Санжар Турсунов. Қулай (ҳикоя)

У ҳозир тирик бўлса-ю, лекин кўзлари кўрмай қолган, кимдир ўқиб бераётган ёки қулоғи эшитмаётган-у, бошқа бир кимдир ҳаракатлар билан тушунтираётган ё ҳаммасидан бенасиб – бу дунёдан ўтиб кетган, тириклик дарёси қуриб, ҳаёт боғи вайрон бўлган эса-да – барибир ич-ичимдан, у мендан хафа эмасдай, ҳа, ёздингми, михладингми ишқилиб, таги тешикмасми, дегандай бўлаверади ва шунинг учун ҳам уни сизга таништиришни истадим.
У ўзининг исмини бу шафқатсиз дунёю ва унда яшаётган танбалларга, ишёқмасларга, текинхўру пасткашларга, борингки, бори одамзодга Қулай деб таништирди. Қутлимурод, Қулмурод, Қулфиддин, ҳатто Қултой ҳам демади. Кейинчалик унга:
“Нега Қулай? Бошқа исм айтсанг, сендан биров ҳужжат сўрармиди?!” деганимда, индамаган, хиёл қисилган кўзларида шўх табассум ўйнаб, сўнг қандайдир маъюслик, йўқ, маъсумлик аксланган ва мен, начора, унга шу исм ёқса керак, деган хулосага келганман.
Қулай деганда дастлаб кўз ўнгимизда қоп-қора йигит гавдаланарди. Бўйи Раҳим калтанинг қулочи билан ўлчанса, бир ярим, Шоди дарознинг эса бир қулочига ҳам етмас эди. Ҳар ҳолда, ёши катталарнинг Қулай калта деганини эсласам – у пакана эди. Ўлгудай чайир, билаклари заранг дарахтидай қаттиқ, ҳамиша бир хил уст-бошда юрар эди: қора, нўхотдай сочмалари ўзига ярашган кўйлак, икки тиззасию сони оқарган жинси шим, анча уриниб қолган катта патинка. Унинг бор бойлиги, Зулпин кампирнинг дейишича, дунёси – устида эди. Дарвоқе, чиройли тумор ва уни бўйнида тутиб турган занжири ҳам бор эди.
Момонинг айтишича, унинг ёши мендан катта, менга қараганда беш-олти тут пишиғини кўп кўрган экан.

Қиш кўрпа-ёстиғини орқалаб, олис-олисларга кетишга чоғланаётган, ер тўлғоқ тутган хотиндай лопиллаётган, осмон ёш боланинг кўз ёшидай ёқимли ёмғирини заминга сочаётган бир пайтда Сувқайнарда пайдо бўлди у.
– Одам ҳам шунча туссиз бўладими, – деган Нозим бобо кейинчалик кўп афсус қилиб, – Ўзи қора бўлсаям, ичи оқ экан уни, – дея тўй-маъракаларда гапириб юрганини ҳамма эшитган.
– Қоп-қора эканми? Кечаси йўлингдан чиқиб қолса, бирор қорақўнғиз деб босиб ўтасан, ё юрагинг тарс ёрилиб ўласан, – деган экан Амрилло такси ҳиринглаб. Таксичида намак бўладими, дебди кимдир болага раҳми келиб.
– Қорами, хунукми, алвасти ё ажинами, у энди шу ерда – менинг уйимда яшайди. Ўтинимни олиб келади, бедамни ўради, олмамни теради, – дебди Карим катта худди ҳозир кимдир илиб кетадигандай, бирор нима ваъда қилиб айнитадигандай жаҳлланиб.
