Хива манзараси, Ичон ёки Дишон қалъа хаёлий оламимда бўй тортар экан, инсон қувваи ҳофизасини англатувчи ботин ва зоҳир ила бўйлашгандек бўламан. Қадимий, аммо ҳамиша навқирон бу икки алп келбат қалъа бир-бири билан узвий боғлиқдек тасаввур уйғотса-да, уларнинг ҳар бири ўзгача бир тилсимий маъводек менинг назаримда…
Яна бир қиёсий манзара ёдга келаверади. Ҳинднинг улкан ёзувчиси Рабиндранат Тагор шундай деган экан: “Европа кундузга менгзайди – шовқинли, Осиё эса оромбахш, сокин оқшомга ўхшайди”.
Худди шу манзарани Хива мисолига кўчирсак, умргузаронлик ташвишидаги одамларнинг ғала-ғовури, серқатнов кўчалардаги турфа хил машиналар шовқини билан – Дишон қалъа кундузга менгзаса, Ичон қалъадаги сокинликка ҳатто чигирткаларнинг чириллаши ҳам дахл қила олмайди. Айниқса, ойдин оқшомларда, Ичон қалъанинг сокин салобати кишини сирли олам каби ўзига чорлайди. Бу пурвиқор қалъа билан қалбан мулоқотга киришмоқ ҳаммагаям насиб этавермайдиган илоҳий неъмат десам, муболаға бўлмас!
Алҳола, сўзлашиш мароми, суҳбат сийловида ҳам ҳикмат кўп. Гоҳ-гоҳ, киши баъзи бировларнинг бир оғиз калимасидан бош олиб қочмоққа имкон қидирса, баъзи суҳбатдошларнинг дилкаш лутфидан, ботинида қанийди суҳбатимиз тугамаса деб ўтиради.
Мен ана шундай суҳбатижон фазилатли инсон билан олтмишинчи йилларнинг бошида, талабалик давримда танишганман. Бу забардаст рус адиби Владимир Солоухин эди. Россиянинг Ўзбекистонда бўлаётган адабиёт кунлари декадаси (ўн кунлиги) якуни Тошкентда, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида ўтказилаётганди. Ўшанда саҳнага чиқиб келган шоир ўзининг “Колодец” (“Қудуқ”) деб номланган шеърини шундай кўтаринки руҳда ўқидики, худдики, менинг бутун вужудимда чумолилар галаси ўрмалаётгандек туюлди, ҳаяжонга тушдим. Сўзнинг қудрати, унинг маъно-мазмуни, залвори нафақат инсон қалбини, балки тили, дини ўзга мамлакатларни ҳам бир сонияда ўзига дўсту қадрдон эта олишига ўшанда яна бир карра амин бўлганман. Шеърнинг охирги бандлари ҳали ҳамон қулоқларим остида жаранглайверади: “Душевной влаги не таи, Но глубже черпай и пои!”
Орадан йиллар ўтиб, оғам Эркин Самандар билан Владимир Солоухиннинг дўстлигини эшитиб, кўнглимда бу адиб билан яқиндан суҳбатлашиб, ўртоқлашиш нияти туғилди ва буни оғамга айтдим. Шу тахлит бизнинг учрашувимиз, суҳбатларимиз қадрдонлик, дўстлик сари эшик очди.
Сўнгги учрашувимиз 1984 йил охирларида, Хоразмда, Янгибозор туманидаги Оёқдўрмон қишлоғида кечган эди…
Мен у пайтлар Янгибозор пахта тозалаш заводида ишлайман.
Уфққа бош қўяётган қуёш меҳмонхона боғининг қибла жавонибидаги ток ишкоми ортидан қизариб кўринади, бу гўзал манзарадан киши азбаройи ҳайратланиб, “валлоҳу аълам” деб юборади. Қорамтир-қизғиш “хирмони” узумининг бўлдомли сўлқимлари кечки қуёшнинг қизғиш нурларидан ял-ял ёнади. Бирортасини узиб олишга қўлинг бормайди.
Владимир Алексеевич менинг ҳаяжонимни кўриб, ўзига хос Волгабўйи талаффузида жуда оддий, бироқ худди ишком юкидай салобатли сўз айтди:
– Комилжон, сизлар бу ерда яшайсиз, бундай гўзалликни ҳар куни кўрасиз. Аслида менинг ҳаяжонланишим табиий. Чунки дунёнинг кўп жойларида бўлганман, бундай узумларнинг хилма-хили, турфа турларидан тотинганман. Аммо, бундай нафис ва лўппи бармоқларини кўз-кўз қилиб турган қизга ўхшаш узумларни илк бор кўриб туришим. Бу рост!
Албатта, Владимир Алексеевич сўзларини ўзбекча таржимада баён қиляпман. Унинг сўзлари ўзига хос талаффузда жуда бошқача оҳангда янграган эди. Қишлоқ раҳбари, меҳмондўст, истараси иссиқ Мадраҳим Рўзматов мийиғида кулимсираганча, атоқли ёзувчининг сўзларини жонқулоғи билан эшитиб, менга юзланди:
– Комилжон, меҳмонингиз жуда зукко, маданиятли киши экан, унга тушунтиринг, бундай узумларнинг “тоифи”, “шивирғони”, “маска”, “ҳусайни”, “хирмони” ва бошқа турли хиллари бизнинг юртимизда ҳамма хонадонларда етиштирилади.
