Шодмон Отабек. Агар ошиқлигим айтсам (ҳикоя)

Шавкат қизни илк бор талабаликнинг биринчи куни, узун йўлакда аудиториянинг очилишини кутиб туришган пайт кўрди. Шунда ногоҳ юраги бир қалқиб кетди.Шоирлар ёзганидек, “Шундан буён тинчи йўқолди”. Чиройли қизларни кўп кўрган, аммо бу қиз қандайдир бўлакча эди. Уни кўзни қамаштирар даражада гўзал деб бўлмасди. Аммо иккинчи бор қарашга мажбур қиладиган нимасидир бор эди. Буғдойранг юзининг бичими, мусаввир қилқалами билан чизилгандек кўркам қошу кўзлари, билинар-билинмас кулгичлари ниҳоятда ўзига ярашган эди. Боқишлари мулойим, худди кулимсираб турганга ўхшайди. Ёқимли сиймосидан жозиба балқиб турарди.
Ўша куни биринчи дарс қулоғига кирмади. Шивир-шивирлардан қизнинг исми Нафиса эканлигини билди. Нигоҳи ўз-ўзидан, беихтиёр ўша қиз ўтирган томонга оғиб кетаверди. Кўз қири билан, ўғринча кузатарди.
Шавкат табиатан тортинчоқ, уятчан ва журъатсиз эди.
Айниқса қизлар билан муомала-мулоқотда қийналиб кетарди. Гаплашишга тўғри келиб қолса, ўзини йўқотиб талмовсираб қўярди. Бу феълидан кўп панд еган, кўп изтироб чеккан.
Бир куни домла ўртага савол ташлади. Ҳеч ким жавоб беролмади. Шавкат жавобни билса ҳам одатича индамай ўтираверди. Домла тажангланиб саволни такрорлади. Яна ҳеч кимдан садо чиқмади. Шунда Шавкат ичи қизиб, беихтиёр қўлини кўтарди-ю дарҳол, қўрқа-писа пастга туширди. Домланинг назари тушиб улгурган экан, унга ишора қилди. Шавкат ичидан зил кетиб, ўрнидан турди. Беихтиёр Насиба ўтирган томонга кўз ташлади, хаяжонланди, пешонасидан совуқ тер чиқди.Назарида, қиз унга қизиқсиниб қараётгандек, айни чоғда ним табассум билан далда бераётгандек туюлди.
– Яхши, баракалло, ўтиринг!– деди домла, у бир амаллаб жавобни тугатгач. – Билар экансиз, фақат…дадилроқ гапираверинг!
Шавкат кутилмаган мақтовдан суюниб кетди. Назарида, ўша кундан эътиборан курсдошларининг олдида обрў-нуфузи бир баҳя кўтарилгандек туюлди. Ундан маслаҳат, ёрдам сўровчилар ҳам кўпайиб қолди. Фақат ҳали-ҳануз Насиба билан яқинлашолмайди. Бунга интилиш учун унда журъат йўқ. Гаплашиш учун тил-забон йўқ. Дуч келиб қолишганда шунчаки курсдош сифатида салом-аликдан нарига ўтолмайди. Муносабатларида қачондир бир ўзгариш бўлишини тасаввур қилолмайди, бу ҳақда негадир ўйламайди. Қизни фақат дарс пайтида кўра олади. Дарс бўлмайдиган якшанба куни зерикиб қолади. Дарсларни орзиқиб кутади. Ҳамма жой-жойини эгаллаб, домла маърузасини бошлаши ҳамон нигоҳининг бир чети билан қизни кузата бошлайди. Унинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, ёзаётганда бошини хиёл энгаштиришидан тортиб киприк қоқишигача назаридан четда қолмайди. Қиз танаффусда ҳам деярли ташқарига чиқмас, дугоналари – Муаззам ва Назокат билан орқа қаторда қаймоқлашиб ўтираверар эди.Биров билан мундоқ овозини кўтариб гаплашгани ёки хо-холаб кулганини ҳали эшитмаган Шавкат ҳайрон қоларди:
“Тавба, шаҳарлик қиз ҳам шунақа бўладими?”
