– Маши скалад, Сервисбой, – деди дўкончи қинғир-қийшиқ тахталардан қилинган беўхшов эшикни ғийқиллатиб очиб, ичкари кираркан. – Анови лаш-лушларни бир томонга тахлаб, тагини тозалаб берасиз. Хизмат ҳақи нақд – уч минг.
Сервисбой ҳеч нарса демади. Паришон кўзларини ғалати пирпиратиб қўйди-да, ишга киришди.
Пастқам қир остига жойлашган дўкон авваллари девонанинг хуржунидай икки бўлак бўлиб икки томонга ёнбошлаб ётар, деворлари болалар лой отиб ўйнагандай серқашқа эди. Дўкончи йигит хусусийлаштириб олгач, кўп ўтмай, икки хонали дўконни бирлаштириб, кенгайтирди. Девору томларини янгилади, у ёқ-бу ёғига ранг-тус берди, орқасига эски-туски ёғочу тахталардан омбор қурди. Кейинроқ сомса ёпадиган тандир ўрнатиб, бир бекорчини ишли қилди. Тандирнинг ёнбошига гулли капа тикиб, иккита одмироқ стол, беш-ўнта қўлбола стул қўйди. Ана шундан сўнг бу ер қишлоқнинг энг гавжум жойига айланди. Гузардаги олди айвонли пастак чойхона, унга туташ сартарошхона-ю новвойхона эса катта амалдорнинг қабулхонасида навбат кутиб ўтирган авомга ўхшаб қолди. Дўкон пештоқидаги катта рангли ёзув унга, айниқса, виқор бағишлагандай. Энди икки томонга суйри кетган шағал аралаш тупроқли йўл, негадир гузарнинг нарироғидан бошланган қишлоқ уйлар забунроқ, афтодаҳолроқ кўринади. Дўкон ёнбошига қўйилган икки биқинида қизғиш йўл-йўли бор қаймоқранг «Дамас» мисоли катта амалдорнинг ҳукмдорлик тамға-нишонидек.
Айни дамда сомсахонада ҳеч ким йўқ. Сомсапаз ғўзапояни қисм-қисм синдириб, тандирга тиқар, тепага урилган алангадан ва тутундан қочиб кўзларини қисган кўйи, тез-тез бошини орқага ташлаб қўяди. Қорамтир тутун эса ўчакишгандай унинг боши қаёққа қайрилса, ўша томонга ўрлайди. Лекин сомсапаз бунга парво қилмасликка уринади, чунки соат ўн бир бўлмаёқ тушликка келадиган «клиент»лари бор, шунинг учун тандирни тезроқ оқартириб (қиздириб), сомсани ёпиши керак.
Сервисбой аввал қути-ю яшикларни, қўйингки, неки бўлса, омборнинг бир тарафига олди. Улардан бўшаган қум аралаш тупроқли қорамтир зах ерни бешилик билан таталаб ахлатдан тозалади, текислади. Омбор қир остида – қуёшдан панадалиги учун анча салқин, ернинг захи баданга баралла урилиб, суякларни зирқиратгудай бўларди. Баҳор эмасми, қишнинг борки заҳри чор атрофдан қочиб, шу ерга қамалиб олгандай. Зах тупроқ тахта деворнинг ёриқларидан мўралаб, гўё титрай-титрай офтобни ахтаради.
Кўп ўтмай тузуккина ишлаётганлигига қарамай, Сервисбойнинг эти жунжикиб, бурни суюлди. Бироқ ишни шошилмай, пухта қилиб ўрганганидан ташқарига чиқиб, офтобда исиниб олишни ҳам истамади. У энди ҳалиги нарсаларни тозалаган тарафига олиб, тахлади. Сўнгра ун ва гуруч тўла қоплар қалашиб ётган тахта сўрини тартибга келтирди, ён-верини супуриб-сидирди…
Сервисбой айни дамда ҳеч нарсани ўйламасди, шуури тунги коинотдек ҳувилларди. Ишни эса қўллари беихтиёр бажарарди. Эгнидаги оҳорсиз кастим-шими-ю кўйлаги шалвираб тургани ва бошидаги беўхшов шапкаси боис қадди-басти кўримсиздай туюлар, бироқ тузукроқ сарасоф солган киши келишган қоматини пайқаши мумкин. Бунинг устига, у боя дўкончи тап тортмай айтган, эшитган қулоққа ғалати туюлган лақабидан ғашланмас, норози ҳам бўлмасди. Сервисбой дейишлари сабабини ўзи билмас, эҳтимол қачонлардир билгандиру, энди унутиб юборгандир. Худдики отаси қўйган чиройлидан-чиройли Шунқорбек исмини унутгандай.
Отаси раҳматли овчи эди, қиру тоғларни кезиб, турфа жонзотларни овларди. Бир неча кунлаб йўқ бўлиб кетар, олис-олис тоғларнинг энг баланд чўққиларигача чиқарди. Чўққилар ҳукмдори шунқор аталмиш қушга ишқи тушган йиллари икки қиздан кейин ўғил кўрди. Ўғлининг толеи баланд бўлмоғини орзулаб, Шунқор дея исм қўйди.
Сервисбой ишни тугаллаб, ташқарига чиққанида тип-тиниқ осмонда чарақлаётган қуёш нурлари кўзга санчилар, хуш бўйли баҳорий сабо еларди. У дўкончига йўлиқиш ниятида дўконнинг олдига ўтди. Сомсахонада юзи қирмочи чалароқ қирилган қозондай Шоди тракторчи билан шалпанг қулоқ Сойиб сувоқчи ўтиришарди. Бу иккови тенгқур – бир синфда ўқиган, мактабда ўқиб юрган пайтлари бўйлари чўзилиб, қизларга қарай бошлашганида Сойиб кичикроқ елпиғичдай қулоқларини нима қилишини билмай, Шодига нолиганди. У бўлса, ҳазиллашибми ёки фаросати етгани шумиди, қулоқларини орқага қайтариб елимлаб олишини маслаҳат берганди. Сойиб эртасига елимланган қулоқларини ошнасига кўз-кўзлаб, «қойил қипманми», дегандай мамнун тиржайганди. Аввалига Сойибнинг лақаби «Локатр» эди, шу-шу унинг ёнига «Клей» ҳам қўшилди. Эслашса, ҳали-ҳали кулишади. Айниқса, тос бет (юзи кетига ўхшаган) Шодига кўпчиликнинг ичида Худо беради – дод девормагунча қўймай масхаралайди.
Сервисбойни кўрибоқ Шоди тракторчи оғзининг иштонбоғи қочиб, ҳиринглашга тушди:
– Ие, Сервисбой, шу ердамидийиз? Айтувдим-а ажинатутнинг ҳиди келяпти, деб.
Сервисбой унга маъносиз бир қараб қўйди-ю индамади, гапини эшитмагандай тураверди.
Шу пайт дўкондан бир шиша ароқ кўтариб дўкончи чиқиб қолди.
