Муҳаммад Шариф. Жазо (ҳикоя)

– Қўрбоши, Қўрбоши!
– Лаббай Мерган!
– Жиноятчини тутиб келдик, қандай жазо берамиз?
– Нима гуноҳ қилган экан?
– Жанг майдонини ташлаб қочган.
– Оббо хунаса! Бизга обдон ва хўп хоинлик қилибди-ку. Қадимда бошқаларга ўрнак бўлсин деб бундайлар қозиққа ўтқазилган. Аммо-лекин-бироқ, биз бу қадар ваҳший эмасмизку-а!?
Қўрда “гурр” кулгу кўтарилди.
– Тошбўрон қилсакмикин? – деди Муқбил тошотар кафтини тўлдириб турган кўкиш япасқи тошни ирғитиб ўйнаб.
– Хиёнаткор хотинлар тошбўрон қилинган, – деди Кенжа ботир оғзининг бир четида қимтиб турган бешта гулбаргли ажриқ шохасини айлантириб. – Бунга тузукроқ жазо топиш керак, йигирмата-ўттизта зўқата ҳам камлик қилади-ёв…
Қўрбоши доимий маслаҳатгўйи бўлмиш Донишга юзланди. Дониш қари тутнинг тагида ўтирганча сира қўлидан қўймайдиган бир қулоч дўлана таёғининг ҳали тугалланмаган ўйма нақшини синчиклаб кўздан кечирарди. Саратоннинг авж палласи, эрталабданоқ ҳаво дим, ҳув тепаликдаги тераклар ортидан бош кўтариб чиққан қуёш тиғлари аввалгилардек баданга ёқмайди, янтоқ тирнагандек терини қичиштиради. Ҳар тонг кунботишдаги қўнғир тоғлар ортидан яккаш чиқиб келадиган, тушдан сўнг осмоннинг қоқ ўртасида тўпланиб, иссиқдан тупроқлари кўпчиб ётган қиру адирларга бир дам ҳузурбахш соя солиб ўтадиган бўлтак-бўлтак булутлардан бугун дарак йўқ. Атроф аста-секин қизиб бормоқда, қуёш тиккага келганда ернинг қиздирилган тандирдан фарқи қолмаса керак. Дониш ҳавонинг авзойига қараб бир нималарни ўзича мулоҳаза қилиб кўргандек бўлди.
– Хоинни қуёшда куйдириш керак, – деди у, кейин Қўрбошининг қулоғига нималарнидир пичирлади. Унинг гапи Қўрбошига маъқул тушди:
– Хоин қуёшда жизғанак бўлсин. Мол-ҳолига қўшиб куйдирилсин!
Жазонинг ижросини кўз олдига келтира олмаган Кимёгар бетоқат бўлди:
– Чиллаширни ечинтириб, оёқ-қўлини боғлаб ташлаб, кейин офтобда куйдирамизми? – деди у юз-кўзи олдида ғужғон ўйнаётган пашшаларни ҳайдаб.
– Йўқ, шу ҳолича анови яйдоқ ерда, қуёш тагида ўтиради. Агар қочиб кетса, кетаверсин. Қайтиб сафимизга олмаймиз. Яккамоховга айланади, душманларга ем бўлади. Бўлинганни бўри ер! Агар орамизда қолишни истаса, кунботишгача ўша ерда қилт этмай ўтиради, жойидан жилса, бир қултум сув ичса ёки бир бурда нон еса, тамом, ҳайдалади.
Чувак, эти суякларига ёпишиб кетган, билаклари кетмонча сопидек ингичка Чиллашир ерда чўк тушиб ўтирар, атрофида қўққайиб турганларга бош кўтариб қарашга ботина олмасди. У узун бўйнини осилтириб, букчайиб олганидан белига боғланган кўк фаранг қийиқ ичидаги баркашдек тандир нон, унинг устига тескари қўйилган пиёла дўмпайиб турар, шу туришида у худди белига тошбақа косасини илиб олганга ўхшарди. Бугун саҳарда тандирдан узилган нон ҳиди атрофдагиларнинг димоғини қитиқларди. Буларни сал наридан кузатиб турган саккиз ёки тўққиз ёшлар атрофидаги болакай икки кун аввал худди шунақа, хамири сутга қорилган, ҳали илиқлигича турган нонни булоқ сувида ивитиб еганини эслади.
Кимёгар илжайганча Чиллаширни тирсагидан тортиб ўрнидан турғазди, белидаги тугунни ечиб олиб, тутнинг шохига илди, ўзини қўрбоши кўрсатган қияликдаги тошлоқ, ўт-ўланлари қовжираган, фақат яккам-дуккам янтоқлар кўкариб турган жойга ўтирғизди. Чиллашир бир сўз демасдан ҳукмга итоат қилди, шу ўтирганча бошини кўтармади, фақат қуёшга тескари ўгирилиб олди, холос. Кимёгар сойлиқдаги кўм-кўк ажриқни тили билан бураб-бураб ямлаётган тарғил сигирни етаклаб келиб унинг яқинига қозиқлади, кейин жониворнинг қулоғига буров солиб қўйди. Одатда буров фақат етовда солинарди. Сигир норози мўраб майсазор сойлиқ томон интилди, бироқ арқон таранг тортилиб қулоғидаги буров қаттиқ қисганидан ноилож ортга тисарилиб, тупроқ ва хас-хашакни тўзғитганча тақир ерни искай бошлади. Чиллаширнинг сигири бошқаларникига ўхшаб чимхўр эмас, ажриқ, ғумай, шўра, бир четдан ямлаб ютаверади, шунга яраша бир челак сут беради. Қош қорайганда қўр жониворларни олдига солиб қишлоққа қайтади, ана ўшанда қайси сигирнинг қорни қаппайганию елини қанча сутга тўлгани ҳақида бош қотирилади. Чиллаширнинг сигири елини сутга тўлганидан сонларини кериб зўрға юради, қорни хом беда еб қўйган жонивордек шишиб туради. Бунга кўпчиликнинг ғаши келади, чунки уйга қайтилганда сигирнинг қорни дами чиққан коптопдек пучайиб турса аччиқ-тизиқ гап эшитилади. Бундай кезларда Кимёгарнинг шумлиги қўзиб Чиллашир ёки унинг сигирига озор бериш учун бир амаллаб ҳийла ўйлаб топарди.
