Озод қўлида дори-дармон билан туман туғруқхонасига кираётган эди, рўпарасидан чиққан синфдоши Абдуғаффорни кўриб, ҳайрон бўлди.
– Ҳа, энанг эгиз тувғир, бу ерда нима қиб журипсан?
Абдуғаффор мактабда бирга ишлайдиган соддадил ва ҳазилкаш дўсти билан қўл бериб кўришди. Унинг кўтариб олган нарсаларига қаради. Аммо гапларини биров эшитиб қоладигандек атрофга боқди, бошини эгиб, негадир каловланди. Четроққа ўтишди.
– Абдуғаппор, сенда бир гап бор! – деди Озод доимий кўнгилетарлик билан. – Тинчликми?
– Тинчлик, ошна. Шу… Саломатни олиб келгандим.
– Янгилик борми?
– Насиб бўлса… – деди Абдуғаффор босиқлик билан. – Биласан… ошна, то қўлга олмагунча…
Озод дўстининг ўйчан ҳолатига боқди. Назарида, Абдуғаффор баттар озиб, кўзлари киртайиб, ичига тортиб кетгандек эди.
– Ниятингни бутун қил, ошна. Қачон опкелувдинг?
– Ярим кечаси.
– Ундай бўса, табриклаймизми? Қўйбоғарми ё ҳолва келарми?
– Ҳали ҳеч нарса бўлгани йўқ. Дўхтурлар пича вақти бор деяпти… Оёғим тортмай ишга кетяпман, пешинда келаман энди. Ўзинг-чи?
– Ҳозир саҳарда опкелдим. Энанг эгиз тувғир хотиннинг вақти бўғанга ўхшайди.
– Илоҳим, эсон-омон қўлига олсин.
– Ҳа, айтганинг кесин, ошна. Сениям Худойимнинг ўзи суюнтирсин.
– Илоҳим… – Абдуғаффорнинг товуши ўзгарди, ғилт этиб ютинди.
Абдуғаффор шундай дея шакароб сув сепилган бетон йўлак бўйлаб кетди. Озод дўстининг ортидан кузатиб қоларкан, ўйга чўмди. Дўстининг уйланганига ўн икки йил бўлди, аммо тирноққа зор…
* * *
Уч ўғил, бир қизнинг отаси Озод онаси тайёрлаб берган атала, лочира нонларни кўтариб, кечга яқин туғруқхонага келса, биринчи қаватдаги зина ёнида Абдуғаффор турибди. Қовоқлари осилган, тушкун.
– Ҳа, нима бўлди, ошна. Тинчликми?
– Ай… – қўл силкиди Абдуғаффор. Кейин руҳсиз бориб, зина тутқичига суянди.
– Сал очиғроқ гапирсанг-чи, ай?
– Э, нимасини айтасан, Озод, – хўрсинди у. – Яна боланинг аҳволи оғир дейишяпти. Саломатни операцияга олиб киришди.
– Ҳай, ошна, сиқилмай тур-чи. – Озоднинг тилига бошқа сўз келмай, дўстига тикилиб қолди. Қитмир, юрган жойида бир шумликни ўйлайдиган, ўтирган давраларида гап бермайдиган, Тошкентда ўқиганнинг таъсири сақланиб, қишлоқ шевасида эмас, доим “маданийча” гапирадиган Абдуғаффор кўзларини эшикдан олмас, паришон эди.
– Абдуғаппор, – деди Озод унинг елкасига қўлини қўйиб, – кўнглингни кенг қи, ошна. Худойим ҳеч бандасини ноумид қимайди.
– Охирги икки мартаям шундай бўлганди-да… – Абдуғаффор қўли билан зинанинг тутқичига урди. – Аввал боланинг аҳволи оғир дейишганди, кейин чақалоқ ўлик туғилганди. Агар бу сафар яна шундай бўлса, билмадим, мен-ку балки чидарман, лекин Саломатнинг аҳволини ўйласам, қўрқиб кетаман.
Абдуғаффор ўтиб-қайтаётган одамларга ҳам, ҳатто ёнида турган дўстига ҳам эътибор бермас, бутун ўй-хаёли рўпарасидаги “Жарроҳлик хонаси”да эди.
