Жумақул Қурбонов. Вафодор (ҳикоя)

Қуёш уфққа секин бош қўйди. Оқшом салқинида қўйларнинг бир маромда ўтлаётганини кў­риб, кўнгли тинчиган Қодир бобо гиламдек тўшалган майса ус­тига ёнбошлади. Атрофга чўккан сукунатни аҳён-аҳ­ёнда жониворларнинг маъраши, какликларнинг ва ҳар турли кушларнинг сайрашигина бузиб турарди.
Оёқ тарафида ётган итнинг ниманидир сезгандай ҳур­пайиб олганига эътибор ҳам қил­май, чол кўклам ҳавосидан тў­йиб-тўйиб симираркан хаёлга чўмди.
Бундан беш йил бурун уни хў­жалик каттаконлари иззат-ҳур­мат билан нафақага кузатишди. Аввал қувонган, кейин ора­дан бир ҳафта ўтар-ўтмас зерикканидан еру-кўкка сиғмай қол­ган Қодир бобо идорага кириб борганида, у учрашмоққа бел боғлаган раҳбарлар иш билан аллақаёққа кетишган экан. Кўнгли синиб ортига қайтди. Эртасига ҳам шундай бўлди. Учинчи куни сабри чидамади, оёғига этигини, эгнига чакмонини илди-ю, қадрдон яйловига йўл олди. Каттаконларни ҳам шу ерда кўрди.
– Шундай бўлишини билгандим, – деди директор хурсандлигини яширолмай. – Мана, уч-тўрт кун бўлсаям, бола-чақанинг олдида бўлдингиз. Ишга киришинг. Ўз отарингизни берамиз. Болаларнинг олдига бориб-келишни ҳам эсдан чиқариб қўйманг. Тағин кампирингиз устингиздан шикоят ёзиб юр­масин-а?
Бугун байрам. Қодир бобо чўлиғи Абдурасулни қўярда-қўймай уйига жўнатди. Янги уйланган, чилласини чиқариб яйловга келган куёв бола тушмагур боласини йўқотган қўйга ўхшаб мўлтирайди. Уйга бориб келай дейишга юзи чидамайди. Қодир бобо бориб кел деса, уялиб кўзини олиб қочади. Хайрият, бугун кўнди. Саҳармардондан кўк қашқани миниб жўнаб кетди.
Итнинг ириллаши Қодир бобонинг хаёлини бўл­­­­ди. Қўйлар ҳуркиб, гурра бир ерга тўпланди. Буталар орасидан шиддат билан отилиб чиққан жонивор ўзини сурувга урди. Қўйлар “дув” этди-ю, тўзғиб кетди.
«Бўри!» – миясидан яшиндек ўтди чўпоннинг. Ит эгаси ёнидалигида шерланиб кетди чоғи, ёввойи бир шижоат билан йиртқичга ташланиб қолди. Лекин бўри зум ўтмай ўзини ўнглаб олиб итга ҳужум қилди. Ит ва бўри ўртасида ҳаёт-мамот жанги бошланди. Ит рақибининг дуч келган жойига оғиз солар, бўри эса унинг кекирдагидан олишга интилар эди. Ит охирги кучини сарфлаб, йиртқичнинг бўйнидан тишлади. Бўри жон талвасасида итни силтаб-силтаб ташлади, аммо ит йиртқичнинг оёқлари остига судралиб, топталиб қолса ҳам тишлаган жойини қўйиб юбормади. Ниҳоят, бўри йиқилди. Тун ярмидан оққанда Қодир бобо қўйларни бир ерга тўплади. Итни силаб-сийпаб эркалатар экан, қўллари шилимшиқ қонга тегиб сесканиб кетди. Итни кўтариб, қулайроқ ерга, хас-хашак устига ётқизиб, гулхан ёқди. Сув иситиб итнинг яраларини ювди, яктагидан йиртиб, қон сизиб турган жойларини боғлади. Шундагина қорни оч қолганини, касофат ташвишлари боис кечқурун тамадди қилмаганини, итга ҳам нон бермаганини эслади. Хуржундан нон ўроғлиқ дастурхонни олди. Суви қочган нонни ивитиб, итнинг олдига қўйди. Лекин ит нонга қайрилиб ҳам қарамади. Бўри яралаган ит ўлади, ўлмасаям сондан чиқади, деган гап эсига тушиб чўпоннинг юраги ачиди. Абдурасул келса, итни қишлоққа юбортириб, парвариш қилдиришни, зарур бўлса, мол дўхтирига кўрсатишни ўйлаб, ўзи­га ўзи таскин берди.
Эртаси куни Абдурасул отини йўрғалатиб келиб қолди. У кеча шод-хандон жўнатган чўпоннинг қош-қовоғидан қор ёғаётганини кўриб, ҳайрон қолди. Хуржундан байрам совғаларини олаётиб, латта-пут­талар билан боғлаб ташланган итга кўзи тушди. Бир четда бўри ёриб ташлаган совлиқнинг ўлиги қорайиб кўринди. Абдурасул чолни ёлғиз ташлаб уй­га кетганига пушаймон бўлди.
– Ўғлим, – деди Қодир бобо Абдурасулга, – кўп йиллардан бери яйловимизда бўри йўқ эди, хотиржам эдик. Мана бу жонивор бўлмаса, билмадим, ҳолимиз не кечарди. Ваҳший битта қўйнинг бошини еди. Сен энди ўғлим, итни олиб қишлоққа қайт. Мол дўхтирини топиб гаплаш, кейин қўшоғизни ҳам ола кел. Ким билади дейсан, бўрилар бугун кечаси ҳам бизни тинч қўйишмас. Ҳа айтгандай, мана бу йиртқич терисини элтиб колхозга топшир.
Абдурасул шу кетганича хуфтонда қайтиб келди. Итни мол дўхтирига кўрсатиб, дори-дармон қилдирганини, кейин уйдагиларга икки-уч кун боғлаб парвариш қилишни тайинлаганини айтиб, чолга ҳи­соб берди.
Тунда шитир этган шарпадан ҳам уйқуси қочган Қодир бобо милтиғини елкасига осиб, қўйлар атрофини бир неча марта айланиб чиқди.
Тонгга яқин қўйларнинг ҳуркиб қочгани эшитилди. Иккала чўпон ҳам ўринларидан ирғиб турдилар. Бўзариб турган ойнинг ғира-шира ёруғида буталар оралаб чўлоқланиб келаётган бўри кўзга ташланди. Бўри шошмасдан, баъзан тўхтаб-тўхтаб чўпонлар ётоғи томон келарди. Чол ерга ётиб, йиртқични мўлжалга олди. Шошилиб устма-уст тепкини босди. Ўқ мўлжалга текканди. Бўри мункиб кетганича ўрнидан турмади.
Милтиғини қайта ўқлаб олган Қодир бобо билан Абдурасул “ўлжа” томон яқинлашдилар. Қодир бобо оёғи остида бўри ўрнида ўзининг вафодор ити ётганини кўриб, донг қотиб қолди. Жониқиб итнинг бошини кўтарди. Лекин ит аллақачон ўлиб бўлган эди.
Чол қўлидаги милтиғини қулочкашлаб, чўл қўй­нига улоқтириб юборди. У яна итнинг устига энгашди. Аччиқ-аччиқ йиғлаётган чолнинг қоқ суяк елкалари силкиниб-сил­киниб тушмоқда эди.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 4-сонидан олинди.