I
Аяган кўзга чўп тушар деганларидай, қўярга жой топмай, еру кўкка ишонмай юрган келинидан туғилган мушук боласидай бир ҳовуч бўлиб ётган набирасига мулла Раҳмон катта умидлар билан қўйган туппа-тузук «Бойқул» исми ўрнига тенг-тўши, уйли-жойли бўлиб кетса ҳам, тўқайда ёш болалар билан «зувиллоқ» ўйнаб юрган, «йигит» дейишса, она сути оғзидан кетмаган гўдакка, «бола» дейишса, бир рўзғорга қора бўладиган ёшга етган, қоқсуяк юзи, ҳозир йиғлаб юборадигандай ҳамиша ёшга тўлиб турадиган кўзлари, чала туғилганини ҳалигача кўз-кўз қилаётган суну сумбатида ноқислик сезиладиган, худо ақлдан ҳам, бўйдан ҳам, бу пайтда дўриллай бошлаши керак бўлган овоздан ҳам қисган қишлоқдошларига Панжи муаллим топиб берган «Санчо» исми бутун қишлоқдаги ёшу қарининг қулоғига оғир харсангдай сингиб қолдики, бу лақабни кейинчалик хотини ҳам, изма-из туғилиб, қишлоқнинг олд йигитларига айланган ўғиллари ҳам, тожикча ширин талаффузи билан бутун қишлоқни оғзига қаратиб ўтирадиган калталик келини ҳам Терсотадан суриб чиқаролмади: минг истиҳола ва минг андиша билан, ҳар қалай, маъноси номаълум «Санчо»га қараганда ўзига ва бошқаларга яқин бўлган «Болабова» деб чақириши Бойқулга ҳар жиҳатдан мос келса-да, терсоталикларнинг орлари устунлик қилиб, туриш-турмуши билан ўзларини бошқа қишлоқликлар олдида тез-тез изза бўлишга, бошини эгишига сабабчи бўлган, мўйи-мўрти чиқса ҳам, ақли кирмаган девона бўлиб девонага, ақли ноқис бўлиб, жиннига ўхшамайдиган, нафақат бўйи, ақли ҳам болалигича қолиб кетган бир митти қишлоқдошларининг майна қилишга ўхшаб жаранглайдиган «Санчо» лақабини қаёқдаги келгинди келиннинг ҳе йўқ, бе йўқ ўзгартириб юборишига йўл қўйишмади – оқибатда мулла Раҳмондан сўнг келиннинг қайнотасига қўйган топилмаси қишлоқда оммалашмади: шундай қилиб, барча лақаблару топилмалар, ҳатто «Бойқул» деган исмнинг ўзи ҳам исқотга қолди. Аслида, мулла Раҳмон бир пайтлар белига урса, ҳўкизнинг белини синдирадиган хирмончўмичдай кафтида бир парча эт бўлиб ётган набирасига катта умидлар билан қўйган исмни унутиб юбориш олдида келиннинг лақабини қабул қилмаслик чикора эди. Аммо келин ҳам ўжар чиқди: бутун қишлоқ бир томон, унинг ўзи бир томон бўлиб, қайнотасини майна қилишдан қутқариш учун ўйлаб топган лақабидан воз кечмади – бутун қишлоқ эшитиши учун атайин товушини баланд кўтариб чақирадиган бўлди. Бойқулга ўзини нима деб чақиришларининг заррача қизиғи йўқ эди: муҳими, бу исм болаларбоп бўлса, уни болалар билан бирлаштириб турса бўлди эди. Ўзини ким деб чақиришмасин, мақтов эшитган овсардек тиржайиб қўяр, ҳар қандай маҳал катталарнинг мазахи анқиб турадиган янги лақабларга ўзини тез мослаштира оларди. «Санчо» исми нимани англатишини унга шу номни топиб берган Панжи муаллимдан бошқа ҳеч ким билмасди, зотан, терсоталикларга бу сўзнинг маъносини билишнинг қизиғи ҳам йўқ, ўзлари учун бу номаълум сўз Санчони хоҳлаганча майна қилишга, устидан кулишга, жеркишга, камситишга ёки, ҳечқурса, ақли ҳам, фаросати ҳам, туриш-турмуши ҳам ўзларига ўхшамаслигини эслатиб туришга етарлича имкон берар, шунинг учун ҳам «Санчо» деб чақиришгани сари ёши ўтиб бораётган бир жимит кўзларига янаям кўпроқ бола, янаям кўпроқ ношуд, довдир, эси паст бўлиб кўринар, шу исм айтилгани сайин Бойқулнинг ўзи ҳам янаям кўпроқ болага айланар, бола қилиқлари ва ҳар бир нарсага болача кўз қараши билан ўзларича ор талашиб юрадиган қўшни қишлоқликлар олдида номусга қўядиган паллаларда пайдо бўладиган аламларини, иззат-нафсларини бу лақабни қайта-қайта айтиб аритгандай бўлишарди. Болалар ҳам тўғридан-тўғри «Санчо» деб чақиришса, бундан катталар бир қоп семиришар, «Ҳой, бобонг тенгини шундай деб чақирасанми?!» – деб танбеҳ бериш ҳеч кимнинг хаёлига келмас, зеро, соч-соқоли оқариб қолган бўлса-да, бутун қишлоқ, энг аввало, унинг ўзи ўзини ҳали ҳам бола деб биларди. Ваҳоланки, ёши етмишни қоралаб қолганди. У тенгилар аллақачон набирали-чеварали бўлиб, елкаларини ёстиқдан кўтармай, уйнинг тўрини бермай, ўзлари чиқарган ҳидни ўзлари ҳидлаб ётадиган сассиқ чолларга айланишганди. «Санчо» эса ҳамон ўша олтмиш йиллар аввал ўзлари билан оқсуяк ўйнаган, ўзлари билан қўшилиб қариган хотираларининг олис гўшаларида бир челак сувни кўтаришга ҳам қурби етмаган мишиқилигича қолган, унинг фақат кўриниши, юзи қариган, пешонасида худди ўзлариники каби ажинлар пайдо бўлган, аммо феъл-атвори, гап-сўзи, муомала ва қарашлари ўша ўн ёшлигидан бир қадам ҳам силжимаганди: бир пайтлар ўзлари билан тенгдош-бўйинса бўлиб ўйнаган Санчо энди қишлоқ кўчаларида уларнинг набиралари билан тўп тепишиб, кўча чангитиб юрарди.
Чала туғилган набирасидан чавандоз ҳам, полвон ҳам, мулла ҳам чиқмаслигига кўзи етгач, мулла Раҳмон бир уюр эчкини олдига солиб берди: шундан бери Санчо ҳар куни эрталаб эшагини эгарлардию белига иккита нон тугиб, бир қулоғи ёнига тушган телпагини бошига бостирганча эчкиларини олдига солиб дарё бўйидаги тўқайга жўнарди: уни эрта баҳордан токи тоғу тошларни қор-қиров босгунча шу ерда, Соли Боймирнинг шоиртабиат ўғли таърифи билан айтганда, «Болалик оролида», ҳали катталар дунёсига қўшилиб улгурмаган, ҳали катталар забт этолмаган, завқу шавқлари атрофларини ўраб турган тоғлардан ҳам баланд, фақат болалик хаёллари ета оладиган юксакликда от қўйиб, бир-бирлари билан турткилашиб, тепкилашиб юрадиган хаёлпараст мишиқилар орасида учратиш мумкин эди. Унинг болалардан қолишмай, болалардан бирига айланиб, уларнинг биттаси бўлиб, улар билан талашиб-тортишиб ўйнаб юришларига йиллар ўтиши билан терсоталиклар кўникиб бўлишганди. Танимаганлар унинг юзини яқиндан кўрмаса, ёши етмишга борган чоллигига ишонмасди: оқарган сочи, ажин босган ёноқларининг яккам-дуккам жойларида бўй кўрсатган, соқол бўлиб соқолга, мўй бўлиб мўйга ўхшамаган, фасллар алмашгани сари соҳибининг умр дафтарини фош қилиб оқариб бораётган, аммо ҳали ҳам болаликка хос кулгичлар билан тўлиб-тошган афту ангорда ўсиб чиққанларидан ўзлари ҳам уялгандек бўйинларини эгиб олган, сувсиз қирда ўсган бўталардек сийрак тукларни айтмаса, унинг жуссаси ҳам, бўйи ҳам, хатти-ҳаракати ҳам, ўзини тутиши ҳам боладан фарқ қилмас, аслида ҳам у кўнгли ва феъл-атвори билан шу болаларнинг биттаси эди.
Нима бўлганда ҳам, у болаларнинг эрмаги, катталар қиёфасидаги тенгдош-тўшдоши эди. Болалар, айниқса, унинг эшагини минишга ишқибоз, зеро, эшаги нақ айғирдай келар, салкам биядай чопар, қир-қия демасдан йўрғалаб кетаверар, унинг ҳеч бир фазилатию туриш-турмушига ҳавас қилмайдиган терсоталиклар унинг айнан эшагига ҳасад қилишар, «Сичқондай гавдасига филдай эшак миниб нима қилар экан?» – дейишарди фасодга берилиб. Болалари бирин-кетин ташлаб кетиб ёлғиз қолгач, Санчо эшагига алоҳида меҳр берганди: терсоталиклар эшакларини нушхурд билан боқишарди, у эса арпа билан сийлар, сигиру эчкиларига нима емиш берса, эшагига ҳам шуни раво кўрар, шунинг учун ҳам Санчонинг «мингиси» қирққа кирган йигитдай қирчиллаб турар, нафақат болалар, катталар ҳам унинг эшагини бир миниш пайида юришар, кейин: «Ўзи бу азалдан хотиндан ҳам эшакни афзал биларди», – деб ғийбат қилишарди. Уларнинг ғийбатларида жон бор эди: Шукур полвон опасидан қолган ўн саккизга кирса ҳам ҳали ақли, сину сумбати, бўйи-басти ўн яшар боланикидай бўлиб қолган жиянини уйлантираман деб ошнаси Норсафар қизилни бир илож қилиб кўндириб турганда у пайтлари ҳали «Бойқул» бўлган Санчо Терсотага келган Абдулла бахшининг изидан қочиб кетиб, уч йилдан сўнг ҳозир миниб юрган эшагининг момокалонини миниб кириб келганди.
Соли Боймирнинг уйига қўнган Абдулла бахши бутун қишлоқни мулланинг айвонига йиғиб, уч кеча «Ёдгор» достонини айтди. Бойқул уч кун ҳам бахшининг ёнидан кетмай чой дамлаб турди. Аслида, у чой дамлаш билан бирга бахшичиликка кўнглини ҳам бериб бўлган экан: бир ойдан сўнг бўладиган тўйига ҳам ҳаю ҳайт деб қўл силтаб Абдулланинг изидан қочиб кетди. Шу билан уч йил бадар кетди. У уч йил бахшининг хизматини қилди: унинг дўмбирасини, мухлислар берган совға-саломини, хуржунини кўтариб, халфалик қилиб юрди: бахши отда, Бойқул эса қайсидир бахшипарвар чўпон совға қилган эшакда қишлоқма-қишлоқ кезишар, Бойқул ҳали болалигини йўқотмаган тасаввурини Бойчибору Ғиротнинг изидан етаклаб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хаёллар дунёсига бошлаб борар, гоҳ Алпомишни етти йиллик зиндондан қутқарар, гоҳ Гўрўғлини гўрдан олиб чиқиб, худди ўзи каби уни ҳам ёмон кўрадиган, «зотсиз» деб майна қиладиган дунёга қарши қўйиб юборар, адолат учун, ор учун, топталган шаън учун Алпомишу Гўрўғли қиёфасида жангу жадалларда иштирок этар, сўнг бу азалий урушда яраланган, задаланган қалбини судраганча гулхан атрофида Абдулла бахшини бутун вужудлари билан тинглаб ўтирган ўзи каби озурда, ўзи каби умидбахш, ўзи каби хаёллар маҳкуми бўлган оломон орасига қайтиб келарди.
