Олим Жумабоев. Бир ўзбек ўйи (ҳикоя)

Бугун савдо ўржиди. Азон бўғизланган ҳўкизни Асқар қассоб чошгоҳга етиб саранжомлади; сомсахонага тарқатди, полвон “қиз узатди”га деб олди. Кейин ўзининг чори қўчқорини бўғизлади, униям ўткизди. Элда маърака кўп, гўшт қолармиди. Айниқса, ҳозир иликузди маҳали, гўштнинг бозори чаққон.
Кеч тушгач, Асқар қассоб гўштхонани ёпиб, уйга кетишга чоғланди. Қумқайроқ, пичоқларни энди қонлаттага ўраб бошлаган ҳам эдики, аёл чақириғидан ўнгланиб, эшик томонга бир-икки одим ташлади.
– Бобоси, бир кило гўшт тортинг! – деди Муқаддас янга чангакда осиғлиқ чарви ортидан мўралаб.
– Куни билан қаёқда эдинг, келмай? – деди қассоб уни койигандек. – Суяги қолди.
– Югур-югурдан қўл тегармиди? Иши қурғурнинг охири йўқ. Ковласангиз чиқаверади. Тугади деманг, ҳамма масаллиғини тайёрлаб қўйганман.
– Шукурда ҳам гўшт бориди?
– У ёққа бориб келгунча…
Асқар қассоб кулди:
– Учган-тушгани бор, келин! Яна қовурға гўшт! Бир кило чиқмаса, хафа бўлмайсан. Биласан-ку, бизнинг бўрдоқининг суягиям гўштдай гап. Шўрва қилсанг, бетидаги мойни кўравер.
Муқаддас чечанинг юзи ёришди.
– Барибир суяги камроқ бўлгани яхши.
– Овқат суяк билан ширин-да! Таъм беради.
Қассоб қолган қовурғани тарозига қўйди; икки палла қимирласа-да, тенглашмади.
– Айтдим-ку, сенга чиқмайди, деб.
– Нега чиқмас экан, ана! Сизга граммигача тенг­лашмаса, беҳисоб. Бераверинг! – деди бўйнини чўзиб янга. – Кеч қолиб кетмасин.
Бобо гўштни тезда салафанга солиб, Муқаддас чечага узатди.
– Темир дафтарингизга ёзиб қўйинг! – деди у кулиб. – Ҳа, бунча қабоғингизни уйдингиз, кўчиб кетаяпмизми, берамиз.
Асқар бобо қўлини докага артди.
“Оббо, сал кам бўлди-да! Меҳмонга бораман, дедими? Ярим оқшом кимнинг кўзидан учиб турибди. Доим шу, кеч тушгач келади…”

***
Муқаддас чеча шошиб кетаркан, хаёлидан ўтказди; “Ҳам ошга, ҳам кўргалига камлик қилади-ёв! Юз грамм кўпроқ бўлганда, бола-чақанинг тилига таъм тегарди. Буни кимнинг оғзидан топаман, ҳайронман.”
У йўлда тўхтаб, Шукур қассобнинг гўштхонаси томонга қадам ташлади-ю, тағин фикридан қайтди.
Дарвозадан ичкарига ҳатлаганида, тўнғичи Ойдин қозон бошида тимирскиланиб юрар, ўчоққа ўтин қалаб, аланглаб кўчага қараб қўярди.
У онасига кўзи тушгач, солланиб чопиб келди-да, деди:
– Сиз кетгач, у ёқдаям борми, йўқми деб, дугонам­никига чиқувдим, топилди. Ўшани амаллаб пиширдим.
Муқаддас чеча ажаблангандек сўради:
– Қоқдек қотиб кетмаганми?
– Бобомникидан берган экан…
– Ҳа, ўтган сафар бизга берувди, бунисида дугонангга… Қишлоқда нечи уй бор, ўҳ-ҳў, унга ўнта қўчқор ҳам етмайди. Ҳа, барибир ўзимизники-да. Қўрққанидан эмас, сийлаганидан беради, – деди чеча қизига салафанни узатаркан, тўсатдан хаёлига келган фикрдан қувонди. – Қассобникидан гўшт узилмайди. Бошқа нарса тухумми ё… укангга айт, хўрозни ушласин!
Муқаддас чеча енгини шимариб, капгирни ушлади.

***
Қассобнинг хотини Ойсулув момо кун бўйи меҳмон кутди, кузатди. Келин-куёвнинг чилласи чиққан, келди-кетди кўп. Энди каравотга кўрпа тўшаб, ётмоқчи эди-ю, эрининг овози эшитилди:
– Дарров чўзилиб олибсан!
Момо уни қаршилади.
– Келин тушириб, бемалол ўтираманми девдим, қаёқда!
– Тегирмон тош юргиздингми, кундаги меҳмонда! Кўрдингми, қўчқор семиз чиқди. Қолганини кўнгилетарларга тарқатдингми? Муқаддас келин гўшт излаб, тентираб юрувди, бермагандирсан!
Момонинг лаблари учди.
– Туёғигача тарқатдим, бу сафар…
Унинг гапи тилида қолди.
– Яхши қипсан, қўни-қўшни қўй сўйибди, деб эшитса, томоғи тушади.
– Гап сўраб, охиригача эшитмайсиз. Муқаддас овсин қуруқ қолди.
Бобонинг пешонаси тиришди. Каравотнинг бурчагига ўтирди.
– Оббо, аввал гўштни бўлиб, кейин тарқатмайсанми? Аёл зотига соч мўл бериб, ақлдан қисганда.
Момо тўнғиллади.
– Меҳмон келувди, нима тишининг ковагини сўриб ўтирадими?
Асқар бобо белбоғини ечиб, хотинига узатди.
– Раҳматга айт, Шукурнинг гўштхонаси очиқ, бориб келсин.
– Ҳали даладан қайтмади, уям барибир чарчаган. Кўчама-кўча ярим оқшом гўшт излаб юрмайди-ку, энди!
– Сен нимани биласан, меҳмон келса уялиб ўтирмайлик. Ўзим бориб келаман.
Момони ўй тутди.
Бобо чарчаган эса-да, аллақандай ғайрат билан дарвоза томон юрди.
– Чой қайнатсин, келинга айт.
Шу пайт дарича ғийқиллаб, бир қора кўринди.
– Момоси оёқ узатииб ётибдими, дейман?
Муқаддас янга каравот томон келаверди; қўлида кастрюл, лаган, устма-уст қўйилганди.
– Нима ташвиш, келин? – сўради бобо.
Муқаддас янга момо билан кўришди.
– Тўйга ҳормага келганим йўқ эди, шунга?
Бобонинг негадир юзига иссиқ қон югурди. У секин изига қайтиб, пул тугилган белбоғни очиб, ип ўралган бир даста беш юз сўмликни олди-да, кўчага ошиқди.
– Товуқ шўрвадан ичиб кетинг, бобоси! Иссиғида яхши-да!
– Бу овқатинг совуса яхши-да, келин! Дарров қайтаман, кетмай тур!
Ойсулув момо Муқаддас янгани кўрпага ундаркан, бобо ташқарилади.
У Шукур қассобнинг гўштхонаси томонга одимлади: “Қутлуғ, уйдан қуруқ чиқадими?! Ҳар куни қўчқор семиртаяпманми? Неваралар ҳам бобом қўчқор сўйган экан, деб ўтиргандир”. Унинг қадами тезлашди. Унинг вужудига боболик ғурури иниб, энтика-энтика югургилади.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон