Наргиза Асад. Меҳмон (ҳикоя)

Неъмат ака гардишли дарвоза ёнига келиб, нафасини ростлади. Охирги пайтларда мана шундай кўп юрса чарчаб қоляпти. Қариликнинг аломатидир-да бу ҳам. Бирпас эшик олдидаги ўриндиқда дам олгач, қия очиқ дарвозадан аста бўйлади:
– Ким бор? Давлатбой! – дея ичкарига бир-бир одимлади. Қудаси кўринмади, доим ҳовлини бошига кўтарувчи бола-бақрадан ҳам дарак йўқ. Бир зум ҳовлининг ўртасида ҳайрон бўлиб турди-да, сўнг қўлидаги халталарни деворга суяб, томорқага ўтди. Икки туп ёнғоқ соясида болакайлар ёнғоқ чақиб, еб ўтиришар, Ҳилолахон эса тандирга нон ёпарди.
– Ассалому алайкум! Ҳорманг, қизим. Яхшимисизлар? – деди Неъмат ака. Келин унга бир қараб қўйди-да, қизариб кетган юзини енгига артиб, турган жойида:
– Ҳа, яхшимисиз, кираверинг, ичкаридалар, – дея ишида давом этди.
– Майли-майли, қизим. Овора бўлманг, мен ўзим, – деди Неъмат ака, гўё мезбонни овора қилгандек, аста ўзи ҳовлига ўтаркан.
Тавба, у қачон бу уйга келса, келин мулозамат билан кутиб олар, ишини қўйиб, жой тайёрлашга уннарди, бугун нима бўлдийкин? Неъмат ака пишиб ётган шиғил узумларга қараб, шуларни ўйларкан, ё бемаврид келдиммикан, деди ўзига ўзи. Кейин иккиланиб, қизи тушган уйнинг эшигини тортди. Эшик ичкаридан қулфланган эди. Унинг ҳайронлиги янада ортиб, атрофга аланглади. Шу пайт унга бегонасираб қараб турган бояги икки болага кўзи тушди-ю, бирдан жилмайди.
– Қани, бу ёққа келинглар-чи, – деди у болаларга имлаб. Улар бир-бирига қараб олишди-да, чолнинг юзидаги самимият, кўзидаги қувноқликни кўриб, аввал кичиги, кейин каттаси унга яқинлашди. Неъмат ака энгашиб, уларнинг пешонасидан ўпаркан, деворга суяб қўйилган халтасидан ширинлик­лар олиб узатди. Боядан бери кўзларини катта-катта очиб ётсираб турган болакайлар энди Неъмат акага қараб жилмайишарди. Беш ёшлар чамасидаги қизча эса сахий меҳмонга раҳмат айтди. Қария болалар бир-бирига мақтаниб конфет еяётганини мароқланиб кузатаркан:
– Ширин эканми, ҳа, баракалла, – деди уларнинг олдига чўккалаб.
– Келинойинг қани, нега эшиги қулф? – деб қизчани гапга тутди. Қизалоқ эса муҳим нарса эсига тушгандек бижирлаб:
– Биласизми, ойим билан келинойим уришиб қолдила, кейин келнойимла уйларига кириб кетдила. Кейин-чи, биззи кирмасин деб эшикларини бекитиб ҳам олдила, – деди билағонлик қилиб.
– Ҳм, шунақами, – деди Неъмат ака катта келиннинг бояги қош-қовоғини эслаб.
– Ҳа, майли. Бор, келин­ойингни чақир, бобом келдилар, дегин, хўпми? – деди ва ўзи уч ёшлар чамасидаги Суннатжонни кўтариб, ҳовли сатҳини аста кеза бошлади. Қизалоқ эса чопқиллаганча дераза томонга югурди.
Мадина рўмолини тўғрилаб эшикни очганда, отаси овсинининг ўғлини кўкка отиб ўйнатар, болакай “қиқир-қиқир” қилиб кулар, бир қарашда улар бобо-набиранинг ўзи эди.
– Вой, дада, ўзизмисиз?! Ассалому алайкум. Нимага бу ерда турибсиз, уйга кирмайсизми? – деди у отасига. Неъмат ака, эшигинг ёпиқ экан, демади-да:
– Қўявер, биз мана бу тойчоқ билан ўйнаб тургандик, шундайми? – деди Суннатжоннинг юзидан ўпиб пастга тушираркан.