Деҳқонободнинг Кўкқиясида – кейинги қишлоққа достон айтиб, мадрадларини териш учун кетаётганда маориф бўлимидан қайтаётган Панжи муаллим бахшининг дўмбирасини найза каби тик ушлаганча яловбардордай қаддини ғоз тутиб кетаётган Бойқул билан қадимги алпларга ўхшаб икки юзи мешдай шишиб кетган ширакайф бахшини учратиб қолди: Бойқул муаллим билан қуюқ кўришади, тоғасига соғ-омонлигини етказишни тайинлайди, кейин улар сўрашиб-суришиб бўлгунча анча илдамлаб кетган бахшининг изидан эшагини йўрттириб кетади. Иккаласининг ёнма-ён кетаётганига қараб туриб Панжи муаллим барибир китоб ўқиганлигига борди – шу билан мулла Раҳмон чала туғилган набирасининг яшаб кетишига ўзининг ҳам кўзи етмай, ақалли бойларга ўхшаб юрсин деб катта умидлар билан қўйган туппа-тузук «Бойқул» деган исмнинг завол палласини бошлаб берди – муаллим қишлоққа келиб, ўзи ёқтирмайдиган мулла Раҳмон аймоғи устидан кулган бўлди – «Иккаласи Дон Кихот ва Санчо Пансага ўхшаб шамол тегирмони билан уруш қилишга кетишаётган экан! Хавотир олманглар, ҳурлиқо Дулсинеяни излаб топишгач, маликаи муҳтарама билан қишлоққа қайтиб келармиш», – деди майна оҳангида. Шу билан бира, ҳам «Бойқул» деган исмнинг кафанини бичди, ҳам қишлоқда ўзи билан насл-насаб, ор талашиб юрадиган мулла Раҳмон аймоғи устидан боплаб кулган бўлди. Терсоталиклар «Дон Кихот»нинг кимлигини билишмасди, шунингдек, «шамол тегирмони» ҳақида тасаввурлари ҳам йўқ эди, шу сабабли ламанчлик хаёлпараст рицарнинг исмини дарров унутиб юборишди, аммо «Дулсинея»ни Панжи муаллим «Тул Нисо» оҳангида талаффуз қилдики, хотинларга суяги йўқ бахшининг ёнига бўз йигитни олиб, қандайдир тул аёлни излаб юрганига фақат тоғаси эмас, бутун терсоталиклар шубҳа қилишмади. Тоға ори қўзиди, Бойқул туғилмасдан аввалроқ отдан йиқилиб жон таслим қилган чавандоз поччасининг қўлини қилиб бахшининг ва дайди жиянининг изидан от қўймоқчи ҳам бўлди, аммо Панжи муаллим уни тўхтатиб қолди: «Бахшини барибир ушлаб бўлмайди, қишлоқдан қишлоққа ўтиб юраверади, қайси қишлоққа бориши ёлғиз худога аён, бахшининг хурмачаси, Бойқулнинг хуржуни тўлса, уйига қайтади», – дедики, тоғада бахшининг хурмачаси тўлишини кутишдан бошқа чора қолмади. Панжи муаллимнинг гапидан сўнг терсоталикларга эрмак топилди: ёши улғайса ҳам, ақли улғаймаган, бошқа қишлоқликлар олдида ноқису норасолиги билан номусга қўядиган «Бойқул» исми «Санчо»га айланди-қолди! «Тулнисо»ни топишдими-йўқми, хуржуни тўлдими-тўлмадими, бу номаълум, лекин Панжи муаллим башорат қилгандек, орадан уч йил ўтгач пойи пиёда кетган Санчо қишлоққа эшак миниб қайтди: бу ҳам, ҳар қалай, обрў эди – «Яёв кетганди, эшак миниб қайтди!» – деди мулла Раҳмон аймоғи шаънини гап-сўздан қутқариш учун.
Абдулла бахши уч йил хизматини қилдиргандан сўнг ақли ҳам, овози ҳам норасолигича қолган «халфаси»дан барибир бахши чиқмаслигига кўзи етган, чамаси, битта эшак билан синиқ дўмбирани тутқазиб, кавушини Терсотага томон тўғрилаб қўйганди. Уч йил йўқолиб кетса ҳам, на бўйда, на ақлда, на феъл-атвор, на гап-сўзида ўзгариш бўлмаганди: Ражаб чўпон уни қирда кўриб қариндошлик қони қўзиди – озиб-тўзиб, жуссасию кийиб юрган жулдур кийим-кечаги етим болага ўхшаб қолган жиянига раҳми келиб кетди ва унга учинчи исмни топиб берди – у токи қоядан учиб тушиб, тил тортмай ўлгунча, яъни умрининг охиригача Бойқулни «Болапақир» деб чақириб юрди. Аммо терсоталиклар бағритош одамлар эди, улар унинг жулдур кийимига ҳам, нуқул бахшининг хуржунини кўтариб юравериб бир қарич бўлиб қолганига ҳам ачиниб ўтиришмади, айтилишидаёқ мазах уфуриб турган «Санчо» лақабини унга қаҳрамонлик нишонидай тақиб қўйишди.
Очиғини айтганда, эшакни ҳисобга олмаса, синиқ дўмбира билан учи ейилиб кетган халачўпдан бошқа ҳеч нарсасиз қайтган Бойқулга бу лақаб жуда қуйиб қўйгандай мос тушганди. Ражаб чўпон унга ачинган бўлса-да, аммо «Санчо» миниб келган эшакка унинг ҳам ҳаваси келди: ортда қолса, адашиб кетишидан хавотир олган бахши оти билан баравар юрсин деб унга тоғнинг энг йўрға ҳангисини тортиқ қилганди. Терсоталиклар ғайирликлари келиб Санчонинг ҳозирги эшаги бахшига «яловбардорлик» қилиб юрган пайтларида белбойлилик чўпон берган ўша эшакнинг набирасими, чеварасими, ҳар қалай, ўша йўрға ҳангидан тарқалган дейишарди.
Тўқайда болалар айнан Санчонинг эшаги билан пойга қилишарди, Азлартепадан дарёга қараб йўрттиришганда ҳамиша Санчонинг эшаги биринчи бўлиб етиб келар, Санчо эса бундан худди ёш боладай қувонар, эшагининг бурнидан ўпиб қўяр, кейин ҳамиша хуржунида олиб юрадиган арпадан бир ҳовуч олиб, кафтида тутганча эшагига едирар, эшакни ўзининг бўйинсасидай кўрар, у билан гаплашар, баъзан аразлашиб ҳам қолишарди: токи уйлангунча эшак унинг ҳамдами, сирдоши ва суянчиғи эди – эшакка минганда у Бойчиборга ёки Ғиротга мингандай бўлар, шу сабабли ўзи емаса ҳам, эшагини ҳеч қачон оч қолдирмасди.
Санчо бахшининг уч йиллик хизматидан сўнг ҳам барибир улғаймади: йиллар фақат унинг ранги ўзгариб бораётган мўйларига, тобора ўзларининг мавжудлигини билдириб бораётган ажинларига, бу дунёни ва ўзининг соҳибига истеҳзо билан муносабатда ва муомалада бўладиган, одамларни кўришдан безиб, тобора кичрайиб бораётган кўз косаларига таъсир қилар, бу аъзоларни одамнинг пешонасига ёзган азал-абад қонунларининг қозонида қовурар, лекин кўнгли, кўзлари, гапию ўзини тутиши болалигича қолганди.
II
Шукур полвон барибир айтганини қилди: эси пастлиги туфайли итини раво кўрмайдиган терсоталикларга кўз-кўз қилиб жиянини уйлантириб қўйди. Панжи муаллимнинг таъбири билан айтганда, Норсафар қизилнинг қизи «садоқатли чиқиб қолганди»: гарчи тўйни қолдириб қочиб кетган бўлса-да, «қиз қочоқ куёвни шаҳзодасини кутган малика каби ўз уйида сабр билан кутганди». Муаллимнинг бу таъриф-тавсифларига терсоталиклар барибир ичиқоралик билан фикр билдиришди: «Норсафар муаллимга қариндош бўлади, шунинг учун шундай деяпти, қизи шусиз ҳам эркакшодалиги туфайли уйда ўтириб қолганди, Санчодан бошқа эр чиқмагани учун рози бўлган». Нима бўлганда ҳам, қиз Санчонинг пешонасига ёзилган экан: у терсоталик қизларга ўхшаб куёвдан қусур излаб ўтирмади, шартта тегди-қўйди. Ваҳоланки, у куёвни тўйдан олдин кўрганди: Санчо «қаллиқ кўриш»га борганда янгасининг уйида печкага ўтин ташлаб ўтирган норастани кўрган қиз Санчога: «Қочоқ акангиз келишга уялдими?! Шунча кутганимиз етмагандай, энди тол хивични от қилиб миниб юрадиган укасини жўнатдими?!» – деб таъна қилган экан. Санчо эса ўзидан икки баравар дароз, овози худди полвон отасиникидай йўғон қизни кўрдию тили калимага келмай қолди. Кейинчалик ўзи ёш бола деб ўйлаган йигит куёви эканини билгач, отаси билан ораларида нима гап-сўз ўтгани терсоталикларга қоронғи, аммо келбати куёвга иккита келадиган қиз барибир Терсотага келин бўлиб тушди ва ўзи билан бирга онаси ўлгандан буён ҳувиллаб ётган Санчонинг уйига файз ҳам олиб кирди. Келин эрига фавқулодда меҳрибон чиқди: уни икки йилгача бошқа куёвларнинг ҳавасини, келинларнинг ҳасадини келтириб худди суннат қилинган боладай ясантириб, бошига қати бузилмаган дўппи, эгнига оппоқ кўйлак, бахмал чопон кийдириб олиб юрди. Келин болалар билан ўйнаб кир қилган кўйлак ва чопонни эрталабгача ювиб, дазмол босиб қўярди. Келиннинг олдида Санчо ўсмир боладай кўринарди, лекин келин уйдан ташқарига чиқдими, ҳамиша эрининг изидан юрар, ундан бир қадам ҳам олдинга ўтмас, гарчи кўриниши бола бўлса-да, эрлик ҳурмат-иззатини сақлар, бирон оғиз ортиқча гап қилмас, талашиб-тортишмас, оилага дахлдор бирон масала пайдо бўлса, ҳаммага: «Ана, уй эгасидан сўранглар!» – деб обрўсини жойига қўяр, Санчонинг қарори қандай бўлмасин, барибир унга бўйсунар, терсоталик ғийбатчи хотинларнинг ғашини баттар оловлантириб дароз келин боламижоз эри билан аҳил-иноқ яшашарди. Терсоталиклар ҳам Санчонинг бундай эрга ўхшаб хотинини сўкканини, уришганини кўрган эмас, қанчалар ажабланарли бўлмасин, хотини ҳам унга хотин, керакли пайтларда она эди: у эрини худди боласидай эҳтиёт қилар, боласидай кўнглига қарар, боласидай хархашасини кўтарар, боласидай меҳрибонлик қиларди. Аслида, Санчо ҳам келинга фарзанддай бўлиб қолганди: дарёнинг нариги бетидаги отаси, инилари меҳмонга чақиришганда Олмадаги кўприкка бориб ўтирмай, шундоқ Терсота тўғрисидан дарёни кечиб ўтишаётганини терсоталиклар кўп кўрган: келин липпасини туриб олиб, дарёдан олдин болаларини, кейин Санчони елкасига кўтариб олиб ўтказиб қўярди. Ҳосил йиғиштириб олиш пайтлари келин Санчога қараганда икки баравар оғир тоғорани бошида кўтариб келаётган бўларди. «Санчо» исми хотинига ҳам маъқул келди, зотан, удум эрининг исмини айтишга изн бермас, «Санчо» эрининг ҳақиқий исми эмасди. Санчо эса ўша-ўша эди: ўзини нима деб чақиришларининг фарқи йўқ, у уйлангандан сўнг оғзи қулоғида юрар, уйи болалар билан ҳамиша лиқ тўла эди: улар ошиқ, тўпиқ, оқсуяк ўйнашар, келин эса бир четда эрининг боладай қилиқларидан завқланиб, баъзида эрига болаларнинг яширинган жойини кўзи билан имо қилиб, зимдан ўзи ҳам ўйинга қўшилиб ўтирарди. Болалар кеч тушгач ҳам кетгиси келмасди, келин уларни алдаб-сулдаб уйларига жўнатар, аммо тонг оқариши билан уйи олди яна эчки ёки пода ҳайдаб Санчони чорлаётган болаларга тўлиб кетарди. Келин эрининг белбоғига емакларни тугиб, болаларга қўшиб молнинг изидан тўқайга жўнатарди. Куёвлик чилласи чиқмаган пайтларда ҳам Санчони келиндан кўра болаларнинг ёнида кўпроқ кўришарди. Эрлар хотинларига Санчонинг хотинини ибрат қилишганда терсоталик аёллар: «Сиз ҳам Санчодай бола бўлсангиз, мен ҳам унинг хотинидай меҳрибон бўламан», – деб узиб олишарди.