– Э-э, тугатдийизми, Сервисбой? – деди у қўлидагини Шодининг олдига қўяркан. – Ҳозир сиз минан ҳисоб-китоб қиламиз… Ҳов, буларга иккита пиёла бер.
Дўкончи чўнтагидан бир даста беш юзталик чиқариб, уч минг сўм ажратди-да, Сервисбойга узатди.
– Меҳнатингизга рози бўлинг-а. Мана, хизмат ҳақингиз.
Сервисбой пулни олиб, дарров кастимининг ички чўнтагига солди.
– Энди бир йўла тушлик қип кета қолинг, дўсим, – деди дўкончи уни эркалатгандай. – Иккита сомсаям биздан.
– Ҳа-ҳа, бияққа келинг, Сервисбой, – тағин ҳиринглади Шоди ҳангоматалаблик билан. – Бир пас гаплашайлик энди, мундай.
Сервисбойнинг қорни очганди, бунинг устига, эти мудом жунжикарди, шунинг учун индамай бориб Сойиб клейнинг сўл ёнига ўтирди.
– Ҳов, – дея сомсапазни чақирди Шоди бўйнини чўзиб. – Сенлардаям чироқ ўчяптими? Бизда жа оширворяпти-да.
Сомсапаз қир ортидаги маҳаллада яшарди.
– Ҳар куни ўчади, ака, – деб қўйди у тандирнинг чўғини ковлаб.
– Кечқурун бир бемалолроқ телевизорам кўролмайсан, – ғудранди Шоди ўзига ўзи гапиргандай.
– Лақабниям зап топгансан-да, бунга, – деди Сойиб шипшигандай, боши билан Сервисбой томонга имлаб. – Асл отини бошқалар тугул ўзиям унутворгандир.
– Буни жин чалиб кетгандан кейин қўйганман-да бу лақабни. – Шоди ароқни очиб, учта пиёлага яримталаб қуйди. Бирининг тепасига кафтини босиб чангаллади-да, Сервисбойнинг олдига дўқиллатиб қўйди. – Қани, мулла Сервис, олингчи! – Сўнг Сойибни ҳам пиёлани олишга ундаб, масхарасини давом эттирди. – Сервис-да, Сервис, анча-мунча ишнинг киндигини суғирволади.
– Унга ичирмаганинг тузукдир, Шоди, – деди Сойиб пиёлани қўлига оларкан. – Тағин…
– Арақни маши ичсинда. – Шоди қўлидагини сипқориб, юзини тириштирди, газак ахтариб, у ёқ-бу ёққа аланглади. Лекин олдида оғизга солгулик ҳеч нарса йўқ эди. Иложсиз, оғзидан кескин ҳаво чиқариб, кафти билан лабларини артди. – Биринчиси зўр кетади-да… Буни энди жинам урмайди, уриб бўган, – деди кейин Сервисбойни кўрсатиб.
Сойиб ҳам оқ урди.
– Тавба десангчи-ей, – оғзини қўли билан елпиди сувоқчи. – Бемаъни гапни жа-а кўп гапирасан-да, омма.
Сервисбой уларнинг гап-сўзларини эшитмаётгандай эди. Пиёладагини тишлари орасидан сизиб ичди, юзида бирон ўзгариш сезилмади. Кўзларини бир нуқтага тикиб, бурнидан нафас олганча гоҳ-гоҳ тамшаниб ўтираверди.
– Ана кўрдингми, Клей? – деб қўйди Шоди кўзи билан яна Сервисбой томон имлаб.
Шоди тракторчининг ёши катта бўлсаям ўсмирлик чоғларида Шунқордан ҳайиқарди. Шунқорнинг эрта бўртиб чиққан елка ва кўкрак пойлари, айниқса, бургутники сингари қаттиқ тикилгувчи кўзлари анча-мунча одамнинг юрагига ғулув солишга қодир эди. Шунгами, Шоди уни ёқтирмасди, рўпара келса беихтиёр юраги шиғилларди. Қўрққан одамнинг нафрати, ҳасади ёмон бўлади, дейишарди, рост экан. Шодининг тенгқурларидан бирови уйланганида Шунқор у билан пойандоз талашиб қолди. Таомилга кўра тўй авжида давра ўртасига пойандоз солиниб, ундан куёв болани ўтказиларди. Кейин йигитлар пойандозни талаша кетишарди. Ўшанда эндигина мактабни тамомлаган Шунқор қаёқдандир пайдо бўлди-ю, тракторнинг темир-терсакларини ирғитиб ўйнайдиган норғул Шодига рақиб тушди. Шодининг кайфи бор эди, қони қизиб, куч дегани билакларини ёриб юборай дерди. Икковлон барқут пойандозни кафтларига ўраб олдилару, ҳар томон торта бошладилар. Чор тараф бақир-чақирга тўлди, ширакайф йигитлар уларни доирага олдилар. «Ҳа, бўл!», «Бўш келма!», «То-ортт!» каби қийқириқлар қулоқларни батангга келтирди. Унга сари рақиблар, айниқса, Шоди авжга минар, гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга тортишиб, одамларни ҳам турткилаб ташлашар, баъзан эса столларга бориб урилиб, дастурхон устидаги нарсаларни ағдариб юборгудай бўлишарди. Атрофдаги қиз-жувонларнинг нигоҳлари уларнинг орини баттарроқ қўзғаб, янада шашт берарди. Иккиси жиққа терга ботди ҳамки, на униси каттаман, ёки на буниси кичикман, деб тортқилашдан тўхтамасди. Ниҳоят даврадагиларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, зерика бошладилар. «Бўлди-да, энди!» деган инсофга чақирувлар эшитилди. Аммо рақиблар ҳолдан тойиб қолган бўлсалар ҳам бир-бирларига ён берай демасдилар. Шу пайт ўртага катта ёшли бир одам кириб келди-да, ёнидан пичоғини чиқариб, бир қўлида Шодининг елкасидан тутиб, тўхтатди.
– Қани, тек турларинг-чи, – дея пойандозни икки мушт орасидаги жойидан қирқиб ташлади. – Ана, икковинггаям тенг бўлсин. Аммо тўйни бузсаларинг, қулоқларингниям кесволаман, – деб тегишиб ҳам қўйди.
Бироқ пойандоз тенг бўлинмаган эди. Шунқор билагига кўпроғини ўраб олган эканми, Шодининг қўлида шапалоқдай қисми қолди. Бу миясини ароқ ғажиётган Шодининг орини қўзғади. Лекин тилига жўяли гап келмади.
– Сен ўзингни тенгқурларийни тўйида пойандоз тортишгин, бўптими? – дея олди аранг.
Шунқор эса жилмайди-да, қўлидагини унинг елкасига ташлади.
– Буёғиям сизга, ака, узр, – деди-ю даврадан чиқиб кетди.
Рақиби баттар тутоққанча қолаверди.
Шоди Сервисбойнинг пиёласига яна ароқ қуйди.
– Жуп (жуфт) бўсин энди, – деб қўйди шеригига кўз қисиб.
Сойиб иккови пиёлаларни чўқиштириб, ароқни сипқордилар, «куҳ-куҳ»лаб, ҳам оғзидаги тахир куйдиргидан халос бўлишга уриндилар, ҳам бир йўла иссиқ сомсаларнинг «қорнини» ёриб совутдилар.
– Тракторинг қайда? – деди Сойиб унинг бемалол ароқ симираётганидан ўзича маъно чиқариб.
– Офисда.
Сойиб тиржайди.
– Қанақа офис-эй, шийпон, дегин. – Сўнг Сервисбойга бир қараб қўйиб, сўради:
– Ичсанг фермер индамайдими?
– Билдирмайман-да. – Шоди Сервисбойнинг боягидек ароқ симиришини томоша қилди.
Шу пайт йўлда чап қўлида уч-тўрт ёшли қизчасини етаклаб, ўнг қўлига кетмон ташлаган ёшгина жувон кўринди. У дуркун эди. Эгнидаги гулли одми кўйлаги, енгсиз пушти жемпери, бошидаги кўримсиз рўмолу оёғидаги оқшайган калиши ҳам унинг ёқимтойлигига соя сололмаганди. Ширакайф Шодининг кўзига олов тўлди:
– Ёмон чанқаганда ўзиям, – деди жувонга ютоқиб тикиларкан.
Сойиб ҳам ўша ёққа ўгирилди.
– Қурбонди боллари-ку (хотини-ку), – дея Шодига маломатли қаради. – Жа кўзинг бепарда-да, омма.
– Қурбонинг Россияда юрибди. Бу бечоранинг айби нима, Клей? Айни «ейдиган» пайти, ҳадемай сўлийди-қолади. – Шоди ўтли кўзларини жувондан узмасди. – Бу Сервис бекорга жинни бўмаган-да.
– Бўлди энди, – Сойиб жувон томонга қайтиб қарамади. – Агар бизга ўхшаб одамларди уйида ишлайдиган бўлсанг калтак еб ўлиб кетаркансан-да. Устамиз пата (фатво) берётиб, бировнинг уйида кўзинг ўйнамасин, деб ўргатган. Устани хор қиладиган нарса, бировнинг хонадонида кўзининг олма териши дерди…
– Бор-ей, насиҳатийни аммангга қил, – жеркиди Шоди. – Худо буларди нимага яратган ўзи?..
Сервисбой ёқимли сархушлик оғушига сингиб борарди. Ароқ таъсирида вужуди қизиб, боши ҳузурбахш жимирлар, миясида ширин хаёллар, алланечук маънолар бергувчи ўйлар айлана бошлаганди. У хийла совиб қолган иккинчи сомсани ямларкан, нигоҳи бир нуқтага қадалганча гоҳо билинар-билинмас жилмайиб қўярди. Айни дамда ҳеч нарсани кўришни ҳам, қўйингки, ҳеч ёққа қарашни ҳам истамас, шу ҳоли, нигоҳи қадалган, аммо кўрмаётган нуқта, аниқроғи, хаёлларидан ўзга мавжуд йўқлик унга жуда-жуда хуш ёқарди. Шу пайт кўз қирига таниш шарпа урилди. Аввалига нигоҳи қадалган нарса гулли капанинг эгри темири эканлигини англади, сўнг кўз соққаларини йўл томон бурди. Ўтиб бораётган жувонни таниди-ю, боши ўша ёққа қайрилди. Юраги қаттиқ шиғиллаб кетди, кейин тез-тез ура бошлади. Нигоҳи энди орқа тарафидан кўринаётган жувонга қадалди, жағи таққа тўхтаб, емиши оғзида қолди, киприкларининг ости қизиб, қорачўғларига ялтироқ парда тушгандай туюлди. Танасининг елкасидан пастки қисми қуйига оқаверди. Ниҳоят беихтиёр «ғилқ» этиб ютинди, емиши томоғидан ўтиб кетгач, оғзи бўшаб, тили айланишга имконли бўлди. Юрагидаги ғалаён боис кучланаётган оҳ ўзини бўғзи томон урди:
– Бойчечак!.. – деб юборди у ўртаниб.
– И, кўриб қолди-ю! – деди унга ялт этиб қараган Шоди хўриллатиб чой хўпларкан.
Сойиб ҳам унга ҳайрат-ла боқди.
– Сервис… Шунқорбек, сизга нима бўлди? – Кейин Шодига норизо қиёфада минғирлади: – Бекор ичирдинг-да, ошна.
Сервисбой ёғли қўлларини бир-бирига ишқалаб, артган бўлди. Яримта сомса-ю пиёладаги чой ўз ўрнида қолди. На фотиҳа қилди. Индамай ўрнидан туриб, йўл томон ўтаркан, бир-икки гандираклаб кетди.
– Ҳа, Сервисбой, қорин тўйдими ишқилиб? – деди дўкон эшиги кесакисига суяниб турган дўкончи, хайр-маъзур маъносида.
Сервисбой унга қайрилиб ҳам қўймади. Тошли йўлга чиқиб олгач, шоли ўтаётган одамнинг юриши билан жувоннинг ортидан тушди.
– Унинг қорни тўймадиёв, – дўкончининг гапига жавоб оҳангида деди Шоди. – Жонидан тўйди, чамаси.
– Жа бемаъни гапни кўп гапирасан-да, – Сойиб унга одатдагидай танбеҳ берган бўлди…
Шунқор Бойчечакни мактаб давриданоқ яхши кўрарди. Бир-икки хат ёзгани ҳам рост, қиз жавоб қайтармаса-да, маъноли боқишлари билан умидлантирар, гоҳо майл билдиргандай бўларди. Тўй-тўркину Наврўз сайлларида биттадан ўртоқлари етовида ёнма-ён қадам ташлаб, шивир-шивир, висир-висирлар ила гўё учрашувларга ҳам чиққанлар… Ниҳоят ўн биринчини битиришлари арафасида – баҳорнинг аввалида қишлоқнинг калласидай кўрингувчи қирнинг энг юқори тўшида илк бор елкаларини елкаларига тираб, аҳду паймон қилишди. Айни бойчечак очилган пайт эди. Шунқорнинг бармоқлари орасида ҳам бойчечак.
– Мана, сен, – деди у қўлидаги кўкиш чечакка ишора қилиб.
– Мен, мана, – дея майин қиқирлади қиз бармоғи ила ўзини кўрсатиб. – Шўрлик бойчечакнинг умрига зомин бўлдингиз. Шошилдингиз.
– Мен уни севиб уздим, – йигит ўз қилмишини хаспўшламоқчи бўлди.
– Севсалар узмаслар!
Шунқор қизнинг сўзамоллигидан ҳайрону лол – ахир у уятчан, камгап эди-ку.
– Нега даданг исмингни Бойчечак қўйган-а?
– Ўзи гулу чечак, кейин бой бўлсин, деб-да, – эркаланди қиз.