Энди Чиллашир жазога йўлиқди, ўзига қўшилиб тарғили ҳам қантарилди. Қўрбоши маҳкумнинг мол-мулки-да мусодара этилишини эълон қилди ва унинг тугуни ўртага қўйилди. Тугун очилганда атрофга лаззатли ҳид таралди. Иссиқ нон устига тўнкарилган пиёладаги куйдирилган сариёғ эриб нон худди ўрама патирдек юмшаб қолганди, қўрдагиларга бир бўлтамдан улашилди, болакайга ҳам берилди. Лекин у сариёғли бўлтамни кейинроқ ейиш учун қийиғидаги суви қочган нон устига авайлаб солиб қўйди.     
Муқбил тошотар чой дамлаш учун қари тут танасидаги ёриқдан қорайиб, пачоқланиб кетган темир чойнакни олди, булоқ сувига тўлдириб келиб тошлардан ясалган ўчоқ устига авайлаб қўндирди, қуриган шохларни тиззасига уриб синдириб ўт қалади. Сўнг салқинда, ажриққа ёнбошлаб олганча кечаги олишув тафсилотларини бақир-чақир муҳокама қилаётган сафдошларига қўшилди. Болакай сал наридаги тут тагида ўтирганча буларнинг муҳокамасидан кеча ўзи ҳам қатнашган ур-сурнинг қандай кечганини энди тўлароқ тасаввур эта бошлади.
Кеча ҳар замон бир юз берадиган жангларнинг энг ашаддийси бўлганди. Сойнинг кунботиш томонидан келадиган рақиблар сони ҳар доимгидан ҳам кўпайиб, сувни бемалол кечиб ўтишди, улкан бақатеракларни пана қилиб буларга анча яқин келиб қолишди. Айримлари ён томондаги пана-пастқам сўқмоқлардан кўтарилиб чиққандан сўнг булар анчагина ортга чекинишга мажбур бўлишди. Лекин “Истеҳком” дея номланган энг баланд тепаликни қўлдан беришгани йўқ. Болакайнинг энди билишича, икки нафар ғаним истеҳкомнинг чап тарафидаги яндама сўқмоқдан чиқиб келишига Чиллашир йўл берган. Мерганнинг гапларига кўра, ўша икковлонни сўқмоқнинг ярмидаёқ ортга чекинишга мажбур қилиш мумкин эди, бироқ Чиллашир уларнинг қорасини кўрибоқ ура солиб қочган. Сўқмоқ анча тикка, тор ва сирпанчиқ, ундан деярли эмаклаб чиқиш мумкин, шунда ҳам бир-икки қарич илдизи очилиб қолган янтоқ ёки қизил зиркнинг сертикан шохларига осилиб олинмаса, ортга сирпаниб кетилиши тайин. Мерганнинг гапида жон бор, душманни чекинтириш учун отнинг калласидек кесакни сўқмоқдан юмалатиб юбориш кифоя эди. Лекин бунинг учун “отнинг калласидек юрак керак-ку”, дерди қўрдагилар ҳар замон Чиллашир томон имо қилиб.
“Душманлар” сойнинг кунботишдаги қирғоғида мол-қўй боқадиган ўспиринлар. Улар анчайин жангари, юзиқора ва муросасиз. Сойнинг булар, яъни кунчиқар томони ўркач-ўркач тепаликлар, баланд ва тикка жарлардан иборат. Сойга шу тепаликлардан солинган нишаб, қайрилма сўқмоқ йўллар орқали тушиб борилади. Одатда жанжал бу депарада ягона бўлган гумдаги чўмилиш чоғи бошланади. Гум дейилгани сойнинг илондек буралиб келиб кунчиқардаги баланд қирғоққа урилиб тисарилган жойи. Бу ерда оқим шиддати пасайиб, сувга калла ташлаб чўмилса бўладиган чуқур жой ҳосил бўлган. Баъзан катта қурилишлар учун сойдан шағал олинганда янги гумлар ҳосил бўлар ва шунда тўқнашувлар камроқ юз берарди. Лекин кўкламдаги селу тошқинлардан кейин сунъий гумлар йўқолиб сойнинг ҳар икки қирғоғида мол боқувчи ўспиринлар яна бир жойда чўмилишга мажбур бўлади. Баъзан шу атрофдаги экин-тикинидан хабар олгани келган катталар жанжалга аралашиб, томонларни муросага келтириб қўяди, лекин бу узоққа чўзилмайди. Кунботишда мол боқадиган болаларга чўмилиш пайти ҳамқишлоқлари келиб қўшилади, уларнинг сони кўпайиб кетгандан сўнг жанжал чиқиши тайин гап. Баъзан можаро даҳанаки жанглар, ҳар икки қўрдан чиққан даъвогарларнинг яккама-якка муштлашувидан кейин якун топади. Болакай бир куни акасидан “нега улар доим кўп, биз эса каммиз” деб сўрагани, акаси эса ажабланиб, “шуниям билмайсанми, душман доим кўп бўлади-да” деганини эслади.