Келин келиб, Санчонинг рўзғорига барака кирди: энди Санчо қирққа яқин эчкини, ўндан ошиқ қорамолни олдига солиб тўқайга кетаётган бўларди. Ёз бўйи эр-хотин Қотнинг устидан беда ташиб чарчашмасди: келин бедаларни эшакка ортиб берар, Санчо эса эшакни етаклаганча бошқа беда ташиётган болалар билан «кимўзар»га қишлоққа ғириллаб келиб кетар, болаларга қўшилиб чарчашни ҳам, толишни ҳам билмасди.
Эрига худди фарзандидай меҳрибон бўлгани ва кўп куюнгани туфайлими ёки бошқа сабабми, келин Санчодан тез қариди: йиллар ўтиб келиннинг юзида вақтнинг бешафқат муҳрлари пайдо бўлганда Санчо ҳақиқатан ҳам унинг тўнғич фарзандига ўхшаб қолганди. Узун қиш кечалари уларнинг уйи болалар билан лиқ тўлар, келин ҳам урчуқ йигирганча Санчонинг чўпчакларини, нақлларини, термаларини, турли достонлардан парчаларни болаларга қўшилиб эшитиб ўтирар, қаҳрамонларнинг тақдиридан таъсирланиб йиғлаб ҳам оларди. Келиннинг гавдаси бесўнақай бўлса-да, кўнгли юмшоқ эди: эрининг чўпчакларини, Ултонтоз илик бермай хўрлаганда Ёдгорнинг «ота» деб йиғлашларини эшитиб, болалардан кўра у кўпроқ кўз ёш тўкарди.
– Шундай қилиб, – деб гап бошларди Санчо Абдулла бахшидан эшитиб эслаб қолганларини бахшига ўхшаб баён қиларкан, – Алпомиш бадар кетди. Қалдирғоч чўри, Бойбўрихон сўқир, Барчиной талош бўлди. Бир умр Бойбўрининг хизматини қилганлар Ёдгорни бир иликка арзитишмади. Ёдгорнинг кўнгли бузилди, Ёдгор хўрланди, Ёдгор: «Отажон, қайдасиз?!» – деб йиғлади. Алпомиш зиндонда бу йиғини эшитиб, сесканиб уйғонди. Қараса, унинг аҳволига бутун осмон йиғлаётган экан. Етти кун ёмғир ёғди, зиндон сувга ғарқ бўлди. Етти кун Ёдгор йиғлади…
Санчонинг хотини йигирма йил эри билан бирга яшаб, бирон куни болаларсиз ўтмади, зеро, энг катта бола эрининг ўзи эди. Эри ёши ўтиб борган сайин яна ҳам кўпроқ бола бўлиб борарди: атрофга, ҳаётга, дунёга бола кўзи билан қарар, бола кўзи билан баҳо берар, бола каби мушоҳада ва мулоҳаза қиларди. Катталарнинг гирибонидан олган тирикчилик ташвишлари ҳам, бозорлардаги кунма-кун ошаётган нарх-наволар ҳам, худди забт этилган шаҳарга кириб келган душман қўшинлари каби Терсотага бирин-кетин кириб келаётган янгидан-янги удумлар, орзу-ҳаваслар, кимўзарга уй қуриш, тўй қилишлар ҳам, ҳеч қайси бири қизиқтирмасди: Санчо кундузи болалар билан ўйнаб, кечқурун уларга Алпомишнинг қайтишию Гўрўғлининг туғилишини айтишдан чарчамасди, зотан, у бу достонларнинг бошқа жойларини билмасди ҳам. Абдулла бахши ё ғайирлигидан, ё ундан бахши чиқмайди деган хулосага келганидан унга деярли ҳеч нарса ўргатмаган, айтиб берадиганларини Санчонинг ўзи эшитиб ёд олган, аслида, у болаларга айтиб берадиган парчалар Абдулла бахши айтиб берган «Алпомиш»у «Гўрўғли»га кўпам ўхшайвермасди. Санчонинг Алпомиши ва Гўрўғлиси худди эртак қаҳрамонларига ўхшар, девлар, жинлар, бўжилар, аждарлар билан олишар, ҳамиша ғолиб чиқар, улар гоҳ Кенжа ботир, гоҳ бойсунлик шаҳзодага айланар, Барчин ҳам унинг «достон»ида борса-келмас юртининг девлар талошида қолган маликаси бўлиб чиқарди. Шунда Алпомиш маликани девлардан қутқариш учун йўлга чиқар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган саргузаштларни бошдан кечирарди. Баъзида бирдан достон йўсини яна ўз оқимига қайтиб, у ерда қалмоқлар, Тойчихон, Ёдгор, Ултонтоз пайдо бўлиб қоларди. Нима бўлганда ҳам, унинг Алпомиши ва Гўрўғлиси болаларга мос, болача тасаввур маҳсуллари эди, зеро, унинг ўзи ҳам қандай тасаввур қилса, болаларга шундай етказарди. У ҳатто шу эртак-чўпчакларида ҳам катталарнинг фисқ-фасод, алдов урчиб ётган дунёси билан келишолмасди. У катталар орасида ўзини ночор, нотавон, ёлғиз ҳис қилар, юраги сиқилар, етти ёт бегона муҳитга тушиб қолгандай бўлар, болалар орасида эса яйраб-яшнаб кетар, улар билан бирга пайтлари ундан бахтиёр киши бўлмас, дунёнинг ҳеч бир орзу-ҳавасини болаларга қўшилиб ўйнаш ва уларга чўпчаклару достон айтиб беришга алмашмасди. Афтидан, хотинига ҳам унинг ана шу болача дунёси, болача кўнгли ёқарди. Шу сабаблими, келин ҳеч қачон турмушдан, эридан, кам-кўстдан нолиганини қишлоқдошлари эшитмади: ваҳоланки, унинг уйидан болаларнинг қадами узилмас, эр-хотиннинг топгани улар билан ўртада эди. Эр-хотин ёзда тайёрлаган ўрик, олма қоқилари қишда достон эшитишга келган болаларнинг оғиз эрмагига айланарди, келин тайёрлаган шўртак қуртларнинг довруғи эса қўшни қишлоқ кампирларининг ҳам ҳавасини келтирарди. Нима бўлган тақдирда ҳам, Норсафар қизилнинг эркакшода қизи Санчо билан бахтли-тахтли умр кечирдики, тўғриси, терсоталиклар буни кутмаган эди, айнан шунинг учун ҳам улар кишибилмас тарзда бу бола бўлиб бола, катта бўлиб катта бўлмаган худо ақлдан қисган бандасига зимдан ҳасад ҳам қилишарди.
Бу пайтда терсоталиклар «Бойқул» исмини деярли унутиб юборишган, энди бу исмни худди ўлиб кетганига кўп замонлар бўлган қишлоқдошларининг исмидай зўрға эслашар, энди ҳеч нарса «Санчо» исмини бу қишлоқдан суриб чиқаришга қодир эмас эди.
III
Кечки пайт ва далага мол ҳайдаб бўлмайдиган серёғин кунлари бобоси олатасир замонларда Жодугар бойдан назр эвазига олган эски қўрғонни эслатувчи, қарийб олтмиш-етмиш йилдан бери деворларига сувоқ тегмаган Санчонинг уйи терсоталик болалар билан лиқ тўларди: ўша олис замонларда отлиқ меҳмонларга мўлжаллаб қурилган ҳайҳотдай қўналғахонанинг ўртасида мўри бор эди. Қадим замонларда қиш пайтлари ўртадаги ўчоққа олов ёқиб, чавандозлар ётиб туришган, ҳалигача от абзалларининг ва чавандозларнинг тер ҳиди ўтириб қолган бу меҳмонхона Санчодан «Алпомиш»у нақллар эшитишга келган болалар билан гавжум бўларди: улар худди қадим чавандозлар каби ўчоққа қуриган заранг билан Санчонинг хотини ёз бўйи ҳафсала билан қий аралаштириб гувалаган тезакни ташлаб қўйиб, шундоқ кигизнинг ўзига ёнбошлаб олишар, Санчонинг гоҳ дўмбирада, гоҳ сибизға аралашган муқомларини эшитиб, хуш-хурсанд ўтиришарди – аслида ҳам қаҳратон қишни Санчонинг «Алпомиш»и тафти эритиб юборар, болалар бу достон таъсирида на аёздан, на қор кўчкиларидан ҳайиқишар, аксинча, ташқари туфласа музга айланадиган бир паллада улар тасаввурлари отига минганча Алпомиш ва Гўрўғли билан бирга сеҳрли ва сирли жазирама диёрларни кезиб юришар, шу йўл билан қиш аёзларини таналарига яқин йўлатишмасди.
– Гўрўғли гўрда туғилди, унинг туғилганини билиб Аҳмад сардор мозор тешикларини суваб ташлади, ташқарига чиқмасин деди. Гўрўғли онасини эмиб, мозор ичида ўйнаб юрди. Етти ёшга етганда худда девдай йигит бўлди, қаддини бир кўтариб, мозор тупроғини елкасидан ирғитиб ташлади. Уни кўрганлар дев тирилди деб ўйлади. Шундай қилиб, Гўрўғли ер юзига чиқди… – дерди у.
Унинг кўзларига қараб туриб ўзи айтаётган чўпчакларга ўзи ишониб ўтирганини сезиш қийин эмасди. Шунинг учун ҳам болалар уни жон қулоғи билан эшитар, хасис Абдулла бахши ҳеч нарсага ярамай қолгач, ҳадя қилган эски дўмбирани олиб, меҳр ва фахр билан созлар, достонни ҳамиша бахшилар удумини қилиб устозига бағишлов билан бошларди: аслида, у бу билан устози ҳақидаги ушалмаган орзусини баён қилган бўларди.
– Ҳа, бовурим-а, – дерди у Абдулла бахшига монанд кўзларини юмган ҳолда. – Мушт урганда қоя кўчган Алпомишим, йиғлай-йиғлай кўздан қолган Бойбўрим, бир иликни кўп кўришган Ёдгорим-а. Гўрда туғилиб, майит эмган Гўрўғлим-а…
Унинг ўзи қариса ҳам, кексармаган овози уйга сир ва маҳобат бағишлаб турган юз йиллик устунлардан тортиб бир асрдан зиёд бу хонадонда юз берган воқеаларга гувоҳ бўлган болорлару ровларда, нораста овоздан бир тебраниб қўядиган ўтмиш ғуборлари ётган токчаларда ўзига хос акс садо берар, болалар наздида, худди Терсотанинг ўзи каби кекса ва эски уй ҳам Санчога қўшилиб ўтмишдан, уларга сир бўлган азал-абаддан нималарнидир сўзлаб бераётгандек туюларди.
Аслини олганда, болаларнинг хаёлигагина шундай туюлмасди: юз йиллар Санчо туғилгандан бери хижолат ва номусларига сабаб бўлиб, йилма-йил янгиланиб, бўяниб, яшариб, замонга мослашиб бораётган бошқа уйлар олдида болалар орасида турган мункиллаб қолган чолга ўхшаб қолган бу уйнинг ўзи ҳам бир пайтлар бутун ўранинг фахри ва ғурури бўлган мулла Раҳмон ва Шоди чавандозларни билмай ўсган авлод учун қадим бир сир ва эски эртакнинг ўзи эди ва, табиийки, Санчонинг ўзи ўша қадим эртакнинг давоми эди: Санчо отаси ва боболари билан болаларча фахрланарди, шу сабабли дўмбира олганда ҳамиша: «Мулла бобомнинг руҳи қўлласин!» – деб бошлар, шу жумлани айтганда ростдан ҳам унинг танасига нимадир киргандай, овози чийиллоқ бўлса-да, равон ва ғамгин тус оларди.
Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, катта ўғил отасини олиб кетишга қанчалик уринмасин, Санчо ота уйини ташлаб кетмади: путурдан кетган ҳайҳотдай уй ва Терсота болалари билан қолди. У тонг-саҳарда тўқайга борар, токи болалар мактабдан келгунча улканлиги ва катталигидан қишлоқдошлари «Қора қўрғон» деб аташадиган сийпантош устига чиқиб олиб, тўқай ва тоғларнинг қадим оҳангини чалаётгандай дўмбирасини тинғирлатиб, ўзича бахшимонанд хиргойи қилиб ўтирар, унинг ана шу хиргойиси ҳамон қаримаган, ҳали ҳам Абдулла бахшининг этагини тутиб юрган даврлардагидек навқирон бир шижоат тўла эди:
Қалмоқ дея сафар кетган Алпомиш,
Сафар эмас, бадар кетган Алпомиш.
Ёдгорини етим қилиб, хор қилиб
Ўлди дея хабар кетган Алпомиш…
Ёдгор ҳақида хиргойи қиларкан, ҳамиша ўзининг етим болалиги кўз олдига келар, ёнидан оқиб ўтаётган дарё каби кўз ёшлари юзидан қуйилиб келар, йиғлагани сайин яна йиғлагиси келар, хиргойиси бўри боласининг увиллашига ўхшаб музтар бўлиб қоларди. Бу пайтда у достон воқеалари ичига буткул кириб кетган бўларди: ким билади, арзимас закотни деб юзкўрмас бўлиб кетаётган ака-ука орасини болача тасаввурлари билан яраштирмоқчи бўлармиди ёки худди ўзини эшитиб турган болалар орасида Бойсуннинг қирларида ўйнаб юрган Ҳакимбек ва Барчиной, гўрда туғилган, гўрда эсини таниган Гўрўғли билан худди хаёли қирларида ўйнаб юрармиди ёки «етим» деб кўнгли яримта қилинган Ёдгорнинг ситамларида ўзининг отасиз ўтган тақдирини кўрармиди, бу ёғи ўзига ва Яратганга аён, унинг хаёли достон айтаётган палла бу тўқайда, йилдан-йилга йириклашиб, йириклашгани сайин одамлари майдалашиб бораётган Терсотада – ҳаёт ўйинида бир-бирини алдашга, ямлашга тайёрланаётган қишлоқдошлари орасида, бу тоғларда, бу вақт ўлчамида бўлмасди. Буни болалар ҳам ҳис қилишар, шунинг учун биронтаси чурқ этмай, бутун вужуди билан Санчони тингларди. Тўғрисини айтганда, терсоталик болаларга Алпомиш ва Гўрўғлини мактаб муаллимларидан кўра кўпроқ танитган ҳам Санчо-Бойқул чол эди: қанча болалар Алпомиш ва Гўрўғли таъсирида катта бўлишди, сўнг ўзлари ҳаётдан ҳам Алпомиш ва Гўрўғлиликни излаб кетишди. Пайти келиб улар бу дунёда Алпомиш ва Гўрўғли йўқлигини англаб қолишган кунданоқ Санчо ёқтирмайдиган, ўзини олиб қочиб юрадиган катталар дунёсига бориб қўшилишди. Фақат оз сонли катта бўлган болалар Санчо чўпчакларидан қутулиб кетмаган, улар ҳали-ҳануз умр сўқмоқларида Алпомиш ва Гўрўғлини излаб юришарди. Санчо эса Алпомишу Гўрўғли ҳаётда борлигига ишонганларгагина эртакларини раво кўрарди: Абдулла бахшини эшитиб ёд олганларига ўзидан қўшиб-чатиб тўқир экан, аслида, ўзининг кўнгил дунёсини, орзу-армонларини баён қиларди. Унинг чўпчакларида ҳамиша эзгулик, адолат, тўғрилик, ҳалоллик, мардлик ғалаба қозонарди, унинг қаҳрамонлари ҳамиша ожизларга, эзилганларга, зулм кўрганларга мададга етиб келар, уларни адолатсизлик ва зўравонлик чангалидан қутқарарди. Унинг эртакларида биронта ёмон жазоланмасдан қолмасди – айнан шунинг учун ҳам болалар унинг чўпчакларини яхши кўришар, унинг атрофида гирдикапалак бўлишар, аслида, Санчонинг ҳам топган-тутгани ва ишонгани шу болалар эди. У катталардан кўрмаганини шу болалардан олаётгандай эди.
У гўё катталар орасида ўзига ўрин йўқлигини англаб, катталар орасида кулги ва масхарага сабаб бўлган орзу-ўйлари, хатти-ҳаракатлари, кечинма-туйғулари ҳамда катталарнинг ақлу идроки билан ҳеч қачон бўйлаша олмаган тасаввурини болалар дунёсига олиб келиб яширгандек, ўзини қабул қилолмаган, ўзига ўрин бермаган, ўзини мазах қилган катталар дунёсидан қочиб, бир умр бола бўлиб яшашга аҳд қилгандек, катталар дунёси билан ўчакишаётгандек ёши ўтган ва танаси йилларнинг аёвсиз тепкиларида кичрайиб борган сари у ўзини болалар орасига кўпроқ олиб қочарди: ҳавонинг ройиши қандай бўлмасин – қиш-қировлими, ёзнинг жазирамаси ёки баҳорнинг сержала куними, агар тўқайда катталарнинг авзойию тушунчалари, қарашлари – ҳаммасини ўзларига мослаштирмоқчи бўлган қистовларидан безор болалар олдиларига солиб ҳайдаб чиқадиган эчки-улоқ, сигир-бузоқнинг кавшига тушадиган нимадир топилишига имкон бўлса, Санчо чолни ҳам ҳамиша шу ерда – болалар орасида, худди болаларнинг биридай, ўзи ҳам худди боладай, улар билан гоҳ чиллак ўйнаган, гоҳ тўп тепган, гоҳида ёшига ярашмаган тарзда она сути оғзидан кетмаган жипириқлар билан кимўзарга чопқиллашиб юрган ёки табиат ҳукми билан кураша-кураша аёз чекинганини, қишнинг адо бўлганини қишлоққа, бани одамзодга исботлаб беришмоқчидай, қор остидан бойчечак излаётган, кўкламда эса қирни тўлдириб, худди орзу-умидларини учирма қилаётгандек варрак учираётган болалар орасида учратиш мумкин эди.
IV
Абдулла бахшидан ажрашгандан буён орадан қирқ йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса-да, Санчо дўмбирани ва эшакни кўз қорачиғидай асраб келарди. Бу орада унинг хотини ўлиб кетди: ҳали ҳам ақли бола бўлиб қолган, ҳали ҳам катталар орасига қўшилолмаган эрининг тақдиридан боласи етим қолаётган онадай хавотир олиб жон берди. Санчо ҳам хотинининг қабри устида худди онаси ўлган боладай ҳўнг-ҳўнг йиғлаганини терсоталиклар кўп замонлар эслаб юришди: йиғлайвериб ҳолдан тойгач, катта ўғли қуриб-қовжираб қолган бир ўрам бедани ортмоқлагандек елкасида кўтариб олиб қайтганди.
Хотинининг кутилмаган ўлими ҳаммасидан ҳам икки яшар кенжасига қаттиқ таъсир қилди: у ҳали ҳам онасини эмарди. Устига-устак, онаси ётиб қолгани учун парваришсиз қолиб кетиб, кўкйўтал орттириб олганди. Унинг она кўкраги хуморини босиш учун қавм-қариндошларнинг она сути оғзига келди: онасини эмиб ўрганган болани сутдан ажратиб олишга шу пайтгача энг сутпараст гўдакларда ҳам иш берган ҳеч бир тажриба, ҳеч бир амалиёт, қарияю кексаларнинг минг йиллик маслаҳатлари ҳам кор қилмади – чақалоғини олти ойлигидаёқ ажратиб ташлаб, бир ҳовли жужуқларни катта қилган манаман деган оналарнингу кўпни кўрган, кўпни билган кампирларнинг билган-кечирганлари яроқсиз бўлиб қолди. Ярим кечами, тонгми ёки қоқ туш, кенжа ўғил она кўкраги хумор қилиб бир йиғласа, бутун Терсота оёққа турарди: худди шум тақдирнинг акс садосидай эшитиладиган гўдак йиғиси сал бўлмаса нариги қирдаги Чит қишлоғигача етиб борар, атрофни ўраб турган тоғу тошлардан қишлоққа нохуш акс садо бўлиб қайтарди. Ҳам йиғлаб, ҳам йўтали тутиб, кўкариб қолаётган болага қараб туриб, унинг яшаб кетишига ҳеч ким ишонмас, шу сабабли ҳамма қадди бирдан чўкиб қолган Санчога эмас, «гўдакка жабр бўлди» деб ачинишарди. Дастлаб тераклилик тоғалар болани олиб кетмоқчи бўлди, аммо унинг касалмандлигини, устига-устак, тез-тез шайтонлаб туришини билишгач, фикрларидан қайтишди: Азроил шундоқ бошида ўтирган болани олиб кетиб, кейин терсоталиклардан бир умр надоматга қолишни исташмади. Даставвал маслаҳат берувчилар ҳам, меҳрибонлар ҳам кўп бўлган эса-да, охир-оқибат бор оғирлик ҳали ўзи бола бўлган, ҳамманинг назарида, нораста ва ноқис Санчонинг зиммасига тушди: бу йилларда нафақат Терсотанинг, балки ўрадаги барча қишлоқлардаги дўсту душманининг бор эътибори, диққати унинг оиласига қаратилди. Ҳамма ич-ичида бу ақли қосир отанинг болани нобуд қилишига ва шундай хабар бутун ўрани яна бир қалқитишига заррача шубҳа қилишмас, айни пайтда, боланинг аҳволини кўриб аралашгиси, шусиз ҳам жони қилда осилиб турган гўдакка фойдасиз меҳрибончиликлари билан азоб бергиси келмас, мулла Раҳмонни ва унинг бир пайтлар довруғи билан Амир Олимхоннинг ҳам тилига тушган аждод-авлодини таниган борки, аянчли, имконсиз ва муқаррар тақдир измини кутишарди. Бироқ Санчо ҳаммани ҳайратга солиб катталар учун ҳамиша қусур бўлиб келган болача ақли билан иложсиз туюлган муаммога осонгина чора топди – ўғлини қисқа муддатда «етимлик»ка ҳам, бошқа «кўкрак»ка ҳам кўниктира олди – боласига она кўкраги хумор қилганда эчки эмишни ўргатди. Кўникиши, ўрганиши ва шохли жонивордан қўрқмаслиги учун ўзи эмиб кўрсатди. Аввалига «жундор» ва «сузонғич она»дан чўчиб турадиган бола бир ҳафталардан сўнг эмгиси келганда ўзи бирон эчкининг оёқлари орасига кириб олиб эмиб чиқадиган бўлди: елини тўлиб турган эчкини ютоқиб эмаётганда боланинг кўзларида ҳаёт шавқи пайдо бўлар, у бундай пайтда касалманд болага эмас, кўпроқ ўлжасини босиб олиб ғажиётган бўриваччага ўхшаб кетарди. Санчо боласини елкасига миндириб тўқайда олиб юрар, қорни очганда бирон эчкини ушлаб туриб эмизар, кейин боласи билан ўзи тошлар орасида ҳар хил ўйинлар ўйнарди: аслида ҳам у гўдакка гўдак, ўн яшарга ўн яшар бўла олар, муҳими, уларнинг хоҳишлари, истаклари, кечинмасию кўнгил дунёси ўзининг ҳам дунёси эди. У болаларини ўйин ўйнаб катта қилди. Кенжа ўғил эртаю кеч Санчонинг елкасидан тушмас, қорни очқаса, югуриб бориб, бирон эчкини таппа босганча эмиб келаверар, кейин отаси билан тўпиқ ё чиллак, бекинмачоқ ё ошиқ ўйнаб она дардини эсдан чиқарарди. Эчки сути шифо бўлдими ёки терсоталиклар ва тоғалари унинг пешонасига битилган ёзиқни нотўғри ўқишганмиди, нима бўлганда ҳам, Санчонинг бахтига Кенжа тезда эт қўйиб, бўй чўзиб қолди. Уни обдан текширган Ҳамид фельдшер билан келган туман маркази докторлари кўкйўтал аломати йўқолганидан ҳайратга тушишди ва кейинчалик бу ҳақда бутун ўрага гапириб юришди. Бу пайтда ёши ўтиб, ўзи билан ўзи гаплашдиган одат чиқарган Панжи муаллим: «Санчо қишлоғимиз фариштаси!» – деб лутф қилди. Аммо тоғалари Санчода Панжи муаллим кўрган фаришталикни кўра олишмади: боланинг тузалганини билишгач, ёлғиз опаларидан ёдгорлик деб, сўққабош ва ақли қосир отанинг уларни тарбия қилишига шубҳа қилиб жиянларини олиб кетишди. Шундан кейин Санчо тўқайда кўринмай қолди. У билан бирга қишлоқдан ҳам файз кетди: болаларнинг бошини қовуштирадиган, ўйинларини қизиқ қиладиган ёки уларга янги-янги ўйинлар ўйнаб топадиган бир девона энди йўқ эди. Тўқай зерикарли гўшага айланган, қишлоқ кўчалари ҳувиллаб қолганди. Санчо билан бутун қишлоқнинг болалиги ҳам қайгадир кетиб қолгандай эди. Буни терсоталиклар дарров сезишди. Улар Санчони тўқайга қайтаришга кўп уринишди, бироқ фойдаси бўлмади. Санчо ҳар куни эчкиларини ҳайдаб Терсотадан чиқиб кетар, шу кетганча Теракли ёнидаги қирни қўналға қиларди. Унинг ўйинини соғиниб турган болалари қирда эчкилар кўриниши билан тоғаларининг уйидан қочиб чиқишарди. Ота-болалар, аслида, ёши ҳар хил бўлган, лекин қалбан тенгу тўшдошлар қош қорайгунча қирда ўйнашар, сўнг Санчо эчкиларни ҳайдаб Терсотага қайтар, болалар эса тоғалариникига йўл олишарди. Терсоталиклар бориб кўндирдими ёки болаларнинг оталарига бўлган меҳри ийдирдими, тоғалар уч ойлардан сўнг икки жиянини ҳам Терсотага қайтариб юборишди. Улар эт билан суякни ажратиб бўлмаслигига ниҳоят амин бўлишган эди. Санчо эртасигаёқ болалари билан тўқайда пайдо бўлди. Тўқай яна гавжум бўлиб, болалар қийқириғига тўлди.