– Бойчечагим бойланди,
Кўнглим унга бойланди, – бу сатрлар тилига қаёқдан келганини билмай қолди. Балки ишқ шоир қилдими? Кейин эса зорланди:
– Алдамайсан-а, Бойчечак?! – деди бармоқлари орасидаги чечакка боқиб.
– Бу-чи, бу? – дея кўрсаткич бармоғи ила йигитнинг елкасига нуқиди қиз. – Алдамайдими?
– Йўқ, ҳеч қачон! – Йигит унинг билагидан тутмоқчи бўлди.
Бойчечак шахт ўрнидан туриб қоча кетди.
– Тутолмайсиз, тутолмайсиз!..
– Бойчечак!..
Шунқор ўқишга киролмагач, ўша йили кузда ҳарбийга кетди. Унда ҳарбий хизмат бир ярим йил бўларди. Орадан бир ярим йил ўтиб, қирларнинг кўкси алвон тусга кирганда, унинг ҳам кўкси ишқдан алвон-алвон бўлиб, ишқ осмони момагулдуракларга тўлиб, уйига қайтди. Қайтди-ю Бойчечакни сўроқлади. Бироқ энди қирларда биронта бойчечак йўқ, чор-атроф лола-ю қизғалдоққа тўла эди. Унинг Бойчечаги эса Қурбоннинг бағрида унганди.
Шунқор талваса оғушида Қурбонникига чопди. Бу орада оқшом тушганди. Ёпиқ дарвозани урди, тепди, қизнинг исмини айтиб бақирди, дод солди. Қурбонни сўкди. Лекин нима қилаётганини ўзи билмасди. Ахийри Қурбон чиқиб келди. Чиқиши ҳамоно Шунқор унинг бўғзига ёпишди.
– Нима қилдинг?! Нима қип қўйдинг, Бойчечак?! – дея чинқирарди у Қурбонни бўғволиб, силтаркан.
Қурбон ўзини ўнглолмасди. Агар Бойчечак чиқиб, Шунқорнинг билагидан оҳиста тутиб, бўғзини бўшатмаганида ва Шунқор карахтланиб, тиз чўкиб қолмаганида, бирон кор-ҳол бўлиши тайин эди. Бойчечак эрини тиклаб, у ёқ-буёғини қоқди-да, дарвозага бошлади. Ичкарига кириб бораркан, Шунқорга ўгирилди. Кўзлари илк юлдузлар шуъласида йилтираб кетди.
– Кетинг!.. – деди сўнгра. Бу сўз нафратга тўла эди.
Улар кириб кетгач ҳам Шунқор тиз чўккан кўйи тупроққа қоришиб анча ўтирди. Қулоқлари остида «Кетинг!» деган сўз қайта-қайта жаранглайверди. Бир замон ўрнидан қўпди. Дам у ёққа, дам бу ёққа қайрилиб, бир пас турди. Бирдан шахт осмонга боқди-да, “Бойчеча-ак!” дея ҳайқирди, сўнг дуч келган томонга чопди. Кўп ўтмай, маҳалла кўчаси тугаб, қир сари ўрлаб борарди. Аллақачон ҳансираб қолган, бўғриқар, йиғлар, тишлари орасидан «Бойчечак», дея чинқирарди. Мана, илк қир тепасига ҳам чиқиб олди. Энди қир ортидан пастга шўнғиди.
Қирнинг биқинида тор сўқмоқ бўлиб, унинг эни икки қадамча келар, бир ёнининг анча қисми пичоқда кесилгандек тик жарлик эди. Сўқмоқнинг белида қирга елкасини тутган танаси ғадир-будир, ёшига нисбатан хийла мечал қари тут бор. Сўқмоқ унинг ёнидан бироз кенгайиб ўтади. Қирнинг тут елкасига туташ жойидан кўз ёшидай булоқ сизиб туради. Гўё Худойим шўрликнинг пажмурда, бунинг устига, ёлғиз ҳолига ачиниб, қирни бўзлатиб қўйгандек. Бўлмаса тут аллақачон қуриб қолиши керак эди. Уни одамлар ажинатут деб атарди. Бу кўпчиликнинг юрагига ваҳима солар, унинг бағридаги бир бош бемалол сиққулик қоп-қора ковак эса ваҳмни икки ҳисса оширарди. Худди тутга ном бўлган ажина шу ковакда яшайдигандек. Тут икки одам бўйи келар, каллакланмаганлиги боис шоху бутаси мўл, қуюқ барг ёзганидан, қирнинг тунга қоришиқ зимистонида баттар қорайиб, яна-да ваҳимали кўринади.
Қуйига чопиш юқорига югуришдан мушкулроқ. Чунки юқорига кўтарилаётган одамнинг фикри-ўйи тезроқ тепага чиқиб олиш бўлади ва борки мақсадини тиззаларига жамлайди. Тепага чиқиб олса бас, мазза қилиб чўзилиб ётиши, чарчоқларини чиқариб олиши мумкин. Тепанинг тепалиги ҳам шунда-да…
Ҳа, пастга чопиш мушкулроқ, хавфлироқ. Биринчидан, ўзингни тўхтатиб қолишинг қийин. Кейин, иста-истама, барибир ўшал чоҳга – қаърга тушасан. Ҳатто думалаб кетишинг ҳам ҳеч гап эмас. Энг ёмони, қулагудек бўлсанг, шунақаям гупиллаб тушасанки, бошинг қайда, оёғинг қайда ажратиб ололмайсан.
Шунқор пастга томон ўзидан мосуво чопаркан, мувозанатини ҳам йўқотганди. Ҳар қадамида оёқ кафтлари ерга қаттиқ урилар, у беихтиёр ўзини тўхтатиб қолгувчи маъвога интиларди. Ва ниҳоят кўтарилган ўнг оёғи доимгидек ерга етиши муқаррар бўлган жойда бир зум муаллақ қолди-да, қўналғасини тополмай, пастлаб бораверди. Унинг ортидан бутун танаси эргашди. Бир он ҳис қилдики – остида ер йўқ эди гўё. У гурсиллаб тут остига тушди. Ҳаммаёғига чилп-чилп лой илашди, танасига нам урди, Лекин бирон жойи оғримади, балки сезмадими. Шартта тутни чангаллади-да, пайпаслаб, ковагини қидирди. Топди. Икки кафти билан ковакнинг икки лабидан тутди. Ўйлаб ўтирмай бошини шахт ковакка тиқди.
– Ма, ол! Е, е!.. Ажинамисан, алвастимисан, е, е! – деди йиғи аралаш. – Е мени, е! Бошим керакми, юрагим керакми, е! – Боши қоп-қоронғи ковакдалиги боис овози қулоқларига жуда баланд эшитилиб, юрагига ваҳшат уфурарди. Ташқарида эса овозининг ковакдан сирғалишга улгурган қисми ҳам қиру жарликка урилиб, осмону заминнинг улуғвор оғушида йўқ бўлиб кетарди.
Шунқор дод солар, ўкраб-ўкраб, қақшаб-қақшаб йиғларди.
– Бойчечак!.. Мен сени яхши кўрардим-ку, Бойчечак!. Нега ундай қилдинг, Бойчечак! Энди мен қандай яшайман?.. Қандай яшайман?!..
Шу кўйи ё ухлаб қолди, ёки ҳуши оғди. Кўзини очганида…
Олам ёп-ёруғ эди. Осмон тип-тиниқ, унинг четида – қуёш чарақларди. Кўзларини очиши ҳамоно қароғларига ҳовуч-ҳовуч нур тўлди. У бутун вужуди зирқираётганлигини, ҳаммаёғи лой, ҳўл эканлигини пайқади. Зах ўтиб совқотганидан хиёл титрарди. Боши эса бўм-бўш – на кечқурунги аҳволини эсларди, на бирон режа ёхуд ўй йилт этмасди унда. Фақат ўрнидан туришни истар, лекин оёқлари тўнгиб қолганидан тура олишига кўзи етмасди. Бир қўлида тутни пайпаслаб, иккинчисида булоқ ҳосил қилган ғовакнинг четига тираниб, туришга уринди. Шу пайт юқорида уни кимдир чақирди. Кўп ўтмай чорлаш яна қайтарилди. Яна, яна… У овоз бермоқчи бўлди, бироқ томоғи ғалати шиғиллади-ю, товуш чиқаролмади. Шунинг ортидан ҳолсизланиб, яна боягидек чўзилиб қолди.
Уни отаси бошлиқ қўни-қўшни туни билан излашганди. Ниҳоят ажинатут остидан топишди. Лекин кўзларига ишонишмасди, чунки одамлар кундузи ҳам ажинатутнинг ёнига ёлғиз боришмасди.
Шунқор бир ҳафта иситмалаб ётди, тили калимага келмади. Дўхтир қатнаб турди. Буёғига ҳам ғафлатда қолмайлик, деб ўқитиб-нетишди, инсу жинсни ҳайдовчи парихонга кўрсатишди. Ҳайтовур бир ҳафтада иситмаси тушди, титраши қолди, атрофидаги одамларни таниб, бироз тамадди қилди. Лекин гапирганда ора-сира тили тортилиб, дудуқланиб қоларди. Ана шунда отаси уни жин чалганлигига ишонди.
Шунқор аста-секин оёққа туриб кетди, дудуқланмай ҳам қўйди. Ёз кирди ҳамки, ўқишга тараддуди йўқ, бирон марта китоб тутмади. Авваллари ўқийман, деб тинчимасди. Энди эса… Бир куни отаси «ўқишга тайёрланмайсанми, болам?» – дея ўсмоқчилаб ҳам кўрди. У отасининг гапини тушунмагандай унга бир пас маъносиз тикилиб турди-да, ерга қараб бош силкиди. Отаси унинг алпозини кўриб, ўғлини бой бериб қўйганлигини англади. Ёлғизининг тақдирига куя-куя кўп ўтмай бандаликни бажо келтирди. Тоғу тошлар, қушу ҳайвонлар унинг изларини қўмсаб қолавердилар. Шунқор бўлса бир-икки йил ичида Сервисбойга айланди. Бойчечакни фақат кўргандагина эслар, эслагач, унутмоғи бир неча кунга чўзиларди, бирон тузукроқ андармонлик топсагина ёдидан чиқарарди. Ёки…
Сервисбой гоҳо гандираклаб, йиқилиб тушмаслик учун оёқларини икки томонга кериброқ ташлаб, Бойчечакнинг ортидан бораверди. Бироқ йўли унавермас, унга сари қадамини тезлатишга уринар, четдан қараган одамга юриши тобора кулгили кўринарди.
Бойчечак ортига қайрилмасди: ё дўкон ёнидан ўтаётиб Сервисбойни пайқаганди, ёки кейинроқ ортидан келаётганини сезиб қолганди. Феълини яхши билганидан, тезроқ кўзидан ғойиб бўлишни истарди, чоғи. Акс ҳолда, эри сафардалигида маҳалла-кўй олдида гап-сўзга қолмаса бас. Бир томони, гап-сўз ҳам ўлсин, дейди-ю, аслида Сервисбойга, ҳа-ҳа, Шунқорга эмас, айнан Сервисбойга раҳми келади. Шунқори энди ҳеч қачон қайтмаслигини тушунганидан, уни кўрди дегунча, юрак-бағри эзилиб, хўрлиги тутади. Чидолмайди.
Бойчечак елкасидаги кетмонини қўлига олиб, кичкина ёғоч дарвозасидан кираётганда ортига ўгирилди. Сервисбой боягидек довдираб-совдираб келарди. Бойчечакнинг қайрилганини, ўзига қараганини сезди, сездигина эмас, унинг нигоҳини аниқ-тиниқ кўрди. Орадаги масофага қарамай, ҳозир Сервисбойнинг шуури ойдин-ойдин бўлиб, кўзлари ўткирлашиб бораётгандек эди.
Бойчечакни дарвоза ютиб, кўздан ғойиб бўлди. Сервисбой қадамини тезлатди, қарийб чопди. Манзилига етганда, ҳансираб қолганди. Бир кафти билан деворга тиралиб, дарвоза ёнидаги тошга ўтирди. Бошини деворга суяб, чуқур-чуқур нафас оларкан, нилий осмонга тикилди. Нигоҳи бир парча оппоқ булутда қотди. Булут кўзга ёқимли тарзда оҳиста сузар, турли шаклларга кирарди. Сервисбойнинг нафас олиши меъёрлашиб, боши яна сархушлана бошлади, вужуди боягидек ҳузурбахш жимирлади. Кўз олдидаги булут эшилиб, буралиб, оппоқ чечак шаклига кирди. Сўнг чечак юзидаги оқлик оҳиста сурилиб, унинг четида оқ чизиқ ҳосил қилди-да, остида кўк-мовий ранг пайдо бўлди, яъни чечак кўкимтир тусга кирди – бойчечакка айланди.
Сервисбой жилмайди.
– Бойчечагим бойланди,
Кўнглим унга бойланди!.. – дея шивирлади лаблари.
Энди осмондаги бойчечакда аста-секин Бойчечакнинг юзи аксланди. Сервисбойнинг елкалари, кўкраги шишиб, ёвқур давридаги забардаст ҳолига қайтаётгандек, юзи тўлишиб, бўғриқди, кўзлари чақнади, гўё шунқорга менгзади. Шу туришда у ҳозир-ҳозир кўкдаги булутни – Бойчечакни чангаллаб, бағрига босгудек эди. Бу – Шунқор эди.
У дарвозанинг ғийқиллаганини ҳам эшитмади. Бойчечакнинг саросимали юзи кўринди.
– Кетинг, Шунқор, кетинг! – дея шивирлади у бир қўлида дарвозани тутиб. – Шарманда қилманг!
Шунқор таниш овозни эшитиб, дарвоза тарафга бутун танаси билан шахт бурилиб, тиз чўкиб қолди.
– Бойчеча-акк!.. – Ҳам зорлик, ҳам хорлик, ҳам улуғворлик акс этди бу овозда.
