Лев Толстой. Оссурия шоҳи Асархадон (ҳикоя)

Оссурия шоҳи Асархадон шоҳ Лаилиэ мамлакатини босиб олди, шаҳар-қишлоқларини беомон талаб, ёппасига ўт қўйди, аҳолисини қул қилиб, мулкига ҳайдаб келди, қўшинини яксон этиб, Лаилиэнинг ўзини қафасга солди.
Шоҳ Асархадон кечаси хобхонада ётганча, Лаилиэни қатл этиш йўлини қидирар экан, бехос шитир этган овозни эшитди ва кўзини очиб, устида оппоқ соқоли кўксига тушган, кўзлари беозор боқиб турган бир чолни кўрди.
– Лаилиэни қатл этмоқчимисан? – деб сўради чол.
– Ҳа, – деб жавоб берди шоҳ, – шу топда уни қандай қатл этсам экан, деб ўйлаб турган эдим, ўзи-а.
– Лаилиэ, ахир, ўзингсан-ку, – сўз қотди чол.
– Бекор гап, – деди шоҳ, – мен – менман, Лаилиэ эса – Лаилиэ.
– Лаилиэ билан сен асли бир одамсизлар, – деди чол, – фақат сенинг кўзингга бошқа-бошқа бўлиб кўриняпсизлар, холос.
– Кўзингга шундай кўриняпти, холос, деганинг нимаси?! – деди шоҳ. – Мен, мана, парқу кўрпада ҳузур қилиб ётибман, содиқ ғулому жорияларим амримга мунтазир, эртага ҳам бугунгидек дўст-ёрлар билан яна кайф-сафо қиламан, Лаилиэ бўлса, ана, тутқин қушга ўхшаб қафасда ўтирибди, эртага қозиққа ўтқазилса, тили оғзидан осилиб тушади ва танаси оғриқдан минг бор буришиб-тиришади, охири эса ўлиги итлар олдига ташланиб, тилка-пора қилинади.
– Сен Лаилиэни ҳаётидан маҳрум этолмайсан, – деди чол қатъият билан.
– Ўн тўрт минг аскарни ҳалок қилганим ва жасадларидан қўрғон тиклаганим-чи? – деди шоҳ. – Мана, мен – борман, улар – йўқ. Демак, Лаилиэни ҳам ҳаётидан маҳрум эта оламан.
– Ўша аскарлар йўқ эканини сен қаёқдан биласан?
– Агар улар бор бўлса, нега кўзимга кўринмайди?! Хулласи калом, улар азоб тортди, мен эса ҳузур қилдим, уларга ёмон-у, менга яхши бўлди.
– Буям сенга шундай туюляпти, холос. Сен уларга эмас, ўзингга азоб бергансан.
– Ўлай агар, гапингга тушунган бўлсам, – деди шоҳ.
– Тушунтирайми бўлмаса?
– Ҳа-да!
– Унда бу ёққа кел, – деди чол сувга лиммо-лим каттакон жомни кўрсатиб.
Шоҳ жом ёнига келди.
– Уст-бошингни еч-да, унга туш.
Асархадон чол айтгандек қилди.
– Устингдан қуя бошлашим ҳамоно, – деди чол қўлидаги чўмични сувга тўлдириб, – дарҳол жомга бошингни тиқ!
Чол унинг боши устида чўмични энгаштирди, шоҳ ҳам шу ондаёқ жомга бош тиқди.
У ана шу лаҳзадаёқ ўзини Асархадон эмас, бошқа одам дея ҳис этди. Ва шунинг баробарида ўзини хобхонада гўзал бир аёл билан бирга кўрди. Бу аёлни у ҳеч қачон кўрмаган эмиш-у, аммо ўзининг хотини эканини билармиш. Аёл тавозе-ла ўрнидан қўзғалар эмиш-да, “Азиз хожам Лаилиэ, сен кеча салтанат ишларидан ҳориб-чарчаб, ҳар кунгидан узоқроқ ухлаб қолдинг, мен эса ҳеч ким уйқунгни бузмасин, дея тепангда қўриқчи бўлиб ўтирдим. Сарой аъёнлари девонхонада сенга мунтазир турибди. Шоҳона либосингни устингга ил-да, уларнинг ёнига чиқ”, деяр эмиш.