Санчо қарийб олтмиш йилдан ошиқ давр мобайнида терсоталик болаларнинг тенгдоши бўлиб қолди: атрофида болалар бор экан, унга на кексалик, на касаллик, на оғриқлар, на мадорсизлик писанд эди. У болалар билан ўйнаб, дунёга бола каби қараб, болалар орасида ўзини боладай тутиб, қандайдир кучга тўлаётгандай, яшараётгандай, ғайрат-шижоати ичига сиғмасди – у қишлоқ болаларининг болалигини тўқайзорда ва отасидан қолган чавандозлар қўналғасида кутиб олар, пайти келиб уларни шу ерда катталар дунёси томон кузатиб қўяр, ўзи эса ҳамиша болалигича қолаверарди. У билан тўқайзорда биринчи марта чиллак ўйнаган болалар ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган, тўкилиб тушаётган таналарини бир илож қилиб йиғиб олиб, эртанги кунга умидсиз боққанча ажалларини жимгина кутишаётганда Санчо чол на ажал ҳақида ўйлар, на танасидаги оғриғу дардлардан нолир, аксинча, ҳали-ҳануз болача орзулар билан яшар, энди ўзлари билан ўйнашга иймана бошлаганларни катталар дунёсига кузатиб қўяр, кейин шу ерда яна бошқа бир авлоднинг болалигини қабул қилиб оларди. Қарийб олтмиш йил тўқайзор терсоталик жужуқларни болалик дунёсида кутиб олиб, сўнг катталар томон учирма қиладиган майдонга айланганди: у ҳаммани кутиб олар, кузатиб қўяр, ўзи эса болалик дунёсида яшашда давом этарди: ёнида болалар бор экан, унга қарилик таъсир қилмасди, ёш жиҳатдан тенгдошларинининг ҳасадини келтириб, кексалик устидан ҳамиша ғолиб келиб, қишлоқ кўчаларини болалар билан чангитиб, яйраб-яшнаб, ўйнаб-кулиб юрарди.
V
У узоқ Кўрагон чўққиларига қараб, гўё шу билан у ерда нималарнидир кўриб қолгандек кўрсатарди ўзини. Болалар пешонасига қўлини қўйиб у қараётган томонларга қарарди. Пайтдан фойдаланган Санчо ўнг томонида турган боланинг почасига ёпишарди: ёқалашавериб, йиқилавериб лойга беланган иштонини тўпиғигача тортиб туширарди. Болалар қийқириб юборишарди. Орқаю олди бирдай кўриниб қолган бола жон-жаҳди билан иштонини кўтарар, шошганидан иштонбоғини узиб юборар, иштонни белигача кўтариб, қўллари билан маҳкам ушлаб олар, ўзининг кулгили ҳолатидан бошқаларга қўшилиб ўзи ҳам куларди. Бир марта изза бўлганни Санчо ортиқ изза қилмасди: иштонбоғини боғлаб олишга имкон бериш учун болаларнинг эътиборини бошқа ёққа қаратарди: сал нарида турган сариқ сочли болага жилмайган кўйи қараб қоларди, кейин олдига бориб, унинг бошини силар, унга тикилганча «ҳа» деб кўз қисарди. Бола ҳушёр тортар, ҳамишагидай чол қиёфасидаги «тенгдоши»нинг бир нарсани бошлашини кўнгли сезарди.
– Санчо, нега менга кўз қисяпсиз? – деб сўрарди у.
– Уйда сени қийнашмаяптими?! Ўгайсан дейишмаяптими?! – деб сўрарди Санчо ўзини жиддий тутиб.
– Нега мен ўгай бўларканман? – дерди бола янада ҳушёрроқ бўлиб.
Санчо қувлик билан сирли жилмаярди.
– Нима, энанг айтмаганми?
– Нимани?
– Аслида, сен Пўлат бобонинг ўғлисан. Ота-онанг ялинавергандан кейин бериб юборган.
Бола жиддийлашиб бурнини тортарди. У парти кетиб, шарти қолган, юрганда бутун танаси қалтираб, ана йиқиламан, мана йиқиламан деб турадиган, лекин тили заҳар, сўконғичлиги билан донг қозонган Пўлат чолни кўз олдига келтириб, кайфияти тушиб кетар, атрофга нажот излаб аланглар, аммо Санчонинг ҳар доим бир қизиқ ҳазил ўйлаб топишига ўрганиб қолган болаларнинг қув кўзларидан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди.
– Алдаяпсиз, – дерди у соддалик билан.
– Ишонмасанг, энангдан сўра.
Санчонинг ўзига ачиниш билан қараб тургани таъсир қиларди. Бола барибир шубҳага борар, ишонқирмай:
– Унда мени ким туққан? – деб сўрарди соддалик билан бола. Чунки у Пўлат бобонинг кампири ўлиб кетганига ҳам йигирма йиллардан ошганини эшитма гаплардан биларди.
– Сени Пўлат бобо иштонининг ичидан топиб олишган.
Болалар гурра кулиб юборишарди. Изза бўлган бола эса Санчо билан ёқалашиб, гоҳ униси, гоҳ буниси устига миниб, ўтлоқда ағнашарди.
Санчо бирдан бурнини кўтариб ҳавони искай бошларди. Болалар яна бир қизиқ нарса юз беришини сезиб, уни ўраб олишарди.
– Санчо, нима қиляпсиз?! Ниманинг ҳидини олдингиз? Кимдир ўсириб қўйибдими?
Санчонинг худди компас стрелкасига ўхшаган бурни тўрт тарафни айланиб ҳидлаб чиқар, кейин Неъмат миробнинг бедапояси томонда тўхтаб қоларди.
– Болаларов, – дерди сўнг Санчо. – Мениям айтди дейсилар-да, шу тарафдан калтак иси келяпти… қамчининг ҳам ҳидига ўхшаб кетяпти.
У гапини тугатар-тугатмас Неъмат кал қўлида калтак билан иккита ола сигирни олдига солиб ҳайдаб кела бошларди. Болалар орасида турган иккита бола сигирларига қараб югуришарди. Неъмат уларни узун калтак билан сийларди. Болалар елкаларини ушлаганча сигирларини ҳайдаб тўқайга келишар, Санчо калтак худди ўзига теккандек уларни ҳамдардлик билан кутиб оларди.
– Ана, айтмадимми. Калтак иси келяпти дедим-а… Қулоқ солмадинглар… Бўлди, катта бўлсаларинг, кални яхшилаб дўппослайсизлар…. мен ушлаб тураман.
Унинг гаплари болаларга калтакни, умуман, катталар томонидан қилинган ҳар қандай зўрлик, зулм ва зуғумни унутишга ёрдам берарди.
VI
Тўнғич ўғил онасига тортиб норғул йигит бўлиб улғайди. Алпқомат йигитнинг кўнгли ҳам дарёдай экан: у Калта қишлоғига тўйга бориб, кураш тушаётганларни девор оша томоша қилаётган тожик қизни кўриб ёқтириб қолдию ичкуёв бўлиб ўша қишлоқда қолиб кетди. Тоға тараф – тераклиликлар сал бўлмаса калталиклар билан ёқа бўғишгача борди; жиянларининг ичкуёв бўлганидан уларнинг номуси келганди. Аслида, тожик қишлоққа ичкуёв бўлиш терсоталикларнинг ғурурига тегиши керак эди. Аммо бу ҳол ота бўлмиш Санчонинг парвосига ҳам келмаганини кўрган ҳамқишлоқлар бурчак-бурчакда ғийбат қилишдан бошқасига ярашмади. Шариф раис оқсоқолларни аралаштириб, тоғалари билан калталиклар жанжалининг олдини олди – оқсоқоллар «ичкуёв бўлган хонадонда ёлғиз она билан сингилдан бошқа ҳеч ким йўқлигини ҳисобга олинса, тўнғич ўғил ҳақиқий полвоннинг ишини қилган» деган қарорга келишди. Тераклиликлару калталиклар бир-бирига хезланиб туришганда Санчо болаларга чўпчак айтиб бериш билан овора эди. Кейин ҳаммасини болача ақли билан ҳал қилди: у ҳеч нарса бўлмагандек Терсотада эмас, Калта қишлоғига бориб, тўй қилиб берди: катталарнинг номуси, қишлоқ шаъни эсига ҳам келмади.
