Назар Эшонқул. Адабиёт – миллат кўнглидир

Янгиланаётган дунё – покланаётган дунёдир. Янги адабиёт – янги сўз, янги тил деганигина эмас, балки янги дунё, янги изтироб, янги тафаккур, янги юксаклик дегани ҳамдир.

* * *

…Гўзалликни қабул қилиш, завқланиш ҳар қандай ҳайрати сўнмаган одам­нинг қўлидан келади, гўзаллик ҳаммани ҳайратга солиши мумкин, бироқ уни яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

* * *

Ўзига ишонмаган одам ёхуд «Мен»и шаклланмаган одам – ичкариси забт этилган, ҳеч бўлмаса, забт этилиши арафасидаги одамдир. Ички дунёнинг мустамлакаси қулликнинг, нари борса мутеликнинг ички кўринишидир. Шунинг учун «Мен» ва мустамлака, «Мен» ва тоталитаризм, «Мен» ва ёлғон келиша олмайди. Фақат мустаҳкам «Мен»гина миллат ва ватан учун бугун ва эртага ҳам ўқиладиган, куйланадаган, шарафланадиган Сўз ярата олади, кўз олди­даги воқеликни ижодкор олами билан боғлай олади.

* * *

Миллатнинг эстетик савияси, диди давлат чегараси каби қаттиқ ҳимоя қилиниши шарт бўлган ҳудуд деб ўйлайман. Шу жумладан, бугунги китобхоннинг ҳам дидини ўлдирмаслик, уни бестселлерга ўргатмаслик, эрмак учун ўқийдиган китобхонга айлантирмаслик лозим.

* * *

…Муҳаббат йўқ жойда тубанликка йўл очиқ, жаҳолат севги дарахтида эмас, адоват бутоғида етишади.

* * *

Адабиёт – миллат кўнглидир. У ана шу катта кўнгилда содир бўлаётган ўзгаришларни билиши, англаши, оғриши, завқланиши, куйиниши, талвасага тушиши керак. Ана шу англаш жараёни турлича кечади.

* * *

Адабиёт – шафқатсиз. У бағрида томлар битганни эмас, юксак бадиий талабга жавоб берадиган ҳақиқий битта жумла ёзганни ҳам олиб қолади.

* * *

Адабиётнинг азалий мавзуси инсон. Тўғри, у қаҳрамон қилиб олган инсон Замон билан, унинг муам­молари билан юзма-юз турган шахс. Адиб инсонни ю­зида ва қалбида балқиб турган замон билан яхлит ҳолда, замон билан муносабатга киришган ҳолатда, давр билан маънавий-руҳий типпа-тикликда тасвирласа ҳам, барибир, кундалик мавзуларнинг изидан қувиб юриши шарт эмас.

* * *

Ҳақиқий санъат ўрнини шоу-бизнес тафаккур тарзи эгаллаб олди. Енгил-елпиликка асосланган, савиясиз оломонга мўлжалланган, кўпроқ пул тўплашдан бошқа ҳеч қандай нияти бўлмаган бу «маданият» шу пайтгача шаклланган, аждодларимиз зеб берган дидимизни хатар остига қўяётгани ҳам рост.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 9-сон