Мадина отасининг елкасидан олиб саломлашаркан, оғзига биринчи келган баҳонани айтди:
– Ҳа, неварангизни ухлатаётгандим, мушук кирмасин деб эшикни ёпиб қўювдим-да, – деди ва супага шоша-пиша дастурхон тузатди. Сўнг отасидан ҳол-аҳвол сўраб, тандир тарафга бир қараб қўяркан, отасининг ёнида ўтириб, дастурхонга талпинаётган Суннатни шарт кўтарди-да, опасининг олдига қўйиб:
– Қаранг укангизга, – деб жеркиди, кейин отасининг кузатиб турганини сезиб, қўлига ул-бул ширинликлардан олди-да, мулойимлашиб:
– Мана буларни олинглар-да, ўйнанг­лар. Меҳмон келганда болалар бундай ўтирса, уят бўлади, – деди. Неъмат ака қизи келтирган иссиқ чойдан ҳўпларкан:
– Қайнотанг қани? – деди ўғлининг ўйинчоқларига тегаётган овсинининг болаларига қараётган қизига.
– Оғайниларининг туғилган куни экан, шунга ойим билан Бўстонлиққа кетишувди. Кечгача келиб қолишса керак, – деди отасининг сер солиб ўтирганига ҳайрон бўлиб. Сўнг: – Ҳа, дада, нима гап, бошқачасиз ё уйда нимадир бўлдими? – деди Мадина хавотирланиб.
– Биз яхшимиз, ҳеч хавотир олма. Ўзингиз қалайсиз, тинчмисизлар? – деди тандирдан нон узаётган катта келинга ишора қилиб.
Мадина отасининг синчковлигини биларди, пайқабди-да, деб ўйлади, лекин нима деярини билмай, бироз каловланди.
– Тинчлик. Ҳа энди уй ичида бўлади-да, хавотир олманг, дада, – деди шашти тушиб.
– Шундай дегин. Бир кунгина ўз ҳолингга қолсанг, шу экан-да. Қайнота-қайнонанг эшитса, ранжимайдими, ахир?
Мадина жавоб учун сўз тополмади. Неъмат ака чуқур тушган ажинларини текисламоқчи бўлгандай кафтини манглайи узра юргизиб, оҳиста уф тортди. Сўнг сал ҳовуридан тушди-да, рўпарасида бошини қуйи солиб ўтирган қизига насиҳат қилди:
– Рўзғорда нималар бўлмайди. Сен кичиксан, болам, бир гапдан қол. Шундай қилсанг, кам бўлмайсан. Кўнглингни, феълингни кенг қил. Барака топасан, қизим, – деди вазминлик билан.
Мадина вояга етган хонадонда ота сўзи икки бўлмаган. Оилада нима машварат бўлса, энг сўнгги хулосани ота айтган. Шу боис унинг гапини икки қилишга одатланмаган Мадина бу сафар ҳам индамади. Томоғига тиқилиб келаётган алланима киприк­ларида ёш бўлиб ялтиради. Бир пайтлар ўқимишли, ҳамманинг эътиборида бўлган бу қиз бугун турмушга чиқиб, иложсизлигидан, арзимаган оилавий “деди-деди”ларга эзилиб ўтирганидан хўрлиги келди.
Неъмат ака эса ерга қараб сукут сақлаб тураркан, иккита иссиқ нонни кўтариб келган бояги бижилдоғ қизчани ёнига ўтқазди-да, аста гап бошлади:
– Мен ота-онамдан етим қолганимда ҳали бола эдим. Бир қараганда, бола эдиг-у, аммо қора рўзғорнинг ташвиши бизни эртароқ улғайтириб қўйганди. Пирмат амакинг энди уйланган маҳали биз олти опа-ука, жами саккиз жон каталакдек уйда яшардик. Биласанми, бизни ўша машъум очарчилик, қаҳатчилик йилларидан асраган нарса нима? Қора қозонда қайнаган ёвғонгина эмас, балки ўзаро меҳр-оқибат, инсоф-диёнат эди, болам. Эсласам, нафақат жигарлар, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй ҳам бир-биримизга биродар, қардош бўлган эканмиз. Мабодо қўшниникида ош пишадиган бўлса, бизни ҳам чақиришар, чиқолмаганларга девордан албатта бир коса овқат узатиб юборишарди. Энди ўйласам, у пайтлар одамларнинг қорни оч бўлса ҳам, кўнгли тўқ бўлган экан, қизим.