– Кетинг, илтимос, кетинг! – деган шивирлаш эшитилди яна ва дарвоза оҳиста ёпилди – Бойчечак ғойиб бўлди.
Шунқорнинг елкалари тағин қуйига оғди, нигоҳидаги учқун сўниб, бир зумда шалвираб қолди. Чийилларкан, бошидаги ўрусий шапкасини чангаллаб, юзи оша сидирди-да, тишларига босди.
– Бойчеча-акк! – ингранди тишлари орасидан.
Сўнг яна боягидек гандираклаб, мудом кимсасиз кўча бўйлаб уйи томон кетди.
Дарвозадан кириб, офтобшувоқда пахтаси янгиланган эски тўшакни қавиб ўтирган онасига маъносиз тикилганча хийла туриб қолди.
Онаси унинг авзойини кўриб, юмушидан тўхтади. Аммо овозидаги ўзгариш ўғлига таъсир қилишини ўйлаб, ўзини босди, одатдагидек меҳрибон овозда деди:
– Келдингми, болам? Қани, ёнимга кел-чи, қорнинг ҳам очгандир?..
Сервисбой довдираб бориб онасининг ёнига ўтирди, юзини тиззасидаги офтобда қизиган тўшакка босди.
– Қорним тўқ, – деди-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди. Елкалари силтаниб, кўкси шишиб-шишиб йиғлайверди. Бирон сўз демай йиғлади.
Онаси унинг юз-кўзларини силаркан, ўзи ҳам унсиз йиғлади.
– Ичдингми, болам? – сўради нохуш ҳидни сезган она эркалаш оҳангида танбеҳ бераркан.
– Ҳмм… – Юзи тўшакка бурканганидан Шунқорнинг овози ғўнғиллаб эшитилди.
Онанинг юз-кўзини ёш ювди.
– Ичмагин-да, Шунқорим! – Аслида она учун ўғли ичса ҳам майли эди, фақат унинг соғ, хурсанд юришини истарди. – Ким сени хафа қилди, болам? – Она ўғлини овутишга муносиб сўз тополмасди.
– Бойчечак чиқибди, ая, – яна ғўнғиллаган овози эшитилди ўғилнинг. – Бойчечак чиқибди!..
Она дод солиб юбормаслик учун лабини тишлаб, кўзларини қаттиқ юмди. «Ўша Бойчечагингга ўт тушсин, илоҳи, ўртанди қалби, илоҳи, уйи куйсин сени шу аҳволга солгани учун». Аммо бу наъранинг ташқарига чиқмоғига йўл қўймади, ўғлига озор бериб қўйишдан қўрқди.
Сервисбой шу кўйи анча ётди. Роса йиғлади. Онаси ҳам кўнглини бўшатволсин, деб тек қўйиб берди. Ниҳоят йиғидан тўхтаб, ўрнидан турди, бурнини торта-торта юз-кўзларини артди. Боши, бағри бўм-бўш эди гўё. Аввалига бу ҳоли ўзига ёқмагандек туюлди. Кейин эса вужуди алланечук енгиллашиб қолганлигини ҳис қилди. Сўнг шафқатли термулиб турган онасига қараб жилмайди. Унинг айни дамдаги боқиши, жилмайиши ва умуман юзидаги бутун маъно онанинг ёдига асил Шунқорини солди. У чўнтагидаги пулни чиқариб, онасига узатди.
– Бу сизга, ая, ишлаб топдим.
Онаси пулни қайтармоқчи бўлди:
– Ўзингда тура қолсин, ўғлим, бирон нарсага ишлатарсан.
– Йўқ, ая, бу сизга, – деди у онасининг елкасидан меҳрли қучиб. – Невараларингиз келса, музқаймоққа берарсиз.
Онаси унинг пешонасидан ўпиб, ўксик тикилди. «Қанийди, шундай қолсанг», дея нола қилди юраги…
Сервисбой кечқурун Бойчечакнинг хаёли билан уйқуга кетди.
Тун ярмида биров чақиргандай уйғонди. Ҳаммаёқ зим-зиё. Осмоннинг бир чимдим ёруғини излаб, деразага пича тикилиб ётди. Қишлоқда тез-тез чироқ ўчиб туради – ҳозир бутун қишлоқ зимистон бўлса керак. Унинг юраги тез-тез уриб, кўз ўнгида тағин Бойчечак пайдо бўлди-да, миясида уни кўриш истаги балқди. Наздида, Бойчечакни аллақандай хавф кутиб тургандай туюлди. Юрагининг шитоб дукури энди ваҳмга айланди. Ўрнидан туриб, пайпасланиб кийимини кийди. Шу пайт аллақачон уйғониб, ўғлининг ҳаракатлари шарпасини кузатиб ётган онаси сўради:
– Тинчликми, ўғлим?
– Ҳмм, – деди у ўзини хотиржам тутишга уриниб. – Эшикка (ташқарига) чиқиб келай.
– Тезроқ қайтгин-а, болам, – деб қўйди онаси меҳрибон оҳангда.
Борлиқ қоп-қоронғу эди. Ой тугул юлдузлар ҳам кўринмас, фақатгина рўпарадаги қирнинг қорайган боши осмоннинг очроқ тусидан фарқланиб, кўзга ёруғликдай ботади. Сервисбой кўзларини ана ўша ожиз ёруғликка «созлаб» олгач, ҳартугул атрофдаги нарсаларни илғай бошлади. Энди дадилроқ қадам ташлаб, дарвозага йўналди. Онаси ўғлининг бемаҳалда қўзғолганидан хавотирланиб, ҳовлига чиққанида, у анча олислаб кетганди. Кўча нисбатан ойдинроқ, киши оқиш йўлни, ўз оёқлари учини ҳам илғаши мумкин. Атрофдаги бошқа нарсалар эса тунга қоришган.