Асархадон шу сўзлардан ўзининг Лаилиэ эканини билибди-ю, аммо нега бундай бўлиб қолганидан ажабланиш ўрнига, аксинча, нега ўзининг Лаилиэ эканини шу вақтгача билмаганидан ҳайрон бўлибди, ўрнидан туриб кийинибди-ю, вазир ва мулозимлари илҳақ кутаётган девонхонага чиқибди.
Аъёнлар шоҳ Лаилиэга икки букилиб таъзим этибди, сўнгра унинг ижозати билан жойларига чўкибди. Мулозимлардан энг улуғи, бу ёғига ёвуз тождор Асархадон ҳақоратларига чидаб бўлмайди, унга қарши уруш очиш керак, дея шоҳга маслаҳат солибди. Бироқ Лаилиэ кекса аъён фикрини маъқулламабди ва Асархадон ҳузурига элчи жўнатиб, уни инсофга чақирмоқ керак, дея қарор чиқарибди-да, аҳли машваратга ижозат берибди. Шундан кейин энг бообрў зотлардан элчилар сайлабди ва Асархадонга бориб айтажак гапларини ипидан-игнасигача қулоқларига қуйибди.
Шу ишларни оёқлатгач, Асархадон ўзини яна Лаилиэ дея ҳис этароқ архар овлагани тоққа чиқиб кетибди. Ов дегани, ўзиям, бароридан келибди. У бир жуфт архар отибди ва саройга қайтиб, дўст-ёрлари билан базмга шўнғибди, машшоқлар нағмасию раққосалар рақсидан ҳузур олибди.
Лаилиэ эртасига, одати бўйича, арзгўйлар, судланувчи ва довлашувчиларни қабул этибди – ҳар бир иш ўзига муносиб ажри олий олибди. Бу вазифани якунига етказиб, яна хуш кўрган эрмаги – шикорга равона бўлибди. Ўша куни шоҳга қари она шерни отиб ўлдириш ва бир жуфт шерваччани ўлжа олиш насиб этибди. Шикордан сўнг яна нағма ва рақслар билан кўнгил ёзиб, дўст-ёрлар ила базм қурибди-да, тунни суюкли хотини билан хобхонасида ўтказибди.
У Асархадон ҳузурига юборилган элчиларнинг қайтишини кутиб, шу зайлда кунлар ва ҳафталарни ўтказибди. Элчилар бир ойдан сўнг­гина қайтибди: уларнинг бурун ва қулоқлари кесилган эмиш.
Шоҳ Асархадон элчилардан Лаилиэга шуни айтиб юборибдики, агар у тез фурсатда олтин, кумуш ва сарв оғочида катта ўлпон тўламаса, шунингдек, ўзи ҳам Асархадон саройида ҳозир бўлиб, унга таъзим бажо келтирмаса, элчиларни нима кўйга солган бўлса, Лаилиэни ҳам шу кўйга солар эмиш.
