Куз эди. Эрталабдан ёмғир ёға бошлади. Дарахтларнинг узун шохларидан томчилар югургилаб оқиб тушар ва кўпчиган хазонлар қоплаган тупроққа чак-чак томар эди. Осмондаги қорамтир майда булутлар бирлаша бошлаган, баъзилари пастроқда тезроқ сузар, юқорироқда бошқа тур булутлар зичлашиб келар, хиёл очиқ ораларидан нима учундир кулранг тусдаги осмоннинг бир парчаси кўринарди. Балки у ҳам кулранг булутдир, бир неча қатлам булутлар уст-устига мингашиб келгани учун шундай кўринаётгандир?
Бугун ҳайвонот боғига боришни режалаштирганман. Сабаби, боққа куни кеча катоблепас деган фавқулодда ажойиб бир жонзот олиб келинибди.
У ҳақда биринчи бўлиб бундан икки минг йил аввал юнон файласуфи Плиний хабар берган экан. Кейинчалик эса, Флобернинг “Муборак Антонийнинг тубанлашуви” деган асарида тасвирланган бу афсонавий жонзотнинг сайёр боғда пайдо бўлиши қизиқ эди. Айтишларича, уни Ҳабашистон ўрмонларида топишган, катта шаҳарларга олиб келиб, кўпайтиришга муваффақ бўлишган. Шунинг бир қанчаси томоша учун турли мамлакатларда олиб юрилган экан.
Плинийга кўра, катоблепас жуда бесўнақай махлуқ. Боши оғир ва катта бўлади. Кўпинча ўз бошини ўзи кўтаролмай юради. Унинг ҳамма ваҳшати кўзларида, вазмин қовоқларини аранг кўтариб қараса, у қараган жонзот ўша заҳоти тил тортмай ўлади, дейишади.
Катта ойнаванд эшикдан ичкарига кириб, кенг-мўл томошахона адоғидаги янаям кенг бир саҳнда катоблепасни кўргач, аслида ундай эмаслигини тушундим.
Бу – кичкина гавдали, аммо бўйни узун ёқимтойгина жонзот эди. Кўзчалари ғоят мусаффо, нимаси биландир ёш боланинг кўзларини эслатади. Бармоқчалари ҳам жажжигина, оч пушти тусда экан. Узун киприкларини пирпиратиб одамларга қарар, кўрган одам беихтиёр уни ёқтириб қоладиган даражада масъум… тавба, бу пушти махлуқчада Плиний ёки Флобер айтиб кетган ваҳшатни кўрмадим.
– Бу катоблепас эмас-ку, – дедим ҳайрон бўлиб.
Боғ хизматчиси кулимсираб тушунтирди:
– Катоблепас – аслида катта судралувчилар оиласининг бир бўғини, замонлар ўтиши билан ўзгариб, шу аҳволга келиб қолган бўлишиям мумкин. Ёки, бир турга мансуб ҳайвонларнинг ҳар хил кўринишлари мавжудлигидан хабарингиз бордир? Бу – катоблепаслар оиласининг шунақа беозор кўринишдаги бир вакили.
– Ҳа, тўғри айтасиз, – дедим тасдиқлаб. – Ғалати хусусияти бор дебсизлар, нима экан у хусусият?
– Кутиш керак, – деди ҳайвонот боғининг хизматчиси, соатига қараб олиб. – Бунақа ҳодиса ҳар замонда бир рўй беради. Баъзилари мана шу метаморфозага етиб келолмай ўлиб кетади. Умуман жуда нозик, ҳиссиётли жонивор бу. Ҳозир ўзингиз ҳам гувоҳи бўласиз.
– Бизни кўриб, ётсирамайдими?
– Овоз чиқариш керак эмас, – деди хизматчи. – Бу ерда махсус ойна ўрнатилган, сиз уни кўрасизу аммо у сизни кўрмайди. Лекин овозларга жуда ҳассос, салгина тажовузни, заррача зулмни дарров сезади, хиёл ёлғонни ҳам пайқайди. Умуман, жуда ҳассос, раҳмдил, меҳрибон ҳайвон бу. Заифлиги учун исёни ҳам бошқача.
Пуштиранг махлуқчанинг истиқоматгоҳи ташқарининг табиатига уйғун эди. Ажабки, бу ерда ҳам ёмғир томчилаётган экан. Атай шундай қилинибдими деб хайрон бўлдим, кейин қарасам, саҳннинг усти очиқ, булутлар шу ердан ҳам кўриниб турибди. Томчилар саҳндаги дарахтлару ўтлар, қизғимтир тарам-тарам тошлар устига томмоқда. Совуқ унчамас, ёмғирнинг салқини этни жунжиктиради, аммо ёқимли, одамни тетиклаштирадиган салқин.
