Қулман Очилов. Сайроблик баракали йигит (қисса)

Тонг вақти йўлга тушди.
“Ойсулув” достонидан

Тупканинг таги қаерда?

“Ҳайитали Алламуродовни танийсизми?”, деб сўрасам, сиз, албатта, елка қисасиз: “Йўқ”. Ажабланадиган жойи кам. Ўзим ҳам танимас эдим. Қандай танийлик, айримларга ўхшаб бўлар-бўлмас иш учун атрофига тўда-тўда мухбир йиғиб, уларга узундан-узун, маза-бемаза интервьюлар бермаса! Матбуот анжуманлари-ю брифинглар, пресс-турлар уюштирмаса! Газета-журналлардан ялтироқ суратлари, телеэкранлардан мамнун қиёфаси аримай, радио тўлқинларидан салобатли овози жаранглаб турмаса!
Шу гапни кейинчалик бир ҳамкасбимга айтсам, кулди: “Тухум қўйган товуққа ўхшаб, дунёни бошига кўтариб қа-қалайвериши шартми?”
Тасодифан танишиб қолгач, ҳайратга тушдим: Ҳайиталининг ўттиз йиллик фаолияти ҳақида матбуотда ўттиз сатр ҳам гап чиқмаган ҳисоб. Лекин бунинг учун қалам аҳлидан гина қилиш адолатдан эмас.
Аслида, бу қишлоқ йигитининг кўпларга, айниқса, тайинли касб-корнинг бошини тутиб, сабр-бардош билан ҳаракат қилиш ўрнига, ҳар қадамда зорланишни одатга айлантирган айрим ёшларга намуна сифатида кўрсатса арзийдиган ишлари талайгина.
Агар сиз “замонамиз қаҳрамони” деган мартабага лойиқ одам излаётган бўлсангиз, мен Ҳайиталини кўрсатган бўлардим.
Агар сиз тиниб-тинчимаган, шунинг баробарида, ишлари юришган тадбиркорни қидираётган бўлсангиз, мен Ҳайиталини тавсия қилган бўлардим.
Агар сиз камтарин ва камсуқум, гапдан кўра ишни афзал биладиган, хокисор, лекин бой-бадавлат мулкдор, сармоядорнинг тажрибаси билан танишмоқчи бўлсангиз, мен Ҳайиталининг ҳузурига жўнатган бўлардим!
Сурхондарёга боринг ва у бунёд этган бизнес-империянинг фаолиятини кўринг, амалга оширган ва ошираётган ҳайратланарли ишларини томоша қилинг! Воҳага сочилиб кетган корхоналари, муассасалари, хўжаликлари ва қурган-қураётган иншоотларига шунчаки бош суқиб чиқишингизнинг ўзига бир ҳафта етармикин!
Биз эл-улуснинг фаровонлиги-ю бахтли келажаги ҳақида гапиришни яхши кўрамиз, бизнес аҳли учун яратилаётган шароитларни янада кенгайтиришга, турфа имтиёзу енгилликлар беришга мунтазам эътибор қаратамиз-у, аммо бой-бадавлат тадбиркорларимизнинг ибратли ишларини, тажрибасини ҳамиша ҳам кўрсата олмаймиз. Кўрсатсак, гўё у кимнидир менсимай, назарга илмай қўяди.
Сезиб турибман: ушбу сатрларни ўқиб, мийиғингизга ёйилган истеҳзони йиғиб олишингиз қийин бўлаётир: “Ҳа энди, Ҳайиталибой ҳам бирорта корчалоннинг арзандасидир-да!”
Агар совхозда шофёр – ҳайдовчи ўтган ва элликка етар-етмас оғир хасталик асоратидан аввал бир умр топган бор-будидан, сўнг жонидан айрилган бандаи мўминни корчалон дейиш мумкин бўлса, шубҳа-гумонингизда жон бор.
Йўқ, Ҳайиталининг на отаси, на ўзи, на тоғаси на вазиру на ҳоким, на бирор йирик корхона ёки хўжаликда раҳбар бўлганки, вақти келганида “ўз улуши”ни суғуриб олиб кетгану энди ҳузурини кўриб ётибди десангиз. Зотида тадбиркор ҳам, бой ҳам, дасти узун раҳбар ҳам бўлмаган.
Улуғ шоирнинг услубида айтмоққа журъатим етганида ҳам, мен Ҳайиталини илми ҳолу илми қолни дилига тўлиқ жойлаган, дея олмасдим, лекин ўз ишининг такомили йўлида тинмай ўқиб-ўрганишга мойил замона фарзанди эканини таъкидламасам инсофдан бўлмас.
Ҳайитали бугуннинг айрим билағон ёшлари каби дунёнинг нуфузли олий таълим даргоҳлари, дейлик, Кембриж, Оксфорд, Гарвард, Токио каби университетларда бизнес илмидан сабоқ олмаган. Дафъатан сўрасангиз, “менежмент”, “маркетинг”, “монетаризм” сингари айрим ажнабий, бироқ дунё истилоҳидаги сержилва сўзларнинг маъносини дарҳол тушунтириб бера олмаслиги ҳам мумкин. Лекин амалда уларнинг пири бўлиб кетган. На магистрлик ридосини кийган, на имтиёзли дипломни кўрган. Кўргани – Термиз давлат университетининг умумтехника фанлари ва меҳнат факультетининг сиртқи бўлими. Муаллим. Шунга етгунича ҳам неча уриниб, неча суринган.
Бу сатрларни битишимдан мақсад – Ҳайиталини кўкларга кўтариб мақташ эмас. Инчунун, у менинг алқовимга зор ҳам эмас. Журналист эканимни эшитиб, ёш боладек қизариб кетди: “Бундай гапларни гапиришни билмайман-да, ака, – деди хижолат тортиб. – Гапга жуда нўноқман”.
Кейинчалик сездим: иқрори олифталикдан йироқ.
“Бундай гаплар” эса унинг иши, ўзи ҳақидаги сўров-саволим эди.
Бирор ишни дўндирган бўлса-бўлмаса, мухбир зотининг соясига кўрпача тўшайдиганларни кўп кўрганмиз. Ҳайиталининг оғзидан ҳар бир гапни тишини суғургандай суғуриб олишимга тўғри келди. Яна биласизки, баъзилар танига сал жир битса, ҳеч кимга гап бермай қўяди. Ҳар кимга, ҳар ишга баҳоси тайин. Ҳаммадан доно, ишбилармон. Зўр маслаҳатчи. Ҳайитали эса бошқача. Даврада бор-йўқлиги ҳам билинмайди. Бир чеккада, кўпинча пойгакроқда, чой сузиб, чой узатиб, одамларнинг гапларига жимгина, бироқ сергак қулоқ солиб ўтиради. Очиқ юзида босиқ табассум. Гўё миллионларни, миллионлар нима, миллиардларни қўлида соққадай айлантирувчи бой эмас, ўзидан ёши, нуфузи ва илми хийла зиёда одамларнинг даврасига тасодифан тушиб қолган анчайин бир коранда. Хўжайинини кутиб ўтирган мулозим.
Мен уни “ичимдагини топ” хилидаги одамлардан дея олмайман, лекин айтаётган ҳар бир гапини минг бор ўйлаб, сўзининг оқибатини, масъулиятини ҳис қилиб гапиришини билдим.
Бу ишнинг кўзини билган одамга, умуман яхши тарбия топган ва келажакдан умиди бисёр инсонга хос муҳим фазилатдир. Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!
Ҳайитали Алламуродов 1967 йилнинг сунбуласида туғилиб, вояга етган Сайроб қишлоғига бориш илгари осон эмасди.
Ўттиз йил бурунги бир гапни айтсам. Пойтахтдан Термизгача самолётда, сўнг тоғ-даранинг биқинигача кунда, баъзан кунора қатнайдиган шалоғи чиққан автобусда, ундан кейин тубсиз жарликлару қоялар оша ёлғизоёқ сўқмоқлар билан тиззагача сой кечиб, от ёки эшакда етар эдингиз. Тупканинг тагини кўрмоқчи бўлсангиз, Бойсуннинг Сайробига боринг, дейишарди.
Ана шундай чекка қишлоқдан чиққан содда-баёв йигит эришган оламшумул муваффақиятларнинг сири нимада? Мақсадим – шу саволга жавоб топиш. Ҳайитали мансуб тадбиркорлик феноменини англаш, англатиш.

“Энди нима қиламан?”

Кимки унинг тадбиркорлик йўлига оқ пояндозлар тўшалиб, устига анвойи гуллар сочилган эди, деб ўйласа, хато қилади. Бу йўлларда гулдан кўра чағиру харсанглар, роҳатдан кўра азобу иккиланишлар – эзилишлар кўпроқ. Бугун, ишлари юришиб, назаркардалик рутбасига эришганида ҳам куни осон кечаётгани йўқ.
Мен уни азобни роҳатга, роҳатни даромадга айлантирувчи сеҳргар, дея олмайман, лекин фароғатнинг нашъу намоси заҳматдан қувват олишини эрта англаб етганига шубҳам йўқ.
Ўша кунни у жуда яхши эслайди.
Наҳорги чой устида Нормамат амакининг овози момақалдироқдек гулдираб кетди. Бу одамнинг кўнгли Шерободнинг чўлларидан кенг, овози Боботоғнинг чўққиларидан баланд, ўктам. Доим гулдираб туради.
– Сенга нима бўлди, Ҳайитали? Шеър ўқияпсанми?
Ўспирин бошини кўтарди:
– Йўқ. – Унинг кўзлари тўла ёш эди.
– Унда нима деб ғўлдираяпсан?..
– Ётгандаям, тургандаям “энди нима қиламан?” деб пичирлагани пичирлаган, – дея гапга қўшилди холаси. – Худди эси оғиб қолганга ўхшайди.
Важоҳатидан от ҳуркадиган амаки лабини тишлади. Сийрак қошлари бир учиб тушди. Оғир хўрсинди. Боланинг эзилганича бор. Саратонга чалинган отаси икки дунё оралиғида Ҳақ деб ётибди. Суюнчихўри – Ҳайитали олий даргоҳда сиртдан ўқиш баробарида, ғишт заводида лой чангаллаб юрибди. Беморнинг эртаси маълум. Дўхтирлар нари борса, бир йил яшайди, дейишган. Ўғилники номаълум. Ҳали на тайинли ҳунари, на иши бор. Отасининг “оёғи тойиб кетса”, етти, йўқ, ўзи билан саккиз жоннинг ташвиши шу тўнғич боланинг нимжон елкасига тушади. Тўйи бўламан деб турган опаси, бўйи етиб қолган сингиллари бор. Ҳаммасига бош-қош бўлиши, уйли-жойли қилиши керак. Шунинг учун бемор ота Нормамат акадан қайта-қайта ўтинган: “Норасидаларимни сизга ташлаб кетяпман, божа! Бошқа кимим бор… Ўзингиз кўз-қулоқ бўлиб туринг. Ҳайитали дуруст, сал қўлласангиз, ўзини эплаб кетади”.
Кўпни кўрган Нормамат Нуралиев божасига ваъда берди ва сўзининг устидан чиқди. Ўта чўрткесар, серғайрат, серфайз бу одам икки оғиз гапи билан ҳар қандай одамни ўзига ром қилиб қўяди. Худо берган кайвони. Гурунгнинг кони. Ўзи айтмоқчи, уруш сабаб “нон кўрмай катта бўлган”, қачонлардир тоғдан шаҳарга тушган. Тушгану ваҳимадан “лабига учуқ тошган”. Саксонни қоралаб бораётганига қарамай, на юзида ажини бор, на бўйнида тириши.
– Номи Термиз, Ўзбекистоннинг шаҳри бўлгани билан, – дейди у, – менга ўхшаган тоғнинг баласи унга эмин-эркин киролмасди-да. Шаҳар ёпиқ эди. Бир амаллаб киргани билан нонини топиб еёлмасди. Ҳар қадамда текшир-текшир: “Где твой бошпурт?”. Ҳайиталибой ҳам бошида ана шундай азобларнинг кўпини татиб кўрган. Юртимиз мустақилликка эришганидан кейингина мана бу ерга, – у кенг кўксига бақувват кафтини қўйди, – шамол тегди. Ҳозир ҳам бехосдан “бошпурт” деган сўзни эшитсам, бир сапчиб тушаман. Ваҳ, энағар савет! Юракни кўп зада қилган-да!..
Нормамат бобо божасининг фарзандларига ҳам, ўзининг ўғил-қизлари, невараларига ҳам ҳали-ҳамон панд-насиҳат қилиш, йўл-йўриқ қўрсатишдан эринмайди.
– Бирортаси ёқимсиз иш қилса, аяб-нетиб ўтирмайман, – дейди кулиб. – Яхшилик билан гапимга юрса юрди, бўлмаса, – у ёнидаги хивични қўлига олади, – “иш қуролим” ҳамиша ёнимда!
Лекин бобо чумолига ҳам озор бермаслигини, бера олмаслигини, пўписадан нарига ўтолмаслигини уни яхши кўрадиган бутун Сурхон аҳли хўб билади. Айниқса, Ҳайиталига меҳри баланд. “Дуруст йигит”лигига ўша, саксонинчи йиллар миёнасида амин бўлган. Бемор отасининг дардида галдираб қолганида, қишлоғига юбормай, уйида олиб қолган. Унда-бунда эгри қадам босмасин, бетайинларга қўшилиб, бузилиб кетмасин, деган.
Қараса, йигитча беўй эмас. Ўзи хомроқ бўлсаям, иши пишиқ. Оти ташлаб кетган чавандоздай гангиб қолгани чатоқ. Лекин тиришқоққина. Бўш қолди дегунча, ҳали томорқанинг у ерида куймаланиб ер чопган, ҳали бу ерини ўтоқ қилган, жўякларга сув тараган. Ҳали ҳовлини супурган, ҳали машинанинг ичи-ташини ярақлатиб ювган. Қўрани тозалаган. Юмушни ўзи топиб, ўзи бажаради. Фалон ишни қил, деб айтиш шарт эмас. Иш айтсанг тайсалламайди. Темтингани-темтинган. Поччага шуниси – темтиниши, уйқусининг сийраклиги, терисининг юпқалиги ёққан эди. Гапингизни ҳукми ҳозиқ бўлиб тинглайди. Тез илиб олади. Бу – бўладиган, палаги тоза боланинг иши.
– Бандаси икки хил бўлади, – дейди оқсоқол. – Бири – ишлаш учун жон-жаҳди билан йўл қидиради. Тинимсиз темтинади. Жаҳд қилса, ҳар қандай юмушни дўндиради. Ҳар қандай одамни ўз гапига кўндиради. Бахту барака – биринчисида. Иккинчиси – қўлини совуқ сувга урмаслик, иложи бўлса, бутини кўтари-иб телевизор томоша қилиб ётиш учун баҳона излайди. Иккинчиси – шўрпешона. Бахтсиз. Баракасиз. Мен иккинчи хил одамлардан доим узоқ юраман.
Қани энди, вақтинг бемалол бўлса-ю боладай беғубор, ҳозиргина улоқ-кўпкаридан чиқиб келган чавандоздай соғлом бу мўйсафид билан бафуржа гурунглашсанг. Бу дунёнинг пастини ҳам, баландини ҳам, яхшиси-ю ёмонини ҳам кўриб-кўравериб кўзи пишиб кетган, тилидан шукрона тушмайдиган Нормамат бобонинг гаплари, ўгитлари, афсона-ю ривоятлари, бошидан ўтказган “эртаклари” адони билармикан! Бундай дарёдил одамлар ҳеч кимдан, ҳеч қачон бегонасираб ўтирмайди. Гўё минг йиллик қадрдонини кўргандек, сени кенг бағрига босади-ю гурунгдан олади. Одам ажратмайди. Меники-сеники, демайди. Ўтирикдан тийилади. Нормамат бободек ажойиб инсонларнинг суҳбатидан кейин дилингдаги хазинанг дуру жавоҳиротга тўлиб-тошиб, руҳи равонингдаги неча йиллик ғуборлардан фориғланиб қолгандек бўласан. Дил бойлиги мол бойлигидан муҳимроқ ва қимматроқ эканига яна бир бор амин бўласан. Шундай одамнинг ўгитларини эшитиб улғайган фарзанд заҳматкаш, тадбиркор ва баракали бўлмаслиги мумкинми!
Мен Сурхондарё сафаридан бобонинг гурунгларига тўймай қайтдим.
Дарвоқе, нонушта чоғидаги суҳбатга, қийиқ кўзлари ёшга тўлиб ўтирган Ҳайиталининг ёнига қайтайлик: “Энди нима қиламан?”
– Нима қилишингни оқшом айтаман, – деди бирпасдан кейин почча. – Кўз ёшингни бошқа кунларга асраб қўй. Тушундингми?
– Хўп…
Эртаси куни алп мезбон билан ниҳолдеккина меҳмоннинг йўли бозор биқинидаги ресторан томон тушди. Ошпаз Ҳайиталини шогирдликка олди. Бошқачароқ бўлиши мумкинмиди? Ҳа. Нормамат амаки журналист бўлганида, балки бирор газета-журнал таҳририятига, дўхтирликдан кун кўриб юрганида – шифохонага, илм аҳлига дахлдор эса – университет томон юзланарди. Тахмин қиламанки, Ҳайитали қўлига қалам тутиб, ижод махзанига кирса ҳам, эгнига оқ халат кийиб, шифо ёки илму урфон йўлидан кетса ҳам, аро йўлда адашиб қолмас эди. Ўз ўрни, юксак мавқеи, ҳавас қилса арзигулик бугунгидек обрў-эътибори бўлар эдики, бундай дейишимга асосим бор – меҳнаткашлиги.
Амаки савдонинг пирларидан эди.
Шўролар замонида Термизу Тифлисда ҳам, Ургуту Сургутда ҳам – ҳамма жойда, барча ошхоналарда хўроз бир хил қичқирган: овқатга “қўли текканнинг оғзи тегар”ди. Яъниким, раҳбару ходим масаллиқдан урарди: таъминотчи, омборчи, ошпаз, бош ошпаз, ҳисобчи, бу ёқда директор… Чунки ҳамма нарса давлатники. Давлат бой, мол-дунёси камайиб қолмайди. Мантининг гўшти кам, пиёзи мўл, хамири қалин бўлгани шундан. Шўрва шилдир-шилдир, эти тошдан қаттиқ, картошкаси “серяра” бўлгани шундан. Қозондаги туби кўриниб қолган шўрвага оқшом бир челак қайноқ сув қўшиб юборилганини айтмасак-да бўлади. Аммо шугина таомни ҳам бозорга келган авом товоғигача ялаб-юлқаб кетишидан емакхона аҳлининг кўнгли доим тўқ: одамларнинг борадиган бошқа ошхонаси, танлаш имконияти йўқ.
Устози тумовга чалиниб қолганида ўчоқбоши бир муддат Ҳайиталининг ихтиёрида қолди. Умрида қўлига чўмич ушламаган йигит пазанда онаси Рўзихол опани эслади. Мантига данакдек думба, бир чимдим зира қўшганлари кўз олдига келди. Опа-сингилларига ускунада эзилиб эмас, пичоқда кесилиб майдаланган гўшт таомни тотлироқ қилишини уқтирганлари хаёлидан ўтди. Шўрвани бир соат эмас, тўрт-беш соатлаб қайнатганлари хотирида гавдаланди.
Тонгда, одамлар ҳали уйқудан кўз очмасидан, у ошхонага келиб, хамир қоришни, шўрвага қозон осишни одат қилади.
Хўрандалар ҳайратга тушади:
– Нима бало, ошпазларинг ўзгардими?
– Ҳа-а.
– Ким келди?
– Ким бўларди? Бир гўдак-да. Ҳайитали.
Эл орасида, айниқса, бозорда гап ётармиди: “Ҳайиталининг шўрваси”, “Ҳайиталининг мантиси”, “Ҳайиталининг қовурдоғи…”
Одам гуррас-гуррас оқиб келаверди. Гўё овқат ейишдан ўзга иши йўқ. Гўё Ҳайиталининг қўлидан таом ейиш – катта шараф.
“София” ошхонасида ҳозир ҳам шундай. Ишонмасангиз, боринг, кўринг. Камида эллик-олтмиш чоғли хўранда иштаҳа билан гўшт чайнаб, хўриллатиб чой, пиво симираётганига гувоҳ бўласиз. Бай-ба-ай!
…Шўролар давлати путурдан кетиб, дўконларнинг пештахтаси тиши тўкилган кампирнинг оғзидек ҳувуллай бошлаган замон эди. Салтанат аҳли бол йўқотган асаларидай гувуллайди. Дўконга мол келса, чакамукдай ёпишади. Бундай пайтда кўпчилик пулнинг бетига қарармиди? Товарни топганидан хурсанд. Хўранданинг бўйни ингичкароғи овқатни ошхонага келиб ейди, йўғонроғи сим қоқади: “Шофёримиз боради, бир тоғора қовурдоқ бериб юборинг!..”
Кейинроқ савдони “тебратиб турганлар” ота юртлари – соя-салқин гўшаларга кетаманга тушди. Шаҳар матлубот жамиятининг куни ҳайиталиларга қолди. Ке­йин ҳукумат қоғоз беришга киришди: муассасалар хусусийлаша бошлади. Ҳайитали Алламуродов ҳам кўп қатори мулкдор, амлокдор бўлиб олди. Ўша мулкни гаровга қўйиб, кредит олиш, бошқа муассаса, масалан, тўйхона қуриш имконияти пайдо бўлди. Кейин тўйхона-ю майхона — иккаласини ҳам гаровга қўйиб, яна кредит олиш мумкин. Сўнг лизинг деган тушунча истилоҳга кириб келди. Бунинг устига, инфляция деганлари ҳам Сайробга қатнайдиган автобусдай қирнинг елкасида тутаганча тўхтаб қолгани йўқ. Ўша йиллари каттакон завод харид қилган маблағингизга бугун битта дарвозасини ҳам олишингиз душвор. Кредитда барака бор, деган гапни ана шундай олди-сотдиларни дўндирганлар айтган бўлса не ажаб.
Ишлар гуруллаб кетди!
Мен сурхондарёлик бу тадбиркор йигит амалга ошираётган ҳамма иш, чиқараётган барча маҳсулотлар ва кўрсатаётган жамики хизмат юксак сифати билан ақлни лол қолдиради, дея олмайман, лекин у қўл учида ишлаган одамдан ҳазар қилишини ва бундай касни ёнига асло йўлатмаслигини биламан.
Тарозининг тошини тўғри қўйиш, сидқидилдан меҳнат қилиш ва Яратганни мудом ёд этишнинг хосияти кўп. Ҳайиталининг ошпазликдан олган энг муҳим сабоғи шу бўлди: “Сифат бор жойда – барака бор!”
У отасидан эрта етим қолди. Лекин дуч келганнинг ортидан эргашиб кетадиган етимқўзи бўлмади. Қозон-ўчоқ олдида ҳам бир умр куймаланиб қолиб кетмади.

