Машинанинг орқа ўриндиғида хаёл суриб бораётган Зумрад йўл четида ўтган-кетган машиналарга қўл кўтараётган аёлни кўриб, ўғлининг елкасига қўлини қўйди:
— Улуғбек болам, машинангни тўхтат!
Йигит елкаси оша онасига бир қараб қўйгач, тормозни босди.
— Тинчликми, ая, йўловчи олишни ёқтирмасдингиз-ку.
Зумрад ўғлининг саволини жавобсиз қолдириб, йўл четидаги аёлга тикилди. Кўкрак бурма кўйлаги ўзига ярашган, кўйлагига мос рангда рўмол ўраган, юз-кўзларидан ғайрат ёғилиб турган, олтмиш ёшлардан ўтинқираган онахон чаққон одимлаб машинага яқинлашди. У эшикни очиб Улуғбекка илтижоли термилди:
— Жоним болам, Тошканга олиб кетасизми?
Улуғбек онасига ўгирилиб қаради. Зумрад “чиқа қолсин”, дегандек бош ирғади.
— Ўтиринг, — деди йигит.
Аёл манглай терларини артиб, йўл четидаги қутиларга ишора қилди:
— Шу, шу десангиз юкларим борийди.
— Хўп, гап йўқ, — йигит қўлини кўксига қўйиб, машинадан тушди ва йўл четида қаторлашиб турган қоғоз қутиларни юкхонага жойлаштирди. Онахон енгини шимариб, Улуғбекка кўмаклашишга чоғланди.
— Хола, буларни бозорга олиб кетяпсизми, дейман? — деди йигит рулга ўтиргач, олдинги ўриндиққа жойлашаётган аёлга ўгирилиб.
— Вой, болам-эй, бозорга мева олиб бориш менга қоптими. Тошканда ўғлим яшайди. Невараларимни йўқлаб кетяпман.
Аёл гапира туриб, Зумрадга ўгирилиб ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
— Яхшимисиз, қизим?
— Раҳмат, ўзингиз ҳам саломатмисиз?
— Худога шукр, — деди онахон, рўмолчаси билан юзидаги терни артаркан. — Шу десангиз, мева-чевалар шира тортиб бўлдиямки, невараларимдан дарак йўқ-да… Ўғлим-ку тез-тез келиб, мендан хабар олиб кетади-я, лекин невараларимнинг вақти йўқ. Ҳали ўқиши, ҳали мусобақаси, яна бир нима баҳоналари кўп. Қарасам, боғдаги мевалар пишиб, тамом бўладиган… Ўзим насибаларини олиб бормасам бўлмайди, шекилли, деб йўлга чиққан жойим… Чолим раҳматли ҳаёт вақтларида болалардан ўзи кўз-қулоқ бўлиб турарди. Энди бу юмуш ҳам менга қолиб кетган…
— Сиздек бувиси бор болаларга ҳавасим келяпти, — дея жилмайди Зумрад.
Гап-гапга қовушди. Суҳбат асносида Зумраднинг томоғига нимадир тиқилди. Кўз олдига отасининг сиймоси келди. Отаси ҳам жуда миришкор эди…
… У пайтларда машинани Зумраднинг ўзи ҳайдарди. Болаларини тез-тез қишлоққа олиб келар, қайнона-қайнотасини йўқлагач, қизлик уйига бориб, дадасининг боғида бир-икки кун дам олиб қайтарди. Катта боғ. Дарвозадан киргач, қатор узумзор, олма, нок, олхўри, олча, беҳи ва ўриклар тартиб билан экилганди. Қўрғон атрофини мағрур мирзатераклар ўраб турарди.
Май ойида эртапишар гилосдан бошлаб, то кеч кузгача қачон келмасин, боғда албатта бирор мева пишиб ётарди. Йўлакка райҳон ва жамбиллар экилган, атиргуллар очилиб, яшнаб турарди. Боғнинг шимол тарафида ариқ бўйидаги садақайроғоч остига сўри қурилган бўлиб, эрталабдан-кечгача тангадек офтоб тушмас, қушлар чуғури тинмас, бу ерда дам олган одам, жаннатга кириб чиққандек ҳузур қиларди. Султонали ота эртадан-кечгача пешонасига оқ саллачани боғлаб боғда куймаланарди. Пишиқчилик мавсумида Зумрад болаларини қишлоққа олиб келмаса, дадаси худди мана бу онахонга ўхшаб пойтахтга отланиб қоларди.
