Тўёна – фоизсиз берилган қарз. Одатда, кўпчилик кимга қанча тўёна берганини ва кимдан қанча олганини “темир дафтари”га ёзиб қўяди. Таклифнома келса, ўша дафтар очилади: “Қани кўрайлик-чи, бу жаноб қанча тўёна берган экан? Берганмикан ўзи?”
Саттор Қодиров ҳам шундай қилади. Чунки, “ҳисобли – дўст айрилмас”.
Лекин “Эҳтиром билан Муса Хўжаев оиласи” деган сўзлар битилган таклифномани олиб, унинг кўз олдига “темир дафтар” эмас, йўғон-йўғон ўн дона қази келди. Тўрт йил аввал кенжа қизини чиқараётиб, ош берганида, Мусанинг тўёнасига харид қилинган қазилар ош билан дастурхонга тортилган эди.
Муса ўшанда, тўйдан бир неча кун олдин, оқшом унинг хонасига одатдагидек қувноқ кайфиятда кириб келган:
“Бошлаётган тўйингиз муборак бўлсин, хўжайин! Таклифномани олиб, жуда хурсанд бўлдим!”
“Раҳмат!”
У барваста, оппоқ халати, тилла гардишли кўзойнаги, кумуш рангга кира бошлаган сочлари ярашиб турган, ҳаракатлари сокин Саттор Қодиров билан кўришар экан, қўлига нимадир қистирди.
“И-е! Бу нима қилганингиз, Мусажон?”
Саттор Қодиров шундай дедию, лекин қувониб кетганини сездириб қўйди. Хом сут эмган банда-да! Тўй қиладиган одамга осон эмас. Бундай пайтда “Ҳа!” деган – туяга мадад”. Ота-боболаримиз ҳам шуларни ҳисобга олиб, тўёнани ўйлаб топишган, шекилли.
“Шогирдингизнинг арзимаган тўёнаси, хўжайин. Ёшлар бахтли бўлишсин! Ҳаммамизни тўйларга етказсин!”
“Тўйга ҳали уч-тўрт кун бор-ку!”
“Ўлимдан бошқа ҳамма ишнинг эртароқ бўлгани яхши, хўжайин. Биламан, тўй куни сизнинг олдингизга яқинлашишнинг ўзи бўлмайди!”
“Раҳмат! Яхши кунларингизда қайтарайлик!” – деди Саттор Қодиров юз долларни шимининг чўнтагига солар экан.
Аслини олганда, ўшанда шифохонада оддий терапевт бўлиб ишлаётган Мусанинг кўрсатган бу илтифотини тўёна ҳам дейиш қийин. Тўёнани у Саттор Қодировни азборойи беҳад ҳурмат қилганидан бергани йўқ, албатта. Мусанинг бош шифокор ўринбосари Саттор Қодировга кунда-кунора иши тушиб турарди. Кимнидир шифохонага ётқизиш, кимнидир зудлик билан операция қилиш, яна кимнидир ишга жойлаштириш керак. Ҳожатбарорликда Мусага етадиган одам кам топилади.
“Хўжайин, олдингизга яна бир илтимос билан келдим, – деб кулганча кириб келарди у.- Фақат йўқ демайсиз!”
Қўли ҳеч қачон кўксидан тушмайдиган, ҳар гапида “хўжайин”, “устоз”, “акажон” деб турадиган бу серилтифот, сергап, новча ва қотма одамнинг илтимосини нафақат бош шифокор ўринбосари, бошқалар, ҳатто етти ёт бегоналар ҳам рад қила олмасди. “Жоним-жоним” деб ҳар қандай одамнинг жонини суғуриб олади.
Мана энди, ўша серилтифот, Саттор Қодировдан беш ёш кичик Муса Хўжаев қизини чиқараётир. Тошкентнинг энг ҳашаматли ресторанларидан бири -“Изидиёр”да ош бераётганига қараганда, уч йил бурун шахсий клиникалардан бирига ишга ўтиб кетган Мусанинг ишлари ёмон эмасга ўхшайди. Бу орада Саттор Қодиров бош шифкор курсисига ўтирди.
Майли, ҳар кимнинг омадини берсин! Шу топда энг муҳими – тўрт йил бурун олинган тўёнани қайтариш. Лекин уч фарзандини ҳам уйли-жойли қилиб тинчиган одамнинг Мусага тўёнасини қайтариши шартмикин? Йўқ-йўқ! Қайтармаслик – пасткашлик. Кўз-кўзга, юз-юзга тушади. Уят! Тўёна қайтарилиши шарт ва лозим! Лекин, қандай шакл ва ҳажмда – бу бошқа масала. Юз доллар бериш шарт эмас. Бу – аниқ! Камроқ бўлса ҳам етади.
Саттор Қодиров, шанба куни пешинга яқин шифохонадан чиқар экан, пулни уч конвертга бўлиб жойлади. Йигирма минг сўмни шимининг чап чўнтагига, эллик мингни костюмининг ўнг томонидаги ички чўнтагига солди. Бир тахлам минг сўмлик эса костюмининг чап чўнтагидан жой олди. Олишга қулай.
Кеч куз бўлишига қарамай, ҳаво дим ва иссиқ. Лекин мезон ҳавоси ўзгарувчан – тўсатдан ёмғир ёғиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас.
“Юз минг бериб, кимни қойил қилмоқчисан? – деб ўйлади у ресторанга яқинлашганида. – Эллик ҳам етади. Энг яхши йўли – шу! Эллик! Кам ҳам эмас, кўп ҳам. Таммом, вассалом!”
У эллик минг солинган конверт билан юз минг жойланган конвертнинг ўрнини алмаштириб қўйди.
Ақлли одам тўй ошини пешинда қилмайди. Бундай пайтда тўйга айтилган ҳам, айтилмаган ҳам – ҳамма бирдан ёпирилиб келади. Тушлик қилиш, қорин тўйдириш керак-ку, ахир.
Рестораннинг олдида қариндош-уруғи, таниш-билишлари қуршовида турган тўй эгаси Саттор Қодировга тавозе билан салом бериб, ичкарига ишора қилди:
– Келинг, хўжайин! Марҳамат!
Тўйхонага кириб-чиқаётган одамнинг кўплигини кўриб, Саттор Қодиров яна иккиланиб қолди. Эллик минг бериш шартми?
“Лазур” гуручидан пиширилган ошни қази билан думбага қўшиб, иштаҳа билан чайнар экан, шимининг чап чўнтагини секин ушлаб қўйди: йигирма минг ҳам етади! Тўй иши – тўполон. Шу топда ким қанча тўёна берганини Муса билиб ўтирибдими. Бундай пайтда йўли осон – тўй эгасини бағринггга босиб табриклайсан-да, конвертни костюмининг чўнтагига солиб қўясан. Қўлига бермайсан.
Лекин, Саттор Қодиров тўйхонадан тамшаниб чиқар экан, Мусага яқинлашиб бориш осон эмаслигини кўриб, бир зум тўхтаб қолди. Куёв томон – қудалар ош еб чиққан бўлса керак, тўй эгасининг атрофида роса одам кўп – ҳамма Муса билан қучоқлашиб кўришган, узундан-узоқ сўрашган, ўпишган, табриклаган. Навбат келгунича, камида ярим соат кутиш керак. Чунки, ҳали қудаларга тўн кийдириш маросими ҳам бор.
“Ўзидан кўрсин! – деб ўйлади Саттор Қодиров “Нексия”сига қараб йўл олар экан. – Кейинги тўйида қайтарарман ўша тўёнасини. Ҳали боши ёш, мактабда ўқийдиган ўғли бор. Энг муҳими, ошига келганимни ўзи кўрди…”
Душанба куни эрталаб ишга келиб, хонасига кириши билан шаҳар телефони жиринглади. Саттор Қодиров қоп-қора телефонга бир зум хавотир билан тикилиб қолди. Каллаи саҳардан жиринглаган телефоннинг хосияти кам бўлади: ё ишингдаги қандайдир камчилик учун танбеҳ эшитасан, ё бошқа совуқ хабар айтилади. Бу гал Мусанинг қувноқ овози эшитилди:
– Ишни яхши бошлаяпсизми, хўжайин?
– Шукр! Ўзингиз-чи, тўй ташвишлари билан чарчамадингизми?
– Чарчамадиму лекин, “қиз чиқарганга қирқ йил тегинма”, деган гап бежиз айтилмаганига яна бир бор амин бўлдим. Сизнинг жонингизга тўзим берсин экан, хўжайин. Икки қиз чиқаргансиз.
– Тинчликми?
– Тинчлик. Биласиз-ку, бошимга ташвиш тушса, доим сизни безовта қиламан. На чора, чидайсиз энди, хўжайин. Бу гал ҳам йўқ, демайсиз!..
– Бемалол.
– Эртага – чарлар. Маблағ масаласида қўлим сал калталик қилиб қолди. Ёрдам беролмайсизми, хўжайин?
“Демак, бу ҳам “темир дафтари”ни очиб, ҳисоб-китоб қилган, – деган гап хаёлидан ўтди Саттор Қодировнинг. – Қойил!”
– Қўлимдан келса… Қанча?
– Имкони бўлса, икки юз. Бўлмаса, камроқ… “Кўкидан”.
“Санъатингга балли, Муса! Асли ўзи мўлжалинг – юз. Икки юз дейишингни қара!”
– Икки юз – қийин. Лекин юзнинг бир иложини топармиз!..
Шундай қилиб, бундан тўрт йил бурун Муса берган тўёна, фоизсиз кредит, Саттор Қодиров томонидан ўша куни, банкирлар тили билан айтганда, “сўндирилди”.
“Ўлимдан бошқа ҳамма ишнинг эртароқ бўлгани яхши!..”
“Даракчи” газетаси, 31.01.2013 йил.