Карим каттанинг нонини биров яримта қилмади, боғига кириб келаётган сувни уриб қолмади, билъакс, ярим нонни бутунга, бир ариқ сувни тўлиб-тошишига ҳисса қўшди – Қулай умумий мардикорга айланди. Кимнинг уйида, боғида, даласида иши бўлса – ўтоқми, ўтинми, ер ағдаришми, чакана қўй боқишми – саратонни иссиқ демай, қаҳратонни совуқ демай, берилган ҳақни Карим катта қанчалик оғринмай ишлатса, Қулай ҳеч хафа бўлмай, жилла қурсин, бўйин товламай одамларнинг ишини қилиб юраверди. Ора-сира тўй-ҳашам, байрам, ҳайит бўлиб қолса, унга худо беради – тўйиб овқатланади, ўйнайди, ичади ва “Ҳеч кимга маълум эмас, ҳоли паришоним менинг”, деб қўшиқ бошлаб юборади. “И-е, бу қип-қизил артист экан-ку! Қани, бир қўшиқ айтсин!” дея баъзи ҳангоматалаблар ўртакашга уч-тўрт сўм қистириб, навбат олиб беришса, тап тортмай микрофонни олади-да, ўша бир мисра қўшиқни такрор-такрор айтади. У ёғидан ўтсангиз ҳам, бу ёғидан ўтсангиз қўшиғини куйлайверади, битта сўз қўшмайдиям, тушириб ҳам қолдирмайди. Тебраниб тураверади. Курашларда ўн бор йиқилса ҳам яна олишади. Кўпкарига эса… бирор марта бўлсин борган эмас. Ўша тун, нега кўпкарига бир мартаям бормайсан, деганимда, отлар туёғи остидаги улоқни кўрсам, титраб кетаман, деган эди.
Энди, яшириб нима қилдим, авваллари у билан саломлашишдан ор қилганман – ижарғанишми, менсимасликми ёки ҳа, уни ўзимга тенг кўриш у ёқда турсин, гапимга ҳам раво кўрмаганман. Ота-онасининг бағрида қорни тўқ, усти бут, учқур орзулар оғушида улғаяётган биздек ўсмирлар қаёқда-ю, у қаёқда?! Лекин…
Лекин ўзинг истаган чизиқдан эмас, аввалдан белгилаб қўйилган йўлдан юришингни ким билибди, дейсиз?
Қишнинг чилласи эди.
Онамнинг тоби қочиб, кулчадай бўлиб олган, оҳ ўламан, дейди тўлғониб. Отам нима қиларини билмай, нуқул пешонасининг терини артар, сингилларим чирқиллаб йиғларди. Мен бўлсам, худди бўғзига пичоқ тортилаётган қўзичоқдай чорасиз – кимга, кимгадир нажот нигоҳи билан боқаман-у, аммо ўша нигоҳнинг айни дамда йўқлиги вужудимни музлатиб юборганди. Шу чоғ отам тараддудланиб:
– Бўлди, бўлди! Йиғламанглар, мен ҳозир дўхтирни опкеламан, – деди.
Гўё ҳозир отам кетса, онам ўлиб қоладигандек, фақат отамгина уни сақлаб тураётгандек эшикка отилдим:
– Сиз ўтира туринг, мен… ўзим олиб келаман…
Отам, чамамда: қўрқмайсанми, йўл-йўлакай Нодир ўртоғингни олиб кет, деди. Аммо мен ёлғиз ўзим, катта кўчадан югуриб борардим.
Касалхона қишлоқнинг қуйруқ томонида бўлиб, унинг кенг ҳовлиси даштга туташиб кетган эди. Тун зим-зиё. Майдалаб қор ёғиб турар эди. Икки қадам нарини кўриб бўлмас – кўп ўтганим, ёдимда ўрнашиб қолгани учунгина йўлдан қоқилмай одимлардим. Шифохона билан бизнинг маҳалла ўртасини дарё ажратиб турарди. Кўприкка етганимда, билмадим, негадир оёқларим ўзимга бўйсунмай қолди, сочларимни тикка – худди жайранинг сихидай бўлаётганини ҳам сездим-у, беихтиёр юрагим “шиғ” этди ва бир муддат бутун баданим музлаб кетганини ҳис қилдим.
Мендан икки қадам нарида – бир жуфт кўз яшил чироқдай ёниб турар эди. Бўри! Хаёлимга келган биринчи сўз шу бўлди ва энди мени тилка-пора қилишини ўйладимми, ё кўзимга кўриниб кетдими, ҳар ҳолда, адо бўлган эдим. Гўё оёқ-қўлим қотиб қолган-у, фақат кўз олдимдан тасвирларгина лип-лип ўтиб турарди. Эсимни таниганимдан то шу кунгача нима қилганим, ҳатто, неларни ўйлаганим ҳам менга кафтдагидай кўринар ва эшитганларим: бўри чиллада маст бўлиши одамни ҳеч иккиланмай олишию бундай пайтда кишининг тили танглайида қотиб қолиши, бежизга жондорда Азроилнинг бир туки бўлмайди, дейишларини кимдир қулоғим остида шивирлаб гапирарди гўё.