Онаси оламдан ўтгач, дадаси янаям юмшоқ феъл, янаям сахийроқ бўлиб қолди.
— Ҳар бир яхши гапимдан, ҳар бир эҳсонимдан онангга улуш тегади, — дерди хўрсиниб. Шундай пайтда офтобда қорайган файзли юзларида ажинлари кўпайиб кетгандек, елкаси янада букчайгандек туюларди.
У вақтларда Зумрад хусусий фирмада бош ҳисобчи бўлиб ишлар, уйида тўкин-сочинлик, камчилиги йўқ эди. Бир сафар, октябрь ойи эди ўшанда, Зумрад қишлоққа шошилинч борди-ю, одатдагидек, қайнонасини йўқлагач, дадасининг ҳузурига кирди. Ота кўзда ёш билан қизини бағрига босиб, юзларига синчков тикилди, кейин узоқ дуо қилди. «Авваллари бундай эмасдилар, балки қишлоқда зерикиб қолгандирлар, — деб кўнглидан ўтказди Зумрад. — Янаги келишимда дадамларни Тошкентга олиб кетиб, уч-тўрт кун айлантириб келаман».
Зумрад шошиб турганди. Ота-бола чой устида бироз гурунглашиб ўтиришди. Зумраднинг қил устида ўтиргандай, бесаранжом эканини кўрган отаси кўзлари ғилтиллаб:
— Кетасанми, болам?.. — деди.
— Ҳа. Ишларим кўп, кейинроқ бир бемалол келиб, уч-тўрт кун туриб кетарман.
— Шунақами?.. — қулт этиб ютинди ота.
Сўнг тиззаларини уқалаб ўрнидан туриб, елкаларини қуништириб омборга йўл олди.
— Дада, ҳеч нарсага овора бўлманг, олиб кетолмайман, ҳозир, — деди Зумрад отасининг нимага уринаётганини тахмин қилиб.
Ота ортига ўгирилмай эътироз билдирди:
— Нега овора бўларканман?
Зумрад шоша-пиша кийиниб, машинаси ёнига чиқиб келганида, дадаси дарвоза ёнида турар, мева-чева солинган учта қоғоз қути, уч-тўртта шиша идишларда тузлама ва шарбатларни қаторлаштириб териб қўйганди.
— Манавиларни болаларимга олиб кетмасанг бўлмайди, — деди у.
Бир қути узумни машинага жойлаштиришгач, Зумрад қолган нарсаларни олишга кўнмади:
— Шунча мева-чевани нима қиламан, дада? Овора бўлманг, дедимку сизга. Буларни омборга қўятуринглар, кейинроқ обкетарман. Шундоғам ҳозир пишиқчилик, бозорда ҳамма нарса арзон.
Отаси илтижоли термилди.
— Невараларимнинг ризқи бу, атайлаб сен учун сақлаб ўтирибман, олиб кет, қизим, сотиб олганинг нима бўларди. Боғимнинг мевасини болаларим емаса, меҳнат қилганимдан нима фойда? — деди овози титраб. Отанинг кўзлари ғилтиллаб, соқоллари титради. Зумрад отасининг елкасига қўлини қўйиб, мошгурунч соқолли юзидан ўпди:
— Кейинроқ, дада, кейинроқ обкетаман, хўпми.
Сўнг машинасига ўтирди.
— Қизим, — деди ота унга мўлтираб қараб. — Мен ҳам ғанимат бўлиб қолдим, илинганимда олиб кетавер, ҳадемай илинчак ҳам тополмай қоласан.
Султонали ота титроқ қўлларини олдинга чўзиб, ростакамига йиғлаб юборди. Зумрад унга қараб жилмайиб қўйди-ю, машинани дарвозадан катта йўлга олиб чиқди. Кўзгуга қараганда қутилар ёнида турган отаси оқ саллачага кўз ёшларини артаётганди. «Ойим ўтганларидан кейин дадам боладай бўлиб қолдилар-да», деб ўйлади.