Озод ҳозир дўстига сўз ортиқча эканлигини билди. “Мен ҳозир манавиларни Маликага бериб тушай… Олдинга келаман”, деб худди ўзига-ўзи гапиргандай иккинчи қаватга чиқиб кетди.
Абдуғаффор шу аҳволда қанча вақт турди билмайди. Билгани – Саломат билан кечаётган ўн икки йиллик ҳаёти кўз олдидан ўта бошлади. Шўхликлар билан ўтган талабалик, қишлоқда онаси топган қиз… Саломат билан биринчи учрашуви, узуқ-юлуқ савол-жавоблар… Тўйдан кейин пайдо бўлган муҳаббат… Бедор тунларни титратган кўзёшлар… Ўғил тўйларда аламига чидолмай ичишлар… Кейин бир-бирининг кўзига қаролмаслик… Гўё хотин айбор, эр гуноҳкор… Сўнгра умид билан шаҳарма-шаҳар номи чиққан дўхтирларни излаб бориш… Даволаниш, умид билан келиш, кутиш… Эшонларга, азиз-авлиёларга жонлиқ аташ… Айрим одамларнинг кинояли нигоҳлари, “Бирор янгилик борми?” деб сўрашлари… Нима деб жавоб беришни билмаслик, уйга келиб, ҳиссиз ва совуқ бир аҳволда шифтга қараб ёки баъзида тескари ўгирилиб ётишлар… Яна тонг. Иш билан овуниш… Ниҳоят, ўн йиллар деганда мўъжиза рўй бериши, Саломатнинг ҳомиладор бўлиши, аммо етдим деганда бу сароб бўлиб чиқиши… Саломат ой ошади, аммо энди боласи турмайди. Ё уч-тўрт ойликда тушиб қолади, ё ўлик туғилади. Эр-хотин бундан ҳам ҳикмат кўришади: “Авваллари шу ҳам йўқ эди, фақат умид бор эди. Худойим энди беряпти, фақат ўзимиз эплолмаяпмиз…” деб гоҳ ўзларини овутишади, гоҳида яна кўзёшларга беланиб, ўзларини бахтсизликда айблашади. “Нима гуноҳим бор эди?” дея тунлари ухлолмай тўлғониб чиқишади. Ногоҳ яна кутилмаганда қувонч бўй кўрсатади, аммо улар қувонишга ҳам қўрқиб қолишган…
Ғамгузор ўтирган Абдуғаффорнинг елкасига кимдир қўлини қўйди.
– Ҳали чиқмадими?
У гўё туш кўраётиб уйғониб кетгандек қалқиб, ёнига қаради. Озод – энг содда ва самимий, юраги тоза дўсти айни дамда ёнида эканлиги уни тўлқинлантириб юборди.
– Йўқ, ҳали, – деди хўрсиниб. – Тинчлик бўлсин-да, негадир жуда чўзилиб кетди…
– Насиб бўса, ҳаммаси яхши бўлади.
– Илоҳим, айтганинг келсин, ошна. Худойим бизларнинг ҳам юзимизни ёруғ қилсин.
Орада жимлик пайдо бўлди. Озод ташқарига қаради. Қоронғи тушибди. Йўлакларнинг чироғи ёқилибди. Айрим дўхтирлар кетишяпти. Туққан аёлларнинг олдига келувчилар ҳам санжоб бўлиб қолган.
– Яхшиям сен борсан-е, ошна, – деди Абдуғаффор кутилмаганда. – Яхши кунимдаям, ёмон кунимдаям, ёнимда бўласан.
– Энанг эгиз тувғир, нимага бундайчиқин гапларни гапиряпсан? – Озод ҳайрон бўлди. – Сенга тушунмаяппан.
– Биласанми, баъзида одамларга шунчалар кўп ёмонлик қилдиммикан, деб ўйлаб қоламан.
– Алжирама-е, – Озод уни қайтариб ташлади. – Нима сен бир амалдор эдинг-у, бировларнинг ҳақини жеб, одамларни қақшатган бўлсанг. Оддий малим бўсанг.
– Гап бунда эмас. Ноҳақлик қилган жойларим жуда кўп, ошна. Баъзан шуларнинг жавобини беряпманмикан, дейман. Масалан, сени ҳам кўп туширганман.
– Қўйсанг-чи? Битта анув зиёфатларда рақамлаб қоғоз ташлашингни айтмаса, бошқасини билмайман.
– Биласан… – Абдуғаффор унга бир қараб қўйди. Ҳозир қилган ишларини кулиб-кулиб айтиб бериши мумкин эди, аммо кўнглига сиғмади.
Ўйчан ўтираверди. Бир маҳал “Жарроҳлик хонаси” эшиги очилиб, терга ботган дўхтир чиқди. Абдуғаффор югуриб эшик ёнига борди.
– Нима бўлди, дўхтир?
– Чақалоқ туғилди.
– Нима? Туғилдими? – Абдуғаффор дўхтирни қучоқлаб олди-ю, ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
– Ие, бундай қилманг-е, – дўхтир унинг елкасига уриб-уриб қўйди. – Эркак одам ҳам йиғлайдими?
– Ўн икки йилдан бери шу гапни эшитишга зормиз, ака! – Абдуғаффор кўзёшларини тия олмади. – Бизнинг боламиз йўқ!
– Энди бор, – деди дўхтир.
– Саломатнинг аҳволи қандай, ака?
– Аҳволи пича оғир. Реанимацияга олдик. Ҳадемай ўзига келади. Кейин чақалоқни берамиз.
– Чақалоқ қандай, дўхтур?
– Чақалоқ соппа-соғ. Қизча…
– Қизчами? Худойим, ўзингга шукр! – Абдуғаффорнинг кўзларида яна ёш ҳалқаланди. – Уни кўрсам бўладими?
– Йўқ. Сизга кўрсатмаймиз! – Ҳазиллашди дўхтир. – Келин ўзига келсин, кейин ўзи олиб чиқиб кўрсатади. Мен ҳозир сизга бир-иккита дори ёзиб бераман, шуларни олиб келасиз.
– Раҳмат, ака. Раҳмат сизга! – Абдуғаффорнинг қувончи ичига сиғмасди. У дўхтир билан унинг хонасига кириб чиқди. Қайтаётиб эшик олдида унга қараб, жилмайиб турган Озодни кўрди.
– Ўлай агар, сен эсимдан чиқиб кетибсан-а?! – деди у хижолатомуз. – Қувонганимдан дўхтирнинг изидан кетиб қолибман.
– Нима бўлди?
– Мен ҳам ота бўлдим, ошна! – Абдуғаффор кела солиб уни кўтариб олди. – Менинг ҳам энди қизим бор! Қиз бўлсаям майли, ошна, қиз бўлсаям майли… Майли…
– Илойим, умри билан берган бўсин. Изидан ўғил-қиз укачалари ҳам кесин.
Абдуғаффор дўстини қучоқлаб йиғлади. Ўн икки йиллик ғуссаларини тўкиб-тўкиб йиғлади. Сўнгра уни қўйиб юбориб:
– Уйга борайлик, ошналарга бир ҳақ бераман! – деди Абдуғаффор Озоднинг елкасига уриб.
Улар шу тарзда кулишиб, ҳазиллашиб, дорихонага бориб келишди. Абдуғаффор дориларни бериб чиққач, икки дўст яна йўлакдаги ўриндиққа ўтиришди.
– Саломатнинг сабрига қойил қолиш керак. Ўрнида бошқа аёл бўганида чидолмасди.
– Тўғри… – Абдуғаффор чуқур уҳ тортди. – Саломатнинг дардини мен, ўзи ва ёлғиз Худо билади. Биласанми, у ҳомиладор аёлларни кўрса, чақалоқ эмизиб ўтирган оналарни кўрса, жим бўлиб, гапирмай қўяди. Кейин ўша куни туни билан йиғлаб чиқади. Ухлолмайди. Бир бурчакка боради-да, йиғлаб ўтиради. Нола қилади… “Худойим, менинг гуноҳим нима? Ё эримнинг шунчалар гуноҳи кўпми? Нега ҳаммага, ҳатто ёввойи иту мушукка берган болани биздан аядинг, Художон? Агар бизниям бандам десанг, бундай ноумид қилмагин, Художон!” деб йиғларди. Бу гапларни эшитган қайси одам жим тура олади, Озод?
