Қўчқор Норқобил. Кичик остона (қайдлар)

САМОДИЛ

Таътилда эдим. Университетда ишлайдиган файласуф дўстим қўнғироққилиб қолди: “Бугун очиқ дарс бўлади… Ватан туйғуси… Ватан мавзусида! Талабалар сени таклиф қилишаяпти”. (Шу ери ёлғон бўлди, талабалар эмас, ўзи таклиф қилаяпти…). У десам бу деди, ке, келмасанг бўлмайди, деб туриб олди. Келининг ишдан қайтмади, болаларга таътил бўлгани учун биринчи синфда ўқийдиган қизимга ўзим “энага”лик қилаяпман десам ҳам кўнмади. “Соат ўн бирда. Кеч қолма! Қизингни ҳам ола кел. Шунча қоракўз сени кутиб турибди, уят бўлади…”
Ҳа, майли, уят бўлмасин. Машинани ўт олдирдим, орқа ўриндиқда қизим, рулда ўзим — Университетга йўл олдик.
Манзилга яқин бўлиш учун катта айлана йўл орқали юриб, Қорақамиш даҳасининг қоқ белидан қийиб чиқдим. Чорраҳага яқинлашгач, орқа ўриндиқдаги қизим елкамдан турткилай бошлади.
— Нима дейсан? Халал бераяпсан. Бир пас жим ўтир! — дедим рўпарадаги ойнадан қизимга қараб.
— Дада… дадажон, манави анҳорга келганмиз-а? Акам чўмилганлар… Анави… анави, қаранг, боғча. Мен шу боғчага қатнаганман-а… Дадажон, ана, светафор, буниси ҳокимлик, ана-ана… “Табассум” магазини, бу-бу, бу эса бизнинг уйимиз. Биз шу уйда яшаганмиз-а? Ана тўртинчи қаватдаги очиқ дераза… Биз шу уйда яшаганмиз. Мен деразадан кўчаларни томоша қилардим-а… Дадажон, тўхтатинг, машинани тўхтатинг…
Қизим йиғлаб юборди… Йўл четида тўхтадим. Оёқ-қўлим бўшашиб кетди. Ичимдан нимадир узилгандай бўлди. Қизим бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олиб ҳиқиллаб йиғлаяпти.
— Дадажон, жон дада, тушайлик. — У эшикни очиб ташқарига чиқди. Уй томон юрди. Аъзойи-баданим титраб, ноилож ортидан эргашдим.
— Дадажон, уйимизнинг ёнига бориб қайтамиз, хўпми, дадажон…
— Майли эна қизим, майли энажон!
Қизим қўлимдан ушлаб мени етаклаб олди. Йўл четидаги тўрт қаватли уйга яқинлашаяпмиз. Оёқ-қўлим титраяпти. Шу митти жондаги, муштдеккина қизалоқдаги ҳаяжон, унинг қўлчаларидаги тафт менинг томирларимга ҳам кўчди. Юрагимда алланечук соғинч туйғулари оловланиб, бўғзимга нимадир тиқилди…
Шаҳарнинг ўзига хос турмуш тарзи тақозоси билан фарзандларим туғилиб ўсган уйни сотиб, уч йил муқаддам кўп хонали уй олгандим. Олти ёшга кириб-кирмаган қизимнинг ёдига бунчалар сингиб ўрнашган бу азиз гўша қаршисида айни дам ўзимни гуноҳкордай ҳис қилаётгандим.
Қизим етаклаяпти, тош қотиб унинг ортидан эргашаяпман. Мана, ниҳоят уйнинг йўлагига келдик, ичкари кирдик, мен беихтиёр қизимнинг ортидан эргашаяпман, зинапоялардан юқори кўтарилаяпмиз, юрагим энтикиб кетаяпти, кўксимга оғирлик қилаяпти. Тўртинчи қаватга чиқдик, сўл томондаги ўша эшик — 60 рақами ҳам ўша-ўша шаклда, алмаштиришмабди.
Самодил жажжи бармоқлари билан сарғиш дуб эшикни сийпалай бошлади. Оҳиста қайрилиб мунчоқдай ёшли кўзларини менга қадади.