Мукаммаллик замони

Бошида жуда қийин бўлди. Қишлоқда пахсаю лойсувоқдан бошқа нарсани кўрмаган йигитга бинокорлик йўлини тутиш осон кечмаслиги тайин. Мутахассислиги – муаллим, чиққан жойи ошхона бўлса. Бундай пайтда куладиган бекорчиларнинг уруғи урчийди: “Сендан қурувчи чиқса, мен эшагимда Ойга бориб келаман!”, “Пул топиб, калла топмаган бандаи ожиз…”
Мен Ҳайиталини донишманд дея олмайман, лекин зийрак, ақлли экани аниқ. Мен уни жаҳонгашта дея олмайман, лекин кўпни кўрганига шубҳам йўқ. Мен уни фидойи деб ҳам мақтамайман, аммо Холиқи азал бу йигитни ғайрат, шижоат, энг муҳими, сабр-бардошдан сийлаганини кўпчилик тан олган.
Ҳайитали умид ва сабрни билади. Пўртанаси тоғдан баланд изтиробларини сиртга чиқармасликни билади. Поччаси Нормамат бободек дарёдил одамларнинг қадрини билади. Ўгитларини бир умр эслаб қолади: “Сен тоғнинг боласисан, болам. Ишонган тоғда кийик ётмайди!”
Кейинчалик, Ҳайитали Сурхондарёда нуфузли тадбиркорлардан бири сифатида танилгач, мен унинг хайрли ишлари ҳақида ёзмоқ ниятида Термизда юрганимда Нормамат бобони гапга солдим. Бобо бу пайтда муборак ҳаж зиёратига бориб, Фаёзтепа деб аталмиш дунёга машҳур қадимги кент харобалари ёнидаги қақшаб ётган ерни сонга солиб, боққа айлантирган. Сермева дарахтлари соясидаги сўрида ёнбошлаб ётган эди. Ҳайиталининг қайбир фазилати унга кўпроқ ёқишини сўрасам, жавоби лол қолдирди: “Ўрлиги, қайсарлиги!”
Ҳожи бобо айтди: “Бу бола қаердаки янгиликни кўрса, яхши ғоядан хабар топса, оромини йўқотади. Ўшани ўрганмагунча, ўрганиб ўз корхонасида йўлга қўймагунича тинчимайди. На тун дейди, на кун. На қиш дейди, на саратон!..”
Бугун Ҳайитали воҳадаги энг йирик компаниялардан бири – “Термиз тезкор қурилиш” (“Тезкорқурилиш”) ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш ташкилотининг бош директори даражасига эришган экан, бу чеккан ана шундай заҳматлари туфайлидир. Жамоаси кўп қаватли уй-жой бунёд этишга киришган жойда ҳали пойдевори кўтарилмасидан одамлар квартира олиш учун навбатга туради. Чунки билади: Ҳайитали қурган уйга фақат кўрпа-ёстиқ кўтариб кирилади. Қолгани бадастир!
Эсингиздадир: “Сифат бор жойда – барака бор!”
“Зиё-кўз” клиникасининг раҳбари Фарҳод Аъзамов айтди: “Шифохонамиз шаҳар марказидаги замонавий уйнинг биринчи қаватида жойлашган. Қурилиш бошланганида бошқа юмушларга андармон бўлиб, бир нарсани фаромуш қилибман: клиниканинг тепасидан квартира олмоқчи эдим. Қурувчилардан сўрасам, бош чайқашади: “Кеч қолдингиз, ака. Ҳаммаси аллақачон сотилиб кетган!” Аввалига, ҳазил бўлса керак, деб ўйладим. Янги биномизнинг калитини қўлга олгач, ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Кейин тепадаги квартираларни бирма-бир кўриб чиқдим. Қурилишнинг сифати бундан юқори бўлишига ишонмайман. Бари бекаму кўст. Шифохонамизга мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан, қўшни давлатлардан ҳам беморлар кўп келади. Уларнинг остона ҳатлаб берадиган илк саволи доим бир хил: “Бу бинони ким қурган?”
Мен ҳам шаҳардаги, жумладан, Алишер Навоий кўчасидаги замонавий уйларнинг айрим хонадонларига кириб кўрдим. Ўзим қурувчидан чиққаним боис, бинокорлик ишларининг сир-синоати менга бегона эмас. Лойиҳаси қулай. Қурилиши  тўкис. Фарҳод Аъзамовнинг таърифида заррача лоф йўқ.
Менга Ҳайиталининг ҳамма гаплари ёқди, дея олмайман, лекин бир эътирофини дафтаримга ёзиб қўйдим: “Бугун уй-жой, иморату иншоот қуриб бировни ҳайратга солиш қийин. Қурувчи ҳам, қурилиш ҳам кўп. Лекин ҳаммадан сифатли қилиб қуриб, барчани ҳамиша ҳайратга солиш мумкин”.
Шўро замонидан қолган бир касаллик кўпчиликка маълум: одатда, янги уйга кўчишдан аввал уни обдан таъмирлар эдик. Бу еридан бўёғи кўчган, у ёғидан сувоғи. Қадам қўйишга улгурмайсиз, поллари “мусиқасини бошлайди” – ғичирлайди. Деразаси зич ёпилмайди. Кесакиси ўпирилган эшикларнинг зулфаги йўқ. Газ плитасининг мурвати буралмайди. Иссиқ сувнинг жўмраги ёпилмаса, совуғиники очилмайди. Занг босган. Ҳаммасини янгидан созлаш, таъмирлаш, алмаштириш керак! Қурбингиз етса, алмаштирасиз. Етмаса, борига шукр қилиб яшайверасиз. Бу орада фарзандларингизнинг бўйи етиб, уларга ҳам уй-жой олиш ҳаракатига тушасиз. Яна янги, лекин думи юлинган товуқдай беўхшов ва файзсиз уйларга дуч келасиз. Уларни ҳам таъмирлаш керак.
Умр ўтади.
Уй – шунчаки тўрт девор, бошпана эмас. Инсоннинг яшаш тарзи, маданияти, руҳияти ва маънавиятига бевосита таъсир ўтказадиган, жамиятга, давлатга, сиёсатга муносабатининг шаклланишига хизмат қиладиган муҳим омилдир. Бугун фалон миллион пул тўлаб уй харид қилган киши уни қурган одамларни умрининг охиригача қарғаб эмас, алқаб ўтиши керак. Шу жиҳатдан “Тезкорқурилиш” компаниясининг тилга тушган юксак қурилиш маданияти ўрганишга ва ибрат олишга арзигуликдир. Қўл учида ишлаш замони ўтди. Замон мукаммаллик замонидир!
“Сифат бор жойда – барака бор!”
“Тезкорқурилиш” ишчи-хизматчиларининг маоши – вилоятнинг олди. Талаб ҳам шунга яраша. Энг муҳими, компания тизимида “қўли текканнинг оғзи тегар” деган гап йўқ. Ким, нега ўғирлайди? Мулк – ўзингники, маблағ – ўзингники. Ҳаммаси эгали. Қаллоблик қилсанг, чўнтагингга зарар. Ҳамкорларинг юз ўгиради. Меҳрингни бериб ишла, роҳатни кўриб яша. Менга қолса, улуғларимиз айтиб кетган бир ўгитни жамики биноларнинг пештоқига шиордек ёзиб қўярдим: “Бекдай яшаш учун қулдай меҳнат қилиш керак”. Сал дағалроқ, дейсизми? Балки. Лекин фаровонликка эришишнинг бошқа йўли ҳам, йўриғи ҳам йўқ. Кимки, қўлини совуқ сувга урмасдан бекдай яшашни даъво қилса, ўзини бахтсизлик комига отган бўлади.
Аммо компаниянинг ишлари мукаммаллик даражасига етгунича Сурхондарёнинг этагига бош уриб ётган миллион йиллик Амударёдан кўп сувлар оқиб ўтди. Мен зўр лойиҳачиман деган, мен зўр қурувчиман деган, мен зўр муҳандисман деган қанчадан-қанча валломатлар компаниянинг остонасидан ҳам ўтолмасдан қайтиб кетди. Ҳайитали ўз тасарруфидаги корхона-ю хўжаликларда мунтазам маош олиб ишлайдиган уч юзга яқин ходимни бирма-бир танийди.
Мен уни бир қарашда ҳар қандай одамнинг ичидагини миридан-сиригача билиб оладиган синчи, валий дея олмайман, лекин синчков кўзларини қаттиқроқ тикса, кўплар типирчилаб қолиши бор гап.
Хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасидаги авж ишларини тарк этмаган ҳолда, қурилиш-таъмирлаш жабҳасига от солгани кўпчиликни ажаблантирган эди: “Бу боланинг хаёли жойидами ўзи? Манаман деган корчалонлар нонини топиб ейиши тобора қийинлашиб бораётган майдонга от солиб нима обрў топади?”
“Бундай шубҳа-ю таъналар беҳуда эмас, – дейди “Сурхонлойиҳа” МЧЖ раҳбари, тажрибали архитектор Ҳафиз Раҳматов. – Қурилиш – рақобат кучайгандан-кучайиб бораётган соҳа. Қурувчиман деб тендерларда мунтазам қатнашадиганлар кўп. Лекин ишни тез ва сифатли бажарадиганлар кам. “Тезкорқурилиш”нинг ютуғи шунда – сифатга сажда қилишида”.
Ҳамма ишнинг ибтидоси қийин. Айниқса, у кўпнинг иштироки билан битадиган, кўпнинг ризқига боғлиқ бўлса. Ташаббус ҳам, таваккалчилик ҳам, сармоя ҳам сендан, яъни корхона раҳбаридан, замон тилида айтганда, бош менежердан бўлса, янада қийин. Масъулият деб аталмиш оғир юк ночорроқ одамни эзиб ташлайди. Яратган ол қулим деса-ю ишларинг юришиб, тўрт-беш сўм топсанг, хўп-хўп. Тополмасанг-чи? Бизнесга йўналтирилган сармоянгдан ҳаш-паш дегунча мосуво бўлсанг-чи? Ким сени қўллайди? Ким сенга ишонади? Кейин ким сенга сармоя-ю андоза, янги иш – янги лойиҳа, янги кредит беради? Ишларинг юришиб турганида устозинг, кўмакчинг, дўсту улфатинг кўп. Чапига кетса-чи? Эшитадиганинг маълум: “Эса, бу болага қурилишда пишириб қўйганмиди? “Тинчгина қозон-ўчоғингни тутатиб юравер”, деб неча марта айтдик. Йўқ, ўз билганидан қолмади. Мана, энди ўзи пиширган ошни айланиб-ўргилиб ўзи ичсин”.