Сентябрнинг охирларида пахта теримига чиқишди.Қишлоқда пахтанинг ичида ўсиб улғайганлар билан шаҳарликлар ўртасидаги фарқ шундай паллада яққол сезилиб қолди. Шавкат каби тетапоя ёшидан пахта териб ўрганлар учун бу юмушнинг оғирлиги билинмас эди. Насиба ва унинг дугоналари шаҳарлик эди, боёқишлар бир ҳафтага бормай ранг-рўйи синиқиб, сўлғинқираб қолишди. Бунинг устига пахтани кам тергани учун домлалардан дакки эшитишарди. Шавкат уларга ёрдам бергиси келар, аммо бунга журъат қилолмас эди.Бир куни далада тасодифан дугоналар билан ёнма-ён бўлиб қолди. Тушликда ҳамма терган пахтасини этагига тугиб, хирмонга жўнаётганда иккилана-иккилана уларга яқинлашди ва… Муаззамга қараб деди:
– Пахталарингни кўтаришиб қўйсам…
– Меники енгил, ана, Насибага ёрдамлаша қолинг!
Шавкат аслида Насибага ёрдамлашмоқчи эди, фақат бунга ботинолмаётганди. Мушкулини осон қилган Муаззамга миннатдор назар билан қараб қўйди.
“Демак …биларкан-да.Қизлар бало, ернинг тагида илон қимирласа билади…”
Насиба пахтасини тугиб, тайёр қилиб қўйган экан, Шавкат унга бир қур шошиб кўз ташлади-ю энгашиб тугунни елкасига олди. Насиба беихтиёр унга эргашди. Хирмон анча узоқда эди. Шавкат гўё орқасида ҳам кўзи бордек, қизнинг сиймосини бутун борлиғи билан ҳис этиб, енгил қадамлари сархуш куй оҳангидек эшитилиб, кўнглида ғужғон ўйнаётган ҳиссиётлардан энтикиб борар, хирмоннинг яна-да узоқроқ бўлишини, шу лаҳзанинг сира адо бўлмаслигини истар эди. Афсуски, хирмонга тезда етиб келгандек бўлди. Юкни елкасидан авайлаб туширди, шунда қизнинг “Раҳмат” деган ёқимли овози бутун вужудини олов тафтидек илитиб ўтди. “Арзимайди” дея шошиб, жовдираб ортига бурилди. Катта бир довондан ўтгандек ҳовлиқар, муносабатлари энди бошқача бир ўзанга тушадигандек туюлар эди.
Шавкат сирини курсдошларидан фақат Асрорга айтган, шу йигитни кўнглига яқин олиб дўстлашган эди. Асрор дўстининг ўртаниб юрганини кўриб ўйланиб қолди. Кейин, қўлини аста пастга силтаб, Насиба томонга бир қараб қўйди.
– Менимча, сен кеч қолдинг, энди…фойдаси йўқ.
– Тушунмадим, нима демоқчисан ўзи?
– У…Ниғмат билан юради. Нима, билмасмидинг?
– Йўғ-э? Қ-қайси Ниғмат? – Шавкат каловланди.
– Бизда ўзи битта Ниғмат бор шекилли.
– Ҳалиги… ўқишга машинасида келадиган олифтами?
– Ҳа ўша! – деди Асрор. – Эшитишимча, пахтадан қийтишгач тўйлари бўлармиш. Улар синфдош, битта мактабда ўқишган экан. Йигитни енгилтакроқ дейишади, қамалиб ҳам чиққанмиш. Ўрталарида нима бор, нима бўлган – Худо билади. Афсус, Насиба увол бўладиган бўлди. Узумнинг яхшисини ит ейди-да.
Шавкат кўнгли ғашланиб, Ниғматни кўз олдига келтирди. Баланд бўйли, қадду қомати келишган, сочлари жингалак йигит. У билан кириш имтиҳонида ёнма-ён ўтиришганди. Ўшанда Ниғмат “Илтимос, оғайни, сиздан кўчириб олай, кейин…хурсанд қиламан ” деб ялинган, Шавкат “Менга ҳеч нарсангиз керак эмас, мана, кўчираверинг” дея тантилик қилган эди. Кейинчалик эшаги лойдан ўтгач,у терс ўгирилиб кетди.
– Тўй ҳақидаги гап…ростми? – деб сўради Шавкат овози қалтираб.
– Рост бўлса керак, пахтага ҳам тўйни баҳона қилиб келмабди-ку.
Шавкат томоғига нимадир тиқилиб қолгандек нафаси қисилди, кўз олди қоронғилашди. Насибани эслади, ўзини тубсиз жарга қулагандек чорасиз, ожиз ҳис этди. Юраги қаттиқ сиқилди.