* * *
Бир куни ишдан қайтиб, машинасини гаражга қўйган маҳали телефони жиринглади. Укасининг хотини Наима экан. Жавоб бергиси келмади. Шу кенжа келини жуда сергап. Бир бошласа, ярим соат жағи тинмайди. Шунча гапни қаердан топади, худо билади. «Ҳозир чарчаб турибман, кейинроқ қўнғироқ қиларман…» Зумрад ичкарига кириб, толиққан оёқларига дам бериш учун диванга чўзилди. Телефони яна жиринглади. Зумраднинг зардаси қайнади. «Уф-фф, тинчлик беришмайди булар!»
— Алло! Ҳа, нима дейсиз, Наимахон?!
Гўшакдан келиннинг титроқ товуши эшитилди:
— Опа, дадам… дадамлар…
— Нима гап ўзи? Тинчликми?!
— Бирданига оғирлашиб қолдилар, тез келмасангиз бўлмайди, — дея Наима ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
* * *
Ўша куни тун ярмида ота қўрғонига кириб борган Зумрадни синглиси, келини, амма-холалари йиғлаб кутиб олишди. Ота қизининг йўлига кўз тикиб ётиб, омонатини топширганди…
Маъракалар ўтди. Зумрад юрагини тилка-пора қилган айрилиққа юпанч излаб, отасининг боғини неча марта айланди. Дарахтларни силаб-сийпалаб дардига юпанч излади. Аммо, юрагидаги бўшлиқ кундан-кунга катталашиб бораверди. У отасининг меҳрибонлигига бепарволик қилгани учун, унга меҳр қайтаролмагани учун, отасининг ҳали узоқ, жуда узоқ яшайди, деган ўйга алданиб, ғафлатда қолгани учун ўзини сира кечиролмасди. Кўз олдида эса фақат биргина манзара туриб қолганди: катта дарвоза олдида уч-тўртта қоғоз қутиларни ва шиша идишларни ёнига қўйиб олган ота қўлларини олдинга чўзиб, мўлтираб қизига термилади. Ва беозоргина шивирлайди:
— Ҳали илинчак ҳам тополмай қоларсан, болам…
…Шунга ҳам ўн йил бўлибди. Зумрад охирги пайтларда ота қўрғонини тез-тез йўқлайдиган бўлиб қолди. Боғдаги дарахтлар ҳалигача уни ўзбекона саховат билан бош эгиб кутиб олишади ва отаси йўқлигини билдирмасликка аҳд қилгандай ҳар йили новдаларида ғуж-ғуж мева тутқазишади. Зумрад ширага тўлган меваларни силаркан, беихтиёр шивирлайди: “Илинчак тополмай қоласан, дегандингиз дадажон, лекин қарангки, ўзингиздан кейин болаларингиз учун мана шундай илинчак боғларни қолдирибсиз…”
* * *
Йўловчи аёл ойнадан ташқарига термилиб, хаёл суриб келаётган Зумрадга қараб жилмайди:
— Мана етиб ҳам келдик, мен шу ерда қоламан. Яхши етиб олинг, синглим.
Аёл киссасидан пул чиқариб, Улуғбекка узатди.
— Манавини ол, болам, фақат кам демагин, майлими…
Зумрад сергакланди.
— Пулингизни олиб қўйинг опа, хафа бўламиз-а, яхшиси ўғлимни дуо қилинг, майлими, — деди илтижоли овозда.
Йўловчи аёл дуога қўл очди.
— Меваларини ичкаригача опкириб бер, — деди Зумрад Улуғбекка.
— Манави бир қути узумни сизларга илиндим, ўзимизнинг боғимиздан, болалар билан баҳам кўринглар, синглим, — деб Зумрад билан хайрлашди онахон.
Зумрад унинг ортидан қараб қоларкан, “Ишқилиб, шундай онахон-отахонларимиз бор бўлсин. Шуларнинг файзи, баракаси билан боғларимиз тўкин. Мевалар ҳам уларнинг меҳридан шира олади”, деб ўйлади. Кўз олдига яна ота қўрғони келди. Дадасининг илинчак боғидек яна бир боғ мана шу онахоннинг невараларини бош эгиб кутаётганини, бундай боғлар битта-иккитамас, жуда кўплигини ҳис этиб энтикди. Шу тобда унинг кўнглини илинчак боғлар таровати титратиб ўтганди.