Бироқ болакай кечагидек беаёв жангни ҳали кўрмаганди. У истеҳком, яъни энг баланд тепаликка ўрнашиб олган Муқбил тошотарга “ўқ-дори” – тошми, кесакми қўлига илинган нарсани етказиб турди. Муқбил тошотар эса “ғанимлар” томон тинимсиз кесак ғириллатар, ора-сира тош ҳам отиб қўярди. Пастликдаги дарахт шохларию буталар орасида чанг-тўзон кўтарилса кесак отилган, тарсиллаган овоз чиқса тош отилган бўларди. Рақиблар аллақачон сойни кечиб ўтиб, отадиган тошлари жар тепасига етадиган масофани эгаллаш учун дарахтлар ортига яширинганча тобора яқинламоқда эди. Улар жар тагидаги сўқмоқ йўлга чиққанда Қўрбоши энди вазият қўлдан бой берилганини тушуниб, жарнинг қирғоғини тепиб ўпира бошлади, бошқалар ҳам унга қўшилди. Сўқмоқ чангу тўзон, бақир-чақирга тўлиб кетди, шу тариқа “душман” ортга чекинишга мажбур бўлди. Чап томондаги тикка ва тор сўқмоқдан чиқиб келганлар ҳам сафдошлари чекинганини кўриб ортга қайтишди, кетларидан чанг чиқариб пастга сирпаниб тушиб кетишди.
Мана энди Қўрбоши кеча рақиблар устига пахса-пахса кесак ўпириб ташлаган пайтини эслаб, оғзини тўлдириб мақтанмоқда. У баланд бўйли, елкадор, оёқ-қўллари узун, овози дўнғиллаб, мўйлови сабза ура бошлаган ўспирин. Тенгқурлари орасида мол боқишга анча ёшлигидан чиққани, уйи ҳам сойга яқинлиги боис у ўзини сойлиқларнинг эгасидек тутар ва шундан Қўрбошига айланганди. Пахта далалари этагидан тошлоқ қирлар бошланади, уларнинг оралиғида яшил сойлиқлар вужудга келган. Ғўзага қўйилган сувнинг пероби туфайли адирлар қақраб ётган пайтда ҳам сойлиқларда ўт-ўланлар гуркираб ўсиб ётади. Одамларнинг экин-тикинидан ортган лахтак-лахтак жойларда мол-қўй боқилади. Ғўзадан чиққан лойқа сув йўлма-йўлакай зилол булоқ сувларига қўшилиб сойга қуйилади. Кимдир бу депарада ўз ҳолича сигир боқмоқчи бўлса Қўрбоши билан тўқнашиши аниқ эди. Гап гапириш усулию келбатида бошқалардан кескин ажралиб турувчи айри важоҳати бор эса-да, унинг биров билан ростмана ёқалашганини кимса кўрмаган.
Муштлашув ва кураш тушишни миқти, лекин ўлгудек чайир Кенжа ботирга чиқарган. Қорамағиз, қийиқ кўз, калласи катта бу бола курашдан қайтган эмас. Ландовурроқ акаларини ҳимоя қилиб юргани учун қишлоқда Кенжа ботир лақабини олган. Муқбил тошотар ўз лақабига монанд, истеҳкомда туриб отган тоши сойнинг нариги бетидаги ўтлоққа бориб тушади, бошқалар эса сойга зўрға етказади. Мерган ҳамиша бўйнида чўзмаси, чўнтагида бир ҳовуч тоши билан юради. Унинг чўзмасидан отилган “ўқдан” қуш зоти қутулиб кетганини биров эслай олмаган. Болакайнинг акаси эса кучу ҳунарда камтар, лекин оқилона маслаҳатлари ила Қўрбошини йўлга солиб юрганидан Дониш лақабини олган. Ўрта бўй, оёқ-қўли чаққон Кимёгар на кучга, на ақлга таяниб иш кўради, ичи шумлик ва муттаҳамликка ғиж тўла. Қўрдагилар, айниқса болакай уни сира ёқтирмайди, лекин у Қўрбошининг қариндоши бўлганидан чидаб келишади. Болакай ҳар гал уни кўрганида негадир қораялоқ деган қушни эслайди. Ёшлар орасида мис қувурдан “панғиллоқ” ясаш урф бўлиб, қўрғошин тақчил бўлган кезларда “қурбақа бир кун қозонда қайнатилса қўрғошинга айланади” деб ҳаммани ишонтира олгани боис у “Кимёгарга” айланган. Қолган яна икки ўспирин, Ўғри ва Тўғрининг лақабидан бошқа эсда қоларлик хислати йўқ.
Болакай бу қўрга қўшилгунча қанча-қанча синовларга дош берди. Акасига ҳар тонг ялиниб-ёлбориш, дастлабки кунларда катталарнинг қўпол ҳазиллари, ҳуда-беҳуда бошига уришлари, қулоғини бураб тортишларига чидаш осон бўлмади. Бироқ мол боқишдаги саргузаштларга ишқибозлиги туфайли ҳаммасига дош берди. Ахир сойда балиқ овлаш, жарда қуш тутиш, дўланаю наъматак, қизил зирк ёки ёввойи олча териб ейиш, тушликка балиқни тошга ёпиб пишириш ёки чумчуқ кабоб қилиш, боғу роғлардан шафтоли, олма, полизлардан хом-хатала тарвуз ва қовунлар ўмариш гаштидан ким ҳам воз кечарди!? Чўмилишдан титраб, лаблари кўкариб келганда ҳали тафти кетмаган қўрдаги пўсти куйган илиқ картошканинг таъмига нима етсин?! Айниқса, қишлоқда, мактабда донғи кетган бу қўрга аъзолиги билан тенгқурлари орасида фахрланиб юриш гашти-чи!?