– Сен кўп куйинаверма, – Асрор далда берган бўлди. – Ҳар кимнинг пешонасига ёзгани бўлади. Хотиннинг уруғи Ҳиротдан келмаган. Атрофингга тузукроқ қара, курсимизнинг ўзидаям яхши қизлар кўп. Сени ўзларича ёқтириб, бир оғиз сўзингга интиқ бўлиб юрганлари ҳам бор. Аммо сен улардан хуркиб, яқинига бормайсан. Мен қизларнинг ўзаро ғийбатидан эшитиб қолувдим, Маҳсума ҳам, Ҳусния ҳам сени ёқтиришаркан.
Шавкат дўстининг содда, жайдари мулоҳазасидан ҳайрон бўлди..
“О тентак! Наҳотки дунёда кўнгил деган нарса борлигини билмасанг?!”    
Орадан кунлар ўтди. Шавкат кўнглига қил сиғмай гангиб юрди. Кўзлари беихтиёр теримчилар орасидан Насибани қидириб қолар, уни узоқроқдан кўрса ҳам энтикар, юраги туз сепгандек ачишар эди. Асрордан эшитган нохуш хабар бошига тўқмоқ билан урилгандек таъсир этган бўлса-да, кўнгил тубига янада чуқурроқ яширишга уринган пинҳоний ҳиссиётини заррача пасайтиролмади. Қайтангга, уни янгитдан ловуллатди. Фақат энди қизни тушкун, эзгин бир кайфият билан қўмсар эди.
Шавкат юрак ютиб Насибанинг пахтасини хирмонга элтиш учун олдига борган эди, (гўё мулоқотнинг бошқа йўли йўқдек!..) қиз “Қўяверинг, ўзи енгил” дея рай қилмади. Йигит ичидан қиринди ўтиб, мулзам бўлди. Атрофга аланглаб қаради,
“Хайрият, ҳеч ким кўрмади, ҳеч ким сезмади…”
Шавкат тарвузи қўлтиғидан тушиб, шалвираб, пахтазор четидаги ғовлаб кетган ёввойи ўтлар ичига ўзини урди. Ярим этак терган пахтасини бошига ёстиқ қилганча чуқур эгат ичига ёнбошлаб, ўз ёғига ўзи қоврилиб ётаверди, тушликка ҳам чиқмади, оқшомгача ҳеч кимнинг кўзига кўринмади.
“Суймаганга суйкалма!.. Энди яқинига йўламайман.Демак, Асрорнинг гапи тўғри. Қизлар бойвачча, келишган йигитларни ёқтиради. Мен оддий, камбағал бир қишлоқиман, кўринишим ҳам…ўртача, оғир меҳнатнинг орқасидан бўйим ҳам ўсмай қолган. Насибага ўхшаган қизлар мендақаларни бошига урсинми? Тенг тенги билан…”
Шавкат алам устида гоҳо шундай мулоҳазаларга борса-да, бундан дарду армони енгиллашмас, чунки энди инон-ихтиёри ўзида эмас эди. Уззу кун эгатнинг ичида, кўзлардан панада, терган бир тутам пахтасининг устида чўнқайиб ўтирганча хаёл сурар, Насибани ўйлаб эзилар, кучли соғинчга, беқиёс ташналикка ўхшаш адоқсиз бир ичикиш мудом кўксини ачиштирар, шундоқ қўл узатса етгудек жойда турган қизга эришолмаслиги дунёнинг энг катта адолатсизлигидай туюлар эди.
Шавкат одатича эгатнинг бир четида яна Насибани ўйлаб-қўмсаб, кўнгли озурда бўлиб, хомуш-дилтанг ўтирган эди, курс оқсоқоли Тошпўлат ёнига келиб қолди.
– Ҳа гўдак! Нима бўлди?
Ҳарбий хизматдан кейин ўқишга кирган, мактабдан тўғри учирма бўлганлардан икки – учта кўйлакни ортиқча йиртган “қария”лар ўзидан ёшроқларни “гўдаклар” деб атар, бу иборага ҳамма кўникиб кетгани учун ҳеч кимга оғир ботмас эди.
– Шу…ўзим… – деди Шавкат худди сири фош бўлиб қоладигандек хавотирланиб.
– Менга қара-чи! – деди Тошпўлат кўзларига тикилиб. – Мабодо …биронтасини яхши кўриб қолмадингми?
– Э-э қўйсангиз-чи! – Шавкат қимтиниб, ерга қаради.
– Йўқ-йўқ, сен уялма! Яхши кўришнинг уят жойи йўқ. Кўзларинг айтиб турибди, сен ошиқсан. Худди Қодирий “Ўткан кунлар”да “Бек ошиқ” деб ёзганидек…
“Наҳотки “ошиқ”лигим билиниб қолган бўлса?Унда…яхши эмас. Ёки Асрор айтиб қўйдимикин? Йўқ, унинг оғзи маҳкам, ишонаман унга”
Шавкат бир зум иккиланди, оқсоқолга бутун дардини айтворай деди. Кўнглида изҳори дилга кучли эҳтиёж бор эди. Тошпўлатнинг ҳазилкашлигини эслаб, яна шаштидан тушди.
“Худо кўрсатмасин, ҳазил аралаш бировга оғзидан гуллаб қўйса, бу шармандаликни қандоқ кўтараман? Озгина умид-илинж бўлганда ҳам бошқа гап эди.”
– Сен дадилроқ бўлавер! – деди Тошпўлат давом этиб. – Қизлар лапашангларни ёқтирмайди. Мана, қариялардан ўрнак ол! Остонақул Марзия билан, Бўрибой Ойниса билан аллақачон жуфтлашиб олди.Худо хоҳласа яқинда гумбурлатиб тўй қиламиз. Узоқдаги буғдойдан яқиндаги сомон яхши. Кейинчалик, соғинишиб, қийналиб юрмаймиз. Борди-келдилар ҳам ўнғай бўлади. Сен ҳам темирни қизиғида бос!
Шавкат қўлидаги кўк кўракни тирноқлари билан эзғилаганча, ўзи ҳам эзилиб хаёлга ботган эди. Тошпўлат ундан гап чиқмаслигига кўзи етгач, елкасига секин уриб қўйиб, кейинги пайкалга ўтиб кетди.
Қуёш уфқда Самарқанд нонидай қип-қизариб бота бошлади. Талабалар хирмон четида машина кутишмоқда. Улар яшайдиган барак бу ердан анча олис. Ҳар куни чанг йўлда юк машинасида бориб келишади. Манзилга етгунча боёқишлар чангга беланиб, қошу киприклари худди циркдаги масхарабозларникига ўхшаб оқаришиб қолади.
Шавкат ҳар гал баракка етишганда машинадан тушиб, йўлнинг бир четида тўхтар, Насиба то кўздан ғойиб бўлгунча ортидан мунғайиб кузатиб қолар эди. Бу гал ҳам шундай қилди.Шунда…шунда у мутлақо кутмаган, аммо бир умр хотирасида муҳрланиб қолган бир мўъжиза – ҳолат содир бўлди. Насиба машинадан тушгач, бир-икки қадам юрди-ю секин ортига қайрилиб қаради, нигоҳи ўзига интиқ-интизор бўлиб, жавдираб турган Шавкатнинг кўзлари билан тўқнашди. Шунда у бир жилмайиб қўйди-ю яна йўлида давом этди. Шугина холос! Аммо бундан Шавкатнинг юраги бир хаприқиб кетди! Бу илтифотдан боши осмонга етди! Ўзини қўярга жой тополмай ҳовлиқди. Безовта питирлаётган юраги кўксига сиғмай дук-дук урарди.Энди нимадир қилиши лозимдек туюлди. Ётоқхонага жониқиб келди.
Қўшни баракка кўчма кино келган экан, ҳамма ўша ёққа кетибди. Шавкат кинога бормади. Ундан-да муҳимроқ бир ишга қўл ургиси келди.Кўксида бир нима қайнаб тошмоқда эди. Заифгина тариллаб, кичкина чироқчани аранг ёритиб турган “движок” ёруғида ён дафтарини қўлга олди. Ёзмоқчи бўлган (ҳали унинг нима эканини ўзи ҳам билмасди) нарсасига Бобораҳим Машрабнинг “Агар ошиқлигим айтсам, Куйиб жону жаҳон ўртар” деган машҳур мисрасини хатбоши қилиб олгач, аста ёза бошлади:

Шоирмасман билсанг, Насиба
Аммо бўлдинг ўзинг илҳомчи.
Муҳаббатим бир уммон бўлса,
Ёзганларим ундан бир томчи.

Кейинги сатрлар ҳам ўз-ўзидан қуйилиб кела қолди.Кўп ўтмай дафтарнинг ярмини тўлдириб қўйди.Бундан ўзи ҳам ҳайратланди.Чунки илгари мутлақо шеър ёзмаганди.
“Шоирлар илҳомни қаердан олишини энди билдим! Ҳаммаси… ўзини ёзаркан-да!..”
Шавкат кейинги кунларда ҳам ёзишда давом этди. Дафтар ишқ изҳори билан тўлиб-тошди. Энди эрмаги-дардкаши ўша дафтар бўлиб қолди.Кўнгил кечинмаларини қоғозга туширган сайин енгил торта бошлади. Аввалроқ шундай қилмаганига афсусланди. Ёлғиз қолганда ишқий шеърини қайта-қайта ўқир, ўқиган сайин ўзига кўпроқ ёқа бошлар, энди уни яқин бир сирдошига кўрсатгиси, кейинроқ Насибанинг ўзига етказгиси келар эди. Назарида, шундай қилса қандайдир бир мўъжиза рўй берадигандек, Насиба уни тушунадигандек, агар тушунса, шундай севгини жавобсиз қолдириши мумкин эмасдек туюлар эди.
Шавкат иккилана-иккилана дафтарни Асрорга кўрсатди.
– Фақат, агар маъқул бўлмаса устимдан кулмайсан! – дея шарт қўйди.
Асрор бу гапга парво қилмай, дафтарни диққат билан ўқий бошлади. Гоҳ қошларини чимириб, жиддий тортар, гоҳ мийиғида секин кулиб қўяр эди. То ўқиб бўлгунча Шавкатнинг ичини ит тирнаб, бетоқат бўлди.
– Э қойил! Зўрсан-ку! – деди Асрор дафтарни узата туриб.
– Сен…жиддийроқ гапир, – деди Шавкат андак асабийлашиб.
– Ахир…яхши деяпман-ку, яна нима дейишим керак!– деди Асрор ҳайрон бўлиб.
– Бор фикринг шуми ўзи?
– Масалан, менга маъқул бўлди. – Асрор дўстини хотиржам қилишга уринди. Мен ўлсам ҳам бунақа нарса ёзолмасдим. Сен…кўнглингни яхши очибсан. Шуниси муҳим!
Шавкатга дўстининг сўнгги мақтови ёқиб тушди. Яйраб кетди.
“Тўғри айтади. Асосий мақсадим ҳам шу – кўнглимни очиш эди”
– Хўш, энди буни нима қилмоқчисан?
– Сен…нима маслаҳат берасан? Мабодо …ўзига берсам…ноқулай бўлмасмикин? Ҳарҳолда у…
– Тўғри, сенинг ҳолатинг анча мураккаб.Бермасанг, буям бир армон бўлиб қолиши мумкин.
– Унда…
– Менимча, бераверсанг бўлади. Муҳаббат изҳор қилиш ҳеч қачон гуноҳ саналмаган.
– Қандай бераман?
– Мен бериб қўйишим мумкин.
– Мана, олақол, – Шавкат дафтарни авайлаб узатди, – фақат …ўзига бергин, биров билмасин. Яна кулгига қолиб юрмай. Мени…биласан-а?!
– Биламан, биламан, хотиржам бўл.
Орадан бир кун ўтди, холос.Иккинчи куни далада Ниғматнинг оқ “Волга”си пайдо бўлди. У тўғри уч дугона пахта тераётган далага борди. Насиба билан ошкора ўпишиб кўришди. Кейин уларга аталган совға-саломларни топширди. Домлаларга ҳам ичига турли ноз-неъматлар, турфа ичимликлар солинган алоҳида халта-пакет қолдирди. Пахтадан қайтишгач, Насиба билан тўйлари бўларкан. Шунга элликта таклифнома бериб кетди. Бу хабар бир зумда тарқалди.
Шавкат Асрорни бир четга чақириб сўради:
– Ҳалиги… дафтарни бермабмидинг?
– Бериб қўювдим, нимайди?
– Шуни… чакки қилибмиз.
– Нега? Ахир ўзинг…
– Бунақа бўлишини туш кўрибманми? Тўйи бўлаётган қизга…
– Ахир… сен айбдор эмассан, тушунгин, буни…ҳаёт дейдилар!
– Э, барибир …яхши иш бўлмади.
Кейинги, кутилмаган воқеа Шавкатнинг пинҳоний, маҳзун, истиқболсиз севгисига узил-кесил, шафқатсиз нуқта қўйди.
Оқшом пайти баракка қайтиш учун одатдагидек машина кутиб, зерикиб туришганда Айниддин деган қўрсроқ йигит (дарсларда алмойи-алжойи саволлари билан домлаларни кўп хуноб қиларди) ногоҳ ўртага чиқди, қизиқ томоша кўрсатмоқчидек қўлини кўтариб, Шавкатга қараб қолди.
– Ўртоқлар! Орамизда туппа-тузук шоир бор экану, билмай юрган эканмиз.
Шавкат худди баландликдан қулагандек юраги шув этиб кетди. Нафаси бўғзига тиқилди. Кўз олдини хира бир туман қоплади. Кўпчилик унга қизиқсиниб, айримлар ошкора, киноявий кулимсираб қараб турар эди.
– Қани шоир, ўзларидан бир эшитайлик энди! – деди Айниддин. – Ёки …ўша шоҳ сатрларни эсларига солиб қўяйми?
Асрор турган жойида серрайиб қотиб қолган Шавкатга бир қараб қўйгач, шошиб ўртага интилди, аммо улгуролмади. Айниддин ҳамманинг кўзи олдида Шавкатга қараб ўша таниш шеърни ўқиб қолди:
Шоирмасман, билсанг Насиба,
Аммо бўлдинг ўзинг илҳомчи!
Даврада гур кулги кўтарилди, кўпчилик Шавкатга ажабсиниб, айримлар эса афсус-ачиниш билан қараб қолди.
Шавкатнинг ичида нимадир узилиб кетгандек бўлди, бир лаҳза кўз олди қоронғилашди, аранг ўзини қўлга олди, шеърнинг давомини эшитгиси келмай, югуриб бориб Айниддиннинг юзига шапалоқ тортиб юборди. У ҳам ҳақини бировда қолдирадиганлардан эмасди, ташланиб қолди. Икковлон жиққамушт бўлди. Асрор ўртага тушди, кейин бошқалар… Ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб кетди…
…Шавкат тун ярмигача мижжа қоқмай, тўлғониб чиқди. Бутун вужудини кучли, чексиз-адоқсиз бир изтироб-алам аёвсиз куйдирарди. Энди ухлай олишига кўзи етмай, уф тортиб, баракдан ташқарилади. Орқасидан енгил шарпа эшитилди.
– Сен яна мендан шубҳаланиб юрмагин, – деди Асрор енгидан аста тортиб. – Мен дафтарни Насибанинг ўзига берганман!
– Унда шеърни бошқалар қаердан билади? – деди Шавкат кескин ўгирилиб.
– Мен ҳам шунга ҳайронман, – деди Асрор афсусланиб. – Улар дафтарни темир сандиққа солиб қўйишмайди-ку, очиқ қолган бўлса, биронтаси кўриб ўқигандир-да. Қўй энди, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Машойихлар айтган – ҳамма нарсанинг давоси – вақт!
– Йўқ, сен барибир тушунмаяпсан. Севгимнинг барбод бўлганига бир амаллаб чидарман. Аммо мана бу шармандаликка қандоқ тоқат қилиш мумкин? Қандоқ? Орият ўлимдан кучли! Устимдан ошкора кулишмаса ҳам ичларида “Ўл-а бу кунингдан!” дейишмайдими? Дўст бор, душман бор…
– Хўш, бўлар иш бўлди, энди нима қилмоқчисан?
– Нима қилардим, кетаман, бутунлай кетаман.
– Кетишинг…шарт эмас. Бургага аччиқ қилиб…
– Энди курсдошларнинг юзига қандоқ қарайман? Пахтадан кейин сизлар тўйга борасизлар, мен …қаёққа бораман? Бошимни қайси тошга ураман? Йўқ, йўқ, энди бу ерда ўқий олмайман! Кетаман!
– Жиннилик қилма!
– Жиддий айтяпман, қарорим қатъий! – деди Шавкат кескин оҳангда.
Тонг саҳарда Шавкат ҳеч ким билан хайрлашмай жўнаб кетди.        

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 4-сонидан олинди.