғ, оёғи гўё ерга тегмай илдамлайди. Қишлоққа оралаганда қуёш расамади кўтарилиб, одамлар ғимирлаб қолган эди.
Дуч келган бир-икков билан шовқинлаб саломлашиб-сўрашиб эшакдан ортда қолмаслик учун илдамлайди.
Хотини томорқада сигир жилдираётган экан. Ҳовлида хазонлар сочилиб ётибди. Сомонхонага чала-ярим солинган сомонни товуқлар титиб ётибди. Телевизорнинг шанғиллагани ташқарига эшитилади. Хуржунни туширгач эшакни еталаб томорқага юрди. Уйга қайтганда кенжатойлари чувиллашиб келиб бўйнига осилди. Катталари мактабга кетиб бўлишган экан. Хотини уй йиғиштириб тўшамчи ташлайди. Отам келди, отам келди деган болаларнинг қувончи, хуржунни уйга олиб киргач, байрамга айланиб кетди. Эркак кирди уйга – барака ёғилди дастурхонга бўлди. Хотини елиб-югуриб гўшт қовуриб келди. Шодиқул дастурхон бошида оила билан ўтиришни соғинган экан.
Хотини қишлоқ орадаги гап-гаштак, тилла қўзи гурунги ҳали-ҳамон бўлиб ётганини завқ билан гапириб берди. Эгизаклар китоб-дафтарини кўрсатиб ёзиш-ўқишни билиб олганларидан мақтанишди. Уларнинг ҳарфларни кўрсатиб дудуқ одамдек ҳарфларни бир-бирига узуқ-юлуқ уриштиришидан завқи ошди. Кичкиналарининг ҳам ўқишга меҳрини кўриб, худо хоҳласа, ҳаммасини олий маълумотли қиламан деган ўйдан роҳатланди. Хуллас, ҳаммаси ўз ўрнида. Ҳовлига чиқиб сомонхона томон юрганди, хотини қайтарди:
– Шунча турган иш яна бир кун турар. Отаси, сиз ҳам энди оддий чўпон эмассиз. Кўрган-билган биров-ярим кўришгали келиб қолади. Мен у ёқ-бу ёқни супур-сидир қиламан. Бугунча дам олинг, кўрар кўзлар бор.
Шу билан Шодиқул ювиниб-чайиниб, кўрпага ўранганча уйқуга кетди. Баҳром билан Момохол ҳам мактабдан қайтгач мазза қилиб гўштга тўйди. Чўнтакларига пистадан жойлаб онаси кўрсатган жойларни йиғиштиришга киришди. Кечга томон меҳмон келди.
Баҳром отасига пулларини бериб бир ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлди-ю, шаштидан қайтди. Бемалол бўлганда айтишни мўлжаллади. Шу орада бошқа бир фикр унинг хаёлини банд қилди. Пистани чақаркан, шуни ҳам сотсам бўлмайдими деб ўйланиб қолди. Бир хуржун писта меҳмонларнинг олдига қўйилади, ўзлари ейди, шуйтиб тугаб кетади. Сотса яхши эмасми? Шу хаёллар билан хуржуннинг овлоқ қолишини пойлади. Онаси ўчоқ боши билан овора бўлиб, укалари ҳам онасига ўралашиб турганда шартта бир халтачага уч-тўрт кило пистани жойлади. Писта олинганини билинтирмайдиган қилиб қўйгач халтани яшириб келди. Шундан кейин ҳеч нарса кўрмагандек меҳмонхонадан хабарлашиб турди. Хотиржам, энди бемалол ухлайверади.