Ойна олдига қатор юмшоқ курсилар териб қўйилган экан, бирига ўтирдим. Теваракда оломон тўпланган эди. Орасида башанг кийинган хонимлар, савлатли жаноблар ва уларнинг янада башангроқ бола-чақалари ҳам борийди.
Дарахтлар орасида гох шохга чиқиб, гоҳ тушиб юрган махлуқча ойнага яқин келганида, синчиклаб разм солдим.
Териси юмшоқ, майин, оқиш парлари ҳам бор экан. Нозик қизғимтир-сарғиш нақшлари кўриниб турибди. Боши гавдасига қараганда анча катта, ингичка бўйни бу бошни тутиб турганининг ўзи мўъжиза. Бу боғда бизлар кўравериб кўникиб кетган бошқа ҳайвонлар ҳам бор, улар аллақачоноқ одамларга қизиқарли бўлмай қолишган. Бўри, айиқ, шер, қоплон, тимсоҳ каби ваҳшийларнинг симкатаклари олдига ҳам шу оломон келиб болаларига томоша қилдиради, майда-чуйда егулик ташлашади.
Катоблепас ўсимлик емайди. Унинг ризқи эрталабки шудринг ва ўрмонда ўсадиган ғалати бир гиёҳ. Емишини опкелишганми десам, унақа нарса кўринмади. Қизғиш тошсаҳн тугаган ерларда ўзимиз билган оддий манзарали ўт-ўлан ўсибди.
Пуштиранг махлуқча ёмғир томчиларига қўлчасини чўзди. Томчилар кафтига тушганидан хурсанд бўлди шекилли, бирданига ингичка, аммо жудаям ёқимли овоз билан куйлай бошлади.
Ажойиб куй эди бу. Бунақа куйни умрим бўйи эшитмаганман. Ҳаёт сурури, фароғатлари, ёмғирнинг ёғишига мадҳия каби, паст овозда, берилиб-берилиб куйларди у. Ёмғирлар ёғмоқда, бепоён ўрмонлар, ниҳоясиз яшил-сарғиш далалар бирдай чайқалмоқда. Ўтларнинг поялари эгилиб-эгилиб қолмоқда. Кулранг самода булутлар ёқимли шу ҳаёт ёмғирини ер юзига авайлаб ёғдирмоқда. Куй одам онгида хаёл уйғотади. Лекин бунақа тиниқ, гўзал хаёл уйғотадиган куйни энди-энди эшитмоқдаман. Бу куйда теваракка, ёмғир томчиларига, шу томчиларда титраётган япроқларга, ҳўл тупроқларга муҳаббат ва шукрона тўла эди. Балки у ўзи чиқараётган овознинг шунақа маъно уйғотаётганидан бехабардир? Тиниқ маъюс кўзчаларига қараб туриб бу хаёлимга ўзим ишонмадим – мендан кўра кучлироқ ҳис қилмаса, бундай ажойиб куйни чала олармиди?
– Бу жонзот ҳиссиётни яхши кўради, – деди боғ хизматчиси, яна. – Айниқса, баҳор билан ёзда ажойиб куйлар куйлайди. Баҳордаги куйини эшитмабсиз-да… шунақанги жўшади-ки… Кузда эса изтиробга чўмиб қолади. Қаранг, ҳозир сарғайиб кетган япроқларга қараб юм-юм йиғласа ҳам ажабмас. Қизиғи шундаки, ҳиссиётни яхши кўргани билан ўзи унга бардош беролмайди. Изтироби кучайганида эса, ҳеч чидаёлмаганидан ўзини-ўзи еб ҳам қўяди!
– Йўғ-э, қанақа килиб ейди? – ишонқирамадим мен.
– Оддийгина, ҳамма тўртоёқлиларга ўхшаб тишлари билан узиб-узиб ейди, – деб тушунтирди хизматчи. – Айтдим-ку, жуда ноёб ҳодиса деб? Салдан кейин изтиробга тушганини кўрасиз, бу нусханинг изтироби ҳақиқатан ҳам кучли бўлса, унда ғайриодатий бир ҳодисани томоша қиласиз.
Кузнинг тилларанг япроқлари орасида кезиб юрган шу пуштиранг махлуқчани бир мен эмас, ҳамма ёқтириб қолди.
– Қачон бошланади ўзи томошангиз? – деб бетоқатланди тилла тақинчоқларига тўлиб кетган қарироқ бир аёл, боёнларнинг онаси бўлса ажабмас. – Озмунча пул тўладикми, ҳали невараларимга шерни, филни ҳам кўрсатишим керак.
– Бироз сабр қилақолинг, айтдим-ку, бу жуда кам учрайдиган ҳодиса, – деб тушунтирди мулойим хизматчи. – Фақат овоз чиқарманглар, илтимос. Овоз чиқарсангиз, сизларнинг борлигингизни билиб, ўзини ўзи ейиш ўрнига ёрдам сўраб илтижо қила бошлаши ҳам мумкин. Унга умид берадиган ҳеч нарса бўлмаслиги керак.
Анча кутдик. Ёмғирнинг томчилаши остида қизил тош ётқизилган топ-тоза саҳн хира йилтирар эди.
Салдан кейин чап томондаги ўтлар орасидаги кичкина эшикча очилди, кимнингдир қўли кўринди, у оёғи бойлаб қўйилган қуён боласини авайлаб ҳўл саҳнга қўйди. Қуён боласи ҳали мурғак эди, қопқора нам кўзларини атрофга саросима ила аланглаб, тушовдан халос бўлишга уриниб бир-икки силтаниб кўрди, афтидан, ингичка чилвир маҳкам бойланган эди, шу боис халос бўлолмади. Бу орада саҳн адоғидаги оқ тошлар орасидан бир неча қулоч келадиган йўғон бўғма илон чиқиб кела бошлади.
Илонларнинг кўзи кўр бўлишини биламан. Фақат иссиқ қонли жонзотларни пайқай олади, холос. Чиқиб келгани заҳоти у қуён боласининг турган ерини бехато аниқлади. Лекин шошилмади, жойида бир муддат жим турди. Ора-сира тилини чиқариб, ниманидир ўзича чамалар ҳам эди.
Пуштиранг махлуқча унинг чиқиб келганини дарҳол сезди. Хатти-ҳаракати ўзгариб қолди. Ҳуркиб-сакраб нари борди, саросимага тушгани ҳаракатларидан билинар эди, шошма-шошарлик билан бесўнақай уриниб, дарахт шохига чиқиб олди.
Дир-дир титрар эди у.
– Илондан қўрқади шекилли, – дедим пичирлаб.
– Ваҳший неки бор, баридан қўрқади, – деди хизматчи. – Қанақадир савқи табиий билан ваҳшийлик табиатини аниқ илғаб оладиган хусусияти бор. Изтиробининг кучли ёки кучсизлигига қараб турли-туман йиғлайди. Гап унинг ўзини-ўзи еб қўйишида ҳам эмас, аслида дард чеккан одам ҳам ўзининг ич-этини емайдими? Турли-турли йиғлашининг оҳанглари дунёда ноёб ҳодиса. Чунки бир оҳангни сира такрорламайди. Ғалати нолалари бор унинг.
– Илон унга даф қилмайдими?
– Йўқ, илон уни емайди, илонга ёқмайдиган нимасидир бўлса керак, – деб жавоб қилди хизматчи.
– Ажойиб экан-ку, – дедим ҳайратим ошиб. – Ўзини-ўзи еб қўйса… ҳалок бўлмайдими?
– Йўқ, анчадан кейин панжалари яна қайтадан ўсиб чиқади, – деб жавоб қилди хизматчи.
– Қаранг, қаранг! – деди хизматчи, унинг ҳам ҳаяжонланаётгани кўриниб турарди.
Қуён шу яқин орада турган кушандасини сезди шекилли, дир-дир титрай бошлади. У одамнинг раҳмини келтирадиган даражада масъум ва хуш эди. Ҳамма жонзотнинг боласи ҳам янги, хуш, ёқимли бўлади, ҳатто янги униб чиққан япроқнинг тоза рангларидан завқланамиз-ку, қуён боласи ҳам шунақа эди. Қўлчаларини бир-бирига саросима ичида ишқалайди денг. Нима қиларини билмаётгани шундоққина кўриниб турибди.
Башанг оломон ҳам жим, нафасини чиқармай томошани кутмоқда.
Илон бир муддат мўлжал олиб турди, кейин қуён боласи томон бир текисда судрала кетди.
Буни судралиш десам хато бўлади. Ҳаракатлари уйғун, тез, чиройли эди. Бир неча сония ўтмасидан мурғаккинанинг яқинида пайдо бўлди. Аммо ўлжасига ташланмади, балки яна бир оз кутди, кейин нима учундир иккита ҳалқа ҳосил қилиб ўралди-да, бамайлихотир бошини кўтарди. Бош томонидаги илк ҳалқаси катта ва йўғон, думга яқин иккинчи ўрами эса кичик ва ингичка эди.
Дарахт шохидаги катоблепас бу манзарага даҳшатга тушиб қараб турар эди.
