Ёқубжон Хўжамбердиев. Ҳоким муаллим (ҳикоя)

У ўзини айнан шундай таништирди: «Ҳакиммас, Ҳоким!»
Тўғриси, бундай танишувдан бироз этим тиришди: Ҳаким эмас, Ҳоким бўлсангиз нима қилай? Чой дамлаб, ош ташиб турайми? Бу ер, ахир, касалхона бўлса? Шу фикрлар хаёлимдан кечиб улгурмаган эдики, у сўз қотди:
— Чой ичмоқчи бўлсангиз тумбочкада човгум бор, сизларда нима дейди уни, «кипитилникми?». Ўзингизникини уйга қайтариб юбораверинг…
Бу гапдан кейин сал юмшадим. Ҳоким акага синчиклаброқ разм солдим. Бу орада у катга чўзилди. Оқ сариқдан келган, ўрта бўй, думалоқ юз. Кўзлари юмуқ ётарди. Ухлаяпти, деб ўйладим. Аммо…
— Шунақа. Кўзимни юмиб ётсам, дам оламан. Ўрганиб қолганман… У доим шундай ётарди…
— У деганингиз ким? — сўрайман ҳамхонамдан.
— Хўжайиним… — Ҳоким ака оғир тин олди.

* * *

— Ҳей, бола, сен нима қилиб қўйдинг? Юқорига хат ёзишга қандай журъат этдинг? Яна нимаймиш, кийгани кийими йўқ эмиш, институтда ўқишни хоҳлармиш. Мен сенга кўрсатиб қўяман институтда ўқишни…
Колхоз раисининг бу дағдағалари энди ёш Ҳокимнинг қулоғига кирмасди. Бўлар иш бўлди. Хатни текшириб вилоятнинг ўзидан одам келди: битта болани ўқишга жўнатолмаган колхоз колхозми? Ҳаммаси тезда ҳал бўлди: кийим-бош, поездга чипта, қўлига озгина пул ҳам беришди.
Алқисса, оқдарёлик Ҳоким Маҳмудов Тошкент Давлат педагогика институтининг талабасига айланди. Қишлоқда эса онаси ва… қалбининг бир парчаси қолди. «Вей, Ҳоким, дер эди у ўзига, уни барибир сенга беришмайди. Ўқишга юқорига хат ёзиб кирдинг. Унга эга бўлиш учун энди қаерга ёзасан? Умидингни уз!»
Ҳамма гап ана шу умидда эди. Ҳокимжон қиздан ноумид эмасди. Бу орада биринчи курсни битириб, қишлоққа келди. Хайрият, суйгани ҳали уйда экан. Совчи юборди. Совчи қайтиб келиб онаизорга шундай деди: «Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига».
Қиз томоннинг жавоби шундай бўлибди. Ҳоким умидсизланмади. Бу орада тақдирнинг иноятими ёки суйганининг жасоратими, у ҳам Тошкенти азимга ўқишга борадиган бўлиб қолди. Улар қишлоқдан шаҳарга, шаҳардан қишлоққа тўрт йил бирга қатнашди. Аммо, автобусда ёнма-ён ўтиришмади. Якка ёлғиз учрашишмади. Қизнинг талаби шундай бўлди: агар мени десангиз, чидайсиз.
Институтни тамомлаб Ҳоким Маҳмудов йўлланма билан Фарғонага ишга бўлинди. У ўзининг севган касби муаллимликни Олтиариқда бошлади. Фарғона қаерда-ю, Оқдарё қайда? Аммо, севган қалбга чақиримлар чикора экан. Севган қалбга тўсиғу таъқиқлар ардона экан. Кунларнинг бирида суйганининг уйига яна совчи оралади. Жавоб ўша-ўша. Гарчи қиз томоннинг катталари шундай дейишган бўлса-да, бироқ, бу сафар совчи қуруқ қайтмади — унинг суйгани жасорат кўрсатди — агар эрга тегишим керак бўлса, ўша инига сиғмаган ўқитувчига тегаман. Акс ҳолда ҳеч кимга…
Тўй тараддуди иморат қуришдан бошланди. Бу дунёда жўраларинг бўлсин экан. Ҳоким муаллимга ўнта содиқ дўст бўлса ўнтасини, битта бўлса ўша биттасини насиб қилган эди. Ҳоким муаллим Олтиариқда болаларнинг ортидан далама-дала кезиб, пахта планини тўлдириш билан банд. Оқдарёда эса содиқ жўралар иморат қуриш билан. Пахта йиғим-терими ҳам охирлади-ю, иморат ҳам битди.
Ҳоким муаллим қишлоққа айни иморатнинг охирги михи қоқилаётганда кириб келди. Бу мих чимилдиқ учун уй бурчагига қоқилган эди…
Ўша куниёқ тўй куни белгиланди. Вей, бойники ўзига, аммо камбағалнинг тўйини кўрмабсиз, дунёга келмабсиз. Чунки ўша пайтлар қишлоқда зимдан бойиган тўрттадир, боринг ўнтадир… Лекин, қишлоқ аҳли Ҳоким муаллим ва унинг жўралари, жўраларнинг жўралари, дадалари, ака-укалари, опа-сингиллари эди. Ҳамма тенг бўлса қандай яхши… Хуллас десангиз, янгича тўй бўлди. Бундай тўйлар энди-энди урф бўлаётган эди ўша йиллари… Икки қалбнинг бир-бирларига талпинганига, бир-бирларини таниганига ўн йилмас, балки, йигирма йил бўлгандир? Балки, улар ҳали дунёга келмасларидан илгарироқ бир-бирларини билишган бўлсалар не ажаб. Ахир, пешона, тақдир деганлари шу эмасми?! Аммо, ҳали руҳлари пайдо бўлмай туриб тақдир иплари боғланган бу икки ёш чимилдиққа кирганларидагина қўллари қўлларига тегди. О, қандай сабр-тоқатли эди улар.
Ҳаётнинг энг қизиқ паллаларидан бири чимилдиққача ўтади. Ундан кейинги умрни қизиқ қилиш эса одамнинг ўзига боғлиқ. Ҳоким муаллим ва унинг севгилиси — ўз таъбирича хўжайини ўз ҳаётларини чимилдиқдан кейин ҳам гўзал, қизиқарли қила оладиган инсонлардан эдилар. Ҳоким муаллим фирқа аъзоси эди. Келин-куёв шундай фикрлашишди: эр ўқитувчи, яна коммунист. Хотин матлубот жамиятида (яъни савдода) товаровед! Йўқ, келин бошқа ишга ўтиши керак.
Шудай тўхтамга келингач, Ҳоким муаллим ҳам (иккинчи мутахассислик учун), келинпошша ҳам Самарқанд давлат педагогика институтига сиртдан ўқишга киришди. Бола-чақали бўлишди. Маориф аълочиси, устоз даражасига етишишди. Аммо, бир кун… бир кун бу бахтга, бу чароғон ҳаётга дарз кетди! Ҳамма ёқ зимистонга айланди!

* * *

— Шунақа, кўзимни юмиб ётсам кўнглим ўрнига тушади, — деб такрорлади ҳамхонам. — Тўғриси, унинг кўзи ожиз турса-ю, менинг кўзим очиқлигидан уялардим. Хўжайинимнинг кўзлари кўрмай қолишига худди мен айбдордек ҳис қилардим ўзимни. Бу воқеа туйқусдан юз берди. Врачлар ҳам ожиз қолишди.

* * *

Кейинги ўн икки йиллик умр шундай кечди: Садорат катда кўзлари очиқ, аммо ҳеч нарсани кўрмай ётди. Ҳоким муаллим эса унинг ёнида кўзларини юмганча, хўжайинининг ҳар бир ҳаракатидан воқиф, ҳамма нарсани кўриб ўтирди. Рафиқасининг кайфиятини нафас олишидан билади. Бир куни ожиза: «Хўжайин, қани энди икки дона чучвара бўлса», деб қолди…
Ҳоким муаллимнинг қўлидан кўп иш келарди. Аммо, қозон-ўчоққа яқин эмасди.
— Садорат, хамирни қандай қоришни айтсанг бўлди, дарров ест қиламан, — деди Ҳоким муаллим хотинига.
— Йўғ-а, хамирни ўзим қораман. Ун билан сув, туз келтириб берсангиз бас, — деб қўлларини пайпаслади Садорат.
Ҳоким муаллим қаршилик қилиб ўтирмади. Ошхонадан хамир қоришга тоғора, ун ва туз, сув келтирди. Садорат унгача ўрнидан туриб, енгларини шимарди, тусмоллаб катдан тушиб гиламга ўтирди. Ҳоким муаллим унинг олдига сурпани ёзиб, тоғорага ун солди. Садорат пайпаслаб тоғорадаги унни чамалади.
—    Унингиз қанча!
— Бир пакет.
— Кўп-ку…
Садорат тоғорадаги унни сурпага қайта тўкиб, кейин қўлларида ҳовучлаб иккита солди.
— Шу етади иккаламизга. Қани, хўжайин, сувингиз.
Ҳоким муаллим сувни хотинининг ҳовучига қуйди.
— Бўлади. Ташқарида ит ҳуриб қолди, қаранг-чи, унгача мен хамирни қориб қўяман, — деди бошини кўтариб.
Ҳоким муаллим ҳовлига чиқди. Тинчлик, гап нимадалигини тушунди. Ичидан йиғига ўхшаш бир нима келди.
Муаллим хонага кирганида, сурпанинг усти сувга тўлиб, ун ҳар томонга ёйилиб кетганди.
— Хўжайин, хамир қоришни ҳам эплай олмадим, нима деган одамман, айтинг, — дея зорланди Садорат.
— Сиқилма, хўжайин, хамир қорилибди-ку. Тузи жойидами?
— Хамирнинг тузи жойида, аммо ўзимнинг тузим…
Садорат пазанда аёл эди. Хамирни қоғоздай юпқа қилиб ёйди. Ахир ярим умри мана шундай юмушлар — хамир қориш, нон ёпиш, овқат тайёрлаш, кир ювиш, бир сўз билан айтганда, ўчоқ, тандир, тоғора бошида ўтди-ку. Эрталабдан мактабга боради, пешиндан кейинги қўшимчаларини ҳисобласа, кун бўйи шу ерда бўлади. Кейин эса, айтганимиздай, уйнинг тирикчилиги, мол-хол, майда-чуйда ишлар, болалар. Бунинг устига муаллимнинг дўст-жўралари кўп. Эрта-кеч демай, келаберишади. Жўраларга албатта, чучвара тугиш керак. Сирасини айтганда, боя «икки дона чучвара бўлса» деганида ҳам Садорат ўзини эмас, хўжайинининг кўнглини ўйлаганди… Ахир нега ўйламасин. Муаллимдан кўп меҳр кўрди. Ўзиям тиниб-тинчимас одам-да. Бутун умрини мактабга бағишлади. Ёшлигида курашга тушиб юриб, жисмоний тарбия ўқишини ўқиб ўқитувчилик қилди. Кейин Самарқанд давлат университетининг рус тили ва адабиёти факултетини, кейин француз тили факултетини битириб дарс берди. Мактабни, болаларни яхши кўради. Уларни уришмайди, аммо биргина нигоҳи билан ҳар қандай шўх болани ҳам жойига ўтқазиб қўяди. Бир куни ёш ўқитувчилардан бири Садоратга «Муаллимнинг қарашига тоб бериш қийин, апа, сиз қандай чидайсиз», деб айтган. Садорат бўлса, бу нигоҳлардан самимиятдан бошқа ҳеч нарсани сезмаган. Табиатида озгина инсонийлик бўлган одамда қуруқ важоҳат бўлмайди. Аттанг-а, қани энди кўзлари очилиб кетса-ю, уни деб ўн икки йил тортган заҳмати учун қўлини кўсов, сочини супурги қилиб хизматини қилса…
Чучвара дастурхонга тортилганида, дарвоза тақиллади.
— Тўлқин келди, хўжайин, — деди хотини.
— Қайдам, Акбар ошнам келгандир, чучварани яхши кўрарди. Насибаси чақирганми… — шундай деб муаллим дарвозани очгани чиқди. Ташқарига чиққан эди ҳамки «дада» деган овоз келди. Муаллимнинг кўнгли юмшади. Она-да, билади. Нафаси нари турсин, оёқ зарбидан сезади.
Садорат Ҳоким муаллимга беш фарзанд туғиб берди — тўрт қиз, бир ўғил. Қизлар ҳаммаси, Аллоҳга шукур, ўзларидан тинган. Бу дунёда қиз бола тинсин экан. Акс ҳолда ота-онанинг тинчи ўзида бўлмай қолади. Ана, яқин оғайниси Аширматнинг битта қизи қайтиб келди. Тўғри, ҳаёт бир текис кечмайди. Лекин, барибир, қиз бола борган жойида тошдек қотмаса қийин. Худога шукур, қизлари бола-чақали бўлиб ўтиришибди. Фақат кенжа қизидан хавотирда. Нобопроқ жойга тушиб қолди, шекилли. Охири бахайр бўлсин. Ўғли, ҳарқалай, ёмон бола эмас. Қобил йигит. Ота-онасига меҳрибон. Бир неча бор: «Якка ўғилман, сизларни ёлғиз ташлаб қўя олмайман, кўчиб келай, бирга яшайлик», деди. Муаллим рози бўлмади. «Тошканди азимдай жойни, маъқул ишингни ташлаб келишга ҳожат йўқ. Онанг хаста бўлса, отанг соғ. Хўп, келдинг ҳам дейлик. Нима иш қиласан? Эркаклар ташлаб кетаётган мактабга борасанми? Чидолмайсан. Мактабнинг нонини ейиш учун сабр-тоқатли бўлиш керак. Худога шукр, топганингни олиб келяпсан. Келин ҳафта-ўн кунлаб қолиб хизматимизни қиляпти. Бу ёқда опа-сингилларинг ҳам бизни ташлаб қўйишгани йўқ. Болам, сен ўзингни ўйла. Бола-чақа ўстиряпсан. Ҳоким муаллимнинг ўғлисан, тил учида гапирмайсан…
Ҳоким муаллим дарвозага қараб бораркан, хаёлидан ана шу фикрлар кечди.
— Дада, узоқиб кетдингиз-ку, энам тузукми?
— Дарвозани очмасимдан энангни сўрайсан-а. Дадангни ҳам сўра, — ҳазиллашди муаллим ўғлига қучоқ очар экан.
Ҳоким муаллим келин билан саломлашиб, набираларини бағрига олди. Хонага бир тўп бўлиб кириб келишганда Садорат уриниб-суриниб катга чиқиб олган, бир аҳволда эди. Қўлларини ҳавода муаллақ тутиб:
— Келдингми болам, набираларим ҳам келишибди-да. Ўқиш-чи? Мактаб нима бўлади? – деди.
— Сизни кўрамиз деб қўйишмади, эна, — деб Тўлқин онасининг қўлларидан тутиб, юзига босди.
Садорат набираларини бир-бир қучоқлаб, уларнинг юз-кўзларини силади ва деди:
— Қани энди, сизларни бир мартагина кўра олсам, кейин армоним йўқ эди. Кимга ўхшайсизлар, жужуқларим?
— Сизга, сизга ўхшаймиз, энажон! — дейишди болалар бараварига.
— Менга ўхшасанглар, бобонгларга яхши қаранглар. Кўнгилларини оғритманглар. Тўлқин болам, болаларни олиб чиқиб дам олдир. Йўлда чарчашган… Болам, мен ҳам чарчадим… Дадангни ташлаб қўйма…
Ҳоким муаллим товоқ тўла чучварани кўтарганча хотинининг бошида туриб унсиз йиғларди.

* * *

— Садорат оламдан ўтгандан кейин энди яшамасам керак, деб ўйлаган эдим, — дейди ҳамхонам кўзларини юмган ҳолда. — Аммо инсон ҳар қандай жудоликка бардошли бўларкан. Хотинимнинг кўзлари ожиз бўлиб ётган ўн икки йил мен учун ҳам қоронғи йиллар эди. Гап-сўзларим ҳам, хатти-ҳаракатларим ҳам беихтиёр юзага келарди. Кимга нима деб, нима иш қилаётганимни ўзим билмасдим… Хаёлимда фақат ёруғ уйда қоронғуликка чулғаниб ётган хўжайиним турарди, холос.
Кейин… Э, ука, мен ҳам одам бўлдимми… Мана, яшаб юрибман. Яшаш ҳам гапми… Уйландим! Янги турмушимдан Садоратнинг фазилатларини қидираман, топаман, топгандай бўламан… Ҳеч йўғи, ўзимни шундай кўрсатаман. Нима бу? Ҳаёт ширин, деганлари шумикан? Уни ширин кўрсатган қандай куч? Қандай туйғу? Ўз-ўзимга ана шундай саволларни бературиб, бехос хаёлимдан «аёл» деган фикр ўтганини сезиб қоламан ва кундуз куни қўлга тушган ўғри боладай қизариб кетаман… Фарзандлар, эл-юрт, шогирдлар-чи? Албатта, булар ҳам. Аммо… Атрофга аланглаб, ҳў, ўчоқ бошида куймаланиб юрган аёлни кўриб, Аллоҳга шукур, дейман.
Ҳамхонам кўзларини юмганча чап ёнбошига ўгирилиб олди…