О’Генри. Ёзилмаган ҳикоя (ҳикоя)

Мен сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлган ушбу воқеа “Тонгги маёқ” газетасида ишлаб юрган пайтларим содир бўлганди. Мен Нью-Йорк кўчалари бўйлаб кезар эканман, йўлимда учраган не ҳодиса борки, ҳикоя қилиб ёзаверардим. Тирикчилигим шунинг орқасидан, газетада доимий штатда бўлмаганим учун маблағ масаласи ҳам ҳаминқадар эди. Оддий кунларнинг бирида иш столим қаршисида Трип пайдо бўлди. У газета чоп этиш бўлимида ишларди. Шунинг учунми ундан доим бўёқҳиди келиб турар, бармоқлари ҳам кислота туфайли бужмайиб кетганди. Трип йигирма беш ёшлар чамасида эди, бироқ кўрган одам уни қирқдан нарида деб тахмин қиларди. Уни бирор сурат масаласида келган деб ўйладим. Трипнинг тиканак соқол қоплаган юзи айни пайтда жуда бечораҳол ва аянчли эди. Унинг ҳамма қатори менга ҳам маълум бир одати бор: кўп қарз сўрайди. Трип қўлини столга тираб, инқиллаганча ёнимга ўтирди. Унинг бармоқлари титрарди! Яна ичибди-да.
Бугун бир ҳикоям учун беш доллар қалам ҳақи олгандим. Шу боисдан дунё кўзимга чиройли кўриниб турганди.
— Хўш, Трип? — гап бошладим мен. — Аҳволлар қалай?
— Сенда бирор доллар топилмайдими? — унинг аҳволи ҳар кунгидан оғир эди.
— Бор, — дедим. — Очиғи, беш доллар пулим бор. Аммо бунга минг машаққат билан эришганимни ҳам айтишим керак. Айни пулга муҳтож пайтим олдим-да ўзиям…
Мен у пул сўраб улгурмасидан баҳоналаримни қалаштириб ташладим.
— Аслида, қарз олмоқчи эмасдим. — Трипнинг сўзидан дадиллашдим. — Мен сенга яхши бир ҳикоя учун воқеа топиб бермоқчийдим, холос. Бу сенга кўп наф келтиради, ишонавер. У жуда қизиқ! Бироқ бу фикр сенга бир неча долларга тушади.
— Хўш, қанақа фикрлар экан, айт-чи?
— Айтаман, — давом этди Трип, — бир қиз… гўзал! Ҳеч қачон бундай ҳурлиқони учратмагансан. У бир гул! Йигирма ёшда. Шу ёшига қадар қишлоғидан чиқмаган, умрида Нью-Йоркни кўрмаган! Мен уни 34-кўчада учратиб қолдим. У дунёдаги энг чиройли қиз, ишонавер. Қисқаси, у мени ўша кўчада тўхтатиб, Жорж Браун исмли кимсани қаердан топиш мумкинлигини сўради. Ишонаяпсанми, шундай катта шаҳардан Жорж исмли одамни топиб беришимни сўради! Бу хақда нима дейиш мумкин, ахир? Мен қиз билан суҳбатлашдим. У келаси ҳафтада Хирам Додд исмли фермерга турмушга чиқаётган экан. Бироқ у илк муҳаббатини унутолмапти — Жорж Браунни. Жорж анча йил бурун қишлоқни ташлаб, шаҳарга ўз бахтини излаб кетган экан. Кейин эса қишлоққа қайтмапти. Қиз уни кута-кута ахийри Хирамга розилик берипти. Бир неча кун олдин эса Ада, ҳа-я, қизнинг исми Ада Ловери экан, поездга ўтирибдию Жоржни излаб Нью-Йоркка йўл олибди. Мен қизни катта шаҳарда ёлғиз қолдиролмадим. Билишимча, у шаҳарга келаману истаган одамдан Жоржни сўраб топиб оламан, деб ўйлаган. Унинг қандай болафеъллигини тушуняпсанми? Беғубор гўдак у! Сен уни кўрмасанг бўлмайди. Менинг қўлимдан нимаям келарди? Қисқаси, қизни тўғри ижара уйимга олиб бордим ва ўзим у ерни тарк этдим. Биз унинг бир кунлик ижара хақи учун бир доллар тўлашимиз керак. Юр, сени у ерга олиб борай…
Менинг асабим бузилди.