— Дадажон, ичкарига кирмаймизми? — деди оҳиста, худди биров эшитиб қолмасин, дегандай пичирлаб.
— Энди ичкарида бошқалар яшаяпти, қизим, — дедим.
Самодил уф тортди. Сўнг:
— Майли, дадажон! Майлига, фақат мана шу ерда, зинапояда озгина ўтирайлик, — деди.
Ўтирдик. Сукунат. Бироқ бу сукут ботинидаги “чинқириқ” менинг юрак-бағримни эзиб юбораётгандай эди. Қизим секингина қўлимдан тортди, ўрнидан турди:
—    Дада, Сиз бораверинг, мен ҳозир етиб оламан.
— Ноилож зинапоялардан пастлай бошладим. Елкамдан нимадир эзиб тургандай эди. Учинчи қаватда тўхтаб уни кузатдим, жажжи бармоқлар эшикка туташ деворларни силади, сўнг қизим эшикни ўпиб қўйди… ва ортга бурилиб зинадан пастлай бошлади. Мен шахдам қадамлар билан пастга, биринчи қаватга етиб, ташқарига отилиб чиқдим…
Машинага ўтирдик. Кўзим жимирлашди. Бироз ўзимга келгач, йўлга тушдик. Қизим ўгирилиб машинанинг орқа ойнасидан уйга қўл силкиб хайрлашаяпти.
Машина муюлишга келганда қўл телефоним жиринглади. Файласуф дўстим қўнғироққилаётган экан.
— Қаерларда юрибсан?! Бутун бошли аудитория сени кутаяпти… Ҳеч шу бемалолчилигинг қолмади-да…
— Мен ўзи қаерга бормоқчиман, — дедим тутақиб.
— Ҳой, эсинг жойидами? Университетга, Ватан туйғуси, Ватан ҳақида…
— Йўқ, мен боролмайман… Биз бу мавзуда гапиришга тайёр бўлишимиз, маънан тайёр бўлишимиз керак экан… Мен боролмайман…
Машинани бошқа кўчага бурдим. Яна телефон жиринглади. Тағин файласуф:
— Ҳой, сен қип-қизил шоир экансан-ку, хаёлинг жойидами, ҳозир қаердасан, ўзи?
— Қайтиб кетаяпман.
— Нега?
— Ватан ҳақида юзаки гапирмаслик учун?
— Бу нима деганинг?
— Тушуниб ол ўзинг! Улкан Ватан ҳақида гапиришдан аввал кичик остона — киндик қонинг томган уйни зиёрат қилишинг, ўша уйни юрагингга жойлашинг керак экан…
— Ол-а, гапларинг бунча ҳавойи бўлмаса.
—    Бу ҳавойи гап эмас… Буни ҳозир ўргандим.
— Ҳозир ўргандим дейсанми?.. Кимдан ўргандинг? — деди файласуф кесатиб.
— Қизим! Биринчи синфдан ўқийдиган қизимдан!
— Ўлай агар, жинни бўп қопсан. Шу туришда борадиган жойинг ҳам тайинга ўхшайди.
— Ҳа, тайин. Ҳозир вокзалга бораман. Билет оламан. Кечқурун поездга чиқаман. Ўзимнинг Мўминқул қишлоғимга бораман, ота уйим, эна остонамга бош эгиб таъзим қиламан, ҳовлимиз деворларига юзимни босаман… Биласанми, кўнглимда нимадир уйғонганга ўхшаяпти…
Қўл телефонимдан овоз келди:
— Овозингни ўчир! Масхарабоз экансан! Мен сени одам деб ҳурмат қилиб ўтирибман-а! Аҳ…
Телефон тугмасини босиб қўйдим. Сўнг укамга, Тали полвонга қўнғироққилиб, кечқурун йўлга чиқишимни айтдим.
— Яхши ўйлабсиз, ака! Самодил қизингиз той-той қилиб энди-энди юра бошлаганда келувдингизлар! Ҳозир катта қиз бўлиб қолгандир.
— Худога шукр, катта қиз бўлиб қолди. Мактабга бораяпти… Мана, гаплаш ўзи билан…
Ортимга ўгирилдим. Самодил орқа ўриндиқда ойнага бошини қўйиб, гўёки ухлаётган каби кўзларини юмиб олганди…

