Назар Эшонқул. Хаёл тузоғи (ҳикоя)

«Ўлим ҳам сени севиб қолибди…»
«Ромео ва Жульетта»

Воқифнинг изсиз йўқолгани ҳақидаги хабар мени бирдан эсанкиратиб қўйди; икки йиллик сафардан сўнг шаҳарга қайтиб келгач, биринчи қизиққан ва батафсил ўргана бошлаган ҳодисам ҳам унинг бедарак йўқолиши сабабларини аниқлашдан иборат бўлди.
Орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам Воқифнинг муросасиз, жангари сиймоси хотирам туйнугидан бот-бот мўралар ва унинг тўсатдан ғойиб бўлганига сира ишонгим келмас, зеро, йўқолишига дахлдор бўладиган бирон зуҳурот қолмаган, ваҳоланки, унга таниш-нотаниш бўлган кишилар бир-бир сўроққа чақиртирилганди, мен қанчалик елиб-югурмай, қидирув бўлимидагилар ҳам шу маълумотдан нарига ўтишмади.
Иродаси ва фикр юритишига мен ҳамиша ҳавас қилиб юрадиган бу йигитнинг шунчаки сабабсиз ғойиб бўлишига ҳеч кўниколмасдим.
Учрашиб қолганда ҳаёт ҳақида, келажак ишларимизу дунёда биз ва фақат биз кашф қилишимиз мумкин бўлган ороллар ҳақида гаплашардик. Тўғри, унинг на ишда, на ошиқликда омади юришди, ҳамма жойда бетгачопарлиги панд берар, у эса ҳеч эгилишни истамас эди. Ойлаб ишсиз, чўнтагида пулсиз юрган пайтларида ҳам тушкунликка тушмаганди. У палла Воқиф эҳтиросли ва кўнгли тоза йигит эди, тирикчилик уни чучмал мақолалар босиладиган деярли нуфузи йўқ рўзномага ишга киришга мажбур қилганди.
Мен эса икки йилга сафарга кетдим. Шундан сўнг на у ҳақида, на Робия ҳақида бирон хабар эшитдим. Воқифга юборган хатларим манзилига етмай қайтиб келган кемалар янглиғ яна ўзимга қайтиб келаверар, зотан, Робиянинг кекса, баджаҳл отаси бу пайтда Воқифдан ўзгани куёв қилолмаслигига, ниҳоят, ишонган ва қизи бу телбароқ йигитдан бошқа ҳеч кимга қалби эшигини очмаслигини тушуниб етган, тўйга ҳам аста-секин розилик берадиган кайфиятда юрган кезлар эди ва, менинг фаҳмимча, бу икки йил ичида тўй ўтган бўлиши керак эди — мен ўша олис юртда юриб, қарийб ўн йил давом этган, на ота-оналарнинг қистовлари, на ҳамма нарсани ўчириб ташловчи вақт, на иш, ҳаётдаги омадсизлик, на йиллар, на бошпанасиз, ижарама-ижара изғиб юриш ўчира олган, худди Афандининг бозорга боргани ҳақидаги латифа каби, ҳамма билган ва ҳамма ўқиган 6у ошиқ-маъшуқлик қиссасининг эртаклар мисоли хайрли тугашига ҳеч бир шубҳа қилмаган эдим.
Шу сабабли, Воқифнинг қандай бедарак кетганлигини билиш учун, уни охирги кунлар кўрган кишилар билан бир-бир гаплашиб чиқдим.
Рўзномалар роса уч ой изма-из эълон берганига, қидирув бўлимидагилар фавқулодда жонбозлик кўрсатиб, барча шаҳару қишлоқларни бирма-бир текшириб чиқишганига қарамай, у сувга тушган гавҳар мисол ғойиб бўлган эди; тириклар орасида ҳам, ўликлар орасида ҳам уни топиб бўлмади… Мен умид қилган одамлар хомушланиб, секин бош чайқашди — бу бедарак кетиш улар учун ҳам мутлақо кутилмаган ҳол эди. Эски танишларимиздан ким билан учрашмай, бепарво елка қисишди — мен уларнинг қисилаётган елкаларига, чўғлари ўчган лоқайд кўзларига қараб туриб, худди ташландиқ ва хароб гўшадан кечиб кетишгандай, улар аллақачон Воқифни унутишганига амин бўлдим. Фақат баъзи танишлар бедарак кетишидан олдин Воқифнинг қандайдир бино, қон, болта ҳақида гапириб юрганини ғира-шира эслашди ва у ўша пайтдаёқ ақлдан оза бошлаган эди, деган тахминни ҳам рўкач қилишди. У ҳатто ҳамиша ўзи билан бирга олиб юрадиган, гўдаклигидаёқ поезд тагида қолиб ҳалок бўлган ота-онасининг суратини ҳам олмаган, гўё қайгадир шошиб чиққану ҳозир қайтиб келадигандек, китоблардан тортиб газета қийқимларигача — ҳамма нарсада унинг изи, нафаси сезилиб турарди. Воқеанинг тагига етишга бўлган уринишларим беҳуда кетди — ўрмонда адашиб қолган овчи қайси томонга юрмасин, фақат оч ва қутурган бўриларга дуч келгани каби, мен ҳам ҳар қадамда одамда таҳлика ва ваҳм уйғотадиган, йўлимда мислсиз ҳайкал янглиғ қад кериб турган Номаълумлик ва Йўқликка дуч келавердим, шунда кўнглим салтанатига маккор ва айёр жосус мисоли, эҳтимол, Воқифни ҳам мана шу Номаълумлик ва Йўқлик айиқлари ютиб қўйгандир, деган бир шубҳа ўрмалаб кирди. Ахийри Робияни излаб топишга аҳд қилдим. Назаримда, калаванинг бир учи унинг қўлида тургандай эди. Унга сим қоқиб, учрашув жойини келишиб олдик. Жума куни ишдан сўнг мен Қ. хиёбонидаги хилват қаҳвахонага қараб югурдим. Робия аллақачон шу ерда эди — у бурчакдаги курсида бошини қуйи эгиб ўтирар, шу туришда ғамга чўмган қадим маъбудага ўхшарди. Мени кўриб, кўзидаги ёшларни артди. У жуда озиб кетганди. Юзидаги малоҳатдан, кўзларидаги бизнинг тунд, жиддий, ҳамиша дунёвий масалаларга кўмилиб юрадиган асабий улфатчилигимизга бутун борлиқни яшнатиб-яшартиб келаётган кўклам каби, ёшлик ва завқ улашадиган ҳаётбахш қувончдан асар ҳам қолмабди. Мен ўша дақиқадаёқ Воқиф фақат ўзини эмас, хасис ва очкўз дунёнинг бир илкис туҳфаси бўлган бу гўзал малакни ҳам ҳаётнинг бедарак кўчаларига солиб кетганини англадим. Узоқ жимликдан сўнг мен ўзимни шубҳага солиб юрган саволни бердим. Робия анча пайтгача гапирмади, у менинг шундай савол беришимни олдиндан билган чоғи, юзида ҳеч қандай ажабланиш ҳам пайдо бўлмади.
— Ҳа, ғалати, — деди сўнг, бироз титроқ овозда. — Сиз тўғри ўйлабсиз, ўшанда менинг ҳам ақлим ҳеч нарсага етмаганди. Энди ҳаммасига тушундим. Йўқ-йўқ, у ёвузлик қилгани йўқ! — бақириб юборди Робия, менинг юзимдаги ифодани кўриб. — Мана буни ўқиб кўринг, ўзингиз ҳаммасига тушуниб оласиз. Бунда ҳаммаси ёзилган.
У сумкасидан ҳийла қалин қўйин дафтарча олиб узатди. Мен Робияга қарадим, у жимгина йиғларди, илоҳийлик барқ уриб турган гўзал суратни қандайдир жазавали, уқувсиз рассом бешафқатларча бўяб ташлагандай, кўз ёшлари унинг саҳар осмонидек тиниқ юзини баҳор жаласи янглиғ қоплаб олган эди.
Бу ёшлар одамзод излай-излай охири топажак ва бу дунёнинг асл маъною моҳияти ҳамда инсон умрининг интиҳоси ҳақидаги алал-оқибат хулоса қандай бўлиши мумкинлиги тўғрисида бир иқрор эди. Унга ҳеч нарса дея олмадим. Дафтарчани олиб, шу ернинг ўзидаёқ ўқишга тушдим. Дафтардаги воқеалар икки йилча олдин ёзила бошлаганди:

20 март
Бу бинони нега айнан шаҳар ўртасига қуришган, тўғриси, ҳеч ақлим етмайди. Шаҳардаги энг улкан ва маҳобатли бино ҳам шу бўлса керак.
Ҳамиша очиқ турадиган дарвозаси шу қадар каттаки, ҳатто бутун шаҳар аҳли бирданига кирса ҳам ўтиб кетадигандай туюлади менга. Бино менда ғалати ҳислар уйғотмоқда. Бу ерда қандай маҳкама жойлашганини ҳам билмайман, бироқ эшикларидан то панжараларигача нақшинкор, қуббадор қилиб ишланганига қараганда, нуфузли бирон ташкилот ин қурганга ўхшайди. Сўраб билишим керак, у қандай ташкилот экан?

22 март
Бугун эзилиб ёмғир ёғди. Менга ёмғир жуда ҳам ёқади. Рутубат елкамни сирқиратиб оғритса ҳам ишдан яёв қайтдим. Бинонинг дарвозаси ланг очиқ турар, момоқалдироқ гулдураганида бино жуда ваҳимали тусга кирарди. Балким, шаҳарга ваҳм бағишлаб туриш учун бу бинони атайлаб қуришгандир?! Унинг улканлигига қараб туриб, одам беихтиёр шундай хаёлга боради. У кўринишидан ухлаб ётган баҳайбат махлуққа ўхшайди. Ёмғир яна бир кун шундай ёғса, йўлларда юриб бўлмай қолади.

23 март
кундузи
Бугун ҳам ишга боришда бинонинг олдидан ўтдим. Балким, туман бўлгани учун менга шундай кўрингандир, бироқ, назаримда, бино кечагига қараганда бироз катталашгандай туюлди. Қизиқ, дарвозаси ҳам хийла кенгайган эди. Туман орасида у яна ҳам ваҳимали тусга кирган, худди қалъани қўриқлаб ётган соқчилар мисоли тек қотган панжара устидаги найзалар намдан ялтираб турарди. Нега бино мени бунчалик ташвишга солаётганига ҳайронман: истамасам ҳам оёқларим шу томонга тортаверади. Уни кўриш ва ваҳимадан титраш менга зарурмикин? Кечаси яхши ухлай олмаганим учун чарчаганга ўхшайман, бўлим мудиридан жавоб олиб, тушдан сўнг хонага кетаман.

кечаси
Бўлим мудири уйга кетишимга рухсат бермади. Шусиз ҳам бўлимдаги энг бебоши сизсиз, бир ойда уч марта ишга келмадингиз, деди.
Куни билан банд бўлдим, қандайдир шошилинч мақолалар тайёрладим. Иш худди охири йўқ йўлга ўхшар экан. Бутун вужудингни унга ботириб ташлаганинг ва ҳар бир лаҳзангни, сониянгни сарф қилганинг билан, бир куни эрта тонгда уйғонаркансану ҳали ҳеч нарса қилиб улгурмаганингни, ўрнингдан туришинг билан аскарни жанг кутаётгани каби, сени қам бир олам иш кутиб турганини англаб қоларкансан. Ҳаёт шу қадар чигалки, унинг ичига қанчалик кириб борсанг, шунчалик юзада эканлигингни сезиб қолаверасан. Балким, шу туфайли ёш-ёш йигитлар мўйлари чиқмай туриб, ҳаётдан безиб қолишар? Талабалик йилларимизда ҳаёт анча завқли эди, ўзимиз ҳам шаддод йигитлар эдик, қанча ичсак тўймасдик, қанча есак шунча егимиз келаверарди, ҳатто ҳафталаб ичиб юришимиз ёки бемақсад ағанаб ётишимиз мумкин эди — ҳаёт ҳеч қачон зерикарли туюлмасди. У пайтлар ҳамма нарса кўзимизга хушсаодат бўлиб кўринарди. Кўнглимиз тусаган киши билан гаплашар, кўнглимиз тусаган китобни ўқир, кўнглимиз тусаган ишни қилардик, умр дегани шунчалар азиз эдики, у фақат кўнгилдан иборатдай бўлиб қолганди. Хоҳлаган кишимизга «Сиз аблаҳсиз», деб бетига айтаверардик, бунинг учун ҳеч кимга ҳисоб бермасдик, ҳеч ким бизни тергамасди. Ҳар бир ишни шунчалар иштиёқ билан қилардикки, агар у ўзимизга зарар келтирса ҳам, ҳеч тушкунликка тушмасдик. Ҳар тонг деразамиздан зўрға сирғалиб ўтиб, бизга заррин қўлини узатаётган қуёшни соғинч ила кутиб олар ва «Салом, эй коинот атиргули» деб ҳайқирар, сўнг бугунги вазифамизни ўтаб бўлгандай, яна тўшакка таппа ташлаб, кўзларимиздаги уйқу зерикиб, толиқиб, охири қабоқларимиздан қочиб қолмагунча иштиёқ билан ухлардик. Хоналар тор бўлса ҳам бағримиз кенг дея, кечалари ҳеч бир самарасиз тортишувларга берилардик. У пайтлар ҳикматли гаплар айтишни, башорат қилишни шунчалар севардикки, гўё инсоният келажакка биз қуриб берган хаёл кўпригидан ўтадигандек туюлар, ҳар бир нарса бизга порлоқ истиқболимиздан дарак берар, гарчи энди умид гулларимизни узиб ташлаган бўлса ҳам, маъшуқаларимизнинг эшигини тонггача пойлаб чиқардик; уни кўришимиз билан хазонликка юз тутган дунёга яшариш фасли кириб келаётгандай, кўнгилларимиз нурафшон бўлиб кетар, унга китоблардан иқтибослар келтириб, муҳаббат ва вафо ҳақида эринмасдан сафсата сотардик; кўпинча, узун жумлаларимизга маъшуқамиз тугул, ўзимиз ҳам тушунмасдик, лекин, бахт бамисоли бир гулу уни бағримизга экиб қўйиш жуда ҳам жўн, осондай туюларди ва, биз бир куни умримиз гулзорида шундай гул очилишига ҳеч бир шубҳа қилмасдик, зеро, ростдан ҳам ҳаёт довуллари бизга чикора эди, биз уни кутиб олишга ва енгишга ўзимизни тайёр деб ҳисоблар, руҳимиз ҳам шунчалар тетик ва кўтаринки бўларди. Баъзи-баъзида ўша дўстлар учрашиб қолсак, юзимиздаги умид харобаларини, орзуларимизнинг вайрон бўлган иморатларини бошлиқларимизга ёқиш учун ўрганган ширинсуханлигимизу оҳорланган кўйлак ҳамда бўйнимизда бўғма илондек осилиб турадиган хушбичим бўйинбоғларимиз билан яширганча тезроқ хайрлашиб жўнаб қоладиган бўлганимизни нима билан изоҳлаш мумкин?! Энди-энди ҳайрон қоламан: ўша, «инсонни гўзаллик қутқаради», дея соатлаб сўзамоллик қиладиган ва бу фикрида ҳамиша собит ва қатъиятли бўлган, бахтни одамнинг ўзи яратади деган таомилга қаттиқ ишонадиган ва бу бахтни яратиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ўша ҳаётсевар ва саодатманд йигит наҳотки мен бўлсам? Хаёлий мўъжизаларга ишонадиган у йигит қайга йўқолди?! Ҳаёт саробмонанд бир манзил эканлигига, уни ўзгартириб, қайтадан қуриб бўлмаслигига имон келтирган, қароқчига бор буд-шудини ўғирлатган ношуд савдогардек, фақат орзуларию туйғуларини эмас, ҳатто одамнинг ўзини ҳам номсиз махлуқотга айлантиришга, уни ҳаёт ойнасидан буткул артиб ташлашга қодир бўлган маккор ва айёр «дунё» қаршисида ҳорғин ва мавҳум турган йигит билан у йигитчанинг қандай алоқаси бор? Қани у? Хаёлда бўлса ҳам бот-бот ўша йилларга қайтар эканман, қўл-оёғи кишанланган қул хўжаси изидан кетиб бораётгандек, йиллар ўтган сайин ўзимни тонг ва шом изидан зир югуриб бораётган умр маҳрамига айланиб қолаётганимни ҳис қиламан. Балким, ҳаёт дегани мақрамлик деганидир?! Унда, одамзотнинг ақволи қафасдаги булбулдан қам хароброқ экан!
Нима бўлган тақдирда ҳам, бинони шаҳар ўртасига қуриш ғирт қабиқликдан бошқа нарса эмас. Мен ҳатто уйда ҳам у упкан бинонинг салобатини ҳис қилиб ётаман.