Ўн олти йиллик ҳаётим бор бўй-басти билан қаршимда турар: кимни ранжитганим, кимдан хафа бўлганим ва энди шундай осонгина – зим-зиё тунда йўқ бўлиб кетишим, уйимизни, ота-онам, сингилларимни ҳеч қачон кўролмаслигим-у, мана шу тоғ, дарё, дарахтлар, йўллар, борингки, барча жисмларни ушлолмаслигим… Бир гап билан айтганда, ўлим қаршимда, мендан икки қадам нарида турар – ҳаётни жудаям яхши кўриб кетгандим. Тамом, ўлдим, шўрлик онам – онам кўз олдимда гавдаланди, мана, мени кутиб отам ташқарига чиқиб, кўчага бир-икки қаради, нега бу кечикди экан, дея хавотирга тушиб бир хаёли ортимдан келмоқчиям бўлди, кеп қолар, ора яқин-ку, дедими, яна уйга – онамнинг ёнига бориб, “Келаётган бўлса керак, итлар ҳураяпти”, дегандай бўлди. Онам эса ҳозир доктор келса, жони ором топиб, оғриқ босилаётгандай бошини бироз кўтариб, сингилларимга қараб жилмайгани ва уларнинг энди онам ўлмайди, тузалиб кетади, деган хаёлга боргани-ю, чеҳралари ёришиб, докторга жой тайёрлагани – икки қават кўрпача солиб, печкага олов ёққани-ю, нариги уйдан мева-чева олиб келганигача кўриб турардим. Яна онам мени кутади, кутаверади, орадан бир соат, икки соат, уч соат вақт ўтар, кейин… мени излаб, отам чиқар ҳеч жойдан тополмай, уйга боришга юраги бетламай – кўчани айланиб юрар, бир-икки қўни-қўшнини уйғотар, барибир тонггача топишолмай, саҳар эса кўприкнинг устидаги қон изларини кўриб, кийимимнинг йиртиғидан таниб, ана ундан кейин қиёмат қойим бўлишини – онам дод деб ўзини ҳар ёнга уриши, отам боши эгик нуқул юрагини чангаллаши, сингилларимнинг чирқиллаб йиғлашлари, қишлоқдошларимдан ким эшитса, маҳзун бўлиб қолиши-ю, кўзларида ёш ғилтиллаши, ўн олти ёш-а, ҳали бола эди-ку, дейишлари – ҳамма-ҳаммасини кўриб, эшитиб турар эдимки, энди гапнинг рости, ўлимдан қўрқмаётган эдим. Мен сабаб онам тузалганими, билмадим, нимадир менга хотиржамлик бераётганди. Нима бўпти, туғилиш бу – ўлиш дегани, бугунми, эртами, қачон бўлмасин, барибир ўлар эканман, майли, ўша кун ҳозир экан, кела қолсин, дегандирман-да. Ўзимни чалғитишми ёки алаҳсирашми, эҳтимол, қаттиқ қўрққанимдан сезгиларим заифлашиб, айни ўша лаҳзаларда қайси бир аъзоларим фаолиятдан тўхтаган ё, умуман, ўлим қўрқувдан устун келган бўлса керак… Энди ўйлаб кўрсам, ўшанда барча ўйларим миямга шунчалик тез келиб кетган эканки, қанийди, бир умр шундай тез фикрласам, дейман ўзимга-ўзим.
Бироқ ўшанда ҳамма нарсага – ахир қаршимда бўри ва у орқали мени бўғзимдан оладиган ўлим бор эди, холос – тайёр эдим.
Бўрига мағрур қарадим. У бўлса мендан кўзини узмай, бир қадам босди-ю, илкис ортга ўгирилди ва одамнинг, ҳа, айнан одамзоднинг “Ўлдираман сени”, деган овози эшитилди. Бўри ўзини дарёга отди. Қаршимда кўзлари ёниб Қулай турар эди. Иккимиз ҳам бир-биримизга тикилиб қолдик. Сўнг ўзимга келдим-у, онам эсимга тушди, касалхона томон югуриб кетдим. У бўлса кўприкнинг ўртасида қолаверди…
Яна баҳор келди.
Осмонни тўлдириб, қалдирғочу турналар, булутларга елкадош бўлиб бургутлар учди.
