Салима опа марказдан чеккароқдаги шоҳбекатда автобусдан тушгач, қайси томонга юришни билмай, иккиланиб туриб қолди. Сумкасидан қизил ҳошияли ялтироқ қоғозни олиб, унга кўз ташлади. Бу — “Салима опа, албатта боринг”, деб Абдурашиднинг ўзи берган ташрифнома эди. Салима опа ўшанда кун келиб Абдурашидни қидириб боришни хаёлига ҳам келтирмаганди, лекин шундай бўлса-да, “Раҳмат”, деб олиб қўйган эди. Бугун йўлга отланиш олдидан ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб, ташрифномани аранг топди.
Яқин-ўртада телефон бормикан, дея уёқ-буёққа аланглади. Аммо “Ўзим бориб олиб келаман”, деб овора бўлмасин, дея қўнғироқ қилиш фикридан қайтди. “Тил-забоним бор, одамлардан сўрасам қаердалигини айтишар”.
Шаҳарни айланиб, сўраб-сўроқлаб топиб борди — мана, ҳашаматли кўркам бино. Айниқса, кўк рангли пешойна қадалган олд қисми антиқа экан. Эшик олдида турган қора муртли милиция ходими менсимагандек бўлиб:
— Ким керак сизга? — деди.
Салима опа қўлидаги ташрифномани кўрсатди:
— Абдурашидни қидириб келувдим.
Ходим негадир қоғозга эмас, аёлнинг ўзига яна бир қур разм солиб:
— У кишида нима ишингиз бор эди? — дея сўради.
— Қариндоши бўламан, — деди аёл ёлғон гапирганидан пича қизариб. — Ўзи, келинг, деб чақирган эди. Салима опа десангиз билади.
Салима опа унга ҳамроҳлик қилаётган йигитга эргашиб иккинчи қаватга кўтарилди. Қабулхонада хушчеҳра қиз кутиб олиб, ичкарига бошлади. Дабдабали бино, эшикоғасию котиба қизнинг муомалалари Абдурашиднинг бу ердаги мавқеини кўрсатиб турарди.
— Саломатмисиз, Салима опа, — дея унинг истиқболига юрди Абдурашид, сўнг бир чеккадаги пастак стол теграсига қўйилган юмшоқ курсилардан бирига ишора қилди: — Марҳамат, ўтиринг.
— Раҳмат.
— Қайси шамоллар учирди?!
— Ҳа, бир зарурият билан келиб эдим.
— Яхши қилибсиз. Ҳозир уйга борамиз.
— Абдурашид, уйингга бошқа вақт алоҳида келаман.
— Яна келсангиз, ортиқча бўлмас.
— Зарур ишим бор. Битса-битмаса тезроқ қайтишим керак.
Абдурашид Салима опанинг жавобини эшитмадими ёки эътирозга ўрин йўқ дедими, ҳарқалай жавоб бермади. Бунинг ўрнига қўлини стол остига узатиб: Мафтуна, деди. Аллақаёқдан ”Лаббай?” деган товуш эшитилди. — Шофёрга айт, уйга борамиз.
Салима опа Абдурашиднинг хотинини келин бўлиб тушган кунидан билади. Бамаъни аёл. Улар Жамила холани кўргани вақти-вақти билан бориб туришади.
Ҳовлига киришлари ҳамон Салима опа:
— Абдурашид, — деди, — ҳовлинг жуда катта-ку, буюрсин!
Келин хурсанд бўлдими-йўқми, ҳарқалай илиқ кутиб олди. Абдурашид бир-биридан шинам безатилган хоналарни айлантириб, бу унақа хона, бу бунақа хона, деб ғурур билан изоҳ берди.
— Мана бу ер меҳмонхона, — деб рўпарадаги залворли эшикни очди. Тўкис жиҳозланган, салобатли хона. Антиқа идишлару биллур қадаҳлар терилган ойнаванд жавонлар, нақшинкор стуллар, бутун хонани эгаллаган стол ярқираб турибди. Ганч билан безак берилган шифтдаги биллур қандил хонага нур тўкиб турар, иккита “Чаманда гул” гилам “лов-лов” ёниб кўзни қамаштиради.
Кейинги пайтларда одамларга жир битиб, бири-биридан ҳашаматли иморатлар қуришга ружу қўйишган, бинонинг ичи-ю ташига эътибор берадиган бўлишган, дея хаёлдан ўтказди аёл. Аммо уни ҳайратга солган нарса экранининг бўйи бир газ, эни икки газ келадиган, суратга ўхшатиб деворга осиб қўйилган каттакон телевизор бўлди. Бунақасини ҳали кўрмаган эди. Бу ҳолга эътибор берган уй соҳиби ўзини юмшоқ курсига ташлаб пултни қўлига олар экан, яқинда Тошкентдан фалон долларга олиб келган бу ваҳима телевизорининг “хислат”лари ҳақида гапира кетди:
— Юздан ортиқ канални кўрсатади. Дунёнинг нариги бурчагида бўлаётган воқеаларни ҳам бемалол кўриш мумкин.