Кенжа ўғил эса тез улғайди, ниҳоят ҳамма нарса ғўрлик даврини эслатадиган ота дунёси унга торлик қилиб қолди – у отасининг достонларидаги қаҳрамонларни ва саргузаштларни излаб олис сафарга отланди: худди бир пайтлар отаси ҳаммасига қўл силкаб бахши изидан кетгани каби, қартайиб қолган Санчонинг қаровсиз қолишига ҳам, сўққабош отасини ташлаб кетгани учун қишлоқда пайдо бўладиган гап-сўзлару ғийбатларга ҳам «ҳаё ҳуйт» деб этак силкиди-да, шаҳар кетди – шу билан бадар кетди. Ўша ерда уйланди. Тўйга негадир фақат акаси билан тоғалари бориб келди: кенжатой отасининг тўйда ҳам болалар билан ўйнаб қолиб, мисқоллаб йиғган обрўсига путур етишидан қўрқдими ёки Санчонинг ўзи рўйхушлик бермадими, нима бўлганда ҳам, акасини отасини тўйга олиб бормасликка кўндирди. Кейинчалик ҳам у шаҳарлик болаларига ўзига эчки эмизишни ўргатган отасини бирон марта кўрсатмади – Санчони шаҳарга чақирмади, ўзи эса қишлоққа келмади. Фақат онда-сонда шаҳар борган терсоталиклардан отасига у-бу бериб юборар, шу билан ўзининг болалик бурчини бажарган бўларди. Тўнғич ўғил ичкуёв бўлса ҳам, бир оёғи Терсотада эди. Калталик келин ҳам меҳрибон, бундан ташқари, гапга чечан эди: у келганида ўзига ёвқараш қилиб кутиб олган терсоталикларнинг кўнглига шундай йўл топдики, улар шундай келинлари ўзларининг қишлоғида эмас, Калтада яшаётганидан афсусландилар. Келин ҳар икки-уч ойда келиб қайнонаси ўлимидан сўнг янада тезроқ путурдан кетаётган уйни тартибга солар, Санчонинг, ўзига қўйса, умрбод алмаштирмайдиган ички кийимларигача ечиб олиб ювиб, уйни саранжомлаб кетарди. Келин агар кийимининг ҳаммасини ювмаса, қайнотаси барибир алмаштирмаслигини билиб бор кийимини ҳам бира тўла ювар, бу пайтда токи ички кийимлари қуригунча Санчо худди ёш боладай чойшабгами, чопонгами ўралиб, набиралари билан ошиқ ўйнаб ўтирар, болаларидан кўра набиралари билан тез тил топишар, уларга эртак айтиб берар, албатта, ўйинбоши ҳам ўзи бўлган ҳолда турли ўйинлар ўргатар, тўқайга олиб чиқар, сийпантошга олиб бориб кимўзарга сирпанишарди. Катталар дунёсидан мустаҳакам жой олган ўғли отасининг ҳали ҳам бола бўлиб яшаётганидан номуси келса ҳам, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмаслигини англар, бола-чақасини олиб отасига бир сўз демай жўнаб қолар, Санчо эса яна ўз дунёсида қолар, уни ҳамиша ўзига эш қаримаган овози, қаримаган кулгилари, қаримаган кўнгил дунёси билан бирга болалар орасидан топиш мумкин эди.
VII
Кенжа ўғил шаҳар сўраб кетгандан орадан ўн тўрт йиллар ўтгач катта йўлдан Азлартепага қараб Терсота томон қора машина бурилди: Санчо ҳам, болалар ҳам бу пайтда тўқайда кундалик юмушларию ўйин билан банд эди. Машинани биринчи бўлиб Соли Боймирнинг набираси кўрди.
– Ановини қаранглар, – деди у ўйнаётган жойида тўхта қолиб, Азлартепага тирмашиб чиқаётган машинани кўрсатиб.
Тўқайда бирдан ўйин тўхтади: ҳамманинг кўзи қишлоққа қараб бурилган зулукдай қоп-қора машинага тушди. Бу машина эмас, мўъжизанинг ўзи эди. Ҳали бунақасини терсоталиклар кўрмаганди ва, табиийки, шаҳар кўрган терсоталиклар ҳам кўрган машиналарга сира ўхшамасди – орадаги масофа анча бўлса-да, қоп-қора ойнаси, қип-қизил фаралари, кабина эшикларга ўрнатилган ялтироқ гардиши қуёш нурида кўзни қамаштирар, юрганда жилваланаётган ғилдираги, узун тумшуғи, юришидаги салобат ва виқор тоғу тошларни ўзига ром қилиб қўйгандай эди. Бунақасини фақат киноларда кўришган, машина эмас, нақ тулпорнинг ўзи эди. Санчо айтиб берадиган эртаклардаги пари-пайкару чиройда ойни уялтирган ҳурлиқолар ҳам қишлоқ оралаганда терсоталикларни бунчалик ҳайратга солмаган бўларди: Санчонинг чўпчакларидаги Ғиркўкдай Азлартепа орқали қишлоққа кириб келаётган машинани энди бутун Терсота томоша қилар, машина ўзининг кундалик тирикчилиги билан овора қишлоқда вақтни бир зум тўхтатиб қўйган, ҳамманинг хаёлида «Бу қандай машина бўлди? Кимникига келяпти? Бундай обрў-эътиборга муносиб кўрилган валломат ким экан?» деган савол ғужғон ўйнарди. Машина эса худди босайми, босмайми деб қадам ташлаётган танноз каби ўзини қиру адирларга, тўқаю ўтлоқларга, атрофни ўраб турган тоғу тошларга кўз-кўз қилиб қишлоққа кирди ва қишлоқнинг ғарбидагиларнинг аламини ва ҳасадини қўзғаб шарқига – тўқайга туташ томонга қараб йўл олди. Қишлоқ қирга ўрмалатиб қурилгани учун ҳар бир уй бир-бирига кафтдек кўриниб турарди. Йўлга болалар билан қўшилиб катталар ҳам чиқиб олишган, улар ҳайрат ва ҳавас билан машинани кутиб олиб, кейин суқ билан кузатиб қолишарди. Машина эса кўпчиликнинг умиди ва илинжини, ғурурини ер билан яксон қилиб ярим қишлоқни оралаб ўтди-да, келиб-келиб Санчонинг уйи олдига тўхтади: бутун қишлоқ бу адолатсиз иноятдан бирдан жунбишга келди. Терсоталиклар бир-бирларига қарашар, кўзларига ишонишмас, ҳеч нарсага тушунишмас, бир-бирларининг юзларида пайдо бўлган саволга жавоб, юракларидаги ҳасадга малҳам излашарди.
– Сизнинг уйингизда тўхтади, Санчо, – деди Мурод синчининг набираси Малик. У пойга қилиш учун Санчонинг эшагига энди минган, машинага кўзи тушгач, тўхтаб қолган, шундан бери оғзидан сўлаги, кўзидан ҳайрати оқиб ҳайкалдай қотиб турарди.
– Ҳа, сизнинг уйингиз олдига тўхтади. Ким у, Санчо?
Соли Боймирнинг набираси ҳамманинг кўнглидаги саволни берди. Аммо бу саволга Санчо жавоб беролмасди. Шу сабабли у елка қисди. Санчонинг уйи атрофида одамлар тўплана бошлади. Болалар ҳамма нарсани унутиб қишлоқ томон югуриб кетишди. Санчо Маликнинг орқасига мингашиб олганди. Эшак йўрға бўлса ҳам, барибир болаларни қувиб етолмади: улар худди бир нарсадан қуруқ қоладигандек харсанглару ҳаётларни мол-ҳолдан асраш учун териб чиқилган тошдеворлар устидан сакраб ўтиб, югуриб боришарди. Санчо етиб борганда машинани ярим қишлоқ аҳолиси – ёшу қари ўраб турар, биров унинг фарасини, биров бежирим люкини, биров гардишини, биров ойнасини, биров ҳатто мўйларни ҳам яққол кўрсатиб турган капотини ҳайрат билан томоша қиларди. Рости ҳам бундай чиройли ва кўринишининг ўзиёқ ақлни лол қиладиган ғайритабиий машина Терсотага эмас, умуман, бу ўрага биринчи келиши эди. Санчони кўрган қишлоқдошлари унга кутилмаган ҳурмат ва иззат билан йўл очишди. Машина олдида кабинага суянганча бир йигит турар, эгилиб машина салонини кўраётган терсоталикларга ниманидир тушунтирарди. Эшак машина олдига боргач, туёқ товушларини эшитиб йигит бошини кўтариб қаради. Бу унинг ўша бадар кетган Кенжа ўғли эди. Санчо аввалига танимади. Танигач эса анграйиб турди. У бир машинага, бир ўғлига қарарди.
– Мана бизнинг бобой ҳам келди, – деди Кенжа Санчони кўриб. У ҳеч қачон отасини «бобой» демаганди – бу унинг шаҳарда ўзлаштирган шеваси эканини ҳамма сезди: у пушти камаридан тушган отасини «Бобой» дейиши билан отаси билан ўзининг орасидаги фарқни кўрсатган, шу йўл билан шаҳарда орттирган обрўсини сақлаб қолганди гўё. Ўғил ҳали ҳам ҳеч нарсани тушунмаганча лол бўлиб турган Санчо томон юриб келди. У қорин қўйган, савлатли бўлиб қолганди. Отасини худди боласини кўтариб олгандек эшакдан кўтариб туширди-да, қучоқлашиб эмас, оталарча елкасига уриб кўришди. Лекин бунга ҳеч ким эътибор бермади: терсоталиклар қаёқдаги ноқис отага шундай ўғил насиб қилганидан ҳали ҳам ўзларига келолмай туришарди. Носир дўкондор эса аламидан лабларини ҳам тишлаб олган, шу дафъа омаднинг кўзи кўр бўлишига яна бир карра имон келтириб турарди. Санчони эса қишлоқдошларининг юз ифодалари ҳам, улар ўйлаётган ўй-хаёллар ҳам қизиқтирмас, худди сеҳрли хилқатни кўриб қолган ёш боладай машинага жодуланган алфозда қараб турарди. Ўғли отасининг ҳолатини дарров тушунди. У машинанинг эшигини очди, ичкарига ишора қилди. Санчо машинага ўтирди. Машинада кенжа ўғилнинг болалигига қуйиб қўйгандай ўхшаб кетадиган 12 ёшлардаги бола ҳамманинг ҳаваси келаётган машина ўзига тегишли эканини ҳаммага кўз-кўз қилаётгандай айрича ғўддайиб ўтирар, унинг юз-кўзида эса «Мен қаерга келиб қолдим?» деган савол қотиб қолган, одамни сескантирадиган даражада пакана, устига-устак, юзига ярашмаслигини ўзлари ҳам билгандек яккам-дуккам бўй кўрсатган мўйлари оқарган, аммо овози ёш боланикидан фарқ қилмаган, чол бўлиб чолга, бола бўлиб болага ўхшамаётган тасқарасифат нусхага анграйганча қараб турарди.
– Бу набирангиз, – деди Кенжа. – Сиз билан кўришиш учун келди.
Бола бу маймунбашаранинг ўзининг бобоси эканини эшитиб, баттар саросимага тушиб қолди: отасига кўзининг қопини саволга тўлдириб қаради ва яна бобо бўлмишга бошдан-оёқ кўз югуртириб чиқди.
Санчо бундай қарашларга ўрганиб қолгани учун набирасининг юзидаги ажабланишга эътибор бериб ўтирмади; бирпасда набирасини ҳам унутди, машина ичини ҳайрат тўла кўзлари ёритиб юборди: салонни, ўриндиқни, бош қўйгичларни, ҳар хил тугмачаларни, умуман, ҳар бир детални ҳайрат билан ушлаб кўра бошлади. Кўриб турган нарсасига кўзлари ишонмаётган, худди қаттиқроқ тегса зарар етиб қоладигандек оҳиста силар, қўл тегизиб кўрар, сўнг бу ишидан мамнун бўлиб, юзи қувончдан ёришиб, лаблари ёйилиб кетарди. Набира эса унинг ҳайратидан ҳайратга тушиб, ўзига бобо бўлмиш нусхадан кўзини узмас, юзида ётсираган бир ифода қотиб қолганди.
Бобосининг турқи ёқмадими ёки у бу ерларда бошқа нарсани кўрмоқчи бўлиб келганмиди, номаълум, хуллас, негадир машинадан тушмай тумшайиб олди. Набира ўзига хос ўжар ҳам экан: терсоталиклар қанчалик уринмасин, уни тушира олишмади – ялиниб кўришди, алдаб, алқаб кўришди, «Бир шаҳарлик жияннинг қадди-қоматини кўрайлик!» – деб мақтаб кўришди, авраб кўришди, набира ўтирган жойидан қимирламади – у жонини олиш учун ўраб турган ёввойилар орасига тушиб қолгандай ҳеч кимни яқин йўлатмаслик учун юзини жаладан хабар бериб турган кўклам осмонидай тунд тусга солиб, хўмрайиб олганди. Санчо эса худди ўғлининг болалиги қайтиб келгандек ўзида йўқ хурсанд эди: у набирасига қараб тўймас, унинг қарашларида елини тўлиб турган эчкини кўрганда пайдо бўладиган кенжа ўғлининг кўзларидаги ёвқур бир шижоатни кўриб қоларди.
