Ромул Елисеев (1971)

Ромул Елисеев 1971 йилда Бокуда туғилган. Москвада яшайди.

* * *

Соғинчдан йиғламасин майли мусиқа;
Ихрамасин созда камонча ҳам, бас.
Фақат ғарибларнинг оҳи ҳақиқат,
Аршга шом намоз чоғ ўрласа бир пас.

Меникими бир чўғ Измер тунида,
Самарқанд қуёшидан аталган инъом.
Чоржўй қовунлари иси маст қилган,
Бухоро ҳусайини рангидай калом!

Менгами шу хазина, ёт элларники!
Кўксимдан бир бошқача учмоқда дуо.
Бугун ул дилрабо Ноз – боқмаса ҳамки
Шойи чодрасини туширмаса ҳам раво.

Майли билакузуклар безасин чандон,
Ойчеҳра Нилуфарим қўлларин гул-гул.
Банги чилимини ўт олдиражак хандон,
Қайсар Гўзал кибрияойимга мен қул.

Фақат ёлғиз қолмоқ ҳаддан даҳшатли.
Жомеъ гумбазларидай паноҳбон неки.
Меники Хотами анбиё сўзи ҳикматли,
Феруза Шарқ осмонлари кўринг, меники.

Фақат шамол сурон билан шитоб эсади
Қисмат бошида қутурган йиртқич турланар.
Гоҳ ёввойи қоплон каби ташна кезади,
Гоҳ қоялар аро, кимнингдир арвоҳидай сирғалар.

Истамбулнинг дев, адашар жинкўчалари
Гўзаллик-ла учрашмоққа чиқишар боғлаб наво.
Мен бугун миноралар ҳаёти ила мағрур туриб
Сенинг исминг ярим кеча ҳайқираман дилрабо.

Бахт ҳақида нимадир де кекса донишманд,
Бағрим васвасадан увада-хароб сийрат.
Айтишар-ку, юрт гўзалларининг дилбанд
Юрагида Аллоҳ каломи яшайди фақат.

Дейдиларки, улар мисоли оқ-оппоқ тош
Нушоб қадаҳларида доим шуъла таратиб.
Сархуш давраларга ҳеч бўлмаганлар сирдош,
Тонг нури-да ўпмагай манглайларин порлатиб.

Нақшланган илонлар қийшанглагайлар ҳолсиз,
Чеккаларида нозик мармар узукларининг.
Нега айтинг Илоҳиёт қолгайми бир он ожиз?
Нечун латофатлари ўликмижоз уларнинг?

Фақат оқсоқоллар-да беришмас бунга жавоб,
Қалбимда улар дарди беролмаса-да таскин.
Жаннат неъматларнинг ҳеч бирини ҳам бу тоб,
Лайли қайноқ бўсасига тенглаштиролмам лекин.

Ҳазарнинг шунчакимас ҳар бир мавжли тўлқини,
Шабодаси нигоҳдан гўё сирғалиб ўтар.
Мен фақат нафс хоҳишин лаззатларини,
Ҳеч қачон алишмайман жинниликларингга дилбар.

Соғинчдан йиғламасин майли мусиқа;
Ихрамасин созда камонча ҳам, бас.
Фақат ғарибларнинг оҳи ҳақиқат,
Аршга шом намоз чоғ ўрласа бир пас.

Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси