Қулман Очилов. Шуъла (ҳикоя)

Эртага уйланганимга ўн йил тўлади. Хотинимга нима совға қилсам экан?
Магазин томон юрдим.
Бундай кезларда Раъно ёдимга тушади. Йўқса, орадан шунча баҳор, шунча қиш ўтди. Ҳозир қаерда, қандай яшаяпти экан? Бахтлимикан?..

Бугун сен қайдасан? Қайларда қолдинг?!*
Бугун бош устингда кимнинг паноҳи?!

Раъно. Қуралай кўзлари эрка боқувчи Раъно!..
У билан шаҳар кутубхонасида танишган эдик. Иқтисод факультетида ўқир экан. Мен эса адабиётшунос бўлиш орзусида юрган йигит… Театрга тушдик. Спектаклнинг номи ҳам, мазмуни ҳам ёдимда йўқ. Хотирамда қолгани – ёнимда ўтирган қизнинг оппоқ қўллари, нозик билакларию сутга чайилгандек тиниқ юзлари. Бехосдан елкам елкасига тегса, энтикиб кетганларим. Гап тополмай шошиб қолганларим. Ойдин кўчаларда сайр этганларимиз. Раънонинг эгнига пиджагимни ташлаб қўйганим ҳозиргидек кўз олдимда. Бу унга жуда ёққан эди. Менинг эса оёқларим ерда бўлса-да, хаёлларим осмонларда. Йигирма учга кириб, биринчи марта қиз бола билан театрга тушган, биринчи марта унинг эгнига пиджагимни ёпган, биринчи марта гўзал Тошкент кўчаларида бирга сайр қилган эдим. Умримда биринчи марта қўлимдан гул олган қиз ҳам – Раъно. Ғунчалари энди очилай-очилай деб турган етти дона атиргулни!

Қайдасан, мен сени унутгим келмас,*
Умр йўлларимнинг тотли дамлари?..

Раънони кутилмаган бирор совға билан қувонтириш менга ҳузур бағишларди. Ёдимда. Стипендиямдан унга атаб бир соат олганим. Номи “Шуъла” эди. Шу саодатли кунларимиздан азиз хотира бўлиб қолсин, деб унга сўз ёздиргим келди. Кўп ўйладим, кўп танладим. Охири топдим.
– “М.Э.М?” – деб ҳайрон бўлди Раъно соатдаги ёзувни кўриб. Менга унинг ана шундай ҳайратланишлари, жовдирашлари ёқар эди!
– М.Э.М – Меҳнатда Эришган Муваффақиятларингиз учун! – дедим жиддий.
У қоп-қора сочлари ярашиб турган бошини сарак-сарак қилди. Ингичка қошлари чимирилди. Бундан менинг жаҳлим чиққан бўлди:
– Биласанми, сен кимсан?!
Раънонинг узун-узун киприклари пир-пиради. Важоҳатимни кўриб, чўчиб кетди.
– Билмасанг, билиб қўй: Сен Менинг Эрка Маликамсан! Умримнинг охиригача шундай бўлиб қоласан!
У мени меҳр билан ўпди:
– Сиз отам раҳматлига, ўхшайсиз, – деди. – Жуда меҳрибонсиз!
Шундай қилиб, “М.Э.М.” фақат иккимизгагина маълум бўлган сирли битикка айланди. Раъно қўнғироқларимга жавоб бермаса, телефонига ўша сирли ҳарфларни ёзиб юборар эдим: “М.Э.М!” Кейин у мени излаб топарди.
– Биринчи фарзандимиз ўғил бўлса, – деди бир куни Раъно нимагадир. – Исмини Фаррух қўямиз.
– Нега? Фаррух Зокировдай артист бўлишини истайсанми?
– Йўқ. Мен у дўхтир бўлса дейман. “Фаррух” сўзи “бахтли” деган маънони англатар экан.
– Мабодо, қиз бўлса-чи?
– Унда, отини Жамила қўямиз. Жамила ҳам дўхтир бўлади. Оилангда врач бўлмаса қийин экан. Бечора онамнинг қанчалар азоб чекаётганини кўрсангиз эди…
Аммо менинг пешонамга Раънонинг фарзандларига ота бўлиш ёзилмаган экан. Ёзги таътилда, мен қишлоққа кетганимда, унинг турмушга чиққанлигини эшитдим. Саратон дардига чалинган онасининг сўнгги ўтинчини рад этолмабди. Холасининг ўғлига тегибди…
– Мен бахтиқарони баъзан эслаб қўйинг, – деди у телефонда.
Ўша-ўша уни ўтган йили учратдим. Навоий кўчасида. Хотинимнинг кутубхонадан – ишхонасидан чиқишини машинада кутиб ўтирган эдим. Раънони узоқдан, қаддини тик тутиб, оҳиста юришидан танидим. “Қанчалар қадрдон эди бу юришлар!” Эгнида митти гулли, енги калта сарғиш кўйлак. Қўлида мактаб папкаси. Ёнида етти-саккиз ёшлардаги болакай. Фаррух! “Фаррухжон, сен менинг ўғлим бўлишинг мумкин эди-ку!”
Машинадан отилиб чиққим, иккаласини ҳам бағримга босгим, дунёдаги энг ширин сўзларни айтгим келди. Лекин бундай қилолмадим. Қилолмаслигимни англадим. Ловуллаб ёнаётган юзимни рулга босдим.

Бағрим ёрсам, ўрлаб чиққай тутунлар,**
Қай уйларга ўтин бўлдинг сен, Раъно?..

Она-бола ёнгинамдан, қўл узатсам етгудек жойдан жимгина ўтиб кетди. Оёқ товушларини эшитиб турдим. Балки Раъно ҳам мени кўриб, кўрмасликка олгандир. Менинг ҳолимга тушгандир.
Бутун кучимни йиғиб, унинг ортидан қарадим. Яна қачон кўраман? Кўрарманми?! У анча тўлишган, қадам ташлашларида ҳорғинлик, зерикиш зоҳир эди.
Унинг билагида нимадир ялтираб кетди. Ботаётган қуёш нурида. У ўша, кумушранг соат эди! “Шуъла” эди! Балки бошқадир. Эҳтимол кўзимга шундай кўрингандир! Йўқ-йўқ, ўша! Сирли ҳарфлар битилган соат! Маликам! Менинг Эрка Маликам!..
Магазин жавонларига териб қўйилган товарлар кўзни қамаштиради.
– Хотинимга соат олмоқчи эдим, – дедим сотувчи йигитга. – Қайси бирини танлашни маслаҳат берасиз?
– Мана, буни кўринг. Швейцарияники. Сувда чўкмайди, ўтда ёнмайди. Номи ҳам бизнинг тилда “Самандар” бўлар экан.
Сўнг гравюрачи “Самандар”га қуйидаги сўзларни ўйиб берди: “Қўша қариб юрайлик, Гулим!..”
______________________
*А.Орипов шеъридан.
**С.Саййид шеъридан.