Ерни ёриб бойчечаклар чиқди. Қир-адирларда алвон-алвон қизғалдоқлар очилди. Капалаклар момоқаймоқларга қўниб-қўниб, тол шохида қушлар ғужурлашди, сирлашди. Тилла қўнғизлар ялпизлардан тириклик тотини тотди.
Шамоллар тоғдан боққа, боғдан адирларга, дарахтларни тебратиб, уйларга гулларни сочиб эсаверади. Терак барглари бўса берган ўн етти ёшли қиздай титрай бошлади.
Чўққидаги қорлар жилғага айланиб, ариқларни, ирмоқларни тўлдириб оқди. Дарахтлар энди тили чиққан бола сингари барг ёзди, куртак очди, мева тугди… Дарахтларнинг деворлардан ошиб ўтган шохларидаги мевалар йўлларга тўкилди.
Боғлардан қушлар кетмай қолди. Гала-гала бўлиб гоҳ жанубга, гоҳи шарққа парвоз қилиб, боғлардан боғларга салом етказди улар.
Бу баҳор уч марта худди мана шундай келиб кетди.
Ўша тўртинчи баҳорда ҳам диллар яшилланди, табиат меҳмон кутаётгандай тараддудланди.
Табиатда неки бор гиёҳдан тортиб дарахтгача, қумурсқадан тортиб йўлбаргача баҳор кайфияти юракка кўчаётган бир пайтда, ҳамма ўзгарувчанликни бошидан ўтказаётган лаҳзаларда фақат Қулай ўзгармади, у ўзича – ўша уст-бошу хизматкорлигича қолаверди. Аксинча, иши кўпайгандан кўпайиб тиним билмас, бир кун унинг боғига борса, бошқа сафар тоққа отланар, адирда, томорқада ишлаб юрарди. Сувқайнарда устадан кўпи йўқ. Лекин Қулай барини доғда қолдирди: қуёш ботадиган пайт, ҳамма далаю даштидан ҳориб-чарчаб келадиган маҳал у пахса урарди. Иссиқда урса ёрилиб кетармиш. Кейин, лой камида ўн икки соат пишмаса, у уйнинг эртаси йўқ эмиш. Шу, шу – булар Қулайнинг гаплари…
Лалми ерларда боғлар барпо қилди у. Бир кунлик йўлдан ариқлар қазиб, сув бойлаб келди. Кўчаларнинг ўнқир-чўнқирини кичик тошлар билан тўлдирди. Ит тинди, эшак тинди, қурбақаларнинг сайрашиям тинди – фақат Қулай тинай демасди.
Карим каттанинг қорни чиқиб, тўлишиб қолди, болалари кунора кийим олади, машинасини бабаплатиб кўчаларни чангитади, Қулай бўлса ҳамон ўша – ҳаммага “машҳур” уст-бошида юрар эди. Бироқ бўйнидаги тумори худди чакана навбатидай гоҳ кимнингдир оти, гоҳ эшаги, қўзисию итининг бўйнида бўларди.
Ўша тунги воқеадан кейин унга нима де­­йишни билмас эдим. Гоҳ ғурурим баланд келиб қишлоқдан ҳайдатиб юборсамми десам, гоҳ ҳаётимни сақлаб қолгани учун дўстлашсамми, дея ўйлар эдим. Бироқ иккисини-да қила олмас, билмадим, нималардир бунга йўл қўймас, лекин хавотирим ҳам бор эдики, масалан, кимгадир менга ёрдам берганини айтиб қўйса-ю, кейин одамлар мазах қилишса, нима бўлади? Бироқ у ўша тунни унутди, бировга-да оғиз очмади. Кўча-кўйда дуч келиб қолганимизда, худди аввалигидай кўришади-ю, индамай йўлида кетаверади. Кейинчалик ўйладимки, ҳа, у мени танимаган, билмаган, агар таниса борми, ҳаммага достон қиларди – енгил тортдим.
Кунлар эса ўтиб борарди…
Бир тун. Апрель ойи эди.
Кун бўйи тинмаган ёмғир кечаси янада шиддат билан ёғар, тоғлардаги қорлар эриб, сойлик­лардан сел келар – оқшом кўрганимизда дарё жудаям айқириб оқарди, Кенжа бобо – олтмиш олтинчи йил шунақа катта сел келганди, ўша йили кўп тўполонлар бўлувди, деганини эшитгандик.