– Абдуғаппор, мана қизчалик бўлдинглар… Энди ҳаммаси жойига тушиб кетади.
– Ҳа, Худога шукр. Мана, бизниям додимизни эшитди.
Дўстининг ҳасратидан Озод бир қалқиб кетди. Яна нимадир демоққа оғиз жуфтлади-ю, бошқа гапни айтди.
– Ошна, боядан бери сенга бир гапни айтолмай ўтириппан.
– Нимани? – Абдуғаффорнинг диққати қулоққа айланди.
– Бугун бизарди қизчамиз нобуд бўлди… – Озод шундай дея чуқур хўрсинди.
– Йўғ-е?! – титраб кетди Абдуғаффор. – Ё, тавба!..
– Ҳа… Боядан бери ўзинг билан ўзинг бўлиб, аҳволимни сўрамадинг. – Озод бошини эгди. – Ҳозир Маликага тинчлантирувчи укол қип, ухлатиб қўйишипти. Уйғонса, уйга опкетаман.
– Тавба… Менинг хурсандлигимни кўриб, шунча вақтдан бери ўзингнинг муаммонгни айтмабсан-а, ошна… – деди Абдуғаффор. Сўнгра дўстининг елкасига қўлини қўйди. – Озод, бизнинг ҳам болаларимиз туғилиши билан шундай нобуд бўлганида ота-онам менга бир гапни кўп айтган: “Худойим ўзига керак бандаларини дарров яна ўзига қайтариб олармиш”. Сиқилма, ошна. Тўртта фарзандинг бор. У қизчанинг умрини шу болаларингга қўшиб берсин.
Озод кўзларини ердан олмасдан маъюс бош ирғаб қўйди. То дўхтир чиқиб, Саломатнинг ўзига келгани, чақалоқни қўлига беришганини айтмагунча икки дўст шу аҳволда кутиш залида дардлашиб, ҳасратлашиб ўтиришди.
* * *
Кун чошгоҳга келганда Озод билан аёли минган машина туман туғруқхонасидан узоқлашиб, Чироқчидан етмиш километр узоқда, қир-адирлар орасида жойлашган Айритомга қараб йўл олганида кўзёшларини рўмолча билан артиб келаётган Малика эридан сўради.
– Отаси, одамгарчилик деб, Худонинг розилиги учун шу ишни қилдик. Саломат-ку билмади, лекин Абдуғаппор сезиб қомадима?
– Йўқ, у кечадан бери терисига сиғмай журибди… – Озод аёлининг қўлларидан тутди. – Энаси, бир телба таклифимга рози бўлганинг учун раҳмат сенга. Бир оиланинг боври тўлиб қолди-да…
Кўкраклари ийиб кетаётган онанинг кўзларига дувва ёш келди.
– Ҳозир чиқишдан олдин уларни кўргани кирдим. Саломат ёнига чақалоқни олиб, каравотда фариштадай бўп ётибди. Мени кўриб, бирам йиғлайди. “Маликажон, дугона, Худойжоним мени ноумид қилмади. Қаранг, менам она бўлдим. Шуни туққунча қанча қонлар ютгандим, лекин ҳаммаси бугун эсимдан чиқиб кетди”, деди. Операциядан кейин ўзига кеп, дўхтирлардан, “Болам тирикми?” деб сўрабди бечора. Дўхтирлар чақалоқни бергач, гўдакни қучоқлаб, “Раҳмат, раҳмат!” деймиш-у, фақат йиғлаймиш. Чақалоқнинг қўлларидан, кўзчаларидан ўпармиш. Тўйиб-тўйиб ҳидлармиш. Мен нима дейишимни билмай, Саломатни табриклаб, қизчамни бир қўлимга олдим-да, пешанасидан ўпиб, чиқиб кетдим, – Малика ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
Эр-хотиннинг гапларини эшитиб, салондаги кўзгудан уларни кузатиб келаётган ҳайдовчи йигитнинг юраги тўлиб, аъзойи бадани титраб кетди. Ўгирилиб, эр-хотинга нимадир демоқчи бўлди-ю, айтолмади.
Машина қир-адирлар оша Айритомга олиб борувчи гоҳ текис, гоҳ ўнқир-чўнқир йўлнинг танобини тортиб борарди.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 10-сон