Дарҳақиқат, Владимир Алексеевич кўпни кўрган, киришимли, маданиятли инсон. Ёши мендан анча катта, қолаверса, русларда аксарият сен деб мурожаат қилиш расм бўлишига қарамай мен билан сизлаб гапиришяпти. Мен Мадраҳим аканинг ёқимли дил сўзларига тағин жиндак “асал” қўшиб таржима қилиб, меҳмонимизни янада қувонтиргандек бўлдим. Ўз навбатида Владимир Солоухин ижоди тўғрисида гапириб, қишлоқ раҳбарларига таништирдим. Менга ўзининг тўрт жилдлик “Сайланма асарлари”ни дастхати билан туҳфа қилган дея пича мақтандим.
Сўлим боғ саҳнида, дастурхон теграсидаги суҳбатимиз бир маромда қишлоқ ҳаёти, деҳқончилик файзи, адабиёт, шеърият, санъат, маданият, маънавият ва маърифат хусусида борар экан, Владимир Алексеевич қизиқарли, ҳаётий воқеалар ҳақида гапирди, шеърлар ўқиди. Мен ҳам бир-икки шеър ўқидим. Гурунгимизни тугатишга шошилмас, балки тонггача бўлсаям адо бўлмаса эди дея ўйлардик.
Адиб билан икки-уч кундан бери ижодий учрашувларга боряпмиз-у, ўзимни кўпдан қизиқтириб юрган, Владимир Алексеевич ҳаёти билан бевосита боғлиқ “Ҳукм” қиссаси тўғрисида сўз очишга ҳеч имкон бўлмаётганди. Назаримда шу оқшом мавриди келди чоғи, сўрашга жазм этдим. Қисса бежиз “Ҳукм” деб аталмаган, деб ўйлардим. Бу инсонни ҳаётни бор муаммолари, ташвиш ва ғамлари билан севишга чақирувчи бир асар эди. Қисса қаҳрамони онкологик хасталикка учраган, яшаб қоладими, йўқми, бу катта бир савол. У ўзи каби дард чекаётганлар билан, шифокорлар билан мулоқоти давомида инсон умри ва унинг мазмуни борасида талай кашфлар қилади. Қиссада мана шундай бир эпизод бор (Қисса қаҳрамони муаллиф).
Бош қаҳрамон бир куни ўзига шундай савол беради.
– Қани, Володя, айт-чи, неча йил яшадинг?
– Қирқ тўққиз.
– Бунга қанча вақт бўлди?
– Худди кечагидек, бир кун.
– Худо сенга яна қирқ тўққиз йил умр берса, қанча бўлади?
– Саксон саккиз, лекин худди эртадек – бир кун…
– Шу бир кун учун шунча азоб чекиб ўтиришинг керакми?
У саволига жавоб кутмай, режалаган ишларини бажариш учун ўрнидан даст туриб кетади ва Петербург сафаридан машинада қайтишида, руҳиятидаги ҳорғинликка ўхшаш ҳолат юрагини эза бошлайди. Шу мискин ўйлар билан Москвага яқинлашганда машина рулидан қўлларини олиб, ўзига ўзи шундай дейди: “Агар машина Кунцево томонга бурилса, демак жарроҳликдан қочиб бўлмайди. Агар бурилмай, тўғри Москвага йўналса, операция қилдирмайман”. Тақдирни қарангки, машина аста Кунцево томонга бурилади ва у операция столига ётқизилади. Қувончли томони шундаки, ундаги саратон касаллиги аломатлари ёмон сифатли эмас экан, мана бугун бир даврада, гурунглашиб ўтирибмиз…
Ўлтиришимиз якунига етай деб қолганда, ўша асар воқеаларини бир чимдим эслаганимни айтиб, сал тин олгач, сўрадим:
– Владимир Алексеевич, сизнинг ўша қиссангизда “Қора денгиз” соҳилидаги санаторийга йўлланма ҳадя қилганингиз қиз, ҳаётда борми?
У пиёладаги шарбатни ҳўплаётган жойида тўхтаб, бир нафас ўйлаб қолди:
– Ёзувчимисан? – деб, биринчи марта мени ўзига яқин олиб, сенсираб сўради ва жавобимни кутмай давом қилди. – Ўзинг ўйлаб кўр-чи, Анна Каренина аслида бўлганми?
Мен индамадим. У яна аста тамадди қилишда давом қилаверди. На у, на мен бу борада бошқа гап-сўз қилмадик. Хижолат бўлганим қолди холос, лекин кўнглим жойига тушди. Кейин суҳбатимиз мавзуини ўзгартирдим:
– Владимир Алексеевич, ҳаво ниҳоятда сайрбоб, тўлин ой мана шундай балқиб турганда Хивага борсанг… – ўзимга-ўзим гапираётгандек давом қилдим. – Ичон қалъада жимгина одимласанг, одимлайверсанг…
– Унга нима тўсқинлик қилади? – дея сўради қўлларини сочиққа арта туриб Солоухин.