Қўрдаги бошқа ўспиринлар ҳам укаларини олиб келган, лекин ҳеч қайси бири болакайдек чидаш бермаган. Катталар сойга чўмилишга тушганда жар тепасида ўтириб нариги соҳилдаги “душманларга” кўз-қулоқ бўлиш, зўр келганда ура қочиш, оёғидан туфлиси тушиб қолса ёки йиқилгандан кейин баданидаги тиканакларни териш, қантарилган сигирларга соатлаб қоровул бўлиб қолишнинг ўзи бўладими. Баъзи болалар биринчи куниёқ йиғлаб юборар, кўрган азоби камлик қилгандек қўрдагилар олдида шарманда қилгани учун акасидан тарсаки ҳам ерди.
Ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, абжир, уқуви ва зеҳни баланд болакайга қўрдагиларнинг ҳам меҳри тушган. Унинг ёрдамисиз битмайдиган иш йўқ, айниқса, қуш ови. Қуш тутиш учун кўпчилик жар тепасида қолиб, икки киши пастга тушади, сўнг юқорида турганларга тайёрмиз дегандек ишора қилади. Тепадагилар дупур-дупур сакраб қушларни ҳуркитади, инида тухум босиб ётган қуш борки “гурр” учиб чиқади. Қайси тешикдан қандай қуш учиб чиққанини эслаб қолиш лозим. Жарга ўнлаб қушлар ин қурган, чумчуқ, жарқалдирғоч, ёввойи каптар, қулқунтой, кўкқарға, онда-сонда кўпчик ва сув лочини ҳам учраб туради. Болакай қайси индан қандай қуш учиб чиққанини аниқ эслаб қолади. Кўкда безовта чарх урган қушлар орадан кўп ўтмай инига қайтади. Пастда турган овчилар узун айри хода учига оқ қийиқни сиртмоқ қилиб боғлаб оҳиста иннинг оғзига олиб боради ва таппа ёпади, шундан сўнг тепада турганлар ҳайқириқ ила яна ер тепишни бошлайди. Инидан учиб чиққан қуш қопқонга тушади. Жар баландлиги боис узун хода керак бўлади, уни кўтариб туришнинг ўзи бир азоб, шу боис пастга новча ва бақувватлар тушади. Болакай эса уларга “чапга, ўнгга, у эмас, нариги, каттароқ тешик, баландроқ, янаям баландроқ,” дея буйруқ бериб турганидан завқланади. Агар хода калталик қилса, шом пайти тепадан кимдир арқонга осилиб тушади, болакай пастда туриб уни ҳам йўлга солиши керак.
Балиқ овлаш энг гаштли дамлар. Катталар сойнинг сувини кўпиклантириб турган катта тошни ўраб олади ва тўрт томондан бирваракайига тош остига қўл суқади, сўнг қўлларига илинганини чапдастлик ила қирғоққа ирғитади. Болакай соҳилда чопқиллаб, типирчилаб ётган балиқларни териб олади. Баъзан балиқ ўрнига бақа чиқиб қолади, бир гал сув илони ҳам қирғоққа отилган. Кимёгар шумлиги қўзиган пайтда атайин болакай томонга бақаларни ушлаб отади. Гоҳо қўлдан сирпаниб чиқиб кетган балиқ қирғоққа етиб бормай сувга шалоплаб тушади, кейин кун бўйи бу балиққа таъриф берилади. Жардаги қуш ини, қирғоқдаги тошлоқ ёки ўтлоқда йўқолган балиқ, шом қоронғусида бировнинг экинига кириб кетган сигирни дарров топа олгани учун болакайга Лочинкўз деб ном қўйилган.
Лекин Лочинкўз бир гал қаттиқ қўрқиб кетиб қўрдан ажраб қолишига бир баҳя қолганди. Катталар сойнинг оқим кучли жойида балиқ овлаб бўлишгандан сўнг Кимёгар болакайнинг акасидан “уканг қачонгача қирғоқда юради, сойнинг ўртасига ҳам бир бориб кўрмайдими”, деб сўраб қолди. Акаси катта кетди, “ўртасига эмас, нариги қирғоққа ҳам бориб кела олади,” деди. Рости, болакай гумда чўмилган, холос. Ҳайқириб, пишқириб турган сойнинг ўртасига сира бормаган. Лочинкўз ҳадиксираб акасига қаради, лекин унинг ўқрайиб турган нигоҳига дуч келди. Ноилож сувга қадам қўйди, қирғоқдан узоқлашганда оёғи остидаги балчиқ ва қумлоқ сирпанчиқ тошлар билан алмашди, оқим кучайди. Болакайнинг юраги ҳапқира бошлади, лекин сойни кечишда давом этди. Юриш қийинлашди, оқим тиззаларини букиб ташламоқчидек зўр бериб оёғига урар, сув тубидаги сирпанчиқ тошлар сурилиб, уни мункитиб юборарди. У қўлларини икки ёнга узатганча, оқимга юзланиб, сой тубидаги йирик тошларни аввал суриб кўрар, агар ўрнидан жилмаса кейин уларга оёғини тираб иккинчи қадамини қўярди. Сув белига ура бошлаганда Лочинкўз чинакамига қўрқиб кетди, энди жуда катта куч уни йиқитишга, оёғини осмондан келтиришга уринарди. Агар сирпаниб кетса борми, оқим уни тошларга олиб бориб уради ёки сув юзида сомондек чирпирак қилади. У оқимга ортиқча дош беролмаслигини сезди, қаттиқ қўрқиб кетди, ортга қайтмоқчи бўлиб қирғоққа ўгирилди. Акаси унинг ниятини сезди чоғи, бақирди:
– Қайтма, юр олдинга! Юр!
Болакай акасига мўлтираб тикилганча туриб қолди, совқотган танаси мадорсизланиб борарди. Боланинг мижжаларига ёш қуйилиб келди, наҳотки ўлиб кетганим билан акамнинг иши бўлмаса, ахир оқиб кетаман, йўқ бўлиб кетаман бу дунёдан, деб ўйлади. У ортга бир қадам қўйиб акасига илтижоли боқди.     