Дўсту ҳамкор танлаш илми

“Ўзи пиширган” бундай аччиқ таомларни ўзи ичмаган дейсизми? Ҳайитали ҳам ўз замонасининг фарзанди. Унинг йўллари ҳам Бойсуннинг тубсиз жарликлари, чағир тошлару баҳайбат харсанглари оша ўтган. Кечаги асрнинг тўқсонинчи йилларида “текшир-текширлар”, “чўз-чўзлар”, “узат-узатлар” Ҳайиталининг даргоҳларини ҳам четлаб ўтмаган. Айрим ишонган дўсту ҳамкорларининг хиёнатларини ҳам кўрди. Жиззадек куйиб, оловдай ёниб қолган пайтлари кўп бўлди. Чидади. “Майдонга тушган алп манг­лайини қашиламайдур”, деганди қабринг нурга тўлгур устоз адибимиз Одил Ёқубов.
Ҳаёт – шафқатсиз, дейдилар баъзан. Уни шафқатсиз қилгувчи нодонлигу жоҳиллик, кину адоват эмасми? Ҳайиталидан шулар ҳақида сўрадим. Инсоннинг жамиятдаги ўрни, масъулият юки ва ютуқлар шарафи, ёр-дўстлар қадри…
Ҳайитали айтди: “Дўст кулфатда билинади, деган нақл бор. Ҳақ гап. Лекин менга қолса айтар эдимки, чин дўст роҳатда – омадинг юришганда билинади. Нега? Бошига кулфат тушган одамга ҳамдард бўлиш, меҳр-оқибат кўрсатиш кўпнинг қўлидан келадиган иш. Лекин ўзганинг ютуғидан қувонишни ҳамма ҳам эплай олмайди. Ютуғинг барчага бирдек ёқавермайди. Ҳатто баъзан энг яқин ошнанг, жигаринг ҳам эришаётган муваффақиятларингни кўриб, кайфияти бузилиб кетганига гувоҳ бўласану ноқулай аҳволга тушасан. Тилида сени табриклаб, қутлаб тургани билан, ичида зил кетаётганини сезасан: “Нега бунинг ишлари гуруллаб кетяпти-ю, меники ўлда-жўлда?..” Бу жиҳатдан мен ўзимни жуда омадли одамман десам, ишонинг. Яхши кунимда ҳам, ёмон кунимда ҳам атрофимда доим садоқатли дўстларим, ҳамкасбларим кўп бўлган. Ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, ҳаммаси ана шундай инсонларнинг суянчи, ёрдами, маслаҳати ва дуолари туфайли”.
Мен уни мавҳумлик, маҳрумлик ва мағлубиятлардан асло чўчимайдиган йигит десам, сўзларимга ишонманг, лекин Ҳайиталининг некбинлиги, кўнглининг кенглиги, жўмардлиги синовлардан кўп ўтган.
Қурилиш компаниясини ташкил этиш аввалида деярли ҳамма ишни ўзи бажаришига тўғри келди. Кетмону белкуракдан то михгача қўлидан ўтказди. Бетон қорувчи машинани ҳам, минорали кранларни ҳам ўзи топди. Сувни ҳам ўзи гап­лашди. Бошқа чораси йўқ эди. Тендерда ютгани билан ҳамкору шерикларнинг ишончини қозониш шарт. Бизнеснинг бош устуни – ишонч. Бироқ муаллимдан чиққан ошпазга, ошпаздан чиққан қурувчига ҳамма ҳам дарҳол ишона қолмайди. Лойиҳани билмаса, тушунмаса. Кўп қаватли иморатларни шаҳарга келибгина кўрган бир “тоғлик бала” бўлса.
Мен ҳам ишонмаган бўлардим. Уринишлари-ю жидду жаҳдини “шунчаки тиртанглаш” деб, қўл силтаб кетардим. Ҳар қадамда учратиш мумкин бўлган қилни қирқ ёргувчи қурилиш компанияларидан энг синамолига бориб учрашардим.
Катта пул ўйнайдиган жойда бу ҳам табиий ҳол.

Тақдир котибининг ёзгани

Дарвоқе, дўст ҳақида гап кетар экан, яна Нормамат бобо ёдга тушади.
Агар гапга тўн кийдириб, самимий ва илҳом билан сўзлагувчилар мусобақаси бўлса, Нормамат бобо, шубҳасиз, биринчи ўринни эгалларди. Агар танишу нотаниш, эркагу аёл, кексаю ёш, соғу хаста – миллатидан, динидан қатъи назар – ҳамма-ҳаммадан ёрдаму маслаҳатини аямайдиган, йўл-йўриқ кўрсатишдан чарчамайдиган кайвониларнинг республика танлови ўтказилганида бош соврин Нормамат ҳожининг хуржунидан жой оларди!
Ҳожи бобо айтди: “Саксон тўртинчимикан ё бешинчими йил эди, аниғи ёдимда йўқ. Ҳар ҳолда, Ҳайитали ҳали мактабда эди. Отаси, Мамадали божамнинг бирдан мазаси қочди. Томири кесилган дарахтдай қуриб, дармондан кета бошлади. Рўзғори катта. Ётиб ейин деса, ортиқча нарсаси йўқ. Сайробдан Термизга опкелдик. Дўхтирлар у ёғидан ўтиб текширди, бу ёғидан ўтиб текширди. Қони билан пешобининг ийиғини чиқариб юборди – қани энди бирор қарорга келса, маслаҳатининг маъниси бўлса. “Тери силидан тахминимиз бор, – дейишди охири барака топкурлар. – Яна Худо билади”. Жаҳлим чиқди: “Худонинг билиши – ҳақ. Лекин жўяли фикр айтолмасанг, сен бу ерда номаъқул бузоқнинг гўштини еб ўтирибсанми!..” Юз – иссиқ. Ичимда айтдим буни. Бандасини ҳақ-ноҳақ изза қилиш, ранжитиш – гуноҳ. Тангридан ниятимизга кушойиш тилаб, поездга чиқдик. Тошкентда ҳам шу гап, шу тахмин. Сурункали даволашлардан наф йўқ. Божам қуриб, қақшаб кетаверди. Айтган гапи битта: “Уйимга кетаман”. Москвага олиб учдим. Яна текшир-текшир. Яна саргардонлик. Бир хонада йигирмага яқин оқ халат ўтириб маслаҳат қилди. Талашди, тортишди. Охири биттаси айтди: “Термизингнинг дўхтирлари тўғри топибди. Тери сили. Бундай касални даволайдиган балниса фақат Новосибирск шаҳрида бор. Ўша ёққа олиб бор”. “Тузалиб кетадими?”. “Бу энди дўхтири-ю касалига боғлиқ!”
Дўхтирларга кўпдан-кўп “спасибо”лар айтиб, эшикка қараб юрган эдик, олдимизда бир соя пайдо бўлди. Дев десам – одамга ўхшайди. Аёл десам – эркакка. Шу ёшга етиб, одамнинг урғочиси бундай баҳайбат бўлишини кўрмаган-билмаган эканман. Энағарнинг бўйи икки ярим метр келар-ов десам, ишонаверинг. Лекин иккидан ҳеч кам эмас. Бошидаги оқ қалпоғи шифтга тегай-тегай деб турибди. Нормамат бобонгиз у пайтлар ҳам чакана эмасди. Бўй десангиз бўйдан бор, эт десангиз – этдан. Давраларда олишиб, от миниб катта бўлган қорувли йигитмиз-да. Бироқ анавининг олдида қизалоқнинг қўғирчоғидай бўп қолдим-эй. Элликдан оша бошлаган. Ҳар бети чалоп ичиладиган товоқдай. Қовоғи осилган. Кўзининг ости билан ўқрайиб қарайди. Оқ халатман деганнинг ҳаммаси жойидан солдатдай сакраб туриб, тошдай қотди. “Эркак қип яратганида камида генерал бўлардинг, энағарнинг момоси”, деб турибман. Профессор экан. Ҳаммани зириллатаркан. “Та-ак, – деди момомиз. – Қани, биз ҳам бир кўрайлик-чи!” Божам бечоранинг кўзгиналари йилтираб кетди. Умид пайдо бўлди-да. Ҳеч эсимдан чиқмайди унинг шу жавдираган кўзгиналари. Новосибирскка бориб юргандан кўра, Сайробимга қайтиб, бола-чақамнинг олдида жон берай, деб зорланиб турган эди. Момонинг ўзи баҳайбат бўлгани билан, овози беҳад мулойим экан. Ўзини кўрмай, телпондан овозини эшитса, эркак кишининг этлари жимирлаб, қонлари кўпириб кетади-ёв. Уккағарга овоздан ҳам берган экан. Момомиз икки қўли билан аввал божамнинг бошини, бетларини, бўйинларини, ўмровларини обдан силаб-сийпалаб, эзғилаб чиқди. Қарасам, оқ халатман деганнинг бари киприк қоқмай турибди. “Энди қанотингизни ёзинг”, деди момо. Божам қўлларини ёзди. Дўхтир сийпалаб келиб, Мамадалининг аввал ўнг қўлтиғига қўлининг учи билан илкис бир туртди. Раҳматли “ваҳ!” деди. Сўнг чап қўлтиғига туртди. Яна “ваҳ!” деди. Жонгинаси оғриди-да. Яратганга тавалло қилиб турибман. Момо ортига бурилиб, кранда қўлини ювди. “Бўлди, – деди. – Онкология институтига жўнатинглар!”
Ана энди у ёқдаги сарсоналикни кўринг! Яна текшир-текшир. Яна чоп-чоп. Момонинг саратон деганича бор экан. Лекин касалхонада жой йўқ, дейишди. Ялиндим. Ёлвордим. Йиғладим. Сиқтадим. Қани энди нафи бўлса. “Ҳеч иложи йўқ. Тамом-вассалом! Тошкентингга опкет”. Дўхтирларгаям бир нарса деёлмайсан, эшикнинг олдида дунёнинг одами сарғайиб ётибди. Ҳамма миллатдан бор. Оҳ-воҳини эшитиб, салга ўзимнинг кўзимгаям ёш тўладиган бўп қолди денг. Во ҳасрат-о, ичаётган сувимиз шундай лойландики, шундай лойландики, асти қўяберасиз! Ётганда ҳам, турганда ҳам: “Эй Художон, – деб ёлвораман, – ҳамма беморларга, шуларнинг қаторида божам бечорагаям Ўзинг шифо бер!..” Бирдан йўлимиз очилиб кетди денг. Лекин чўнтак кавлашимга тўғри келди. “Устимдаги кўйлак-иштонимни сотиб, қипяланғоч қолсам ҳам сизни даволатаман, – дедим божамга. – Пул учун ғам еманг!” Бечора юм-юм йиғлайди. Кунидан берган бўлса, ҳали кўп яшайсиз, деб кўнглини кўтараман.
“Биз уч кишимиз, – деди Николай деган дўхтир йигит. – Уч юз берасан”. Мен айтдим: “Беш юз ол! Ҳалолинг бўлсин! Божамни тикка қип берсанг бўлгани!”
Николайжон ногиронларнинг бир аравачасини тўғрилаб қўйиб, гап ўргатди. Аравачага божамни ўтқизиб, эшикка қараб юрдим. Николай укам йўлимни тўсди. Мен дунёни бошимга кўтариб, ўрисча-ю ўзбекча, ора-сира тожикчани ҳам қўшиб, бақирдим: “Божамни бугун балнисангга қабул қилмасанг, ҳаммангнинг энангни Учқўрғондан кўрсатаман! Борадиган жойимга бориб, терингга сомон тиқдираман-да, Кремилга осиб қўяман!..” Шундай ўкирдим, шундай ўкирдим! Ичим дардга тўлиб кетган экан. “Кремиль”ни эшитиб, ҳаммаси югуриб чиқди. Николайжон қўрқиб кетган бўлди: “Бирор чора топмасак, бу одам ҳеч нарсадан қайтмайдиганга ўхшайди”. Эшик очилди. Йигирма кундан сўғин Термизга қайтганимизда божам самолётдан ўйнаб-кулиб тушди. Ана байрам! Ана томоша! Москвага уч марта опбордик. Бир ой-бир ойдан – уч ой кетдик. Лекин ажал келса, қайтариб бўлмас экан. Тақдир котибининг ёзгани бўлди: божам 1986 йилнинг кузида бандаликни бажо келтирди. Раҳматли тилло одам эди. Яхши кўрардим!..”