Меҳмонлар кетиб, атрофни зулмат қоплагач, ўғли боласини барибир машинадан туширди, ўзи ўсиб улғайган уйга олиб кирди.
– Мен мана шу уйда туғилиб, шу уйда улғайганман, – деди ўғил бир орзумандлик билан худди отхонадай кенг ва баланд қилиб қурилган уйни кўрсатиб.
Набира улкан ғорга киргандай уй ўртасида тик туриб қолди. Санчо ота-болага жой соларкан, набира худди отасининг туғилганлик изларини излаб топмоқчидай тўсинларни ушлаб-ушлаб кўрар, хонанинг одатдаги уйларга нисбатан анча баланд шифтини, равоқу токчаларни, вассаю ровларни, нақш берилган улкан ромларни ҳайрат билан кузатиб чиқарди, Санчо эса худди ўзининг ғаройиб нарсасини ошнасига кўрсатаётган боладай унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб, ўзича керилиб ўтирарди.
– Бу ҳам ўзи сизга ўхшаб ўйинларни яхши кўради, – деди ўғил отасининг боласидан кўзини узмаётганини кўриб. – Сиз ҳақингизда, қишлоғимиз ҳақида, тўқай ҳақида гапириб бергандим, мен ҳам бораман деб туриб олди.
У бу гапларни ўзининг ўн тўрт йил дим-дирс кетгани учун узрхоҳлик оҳангида айтаётган, шу орқали орадаги узилиб қолган меҳру оқитбатни тикламоқчи бўлаётган эди. Аммо катталар дунёсига хос бўлган бундай нозик илғамларни Санчо тушунмасди, у кенжа ўғлини аллақачон кечириб юборган, умуман, шунча йил келмаган бўлса-да, ўғлига кўнглида заррача гина-кудурут, ўксиш йўқ эди. У худда болалардай қувонарди, холос. Айниқса, набирасининг Санчога бобосидан қолган, отамзамонларда қурилган уйни ҳайрат ва қизиқиш билан томоша қилаётганидан ўзида йўқ хурсанд эди.
Шу кеча бобо ва набира биринчи марта ошиқ ўйнашди, болалиги эсга тушдими, Кенжа ҳам чидолмади, у ҳам кейинги босқичда уларга қўшилиб олди. Уларнинг ўйини ярим тунгача давом этди: кейин Кенжа бир қучоғига ўғлини, бир қучоғига отасини олиб ухлаб қолди.
Шундай қилиб, ўн тўрт йил бадар кетган Кенжанинг виждони қийналдими, аслига қайтдими ёки боласи билан отаси тил топишгандай бўлдими, олди ёз бўлгани учун боласини Терсотага ташлаб кетди.
Ростданам, гарчи бобоси билан ўйнаб кетган бўлса-да, тирик қўғирчоққа ёки кичрайтириб қўйилган одамга ўхшайдаган Санчо набирани қизиқтириб қолганди: ухлаб ётар экан, ўзига кимдир кўзини қадаб тургандай уйғониб кетар ва ўзидан кўз узмай тикилиб турган набирасини кўрарди. Набираси ҳали ҳам кўзларига ишонмаётгандай, кўриб тургани рўёдай Санчодан кўз узмасди. Буни ўзича тушуниб Санчо жилмаяр, набирасининг бошини силаганча яна уйқуга кетарди.
VII
Набира тўқайда ҳам болаларнинг ўйинига бирдан қўшилиб кетолмади, аслида ҳам бу ўйинлар унга бегона ва ёт эди. Шу сабабли у дастлабки икки кунини тўқайни, чангалзорни, сийпантошни айланиш, бу ерларни кўздан кечириш билан ўтказди. Учинчи кун эса болалар ҳар доимгидай энди «Зувуллоқ» ўйинини бошлаймиз деб турганда набира уларнинг қаршисига келиб бирпас кузатиб тургач, кутилмаганда:
– Балким, «Супермен» ўйинини ўйнармиз? – деди томдан тараша тушгандек.
Болалар бир-бирига ва, табиийки, Санчога қарашди. Санчо бунақа ўйин борлигини билмасди. Болалар ҳам бунақасидан бехабар эди. Ҳамма ажабланиб набиранинг оғзига кўз тикди.
– У қанақа ўйин?! – сўради Малик туятурпоннинг илдизидан сақични ажратиб олиб чайналар экан. Кейин сақичини шаҳарлик болага кўрсатмоқчидай шиширди.
Ўйин номининг ўзиёқ болаларда бирдан фавқулодда қизиқиш уйғотган, шу пайтгача ўзларининг бу тўқайдаги эрмакларига ўхшамаган ном ҳамманинг оғзини очиб қўйганди: набира эса болаларни ўзига қарата олганидан хурсанд бўлди ва «Шуни ҳам билмайсизларми?!» дегандек писанда билан ўйин шартларини тушунтира бошлади:
– Бу бир неча босқичдан иборат ўйин. Дастлаб икки гуруҳга бўлиниб, «жанг» қиламиз. Жанг пайти «ўлган» чиқиб кетаверади, енгганнинг битта қўшимча «жони» кўпаяверади. Кимнинг «жони» кўп бўлса, ўшанинг имконияти ҳам кўп бўлади, уни «ўлдиришган»да ҳам қўшимча «жон»и эвазига жангни давом эттириш имконига эга бўлади. Ўйиннинг охирги босқичида махлуқни енгган супермен бўлади.
Терсоталик болалар жуда кўп ўйинларни билишарди. Аммо бундай ғаройиб ўйин ҳақида биринчи марта эшитиб туришганди: енгганнинг жони кўпайиб бориши – ким кучли бўлса, охир-оқибат барча жонларни ўзиники қилиб олиб, «ўлмайдиган» мақомга эришиш – бу энди салкам эртакнинг ўзи эди.
– Тўқай, чакалакзор, харсанглар, айниқса, анови қора тош бу ўйинни бемалол ўйнаш имконини беради, худди компьютердагидай, – деди набира. – Мен компьютерда бундай ўйинларни роса кўп ўйнаганман. Фақат ўйин бир неча кунга чўзилиши мумкин. Агар рози бўлсаларингиз, ўйнашимиз мумкин.
Олдинда тўлиқ ёзги таътил турганди, мабодо ота-оналари уларни бошқа бир эрмакка ёки юмушга жалб қилмаган экан, ўйнашдан бошқа яна қандай овунчоқ бўлиши мумкин бу тоғлар орасида? Тезда икки гуруҳга бўлинишди – кутилмаганда бу ўйинга ҳамма, ҳатто Санчо ҳам қизиқиб қолди, аслида, унинг ўйин деса суяги йўқ эди.
Шундай қилиб, кутилмаганда набира ташаббусни бутунлай қўлга олди.
– Ким ўйин шартларига рози бўлса, бошлашимиз мумкин, – деди у. –Эслатиб қўяй, бу ўйинда фақат битта ғолиб бўлади. Ғолиб дегани супермен дегани.
Набиранинг шарофати билан бирпасда тўқайзор «ҳарбий жанггоҳ»га – фақат кучлиларгина яшаб қолиши мумкин бўлган ўйингоҳга айланди: қонида бўлгани учунми ёки ўзи шунақа қобилият билан туғилганми, буниси номаълум, лекин у бу хилдаги ўйин борасида устаси фаранг чиқиб қолди – ҳаммага юзини қоракуяга бўятди, аввал ёйандозлик, кейин найзабозлик, кейин чакалакзорда пусиб-пойлаб юриш, яқин бориб тўсатдан «ханжар» билан маҳв қилиш – ҳаммасини ўзи бу хил жангу жадалда иштирок этгандай кўрсатиб берди. Кимгаки учига зирк шираси сурилган «ўқ», найза, ханжар тегиб, ўша жойи қизариб қолдими, бўлди, у ўйиндан чиқиб кетишга маҳкум, яъни у «ўлган» ҳисобланади. Бунинг учун улар энди қизара бошлаган зиркни овқат олиб келишган косаларга эзди, оқибатда тайёр «қон» пайдо бўлди, найза, пайкон, тўқмоқ учларини унга ботириб олишди. Чакалакзор бўладими, харсанглар орасими, юлғунзорми, «душман»га тўсатдан, кутилмаганда ҳужум қилиш ва «қон»ни кийимига тегизиш керак эди. Баъзилар ногаҳон ўққа дучор бўлмаслик учун соатлаб чакалакзорда ёки бирон тошнинг ортида пайт пойлаб ётарди. Набираси айтгандай, ўйин бир-икки кунга чўзилиб кетди. Бироқ болаларга шу даражада ёқиб қолдики, айримлар тонг-саҳардан тўқайга келиб оладиган бўлди.
Набиранинг янги ўйини бутун Терсотага тарқади ва ҳар бир уй, ҳар бир хонадонда бу ғаройиб ўйин муҳокама мавзусига айланди. Бошқача айтганда, набира бир кунда ҳаммани ўзига қаратиб олди. Энди у тўқайда ўйналадиган кейинги кунлардаги барча ўйинларни ўзи ташкил қилар, ўйин шартларини, тартибини белгилар, туғилгандан бери қишлоқдан нарини кўрмаган болаларга куч-қудрат эгаси бўлган суперменлар, сайёралараро жанглар, қулоқ эшитмаган пойгалар ҳақида гапириб берар, болаларни атрофига тўплаб, ҳаммани лол қилиб турганидан Санчо ҳам ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетарди – у ҳам худди Абдулла бахшини берилиб эшитгани каби набирасининг ғаройиб ўйинлар ҳақидаги ҳикояларини жон қулоғи билан эшитарди.
Энди бутун Терсота ғаройиб ўйинларни муҳокама қиларди. Бора-бора катталар ҳам шундай тўқайга келиб олиб, болаларнинг ўйинини томоша қиладиган бўлишди: бу набирасининг терсоталик болаларнинг ҳақиқий йўлбошчисига айланганини билдирарди: энди болалар унинг чизган чизиғидан чиқмас, ҳар бир бола уни ўзларининг ўйинбошиси деб биларди.
VIII
– Мана, ниҳоят ўйиннинг «Супермен» босқичига етиб елдик, – деди набира учинчи ёки тўртинчи кун. – Ўйиннинг шарти шундай: номаълум қалъада ўта хунук, ўта тасқара, ўта бадбашара махлуқ яшайди. У ғайритабиий кучга эга: уни оддий қуроллар билан ўлдириб бўлмайди. Уни фақат икки тиғли ханжар билан ўлдириш мумкин. Бунинг учун унга ханжар урадиган даражада яқинлашиш керак. Бунинг эса иложи йўқ. Махлуқ яқинига йўлаганни ямламай ютиб юборади. Уни ўлдирган супер қаҳрамон бўлади!
Бу ўйиннинг охирги босқичи эди. Болалар ким супер қаҳрамон бўлишини орзиқиб кутардилар. Заранг шохидан икки тиғли ханжар ҳам ясаб олишди. Ўйин шартига кўра, ҳар бир ўйинчи ханжарга эгалик қилиш ҳуқуқига эга эди. Бунинг учун ханжарнинг олдинги эгасини ўлдириш керак бўларди. Сўнгги ханжар эгаси ҳам қўшимча жонга, ҳам ханжарга эга бўларди. Ҳаммаси набира айтгандай тайёр эди. Фақат… фақат энди махлуқ бўладиганни топиш керак… Бадбашара, тасқара, хунук махлуқ бўлишга ҳамманинг ҳам юраги дов бермасди ва ҳеч кимнинг «Махлуқ» бўлгиси келмасди.
Шу сабабли ҳамманинг боши қотди. «Махлуқ» бўлмаса, бу босқични ўйнашдан фойда йўқ.