Тун ярмидан ўтганда кимдир дарвозамизни қаттиқ тақиллата бошлади. Уйимизда ҳеч ким ухламаган, отам: ётиб қолманглар, бир фалокатнинг иси келаяпти, деган, биз тайёрланиб, агар сел келгудай бўлса, катта тоғамнинг уйига қочмоқчи бўлиб турувдик. Уларнинг уйи бизникидан анча баландликда, дарёдан узоқроқда эди.
Дарвоза яна аввалгидан қаттиқроқ тақиллагач, отам чиқдилар. Бироз муддат ўтиб қайтди-да, менга қараб:
– Сени чақиряпти – деди.
– Ким экан? – деган онамнинг саволига отамнинг жавобини эшитмай, кўчага қараб югурдим. Билар эдим, тахмин қилиб борардим, бугун кўчада мен билан кўрашаётганида, қўлимни қисган эди, ўша бўлса керак, деб кўчага чиққанимда адашмаган эканман.
Ёмғир тинимсиз ёғарди. Уни дарвоза ёнидаги бостирмага бошладим.
– Жамол бобонинг уйи дарё лабида-я, – деди бостирмага киргач бироз сукутдан сўнг ва мендан тасдиқ маъносини олгач: – бугун ўшанинг уйида ишлагандим. Ёмғирда беда экса яхши бўларкан – тез унади, худди сув ичгандай бўлади, деб қўярда-қўймай ёмғир остида кун бўйи ишлатди. Лекин қизиқ бобо экан: гоҳ хотинини нариги қишлоқдан опқочиб келганини айтса, гоҳ бирга тушган расмини мақтаб қолади. Ўша эски расмни ўн марта кўрсатди, ўзиям. Уйга қайтаётганимда қўзичоғига кўзим тушди.
Бирам чиройлики, маҳкам қучоқлаб ҳеч қўйворгинг келмайди. Меҳрим ийиб туморимни ўшанга тақиб қўйгандим… – у бироз ўйланиб турди-да, – ҳозир оғилига кирсам, мабодо ухламаган бўлса, мени тутиб олса, ўғри деб қаматиб юборадими, – деди.
Билмасам, дегандай минғирлаган бўлдим. Кейин… ҳа, кейин миямга бир фикр келди: қани, сўрай-чи, ўша кеча мени таниганми-йўқми, агар таниган бўлса, бор, киравер дейман, у одам уйқучи, қотиб ухлайди, деб алдаб-сулдаб киргизаман-да, уни тутиб, шарманда қилиб, қишлоқдан ҳайдаб юборишини томоша қиламан, деган хаёлга бордим. Рост-да, қўрққанимни ҳаммага айтса, шарманда бўламан-ку…
У ўша кеча мени таниганмидинг, деганимни эшитиб, кўзимга тикилиб турди-да:
– Сен қаҳрамон экансан. Мен Деновнинг Вахшивориданман. Биз томонлардаям бўрилар бор. Чиллада бемалол қишлоқ оралайди. Отам овчи эди. Унинг айтишича, ҳар қандай ҳайвон аввал ҳамла қилмайди. Бақирсанг ёки бирор ҳаракат қилсанг, сўнг ташланади. Сен ўша тун, унга тикилиб тургандинг, у сендан ҳайиқаётган эди…
Мен жимиб қолдим. У эса секин-секин кета бошлади.
– Тўхта, – дедим елкасидан тортиб. – Нега исминг Қулай? Нега кўпкарини ёмон кўрасан? Нега мени қўрққанимни ҳеч кимга айтмадинг? – ва менинг негаларим шунчалик кўп эдики, у бир муддат довдиради ҳатто. Эҳтимол, ота-онасини, қишлоғини эслагандир.
– Кўпкарида онам от остида қолиб кетган. Тўғрироғи, мени қутқараман деб. Сени нима дейман? Қаҳрамонлигингни айтайми? Биласанми, бунақа гаплар айтилавермайди… Мен Жамол бобонинг уйига кетдим. Бўпти, яхши қол…
У дарвозадан чиқди. Ортидан югурдим.
– Қулай, у ёққа борма. Кампири ўлганидан кейин чол уйқусиз бўлиб қолган. Айниқса, бунақа ёмғирли кечаларда ўлсаям ухламайди. Борма, у ёққа.
Унга етиб олганимда нафасим томоғимга тиқилиб, тинмай ҳансирардим. У… У мени қучоқлаб олди…
– Мен… Мен Сувқайнардан бугун кетишим керак эди… Эрта онамнинг ўлганига йигирма йил бўлади… Шунга бир-икки сўм Карим акага бермай йиғиб қўювдим… У анча вақт жимиб турди сўнг: – Онам… ўлаётганда бўйнидаги туморни ечаркан: “Бирорта дўст топсанг, шуни совға қил. Сен ёлғизсан… Якка – ёлғизсан. Отанг энди қайтмайди. Мен кеча туш кўрдим, отанг бир чуқурликка тушиб кетди. Мен унга кўп айтдим, ташла шу овчиликни, деб – ташламади, менга қулоқ осмади, мана оқибати. У ўлган… Ҳа, ўғлим энди сен етимсан. Лекин сен бундан ўксима, мана шу тумор сенга йўлдош. Агар бу бешафқат дунёда битта дўст топсанг, шуни тақиб қўй… – дея бир неча бор такрорлаб ўлган эди. Ўша туморни… сенга бермоқчийдим…
“Одамлар, қочинглар, сел келаяпти!..” деган шовқин бутун қишлоқ бўйлаб тарқалиб, акссадо бера бошлаганда, мен бир зум ўзимни йўқотиб қўйдим, ҳушимга келганимда эса.. ёнимда Қулай йўқ эди.
– Қаёқдасан, бўлсанг-чи? Ўғлинг қани? Қара, топ тез! – деган отамнинг овозини эшитдим-у, тезда бу ердан қочишга – Қулайнинг ортидан боришга ошиқдим. У Жамол бобонинг уйига кетганини ич-ичимдан сезардим. Югуриб кетдим. Ёмғир аёвсиз, шиддат билан ёғарди. Дарё бўйига борганимда Жамол бобо оппоқ кийиниб олган, уни одамлар маҳкам қучар, у бўлса ўзини дарёга отмоқчи бўларди.
– Хонавайрон бўлдим, уйим куйди, мусулмонлар… ана, қаранглар сел уйимни олиб кетди. Энди нима қиламан, қаерда яшайман, ҳе, яшаб нима қилдим, энди менинг ўлим-м қаердан чиқади?!
Қутирган дарё бобонинг уйини олиб кетганди…
Чақмоқ чақиб, атроф бир ёришди-ю, яна қоронғилик комида қолди. Шу лаҳзалик нур ичида мен дарёда кимнингдир бошини кўриб қолдим. У оқимга қараб сузишга интилар, кучли тўлқин уни ортга силтар ва у кўринмай кетарди.
– Қулай… Қулай… чўкаяпти…
Дарё томон юрмоқчи бўлгандим, кимдир билагимдан маҳкам тутди.
– Эсингни йиғ, эй бола…
Бу Карим катта эди…
Яна чақмоқ чақди. Мен яна уни кўрдим – қирғоққа яқин келиб қолган эди.
– Арқон, арқон керак, уни тортиб оламиз… – дея бақирардим. Бироқ Карим каттанинг қўлидан чиқиб кетолмасдим.
– Ма, ўғлингни ушла, сал бўлмаса ўзини дарёга отар эди. Қаёқдаги Қулайни қутқараман дейди бунинг…
Отам юзимга бир тарсаки туширди. Кўз олдим янада қоронғилашиб кетди.
– Ахмоқ…
Чақмоқ кетма-кет чақар, борлиқ ёришар, дарё баттар пишқирар, энди гурс-гурс тошларнинг ҳам овози эшитиларди.
– И-е, бу нима… – деб Карим катта ерга эгилди ва бир нарсани кўтарди. – Қулайнинг туморими?
Отамнинг қўлидан юлқиниб чиқдим-да, туморга ташландим. Яна чақмоқ чаққанида Қулайнинг боши кўринди: унинг кўзидаги шўх табассумни ҳам илғагандай бўлдим.
– Битта арқон топсанглар-чи?… – дея бақирдим. Қулоғим тагига келиб тушган тарсакидан гурсиллаб ерга йиқилдим…

Орадан ўн тўрт қишу шунча баҳор ўтди. Тоққа яна қор қалин тушди. Дарё яна қутурди.
Биродарлар, коинотда одам яшайдиган нечта сайёра бор?
Дунёда мамлакатлар кўп, бироқ ватанимиз битта-я?
Юртимизда туман, шаҳар ҳам талайгина, шундай эмасми?
Қишлоқлар-чи?
Боғлар-чи?
Йўллар-чи?
Ҳали одам яшайдиган бошқа сайёра кашф этилиб, кишилар ўша ёқларга кўчиб кетганича йўқ – ҳамма Ерда яшаяпти! Тўғримасми?
Ҳамон ватанимиз битта, буям рост.
Туманларимиз, шаҳарларимиз ҳам жойида-ку.
Қишлоқлар ҳам.
Боғлар кўпайгани тўғри.
Лекин…
Лекин… Бу дунёда энди Қулай йўқ.
У барпо қилган боғлардан одамлар тонналаб олмалар олади. У урган деворлардан ўғрилар ошиб тушолмайди. У қазган ариқларда ҳамон сувлар тўлиб-тошиб оқади. У текислаган йўлларда машиналар серқатнов. Карим каттанинг ўғлиям машинада ўтади. Катта қанча тўйлар қилди. Таниш, нотаниш ошини еди, тузини ичди, лекин Қулай йўқ эди бу тўйларда.
Сувқайнарда бирор нарса йўқки, уни эслатмаса. Боққа қаранг, деворларга, кўчаларга, дарёга, далаларгаю қўй-қўзиларга, отларга, итларга қаранг, у шундай кўз ўнгингизда пайдо бўлади. Ўша шўх табассуму бироз маъсумлик билан жонланади у.
Қулай жўра, қаерлардасан? Ўша воқеадан бироз ўтиб кимдир гап топиб келди. Сени Шерободнинг қирларида кўрган эмиш. Кўзларинг кўр экан, ўша қўшиғингни айтиб мол боқиб юрган эмишсан…
Яна кимдир Тўполондарёнинг бўйида кўрган эмиш. Қулоқларинг кар, шунча гапирсаям эшитмабсан? Шулар ростми, Қулай жўра?
Биламан, улар сени кўрмаган, ўзи аслида ҳеч қачон кўрган эмас улар. Ўша – Сувқайнарда келган вақтингдаёқ сени кўрмаган эди. Шунчаки қоп-қора бола, хизматчи, мардикорни кўришган, холос.
Дарёдаям сени кўришгани йўқ. Яна шунчаки, ичиб маст бўлиб йиқилиб тушган ахмоқ деб ўйлашган-да.
Мен биламан – сен дарёга тумор учун тушгансан. Ҳа, қўзичоқни қутқараман деб тушгансан. Жамол бобонинг хотини билан тушган суратини олиб чиқаман деб дарёга сакрагансан. Мени кўриб одамлар ҳам тушар, бобонинг бирор бисотини сақлаб қолармиз, деб дарёга ўзингни отгансан, жўра. Улар эса – сени кўришмади, кўришолмади. Уларнинг кўзлари бор эди-ку, мени кўриб туришганди-ку, дейсанми? Ҳех, ҳех, ҳех…
Қулай жўра, сен мени кечир… Шунинг учун кечирки, ўзим ҳам билмайман, лекин сендан кечирим сўрайман, жўра… Сендан ижарғанганим учун, менсимаганим учун, баридан ёмони – туморингни сақлаб юрмаганим учун сен кечир, жўра… Гарчанд ўзимни ўзим кечирмасам-да, сен мени кечиргин, жўражон…
Кўп жўра орттирдим, дўстлашдим кўплар билан. Лекин ҳеч ким исмини сенчалик самимий айтгани йўқ. Фамилиясини, отасининг исмини ҳам қўшиб айтганлар бўлди, жўра. Сендек тоза дўст топмадим, жўра…
Сувқайнарга борсам, сени излайман: ҳамма нарсадан…
Сен ким эдинг? Одаммидинг ёки фаришта…
Ана эшитяпсанми, “жўра” демай, бир оғизгина дўст десам, ўларманми, жўра…
Яна…
Нимадир, нималардир йўл қўймаса, тилим худди ўша тундагидек қотиб қолса, нима қилай, Қулай жўра…
Ўзинг айт, мен нима қилай, жўражон?!..

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 3-сон