ТАҚА

Америка адиби Ог. Мандинонинг бир шеърдан таъсирлангани хусусида ўқидим ва ўша шеърни мен ҳам ўқиб даҳшатга тушдим.
Шеърнинг мазмуни шундай: “Тақачида мих йўқ эди. Тақани қоқмади. Тақа йўқолди. Тақасиз от қийналди — йиқилди. Натижада от устидаги чавандоз танг аҳволда қолди, яраланди… Чавандоз — қўмондоннинг ўлганини билган қўшин саросимага тушди, душманнинг қўли баланд келди, қўшинни тор-мор этди, шаҳарга бостириб кирди, халқни қийратди, халқни қул қилди…”.
Мана сенга арзимас туйилган ўша михнинг нечоғлик катта аҳамиятга эга эканлиги, мана Сенга тақачининг лоқайдлиги қанчалар тарихий фожиага сабаб бўлганлиги!

ОМАД

— Омадми? Омад бор нарса, — дейди бир танишим.
— Омадинг ўзингга боғлиқ, ўз қўлингдадир эҳтимол? — дейман!
— Йўқ, ўзингга ҳам боғлиқ бўлмаган ҳол, лекин қанча уринсанг ҳам Сен амалга ошириш мумкин бўлмаган шундай ишлар борки, алал оқибат ҳайратга тушиб, ёқа ушлашдан бошқа чоранг қолмайди.
— Демак, Омад Сенга боғлиқ бўлмайди, Омад осмондан тушади, шундайми?
— Қандай ўйласанг ўзинг биласан.
— Бир воқеани айтиб берайми?
— Айт.
— Магазингга кирдим. Ўғлимга копток олгани. Сотувчи қиз роса имиллади. Иши битмайдиганлар хилидан экан. Пулни санаб бериб ташқарига отилиб чиқдим. Таксига ўтирдим. Қизил чироққа дуч келавердим. Бир амаллаб аэропортга келдим. Самолёт учиб кетибди. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, бўлиши ҳам мумкин эмас, чиптамда самолётнинг учиш вақтини 1850 деб эмас, 1950 деб хато ёзишган экан… Тасодифми бу? Тақдирми бу? Тасаввурга сиғмайдиган ҳодиса. Аэропорт бошлиғидан тортиб, чипта сотувчи қизгача ҳаммани оббориб-олиб келдим, нима десам дедим. Тўполон қилдим. Судга бераман дедим. Ишдан бўшаттираман дедим. Тоқати тоқ бўлган аэропортнинг смена бошлиғи, суқсурдек қиз асабийлашган ҳолда, бироз жилмайиб:
— Ўзингизни босинг. Бу эҳтимол яхшиликкадир, — деди.
— Нимаси яхшиликка?! Уйда хотиним, ўғлим кутаяпти… Мен уларга ваъда берганман, бугун боришимга кўз тикиб туришибди.
Қиз юзини бурди. Ўзимни у ёқ-бу ёққа уришдан фойда йўқ. Ҳовуримдан тушиб, меҳмонхонага қайтдим. Эрталаб ювиниб, тараниб, чой ичдим. Телевизорни қўйдим. Эрталабки хабар дастури берилаяпти. Кутилмаганда берилган хабар мени гангитиб қўйди. Москвадан Иркутскка учаётган фалон рейсдаги Ту-114 самолёт оби-ҳаво ноқулайлиги сабабли аэропортга қўнаётиб ҳалокатга учрабди. Қулоқларим шанғиллаб, кўзим тиниб кетди. Бу ўша кеча мен улгуролмаган рейс эди.
Кийиниб кўчага отилдим, аэропортга шошилдим. Қор буралаб ураяпти. Такси тўхтатдим. Аэропорт фоесига киришим ҳамоно смена бошлиғи, ўша хушрўй соҳибжамолнинг ойнаванд хонаси томон чопдим. Ана бошини қуйи эгиб компьютерда нималарнидир ёзаяпти. Кечаги чеҳрасининг чақнаб-чарақлашидан асар ҳам қолмаган. Юзи ҳорғин. Тунд. У бошини кўтариб ойна ортидан менга қаради. Юзи баттар тундлашди. Қиёфасида менга ачиниш ҳиссими ёки нафрат туйғуси қотганмиди, билолмадим. Унинг ғамгин нигоҳига дош беролмадим…
— Мени кечиринг, илтимос кечиринг, — дедим қизга. Сўнг ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим. Аёл киши қаршисида илк бор йиғлашим эди, бу…
Сен нима дейсан. Бу омадмиди?..

ОТСИЗ АРАВА

Цивилизация — инсониятни ортмалаган отсиз арава. Лекин арава шамолдай учиб кетаяпти.
От чавандозга бўйсинади, ҳар ҳолда тирик мавжудот, уйдим чуқурлик, тўсиқни, жарликни кўради, чавандозни ҳалокат жарига қулатмайди. Чавандоз истак-хоҳишини сезади от.
Бироқ жонсиз темир от ўқдай учириб кетаётган аравада чавандоз ҳориса, уйқуга кетса, арава шак-шубҳасиз жарликка қулайди ёки бирор тўсиққа урилади. Мурватлар эвазига бошқариладиган темир отлар чавандознинг эҳтиётсизлиги ёхуд бирор мурватни хато босиб юбориши билан яшин тезлигида ҳаракат чоғидаёқ чилпарчин бўлиб, йўқолиб кетиши мумкин…
Отлар инсонни тушунади, беҳудага йиқитмайди, йиқилган чавандоз тагига ўз ёлини тўшайди. Чавандоз билан жониворни тирикликнинг муқаддас риштаси боғлаб туради.
Темир отлар-чи? Темир отлар? Улар ажал тўшагига ўхшайдилар.

ҚЎЛ ТЕЛЕФОН

Отамдан бориб хабар ололмайман. Вақтим йўқ. Қўл телефон орқали ҳол-аҳвол сўраб қўявераман.
Онамдан хабар ололмайман. Вақтим зиқ. Қўл телефондан қўнғироққиламан.
Қадим боболарим қирқ кунлик йўл босиб бир-биридан хабар олишар эди. Вақти бор эди уларнинг. Дийдорни ғанимат билишарди улар.
Самолёт йўқ эди, поезд йўқ эди… Йўл олис эди. Лекин меҳр — муқаддас, дийдор — ғанимат эди.
XXI аср — қўл телефонлар ғавғоси, интернет каромати нима бўлди — меҳр ва муҳаббат билан менинг орамда жарлик пайдо қилди, оқибат ва одам орасида ўтиб бўлмас тоғни вужудга келтирди.
Одам ҳеч нарсага улгуролмай қолди. Вақт зиқ. Вақт йўқ…

СЎЗ

Сўз — тирик… Сўзнинг ҳам жони бўлади. Истеъдодсиз, нўноқ ёзувчи ёки шоир тирик сўзни ўлдиради. Маҳаллийчи, тарафкаш мунаққид адабиётни олди-сотди корхонасига айлантириб саёз асарларни кўкка кўтаради. Бу эса қабр тепасида базм уюштирилаётганга ўхшайди.