Туяга минган узоқни кўзлар

Мен унинг стратегик режалаштириш бўйича махсус курсларда ўқигани тўғрисидаги дипломини кўрмаганман, аммо амалга ошираётган ишлари билан танишиб, Ҳайитали тажрибали тадбиркор сифатида университетларда мазкур йўналишдан сабоқ берса, эл-юртимизга янада кўпроқ нафи тегарди, деган хаёлларга бордим.
Ҳайитали айтди: “Ишнинг кўзини билган тадбиркор доим беш-олти қадам олдинни ўйлайди: Туяни мину узоқни кўзла. Эртанинг талаб ва таклифи, нарх-навоси, имкониятлари қандай бўлади? Нималардан воз кечиб, қайси йўналишларни кучайтириш керак? Режали бошқариш бўйича махсус жамоа – ўзи ишонган мутахассислар билан маслаҳатлашиб чарчамайди. Компаниянинг келажагини аввалдан белгилаб олади. Жамоа эса ишнинг самараси учун жавоб беради. Вазифаларни тўғри белгилаш жуда муҳим. Мабодо, тадбиркор атрофидагиларни ўзидан кўра нодонроқ ва омироқ деган хаёлларга борса, ўзининг ҳам, компаниясининг ҳам ҳолига вой”.
У кўламни доим кенгроқ олишга уринади. 2012 йили “Тезкорқурилиш” компаниясини ташкил этиб, унга ўзи бош бўлганининг боиси ҳам узоқни кўзлаб, кўламни кенгроқ олиб амалга оширилган ишлардан бири. Ўзбекистон сўнгги йилларда улкан қурилиш майдонига айланди десам, янги гап айтмаган бўламан. Биргина Сурхондарёнинг ўзида узоқ муддатга мўлжалланган юзлаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундай улкан бунёдкорлик ишларидан четда туриш, уларга фаол ҳисса қўшмаслик – ўзини билган тадбиркорни ташвишга солиши табиий.
“Тезкорқурилиш” шиддат билан ишга киришди ва кўп ўтмай, воҳанинг энг йирик, энг ишончли компанияларидан бири сифатида довруқ қозонди.
Компания қурувчилари қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича бунёд этган замонавий уй-жойлар, шаҳарларнинг кўркига кўрк, чиройига чирой қўшаётган кўп қаватли уйлар, янгидан-янги ижтимоий соҳа объектлари: таълим даргоҳлари, шифохоналар, стадионлар, истироҳат боғлари, музейлар… Санаб адоғига етиш қийин. Оддий арифметикага таянадиган бўлсак, кўп қаватли уйларнинг ўзи ўнга яқин. Намунавий лойиҳали қишлоқ уй-жойлари эса қирқдан ортиқ. Бу – юзлаб оилалар, минг­лаб одамлар – аёллар, айниқса, болалар, қизлар, келинлар, оталар, оналар, кексаларнинг яшаш шароити кескин яхшиланиб, дилларига қувонч инганидан, орзу-умидлари барқ уриб, келажакка ишончи мустаҳкамланганидан далолатдир. Бу мамлакатимизнинг тинчлиги, осойишталиги, ободлиги, халқимиз фаровонлиги ва аҳиллигини мустаҳкамлашга замонлар оша хизмат қиладиган муҳим омилдир. Бу – ёрқин келажак сари йўналтирилган баракали сармоя, қурилган мустаҳкам кўприкдир!

Рағбат ва фароғат

Мен сайроблик йигитдан қисқа муддатда эришилган бу муваффақиятларнинг сирини сўрадим. У ўйланиб қолмади.
Ҳайитали айтди: “Бунда ҳеч бир сир, кўпиртириш йўқ. Асосий ютуғимиз қурилиш материалларини ўзимизнинг завод ва фабрикаларимизда ишлаб чиқараётганимизда. Бошқача айтганда, цемент билан кафелдан бошқа деярли ҳамма нарса “деҳқончилик”. Ишга киришишдан олдин жиддий тайёргарлик кўрдик. Ўнлаб турдаги бетон маҳсулотлари, ғишт, йўлак плиталари, эшиклар, дераза ромлари, сантехника жиҳозлари – ҳамма-ҳаммаси “Тезкорқурилиш” таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда. Техника паркимиз ҳам айни муддатда тўла шакллантирилди. Минора кранлари, юк, ёқилғи ва бетон ташувчи автомобиллар, бульдозер ва экскаваторлар шулар жумласидан. Бундай тайёргарликсиз қурилиш майдонига чиқиш ва “шерларнинг панжасига панжа уриш” маънили иш бўлмасди.
Ўзингдан чиққанга не етсин! Оддий мисол: бетон плитани олайлик. Бировнинг заводидан сотиб олсак, устамасини тўлашимиз керак. Ўртага воситачи фирмалар суқилса, янада қимматлашади. Ўзимизнинг корхонада ишлаб чиқарсак, бундай харажатлар ёнимизда қолади. Ўнлаб одамни доимий иш билан таъминлаймиз. Муқим иш жойига эга инсондан юмушнинг сифатини, муддатини талаб қилиш осон. Транспорт харажатлари ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Ўша бетон плитани қурилиш майдонига олиб келиш учун кимдандир автотранспорт, бошқасидан кўтарма кран, бировидан ёқилғи илтимос қилишга тўғри келарди. Қанча вақтинг, демак, нақдинг беҳуда кетгани сари, харажатлар кескин ошиб, гирибонингдан ола бошлайди. Бу, ишнинг сифатидан умидингни узавер, дегани. Натижада, харажатларни қисқартириш пайига тушасан. Чунки қурилиш сметаси, муддати деган қатъий талаблар бор. Уларга риоя қилишга мажбурсан. Алал-оқибат ноиложу ночорликдан сифати ҳаминқадар қурилиш материалларига кўз тика бошлайсан. Доимий ишлайдиган малакали ишчи-хизматчилар билан хайрлашиб, бугун бору эртага думини ушлатмай кетадиган мардикорларга кунинг қолади. Бундай шоввозлар ишни амал-тақал адо этиши маълум. Кўзингни шамғалат қилиб, қўлига илинган нарсани сотиб юборишдан ҳам тоймайди. Бошқа кунда-шунда умидворларни айтмасам ҳам бўлади. Хуллас, уй-жой, иморат қуриб, одамларнинг дуосини олиш ўрнига, қарғишига қоласан”.
Шу боис, дастлабки йиллари олинган деярли барча фойда бизнесни ривожлантиришга кетди: янги йўналишлар очиш, жиҳозу техника харид қилиш, мавжудларини янгилаш, таъмирлаш, ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, ишчи-хизматчиларни ўқитиш, ўргатиш… Сиртдан осон кўринади. Лекин ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Кўриниб турибдики, тадбиркорнинг бизнес бўйича махсус маълумотга эга бўлиши шарт эмас. Худо уни интилиш, теран нигоҳу зукколикдан қисмаган бўлса, бас. Таҳлилчилар ҳам шундай қарорга келишган. Юксак муваффақиятларга эришган нуфузли тадбиркорларнинг аксари олган таълимнинг бизнесга ҳам, иқтисодиёту молияга ҳам алоқаси йўқ. Дейлик, бизнеснинг янги йўналишини очиб, унга инвес­тиция йўналтиришга аҳд қилсангиз, бунда сизга махсус маълумоту катта тажрибага эга мутахассислар ўзи кўмакка келади.
Шунга қарамай, илғор тадбиркор мудом изланишни бурч-вазифа деб билади. Ўқишдан, изланишдан тўхтаган куни бизнесидан барака кетишини англайди. Айниқса, шитоб билан ўзгараётган ҳозирги даврда бу жуда муҳим. Шу боис Ҳайитали бизнес-семинар дейсизми, йирик кўргазмалар дейсизми, ҳаммасида қатнашишга ҳаракат қилади.
Мен уни зироатчиликнинг ҳадисини олган соҳибкор дея олмайман, лекин интенсив боғи-ю, полизларидан кўтарилаётган ҳосилнинг таъми хорижда ҳам татиб кўрилаётганидан хабарим бор.
Аҳли қалам хуш кўрмайдиган нарса шуки, иложи бўлса, уни четлаб ўтса: факт ва рақамлар. Оёқ-қўлингни боғлаб, қолипга солиб қўяди. На эмин-эркин фикрлай оласан, на кўнглинг кўлчиб ёзасан. Жимжимадор рақамларни ҳисобчи-ю статистларга чиқарган. Лекин бу гал менинг қаламим қоғоз узра суворининг тўриғидек йўрғалаб кетди: интенсив боғ билан гулга кирган пахта қизғин парваришда бўлса, эртапишар тарвуз билан шовуллаган ғалла саранжомлаб бўлинган. Бунга сув ҳавзаларида урчиб ётган “кумуш қушлар”ни қўшсангиз, Ҳайитали Алламуродовнинг қишлоқ хўжалик соҳасидаги фаолиятига оид тасаввурингиз янада бойийди. Ҳавзадаги балиқларнинг олди етилган. Қолгани ҳам емишини еб, семириб келаётир. Қаров зўр! Энди шунча маҳсулотга эга чиқадиган тадбиркор қишин-ёзин салқингина бўлиб турадиган омборхонани унутиши мумкинми? Унисидан ҳам бор: 500 тоннани кўрдим демайди.
Навбат – паррандачиликка.
Иш ана шундай – пишиқ-пухта ва режали ташкил этилган жойда муваффақият, меҳнатнинг самараси, заҳматнинг роҳати ҳақида гап очилса ярашади. Фойда-ю барака, обрў-эътибордан умид қилса бўлади. Қайд этилган рақамлар замирида неча ўнлаб одамларнинг заҳмати мужассам. “Оч қорним – тинч қулоғим” деган ақидага сўнадек ёпишиб олган баҳонапарастларга бундай ширин ташвишлар бегона. Улар соя-салқинда “қорнини қашиб ётганида” ҳайиталилар тиришиб-тирмашади, йиқилиб-суринади, лекин тинимсиз ҳаракат қилади. Бундай кезларда қаршисидан чиққан муаммонинг ўзи уларга қувват бағишлайди. Уни ҳал этишдан фароғат туяди. Бошқалар кулфат сифатида қараган кўргиликни улар рағбатга айлантира олади.
Мен Ҳайитали болалигидан тадбиркор ва бой-бадавлат бўлишни орзу қилар эди десам, сўзларимга жиндек ёлғон аралашган бўлади, бироқ у ҳар бир ишни тадбир билан бажаришга гўдаклигидан ўрганган, ўргатилганига аминман.
Бу – ноёб кўникма, кам учрайдиган фазилат.
Овруполик фозиллар ёзмишларки, аҳолининг бор-йўғи ўн фоизидагина тадбиркорлик иқтидори бўлади. Шу ўн фоизнинг аксари йигирма бешга тўлиб-тўлмаган йигит-қизлар. Бу ёшда нафақат билакда куч, вужудда ғайрат, орзу-ниятда ранг-баранглик, балки дунёни ўзгартириб юборишга катта ишонч ҳам бўлади. Таваккалчилик, некбинлик, жўмардлик, тажриба-ю синовлардан таптортмаслик кўпроқ шундайларга хос. Чунки “юки енгил”. Зиммасида ҳали оила, рўзғор ташвиши йўқ. Ҳали раъйи қайтмаган, шохи синмаган. Ҳаммаси кейин қийинлашиб бораверади.
Тадбиркорман деганни гапга солиб кўринг. Бирортаси ўз ишини осон дермикан. Маза қилиб яшаётганидан мақтанармикан. Йўқ. Лекин бир иш қилишдан кўра, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олиб ўтиришни афзал биладиганларга, умрида ақалли товуқкатак қурмаган, бировнинг қўлига обдастада сув қуймаганларга номдор тадбиркорлардан гап очсангиз, ўйлаб-нетиб ўтирмасдан, беписанд қўл силтайди: “Фалончими? Омади келган. Отаси ёрдам берган, энаси маблағ ажратган, тоғаси қўллаган. Қайнотаси сийлаган…” Аҳли тадбиркорни ўғрию муттаҳамга чиқариб қўйишни хуш кўради. Аслида ботинига дурустроқ назар солсангиз, танбалнинг заҳматкашга, камбағалнинг бадавлатга ҳасадини кўрасиз.
Ҳайитали айтди: “Тадбиркор, энг аввало, масъулият дегани. Айтган сўзинг, бажарган ишинг, берган ваъданг учун жавобгарлик масъулияти. Худо кўрсатмасин, мабодо, корхонамда ишлайдиган ходимларга икки ой маош беролмай қолсам, ҳолим нима кечишини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат. Бир умрлик меҳнатим, тоат-ибодатим куйиб кетади. Бизнес ҳамкоримдан пул олиб, маҳсулот ёки хизматни талабдаги даражада ва вақтида адо этолмасам-чи? Қаергача бора оламан? Судгачами? Кейин менга, компаниямга ким ишонади? Бундай вазиятда ҳар қандай бизнес синади. Тадбиркорлик – зўр ишонч, темир интизом дегани”.
Руҳий зарба, омадсизлик, ишнинг юришмаслигидан ҳам ҳалол тадбиркор катта наф кўради. Хатосини омадга, омадини эса сармояга айлантиради. Чунки чиниқади. Кўзи пишади. Хатоси, эътибор бериши шарт бўлган, лекин тажрибасизлиги, вазиятнинг ўзгариши сабабли назардан қочирган жиҳатларга кўзи тушиб, нигоҳи теранлашади. Ҳушёрлиги ортади. Ўқийди, ўрганади. Ишнинг мудом юришиши, омаднинг доим кулиб боқиши, хотиржамликка берилиш бизнеснинг ривожига эмас, касодига хизмат қилади. Ўнгидан келмаган иш ҳушёрликка, атрофга теранроқ қарашга, босган қадаминг, амалга оширган лойиҳанг, муомалангни таҳлилу тадқиқ қилишга ўргатади. Қаерда, нимада хато қилдим? Қандай йўл тутсам, тўғри бўларди?
Бундай саволлар-тадбиркорнинг доимий ҳамроҳи. Қўй, бу ишни эртага ҳал қиларман. Бугунча оёғимни узатиб ухлай, деган илинж – хато. Хатолиги шундаки, эртанги кун нари турсин, икки соатдан кейин кеч бўлиши мумкин. Кеч қолиш – пул, сармоя кетди дегани. Минг, балки миллион, эҳтимол миллиард! Кимнинг уйқуси келади бундай лаҳзаларда? Ким яйраб дам олади? Дам оладими, ҳолига вой. Демак, унинг эски замондаги шоп мўйловли колхоз раисларидан фарқи йўқ экан: “Пахта теримига юқоридан имдод бўлса киришамиз!”