– Сизни шаҳардаги меҳмонхонага ташлаб кетишга кўзим қиймаяпти.
– Ундай бўлса, мени ҳам ола кетинг, – деди у яна сизсираб.
– Борсангиз ниҳоятда яхши, эсингизда бир умр қоларли иш бўлар эди-да.
– Кетдик. – деди.
Биз мезбонларга қуюқ ташаккур айтиб, шу ернинг ўзидан Хивага жўнадик.
* * *
Владимир Солоухин билан кеч соат ўнлардан ошганда Ичон қалъа олдига келдик. Осмон тиниқ, ойдин. Отадарвоза берк экан, қиялаб очдим. Ой нури тушмаётганидан кираверишдаги икки томони дарвозали катта даҳлиз қоронғида андак ваҳимали кўринади. Ичкаридаги дарвозани ҳам одам сиғадиганча очиб, ичкариладик. Тўлин ой бир жойда тўхтаб, хаёл оғушида бу кўҳна заминга боқаётгандек таассурот қолдиради. Ҳаммаёқ нурафшон. Жимжитлик. Бирон одам қораси кўринмайди. Ваҳоланки, Ичон қалъада одамлар истиқомат қилади, тўй-ҳашамлар бўлади. Лекин бугун “жинг” этган сас йўқ. Бирор оғиз гап ортиқча. Владимир Алексеевич жаҳонгашта одам бўлганидан фақат “да-а” дея Кўк калта минорга ҳайратланиб боқди. Миноранинг нақшлари ой нурида янада кўкишроқ тусланиб, тарих ичкарисига тортқилайди.
Юриб бораяпмиз, қадамларимиз “тўққилди”сиям қандайдир сирли эшитилади. Мадаминхон мадрасаси, Кўк калта минор ёнидан ўтаётиб, Мадаминхоннинг фожиали ўлими билан боғлиқ тарихни батафсил гапириб бердим. Ва сўзимнинг охирида:
– 1855 йили Сарахс деган жойдаги савашда Хива хони Муҳаммад Аминхоннинг қатл этилиши боисдан битмай, қурилиши чала қолган минора бу. “Кўк калта минор” номи билан тарихга кирган, – дедим.
– Икки оғиз билан тушуниладиган эмас бу тарих. Чамамда уни яхши ўрганиб, қоғозга тушириш керак. Бу жуда катта иш бўлади, – деди Солоухин.
– Тўғри айтдингиз, Пятигорскдан Кисловодскка боришда, қаттиқ ёғаётган ёмғирдан сақланиш учун Лермонтов йўл бўйидаги бир чайлада икки соатлар чамаси тўхтаб ўтган экан. Кавказ санаторийларида, дам олиш масканларида даволанаётган, ҳордиқ чиқараётган одамларни ана шу чайлага олиб келишади. Мен ҳам бир сафар ана шундай сайёҳлар орасида бўлганим учун гапиряпман. Ўша уй ва улуғ шоир ижоди ва ҳаёти тўғрисида тушунтирувчилар мароқ билан шундай чиройли гапиришадики, уй ёдингда мўъжизавий маскан бўлиб муҳрланиб қолади.
– Сиз ҳам менга гапириб бераётганингиздек, ёзувчининг, шоирнинг тўхтаб ўтган эмас, истиқомат қилган уйи ҳақида ёзинг. Назаримда, шундай қилинса, ҳам тарих, ҳам ижодкорнинг руҳи шод бўлади.
Солоухиннинг ундови кўп йиллардан буён кўнглимга тугиб қўйган ижодий истакни уйғотиб юборди. Зиёратга келган ҳар бир зиёратчига манзират кўрсатиб, ўтмишдан хотира бўлмиш тарихий саҳифаларини очаётган ва беназир маънавий бойлигидан баҳраманд этаётган тилсимий қалъа ва унда яшаб ўтган машҳур сиймолар борасида, алоҳида-алоҳида рисолалар рақам этилиши нечоғлиқ шарафли иш эканини айни шу дамда янада теранроқ ҳис этдим.
Чап томонимизда Кўҳна Арк. Оқшом чоғидаги унинг ҳайбати, шукуҳи бошқача таассурот қолдиради. Кўҳна Арк майдонига қайтишимизда кирармиз деган фикр билан ўн-ўн беш қадамча ўтиб, ўнг томонимиздаги уй олдида тўхтадик.
– Мана шу уйда улуғ шоир, Ўрта Осиёда биринчи нотани кашф қилган олим, давлат арбоби Комил Хоразмий яшаган.
Владимир Алексеевич уйнинг томигача меҳр билан назар солди.
– Ноталари сақланганми? – деб сўради.
– Ҳа, Хоразм олти ярим мақомини, “Хоразм танбур чизиғи” деб номланган китобни бошлаб берган, кейин ўғли Расул мирзо ва шогирдлари давом эттиришган. Хаттотлар томонидан бир неча нусхада кўчирилган…
Шунинг билан то Жума масжидигача жим кетдик. Солоухин ҳам ўз хаёллари билан банд бўлди чоғи, бирор савол бермади. Мен “Танбур чизиғи” кашфиёти билан андармон бўлганча, “Хива хонишлари” шеъримни ўйимдан ўткардим.