29 март
Бир ҳафтадан бери қўшинимизникида йиғи-сиғи. Ўтган ҳафта бир тўда йигитлар шундоқ кўчанинг қоқ ўртасида эрини чавақлаб кетишганди. Йиғлайвериб, хотини муштдай бўлиб қолди. Мен ўлсам ҳам аёллар шундай йиғлашармикин?!
Эшигим мустаҳкам бўлиши учун янги қулф сотиб олдим…

1 апрел
Бугун иш бўлмади. Ҳисобчимизни бола-чақасига қўшиб чопиб кетишибди. Пул ахтаришган бўлса керак деб тахмин қилишяпти. Кимдир қиморга алоқаси бор экан, деб шивирлади. Мозористон одам билан тўлиб кетди: ҳисобчи кўп кишиларга яхшилик қилган эди. Кечаси билан тушимга тобут кириб чиқди: бўм-бўш, баҳайбат тобут шаҳар кўчаларида лопиллаб учиб юрганмиш. Бўғилиб уйғониб кетдим… Менга бир нима бўлганга ўхшайди. Эртага ҳаммасини Р. га гапириб бераман. Шундай қилсам, енгил тортарман…

7 апрел
Юқори қаватда кимдир кечалари болта қайраб чиқяпти. Қайралаётган болта эканини аниқ биламан — товуш ингичка ва қисқа-қисқа. Қўшниларимиз нимагадир зимдан тайёрланишяпти… Эшигимни яхшилаб қулфладимми, текшириб кўриш керак.

18 апрел
Ишхонамиз бир пайтлар турма бўлган экан. Бугун эшик оғаси шундай деди. «Кечалари оҳ-воҳлар эшитилиб қолади, изидан шарақ этган қамчи товуши чиқади», деди у. Мен нега ўзим ўтирадиган хонада бадбўй тер ва яна алланарсаларнинг ҳиди кезиб юришининг сабабини энди сездим. Мен ўтирган хонада қанча одамнинг қони тўкилган экан? Қоровулнинг гапи қулоғимга ўрнашиб қолган экан, хонада ўтиролмадим, кун узоғи нималарнидир баҳона қилиб даҳлизга кезиб юрдим. Хонага кирсам, бирдан қулоғимга хивчин товуши келади, димоғимни айниган қон ҳиди тутади. Қон ҳиди келмаган бирон жой бормикин бу дунёда?!
Ҳамхонамдан «Сиз ҳам қон ҳидини сезяпсизми?» деб сўрагандим, у итникидан ҳам каттароқ бурнини икки-уч марта тортиб кўрди-да, «ҳеч нарса сезмаяпман» деди ва менга ғалати қараш қилиб қўйди. Сўнг ўрнидан турди-да, қайгадир чиқиб кетди. Мен унинг бўлим мудирининг олдига кетганини сездим. Ростдан ҳам сал ўтиб котиба қиз кириб, мени бўлим мудири сўраётганини. айтди. Бўлим мудири нимадандир жуда безовта, қип-қизариб кетганди.
— Сиз нимага шама қилаётганингизни билмайман-у, — деди у кўзойнаги устидан ўқрайган кўзларини тикиб, — лекин тилга кўпам эрк берманг, ука. Буни сиздан ҳаётда кўпроқ нарсаларни кўрган одамнинг насиҳати деб қабул қилинг.
Хонадан чиқар эканман, муднрнинг хонасига ҳам қон ҳиди ўтириб қолганини сездим ва бўғилиб, кўнглим айнимасин деб тез-тез юриб чиқиб кетдим.
Кечаси билан ухлай олмадим. Назаримда кимдир эшикни чертиб чиқди. Ҳар хил шарпалар кўзимга кўриниб, то тонггача юрак ҳовучлаб ўтирдим.
Ёлғиз яшаш мозорда қоровуллик қилишдан ҳам оғир экан.