Ниҳоят қадрдон дарвозага етиб, яна тошга ўтирди. Олам жим-жит, гоҳ-гоҳида итларнинг ҳургани эшитилади, холос. Тоғ бағридаги қирларга туташ қишлоқларнинг кечалари бўлакча ҳувиллайди – чуқурроқми-ей, ҳатто юракка ваҳм солади бу самовий ҳувиллаш. Деворга бош суяб ўтираркан, сукунатнинг бутун улуғворлиги қулоқларига урилиб, юрагига зил солди. Олам жуда кенг туюлди, ўзини шу кенглик оғушида ёлғиз ҳис қилди. Нега келдим ўзи бу ерга, дея ўйлади, кўз олдида Бойчечакнинг сурати гавдаланди. Нега келдим, деган савол миясида айланаверди. Ахир, у ухлаётгандир. Ёлғиз қўрқмасмикан? Икки гўдаги билан ёлғиз ўзи… Бойчечакнинг ўн бир яшар жияни (опасининг ўғли) уларникига чиқиб ётишини Сервисбой билмасди. Билса нима, балки, барибир у ҳам бола-да, деб қўя қолармиди. Аслида унинг ўйлари ҳам ўзгача кечарди, рисоладагидек хулосалар ясай олмасди. Бойчечакнинг ёлғиз ётишини тасаввурига келтириб, қўрқмасмикин, дегани билан аёлнинг қоронғига муносабатини тушунарди холос. Эҳтимол шуурининг аллақайси пучмоғида сақланиб қолган кечаги ёлғиз одамнинг, айниқса, аёл кишининг қўрқиши ҳақидаги фикр шунчаки милтирабгина қўяр… Қулоғига девор ортидан бир шарпа урилди. У беихтиёр сергак тортди: қадам товушими? Ўрнидан туриб, дарвозани оҳиста итариб кўрди – берк. Бойчечак ташқарига чиқдимикин? Сервисбой деворнинг пастак жойидан ичкарига бўйлади. Аммо бу ердан уйнинг олди кўринмасди. Бунинг устига, ҳаммаёқ зимистон. Наздида, айвон тарафда кимдир бордек туюлаверди. Бирдан айвоннинг чироғи ёниб, саҳну ҳовлининг бир қисми ёришиб кетди. Кўчанинг у ер-бу еридаги чироқлар ҳам ёниб, кўз четларига ожиз нурлари урилди. Унинг хаёли бояги шарпада эди. Энди нигоҳига айвондан саҳнга тушаётган соя илинди. Ие, эркак кишими? Кейин Бойчечакнинг бўғиқ дағдағаси эшитилди:
– Йўқол, иплос! Бетинг қурсин! – дерди у биров эшитишидан қўрқиб, ҳам уй ичидан гапирарди шекилли, овози ғўнғиллаб.
Сервисбой шахт девордан ошиб, айвон сари ташланди. Унинг қадам товушларини илғагандаёқ шарпа саҳнга тушиб, қочмоқчи бўлди. Сервисбой олдидан тўсиб чиқиб, ёқасига чанг солди. Бу Шоди тракторчи эди. У аввалига эсанкиради, сўнг рўпарасидаги Сервисбой эканлигини билгач, тили буралиб пўписа қилди.
– Қўйвор, довдир! – деди ёқасини бўшатишга уриниб. Унинг кайфи тарақ эди.
– Нега кирдинг, ҳўй?! Нега кирдинг?! – дерди Сервисбой уни силтаб, аммо овози баландлаб кетганлигини ҳам сезмасди.
Уни таниб, ичкаридан Бойчечак чиқиб келди. Шунинг асносида қўни-қўшниларнинг йўталгани, «Нима гап?» «Тинчликми?» деган овозлари қулоққа чалинди. Шоди эпчиллик билан ёқасини бўшатди-да, ўзини ҳовли томонга – қоронғилик қаърига урди. Ён қўшни девор оша «Нима гап, қизим?» – деди-ю, айвон четида саросимада турган Бойчечак билан Сервисбойга кўзи тушди.
– Ҳеч эсинг кирмади-кирмади-да, сен боланинг! – дея дакки берди у Сервисбойга. – Ахир, бу бировнинг хасми бўлса. Ҳали эри келсин!..
Бойчечак йиғлаб юборди, юзини чангаллаб ўтириб қолди. Сервисбой эса не қиларини билмай, тиржайганича серрайиб турар, чамаси, Бойчечакнинг ёнидалигидан ўзича шод эди…
Ёз кириб, Сервисбойнинг иши кўпайди – ҳали у, ҳали бу хонадонда турфа юмушларни бажарар, жуда унақа бозор қилмай, берганларини олиб, индамай кетаверарди.
Бу кун фермерникида ахлат ўра ковлади. Чиққан тупроқни текислаб, ўрага қош қўйди. Ишни асрга тугатди. Кейин салқинлаб, чой-пой ичиб, хаёл суриб ўтирди. Фермернинг хотини палов билан сийлади. Эри тайинлаб қўйганмиди, ароқ таклиф қилувди, Сервисбой кўнмади. Шундай иссиқда ичгиси келмади, шекилли.
Фермернинг ҳовлиси қишлоқнинг бу четида эди. Сервисбой шомга яқин кўчага чиқиб, уйи томон лўкиллади. Калласи бўм-бўш эди, бирон жўяли ўй келмасди – бу ўзига хуш ёқарди. Албатта, у хуш ёқиш ёки ёқмасликнинг маъносини тўлалигича тушунмасди. Лекин ҳозирги ҳолатидан мамнун, хиёл тиржайиб борарди.
Сўлдаги уйларнинг биридан икки ўсмир бола билан Сойиб сувоқчи чиқиб келди. Устидаги кийими, юз-кўзи-ю, қўл-оёғи лой, бошидаги оқ дуррага ҳам лой юққан, у дарвоза олдидан ўтган ариқчага тушиб, ювина бошлади. Шалпангқулоқларини ишқалаб, юз-кўзига сув шопираркан, Сервисбойни кўриб, гап отди:
– Ҳорманг, Сервисбой. Нима, заказни тугатдингизми?
Сервисбой ўз оламида эди. Сувоқчининг овозини эшитиб, бир ғалати бўлиб олди. Аталани қайноқ ичиб қўйган одамдай бир-икки ютиниб, кўзларини пирпиратиб тураверди.
– Юринг, бирга ош еймиз, – деди Сойиб болдирларини ишқалаб.
– Йўқ… – Сервисбой миясининг ковакларини титкилаб, шу сўзни топдими ёки беихтиёр айтдими, бошқа ҳеч нарса демай ўтиб кетаверди.
Ортидан Сойибнинг овози эшитилди:
– Қурбон шу ерда, биласиз-а? Унга кўринмай қўя қолинг. – У Сервисбойни аягиси келиб, самимий гапирди.
Сервисбой индамади, қайрилиб қарамади ҳам. Фақат Қурбон исми қулоғи остида бир неча бор такрорлангандай бўлди. Шунинг асносида шуурида ана шу исмга дахлдор нарсалар айланди. «Қурбон? Қурбон?..» – дея пичирлади. Ахир у!.. Ҳмм, Бойчечакнинг эри-ку. Бойчечакни эслади-ю, юрак уриши тезлашди. Қурбонни унутди. Кўзларининг ости ачишди, бағрини кимдир қаттиқ эзғилагандай туюлди. Сўнг,
– Бойчеча-ак!.. – дея хўрсинди.
Бойчечакни кўрмаганига анча бўлганди. Эсига тушди-ю, жуда-жуда кўргиси келиб кетди. Ана, қадрдон тоши – унда бир пас ўтиради. Балки Бойчечак чиқиб қолар…
Тошга ўтириб, бошини деворга суяди. Осмон кулранг тусга кириб борарди. Ҳадемай юлдузлар чарақлайди. Ой ҳам кўринади. Ой Бойчечакка ўхшайди. Унга тўйиб-тўйиб тикилади…
Дарвоза ғийқиллаб очилди. Сервисбой орзиққанча шошиб ўгирилди.
– Бой!..
Бироқ рўпарасида гўлайиб Қурбон турарди.
– Ие, жинни, яна келдингми? – дея ўшқирди у.