Ойдин оқшом…
Ҳорғин хаёлларга чўмганча мудрар,
Ичон қалъадаги гумбазлар қатор.
Бу кўҳна тарихнинг қаърига судрар,
Мовий Калта минор, ҳув, Хўжа минор.
“Чапандоз” авжланиб тун бағрин тилар,
Хаёлларим тўзғитиб дер: “оҳ”ингдурман”.
Ҳофизнинг дард тўлуғ ноласи келар:
“Пажмурда бўлғон Огаҳийдурман!”
Куй тинглаб қарайман миноралару
Паҳлавон Маҳмуднинг мақбарасига.
Куйлар етаклайди авжланган сари,
Тарихнинг ичкари ичкарисига…
Х асрда қурилган Жума масжиди ёнидан ўтиб, Карвонсарой олди билан Ислом Хўжа минораси олдига келдик. Минора пойида туриб, рўпарадаги Ислом Хўжа қурдирган рус-тузем мактаби ҳақида гапиришиб турганимизда, Миноранинг кун ботиш тарафидан ёқимли қироат саси эшитила бошлади. Биз дарҳол овоз чиққан тарафга қараб юрдик. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси томон бурилишдаги уйда кимдир баланд овозда тиловат қиляпти. Ўша давр дин-у диндорларга нисбатан ўтказилаётган тазйиққа кўра, бу мутлақо тўғри келмайдиган воқеа эди. Қабристонларга бориш, жаноза ўқитишлар маън қилинган бир вақтда баланд овоз билан Қуръон тиловат қилиш жасорат эди. Лекин сокин, ойдин оқшомда чиройли қироат билан ўқилаётган оятлар шу қадар сеҳрли эдики, беихтиёр қироат эгасини кўргимиз келди. Эшик қия очиқ, чироқ нурлари қиялаб кўчага мўралар эди.
Владимир Алексеевич, ҳаяжонини босолмай, уйга ишора қилиб:
– Кирсак бўлармикан? – дея аста сўради.
Мен эшикни сал каттароқ очиб, ичкарига разм солдим. Пастак айвончада, бежирим оқ соқоли ўзига ярашган кекса одам бу дунё ғалла-ғашликларига бепарво, илоҳий бир жазба билан тиловат қилаяпти. Тасаввуф тарихидан маълумки, жазба – бу инсондаги алоҳида илоҳийсеварлик майлидир. Яна ҳам чуқурроқ ичкариласак, жазба – бандаларнинг Ҳаққа интилиши, иродани илоҳга боғлайдиган дард.
Нима бўлгандаям эшик очилди. Узун-қисқа бўлиб ичкарига кирдик ва супа четига ўтирдик. Қария бизни ё илғамади, ё ҳайиқмади, овозини бир чимдим ҳам пасайтмай, қайтанга овозини сал баландлатди. Ва ниҳоят тиловати сўнггидаги фотиҳага мен ҳам қўшилдим. Қария хушламайгина бошини биз томон бурди. Билдикки, кирганимиз ёқмади. Эртагаёқ биз уни қаматадигандек таассурот билан қаҳрли назар ташлади. Ўрнимдан туриб, салом бердим. Астагина “Ваалайкум” деди.
– Кечирасиз, Москвадан келган меҳмон билан Ичон қалъани айланиб юрган эдик, чиройли тиловатингизни эшитиб, киришга журъат этдик. Яна бир бор узр.
– Ҳа, ҳозир Москвадан келган терговчилар кўп одамларни қамаётган экан…
Таним “дирр” этди. Шу кунларда Москвадан келган Гдлян ва Ивановлар бошлиқ терговчилар гуруҳи юртга катта ваҳима солишаётган, менинг устимда ҳам қора булутлар қуюқлашиб қолган эди. Бироқ, таним қалтираганини сездирмай, мулойим оҳанг билан қариянинг сўзини бўлдим.
– Йўқ, ота, бу киши терговчи эмас, катта шоир… Владимир Солоухин.
– Ҳм-м…
– Бу киши дунёнинг кўпгина мамлакатларида бўлган, бошқа динлар тарихини ҳам яхши билади… Мен шогирд шоирман. Исмим Комил, Комил Аваз… Сизнинг исмингиз нима?
У анча жим ўтириб, кейин бошини сал юқори баландлади.
– Сўвир…
– Исмлари Совур, Собир ота, – дея тушунтирдим Солоухинга.
– Хорошо, – деди, лекин ўнғайсизлигини яширолмади.
Собир ота ўрнидан турмоқчидек қўзғалиб, уй ичкарисига олиб кирувчи ён томондаги эшикка нигоҳ ташлади. Бироқ ўзининг бу ҳаракатини адабсизликка йўйди шекилли, ўрнашиброқ ўтирди, лекин совуқроқ оҳангда сўради:
– Унга нима керак экан?
– Ҳеч нима. Фақат ҳайратини яширолмаяпти.
– Ҳеч нимадан қайпинмай, баланд овоз билан ўқиётганимданми?
Солоухин худди бизнинг суҳбатимизни тушунаётгандек, ичкин бир меҳр билан мендан сўради:
– Қария сўфийми?
Шоирнинг саволини таржима қилишимга чидами етмай, ота ўзига-ўзи гапиргандай, менга қаради.