— Нималар деяпсан, Трип? Мен бирор муҳим мақолами, дебман. Ҳар куни поезд шаҳарга юзлаб қизларни олиб келади! Мен бундан қанақа ҳикоя ёзишим мумкин, ахир?
— Шундай қизиқарли нарсани кўра олмаётганингдан афсусдаман. Сен гўзаллик ва муҳаббат ҳақида ёзишинг мумкин, тушунсанг-чи? Ишончим комил, сен бунинг учун ўн беш доллар оласан. Бу эса сенга атиги тўрт долларга тушади.
— Нега энди тўрт доллар? — ажабландим мен.
— Бир доллари хона учун, икки доллари эса қизнинг қайтиш чиптаси учун.
— Яна бири-чи?
— Менга-да. Виски учун. Норози бўлма…
Мен жавоб бермадим, ўз ишим билан машғул бўлгандай қоғозларимга тикилдим.
— Сен тушунмадинг, — Трип ҳам бўш келмасди. — Қиз уйига қайтиши шарт! Бугуноқ! Бунинг учун ҳамма нарсага тайёрман. Мен бу ҳақда бирор нима ёзиб пул ишлаб оларсан, дегандим. Лекин аслида менга ёзасанми-йўқми, барибир. Нима бўлгандаям, қиз қоронғу тушмасдан уйига қайтиши керак!
Бу гаплардан сўнг қизга ачина бошладим. Қизга уч доллар сарфлашга розиман, бироқ Трипга бир чақа ҳам бермайман. Мен оғриниб палто ва шляпамни қўлимга олдим.
У ерга ярим соатда етиб бордик. Трип эшик қўнғироғини босаркан, “Менга тез бир долларни бер”, деди шошилиб. Эшикни бир аёл очди. Трип индамай унга пулни узатди. Аёл ҳам жимгина бизни ичкарига бошлади. Кейин бизга ўгирилиб, “У умумий хонада ўтирибди”, деди.
Нимқоронғу хонага киргач, кўзим йиғлаб ўтирган қизга тушди. Ҳа, у чиндан ҳам гўзал эди. Йиғлаганида янаям чиройли кўринар, биллур ёш томчилари унинг кўзларида нақш каби товланарди.
— Ловери хоним, бу менинг дўстим жаноб Калмерс, — деди Трип. Мен кўриниши афтодаҳол бу одамга “дўстлигим”дан бироз хижолат бўлдим. — У ақлли ва ишбилармон одам. Газетада ишлайди… Ҳа, сизга албатта ёрдами тегади. Ишонаверинг, хоним, у тўғри йўлни кўрсатади.
— Ловери хоним… — мен нима дейишни билмай бироз жим қолдим. — Агар сизга ёрдамим тегса, жуда хурсанд бўлардим. Аввал сиз менга ҳаммасини батафсил гапириб беринг…
— Нью-Йоркка биринчи келишим, — гап бошлади қиз. — Бу ерни бунчалик катта деб ўйламагандим. Бу ерда жаноб… жаноб Флиппни учратдим ва бир дўстим хақида сўрадим. У эса мени шу ерга олиб келиб, кутишимни тайинлади.
— Ловери хоним, — гапга аралашди Трип, — мен йўлда жаноб Калмерсга барини тушунтирдим.
— Ҳа, албатта, — деди Ада. — Менинг айтадиган гапим ҳам йўқ, фақат бир гап: мен Хирам Доддга келаси пайшанбада турмушга чиқаяпман. Унинг қишлоқда икки юз акр ери ва катта фермаси бор. Бугун эрталаб онамга дугонам Сюзиникига кетаяпман, дегандим. Бу ёлғон эди… Поездга чиқдиму келавердим, кейин жаноб Флиппдан Жоржни сўрадим.