– Қайтсанг қиз бола бўласан. Қўрқоқ! Қайтма, қўрқоқ! – акаси яна-да қаттиқроқ бақира бошлади.
Бола тош қотди. Акаси ор-номус ва ғазабдан қизариб-бўзариб кетган, кимлардир хавотир ила яна кимлардир бамайлихотир боқар, Кимёгар эса илжайиб турарди. Боланинг ич-ичидан бир нима тўлғониб келди, оғзида аччиқ таъм туйди, ўзидаги куч қаердан пайдо бўлганини сезмади. У пишқирган, тошдан тошга урилиб оқаётган асов сувни кечишда давом этди, бироқ икки уч қадамдан кейин чап оёғининг томири тортиб қолди. Болдирида бир нарса тугундек тугилиб тошдек қаттиқлашганини сезиб “иҳ” деб юборди. Шу онда мувозанатини йўқотдию оқим уни ўз оғушига олди, у илкис тубсиз ўрага қулагандек бўлди. Оғзи бурнидан кирган муздек сув миясига аччиқ оғриқла чиқиб боргандек эди. Бола юраги шувиллаб кетгани, шуурида “энди ҳаммаси тамом” деган ўй йилт этганию осмоннинг ҳаддан зиёд кўм-кўклигини илғаб қолди. Буларнинг бари оний лаҳзаларда юз берганию мана шу вақт ичида бола сувда бор-йўғи бир марта чир айланиб, кейин қандайдир мўъжиза юз берибми, қизғиш харсанг тошнинг қиррасидан маҳкам ушлаб қолганини у бугун аниқ-тиниқ эслайди. Кейин болакай харсанг тошга осилиб узоқ турди, у энди гавдасини тиклаб олган, томирлари қўйиб юборган, лекин ҳайқириқ билан оқаётган сой ўртасида турганча аламдан борлиқни титратиб бақиргиси келар, бироқ бақирмасди, юз-кўзларига тарс-тарс урилаётган шошқин сув кўз ёшларини тинимсиз ювиб турарди, холос. У сойни кечиб ўтди, алам билан кечиб ўтди, ва яна нималарни кечиб ўтганини у ҳали тўла тушуниб етмасди.
Бу кечувдан кейин Лочинкўзнинг хотирида қўрқоқлиқ, ор-номус, ғурур билан боғлиқ бир умрлик ҳис-туйғулар муҳрланиб қолди. Мана энди у қўрнинг арзандасига айланган. Тутнинг тагида, ажриққа ёнбошлаганча катталарнинг ҳақиқий қўрқоққа жазо беришни томоша қилмоқда.
Муқбил тошотар тутнинг ковагига суқиб қўйилган жийда шохидан бир ҳовуч барг сидириб олиб, вақиллаб қайнаб турган чойнакка солди. Яна жийда баргидан сарғиш лойқа чой ичишини ўйлаб Лочинкўзнинг қорни бир қулдираб олди. Уйдан келтирилган чой қолиб, булар нуқул гоҳ тутнинг томири гоҳ янтоқдан чой дамлашади. Кечки нонуштадан сўнг қўрдагилар балиқ тутиб шундан нари чўмилиб ҳам келишга отланди. Лочинкўз қоровул бўлиб қолди, унга Чиллаширни кузатиб туришдек улкан масъулият юкланди.
– Ака, уларни офтоб уради-ку..? – у акасидан секин сўради.
– Нима бўпти!? Жазосини олсин, – деди акаси унга хўмрайиб. Бу гапни Кимёгар эшитиб қолиб муғомбирона тиржайди:
– Ҳа, нима бўларди? Иккови ҳам бир ҳафта “тариллаб” юради энди.
Болакай Кимёгарнинг юзига қарамаслик учун унинг гапига эътибор бермай ортига ўгирилди. Катталар кетгандан сўнг тугунни очиб, нон остига яширилган, титилиб, сарғайиб кетган китобни олиб ўқишга тутинди. Бу Даниэл Дефо деган ёзувчининг “Робинзон Крузо” номли китоби эди. Бу китобни мактабда макулатурага топшириладиган қоғозлар орасидан топиб олган, ўшандан бери қўлидан қўймайди. Китоб қадимий, “билан” сўзи “блан” ёзилган. Яна шунга ўхшаш айрим фарқлари бор. Лочинкўз уни қўрдан беркитиб ўқийди, йўқса улар кўриб қолиб устидан кулади, “профессор” ёки “олтин бош” деб масхара қилади. Акаси “бунақа китобларни ўқийверма, миянг суюлиб қолади,” деб сўкади. Шу сабаб улар йўқ пайтда китобни қўлига олади. Баъзан китобдаги воқеалардан завқи келиб, ирғиб туради-да, сой томон солинган илон изи сўқмоқдан чопади, чангалзорга монанд қуюқ дарахтзорга кириб боради, кўкка бўй чўзган забардаст бақатеракларнинг бахмал япроқлари шовуллашига қулоқ тутади, балчиқ ва ботқоқ кечади, қиёқзорни кесиб ўтиб сертикан буталар остидаги сўқмоқдан энгашиб ўтади. Жар тубида ғужғон ўсган қизил зирк ва наъматаклар остидаги тулки инини синчиклаб кўздан кечиради, лекин яқин боришга юраги бетламайди. Баъзан уни дафъатан ёввойи бир қўрқув босади ва зинғиллаганча ортига чопади. Тикка ва сирпанчиқ тор сўқмоқдан баланд тепалик устига бу қадар тез чиқа олганидан ҳайратга тушади. Юраги гуп-гуп уради. Кейин тепаликда турганча шарқираб оқаётган шошқин сойга, булоқ ва сой суви қўшилган ирмоқлардаги узундан-узун, сув парисининг сочларидек солланиб ётган яшил бақатўнларга, қирғоқдаги майсазорга, пойидаги азим дарахтларга, уларнинг остидаги чангалзор янглиғ тиғиз ўсган буталарга суқлик билан тикилади, ичидаги қўрқув тарқаб кетади, қанийди худди Робинзонга ўхшаб шу чангалзорда фақат бир ўзим яшасам, кунботишдан келадиган “душманлар” сира бўлмаса эди, деб орзу қилади.
Кеча у Робинзоннинг оролига ёввойи одамлар қайиқда келиб тушганини ўқиб ростмана қўрқиб кетган, ўзини қўярга жой тополмаган, китобни шу жойида тўхтатганди. Бугун Робинзоннинг наҳотки ўзим тирик қолишим учун шунча ёввойи одамни ўлдиришим керак, дея мулоҳаза юритаётган саҳифасини ўқимоқда эди. Лочинкўз Робинзоннинг нима учун иккилангани ҳақида ўйлаб, китобни ёнига қўйди. Ўзи тирик қолмоқчи бўлса, ўлдирса керак албатта, ахир улар ёввойи, одамхўр-ку, деб ўйлади. Кейин тошлоқда, жазирамадан тобора қийналиб бораётган Чиллаширни кузатди. У ҳамон бошини қуйи солганча ўтирар, гоҳо қизиқсиниб учиб келган қовоқари ёки сўна, оёқларидан ўрмалаб чиқаётган чумолилардан ўзини эҳтиёт қилиш билан овора бўларди. Эрталаб Чиллаширга жазо тайинланаётганда Лочинкўз бу одатдагидек “пошшо-вазир” ўйини бўлса керак деган тахминда эди.

*    *    *

Пошшо-вазир мол-қўй боқадиган болалар орасидаги энг оммавий ўйин. Баъзан бу ўйин туфайли аразлаш, адоват ва жанжал келиб чиқади. Унда ажриқ шохалари териб келиниб, бештадан биттагача гулбарги қолдирилади. Шоха ажриқ поясидан эҳтиётлик билан суғуриб олиниши лозим, чунки уларнинг ост қисми бир хил бўлиши керак. Кимдир ажриқ шохаларининг гулбарг томонини кафти ичида яшириб, остки томонини худди гугурт чўпларидек юқорига қилиб ушлаб туради, ҳамма биттадан шохани навбати ила тортиб олади. Бешта гулбаргли шохани топган пошшо бўлади, тўртталик вазир, учталик баковул, иккиталик жаллод ва битта гулбаргли шохани тортиб олган ўғри бўлади. Шундан сўнг томоша бошланади:
– Пошшо, пошшо!
– Лаббай вазир.
– Ўғрини тутдик, нима жазо берамиз?
– Нима гуноҳ қилган экан?
– Хазинадан тилла ўғирлабди, – дейди вазир.
– Ундай бўлса йигирмата чертмак тайинлансин, – дейди пошшо. Жазони жаллод беради. Жаллод ўғрининг пешонасига кўрсаткич, ўрта ва шаҳодат бармоғини қўяди, кейин ўрта бармоғини роса куч билан тортиб шартта қўйиб юборади. Тарсиллаган овоз чиқади, бундай чертмакдан кейин ўғрининг пешонаси анчагача қизариб юради. Жазонинг ижросини баковул кузатиб туради. Агар жаллод вазифасини чин кўнгилдан бажармаса, ўзи жазога йўлиқади. Жазонинг тури кўп, сигирларни жилдириб келиш, хўроз бўлиб қичқиришу эшак каби ҳанграшдан тортиб то пошшони елкасига миндириб, айтилган манзилга етказишга қадар. Ўғри чеки ҳар кимга ҳам чиқиши мумкин, шу боис ўзи ўғри бўлганда шўри қуриб қолмаслиги учун пошшо баъзан жазони ўйлаб тайин қилади. Бироқ айрим ҳолларда қасдма-қасдига оғир жазолар тайинлаш бошланади ва охири ўйин аразлаш ёки адоват билан тугайди, бундай кезларда “ўйиндан ўт чиқди … … чиқди” дейилади. Жаллод вазифасини ҳар ким ҳар хил ўтайди, кимдир чертмакда зўр, кимдир зўқатада. Қўрдаги энг нимжон Чиллаширнинг зўқатасидан ҳамма чўчийди. Чиллашир қоқ суяк бўлганидан унинг тирсаги тошдан қаттиқ. У чўк тушиб ўтирган ўғрининг икки кураги орасига темирдек тирсагини ботиради, шунда жазога йўллиққан шўрпешона онасидан овқат сўраган олақанот боласидек беихтиёр бўйнини тепага чўзганча бошини орқага ташлайди. Ана ўшанда нақд орқа миясига мушт келиб тушади. Чиллаширнинг учта зўқатасидан ортиғига чидаш қийин.
Яқин-яқингача жазонинг энг оғири зўқата эди. Лекин Кимёгар узоқдаги бир қариндошиникига бориб келгандан сўнг “ҳакка чичди” деган янги жазо турини топиб келди. Булар шу пайтгача бунақанги антиқа жазони кўришмаган эди. Маҳкум ерда чўккалаб ўтиради, жаллод унинг боши ва иягидан ушлаб икки қошининг ўртасидан тупугини оқизади, худди осмондан қушнинг ахлати тушгандек. Тупук қош ва кўз ўртасидан ўтиб буруннинг учига оқиб келиши шарт. Агар тупук йўлдан оғиб кетса, жаллоднинг шўри қурийди, унинг ўзи жазога йўлиқади. Шу боис жаллод жон-жаҳди билан ўғрининг иягини чангаллаб, бошидан маҳкам босиб туришга ҳаракат қилади-ки, маҳкум калласини қимирлатиб тупук йўлини ўзгартириб юбормасин.
Рости, бу жазо фақат бир марта қўлланилди, холос. Ўшанда Кимёгар шохаларни тарқатганди, ҳийла ишлатиб ўзига жаллод, Чиллаширга ўғри чекини чиқарди. Бироқ бу жирканчли томошадан кейин қўрдагиларнинг икки-уч кунгача пошшо-вазир ўйинини эслашга-да ҳафсаласи келмади. Айниқса Кимёгар чангалида ожиз қўзидек типирчилаб, сўнг қилт этолмай кўзларини мўлтиратганча бурнининг учига келиб қолган тупукни кузатиб турган Чиллаширнинг аҳволини эсласа, Лочинкўзнинг кўнгли ҳалигача алағда бўлади.
Бечора Чиллашир бугун энди ҳақиқий жазога юз тутган. Лекин у ҳам анойи эмас. Чўлоқ турнадек лапанглаб келиб “ўғрининг” умуртқасига тирсагини ботириб эзғилаган кезларида кўзлари шодон порлаганига Лочинкўз гувоҳ. Қолаверса, қўрга янги келган пайтларида болакайга роса азоб берган. Сўрашганда Лочинкўзнинг қўлини омбур солгандек маҳкам қисиб олганча қўйиб юбормасди. Сўйлоқ тишларини кўрсатиб илжайиб тураверар, бечора болакай кўзларига тирқираб келган ёшни зўрға тўхтатиб, бармоқлари учидаги оғриқ зўридан чийиллаб юборарди. Бироқ йиғламаган, ҳали бир кун боплаб ўчимни оламан, деб ичига тугиб юрарди. Ўшанда “Ўлмас Кашшейдек” хунук илжайган Чиллашир мана энди қўрқоқлик қилгани боис жазирамада куйиб ўтирибди.

*     *     *

Тарғил сигир тинимсиз мўрашга тушди. Чиллашир уни тош билан урди, сигир бир-икки қадам ортга тисарилиб, овози ўчди, лекин дам ўтмай қозиқ атрофида гир айланиб яна мўрай бошлади. Чиллашир энди сигирининг ўкиришига чидашдан бошқа иложи йўқлигини тушунгандек индамай ўтираверди. Қолаверса, у шундоқ ҳам юз-кўзига ғужғон ёпишаётган чивину пашшаларни қўриш, ора сира келиб қоладиган қовоқарини янтоқнинг шохи билан ҳайдаш ила овора. Қуёш анча тиккага келиб қолган, Чиллаширнинг тердан ҳўлланган кўйлаги этига ёпишиб улгурган, бошидаги дўпписининг мағзи ҳам ивиб, четларида томчилар пайдо бўлганди. Лочинкўз ундан кўзини узиб, китоб ўқишга уринмоқчи бўлди, лекин китобни қийиқ орасига солиб қўйди-да, Чиллаширни кузатди. Тарғил сигир қозиқ атрофида айланишдан чарчаб, эгасидан бир-икки қадам нарида тўхтади. Чиллашир бошини кўтариб болакайга бир қараб олди, кетини ердан кўтармай сурила-сурила сигирнинг ёнига келиб, унинг соясига туриб олди. Тарғил юриб кетмасин деб гоҳ-гоҳ унинг қорнини силаб турди, жониворни чақмоқчи бўлган сўналарни дўпписи билан уриб ўлдирди. Жонивор бошини тинимсиз сарак-сарак қимирлатиб безовта бўлаверди. Чиллашир сигирнинг буров солинган чап қулоғини арқон шилиб қонатгани, жароҳат ўрнида қора пашшалар ғуж бўлиб қон сўраётганини кўрди. У буровни бўшатиб, бир сиқим тупроқ олди-да қонаб ётган жойга сурди, сўнг яна жойига ўтирди.
Қуёш тиккага келганда тарғил сигирнинг мўрашга-да мажоли етмай ер искаб қолган, ҳар замон думини ўйнатиб пашшаларни қўриб турарди, холос. Жиққа терган ботган Чиллаширнинг боши энди сигирнинг қорнига тегиб турарди, бошқа соя қолмаганди. Чиллашир эътиборсиз қолиб сигирни сўна чақди чоғи, жониворнинг эти бир титраб, думини қаттиқ силтади. Тарсиллаган овоздан сергакланган Лочинкўз булар томон кўз ташлади. Афтидан сигирнинг думи Чиллаширнинг юз-кўзига ҳам теккан шекилли у ўзини ортга ташлаб, ўнг кўзини тинимсиз ишқалашга тушди. Лочинкўзнинг юраги жимиллаб кетди, молнинг думи кўзга тегса ёмон оғрийди. Энди соядан қуруқ қолган Чиллашир бошини эккан кўйи кўзини ишқалаб ўтираверди.
Орадан қанчадир вақт ўтгач болакай чидай олмади, Чиллаширнинг тепасига борди.
– Сояга ўтиб дам олволинг, мен ҳеч кимга айтмайман, – деди. Чиллашир бошини кўтариб болакайга қаради, ўнг кўзининг ичи қип-қизил, қон тўплангандек, қовоғи қизариб шишиб кетган. Бошидан, пешонасидан оқиб тушаётган шўр тердан кўзи баттар ачишмоқда эди. Лаблари қуруқсаб, пўрсилдоқ ола бошлабди. У бошини сарак-сарак қилиб йўқ, деди ва жиққа терга ботганча ўтираверди. Лочинкўз ортига қайтиб чойнак тагида қолган жийдали чой юқини тўкиб ташлади, булоқ сувига тўлдириб келди.
– Кўзингизни ювиб олинг, – деди у. Чиллашир аввалига ишонқирамай болакайнинг кўзларига узоқ тикилиб қолди, кейин чойнакка ёпишиб ютоқиб сув ичди, юз-кўзини ювиб олди-да, яна ерга қараганча ўтираверди.
Қуёш роса тиккага келиб тўхтаб қолгандек эди. Чиллашир ҳар замон ғириллаб эсиб қолган шаббодага юз тутиш учун ҳолсиз бош кўтарар, сўнг калласи шилқ этиб яна пастга тушарди. Лочинкўз бу аҳволда уни офтоб уради, эҳтимолки, уриб бўлгандир ҳам, деб ўйлади. Бир пайтлар боши оғриб ичи кетганда онаси “болани иссиқ уриб, дами ичига тушиб кетибди” дея сачратқи гулидан дамлама ичиргани, бошидан ҳам қуйганини эслади. У дўпписини тўлдириб сачратқи гулидан териб келди, ўчоққа ўт қалаб сув қайнатди. Дамламани тайёрлаб, совитиш учун чойнакни сойлиқ ўртасидан оқиб ўтаётган бир билак лойқа сувга ботириб қўйди. Ёз чилласининг жазирамасида жизғанак бўлаёзган Чиллаширга тикилиб, чин дилдан раҳми келди, қўлини омбур солгандек қимтиб қийнаганларини кечириб юборди. Икки кун аввал хамири сутга қорилган иссиқ нонини баҳам кўрганида кўзлари меҳрибонликка тўла бўлганини эслади. Уни ўзига жуда ҳам яқин, қадрдондек кўра бошлади. У эрталаб авайлаб олиб қўйган ёғли нон бўлтами ва алюмин кружкада дамламани олиб Чиллаширнинг ёнига борди. Чиллашир батамом ҳолдан тойган, қизарган мижжалари, пўрсиллаган лабларига ёпишган хира пашшаларга деярли эътибор ҳам бермай қўйганди. Лочинкўз унга дамламани тутмоқчи бўлган эди, бирдан ортидан ҳайқириқ янгради:
– Сотқин! Сотқин, орамиздан сотқин чиқибди!
Лочинкўз ўғрилик устида қўлга тушгандек қўрқиб кетди, пастдан ҳайқиришиб келаётган қўрга қараганча қотиб қолди. Биринчи бўлиб ҳансиллаганча акаси етиб келди, келди-ю боланинг қўлидаги кружкани уриб учирди.
– Нима қиляпсан, сотқин! Сен ҳам шу қўрқоққа ўхшаб яккамохов бўлмоқчимисан!
Акаси тарсаки тортмоқчи эди, ортидан етиб келган Кенжа ботир қўлини ушлаб қолди.
– Қўй нима қиласан, ёш бола-ку, – деди. Бироқ Кимёгар келиб оловга мой сепди.
– Жазо, жазо! Сотқинга жазо! – деб Қўрбошининг атрофида гир айланди. Қўрдагилар нима қилишни билмай бир-бирларига қараб қолишди. Чиллашир аллақачон бошини тиззалари орасига яшириб олганди. Фақат Кимёгар жонсарак. Қўрбоши қандай жазо тайинлашни Донишни ўзи ҳал қилсин, деди.
– Зўқата, зўқата. Йўқ, ҳакка чичди, ҳакка чичди, – дея Кимёгар яна айюҳаннос сола бошлади.
Лочинкўз бу манзарани кузатар экан, илкис баданида қўрқувдан асар ҳам қолмагани, муз қотган томирларида энди қайноқ бир нарса жўш уриб келаётгани, шу аснода буларнинг бари беъмани, майда нарсалардек туюлганини сезди. Кўз олдидан ғизиллаб турли манзаралар ўта бошлади: шарқираган сой шовқини қулоғини батанг қилди, кўзига ўт-ўланлар орасида типирчилаётган балиқларнинг оппоқ қорни кўриниб кетди, жардан потирлаб учиб чиққан сон-саноқсиз қушларнинг нағмасини эшитди, чопганда қиёқларнинг тиззаларига тарсиллаб урилганини ҳис қилди, тулки ин қурган ғор атрофидаги сирли сукунатга қулоқ тутди, ҳовучидаги муздек булоқ сувининг тиниқлиги, сув парисининг сочларидек тўлғониб ётган қулоч-қулоч бақатўнларнинг қуёш нурларида жилва қилиши кўзини олди. Қизил зиркнинг нордон, итузумнинг чучмал таъмини туйди, наъматакнинг шира бойлаган меваси ичидаги туклари тилини ёргандек бўлди. Бироқ мана бу ўқрайиб турган нигоҳлар, Кимёгарнинг тилла топгандек қувончдан жилпанглаши, еру кўкдан ураётган иссиқдан соп бўлган Чиллаширнинг шамдек эриб, тобора букилиб бориши тасаввуридаги манзарага сира сиғмас эди.
Лочинкўз бир сўз демай катталардан нари кетди, тутнинг тагига борди, қўққис тошдан ясалган ўчоқнинг кулини тўзғитганча тепиб, бузиб ташлади, кейин қийиғини белига боғлади-да, бошини юқори кўтариб йўлга тушди. Болакайнинг бу қилиғидан катталар лол қолди.
– Тўхта, қайт ортингга, сотқин! Қўрқоқ! – бақирди акаси.
Бола бир дам тўхтаб акасига ўгирилди. Жаҳлдан қизарган-бўзарган акаси унга еб қўйгудек қараб турарди. Боланинг ёдига пишқирган сой ўртасида қўрқув исканжасига тушиб қолган пайти ёдига тушди. Акасининг важоҳати ҳамон ўша-ўша эди. Бироқ бу гал боланинг ичида бошқа ҳис-туйғулар туғён урарди. Ўзини қўрқув ва қўр олдидаги мажбуриятлардан озод сезган Лочинкўз қушдек енгил қадам ташлаб кета бошлади. Ортидан алам билан бақириб қолган акасига заррача эътибор бермади. Шу дамгача бошини тиззасидан кўтармаган Чиллашир энди узун бўйнини чўзиб Лочинкўзнинг ортидан ҳайрат ила тикилиб қолди.

2012