Илгари Асархадон бўлган Лаилиэ яна аъёнларни тўплабди ва бу ёғига қандай йўл тутиш хусусида машварат қилибди. Вазир ва мулозимларнинг ҳаммаси билиттифоқ, Асархадон бостириб келмай туриб ўзимиз унга қарши уруш очишимиз керак, дея фикр билдирибди. Шоҳ бу сафар маслаҳатга рози бўлибди ва Асархадон устига черик тортибди. Лашкар етти кун йўл босиб, саккизинчи кун деганда дарё ёқасидаги кенг-мўл водийда душман қўшини билан тўқнашибди. Лаилиэ лашкари мардона жанг қилар ва бу шоҳ қалбига таскин берар эмиш-у, аммо Асархадон қўшини тоғдан мўр-малахдек ёпирилиб тушиб, бутун водийни қоплаб олгани ва шу тариқа унинг аскарларини танг аҳволга солиб қўйганидан бетоқат бўлар эмиш. У ўз аравасида жанг­гоҳнинг қоқ ўртасига отилибди ва санчиб-чопиб бораверибди. Аммо, таассуфки, Лаилиэ аскарлари юзлаб бўлса, Асархадон жангчилари минглаб эмиш. Лаилиэ шу аснода аввал яралангани, сўнг асир олинганини пайқабди.
У барча асирлар билан бирга, Асархадон аскарлари қуршовида, тўққиз кун қўли боғлиқ йўл босибди. Ўнинчи кун деганда уни Ниневияга олиб келишиб, қафасга банди этишибди.
Лаилиэ очлик ва жароҳатдан азоб тортмас эмиш-у, лекин ғанимдан қасос олишга ожиз қолганидан уят оловида қоврилар эмиш. “Бу вазиятда қўлимдан фақат бир иш келади, у ҳам бўлса – мени ҳар қанча азоблашмасин, сира оҳ-воҳ қилмай, мардона чидаб бериш”, дея ўз-­ўзига онт ичибди шоҳ.
Лаилиэ қатл соатини кутиб йигирма кун қафасда ўтирибди. Боёқиш қариндош-уруғ ва дўст-биродарларини қатл этгани олиб кетишаётганини кўриб ва уларнинг қатлгоҳдан келаётган дод-фарёдини эшитиб турар эмиш: жаллодлар маҳкумлардан бирининг оёқ ва қўлларини чопса, бошқасининг тириклигича терисини шилиб олар эмиш-у, аммо бундан на беҳузур бўлар, на ачиниш туяр ва на даҳшатга тушар эмиш. Лаилиэнинг кўзи ҳарам канизаклари қўлини боғлаб олиб кетаётган ўз хотинига тушибди. “Шоҳ Асархадонга жория қилиб беришмоқчи”, деган аламли ўйдан юраги увишибди унинг. Аммо боёқиш бу иснодга ҳам тишини тишига қўйиб чидаб берибди.
Ниҳоят, икки жаллод қафас эшигини очиб, уни ташқарига чиқарибди-да, қўлини қайиш билан боғлаб, қон ҳалқоб бўлиб ётган қатлгоҳга олиб келибди. Лаилиэ рўпарасида қонга беланган ўткир қозиқни кўрибди. Ундан эндигина содиқ бир дўстининг жасадини суғуриб олган эканлар. Лаилиэ англаб етибдики, бу қозиқни, ҳойнаҳой, ўзи учун бўшатишган.
Лаилиэнинг устидан кийимини ечиб олишибди. Шунда у бир вақтлар куч-қувват ёғилиб турган кўркам танаси энди суякка ёпишган қоқ тери бўлиб қолганидан қўрқиб кетибди. Икки жаллод абгор танани ориқ сонларидан тутиб азод кўтарибди ва қозиққа ўтқазмоқчи бўлибди.
“Энди ўлим мени домига тортади”, деб ўйлабди Лаилиэ ва ҳар қандай азобга миқ этмай чидаб бериш ҳақидаги онтини унутиб, шафқат сўраб додлай бошлабди. Лекин унинг дод-фарёдига ҳеч ким парво қилмас эмиш.
“Ахир, бундай бўлиши мумкин эмас, – деб ўйлабди у талваса ичида, – мен, ҳойнаҳой, ухлаётган бўлсам керак. Ҳа, бу – туш”. У шундай дея жон-жаҳди билан уйғонишга ҳаракат қила кетибди. “Ахир, мен Лаилиэ эмас, Асархадонман”, деб ўйлармиш у нуқул.
– Сен ҳам Лаилиэ, ҳам Асархадонсан. – У жудаям олисдан келаётган ана шу сасни эшитар эмиш-у, айни чоқда, қатл бошланаётганини ҳам сезиб турар эмиш…
…Шу он у томоғи ёрилгудек чинқириб юборди-да, жонҳолатда бошини жомдан кўтарди. Бу пайт чол унинг устидан чўмич тубидаги охирги сувни қуймоқда эди.
– Азоб шунчалик ҳам оғир бўладими! Шунчалик ҳам узоққа чўзиладими! – деди Асархадон нафаси оғзига тиқилиб.
– Шунчалик ҳам узоққа чўзиладими, дейсанми? – таажжубланди чол. – Бошингни ҳозиргина сувга тиқдинг-у, дарров чиқариб олдинг; мана қара, ҳали чўмичдаги сувнинг барини қуйиб бўлганим йўқ. Ҳойнаҳой, сўзимнинг маъносини англагандирсан энди?
Асархадон чурқ этмади, фақат чолга қўрқиб қараб қўйди, холос.
– Энди англагандирсан, – дея сўзини такрорлади чол ва бундай деб қўшиб қўйди: – Лаилиэ сенинг ўзинг эканингу сен қатл этган аскарлар ҳам ўзинг эканингни. Нафақат аскарлар, сен шикорда отиб ўлдирган ва базм дастурхонига тортилган жониворлар ҳам сен ўзинг эдинг. Сен нуқул ҳаёт менинг дастимда деб кибрланиб юрардинг, бироқ мен кўзингдан ёлғон пардасини кўтардим ва шунда аён кўрдингки, сен ўзгаларга ёмонлик қиламан деб ўзингга ёмонлик қилибсан. Ҳаёт барча учун ягона, сенинг ҳаётинг эса шу ягона ҳаётнинг биргина зарраси. Ҳаётнинг шу бир заррасини яхшироқ ёки ёмонроқ, узунроқ ёки қисқароқ қилишгина сенинг измингда, холос. Уни ҳам фақат бир йўл билан яхшироқ қила оласан: ўз ҳаётингни ўзгаларникидан ажратиб турган тўсиқларни бузиб ташлайсан-да, барча инсонлару жониворларни ўзинг деб биласан – уларга муҳаббат қўясан. Ҳеч зоғни ҳаётдан маҳрум этиш сенинг қўлингда эмас. Сен жонига қасд қилганлар ҳаёти атиги кўзингдан паналанди, буткул йўқолгани йўқ. Сен ўз ҳаётингни узайтириб, ўзгалар ҳаётини қисқартирмоқчи бўлдинг, лекин, билиб қўй, бу муддаога ҳеч қачон етолмайсан. Ҳаёт учун на замон, на макон даркор. Бир сониялигу бир асрлик ҳаёт ҳам, сенинг ҳаётингу бошқа жонзотлар ҳаёти ҳам баробар. Ҳаётга барҳам бериш ёки уни ўзга изга солиш иложсиз, чунки у биру бордир. Қолгани эса саробу рўёдир, холос.
Чол шуларни айтди-ю, кўздан ғойиб бўлди.
Эртасига шоҳ Асархадон Лаилиэ ва бошқа ҳамма асирларни озод этишга фармон берди – қатлни бекор қилди.
Индинига ўғли Ашурбанипални ҳузурига чорлаб, подшоликни унга топширди, ўзи эса аввал бўлиб ўтмиш ушбу воқеа ҳақида обдон ўйлаб олиш учун саҳрога чекинди, сўнг шаҳар ва қишлоқларни яёв кезиб, ҳаёт ягона экани ва кимки бошқаларга ёмонлик тиласа, ўзига жабр этажаги ҳақида одамларга панд сўйлаб яшаб ўтди.

Матлубахон Раҳимова таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 3-сон