Қурбон Россиядан қайтгач, узун-қулоқ гаплар орқали Сервисбойнинг кечаси уйига кирганлигини эшитди. Биров шунчаки Сервисбойга раҳми келиб, бошқаси гап йўғида гап-да қабилида, яна бири эса ҳазил-мазах ёки Қурбоннинг ғашига тегиш ниятида гапирди. Бироқ кўпчилик Сервисбойнинг қўлидан ёмонлик ёки бузуқлик келмаслигини яхши биларди. Бўлиб ўтган воқеани ақл тарозусига солинса бас эди. Аммо Қурбон ундай қилмади, кунда – кун ора хотини билан уришадиган, Сервисбойни яхши кўришда айблайдиган одат чиқарди. Аслида уйига Шоди кирганлигидан бехабар эди. Хотини қўрққанидан айтолмади. Бу орада бир-икки онасиникига аразлаб ҳам кетди.
Сервисбойни дарвозаси олдида кўрган Қурбоннинг сочи тикка бўлиб, жони халқумига келди.
– Йўқол бетдан! – дея аямай тепиб юборди. – Сенга ўзи нима керак, довдир?!..
Сервисбой биқинини ушлаб, инграганча ёнбошлаб қолди. Қурбон энди уни бўғиб, кўксига тиззасини қўйди, бор кучи билан эзди. Сервисбой қаршилик кўрсатмади. Бўғриқиб, қизарди, лекин қани қўлингдан нима келаркин, дегандай унга бақрайиб тураверди. Қурбон чидолмадими, зарб билан юзига икки бор мушт солди. Сўнг ўрнидан туриб, дуч келган жойига тепа кетди. Сервисбойнинг бурнидан шариллаб қон оқиб, ҳаммаёғи қон аралаш тупроққа беланди. Шунинг устига саросимада Бойчечак чиқиб келди. Бир муддат эсанкираб турди-да, аҳволни тушунгач, эрига ёпишди.
– Инсоф борми сизда?! – дея ҳайқирди, ёқасидан тутиб, силтади, нафрат билан чекчайди. – Нега урасиз бу шўрликни?! Худо уриб қўйгани етмайдими?..
Қурбон бор кучи билан уни итариб ташлади.
– Ҳмм, ўйнашингга раҳминг келяптими?! Бор, бор, Ажинатутнинг тагига билла кет!
Бойчечакнинг боши деворга урилиб, гангиб қолди, рўмоли сирғалиб, сочи ёйилди. Кейин эрига нафрат тўла кўзларини қадади.
– Одам-подам эмасакансан! – деди тишлари орасидан. – Билсанг, хотинийни шармандаликдан сен жинни деётган маши одам сақлаб қолди. Сен унинг тирноғигаям арзимайсан! – Рўмолини қўлига олиб, дарвоза томон йўналди. Бир қўлида дарвоза кесакисини тутиб, яна эрига қаради. – Ҳа, кетаман, – дея энди кўзлари ёшланди. – Бутунлай кетаман!.. Мунғайганча ичкарига йўналди.
Қурбон хотинининг важоҳатидан довдираб қолди – уни ҳеч қачон бу кўйда кўрмаганди. Шу таъсир қилдими ёки чарчадими, бўшашди. Ниманидир англагандай бўлиб, Сервисбойга шафқат-ла боқди. Лекин на унга яқинлашишини, на уйга киришини ва на тошга ўтиришини билмай, тек қотди.
Сервисбой эса ихрар, ҳарсиллаб нафас олар, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб, туришга уринарди. Иккала қўлининг ҳам кафту бармоқлари қон ва тупроқ бўлганидан бурнидан ҳамон оқаётган қонни артиш учун қўлининг нисбатан тозароқ жойини қидирди. Тополмагач, ёнбошида тупроққа қорилиб ётган шапкасини олиб, бурни-ю оғзини артди. Сўнг қоқмаёқ бошига кийиб, қўлларида тираниб, базўр ўрнидан турди. Юзи зарбдан қизариб, шишиб кетган, кўзларининг ости тобора кўкариб борарди. У кийим-бошини қоқмади, гандираклаб, қоқила-суқила уйи томон юрди. Қурбон эса унинг ортидан маъносиз тикилганча меровсираб қолаверди.
Сервисбой уйига етиб, дарвозаси олдида бир пас серрайиб турди. Бурнидан оқаётган қон тўхтаган, юз-кўзи ростмана шишиб, кўкарган, мудом ҳаммаёғи қону тупроқ, қоқишга ёхуд артиб-нетишга ҳам уринмасди. Уйига кирмади. Ўтган вақт мобайнида хийла нафас ростлаб олганидан, тез-тез юра кетди. Олам шом қоронғусига чўмиб борар, ўтган-кетганлар Сервисбойнинг довдир-совдир юришларига кўникиб қолганликларидан, ҳозирги кўйига парво қилмасдилар. Юз-кўзи ва кийимларининг аҳволини эса хира қоронғилик боис илғамасдилар.
Қирга етиб, унинг устига сари шиддат билан югуришга тушди. Тез орада яна ҳарсиллаб қолди, лекин тўхтамади. Қир бошига чиқиб, энди пастга шўнғиди. Ниҳоят гурсиллаб Ажинатут остига қулади. Ҳаммаёғи лойга беланди. Лой қону тупроққа қоришиб, унинг ангори аянчли ва ҳатто қўрқинчли тус олди. У ўзини бироз ўнглаб, тут ковагининг икки четидан тутди, доимгидек бошини унга тиқди. Кўзларига ойдин-ойдин маъво урилди. Унда нурлар оғушидаги Бойчечак жилмайиб турарди, у худди аҳд-паймон қилган беғубор онларидагидек бағоят гўзал эди.
– Келдингми, Бойчечак?! – дея ўртанди Шунқор. – Мени севишингни билардим! Барибир келишингга ишонардим, Бойчечак! Энди кетмайсан-а?.. Кетмайсан-а?!..
– Йў-ўқ!.. – деди ҳайқириб қиз ва хандон отиб кулиб юборди. Юзи гул-гул очилди, бахтиёр овози оламга сочилди.
– Бойчеча-акк!.. – дея унга талпинган Шунқорнинг оғзидан оппоқ капалаклар учиб чиққандай бўлди…
Эрталаб дўкончи дўконини очиб, атрофни супуриб-сидираётганда, боқишлари бежо, ранги оқарган сомсапаз келди.
– Ҳа, тинчликми? – сўради дўкончи унинг аҳволидан ҳайрон бўлиб сўрашаркан.
Сомсапаз кўз ва оғзини ғалати қимирлатиб, жим тураверди.
– Ҳўй, гапирсанг-чи, нима бўлди? – дея туртди дўкончи.
Сомсапаз қалқиб тушди.
– Ажинатут… Ажинутутнинг жинини кўрдим. – У тутилиб-тутилиб гапирарди. – Ҳаммаёғи кўкимтир-қора жин. Тутга суяниб, қимир этмай ўтирган экан…
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 4-сонидан олинди.