Болалар: «Ким «Махлуқ» бўлади?!» – деб тортишиб туришганда кўпдан бери хаёлан чамалаб, мўлжаллаб юрган ва баҳсга якун ясамоқчидай қатор турган болаларга бир-бир кўз ташлаб, саф охирида турган Санчонинг қаршисига келиб тўхтади ва негадир унга тикилиб қолди. Болалалар ҳам унинг изидан келиб, Санчони худди энди кўраётгандек синчковлик билан кўз ташлашди. Улар юзини ажин босган, пешонаси худди уқувсиз кулол ясаган кўзадай ғадир-будир, ичини мўй қоплаб олган қулоқлари йиртиқ пўстакдай шалпайган, соқоли эса бу хунук афтда ўсиб чиққанидан уялаётгандек бошини эгиб олиб, патаклашган, одамнинг бармоғидан кўра бирон жониворнинг панжасига кўпроқ ўхшаб кетадиган кичкина жундор бармоқлари, худди кинолардаги гномларни эсга соладиган пак-пакана бўйи, умуман, сину сумбати махлуқнинг ўзи бўлган тасқара билан юзма-юз турардилар: изоҳга ҳожат қолмаганди – Санчодан хунук, Санчодан бадбашара, Санчодан мос бошқа номзодни топиш мушкул эди.
Улар шундагина аввал боболари, кейин оталари, энди ўзлари билан болалик ўйинини ўйнаб келган митти, япасқи одамнинг набира тасвирлаган йиртқич махлуққа ўхшашини сезиб қолишдики, ҳамма бир овоздан Санчонинг «Махлуқ»қа муносиб номзод эканини ич-ичидан тан олишди.
Санчога эса фарқи йўқ эди: ўзини ўйинга қўшганларидан хурсанд бўлиб ҳар доимгидай ҳар қандай шартга тайёр турарди.
Шундай қилиб, узоқ давом этадиган «Махлуқ» босқичи бошланди: бир томондан, махлуқни ўлдириш учун келаётган қаҳрамон ўзига рақиб бўлганларнинг жонини ўзиники қилишга, иккинчи томондан, «Махлуқ» болаларни ўғирлашга (болалар қанча кўп ўғирланса, унинг жони ҳам шунча кўпаярди) киришиб кетди. Махлуқнинг қароргоҳи – қалъаси Санчонинг уйи эди. Ўрнатилганига юз йиллардан ошган, гўё олис дориламон кунлар ҳақида нималардир деб минғирлаётгандек таассурот уйғотадагин ғичирлоқ эшиклар, бир пайтлар нафақат Терсотанинг, балки бутун Ўранинг виқори бўлган, энди эса чиришга юз тутган ромлар, асрий қурум ва ғубор қоплаган вассалар, йилдан-йилга янгиланиб, кўркамлашиб бораётган уйлар қаршисида бегоналашиб, ётлашиб, мунғайиб, ҳақиқатан ҳам бирон махлуқ яшайдиган ғорга ўхшаб бораётган уйнинг ўзи – ҳаммаси бу маконнинг набира айтган ўйинга жуда мос эканини кўз-кўз қилиб турарди.
Эрталаб бошланган ўйин ярим кечасигача давом этди: терсоталиклар болаларининг Санчонинг уйида ярим кечагача «Оқсуяк», «Ўғри», «Яширинмачоқ» ўйинларини бутун қишлоқни бошларига кўтариб ўйнашларига кўникиб қолишганди. Шу сабабли унинг гоҳ молхонаси, гоҳ уйи, гоҳ томорқаси ичидан келаётган «жон» олиб, «жон бераётган» болаларнинг ҳар тусдаги мағлубона ва ғолибона овозларига эътибор ҳам беришмади.
Ўйиннинг энг нозик жойи – ҳар ким ўзи учун курашиши керак эди. Шу сабабли болалар бурчак-бурчакда «жони»ни ўзиники қилиш учун бир-бирини пойлаб ётишарди, зотан, «Махлуқ»ни ўлдириш учун аввал бир-бирларини ўлдиришлари шарт эди.
Набира бу ўйинда ўта сергак эди: у ўйин ғолиби бўлишга астойдил бел боғлагани юз-кўзи, ранг-рўйидан билиниб турарди. Ростданам омад ҳам унга кулиб боқарди: у «қалъа атрофида рақиблари»ни пойлаб ётиб, бирма-бир «жони»ни оларди. Бу пайтда «Махлуқ»қа айланган Санчо эса энди биттагина болани «асир» олганди. Болалар Санчонинг феълини ҳам, унинг хатти-ҳаракатини, кўнгли юмшоқлигини ҳам яхши билишгани учун уни бошқа нарсаларга чалғитган кўйи қочиб юришарди.
Набираси ўйинда иштирок этаётганларнинг деярли ҳаммасининг «жони»ни ўзиники қилиб бўлганда тун ярмидан оғганди.
Набира «найза» ва «тўқмоқ» ушлаб «Махлуқ» билан юзма-юз турар, унинг орқасида ғира-ширада гўё ростдан ҳам «жонлари олингач» фақат шарпаларга айланган болалар келишарди. Улар «супер қаҳрамон» ким бўлади, Санчоми ёки набирами, билиш учун нафасларини ичига ютиб, қилт этмай туришарди.
Санчо шунчаки ўйинни қизитиш учун ўзини ёввойи махлуққа солиб, ҳар томонга ириллаб ташланар, қўлидаги сўйил билан набираси томонидан берилган ҳар қандай зарбани осонгина қайтарарди – у ҳаммасини азбаройи ўйин учун, қизиқчилик учунгина қилаётганди.
Набира «Махлуқ» билан аввал найзада, кейин тўқмоқда «куч» синашди: ҳар иккала ҳолатда ҳам вазият «Махлуқ» – Санчонинг фойдасига ҳал бўлди, зотан, у олтмиш йилдан ошиқ мол изидан таёқ судраб юравериб сўйилни ишлатишнининг пири бўлиб кетганди: набирасининг этигидан тортиб юзигача сўйил қолдирган қизил бўёқ излари билан тўлиб тошди – бу ўйин унинг ғалабаси билан якун топишидан, набиранинг мағлуб бўлаётганидан дарак берарди.
Қишлоқ масжидида хуфтон намози ўқиб бўлиниб, қари-қартанглар уй-уйларига тарқалишаётганда набира деярли тўплаган барча «жони»дан маҳрум бўлганди. Бобосининг таёқ, тўқмоқларни бундай устомонлик билан ишлата олишини набиранинг ўзи ҳам кутмаганди, шу сабабли орқада болалардан кимдир: «Фақат битта жони қолди», – деганда қалтираб кетди: унинг бутун вужуди, лаблари, кўзлари, қорачиқлари титрарди.
– Мен барибир ғалаба қиламан! – деди у ҳансираб бобосига худди ҳақиқий одамхўр қаршисида қотиллик ниятида турган овчидек.
Набира яна қоронғилик қаърига ғойиб бўлди: унинг охирги имконияти қолганди. Агар яна бир марта бобосининг сўйилининг бўялган учи тегса, бўлди, Санчо ўйин ғолиби – супермен бўларди. Набира эса бундай якунга тайёр эмасди, зотан, у ҳамиша ғолиблик нашидасини суриб ўрганган, келиб-келиб худо назаридан қолган чет қишлоқда, гарчи бобоси деб таништиришган бўлса ҳам, қишлоқда ақли норасо деб тан олинган жимитдан енгилиш унга ўта шармандаликдай туюларди.
Ўйин кутилмаган томонга бурилганди: энди фақат томошабинга айланган болалар юрак ютиб якунни кутишарди.
Набирасининг ҳужумини пойлаб туравериб Санчонинг уйқуси келиб кетди: қанчалик кўнгли бола бўлмасин, ёши аллақачон маррани қоралаб қолган, танаси бундай узоқ чўзилган жисмоний зўриқишга дош беролмасди. У ўзининг толиққанини, умрида энг узоқ ўйнаган ўйини шу эканини ҳис қилди. Шунинг учун хаёлан: «Набирам пайдо бўлса, унга енгилиб бераман, ўзимни ҳимоя қилиб ўтирмайман», – деб ўйлади. Худди шу қарор билан сўйилга суянганча тин олди, кўзларини юмди. Уни уйқу босиб келарди. «Набирамни чақираман, енгилдим, сен енгдинг дейман!» – деб режалаштирди ичида у. Аммо унинг ичидаги ўйлари охирга етмади: ярим соатча йўқолиб кетган набира худди ҳаёт-мамот жангига киришган жангчидай қоронғилик қаъридан ўқдай отилиб чиқди ва қўлида қолган охирги қурол – ханжарини «Махлуқ» – Санчонинг қорнига «санчди». Бу шунчалик тез содир бўлдики, болалар ҳам, Санчо ҳам набира қаёқдан ва қандай пайдо бўлганини илғаёлмай қолдилар. Санчо эса зарангдан учи сумак қилиб ясалган ханжар қорнига қадалганда набирасининг ғолиблик акс этган юзинигина кўрди, нафақат юзи, балки кўзлари ҳам эчкини босиб олиб эмаётганда ўлжасини таппа босган бўриваччани эслатадиган отасининг кўзларига жуда ўхшаб кетишини сезиб қолди, бу кўзларда унга ёт, бегона, совуқ, ёввойи бир ифода ҳам балқиб турарди. У набирасига енгилганини эътироф этишга чоғланди, аммо гапиришга улгурмади – бутун танасини оғриқ қамраб олди ва у набираси «санчган» «ханжар»ни икки қўллаб ушлаганча йиқилди.
Унинг жуда табиий йиқилганини кўриб болалар кулиб юборишди: бунақа йиқилишлар, «ўлиб беришлар»ни Санчо қойиллатарди.
Набира эса бобосига қараганча қотиб қолган, унинг кўзларида жунун, телбавор ғолиблик зуҳур этарди.
Бу зуҳурот аста-секин унинг юзига ўтди, кейин лабларига кўчди.
У ерда йиқилиб ётган Санчога қараб туриб болалар томон ўгирилди ва телбаларча шивирлади:
– Унга икки тиғли ханжарни урдим. Мен «Махлуқ»ни енгдим! Мен суперменман!
Болалар уни қутлашга киришиб кетишди: биров қучоқлар, ёши каттароқлари келиб елкасига уриб қўярди. Қолганлари қўлини сиқишарди. Энди тарқалишса ҳам бўлади. Ўйин тугаган, ниҳоят бир ҳафталик ўйиннинг ягона ғолиби аниқланганди.
Фақат Санчо ҳали ҳам ўрнидан турмаганди. Буни Соли Боймирнинг набираси биринчи бўлиб англади. У ерда қорнини ушлаб ётган Санчонинг олдига бориб, унга бирпас қараб турди.
– Санчо! Туринг. Ҳаммасини ўхшатдингиз. «Ўлганингиз»га ишондик, – деди у кулганча оёғи билан оёғига тепиб.
Санчо жавоб қилмади. Соли Боймирнинг набираси аввал Санчонинг елкасидан туртди, кейин товушини баланд қилиб нохушликни сезгандек қалтироқ овозда бақириб юборди:
– Санчо! Нима бало, ростданам ўлиб қолдингизми?
Унинг овозини эшитган болалар набирани қутлашдан тўхташди. Уларнинг кўзи ҳали ҳам ерда қорни билан қапишиб, юзтубан ётган Санчога тушди. Малик келиб Санчонинг бошини кўтарди ва юзини осмонга ўгирди. Санчо кўзларини юмиб ётарди.
– Санчо! Бўлди, кетамиз. Ўйин тугади.
У шундай деб, туришга ёрдам бермоқчи бўлиб қўлини қорнидаги заранг ханжарни ушлаб турган Санчонинг қўлига олиб бордию бирдан сесканиб тушди ва шошиб кафтига қаради. Унинг бармоқлари қон эди. Шундагина ҳамманинг кўзи заранг «ханжар» қадалган жойдан сизиб чиқаётган қонга тушди…
Эртасига Санчони сўнгги йўлга кузатиш учун барча терсоталик болалар чиқишди: улар уйдан токи Азлартепагача қатор туриб олишиб, тобутга елка тутишар, елкадан елкага лопиллаб ўтаётган тобутни секин силаб қўйишар, шу билан катталар дунёсидаги охирги тенгдошлари билан сўзсиз видолашишар, катталар эса бу ўлимни катта йўқотиш деб ҳисоблашмаётган бўлса-да, аммо ҳар бири ўзлари бир умр майна қилиб келган, аввал Бойқул, кейин бир умр Санчо бўлиб яшаган, ўзлари бир умр ақли ноқис деб ҳисоблаган қишлоқдошлари билан бирга Терсотанинг болалик даври ҳам тугаганини ич-ичларида ҳис этиб тобут изидан бошларини эгиб боришарди.