Яратганнинг инъоми

Мен уни пулнинг устида тикка турадиган хасис дея олмайман, аммо маблағини орқа-олдига қараб, тежаб-тергаб, оқилона тасарруф этишини биламан.
Тадбиркорнинг энг катта душмани нима, деб сўрадим.
Ҳайитали айтди: “Нафс! Бозорга чопган бой бўлмас. Ҳашамдор уй, ялтир-юлтир машина, қимматбаҳо тақинчоғу безакларга ружу қўйилган жойда бизнес ўлади. Ўлмаса, етим қолади. Кимки, фақат бойлик орттириш учун бизнесга қўл урса, ибтидосидан интиҳосигача маълум – касод. Мен нафс инсоннинг душмани десам, куласиз. Кулиб, балки, тўғри қиласиз. Чунки миллион йиллик, сийқа гап. Бизнес бу – ижод. Ўзингни топишинг, ўзгаларга фойда келтиришинг, бу тўрт кунлик дунёда эзгу ишларинг билан яхши ном қолдиришинг. Сизга балки баландпарвоздек туюлар. Бугун фалон сатр шеър ёзиб, фалон минг маблағ ишлайман, деган шоирни кўрганмисиз? Агар бу ёруғ оламда шундай қаламкаш бўлса, унинг ижоддек илоҳий туйғуга асло дахли йўқ. У маҳсулотига ҳеч ким бурилиб қарамайдиган жўн ва омадсиз косиб. Ишнинг кўзини билган тадбиркор топган маблағини шахсий эҳтиёжларини қондиришга эмас, энг аввало, бизнесини ривожлантиришга сарфлайди”.
Энди меҳнат жамоаси ҳақида гапириш фурсати келди. Уни тўғри шакллантириш – муваффақиятнинг боши. Эсингиздадир: “Ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади!” деган гаплар бўларди. Сиз суянадиган ва миллионлаб маблағингизни ишониб топширадиган одам, энг аввало, имонли ва ишнинг кўзини биладиган бўлиши керак. Айтадиларки, бизнес билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, аввал йўналишни белгилаб олинг: қайси соҳада фаолият юритмоқчисиз? Ҳайитбойнинг бу борада омади келган. Қўлидан иш келадиган ошна-оғайнисининг кўпи қурувчи-ю меъмор экан. Маслаҳат солди. Маъқул. “Тезкорқурилиш” компаниясини ташкил этишдан олдин, ўйинбошига ресторанни таъмирлаган бўлишди. Дуруст. Кейин янги тўйхона қурилишига қўл урилди.
Баъзан аввалги тажриба, муваффақият билан амалга оширилган иш, лойиҳага бутунлай тескари, ҳатто “куракда турмайдиган” вазифаларга бориб тақалади. Масалан, пахта-ю ғалла экиш. Боғ яратиш, балиқчилик. Бу таклифларни эшитиб, тили калимага келмай қолганлар бўлди: бу йигитнинг эси жойидами? Умри шаҳарда ўтаётган тадбиркорга чўлда нима бор? Бундан кўра, бутун кучини, маблағу салоҳиятини бир йўналишга – қурилиш-таъмирлаш ишларига йўналтиргани афзал эмасми? Баҳс-мунозаралар, тортишувлар, ҳатто аччиқ-тизиқ гаплар ҳам бўлди. Лекин Ҳайитали фикрида қолди. Замоннинг шиддати, ўзгаришлари шундайки, битта товуқнинг катагига кўз тикиб қолмайлик, деди. Қурилишдан бўлмаса – боғдорчиликдан, боғдан бўлмаса – тоғдан, балиқдан бўлмаса – товуқдан. Ошхона билан ёқилғи қуйиш шохобчалари ўз йўлига. Кимки ишнинг, мўлжалнинг тўғрилигига ишонмаса, қадамингизга тўғоноқ бўлаверар экан. Ғингшийверади: “Айтмаганмидим?..”
“Ундай ходим билан хайрлашган маъқул”, дейди тадбиркор.
Бизнесдан мақсад – моддий рағбат, албатта. Лекин бу кайфият узоққа чўзилмайди. Кейин қилаётган ишларингдан ҳузур туйиб, маънавий-руҳий қувват ола бошлайсан. Мана бу маҳобатли иморатни, анави чиройли уйни мен қурганман, дейсан ичингда. Завқи бўлакча. Сурури бўлакча.
Ҳайиталининг тасарруфидаги фирмаларга давлат идораларидан, нефть ва газ компанияларидан ҳам кадрлар келди. Нега? Чунки, Ҳайитали уларга катта маошдан ҳам кўра, кўнглига яқин иш, мансаб пиллапояларидан ўсишни, бизнеснинг сир-синоатларини ўрганишни таклиф қилди. Оқибатда кўплаб йигит-қизлар ғайрат-шижоат билан ишга киришди. Ўрганди ва кейинчалик ўзларининг мустақил бизнесини ташкил қилдики, Ҳайитали уларга ҳам моддий, ҳам руҳий кўмак берди. Рақобатчиси бўлса ҳам. Қайсики тадбиркор фақат ўзини ўйласа, фақат ўзининг орзу-умидлари билан яшаса, узоққа бора олмайди. Мулк бир ёки бир неча кишиники бўлгани билан унинг яратувчиси, барака киритувчиси кўпчилик. Жамоа. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас. Ҳозир Сурхондарёда ўнлаб қурилиш компанияси фаолият юритмоқда. Бирлари йирик, бошқалари ихчамроқ. Лекин аслини олганда, ҳаммасининг мақсади битта – бунёдкорлик, тез ва сифатли қуриш.
Сурхон йигитининг ҳаёти ва фаолияти, қадриятларга муносабатини ўзимча тадқиқ қилганимда, аввало, саломатлигини ўйлаши, оилапарварлиги, фаровонлик, дўстлар давраси, эминликни қадрлашини сездим. Ҳайиталининг иш кабинети прорабнинг хонасига ўхшайди. Қабулхона, котиба, ёрдамчи каби лавозимлар нисбий тушунчалар. У ходимларнинг деярли ҳаммасини – бўёқчи-ю сувоқчидан тортиб директоригача танийди. Бош директорнинг қабулига кириш учун аввалдан навбатга ёзилиш шарт эмас. Истаган ходим хоҳлаган пайтда, эшикни тақиллатмасдан кириши ва дардини, фикрини айтиши мумкин. Бош директор уларнинг гапини сабр билан тинглайди. Ёрдам беради.
Ҳақиқий иш одамининг кўнгли кенг, сабри метин ва қатъияти мустаҳкам бўлади. Чунки режалаштирилган иш, янги лойиҳа дарҳол самара бермаслиги мумкин. Бунда ҳар бир ишда бўлгани каби сабр керак. Баъзан шундай бўлади: тендерда ютиб чиқасан, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр. Марҳамат, ғайрат камарини маҳкам боғла-ю қурилишни бошла. Ҳамма сенга кўз тикиб турибди. Худди шундай пайтда кутилмаган муаммо пайдо бўлади – маблағ йўқ. Банк ажратиши лозим бўлган кредитдан дарак йўқ. Кўпчилик билан битадиган ишларда бундай ҳодисалар учраб туради. Нима қилиш керак? Ҳайитали узоқ ўйлаб ўтирмасдан барқарор “сут бериб турган соғин сигирлари”дан бири – ресторанини сотади. Одамлар маош олиши, объект муддатида топширилиши керак. Бу ёқда, компаниянинг обрўси, нуфузига етадиган маънавий зарарни ҳам назардан қочирмаслик лозим: тендерда ютиб, “судралиб юрган” қурилиш ташкилоти билан ким ҳамкорлик қилади?!
Бақириқ-чақириқлар ҳам бўлиб туради. Беш қўл баравар эмас. Сен ишонган одам, ҳатто жигаринг, бир куни қарасанг, ишнинг пачавасини чиқарган. Мен ишга раҳбар бўлдим, деб ўзидан кетиб қолади. Димоғида – қурт, иягининг тагида – хода. Салом берсангиз, аранг алик олади. Бундайларнинг, туғишганинг бўлсаям, дарҳол баҳридан ўтилади.
Илгари одамлар тадбиркорликни ўз ҳолича, билганича ўрганган. Қоқилиб-суринган. Лекин бугун давлатимиз мазкур соҳага жуда улкан эътибор қаратмоқда. Минглаб-миллионлаб одамларга бизнес учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Кеча кредит сўраб борсангиз, қўлингизга қарайдиган банк ходимлари бугун уйма-уй юриб, хизматини таклиф этмоқда. Кеча “сан”лаб турган амалдорнинг қўли кўксида: “Тадбиркор бўламан десангиз, марҳамат! Ёрдам – биздан, ғайрат – сиздан! Пишагингизни пишт деганни бизга айтинг!”
Ҳа, тадбиркорликни ривожлантирмасдан мамлакатни тараққий эттириб бўлмайди. Янги ғоялар, янги одамлар, янги тадбиркорлар кириб келмоқда. Улар нафақат ўз бизнеси ривожига, балки бутун мамлакат келажагига хизмат қиладиган ёшлар – замонамиз қаҳрамонларидир!
Ҳамма шеър ёзади, лекин ҳар ким ҳам шоир бўлолмайди. Ҳамма спорт билан шуғулланади, лекин чемпионлик шоҳсупаси саноқли одамларгагина насиб этади. Кўпчилик ўзини бизнесга уради – тадбиркор чиқиши қийин. Тадбир билан иш тутишни билмайди. Раҳбарлик, кайвонилик, донишмандлик иқтидори етишмайди. Тадбиркорлик ҳам Яратганнинг инъоми.

Бизнес ва кўнгил кўчалари

Мен уни олам сирларидан воқиф файласуф дея олмайман, бироқ мол-давлат, мансаб-мартаба, шон-шуҳрат, ўйин-кулги – фоний дунёнинг барча неъматлари ўткинчи нарсалар эканини англаб етганига шубҳам йўқ.
Ундан бизнес, қариндош-уруғ муносабатлари, бурч ва ҳаё ҳақида сўрадим. Ёнингда пулинг кам бўлса, чидайсан. Иложинг йўқ. Давлатинг ошгани сари, кўнгилнинг кўчалари ҳам кўпаяверади. Икки ҳолатда ҳам осон эмас, албатта. Сармоясининг миқдори билан қизиқдим.
Ҳайитали айтди: “Бизнес қариндошга ҳадя этиладиган тўёна ҳам, хайрия жамғармасининг эҳсони ҳам эмас. Бир киши ёки ўзаро шерик бир неча кишининг мулки бўлса-да, унда кўпчиликнинг, бутун жамият аҳлининг насибаси бор. Бу насибани кўпайтириш, унга барака эндириш, энг аввало, бизнес соҳибига боғлиқ. Умидвор эса кўп. Баъзан эзилиб ҳам кетасан киши. Ҳаё – ўзганинг камчилигини кўрмасликка олиш. Биров сизга ишониб айтган сирни бошқага очмаслик. Майизни майиз дейверсангиз, камаяди. Мен мулкимизни ҳеч қачон пулга чақмайман. Баракаси учади”.
Ҳайиталининг Термиз кўчаларида сайр қилиб юрганини кўриб қолсангиз, қишлоқдан келган муаллим бўлса керак, деб ўйлайсиз. Мабодо ҳашаматли рестораннинг чеккароғида жимгина тамадди қилаётган сохт-сумбати келишган йигитга кўзингиз тушса, эътибор бермаслигингиз мумкин. Лекин шу камсуқум одам мазкур емакхона хўжайини, ресторан эса неварасининг номи билан аталиши хаёлингизга келармикан: “Фаридун”.
“На бир ҳашам, на бир виқор!”
Маҳобатли ва сифатли иморатлар қуриши билан назарга тушган бинокорнинг уйини, яшаш тарзини кўриб, шу гап хаёлимдан ўтди. Бошқачароқ манзарани – хонларнинг саройини эслатувчи ҳовли-жой, подшоларнинг қасрларига монанд жиҳозлар, қиролларнинг дастурхонидан улгу олган таомларни тасаввур қилган эканман. Акси бўлиб чиқди: ҳаммаси одми, содда, самимий… Қадим шаҳардаги бошқа минглаб ҳовлилардан, оилалардан фарқи кам. Йирик сармоядорнинг айни тутумидан бир ҳикматни англагандай бўлдим: “Бу рубъи маскунда бир коса ёвғону бир тўшам кўрпачага ҳам қаноат қилиб яшаса бўлади”.

Қайнотанинг тупроғи

“Куёвни қайнотанинг тупроғидан оладилар”.
Унинг қайнотаси – Абдужаббор Ҳасанов айтишларича, ишнинг жиловини қўлига олган, танти ва баракали инсон, кураги ерга тегмаган полвон ўтган. Алп­лар сулоласининг кенжа вакиллари – беш ўғлининг довруғи узоқларга кетган: ака-укаларнинг барчаси чемпионлик шоҳсупасини безаган. Билганлар яна айтадиларки, Ҳайиталига қайнотасидан кўп фазилатлар – бағрикенглик, меҳнаткашлик, қўли очиқлик, айниқса, қут-барака юққан. Ошхонада капгирини ўйнатиб юрган сайроблик йигит Абдужаббор полвоннинг қизи Саломатга кўнгил қўймаганида, балки бугунги шарафларга эришмас эди. Балки фарзандлари отасидек меҳнаткаш, онасидек зеҳнли бўлиб вояга етмас эди. Йўқ, булар – гапнинг кавшарига айтилаётган мулозамат эмас. Мана, хулосани ўзингиз чиқаринг: тўнғичи Муҳаммадали бугун “Тезкорқурилиш”да ишчи. Қизи Ситора – уй бекаси. Иккинчи қизи Нилуфар темирйўл муҳандислари институти талабаси бўлса, кенжа ўғли Шаҳзод – ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.
Барчаси Ўзбекистонда!
Улар хориждаги нуфузли ўқув юртларида таълим олиши, ажнабий компаниялардан ўзларига аллақачон “иссиқ жой” топиши, “отасининг даврида” ялло қилиб юришлари ҳам мумкин эди. Яна ўша савол: юрганлар камми? Ялло – давлатмандлар ўртасидаги мангу урф, киборлик муҳри-ку. Ўйнаймиз деса, отасининг дасти кўп узоқларга ва кўп неъматларга етади. Лекин менинг ҳавасимни қўзғаган фарзандларининг фақат камтарлиги-ю камсуқумлиги эмас. Рангпаргина бир йигитчанинг дастурхон бўйида мудом соядек шарпасиз юргани ва тургани. Мен уни замонавий сервис ва этикетни сувдай ичиб юборган дипломли мутахассис, киборлар хонадонида хизмат қилавериб кўзи пишиб кетган тажрибали мулозим деб ўйлабман. Қарангки, кенжатойи Шаҳзод экан.
Ҳайитали қайнотаси Абдужаббор полвоннинг табаррук тупроғини тўтиё қилиб яшаса арзийди.
Беихтиёр солиштира бошлайсан. Бехосдан меҳмон келса, хонадони бўри оралаган қўтондек изиллаб қоладиган оилалар эсга тушади:
“Эшмат, меҳмоннинг қўлига сув қуй!”
“Онаси, сочиқ қани?.. Сочиқ деяпман, кармисан?”
“Тошмат, қаёқдасан? Чойни қалпоғимизга қуйиб ичамизми? Пиёла қани?..”
Бу ҳам бир оила, рўзғор, тутим, маданият, тарбия.

Кўпнинг дуоси кўл бўлур!

Мен уни тоат-ибодатга берилган художўй дея олмайман, чунки улфатлар даврасида “кўпдан қолмагани”га гувоҳ бўлганман, лекин етказган ҳар бир неъмати, кўрсатаётган ҳар бир ёруғ куни учун Яратганга беадад шукроналар айтиб яшашига ишонаман. Мен уни замонамиз Ҳотамтойларидан деб алқашдан тийиламан, лекин мусулмон фарзанди сифатида хайру саховат кўчасидан қадами узилмаслигини яхши биламан.
Агар Ҳайиталининг бунёдкорлик фаолиятига оид ёрқин альбом тузиш ихтиёри менга берилса, ўша рангли тазкирага соҳиби сармоя қурган ва қураётган бири-биридан кўркам кўп қаватли тураржойлар, қишлоқлар аҳлига тақдим этган, этилаётган замонавий уйлар, тасарруфидаги заводлар, фабрикалар, стадионлар, гузарлар, тамаддихоналар, парвариш этаётган боғлари, балиқлари урчиб ётган ҳавзалари, тарвузлари тилни ёрувчи полизлари, ғўзалари шоналай бошлаган пахтазорлари, серҳосил ғаллазорларининг расмларидан олдин она қишлоғи Сайробнинг энг баланд жойида кўшк каби ярқираб турган жоме масжидининг суратини қўйган бўлардим.

Бугун вилоят ва туман марказларида яшовчилар ҳам, атроф-жавонибдаги бошқа кенту қишлоқлар аҳли ҳам мингга яқин тақводорни бағрига олишга қодир ушбу янги масжидда ибодат қилиш шарафига муяссар бўлганига шукроналар айтишади. Бутун Сурхондарё ва Қашқадарё воҳасида бундай маҳобатли, кўркам, кенг ва қулай масжидни учратиш қийин, деб далолат қилишади. Оллоҳнинг уйини қурган Ҳайиталини, унинг ота авлод, она авлод барча хешу ақраболарини дуолар қилишади.
Шу гўзал иморатдан берироқда замонавий шифохона, у ерда малакали шифокорлар, зарур жиҳозлари, гижинглаган тулпори – “Тез ёрдам” машинаси билан ишлаб турибди. Хасталикдан ҳам кўра йўл азобидан кўпроқ азият чекувчи сайроблик беморларнинг энди кўнгли тўқ: шифохона ёнларида. Уни бунёд этиш ниятини ҳам Худо шу эл фарзандининг дилига солган. Бу ният унда балки отаси Мамадали ака узоқ вақт оғир дарддан азоб чекиб ётганида, оддий бир дори, эмловчи ҳамширанинг хизмати учун ҳам шаҳарга чопганларида туғилгандир, балки раҳматли онаси шаҳарда яшашни истамай, Сайробда қолганида хавотирга тушган меҳрибон ўғилнинг кўнглидан кечгандир.
Шифохонадан берироққа юрсангиз, мўъжазгина стадионга кўзингиз тушади. Тоғу тош, ўнқир-чўнқир, метиндан қаттиқ заминни эпақага келтиролмай, келтирса, торлигидан тўп теполмай “димиқиб кетган” ёш-яланг, катта-кичикнинг ям-яшил майса тўшалган теп-текис, куну тун ёп-ёруғ майдончада завқланиб копток суришини кўринг! Ҳамқишлоқ акаларининг алқашлари-ю дуоларини эшитинг!
Булар – Ҳайитали ўз она қишлоғи Сайробда амалга оширган хайрли ишларнинг айримлари. Бу рўйхатга унинг Сурхондарё вилояти, бутун Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида хайру саховат йўлида қилган ва қилаётган ишларни қўшсак, катта китоб бўлар эди.
Кўпнинг дуоси кўл бўлур!

Жамият аҳлининг насибаси

“Бизнесда бутун жамият аҳлининг насибаси бор!”
Буларнинг барчаси ўша насибанинг амалдаги кўринишлари эмасми? Энди уларга Ҳайиталининг тасарруфидаги корхона ва хўжаликлар, муассаса ва идоралар тўлаётган миллиардлаб солиқ ва бошқа тўловларни қўшинг. Юзлаб, минглаб ишчи-хизматчилар олаётган маошу мукофотларни қўшинг.
Ҳайиталининг бизнеси кушойиш топаётган, уни бало-қазолардан Ўзи асраётган бўлса, бу миннатдор қалбларнинг дуолари туфайли эмасми!..
Ҳайиталининг кечмиши, қадам олиши, сарфу тасарруфи бошқачароқ ҳам бўлиши мумкинмиди?
Албатта-да.
Масалан, қайси бир давлатда пайдо бўлган нефтфурушу газфуруш корчалон сингари топган-тутганига ўнлаб қимматбаҳо автомобиль сотиб олиб, авомнинг кўзини ўйнатишга ва ҳашамдор гаражлар қуришга ружу қўйса нима қилардингиз?! Сўнг бир юз йигирма беш машинасига икки юз эллик ҳайдовчи, ўнлаб мулозиму қўриқчи, ошпазлар ёллаб, “Ҳа-ё ҳуйт!” деб узоқ сафарга отланса-чи?! Оврупонинг остонасига етганида юзлаб метрга чўзилиб кетган автомобиллар карвонини кўриб, шошиб қолган чегарачилар “Йўл бўлсин, бовурим?” дейишга ҳам тили бормай қолса-чи? Карвонбоши “Парижни ўз отимда айланиб шиқмесем ўлемен!” деса-чи, не ҳолга тушар эдингиз? Яйраб-яйраб кулармидингиз? Ё номуслардан ерга кириб кетармидингиз? Ё алқаб дуолар қилармидингиз? Сизни билмадим, менинг гапим тайёр: “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг!”

Баҳрамандлик

Мен унинг навқиронлиги мустақиллик йилларига эмас, мустамлака замонига тўғри келганида, тақдири қандай кечар эди, деб ўйладим ва қизиқ-қизиқ жавоб­лар топдим.
Аввало, унинг тадбиркорлик иқтидори ва салоҳияти рўёбга чиқмасдан, Бойсуннинг қирларида қолиб кетарди. Нари борса, бирорта ресторанга директор бўлиб, ўша замоннинг машҳур “қўли текканнинг оғзи тегар” деган ақидасига амал қилишни, хўрандаларнинг ҳақидан уришни ўрганиб оларди, эҳтимол. Балки ўзига ҳашамдор уй қуриб, машина ҳам оларди. Лекин хусусий заводи, фабрикаси, ресторани, ёқилғи қуйиш шохобчалари бўлармиди? Масжид, шифохона, стадион қургани учун ҳамқишлоқлари ўз дуоларида унинг, раҳматли ота-онаси, устозларининг номларини такрор ва такрор тилга олармидилар? Ҳозирда бўлгани каби ўнлаб корхонани тасарруф этиш, юзлаб одамларни иш билан таъминлаш, давлатнинг, жамиятнинг ишонган тоғлари – тадбиркорлар сафида бўлиш саодати насиб этармиди?
Комил ишонч билан айтаманки, Ҳайиталининг ва катта-кичик бошқа тадбиркорларнинг, аҳли Ўзбекистоннинг бахти – мустақиллик шарофати билан яратилган ва яратилаётган улкан имкониятлар, кенг шароитлардан баҳраманд бўлиб яшаётгани, таълим олаётгани, меҳнат қилаётганидадир.

Жайдари фалсафа

Сайроблик тадбиркордан яна сўрадим: Сизга панд берадиган камчилигингиз борми?
Ҳайитали хўрсинди: “Бор! Инглиз тилини яхши билмаслигимдан эзиламан. Беқунтлигим қурсин, хорижий тилларни пухтароқ ўрганганимда, компаниямизнинг экспорт салоҳияти янада ошган бўлармиди”.
Сезиб турибман, сизнинг ҳам бўш келгингиз йўқ: “Ортида иш ўргатиб турувчи қандайдир раҳнамоси, устози бордир-да. Йўқса, бир йигитнинг бунча маблағни топиши, топгач, жой-жойига қўйиб тасарруф этиши осон гап эканми?!”
Хўп, ана, сиз айтганча ҳам бўлсин: раҳнамоси, устози, пири комили бор дейлик. Бўлса-чи? Нимаси ёмон? Ҳаётда кимнинг меҳрибон раҳнамоси, талабчан устози йўқ, бўлмаган? Бу дунёда ҳеч ким осмондан оёғини осилтириб тушмайди. Ҳаммамиз кимларнингдир кўмаги, маслаҳати, йўл-йўриғига таяниб ва суяниб, оёққа турганмиз. Турамиз. Устоз кўрмаган шогирд қандай мақомларга йўрғалаши маълум.
Ие, бахайр, тўхтанг-чи бир! Нега мен ҳадеб Ҳайиталини, ўзимни ва сўзимни оқлашга тушиб кетдим? Давлат ва жамиятни қўя турайлик, лоақал ўз ота-онасига шараф, наф келтириш, қартайганида суянчиқ бўлиш ўрнига, улар бир умр мисқоллаб йиққан обрў-эътибор, мол-мулкни бир кунда совуриб, қиблагоҳларини гадога айлантириб ташлаётган фарзандлар йўқми?! Ишлаш, меҳнат қилиш, пул топиб, рўзғор тебратиш ўрнига, нафақат ўзи, ҳатто бола-чақаси ҳам, кекса ота-онасининг арзимас пенсиясига шерик бўлиб ўтирган чавандознинг отидек соғлом, ҳинднинг филидек бақувват йигит-қизларни кўрмаганмисиз?!
Илоҳим, ҳеч кимга кўргилик қилмасин! Балки мени қўлимга қалам олишга ундагани ана шундай азобли ўй-кечинмалар, аламлардир! Балки Ҳайиталидек меҳнаткаш, камтарин, топарман-тутарман, илмли, билимли йигитга, уни камолга етказган ота-онаси, устозлари-ю раҳнамоларига бўлган инсоний бир ҳавасдир! Ким нима деса десин, лекин бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: ҳамма ҳам Ҳайитали бўла олмайди! Ҳамма ҳам Сурхоннинг шу камсуқум фарзандидек ўнлаб корхоналарга, юзлаб, мавсуми келганида, минглаб одамларга бош бўлиб, бирни ўнга, ўнни туманга, туманни миллион ва миллиардларга айлантира олмайди.
Эл-юртимиз, давлатимизнинг куч-қудрати Ҳайиталидек қут-баракали инсонлар, тадбиркорлар туфайлидир. Ҳайиталининг, ҳайиталиларнинг Раҳнамоси кимлигини жуда-жуда билгингиз келаётган бўлса, айтай: Кўқда – Худо, Ерда – Ўзлари!
Юрт Оғаси айтадики, “тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кечаю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор бу ҳақиқий фидойи инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман”.
Бу ҳақ гапга, тилакка, орзуга қўшимча қилиш менинг қўлимдан келмайди.
Қўлимдан келгани шу – олқиш ва дуо: ишингизнинг баракасини бераверсин, Ҳайитали бой!

“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 8-сон