У ястаниб, оёқларини чалиштириб ўтирар, Салима опанинг наздида Абдурашид уйини, туриш-турмушини кўз-кўз қилиш учун олиб келганга ўхшарди.
Салима опа билан Жамила хола девор-дармиён қўшни. Бир-бирларига туғишгандек меҳрибон. Тўй-ҳашам ўртада. Жамила холанинг эри раҳматли Султон амаки бебаҳо одам эди. Тўсатдан касалликка чалиниб, узоқ вақт кўрпа-тўшакка боғланиб қолди. Ахийри ўша дард олиб кетди. Шундан сўнг бу оила кўп қийналди. Рўзғорни тебратиб турган битта Султон амакининг ўзи эди. Уйда қозон қайнамаган кунлар ҳам бўларди. Салима опанинг меҳр-оқибати ана шунда билинди. Ўша пайтда у бозорга чиқиб, дурустгина даромад топар, ҳали у-ҳали бу дегандек, баҳоли қудрат суяб турди. Ўзи айтмаса-да, қўшнилар яхши билишади буни. У пайтлар Абдурашид ҳали ўсмир бола эди, бирини билиб, бирини билмасди.
Кейинчалик Салима опа бозорга чиқишни йиғиштирди. Бунинг бир сабаби толиқиб қолаётгани бўлса, иккинчидан бозор ишларини ҳазм қилолмай қолди. Тижорат билан шуғулланадиган одам ёлғон гапирмасдан иложи йўқ экан. Ахир ёмонни “яхши” деб мақтайсан. Илгари “савдогар”, “олибсотар”, “чайқовчи” деган сўзлар ҳақорат бўлиб эшитиларди. Энди бари — тижорат. Тижорат ҳам эмас, бизнес дейишади. Ҳалол тижоратчини муттаҳамдан ажратиш қийин бўлиб қолди. Салима опага яхши томони шу бўлдики, анча нарса ўрганди, кўзи пишди. Энди у қозон-товоққагина боғланиб қолган содда, анойи аёллардан эмас. Кўп нарсаларга ақли етади. Унча-мунча одамга сўз бермайди. Лекин айни чоғда қандай қилиб Абдурашидга юз солишга, қарз сўрашга сўз тополмай ўсал бўлиб ўтирибди.
Ҳали у-ҳали бу тугмани босиб телевизорни липиллатиш Абдурашиднинг жонига тегди шекилли:
— Менинг дўстим соғ-саломат юрибдими? — деб сўраб қолди.
Салима опанинг икки ўғли бор. Каттаси — Фахриддин уйланиб, бола-чақали бўлган. Абдурашид билан болаликдан дўст эди. Ҳозир гап ана шу ўғли ҳақида кетаётганди.
—Шукур, омон-эсон ишлаб юрибди дўстинг, — деди аёл.
— Шустрий йигит қалай? Ҳали уйланмадими?
У Салима опанинг кичиги — Баҳриддинни ўрисчалаб шунақа деб атарди. Аёл гап очилганидан дадилланди:
— Шу “шустрий”нинг ташвишида юрибман-да, Абурашид!
— Тўй бошлаб юбордингизми дейман…
— Тўй бўлса кошки эди!
— Тинчликми?
— Машинасини уриб олиб, бировнинг яп-янги “Тико”сини пачақлаб қўйибди.
— Ана холо-ос! Машинаси йўқ эди, шекилли.
— Отасининг даққи юнусдан қолган эски “Москвич”ини амаллаб миниб юрган эди.
— Айб кимда?
— Кимда бўларди? Баҳриддинда-да!
— Энди нима қилмоқчисизлар?
— Нима қилардик? Тўлаймиз, бошқа йўли йўқ.
— Салима опа, кўп хафа бўлманг, ўрни тўлиб кетади.
— Шундайку-я… Фахриддиннинг машинасини сотмоқчи эдик. Нархига келиша олмай турибмиз. Бизнинг дилгирлигимизни билиб арзон баҳолашяпти, — Салима опа гапнинг буёғини шошмай давом эттирди, — шунга қарзга минг доллар бериб турасанми, деб келган эдим. Ишончли бўлсин учун машинани ойингникига олиб чиқиб, калитини қўлингга бериб қўярдик.
Абдурашид бир зум ўйланиб туриб негадир ўрисчалаб:
— Салима опа, я денгами не играю, — деди.
Аёл тушунмади, бермайман дегани бўлса керак, деб ўйлади.
— Майли, имконинг бўлмаса илож қанча.
У шифти баланд, кенг-мўл хонада ўтирган бўлса-да, ҳаво етишмаётгандек нафаси қисилиб, ўзини беҳузур сеза бошлади. Бу дабдабали кошона кўзига тор кўриниб кетди…
…Ғани ота Абдурашидни астойдил яхши кўрарди. Олий мактабда ўқишига ҳам, кейинчалик марказдаги обрўли таниш-билишлар кўмагида каттами-кичикми мартабага эришишига ҳам озми-кўпми хизмати синган. Тўғри, Абдурашиднинг ўзи ҳам эс-ҳушли, тиришқоқ йигит. “Жияним!” деб ғурурланишга арзигудек эди. Илло, кейинги пайтларда айний бошлади: димоғ пайдо қилди, унча-мунча одамни менсимайдиган бўлиб қолди. Айниқса Салима опанинг Абдурашид олдидан бесамар қайтгани уни қаттиқ ранжитган эди. Кўрнамак!
Тожиддин пучуқнинг ўғли — каттакон банканинг хўжайини Сулаймон эгизак ўғилларига суннат тўйи қиляпти. Кеча эрталаб катта ресторанда ош берди. Кечки базм яна ўша тўйхонада бўлади, деб эшитган эди Ғани ота. Омон-эсон ўтибди. Тўйга Абдурашид ҳам келган. Бир соҳада ишлагандан кейин келади-да. Лекин кеча жияни билан кўришолмади. Мана, ҳозир синглиси Жамила, жияни Абдурашид — учови бир чойнак чойни ичиб тамомлашди. Жамила хола чой дамлаш ниятида чиқиб кетаётган эди Ғани ота:
— Қондик. Чойни бас қил, — деди. — Энди бизни холи қолдир. Гапимиз бор.
Абдурашид бирор жиддий гап шекилли, деб ўйладию, индамай ўтираверди. Ниҳоят Ғани ота дабдурустдан:
— Банкрот бўлдингми?! — деб қолди.
— Тоға, бу гапни қаёқдан топдингиз?! Банкротликдан худо асрасин.
— Салима опангнинг ҳожатини чиқармабсан!
— Шикоят қилибди-да!
— Йўқ. Мен ўзим сўраб билдим. Уни сенга мен юборган эдим. Бундай қилишингни сира кутмаган эдим. Онангни дарди эса ичида.
— Тоға, ҳозирги замонда бировга пул бериб бўладими?!
— Аввало, Салима биров эмас сенга! Отангнинг вафотидан кейин оғир кунларингга яраган аёл шу. Буни яхши биласан. Иккиламчи, “ҳозирги замонда” дейсан. Замонга нима қипти?
Абдурашид жавоб бермади, бошини хам қилиб ўтираверди. Ғани ота тутақа бошлади:
— Ўз жигарингдек бўлиб қолган одамга пича ақча топиб беролмабсан-да, а!
— Мен ҳеч кимга қарз бермайман. Принсипим шунақа! Устига-устак озгина ҳам эмас.
— Мен бердим. Ўлимлигимга йиғиб юрган пулимни бердим. Қолган-қутганини у ёқ-бу ёқдан суриштирдим. Дарвоқе, ўтган куни қайтарди қарзини… Фахриддинни жонажон дўстим, деб юрардинг. Энди унинг юзига қандай қарайсан?
— Бизнесда дўст бўлмайди, кампанион бўлиши мумкин.
— Шунақа де? Билмас эканман… Кечаги базмда пулларингни ипга тизиб олата* қилибсан-ку!
— Бизда одат шунақа.
— Ҳаром пуллар қутуртиряпти, дегин!
— Нега ҳаром бўлар экан?!
— Меҳнат билан пул топган одам бунақа қилмайди!
— Тоға, бир нарсага ҳайрон бўламан, ўзи юрт кўрган одамсиз-у, ҳозирги замонни тушунмайсиз-а.
— Тушунишни истамайман ҳам. Чунки бу нонкўрликдан ўзга нарса эмас… Энди, жиян, кези келганда яна бир нарсани айтиб қўяй… Яна кўришамизми-йўқми…
— Бу нима деганингиз?! — шошиб қолди Абдурашид, — мендан воз кечмоқчимисиз?!
— Шунча гапдан кейин мен кечмасам, сен кечарсан.
— Бўлмаган гап!
— Ҳа-а, — деди Ғани ота чуқур хўрсиниб, — жияним ундоқ, жияним бундоқ, деб мақтаниб юрардим. Неча пуллик одам бўлдим!
Абдурашид унга жавобан бирон нарса дейишга ожиз эди. Ғани ота эса ҳали бошлаган гапини давом эттирди:
— Сенга ўхшаб мен ҳам бир нарсадан ҳайронман: биламан, ресторанга кирсанг жарақ-жарақ пулларни ташлаб чиқасан. Аммо кўчада турган бирон ногиронга ўн сўм берганмисан? Бермайсан. Чунки уларни кўрмайсан, кўришни истамайсан ҳам. Умуман, яхшилик нималигини билмайсан.
— Маҳаллангиздаги мачит қурилишига, ўзингиз айтгандек, жарақ-жарақ пулларни санаб берган ким?!
— Тўғри. Лекин энди ўйлаб қарасам, сен буни ўзингни кўрсатиш учун қилибсан. Ҳа-да, бутун туманда дув-дув гап: нима эмиш, фалончи…
Ғани ота нимчаси чўнтагидан бежирим ён соатини олдию шошиб қолди:
— Пешинда Аширматникига хатми Қуръонга боришим керак эди.
Ота хайрлашмасдан чиқиб кетди…
Абдурашиднинг лоақал тоғасини кузатиб қўйишга ҳам мажоли етмади.
___________
* Олата — тўй маросимларида даврага тушиб ўйнаган кишиларга пул қистириш.