– Бу кишим сўфий дедими? Нима, у сўфийлар ҳақида билармикан?
Мен отанинг юз-кўзларидаги равшанликдан вақтим хуш бўлиб, ўзгача меҳр билан таржима қилдим. Солоухин энди ислом ва сўфийлар ҳақида икки оғиз фикр ташлади. Унинг таржимаси шундай: “Бир қатор олимлар сўфийликни ислом билан боғлайдилар, лекин бошқа бир олимлар Одам Атонинг фарзанди, Шисни илк сўфий деб аташади”.
Шис пайғамбарнинг номини ўрис кишидан эшитган одамнинг ҳолатини шу суҳбатда қатнашмаганга бир сўз билан тушунтириб бўлмайди. Отанинг бу ботиний жазбаси Солоухинга ҳам ўтди чоғи, энди у тўғридан-тўғри отага (худди у рус тилини яхши биладигандек) қараб сўзлай бошлади.
– Сўфизмда турли йўналишлар – оқилона, орифона, ошиқона оқимлар бўлганидек, сўфийлар ҳам турли қарашлардаги ҳар хил табиатли инсонлар бўлишган, яъни зоҳидлар, орифлар, ошиқлар, девоналар, қаландарлар, донишманд файласуфлар.
Бу гапда кўп сўзлар мутлақо тушуниксиз бўлгани учун ота менга хайрихоҳона тарзда юзланди. Мен шоирнинг сўзларини борлиғича таржима қилдим. Отанинг аҳволи энди анча равонлашди ва ичкарига овоз берди. Неварасими, ўғлими нон, чой кўтариб чиқди. Ота қалбидаги хазинани кимга очишини билмай ўтирган саховатли бойдек, хушҳоллик ила тилга кирди:
– Ташаккур, Комилжон, яхши инсонни хонадонимизга олиб кириб, мени бағоят севинтирдингиз, бошим осмонга етди. Биров билан суҳбатлашмагунча, унинг кимлигини билиш қийин, Оллоҳнинг ўзи кечирсин, – ўртага хушмавзун жимлик чўкди. Ота энди дил жавҳарларини бир-бир тўка бошлади. – Худога минг қатла шукр, имоним бут, эътиқодимга мустаҳкам яшадим. Бу ёғида Оллоҳим адаштирмагай. Бир бошга бир ўлим барҳақ, лекин ҳозирги тутимда бежаноза кетишимдан қўрқаман… Мен бу киши айтганларидек сўфий эмасман. Сўфийлик тариқати оғир. Ундан оғишмай яшаш учун пири комил муршидлар барҳаёт бўлмоқликлари керак. Лекин уларни большавойлар йўқ қилиб юбордилар. Улар кўтарган қатағон қиличи бугунги кунгача устимизда ярқираб турибди. Мен аллақачон ўлган одамман. Ҳув ўттиз еттинчи йилнинг қатағонида, нуфузли эшонлар авлоди – падари бузрукворимдан ҳамда билимлар кони устозимдан айрилган кунимдан бери уларнинг руҳи билан яшайман… – сал тин олиб, Паҳлавон Маҳмуднинг бир тўртлигини ўқиди:
Беилму амал равзаи ризвон бўлмас,
Рўза, намоз бўлмаса, имон бўлмас.
Ўтмакка илож топса-да қил кўприкдан,
Кимки дилозор, мусулмон бўлмас.
У ёнидаги оқ қийиққа намланган кўзларини артди. Солоухин кўпни кўрган донишманд одам-да, индамай отага ҳамдардлик билдирганча бошини қуйи эгиб ўтирибди. Назаримда ўрнимиздан қўзғалишимиз керакдек туюлди. Хоразмча талаффузда отага мурожаат этдим:
– Сўвир ота, бир потия қилинг…
Ота илк қадам қўйиб кирганимиздагидай ложарам аҳволда эмас, балки ҳорғинликларидан фориғ бўлган, умрининг охиригача бирор кимсадан дакки эшитмайдиган, озод руҳи билан бошини баланд кўтариб яшашга иштиёқли алфозда:
– Ўтирибсизлар-да, Комилжон. Меҳмонингиз биргина Шис алайҳиссаломни тилига олдики, кўп ўқимишли, адабли, маданиятли одам экан, баракат топсин.
Шу пайт ичкаридан чой-нон олиб чиққан йигит патнисда уч коса мастава кўтариб чиқди. Ота янада очилишиб:
– Баракалло, ўғлим, кам бўлманг, – деди.
Хуллас, маставани ичиш давомида суҳбати жононни давом қилдириб, отаникидан чиққанимизда соат тунги ўн иккиларга яқинлашиб қолган эди. Шерғозихон мадрасаси ҳақида билганларимни сўзлаб, ўнг томонимиздаги бир умр елкаси ерга тегмаган машҳур паҳлавон, фалсафий шеърлар яратиб, ўзбек адабиётига бебаҳо мулк қолдирган Паҳлавон Маҳмуд мақбараси олдида бир лаҳза сукут сақлаб, ушбу тўртлигини ўқидим-да, таржимасини русчалаб айтиб бердим.
Умрнинг маъниси не, менга де, – дедим,
Ё шаъм, ё чақмоқ, ёки парвона, – деди.
Дунёга умид боғласа кимки не, – дедим,
Ё маст, ё аҳмоқ, ёки девона, – деди.
Шунинг билан қадимий тош йўлак бўйлаб тепага, Расул Мирзонинг уйи олдига келдик.
– Мана бу уй Комил Хоразмийнинг ўғли Расул Мирзо яшаган хонадон. Расул Мирзо ҳам катта шоир, моҳир созанда. Ичон қалъага илк қадам қўйиб, Кўк Калта минор ёнидан ўтгач, Комил Хоразмий хонадони олдида айтганимдек, дадаси бошлаган “Танбур чизиғи” асосида Хоразм олти ярим мақомларини ноталаштирган зукко мусиқий олим.
Сўнг шу ердан ўнгга бурилиб, Комил Хоразмийнинг уй-музейи олдида оёқ илдик.
– Владимир Алексеевич, мана бу хонақоҳ, Комил Хоразмийнинг уй-музейи. Бу алломаи замон шоирнинг давлат арбоблиги ҳақида икки оғиз гапирмасам бўлмайди. Сиз яхши биласиз, 1873 йилнинг 12 августида Россия давлати билан Хива музофоти ўртасида кириш сўзи билан 18 бобдан иборат Гандимён сулҳ шартномаси имзоланади. Шартнома подшо ҳукумати номидан фон Кауфман ва Хива хони Саййид Муҳаммад Раҳимхон имзоси билан тасдиқланди. Шартномани оққа кўчирган инсон Комил Хоразмийдир.
Кауфман уни хон Ферузга мақтаган ва вазирлик вазифасига тавсия қилиб, жумладан шундай деган: “Мирзабоши русчага ҳам ихлосли эканки, тили анчагина келишиб қолди. Ҳозирда уни тилмочсиз тушунса бўлади. Бу жудаям яхши. Шу боисдан у киши бизга маъқул бўлди. Қолаверса, қайинотангиз экан. Ўйлайманки, сизга ҳам вазирлик вазифасида содиқлик билан хизмат қилади. Бизнинг у киши тўғрисида тўхталишимиз бежиз эмас. Аркони давлатда шундай садоқатли, ишбилармон кишилар бор экан, бундан бу ёнига Хива билан Россия ўртасида сиёсий келишмовчилик чиқмайди деб ўйлайман. Қолаверса, хон жаноблари, Россия давлатининг, айниқса император жаноби олийлари Александр II нинг ҳали сўзимда айтганимдек, сиздан умиди катта. Бу ерларни обод этишда, савдо-сотиқ ишларини юқори дўстона даражада амалга оширишда, маданият ва маориф соҳасида, рус тилига мослашган мактаблар очишга, малакали муаллимлар билан таъминлашга саъй қилурмиз. Истардикки, кўп ҳам пайсалга солмай, биз раҳбарият билан қисман келишиб олдик, янги вазирингиз Паҳлавонниёз Комил раҳбарлигида бир гуруҳ ходимларингизни делегация қилиб Санкт-Петербургга жўнатсангиз, ишларингиз тез ривожланиб кетади”.
Хон Феруз ўз навбатида генералга шундай деган: “Янги девонбегини дилалғиёсға бош қилиб оёқлантиргаймиз”.
Фон Кауфман хоннинг делегация сўзини тушунмай бузиб айтса-да, янгиликка, қолаверса, рус тилини ўрганишга рағбат қилди, деб ўйлабми, мийиғида кулимсирайди. Хон унинг кинояомуз кулимсираганини беэътибор қолдиради. Чунки, хон делегация сўзини атай бузиб, форсийдаги дилалғиёсга (дил додига) менгзаган эди. Ахир, давлатлар аро элчилар тайин этмоқ, аркони давлат аъзоларини ўзга мамлакатларга жўнатиб, бошқа давлатларнинг расмий меҳмонларини кутиб олмоқ ишларини атои-бобои аждод ҳукмдорлар ҳам не-не асрлардан бери юқори даражада адо этганлар, бу борада Хива хонига кўрсатманинг кераги йўқ, аммо бу маҳмадона генерал Хоразм тарихидаги қадим анъаналарни ё билмаган, ё атай менсимаган эди.
Паҳлавонниёз Комил делегацияга раҳбар бўлиб, 1874 йил Санкт-Петербургга ташриф буюрган. Император Александр II ҳузуридаги қабулдан кейин уларнинг шарафига уюштирилган зиёфат вақтида Паҳлавонниёз Комил ҳам танбур, ҳам ғижжакда Хоразм мақомларидан бир-икки куйни бадастур ижро этган. Император бошлиқ мезбонлар унинг ижросидан ниҳоятда ҳайратланишган. Император Паҳлавонниёз Комилдан Ферузнинг забардаст шоирлигини, мусиқага ҳавасмандлигини, мусиқа асбобларида яхшигина куйлар ижро қилишини эшитиб, хонга ўзгача меҳр билан муносабат билдиради ва шу базм чоғи созу нота тарихи боис гап-сўз бўлаётганидан ўтирганларни ҳайратга солиш учунми, ё бирдан саховатпешалиги тутибми, унга эман дарахтидан ишланган пианинони ҳадя қилади. Комил Хоразмий император совғаси – пианинони Петербургдан олиб келган. Ҳозирда у шу ерда, шоирнинг уй-музейида сақланмоқда”.
Шундан кейин хон Феруз мадрасаси, Кўҳна Арк майдони саҳни билан аста одимлаб кетдик. Шу жимлик асносида Хивада 47 йилдан зиёд хонлик тахтида ўтирган улкан давлат арбоби, Хоразм адабий муҳити ривожига беқиёс катта ҳисса қўшган, айниқса ҳазрат Навоий ижодини катта тарғиботчиси (1876 йилда Хивада барпо қилинган тошбосмада Алишер Навоийнинг “Хамса”си ва “Чор девони”ни босмадан чиқишига раҳнамолик қилган) забардаст шоир, моҳир созанда Муҳаммад Раҳимхон соний – Феруз сиймоси олдида бош эгдик.
Кечаси соат ўн иккилардан ўтганда Ичон қалъадан чиқиб, Отадарвоза олдида бир фурсат тўхтадик. Владимир Алексеевич қалъа томонга ўгирилиб, аста дарвоза юқорилаб бошини кўтарди ва яқингинадаги катта-катта юлдузларга қараб турди-да, мен томонга қиё боқиб:
– Шунча тарихий воқеалар, тарихий шахсларни куйинчаклик, юкиниш меҳри билан гапириб бердингиз… Нима қиласиз пахта заводида ишлаб, ташласангиз-да, тарихий асарлар ёзиш билан шуғуллансангиз бўлмайдими? – деди ва менинг жавобимни ҳам кутмай сўзида давом қилди. – Рус тилида чиққан китобингизни (“Хивинские напевы”) ўқидим, яхшигина қаламингиз бор экан. Сизнинг ўрнингизда бўлганимда ва сизчалик тарихий материаллар билан ишлаш, ёзиш имкониятим бўлганида, ўзингизни фидо қилаётган заводда бир дақиқа ҳам ишламасдим. Яна ўзингиз биласиз…
– Владимир Алексеевич, мен сизга қандай қилиб айтишни билмай юрган эдим. Мени шундайликча завод директорлигидан бўшатиб юбормайдилар. Вилоятда иккита заводда қарийб ўн беш йилдан зиёдроқ давр директорлик қиляпман, тўрт йилча вилоят хлоптрестида бош муҳандис бўлиб ишладим. Ҳозир бизнинг республикамизда “Пахта иши” деб номланган қатағон бошланди. Яхши раҳбарлар сафида мени ё қамашади, ё баландроқ вазифага ўтказишади. Лекин мен иложи бўлса, бу ишлардан воз кечиб, Москвада Олий адабиёт курсида ўқигим бор. Бу орзуим неча йилдан бери армон бўлиб келяпти. Вилоятимизнинг бош раҳбарига айтсам, завод, ишчилар ҳаётидан китоб ёзиб юраверинг, нафақага чиққанингизда, вақт ҳам, мавзу ҳам кўп бўлади дея, юмшоққина қилиб, рад жавобини берди. Агар сиз, Владимир Алексеевич, мени Москвага Олий адабиёт курсига киришимга ёрдам берсангиз, бир умр сиздан шод бўлар эдим.
– И-е, унга қандай ёрдам керак?
– Аввало, курсга қабул қилиш ёши чегараланган экан, яъни қирқ ёшгача олишаркан. Менинг ёшим ҳозир қирқ иккида. Иккинчидан, тавсиянома керак. Ёзувчилар уюшмаси аралашуви керак бўлар деб ўйлайман.
– Майли, агар шундай орзуингиз, ўқиш ҳавасингиз бўлса, мен Москвага боргач, шуғулланиб кўрай-чи. Сизни қабул қилишлари лозим ва зарур деб ўйлайман.
– Раҳмат, ташаккур, Владимир Алесеевич.
Шу гапдан кейин машинага ўтириб, Урганчга йўл олдик. Лаҳзаларда ўтиб кетган шу икки соатдан ортиқ вақт, Ичон қалъадаги сайру суҳбатимиз бир умрга татигулик тарих бўлиб қолди, чамамда.
Владимир Солоухин кўп кутдирмай жавоб хати йўллади.
“Комил Авазга! (хат рус тилида ёзилган)
Қадрли Комил!
Биз яхши учиб келдик. Москвага қайтиб келишим биланоқ, бизга кўрсатилган хуш илтифотлар ва меҳмондорчиликлар учун Сизга яна бир карра дил изҳоримни йўллайман.
ВЛК (Олий адабиёт курси) бўйича, мен обдан суриштирдим. Шу йилнинг апрель ойидан қабул эълон қилинар экан. Ҳақиқатан ёш чегараланган – қирқ экан. Лекин Сиз бемалол ҳужжатларингизни тўғрилайверишингиз мумкин, кейинчалик, зарур вақтда ректор олдига ўтаман. Масала ҳал бўлади деб ўйлайман.
Эркинга (Эркин Самандар) чин юракдан ташаккурим ва улкан салом.
Салом билан В.Солоухин
Москва, 5 январь, 1985 йил”.
Владимир Солоухиннинг ушбу хатидан бошим осмонга етди. Лекин бир ойдан кейин, аниқроғи, 1985 йилнинг 12 февралида мени Москвага чақиришди, СССР прокуратурасининг махсус ишлар бўйича катта терговчиси Майданюк мени ҳибсга олди ва Бутирка турмасига жўнатди. Москвада ҳатто Владимир Солоухин билан қўнғироқлашишга ҳам фурсат бўлмади. Ана шундай ваҳимали, алғов-далғовли давр боис, Олий адабиёт курсида таҳсил олиш қалбимда армон бўлиб қолди…
Ҳибсдан уч йил ўтгачгина озод этилганимдан кейин Владимир Солоухин билан қўнғироқлашганимизда, у менинг Олий адабиёт курсига келмаганимга ҳайрон бўлганини, асл сабабини эса, оғам Эркин Самандардан эшитганини айтди. “Пахта иши” деб номлашган бу кампаниялари бутун бир миллатга отилган тошдан бошқа нарса эмас, Комил. Бу кулфат сизни ҳам четлаб ўтмабди. Ҳамдардлигимни қабул қилинг, дўстим, – деди у. – Қирқ беш ёш Олий адабиёт курси учун катталик қилар, лекин ижод учун айни авж палла. Ёзинг, дўстим, вақтни бой берманг!”
Минг афсуским, Владимир Алексеевич билан бошқа учрашолмадик, мен Москвага борганларимда у чет эл сафарларида бўларди. Кейин вафот этганини эшитиб, энг яқин одамимдан айрилгандек, қаттиқ эзилдим. Яхшиямки, менга туҳфа қилган китоблари бор.
…“Қудуқ” шеърини илк бор эшитган пайтимдан бери эллик йилдан зиёдроқ вақт ўтибди. Ниҳоят, шоирнинг шу шеърини таржима қилдим. Худо умр берса, “Ҳукм” қиссасини ҳам ўзбекчага ўгираман. Илоҳо, шоирнинг руҳи биздан шод бўлғай.
Єудує
Туб-тубига тош ётқизилган.
Бу қудуқ кўп қадим қазилган.
Кесик ёғоч ғўлалар билан
Тенг ёнлари маҳкамланилган.
Етти кўчат чуқурлигида,
Кўринади тошлар тубида
Саёз лекин, қоп-қора уюқ,
Гўёки, сув елимдек қуюқ.
Пақир ташлаб, энтикдим бирпас…
Сув шовури, ҳув, элас-элас.
Жимирлайди пақирдан оша,
Биллур шиша каби топ-тоза.
Зилол сувдан қонди чанқоғим,
Равшанланди кўзим-қароғим.
Атроф жониб, қуёш, гиёҳлар,
Чашма обин бирга ичарлар.
Ўйлаб қолдим, бу ҳақир кўнглим
Кенг эмасдир унчалик, балким.
Ҳиммат отин минсаммикан ё,
Торга тордир, кенгга кенг дунё!
Сув улашиб, топсамми шараф,
Ё қулф уриб, қилмасам-чи, сарф.
У қоронғи тубдан шабнамни,
Олсаммикан томчи-томчилаб.
Сўнг берайми хасислик ила,
Озроқ шеърга, озроқ севгига.
Бу машъум сир мени кўп замон
Хавф-хатардан асрагай омон.
Туб-тубига тош ётқизилган.
Бу қудуқ кўп қадим қазилган.
Ён ғўлалар тўкилган чириб,
Ёпишқоқ лой бўйлатган ириб.
Қичитқи ўт босган атрофин,
Ўргимчак ҳам тўрлаган оғзин.
Ўргимчакнинг бузиб ошёнин,
Офиятин қўзғаб ҳар ёнин.
Сассиқ ўтлар устидан пақир,
Ташладим-у, сўнг тортдим, оғир…
Э, воҳ, анқиб, аччиқ бадбўй ис.
Ўртади юрагим, ажиб, ғамли ҳис.
Мен билганмас, бу сув нотаниш…
Ўтди шу пайт кекса бир дониш.
– Нега қудуқ тўзган, чириган?
– Туриб қолган, шундан айниган,
Нега чиримасин, ўйлаб кўр,
Шаффоф эди, туби кўп чуқур,
Не бўлди-ю, мана неча йил,
Халқда йўқдир бу сувга майл.
Меҳр сувин улашиб халққа,
Эзгуликдан тизганди ҳалқа.
Гўё унутдими одамлар
Қудуқ томон етмас қадамлар.
Шундан суви салқиган унинг,
Аросатдир куни қудуқнинг…
– Мен тушундим, мангу ҳақдир бу,
Буюк ҳаёт қонуни ҳам шу:
Эзгуликни улашсанг элга,
Абад тирик, азизсан элда.
Кенг ҳам нурли бўлса қучоғинг,
Майли, катта эмас, булоғинг –
Бошидасан, панд сенга минг бор,
Халқ олдига қулф урма зинҳор.
Меҳр сувин кўрмагин малол,
Кўп чуқурроқ ботириб, сув ол.
Узайсин хўп умринг кўп, илло,
Лек, қилма ўзингдан мосуво –
Илҳом, севгинг топмасин завол.
Лек чуқурроқ ботириб сув ол.
“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 7-сон