Мадина отасини яхши билади. У фарзандлари хатога йўл қўйса, бақир-чақир қилиб уришмайди, бунинг ўрнига ўз ҳаётидан бирор воқеа ёки таъсирли ривоятни айтиб, мағзини ўзинг чақиб ол, дегандай бўлади. Бу ҳикояларнинг хулосаси баъзан шундай аччиқ бўлардики, бундан кўра уришгани яхшийди, деб ўйлашарди улар.
Чол чойдан бир ҳўплаб, гапида давом этди:
– Акамнинг хотини, раҳматли Сарви янгам ҳали ёш бўлса-да, биз етимларни ўз боласидек қабул қилганди. Очиқкўнгил, саришта, саховатли аёл эди, гўри нурга тўлсин, илойим. Менимча, у аёлга ҳар қанча таъриф камлик қилса керак. Мени Кенжа деб атарди. Бошқалардан кўра кўпроқ эркалатар, кичкина деб кўнглимга қарарди. Ширинсўз бўлгани учунми, ош қилса капгир, кашта тикса игна-ип кўтариб янгамнинг ортидан қолмасдим. Акам билан янгам биз ука-сингилларнинг бошимизни силаб вояга етказишди, ўқитиб, уйли-жойли қилишди. Ажратиш, қизғаниш, камситиш нималигини билмай ўсдик. Шу сабаб бизнинг рўзғор тутумимизда бундай нарсалар бўлмаган. То ҳовли-жой қилгунимизча бир уйда иноқ яшаганмиз. Буни ўзинг ҳам эсларсан. Ҳозир атрофдагиларга қараб туриб, тотувлик бизнинг турмуш тарзимизга сингиб кетган экан, дейман-да, – деди оғир хўрсиниш билан меҳмон. Сўнг жим эшитиб ўтирган қизига қараб:
– Бугун яшайман десанг, ҳамма нарса бор, лекин гоҳо шу кўнгил қурғур торайиб кетяптими дейман-да, болам? Кенгга дунё ҳам кенг, кўнгилни кенг қил, – деди қария, боядан бери эртак эшитаётгандек анграйиб қолган қизчанинг сочини силаб. Кейин жойидан аста қўзғалиб, юзига фотиҳа тортди. Қизининг “Қолинг, овқатга уннайман”, дейишига ҳам қарамай, кетишга чоғланди.
Неъмат ака дарвоза олдига етганда ошхона томонга қараб:
– Майли, қизим. Сиз ҳам яхши қолинг. Уйингиздагиларни ҳам сўраб қўйинг. Ўтинг­лар бизникига ҳам, хурсанд бўламиз, – деди.
Ҳалитдан бери ота-боланинг гапига қулоқ солиб турган Ҳилолахон меҳмонни кузатишга чиқиб, кўзларини ердан узмай:
– Келганингиз учун раҳмат, қудабува. Келиб туринг, биз ҳам хурсанд бўламиз, – деди синиқ жилмайиб.
Мадина отасини кузатиб эшикни ёпаркан, шу тобда негадир ўзини енгил ҳис этди, дили алланечук равшан тортгандек бўлди. Супага яқинлашаркан, уни кўриб дастурхондан шартта қўлини тортган овсинининг болаларига қараб, жилмайди-да:
– Олаверинглар, меҳмон бобонгиз сизлар учун олиб келибди бу ширинликларни, – дея Суннатжоннинг юзидан ўпиб қўйди. Сўнг ортига қараб:
– Келинойи, келинг, бирга чой ичамиз, – деди меҳрли овозда.
– Ҳозир, боряпман, – деди ошхонадан қўлларини сочиққа суртганча овсини ёнига шошиб келаётган Ҳилолахон.

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 7-сон