22 апрел
Тушимда бир пайтлар жуда қалин бўлган дўстимнинг умримда кўрмаган укасини кўрибман. У менинг эшигимни тақиллатиб турган эмиш… Мен уйғониб даҳшатга тушдим. Дўстимнинг укаси икки йил олдин кўлга чўкиб ўлганди.
Дўхтир «қаттиқ чарчагансиз ёки нимадандир қўрққансиз», деди. У хўппасемиз ва, афтидан, фаросатсиз одам эди: халати исқирт, бармоқларига туғилган йили бўлса керак, рақамлар ёзиб ташланганди. «Олдини олмасангиз, миянгиз суюлиб кетиши мумкин», деб қўшимча қилиб қўйди у кирлигидан ранги қанақалигини билиб бўлмайдиган сочиққа қўлини артар экан. У ҳазиллашиб гапирдими ёки ҳар бир касални шундай деб қўрқитадими, билолмадим. Унинг олдидан таъбим тирриқ бўлиб чиқдим.

12 май
Бугун ишхонамиз қоровули билан яна гаплашиб қолдим. Туш пайти у мени чойга таклиф қилди. Гап яна ўз-ўзидан қамоқхонага бориб тақалди. У мени ўзига хайрихоҳ ва сирдош деб ўйлади чоғи, анча лақиллатди. Бу ер турма бўлган пайтлари, у ҳам шу ерда назоратчи бўлиб ишлаган экан. Шунинг учун биномизга ўрганиб қолган экан. Ишдан бўшагач, бир-икки йил худди бир нарсасини йўқотиб қўйгандек бўлиб юрибди. «Бутун умрим ўтган бу ерда, ташлаб кетолмайман», деди. Унинг ёши етмишга яқинлашиб қолганди. Одат бўлса керак, ҳар дамда ниманидир суғуриб олаётгандай, ўз ёнини пайпаслаб қўярди. Гарчи ҳаёт уни кексаликнинг олис саҳросига етаклаб кетаётган бўлса-да, у худди ўша навқиронлик пайтларидан куч олиб яшаётгандек, ҳали тетик ва бақувват эди.
«Ўқни аяб, кўпини болта билан чопиб ташлардик», деди у ҳали куч кетмаган қўлларига бир-бир кўз ташлаб. Яна анча нарсалар ҳақида гапирмоқчи эди, бироқ мен ортиқ ўтиролмадим. Назаримда, яна икки дақиқа қолсам, бу ердан ўзим ҳам тирик чиқмайдигандек эдим. Ишим кўплигини баҳона қилиб, чиқиб кетдим. Бутун бино ҳали ҳам турма-ю, ўзим эса маҳбусдай бўлиб туюлдим. Энди қайси бинода яшайман?!

1 июн
Уйқумда ҳаловат бўлмаяпти. Кўзимга ҳар хил шарпалар кўринади. Кундузлари кимга қарамай, у қўйнига жуда ўткир болта солиб юргандай туюлаверади. Кеча бўлим бошлиғимиз кенг хирқа кийиб келди. Мен унинг ён чўнтагида хийла катта болта борлигини сездим. Олдин эътибор бермаган эканман. Фақат бўлим бошлиғи эмас, ишхонамиздагиларнинг ҳаммаси, ярашмаса ҳам, кенг-кенг кийим кийиб юришаркан.
Ишдан кейин бир оз дам олиш учун телевизор қўйган эдим, болта ясайдиган қандайдир устахонани кўрсатишди. Мухбир болтани роса мақтади: «болта ҳатто тошни ҳам кесиб ўтади», деди у. Агар тошни кесса, одамнинг бошини кесиши ҳеч гап эмас. Телевизорни ўчириб қўйишга тўғри келди… Нега газетамизда тез-тез болтанинг сурати босилишини энди тушундим. Ё одамлар ақлдан озишяпти, ё мен…
Анави бино ақлимни тамоман олиб қўйди. Бугун кун узоғи унинг қаршисидаги дарахт остида бирон киши чиқармикин деб кутиб ўтирдим. Қизиқ, йўлдан шунчалик кўп йўловчи ўтяптики, бирортаси гўё у йўқдай, бинога ақалли қайрилиб қарамайди. Наҳотки бино уларни ваҳимага солмаса? Кеч тушиб қолгач, уйга яёв қайтдим. Дам олиш куним ҳам беҳуда кетди. Барибир, бу қандай бино эканлигини аниқлашим керак. Уни аниқламай туриб ҳаётимда ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмаслигини сезяпман.

14 июн
Эрталаб туриб жўмракни бурасам, сув ўрнига қип-қизил қон отилиб чиқди. Тоғора бир зумда қон билан тўлди. Ярим соатдан сўнг очган эдим, яна шариллаб қон қуйила бошлади. Афтидан, сув қозонига қон тўкилиб кетганга ўхшайди. Жўмракни ҳам текшириб кўриш керак. Ишга ювинмай жўнашга тўғри келди. Кечқурун уй хўжалигидан келган усталар жўмракни бураб, очиб кўришди-ю, жаҳллари чиқиб кетишди. Лақиллатганим учун кейинги чақириқларимни қабул қилмайдиган бўлишди. Қонга эса эътибор ҳам беришмади. Ё бутун шаҳардаги жўмраклардан қон оқиб турармикин?! Наҳотки, шу пайтгача қонга ювиниб юрган бўлсам!..

