Фаластин элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликни ижобий баҳолади

Фаластин Давлатининг Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, доктор Муҳаммад Таршаҳани Тошкентда бир гуруҳ журналистлар билан учрашди.

Дипломат Фаластин ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолатини қониқарли деб баҳолади.

Қайд этилишича, икки томон ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.

Ўзбекистон ва Фаластин тарафи икки томонлама муносабатлар, шунингдек, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини мунтазам муҳокама қилиб келмоқда. Хусусан, 2018 йил 1 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрига ташриф билан келган Фаластин Ташқи ишлар ва экспатриантлар вазири Риёд ал-Маликий билан учрашган эди.

Ўзбекистон томони Фаластин халқи билан унинг ўз суверен давлатини ташкил этиш интилишлари борасида бирдам ва Фаластиннинг Яқин Шарқдаги можароларни тинчлик музокаралари ўтказиш йўли билан бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Дипломатнинг маълум қилишича, келгуси ойларда ҳам юқори даражадаги учрашувлар режалаштирилмоқда.

Элчи Муҳаммад Таршаҳани оммавий ахборот воситаларида “аср келишуви” деб аталаётган, Яқин Шарқдаги зиддиятларни ҳал этиш бўйича АҚШ томони таклиф этаётган ташаббусга ҳам муносабат билдирди.

Жорий йил июнь ойида Баҳрайн пойтахти Манамада икки кунлик учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда АҚШ маъмуриятининг Яқин Шарқ ихтилофи бўйича ташаббуси – “аср келишуви”нинг иқтисодий жиҳатлари муҳокама қилинди. Фаластин томони ушбу тадбирга бойкот эълон қилди. Элчи Муҳаммад Таршаҳанига кўра, ушбу ташаббус Фаластин халқи манфаатлариги мувофиқ келмайди.

Дипломат мулоқот асносида Фаластиндаги миллий бирдамлик масаласига ҳам тўхталди.

Элчи Муҳаммад Таршаҳани мавжуд вазиятда халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлови ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини таъкидлади.

Собир Салим