Урушдан қайтмаган ўғилларини сўнгги нафасигача кутиб ўтган барча момоларга бағишлайман
1.
Мамлакатда уруш бошланди!
Ҳўлу-қуруқ баравар ёнди!
Айниқса, Гирмон дегани Масковга етиб қолганда ёппасига “Ола-ол” бошланди. Улжон момо туну-кун Худога ёлвориб, дуо қиладиган бўлиб қолди:
− Худоё, Зокиржонимни олма!
− Худоё, биттагина ўғлимни олсанг, мен қандай қиламан?
Аммо ҳукумат Улжон момонинг дуосига қарармиди? Масковни немис оламан деб турганда бировнинг боласи битталигига қараб ўтирармиди? Исталин “Ё ғалаба ё ўлим!” деб турганда ҳукумат одам ажратиб ўтирармиди? Ҳукумат одам ажратса, раис бобонинг ўғлини урушга олармиди? Раис бобонинг ўғли урушга кетиб, Улжон момонинг ўғли қолармиди? Ҳукуматга Улжон момо ким бўпти? Улжон момонинг ўғли ким бўпти?
Хуллас, орқасига қарай-қарай Зокиржон ҳам урушга кетди. Улжон момо Зокиржоннинг орқасидан юзларини юлиб, доду-фарёд солиб қолаверди.
Улжон момо уч кеча-уч кундуз йиғлади. Улжон момога қўшилиб, ёлғизгина акаларининг ортидан уч уч қиз ҳам уч кеча-уч кундуз йиғлади. “Кўпга келган тўй”, деб, ноилож момоям кўнди. Қизларни ҳам юпатди. Ишлаш керак, далада иш кўп. Буғдойни ўриш керак, арпани ўриш керак. Урушга нон керак! Эркак зоти қолган бўлмаса. Улжон момо қизларини ёнига олиб, буғдой ўришга чиқди, арпа ўришга чиқди. Иш билан овунди. Иш билан бўлиб, дарди аригандай бўлди.
2.
Улжон момо туну-кун Дилмуроднининг йўлини пойлайдиган бўлди. Ана шу Дилмуродни кутиб кунлар ўтди, ойлар ўтди.
− Кўчанг куйгур, Дилмурод пўшта, Зокиржонимдан хат-хабар борми? − дейди Улжон момо Дилмуродни узоқдан кўрганидан.
− Қарғаманг, моможон, қарғаманг, кеп қолар, − дейди Дилмурод “пўшта”. − Бир куни ўзим яхши хабар олиб келаман. Ҳар куни йўлимга чиқиб ўтирманг-да. Уйимизга ҳам хат сўраб борманг, момо! Зокиржон акамдан хат келмаётганига ўзим ҳам хижолат бўлаяпман. Хат келса, ўзим чопиб-чопиб келаман. Сиз суюнчини тайёрлаб қўяверинг!
Унинг йўлига чиқиб ўтираверади, Улжон момо, Дилмуродни кутиб ўтираверади. Дилмурод “пўшта” ўғлидан олиб келадиган хатни кутиб ўтираверади.
3.
Олти ой деганда Дилмурод “пўшта”нинг ҳовлиқиб-ҳовлиқиб келаётгани кўриниб қолди. Узоқдан қўлидаги хатни силкитиб-силкитиб келаётгани кўриниб қолди. Улжон момо унга қараб чопаверди-унга қараб чопаверди. Кошки, Дилмурод “пўшта”га етолса! Кошки, Дилмурод “пўшта”га етиб бўлса! Ниҳоят, Дилмурод “пўшта” унга етганда Улжон момо унинг қўлидан хатни олди-ю, олдин хатни, кейин Дилмурод “пўшта”ни ўпа кетди-ўпа кетди.
− Айланиб кетай, сенгинадан! − деди Дилмурод “пўшта”дан минг айланиб-минг ўргилган Улжон момо.
− Ўлай сенгина боламга! − деди Дилмурод “пўшта” учун минг ўлиб-минг тирилган Улжон момо.
“Қўйинг, қўйинг”ига қарамай Улжон момо Дилмурод “пўшта”нинг хат солиб, кўтариб юрадиган халтасини туршакка тўлдирди. Бир кўзига майиз-у, жийдалардан ҳовучлаб-ҳовучлаб солди. Охирида Улжон момо қизларига ҳам бермай яшириб ўтирган саккиз дона оқ қандни Дилмурод “пўшта”нинг чўнтагига солди. Ана шу саккиз дона қанд Дилмурод тайинлаган суюнчи бўлди.
− Чойга солиб ичасан, болам. Ярмини энангга бер! Энангга салом айтгин мендан, хўпми? Ҳа, момогинанг айлансин сендан!
Хат олиб келганидан ўзи ҳам суюниб, юзи ёруғ бўлиб кетди, Дилмурод “пўшта”.
4.
− Мен ўқийман! − деди катта қиз Зумрад.
− Йўқ, ўзим ўқийман! − деди ўртанчаси Анзурат.
− Илтимос, мен ўқийин! − ялинди кенжаси Зулхумор.
− Қайсинг бўлсанг ҳам ўқи! − деди сабри чидамай Улжон момо. − Ичим ёниб кетди-ку?
Хуллас, навбат билан ўқидилар, Зокиржоннинг хатини. Навбат билан йиғладилар.
“Ассалому алайкум, энажоним ҳамда сингилжонларим. Соғ-саломат юрибсизларми?
Энажон, мен соғ-саломатман. Мендан асло хавотир олманг! Хат жўната олмаганимга хафа бўлиб юргандирсиз? Хат ёзишга вақт йўқ. Уруш-да, энажон, уруш. Қирғин-баротга ҳам ўрганиб қолдим. Ҳатто битта зўр медол ҳам беришди, эна. “Жасурлиги учун”, деган медол. Аммо немисларди додини беряпмиз, эна. Энди Гирмонга қараб юряпмиз, ҳадемай уруш тугаб қолса керак. Камандирлар шундай деяпти. Энди насиб бўлса, уруш тугаса бораман. Ана шунда кўнглим кимдалигини ҳам айтаман, эна. Унгача сингилларимни эҳтиёт қилинг!
Зумрадхон, Анзуратхон, Зулхуморжонларим, сизлар энамди эҳтиёт қилинглар! Ҳадемай соғ-саломат кўришамиз.
Салом билан жангчи Зокиржон Давлатов”.
Улжон момо Зокиржон Давлатовдан хат келганига бир суюган бўлса, немиснинг шашти қайтганига икки суюнди. Ўғлининг соғ-саломатлигини билиб, уч суюнган бўлса, боласининг бировда кўнгли борлигини айтганига ўн суюнди. Хатни яна бошқатдан ўқитди. Ҳар бир қизига икки мартадан ўқитгач, кўнгли жойига тушди.
− Худога шукр, соғ-саломат экан, − деди Улжон момо. − Насиб бўлса, келганидан тўйни ҳам бошлайдиганга ўхшаймиз.
− Вой, акам “кўнглим кимдалигини ҳам айтаман”, дебди, кўнгли кимда экан, сен билмайсанми, Анзурат? − деди кулиб Зумрад.
− Билмадим-а, опа, ҳойнаҳой бирга ўқиганларидан бирортаси бўлса керак, − деди Анзурат.
− Мен биламан, у қўшнимиз Хосият, − деди Зулхумор. − Акам кетганидан бери “Хат ёзмадими?” деб ўн марталар сўради мендан.
− Ҳаммасини сен биласан, − деди Зумрад унга ёлғон пўписа билан. − Катталар гаплашганда аралашмай ўтиришни билмайсан, холос!
Улжон момо хатни авайлаб кўрпанинг орасига солар экан, хатдаги айрим жумлаларни такрор-такрор тилга олди:
− Қирғин-баротга ўрганиб қолдим, дейдими? Тавба қилдим-тавба қилдим, қирғин-баротга ўрганиб бўлар эканми?
Нима бўлса бўлсин, Зокиржондан хат келгани ҳайит бўлди, байрам бўлди. Улжон момонинг барча қариндошлари кечқурун йиғилиб келди, қўни-қўшни келди. Ҳамма хатни бир мартадан ўқиб кўрди. Ҳамма шод бўлди, хуррам бўлди. Улжон момо ўғли урушда қаҳрамон бўлгандай ғўддайиб ўтирди. “Ана шундай ўғилни биз туғиб қўйганмиз”, дегандай ҳурпайиб ўтирди. Улжон момога ҳавас билан қараб ўтиргани нечов бўлди, боласидан хат олмаётганидан кўзи нами нечов бўлди.
5.
Кетган Зокиржондан келганиям шу бўлди. Улжон момонинг ўғлидан олганиям шу бўлди. Қайтиб на хат келди, на хабар.
Дилмурод “пўшта” Улжон момонинг уйи олдидан чўчиб ўтар бўлди, Улжон момони кўрса, ундан қочиб ўтар бўлди. Узоқдан кўрганидан хат сўрар бўлди-да, Улжон момоям. “Йўқ”, деса важоҳати ҳам урадиган бўлди-да, момонинг. Кошки, Улжон момо урмаган билан бошқалари урмай, тек турган бўлса? Неча-неча момолардан калтак еди, бечора Дилмурод “пўшта”, неча-неча боболардан ҳасса еди. “… Унақа хат келса, менинг айбим нима?” дейди бечора. Неча марта ташлаб қочди, шу хат ташийдиган халтасини отиб. Неча марта “Шу ишни қилмайин”, деб ялинди Дилмурод бошлиғига.
− Ким қилади? Соғлар урушда бўлса. Ўрнингга кимни олайин? − деди бошлиғи.
− Ҳа, ҳамма соғлар урушда, мен эса бир чўлоқман, − деб йиғлади, Дилмурод “пўшта”. − Соғ бўлсам қани эди, урушга кетган бўлсам қани эди, бундан кўра.
− Хафа бўлма! − дейди бошлиғи ўзи Дилмуродни хафа қилиб қўйганидан юраги сиқилиб. − Сен Ватан учун меҳнат қилаяпсан. Сен, … сен ғалабани яқинлаштиряпсан!
Неча марта хат қопини отган бўлса, шунча марта қайтариб олиб, елкасига осади, бечора Дилмурод “пўшта”. Чунки бу ишни қиладиган бошқа одам ҳақиқатдан ҳам йўқ қишлоқда. Индамайгина хат қопини елкасига осиб … “Ғалабани яқинлаштиргани” кетаверади.
6.
− Уруш тугар эмиш!
− Кўп шаҳарни олишибди, бизникилар!
− Ғалаба яқин эмиш!
− Берлинга бориб қолишганмиш!
Дунёда бундан ҳам катта хушхабар бўлар эканми?! Ана энди Улжон момолар бир жойда ўтира олармиди? Икки қўли дуода бўлиб қолди, Улжон момоларнинг. Гитлернинг ўлимини тилаб қолди, момолар. Болалари бағрларига тезроқ қайтишини ёлвориб тиландилар, момолар. Намозларида ёвга қирон тиланди, боболар.
− Худоё, Гитлири тезроқ ўлсин!
Ана шундай кунларда хат кеп қолди, Зокиржондан.
Ана энди кўрсангиз эди, Улжон момонинг суюнганларини! Момо хатни бир кўзларига суртади, бир бошига. “Ўқиб бер”, деб қизларга навбат билан тутади. Кошки қизлар ўқий олса! Хат ўрис ёзувида бўлади, ўрисчани ўқийдиган одам қани қишлоқда? Ўрисчани ўқишга биронтада савод қани? Ундан яхши хабар кутиб, хатни такрор-такрор ўпади, Улжон момо. “Ким ўқиб беради”, деб қишлоқни айланиб чопади, бечора момомиз. У пайтлари момомиз тенги боболар-у, момолар арабчани ўқий оларди. Ҳукумат ёзувни арабчадан лотинчага ўтказган, лотинчани ҳам ҳижжалаб ўқийди бу ёзувга энди ўтган болалар. Аммо бирон киши ўрисчани билмайди. Бирон киши ўқий олмайди, ўрисчани.
− Майли, ўқийдиган топилиб қолар, − дейди Улжон момо. − Ўрисчани биладиган биронта савобталаб келиб қолар.
Унгача хатни қўйгани жой тополмайди, Улжон момо. Унгача хатни қўлидан қўя олмайди. Унгача хат келганини ҳаммага айтиб юраверади, Улжон момо. Унгача кўринганга ўша хатни кўрсатиб юраверади, Улжон момо. Бахмал нимчасининг чўнтагига солиб юради, ўша хатни. Турибдими, дегандай ҳар замон-ҳар замонда ушлаб-ушлаб кўради, ўша хатни.
Хатни ўртага қўйиб, оқшомлари доира чалади, Улжон момо. Доира чалиб, уч қизни ўйинга ҳам солади. Уч қиз хатни ўпиб-хатни ўпиб, рақсга тушади. Рақсга тушиб-рақсга тушиб, ўзларини хурсанд қилиб-хурсанд қилиб, осмонларга, фалакларга учади, учта қиз.
− Қайтаяпман, деб йўлга чиққанини ёзган, − дейди Зумрад.
− Қаерга етганини ёзган, − дейди Анзурат.
− Ҳеч бирингиз билмадингиз, − дейди Зулхумор. − Унда акам ўша, севган қизининг исмини ёзган.
− Ҳаммасини сен биласан, − дейди севиниб, Улжон момо. − Ҳаммасини сенгина пучуқ биласан.
Қизлар хатни бири олиб, бири қўйиб, ашула айтиб, ўйнайди:
− Осмондаги самолёт, қанотингни пастлаб ўт,
Мен акамни соғиндим, акамдан хат ташлаб ўт!
Қизларнинг ашуласига доирасини чалиб, Улжон момо ҳам жўр бўлади:
− Осмондаги самолёт, майлига пастлаб ўтсин,
Хати қўлда, акангни ўзини ташлаб ўтсин!
Қизлар хатни ўпиб, ашула айтиб, хатни ўпиб, рақсга тушиб, неча-неча тонгларни оттирдилар, неча-неча кунларни боттирдилар. Улжон момо хатни қизлар йўқотиб қўйишидан қўрқиб, ҳали у ёққа яширади, ҳали бу ёққа. Кўринганга берадиган саволи битта:
− Ўрисчани ўқий оласанми?
Кошки, қишлоққа биронта ўрисчани ўқий оладиган одам келса. Кошки, бригадир Улжон момога бир кунгинага жавоб берса-ю, момо шаҳарга, “ваянкамат” деган жойга бориб, хатни ўқитиб келса. Аммо бригадир жавоб бермайди. Далада иш кўп. Қишлоқда эркак қолмаган. Ҳамма иш Улжон момога ўхшаган аёллар ва ўсмирларга қолган. Булар ишламаса, ғалаба яқинлашмайди.
Булар далага чиқмай қолса, Гитлер ўлмайди.
7.
− Аскар келди!
− Аскар келди!
− Жўрақул бобонинг ўғли Жўрабек битта оёқда кепти!
− Соппа-соғ кетган шўрлик қўлтиқтаёқда кепти!
− Бир оёқда бўлсаям битта аскар келибди, − деди Улжон момо. − Ана энди уруши тугайди, насиб бўлса. Менинг Зокиржоним, тўрт мучаси соғ келади.
Бир оёқли Жўрабекни катта-кичик кўришга келди. Ҳовли момойга тўлди. Ҳовли бобойга тўлди. Келган борки, кўриша солиб, ўзининг одамини сўрайверди:
− Ўғлимни кўрмадингми, Шодмонқулни, бирга кетгандиларинг?
− Менинг ўғлимни-чи, Ашурни, “Жўрабек билан биргамиз”, деб хатида айтганди?
− Жўрабек, мабодо Салимбой укамни кўрмадингми, урушда?
− Балки Абдусаттор акамни кўрган чиқарсиз, Жўрабек ака?
Миқ этмайди, бу Жўрабек. Бировнинг боласини “Кўрдим”, демайди. Нима бало, немис билан бир ўзи урушганми, бу Жўрабек?
− Шунча йил урушда юриб, бирорта ўзбек билан кўришдингми, Жўрабек?
Жўрабек, газета қоғозига мохорка ўраб, папирос чекишдан бошқани билмайди. Бошини сарак-сарак қилишдан бошқани билмайди. Қовоғини очмайди.
− Уни сўрасанг, кўрмадим, деса? Буни сўрасанг, кўрмадим, деса? Ҳавойи бўп қопти, бу Жўрабек!
− Э, бу ҳавойи эмас, ёввойи бўп қопти!
− Бошқа гапни қўй, Жўрабекжон, бу момоларинг ҳар нарсани гапираверади, − деди Улжон момо. − Сен бошқа гапдан гапир! Ўрисчани ўргандингми? Ўрисча хатни ўқий оласанми? Зокиржондан бир хат келган, шуни ўқиб бера оласанми?
Жўрабек Улжон момога бироз тикилиб турди. Умрида Улжон момони энди кўргандай.
− Ложис, бегом, истрилай. Бошқасини билмайман, − деди Жўрабек. − Аммо ўрисча сўкиш керак бўлса, лубойини боплайман.
Чўнтагидан рўмолча, рўмолчадан тугунча, тугунчадан мактубни олиб, авайлаб узатди, Улжон момо. Жўрабек устидаги ёзувлари ўпаверилганидан ўчиб кетган учбурчак хатнинг букламларини оҳиста очиб, кафти билан ғижимларини ёзди. Секин хатнинг тепасига кўз югуртирди. Улжон момо унинг оғзидан бир хушхабар кутиб, Жўрабекнинг рангу-рўйини диққат билан кузатди.
− “Здраствуйте, Улжон Давлатова”, − Жўрабек бошини кўтариб, Улжон момога қараб бир кулди. − Камандиридан экан.
Жўрабек кулдими, уч кундан бери қорасини кўрсатмаётган қуёш чиқдими, Улжон момо билмай қолди.
− Камандиридан бўлса, Зокиржонимди мақтаган чиқар, − деди хурсанд бўлиб. − Яна биронта медол бердимикан? Балки ордин бергандир? Давомини ўқи-чи, Жўрабекжон!
Жўрабек давомини ўқий бошлади:
− “Ваш сын героически погиб”.
Ана шуни ўқиб, мунғайиб қолди Жўрабек, қорайиб қолди Жўрабек. Яна қоғозга мохорка солди.
− Гирой бўлибдими? − сўради кимдир, “героически” деган сўзга сал тушунган бўлиб.
− Биздан ҳам гирой чиқсин-да, − деди бошқаси кўкрагини бир кўтариб қўйиб.
− Гапир, болам, нима бўпти? − сўради, Улжон момо Жўрабекнинг авзойи бузилганидан қўйнида совуқ бир илон ўрмалаб. − Камандири нима депти?
Индамайин ўрнидан турди Жўрабек. Таёқларига суяниб, уйга қараб юрди. Кейин қўлтиқтаёғи билан ягона оёғига қарсиллатиб урди. Кейин орқасидан бақрайиб қолганларга алам билан тикилди. Каловланиб турган Улжон момога қараб бақирди:
− Пагиб дебди, пагиб, момо! Камандири пагиб дебди. Нимага тушунмайсиз, момо, ахир … шўрингиз қуриб қопти-ку?!
Улжон момо барибир ҳеч нарсага тушунмади. Жўрабек қўлтиқтаёқларини улоқтириб, бўсағага ўтириб олди. Энди Жўрабекнинг овозлари хириллаб-хириллаб чиқди:
− Ҳалок бўпти Зокиржонингиз! Қаҳрамонларча ҳалок бўпти, Улжон момо!
Улжон момо ана шунда бир уввос тортди:
− А-а-а-а-а! Боламдан айрилибма-а-а-ан!
Кейин ерга ўтириб, осмонга қараб нола қилди:
− Вой, до-од! Художо-о-о-он! Зокиржонимдан айрилибма-а-ан!
Қўшилиб, дод деб йиғлайверди, қолган момолар. Фарёд солиб, ўз ўғилларининг отларини айтаверди, қолган момолар…
8.
Эҳ-ҳе, бу гапларга оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, етмиш йилча бўлиб қолди.
Улжон момонинг кенжаси, Улжон момо пучуқ деб эркалайдиган Зулхумор ҳам роса саксон ёшга тўлиб қолди.
Улжон момонинг ўзи ҳам тўқсон бешда дунёдан ўтди. Тўқсон бешида ҳам шўрлик икки кўзи очиқ кетди. Тўқсон бешида ҳам шўрлик уйидан чиқиб, ўғли кетган катта кўчага термулиб ўтирди. Кеп қолар, деб Зокиржонни кутди. Зокиржон деб йўл қаради, Зокиржон деб қон ютди.
Ўша, Жўрабек “Пагиб” деганидан кейин биров кўрмади, Улжон момонинг кулганини. Ўша хатнинг “қора”лигини билганидан кейин биров эшитмади, Улжон момонинг доира чалганини. Шундан кейин биров кўрмади кўкдан бошқа кийим кийганини, момомизнинг. Шундан кейин биров кўрмади, тўй-ҳашамга борганини, момомизнинг.
Улжон момо тўқсон бешга кирганида невараларининг сони роппа-роса ўттизта бўлган эди. Чеваралари бир кам юзта эди, Улжон момонинг.
Аммо жон чиқарда кўзи қуёш ботар томонда бўлди, Улжон момонинг. Шу томонга кетган эди-да, Зокиржони.
Жон чиқарда Улжон момонинг тилида ўғлининг оти бўлди.
Бир ўғилнинг ўрнини босмади, ўттиз невара.
Бир ўғилнинг ўрнини босмади, тўқсон тўққиз чевара.
Ақалли уйланмаган эди, Зокиржон.
Кўнглидаги кимлигини айтмаган ҳам эди, Зокиржон…