22 июн
Шаҳар уй-жой хўжалигидагилар ҳам, меъморчилик институтидагилар ҳам бинони эслай олишмади. «Биз лойиҳалаштирмаганмиз, бирон эски бино бўлса керак, лекин нега харитада кўрсатилмаган, ҳайронмиз», дейишди. Уларнинг олдидан кайфиятим тирриқ бўлиб чиқдим.
Бинонинг олдидан ўтаётиб, бир шляпали кишидан бу қандай бино, деб сўрагандим, у юзимга ажабсиниб тикилди-да, халтасини кўтарганича, орқасига қарай-қарай жўнаб қолди.
Одамлар нега бу бино ҳақида гаплашишдан ўзларини олиб қочишяпти?! Ростдан ҳам бинода қандайдир сир борга ўхшайди. Бўлмаса, шляпали кишининг бунчалар ўтакаси ёрилмасди.
Нега ўзлари қўрқадиган бинони яна ўзлари қуришаркин?!

2 июл
Телевизордан қандайдир муҳим йиғинни олиб беришди, унда арбоблар давлатлараро масалани муҳокама қилишаётган эди. Биттаси сўзлар, қолганлари қарсак чаларди. Минбардагиси қўлини пахса қилиб гапирар ва қўйин чўнтагини ушлаб-ушлаб қўярди. Шунда мен ўтирганлар ҳам баъзи-баъзида қўйин чўнтагини ушлаб қўяётганини сезиб қолдим. Наҳотки ҳаммаси қўйнига болта солиб олишган бўлса?! Қаппайиб туришига қараганда, чўнтакларидаги болтадан бошқа нарса эмас, бошқа нарса бўлганида, улар бунчалик ҳаяжонланиб ўтиришмасди.
Кечаси кўрган тушимни ишхонадагиларга айтган эдим, улар уйланинг деб маслаҳат беришди… Уйланса, одам ваҳимали хаёллардан биратўла қутулар эмиш. Р. га шундай деб айтган эдим, жилмайиб қўйди.

Август
Уй қоровули хонамга кириб олиб, икки соатча гап сотди. Унинг кўзига қараб, зимдан пайт пойлаб турганини сезиб қолдим. Бунинг устига, хирқаси чўнтагига шапалоқдай дастали бир нарса солиб олган эди. Бирдан ҳушёр тортдим. Мени аврай олмагач, ниятидан воз кечди шекилли, хонани ифлос тутманг, деб танбеҳ берганча чиқиб кетди. У чиқиши билан эшикни маҳкам ёпиб олдим.
Кўчада ҳам одамлар бир-бирига пайт пойлаб тикилиб қўяётганини сезиб қоляпман. Сўнгги кунларда шуни англаб етдимки, одамлар бу дунёга бир-бирини чавоқлаш учун келган. Эҳтиёт бўлиб юришга тўғри келади… Мен кимнингдир болтаси тагида қолишни сира ҳам истамайман»…
Дафтарнинг шу еридан бир неча варақ бўш эди. Балки, Воқиф бу варақларни кейинчалик тўлдириш учун атайлаб ташлаб кетгандир, ким билади!
Хаёлимни дафтардаги воқеалар банд этиб олгани учун, мен бунга ортиқча эътибор берганим йўқ. Лекин бу оппоқ варақлар ҳаётий шавқдан бўшаб қолган, хаёл ва ёлғизлик ваҳмига мустақил бўлган юракнинг акси эди, менда ёмон таассурот қолдирди. Аммо, юрагимдан кечган бу шубҳани Робияга билдирмаслик учун энди аниқ сана қўйилмай, шошапиша ёзила бошлаган саҳифаларни ўқий бошладим:

«Сентябр»
Деразадан тунга қараб туриб, тўсатдан ойни кўриб қолдим. Қизиқ, тун ва ой унга жуда ўхшаркан. Балким, у тўғри ойдан тушиб келгандир?!

Сентябр
Жуда ғалати туш кўрдим. Тушимда ўз қабрим устида йиғлаб ўтирган эмишман. Қабр тошига «Бу ерга В. кўмилган», деб ёзиб қўйилган эмиш.
Эрталаб ланж бўлиб турдим… Мен ҳам болта сотиб олиб қўйишим керак. Кимдир эски шаҳарда яхши болта сотади деганди, бугун иш пайти ўтиб келаман.

Сентябр
У мени бугун ҳам ишхонагача кузатиб борди. Унинг изидан илоҳий тароват тараларди, гўё қуёшнинг бир парчаси синиб ерга тушгану энди кўчанинг қоқ ўртасида теварак атрофга ҳаётбахш ёғду таратаётгандай, лекин уни мендан бошқа ҳеч ким кўрмаётгандай эди. Мен унга қараб туриб, ҳали дунёда бундайин гўзал хилқатни кўрмаганимга амин бўлдим. Унинг қошлари қадим усталар ясаган қиличдек эгик ва нафис эди. (О, бу қилич мени нимталаб ташласа нетади, деб ўйладим ўша сония). У тикилиб турганимни кўргач, одамлар орасига кириб ғойиб бўлди. У гўё бир олов эди-ю, бир ёниб-ўчганди, изидан ҳаво жимирлаб қолди. У буриларкан, қулоғида ярим ой шаклидаги хийла катта сирғани кўриб қолдим. Афтидан, сирға жуда қиммат турса керак…
Бугун ҳатто жеркиб ташлаган бўлим мудирига ҳам кулиб жавоб қайтардим. Айниқса, котиба қизларга жуда хушмуомала бўлдим. Улар менинг ўзгариб қолганим сабабини билишолмай ҳайрон.

