Ориф Ҳожи. Оппоққина қушгинам (ҳикоя)

Ёлғиз қушни, ирим қилиб,
отмас мерганлар…
Халқ достонидан.

Мустафо севиб уйланди. Ҳарбий хизматдан елкалари тўлишиб, мускуллари шишиб қайроқдек йигит бўлиб қайтдию қишлоққизларини бирма-бир назардан ўтказа бошлади. Унинг лочин кўзлари шу йил ўнинчини тугатган Гулюзда тўхтади.
Гулюз сулув қиз. Ўртабўй. Тўлишган юзлари Самарқанднинг ширмой нонидек. Ҳилолий бахмал қошлар остидаги бир жуфт чўғ юракларни ўртайди. Узун-узун қуюқ киприклари нозик қайрилиб, гул қабоқларга тиғўқталади…
Хуллас, Мустафо ошиқ бўлди, Гулюз маъшуқа. Эрта баҳорда бошланган ишқий достон муқаддимаси Мустафонинг неча-неча бедор кечалари эвазига, мактаб ёшига етмаган сингилча тинмай ташиган ишқий мактублар ва ниҳоят амма-холанинг ёрдами билан кеч кузга бориб якун топди. Тўй бўлди. Гулюз тўйдан кейин яна-да очилиб кетди.
Мустафо кунда-кунора бир йиғилиб, гап-гаштак қиладиган ёру жўраларини ҳам унутиб, эртаю кеч келиннинг атрофида гиргиттон. Тирамоҳнинг узун-узун тунлари ҳам нечундир бу йил ёз тунларидай қисқа.
Келин-куёв келажак кунлар режасини туза-туза хўроз қичқирганини билмай қолишади. Тонг отади. Гулюз “Мени яна уйқудан қолдирдингиз-а” дегандай нозли ва аразли нигоҳ ташлаб ташқарига чиқади. Қайнона-қайнотага таҳорат суви бериб, супур-сидир билан мушғул бўлади.
Бу сокин ҳаёт бир ҳафта давом этди. Бир куни “нонуштани тушда” қилиб энди чошгоҳлик уйқуга кетаётганди, кўча эшик тақиллаб Карим фермер кириб келди.
— Э-э, бу уйландим деб уйда тухум босиб ётавераркан-да одам деган? Яхшимисан? Соғлигинг дурустми? Димоғинг чоғми? — шундай дея негадир мўйлабини учириб, бошини сарак-сарак қилиб кулиб қўйди фермер.
— Яхши, раҳмат, ўзингиз тузукмисиз? Юқоридан ўтинг, — хушламайгина таклиф қилди Мустафо.
— Ўтиришга вақтим йўқ, — осонгина рад қилди фермер ҳам. — Мен бир ишминам келдим. Шу-у… далада, энангни егур, бир қуш пайдо бўлган. Буғдойди еб кетяпти, бу йил анчагина жойга буғдой экувдик, шу икки қулоқ, уч қулоққина бўп чиқувди. Ҳалиги қуш шуни илдизгинасиминам шундоқ чўқиб, йўққилиб кетяпти. Бунақа қушди, мен одам бўлиб кўрмаган эдим. Худони юборган балосими, билмадим, далани шип-шийдон қилиб кетяпти-е. Энди сендан илтимос, ука, шуни отиб берасан. Сендан бошқа мерганимиз йўқ, биласан.
— Бўпти, — деди Мустафо осонгина қутулганига қувониб, — бир қушакан-ку, ўзи биттами? Бугун нест қиламиз, ака.
— Раҳмат-е, шуни йўқотиб бер, ўзи битта-ю нақ юҳо-да. Яна уч кун турса бир килоям буғдой ололмайман. Барака топ, ука, барака топ, мен кетдим.
Мустафо кечга яқин елкасига қўшотарини осиб, далага чиқди. Куз бўлишига қарамай, ҳаво илиқ. Яланғоч тутзорлар қуршаган дала қўнғиртоб яшилланган. Буғдой авж қилган жойлар ям-яшил. Осмон тиниқ, тип-тиниқ. У ер-бу ерда палағда булут парчалари енгил сузади. Оқшомги ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмаклар суви ойнадай ёруғ. Унда-бунда тиккайган қуруқ чўплар ва сийраккина тут хазонларини демаса, табиат баҳорий либосда товланиб, кишини сархуш қилади. Ўнғайроқ дўнглик топиб, Мустафо чопонини тўшади ва ёнбошлаганча хаёлга чўмди. Албатта, келинчаги ҳақида…
Ғижжакнинг нолишидай ҳазин товушдан ўзига келди. Қараса даланинг қоқўртасида ажабтовур бир қуш. Йирик. Оёқлари, бўйни, тумшуғи узун, боши кичкина, бутун вужуди оппоқ. Бир қушки, қараб кўз тўймайди. Бироз томоша қилди. Кейин фермернинг нолишлари эсига тушиб, милтиғини олди. Тўғрилаб мўлжал ола бошлади. Қуш мутлақо бехабар, ерга бир-икки тумшуқ урди. Бошини кўтариб у ён-бу ён қаради. Яна шошиб, ерга эгилди, кўм-кўк барра буғдой майсасини ютоқиб юта бошлади. Мустафо тепкини қайтарди. Яхшилаб мўлжал олди. Тепкини пайпаслаб, энди босмоқчи эди. Қуш бошини кўтарди, аввал у томонга, кейин тескари томонга ҳайрон бўлгандек тез бир қараб олди. Сўнг бошини юқори кўтариб чунонам сайраб юбордики беихтиёр Мустафонинг қўли пастга тушди. Отолмади. Қушнинг овози бирам чиройли, бирам ширали эди-ки, у асло бундай ёқимли навони эшитмаганди. Қуш узоқ сайрамади. Гўё “Отиб бўпсан!” дегандек у ён-бу ён мағрур қараб қўйиб, яна ўз “иши” билан машғул бўлди. Мустафо бир оз кутиб, яна мўлжал олди. Қуш яна сайради. Яна қўли тепкига бормади. Қуш яна ютоқиб майса юта бошлади… Яна мўлжал… Яна куй…
Охир бор-е, деди-ю, этак силкиб уйига кетди. «Битта қуш еган билан дон камиб қолибдими? Карим акаям қизиқ одам». Мустафо ўз-ўзидан жиғибийрони чиқиб, сўкиниб уйга қайтди.
— Отолмадим! — деди Гулюзга ёлғиз қолишгач, — бирам чиройли қуш эканки, асти қўявер. Бунинг устига овозини айтмайсанми. Нақғижжак навосидай. Мўлжалга олдим. Бир-ки нола қилди, бир-ки нола қилди. Қўлим бормади.
— Тўғри қилибсиз, — эрини гапини маъқуллади Гулюз. — Ўзи нега сизга айтишади? Уларнинг донини еса, ўзлари отишавермайдими? Сизга нима?
Эртасига фермер яна келди. Мустафонинг гапини эшитиб ҳайрон бўлди. «Бу юракминам чегарада қандай хизмат қилдинг», деб ҳазиллашган бўлди. Ялинди-ёлворди. Бечора қушни роса ёмонлади. Охири кўндирди. Кечга яқин, Мустафо бориб бир ўқ билан қушни отиб келди. Кайфияти ёмон бузилди. Кечки овқатниям емади. Кириб милтиғини деворга илдию жойига чўзилди. Гулюз келди. У ёқдан-бу ёқдан гапириб, кулдириб, нозланиб кўнглини ёзди. «Сизни ботир мерган дейишувди-ку? Биргина қушга шунчами?» деб ҳазиллашди. Икковлашиб ширингина кулишди. Эрталаб, Мустафо туман бозорига отланди. «Гулюз юр, сениям олиб борай, айланиб келасан», деди. У ҳам бормоқчи бўлди. Бироқ аксига олиб, бугун ҳаво совуқроқ экан. Бормай қўя қолди. Мустафо бозорга кетди.
…Кечки автобусдан уйлари олдига тушган Мустафо ҳайрон қолди. Дарвозалари олдида ғиж-ғиж одам. Ичкарида йиғи-сиғи, дод-фарёд. ”Бувиммикан?“ кўнглидан ўтган биринчи фикр шу бўлди. Одамларни ёриб ўтиб, ичкари кирди. Қайнонаси фарёд солиб келиб, бўйнидан қучди.
— Болам! Гулийнан айрилиб қолдик!
Хона ўртасида қонга беланиб бир мурда ётарди. Устига ёпилган чойшаб қип-қизил қон юқи.
— Видолаш болам, бахтингминам, — деб қайнона бувиси чойшаб четини кўтарди.
Не кўз билан кўрсинки, унинг Гулюзи!.. Юзининг бир чети мажақланган. Қип-қизил қон. Иккинчи томони эса, оппоқ. Совуқ ва ифодасиз. Кўз олди қоронғилашиб, қулоқлари шанғиллай бошлади. Сўнг ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб қоришди ва чирпирак бўлиб айлана бошлади. Юраги «шув» этиб, ҳеч нарсани эшитмай, кўрмай, ҳис қилмай қолди.
Ўзига келганда бошида онаси ёлғиз йиғлаб ўтирар. Одамлар тарқалишган, ўзлари қолишганди. Нариги хонада аёлларнинг ҳиққиллагани, эркакларнинг босиқ таскин берувчи овозлари ғўнғир-ғўнғир қулоққа чалинарди.
— Гулюзга нима бўлди? — унинг биринчи гапи шу бўлди. Онаси боламлаб-бўтамлаб, аввал унга таскин бериб, сўнг бўлган воқеани баён қилди.
Мустафо бозорга кетгач, қайниси Саттор опасини кўргани келади. Опаси билан гаплашиб ўтириб, девордаги милтиққа кўзи тушиб қолади. Болаларча қизиққонлик билан қўлига олиб, опасига тўғрилайди ва ҳазиллашиб «Сени отаман» — дейди. Опаси «Қўй, ўқталма, қурол қонсирайди», деса ҳам кўнмайди. Тепкини қайириб «чиқ» этказиб, қўрқитмоқчи бўлади. Бироқ… милтиқўқланганди. Мустафо ундаги иккинчи ўқни чиқариб қўйишни унутган эди…Ўқ дунёдан бехабар қувноқ Гулюзнинг ўнг чаккасига тегади… Оққушнинг ҳам ўнг чеккасига текканди. Оққуш ҳам ҳеч нарсадан бехабар, шўх боқиб турган эди дунёга…