Жажжи вужуди дир-дир титрар эди. Аввалига саросималаниб қолди, у ёқдан бу ёққа питир-питир чопди. Гоҳ-гоҳ тўхтаб, ўлжасини ютишга ҳозирлик кўраётган илонга қўрқа-писа қарар эди.
Кейин бирданига йиғлай бошлади. Мунчоқ-мунчоқ кўзчаларидан дув-дув ёш оқарди. Жажжи панжаларини кўзчаларига ишқаб-ишқаб, панжалари орасидан илонга қараб-қараб, изтиробли-изтиробли йиғлар эди у.
– Э тавба, – дедим, тонг қолиб.
– Шошманг, шошманг, ҳозир кўрасиз, – деди хизматчи пичирлаб.
Илон бирданига қаддини кўтарди. У ёқдан-бу ёққа аланглаётган жонивор негадир тек қолди. Нам кўзчаларидаги саросима ва қўрқув ҳам ғойиб бўлиб, итоаткорлик ва мутеълик ифодаси сезилди. Илон нимагадир шошмас эди. Балки унчалик оч эмасдир? Қуён боласи ажаб бир бўйсуниш билан кушандасининг қаршисида қимир этмай турарди. Бу тур газандалар ўлжасини сеҳрлаб қўяди дейишади-ку, балки ҳозир ҳам шундай бўлгандир? Пуштиранг махлуқча энди қаттиқ овоз чиқариб йиғлай бошлади. Йиғиси ҳам куй эди. Шунақанги мунгли, изтиробли куй эдики, юрак-бағрим эзилиб кетди. Теварагимга қараб, йиғилган олақуроқ оломоннинг ҳам кўзлари ёшланганини кўрдим.
Ҳамманинг юрагини эзиб юборган эди бу жажжи ҳайвон.
Илон шошмасдан қуёнболасининг атрофида ҳалқа ҳосил қилиб ўралди, кейин яна ўша виқор ва ишонч билан бамайлихотир бу жажжи жонзот узра юксалди.
Шунда пуштиранг махлуқча сакраб дарахтдан пастга тушди-да, илонга яқин келди. Узун чиройли бўйнини чўзиб, тўсатдан… юм-юм йиғлаганча ўзининг олдинги панжаларини ғажий бошлади.
Ҳамма донг қотиб қолди!
Ажабо, илонннинг диққатини тортиш учун шундай қилдими?
Илон бегона шарпани сезиб, ҳаракатини тўхтатди, бойламини бўшатди, қуён боласи ундан халос бўлиб, силтана-силтана нари қочди ва илоннинг дум тарафига яқинлашди. Ҳали мурғак дедим-ку, ҳозиргина ҳаётига таҳдид қилган хавфни унутиб, тўсатдан кушандасига бир-икки суйканди-да, илон танасининг дум тарафидаги ҳалқасига юзчасини қўйиб, ғужанак бўлиб ётиб олди.
Пуштиранг махлуқча буни кўрди, кўзлари ёлқинланиб кетди. Бирпасда у олдинги панжаларини еб битирди.
Ажабки, қон чиқмас эди. Ёки чиқса ҳам менга кўринмадими? Махлуқча менга ёнлаб тургани учун ҳам ҳамма ҳаракатларини кўролмас эдим. Бироқ, бу шу қадар даҳшатли манзара эдики, қалбим изтиробга ва ўзим ҳам тушуниб етмаган ғалати исёнга тўлди.
– Тўхтанглар, ҳой бадбахтлар! – деб бақириб юбордим.
Пуштиранг махлуқчанинг ғуссали куйидан ва қуён боласининг тутумидаги мудҳиш ҳақиқатдан юрак-бағри эзилиб кетган оломон энди мижжаларига илиниб қолган ёш ила бу манзарага тош қотиб қараб турар эди. Кимнингдир боласи қўрқувдан йиғлаб юборди. “Эй Худо!” деган ҳайрат ва саросима тўла нолалар эшитилди.
Йўқ, қолганини кўришга юрагим бардош беролмади. “Лаънат бўлсин ҳаммангизга!” деб қичқириб, ташқарига отилиб чиқиб кетдим.
* * *
… Ёмғир шивалар, шабадаси дарахтларни чайқатар эди. Ҳозиргина яна бир эпкин эсиб ўтди. Ажабо, биргина дарахт чайқалар, қолганлари тек эди.
Қизил тош терилган саҳнга томчилар чак-чак томар, ҳар ер-ҳар ерда оқиш-кулранг кўлмакчалар ҳосил бўлибди. Кўлмаклардан сув сачратиб, бу машъум жойдан тезроқ кетиш учун боғ ташқариси томон югурдим.