Сентябр
Биз эрта тонгданоқ ишга жўнадик. У ҳар куни тунлари эшигим ёнида айланиб юради: кечаси билан оёқ кийим пошнаси эшигим тагида тўқиллайди. Бир куни пастки қаватдаги қўшним «кечалар уйингизга роса кўп аёллар келади-я», деб тиржайиб қўйди. Унга ҳеч нарса демай уйга кириб кетдим. У ҳали бирон марта ҳам эшигимни очиб киришга журъат қилгани йўқ: ҳамма ухлагандан сўнг зиналардан секин кўтарилиб эшигимнинг олдигача келади. У ерда анча туриб қолади, сўнг яна тош зиналарни тўқиллатиб тушиб кетади. У, афтидан, ичкарига мен томон киришга ҳамон журъат қилолгани йўқ, бироқ, эрталаб мени ишга кузатиб бориш учун муюлишда кутиб туради. У бугун жуда очилиб кетган эди, сочи қуёш нурларида тунги денгиздай ялтирарди. У мендан атиги ўн қадамча орқада борарди, лекин унинг нафасини, юрак товушини аниқ эшитиб турардим, елкам куйиб кетаётган бўлса қам қайрилиб қарашга журъат қилолмадим. Унинг кичкина кўкраклари ҳаяжондан қалтираб кетаётганини ҳам сезиб турардим. У изимдан арвоҳдай сассиз-шарпасиз эргашиб келарди. Мен ишхонага кириб кетгач, у муюлишда бироз айланиб юрди, сўнг қайрилиб хиёбонга кириб кетди. Изидан қараб туриб, уни севмаслик мумкин эмас, деб ўйладим.

Сентябр
У ҳар куни ишхонага телефон қилиб, хонада ўтирган-ўтирмаганимни текшириб кўради. Котиба қиз «Худди қабрдан чиқаётгандай, товуши бунча совуқ» деганди, уришиб бердим. Одамлар қўполлашиб, гўзалликни ҳис қилолмайдиган бўлиб кетишган. Котибадан унчалик хафа бўлмадим. Гўзалликни ҳис қилолмайдиганларга гўзаллик ҳақида гапириб ўтириш шарт эмас.
Р. га уни яхши кўриб қолганимни, эртами-кечми у билан бирга кетишимни айтдим. Р. узоқ йиғлади. Биламан, у мени касал бўлиб қолибди деб ўйлайди. Мен унга соппа-соғлигимни, лекин у хаёлимни банд этиб олганини тушунтирдим. У йиғлаган кўйи чиқиб кетди. Кузатгани чиқмадим. Менга негадир ҳамма нарса барибирдай бўлиб қолган. Деразани очиб, ойга қарадим; ой худди унинг кўзларидай порлаб турарди. Қизиқ, ойда қам болта кўтариб юришармикин?!»

Ўқишдан тўхтаб, Робияга қарашга ҳам журъат қилолмасдан, куз шамоли ўйноқлаётган дарахтларга юзимни бурдим, бу сўзларни ўқиганим учун мен негадир Робиянинг олдида ўзимни гуноқкордек ҳис этар, шу сўзларни Воқиф ёзганлигини тасаввур ҳам қилолмасдим. Булар ҳаммаси мен учун ғайритабиий, ақл бовар қилмас таассурот эди.
Йиртқичдан қочган қуён овчи тузоғига тушиб қолганидек, Воқиф ҳам ўзининг омадсизлик, тушкунлик ва умидсизликдан иборат умр бўронларидан қочиб, худди ўзи тасвирлаган шаҳар ўртасидаги улкан бинодан маҳобатли ва серваҳм хаёл тузоғига тушиб қолган эди. Одам ҳаётига маҳбуслигини, бу ҳибсхонадан фақат хаёллар орқалигина учиб чиқиши ва шу йўл билангина кўнгли ва руҳини озод қилиши мумкинлигини узоқ уқубатлардан сўнг англаб етган кишигина шундай тузоққа тушиши мумкин.
Мен дафтарчанинг ҳамма варақларини ўқиб ўтиришга ўзимда куч тополмадим. Бир томондан, то сўнгги вараққача Воқиф учун энг яқин ва азиз бўлган, ўрталаридаги муносабатга Робиянинг тажанг ва бир сўзли отасигина эмас, уларни қийма қилишни истаган йиллар ҳам охири тан берган Робия ҳақида бирон илиқ сўз ўқимаганим мени ҳайратга солган бўлса, бошқа томондан, Робия ҳақида бирон хунук нарса чиқиб қолади-ю, бу парчаларни ўқиганим учун ўзимни сира ҳам кечира олмайман, деб қўрқдим, тўғриси, энди Воқиф ростдан ҳам телба бўлиб қолмаганмикин, деб ўйлай бошладим, зеро, ёзувларда телбалик ва ажал зуҳур этган, бу нарсани тан олиш мен учун ғоят оғир эди. Ундан ташқари, мени васвасага ўхшаш бу воқеаларнинг натижаси қизиқтира бошлаганди; мана шу ажи-бужи, сертаҳлика, худди занглаган занжир каби узуқюлуқ ёзувлар, шошиб, ҳафсаласиз ёзилган катта-катта хунук ҳарфлар, боши узилган илондек ўралиб ётган тиниш белгилари, тамаки ҳиди ўтириб қолган варақлар кўнглимдаги пайдо бўлган шубҳалар аро «Воқифнинг сўнгги кунлари яширинган қўрғонга, балким, тезроқ чиқарман», деган умид ҳам мени шундай йўл тутишга мажбур қилгандир? Мен дафтарчанинг сўнгги варақларини ўқишга аҳд қилдим:

«25 октябрь
Ишхонадагилар мени ақлдан озиб қолган деб ўйлашяпти. Уларга «қўлларингизга қаранг, ҳаммангизнинг қўлларингиз қон», деб бақирган эдим. Мен шунчаки жиззакилик қилганим йўқ. Кейинги пайтда кимнинг қўлига қарасам, кўзимга қонаётгандек кўринади. Кеча дорилфунунда «санъат назарияси»дан дарс берган ўқитувчимни учратдим. Қўлларига қараб, унинг қам бармоқларидан қон оқиб турганини кўриб қолдим. Бу дунёда номаълум нарсалар шунчалик кўпки, бу номаълумлик ҳар қандай одамни ютиб юбориши ҳеч гап эмас. Энг ёмони — ўзингга ўзинг номаълум бўлиб қолишинг. Номаълумлик ҳар кеча менинг устимга лашкар тўплаб келади, тузоқ ташлаб кўради. Ўзига ўзи номаълум одам — қиёфаси йўқ одам. Қиёфаси йўқ одам тириклар биносида яшай олмайди. Бу эски, бадбўй бинони қанчалар кезмасин, ўзига қиёфа тополмайди. Қиёфаси йўқ одам эса ўлган одамдир! Қиёфасиз одам ёзувсиз қоғозга ўхшайди. Бу қоғозга қанча кўп ёзма, барибир ўчиб кетаверади. Шунда, наҳотки ёзганларимнинг қаммаси ўчиб кетган бўлса, деб қўрқиб кетдим. Дарвоқе, ўзи йўқ қиёфа ҳақида ёзишдан нима фойда?!.»

Дафтарчани ўқиб бўлиб, жим қолдим, Робия йиғидан тўхтаганди. У менга «қани, айтинг-чи, бу дунёдан бошқа нима қам топиш мумкин», дегандай қараб турарди. Кундалик менга жуда қаттиқ таъсир қилган, Воқиф ҳақидаги бутун тасаввурларимни ўзгартириб юборганди.
Мен саҳифаларга боққан кўйи заволга юз тутган қалбни кўриб турардим, зеро, бу дунёда заволдан бошқа нарсани топиб ҳам бўлмайди. Умринг яшаётган уйни қанчалик авайлаб-асрама, қанчалар нақшинкор устунлар ўрнатма, барибир бир куни деразангда худди орзиқиб кутилган ёр каби, завол қуёши порлаб туради.
— Бу дафтарни мен унинг хонасидан топиб олдим. Ўзим суриштирдим, шаҳарда ундай бино йўқ. Дарвоқе, бунинг нима аҳамияти бор?— деди Робия, сўлғин товушда. Сўнг бошини эгиб олди — у шу туришида мана шу дафтар саҳифалари, васваса ва таҳлика билан ўтган кунлар аро Воқиф излаб ўтган ва эндиликда ўзи излаётган саволларнинг улкан аксига жуда ўхшаб кетарди, мана шу акснинг ўзи Воқифдан қолган хотира ёки иккалалари ўртасидаги муҳаббатнинг тимсолигина эмас, балким дўзахдан ҳам юз карра мудҳишроқ ва аянчлироқ бўлган умрдан маъно ва мазмун излаган одамнинг ҳаёт ҳақидаги хулосаси ҳам эканлигини, Робиянинг ўзи эътироф этганидек, бинонинг мавжуд бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, бедаракликка юз тутган қалбни фақат Яратгангина муҳокама қилишга қодирлигини ва, ҳаммамиз ҳам эртами-кечми барибир шу йўлни танлаяжагимиз ва шу хулосани топажагимизни ёқиб бўлинган ўчоқдек офтобнинг сўлғин нурлари тўкилиб турган, худди одамнинг ўтган кунлари каби, хазонлар уюлиб ётган ўша куз оқшоми жуда яхши тушуниб етгандим; алоҳал, ўлим маликаси қувлаб юрган ва елкасида унинг нафасини ҳис этиб бораётган ғулу қамда алдовга мубтало бўлган қалбнинг йўқлик оламига чекинишини тушуниш унчалик қийин эмас эди. Дафтардан менга шу нарса аён бўлгандики, шунчаки жимжималар аро йўқлик биносини кўра олган Воқифга тириклар орасида ҳам, ўликлар орасида ҳам жой қолмаган экан. Шунинг учун, орадан уч ойлар ўтгач, Робиянинг ҳам бедарак йўқолгани ҳақидаги хабарни эшитганимда, кундуздан сўнг зулмат бошланиши муқаррар бўлганидай, бу воқеанинг шундай якун топганига ҳеч бир ажабланмадим.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1994 йил, 9-10-сонлар