— Ловери хоним, — Трип қизга қаради, — сиз Хирамни ёқтиришингизни, Хирам ҳам сизни жуда севишини айтгандингиз-а?
— Албатта ёқтираман. У яхши одам. Умуман, ҳамма одамлар яхши, уларни яхши кўраман. Лекин… лекин мен ўтган тундан бери Жорж ҳақида ўйлай бошладим. Мен… — қиз яна йиғлаб юборди. Мен унга керакли ёрдамни беролмаслигимдан ўкиндим. Чунки мен на Жоржни, на Хирамни танир эдим. Қиз давом этди: — Биз Жорж билан бир-биримизни ёқтирардик, ўшанда у саккиз, мен эса беш ёшда эдим. Жорж ўн тўққизга тўлганида, яъни олти йил олдин қишлоқни тарк этди. У шаҳарга келиб полициячи ёки темирйўл бошлиғи, умуман бирон касб эгаси бўлмоқчийди. Сен учун албатта қайтаман, дея ваъда берганди. Бироқ шу кетганича у ҳақда бирор хабар эшитмадим. Мен уни севардим.
Қиз яна йиғлай бошлаганди, Трип уни тўхтатиб менга юзланди.
— Жаноб Калмерс, ҳозир Ада учун энг тўғри йўл қандай?
— Ловери хоним, — гап бошладим мен. — Ҳаёт йўли мураккаб… ҳаммамиз учун ҳам. Бу дунёда камдан-кам инсонлар ўз муҳаббатига эришадилар. Сиз Хирамни яхши инсон, дедингиз. Ишончим комилки, унга турмушга чиқиб, албатта бахтли бўласиз.
— Ҳа, — деди Ада, — Жоржни бу аҳволда тополмас эканман. Мен тўйим яқинлашган сари у ҳақида кўпроқўйлай бошладим. Жоржнинг ҳаётида бирор бахтсиз ҳодиса юз берган бўлса керак, акс ҳолда албатта хат ёзарди. Қишлоқдан кетишидан олдин биз битта тангани болғача билан ўртасидан бўлгандик. Иккимиз ҳам доимо қалбан содиқликка ва яримта тангани то учрашмагунимизча асраб-авайлашга келишиб қасам ичгандик.
Трип негадир кулди. Мен унинг виски учунгина қизга ёрдам бераётганидан афсус чекдим.
— Оҳ, — деди Трип, — йигитлар шунақа, шаҳарга келиб ўз ёрларини унутадилар. Менимча, у бошқа бир қизни топган ёки ичкиликка берилган. Сиз Калмерсга қулоқ солинг ва уйингизга қайтинг. Шунда ҳаммаси изига тушади.
Қиз ахийри уйга кетадиган бўлди. Учаламиз вокзал томон йўл олдик. Унинг қишлоғигача чипта нархи бир доллару саксон цент экан. Мен чиптага қўшиб бир дона қизил атиргул ҳам сотиб олдим. Биз хайрлашдик.
Ниҳоят бари ортда қолди. Мен Трипга қарадим. У янада чўкиб қолганди.
— Сен бу ҳақда бирор ҳикоя ёзоласанми? — сўради у.
— Бир сатр ҳам…
— Узр, ёзолмасанг ҳам пулингни сарфладик.
— Буни унутайлик. Бироқ сенга виски учун пул беролмайман.
Трип палтосининг тугмасини бўшатиб чўнтагидан дастрўмол чиқарди. Шу пайт унинг ички чўнтагига осилган занжирнинг жаранги эътиборимни тортди. Бир неча сония ичида мен илғаган нарса шу бўлди: занжирда яримта танга осилиб турарди. Ҳа, болғача билан бўлинган танга!
— Ахир… — дедим ҳайратланиб.
— Ҳа, — оҳиста жавоб берди у. — Жорж Браун. Ҳозир эса оддийгина Трип…
Мен чўнтагимдан бир доллар олдим ва Трипнинг қўлига тутқаздим…

Инглиз тилидан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси