Жамила Эргашева. Девор (ҳикоя)

Тўрт кун тинимсиз ёққан ёмғир ҳаммани зериктирди. Том-у тарновлардан оққан сувлар томорқаларни ҳалқоб қилди. Тошпўлатнинг назарида бу ёмғирлар томни эмас, унинг юрагини савалаётгандай тинимсиз сиқилар, бозиллаб турган печнинг ёнида ўтириб, этлари жунжикиб, музлаб кетаверарди. Ҳовлисининг адоғида бир четидан бор бўйига ёрилиб турган девори кўз ўнгидан кетмас эди.
Ўшанда онаси раҳматлик “Ёлғизгина синглинг қайин-бўйинларининг ичида сиқилиб кетди. Кел, болам, адоқдаги томорқани шунга берайлик. Аввал бошда ҳам, қайнона-қайнотаси “хўп” дейдиган жойга тушса, шу ерга олиб келамиз деб, шу томорқани олган эдик. У кун қуда билан гаплашсам, “Қанийди берсангиз, биз беш ўғилнинг қай бирига томорқа олиб берамиз”, деди. Ўлиб кетсам ҳам дуои жонингни қилиб, вақти-бевақт ҳолингдан хабар олиб тургувчинг шу-да”, деганда, “Майли, онажон, сиз нима десангиз, шу”, деб дарҳол чегарага белги қўйиб, томорқани куёвнинг номига хатлаб берди.
Куёв ҳам пайсалга солиб ўтирмай, укалари билан келиб, Тошпўлат белги қўйган жойдан бор бўйига пойдевор ташлади.
Одатда томорқалар адоғи туташган жойдан оғилхона, омбор, ҳаммом, хожатхона каби майда-чуйдалар қурилар эди. Хонадон соҳиблари яшайдиган асосий бино кўча томондан ташланар эди. Куёв “Иморатим ҳовлининг ичида бўлсин. Дўст бор, душман бор, биров ярим гугурт-пугурт ташлаб кетмасин, дейман-да”, деб изоҳ берди. Булар маъқуллашди: “Майли-да”. Аммо уй битгандан сўнг ҳовлиларига қараб турган олти дераза ҳамманинг оромини бузди. Кундузи ҳам, кечаси ҳам бу деразалар ортидан кимдир пойлаб турганга ўхшайверарди. Шу сингилни деб, ҳовли адоғидан қуриш мумкин бўлган ҳамма нарсани ёнбошдан қурди энди, ўз ҳовлисида ҳам эркин туриб, эркин юра олмайди. У ёқда бегона куёв, бу ёқда бўй етган қизлар…
Қаҳрдан тишлари ғичирлаб кетаётган бўлса ҳам, бир сўз демай ўзининг еридан яна икки метр ташлаб, девор кўтарди. Сингил “Уйимизни қуёшдан тўсиб қўйдингиз”, деб дод-вой қилган бўлса-да, эрта баҳорда девор бўйлаб ҳар қадамга биттадан анор кўчати қадаб чиқди: “Ер бўш ётмасин, уволи бор. Бир кун ҳосил қилса, биргалашиб еймиз”, деди акасига.
Сингил анорга кўп қаради, унга қуйган сув кун ора ариқчасидан тошиб, янги деворнинг тагидан уларнинг томорқасига сизиб чиқаверарди.
— Ҳей, шу анорингни йўқ қил,— деди бир кун онасини кўргани келган сингилга. — Шу тор жойда битган анор қанча ҳосил беради ўзи? Шуни мен сенга бозордан олиб берай!
— Қўйсангизчи, ака, одамни бунчалик ерга урманг. Сизнинг садақангизга зор қолган жойимиз йўқ. Яхшими-ёмонми, бошимда эрим бор, мен ҳар мевани дарахтидан узиб ейишни яхши кўраман, холос.
— Ўргилдим ўша эрингдан! Унда озгина эркаклик нафсонияти бўлганда, қайнонасининг остонасига кўчиб келмасди. Кепсан, хўп қипсан, уйингни эл қатори ташла, эди!.. Ҳе-е!
— Ака! — сингилнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. — Менга ундай гап қилманг. Мен ер олган бўлсам, отамерос ҳаққимни олганман. Қаеридан, қаёққа қаратиб уй ташлаш ҳар кимнинг ўз ихтиёридаги нарса, шу гапингизни куёвингизнинг олдида айтсангиз, рўзғоримни бузиб юборасиз. Томорқангизга сизиб чиққан бир тоғора сув учун шунча гап-сўз қилиб ётган ака, кейин менинг болаларимни сиз боқасизми? Шукр қилинг-ки, яшаб ўтирган уйингиздан улуш талаб қилмаяпман. Бу уйда менинг ҳам ҳаққим бор, билиб қўйинг.
Онаси “Ҳай-ҳай”лаб сингилнинг оғзини ёпганча қолди. Сингил бир силтаниб, чиқиб кетди:
— Тўғриси-да, она! Сиз бор, шу эшикдан келаман. Агар сиз ўлиб кетсангиз, бу остонага қадам қўймайман. Ҳа, бўлган, бола-да, эсидан чиқиб сув бостириб юборган, шунга, эшигидан қачонда бир келсам, итдан беобрў қилиши шартми?
Ҳамма ғурбат қишда бошланди. Сингилнинг томига ёққан қор-ёмғир сувлари тўғри у кўтарган деворнинг тубига йиғилар эди.
…Девор шўрлик нам торта-торта, уч йилда нураб берди. Тошпўлатнинг юраги ачишди.
Дам олиш куни катта ўғлини сингилникига чиқарди. Ўзи уваланиб ётган ғишт уюмлари устида ўтириб, хаёлан сингилга айтадиган гапларнинг режасини тузди: Бир уялтирмаса, бўлмади.
Сингил кўча айланиб, дарвоза қоқиб ҳам ўтирмади. Ошхонасининг деразасидан “лип” этиб тушиб келди.
— Ҳа, ака!
— Сингил, девор ўрталик. Олдин майли деб ўзим кўтарган эдим. Агар манави уйда тарнов-парнов бўлганда, бу девор юз йил туриб берарди. Камига анор экдинг. Энди деворни биргалашиб кўтарамиз. Мен ҳам жўжабирдай жонман. Олдинда катта-катта харажатлар турибди.
— Э-э, ака, бу деворнинг менга умуман кераги йўқ. Харажатларингиз кўп бўлса, девор деб бошингизни оғритиб ўтирманг. Осмондан ёққан Оллоҳнинг қор-ёмғири учун ҳам мени айбдор қилманг. Акамнинг деворини йиқитайин деб, томнинг устига чиқиб, челаклаб сув қуйиб ўтирганим йўқ. Ундан кўра, иккита мардикор олиб келиб манави ерларни тозалатиб ташланг. Э-э, худо, ака ҳам ота ўрнида, деганлари бекор гап экан.
Сингил шундай деди-да, яна “лип” этиб ошхонанинг деразасидан ўзининг ҳовлисига ўтиб кетди. Тошпўлат синглисининг уни беҳурмат қилгани учун ўғли ва келинининг олдида анча мулзам тортди, келиннинг ўзи ҳам хижолатланиб нари кетди. Ўғил отанинг қўлтиғидан олди:
— Садқаи суханингиз-е, ота! Шу деворни ўзим тиклаб бераман сизга. Ёғингарчиликлар ўтсин. Юринг, уйга киринг, ота!..
Ўғли-ку, сўзининг устидан чиқди. Қайтадан пойдевор ташлаб, роса мустаҳкам қилиб девор кўтартирди. Томдан тушадиган сувлар учун пойдевордан тешик ҳам қолдирди. Аммо Тошпўлатнинг кўзига деворнинг қанчалар мустаҳкамлиги эмас, унга кетган харажатлар кўринар эди, холос. Шу деворни деб ўғлининг икки ойлик маошидан кечишга тўғри келди.
Кейинги девор кўтарилганига ҳам бир-икки вақт бўлди. Икки сафар пойдевордаги тешиклар орқали анорга қуйилган сувдан Тошпўлатнинг томорқасига ўтиб, ҳамма жой халқоб бўлди. Тошпўлат кўча айланиб, сингилникига борди. Тарвуздек қорнини силаб чиққан куёв:
— Ҳа, энди, болаларнинг эсидан чиққан-да, ака. Анор сувни яхши кўради, суғоринглар, дегандим, — деди-да, кириб кетди. Узр сўраб, хижолат тортиш нари турсин, бир оғиз уйига ҳам таклиф қилмади. Синглиси олдига чиқишни лозим ҳам топмади.
Бу ёмғир ўша суғоришларга қўшимча бўлди.
Ишхонасида яна бир одам ёмғирни ёмон кўради. Улар бир хонада ўтиришади. Ёмғир ёққан кунлари унинг қорамтир тунд чеҳраси кўкариб кетади. Бир жойда ўтира олмай, гоҳ дераза ёнига борар, гоҳ компьютернинг бошида туриб қолар, ҳеч кимга ўнг гапини айтмас, гап сўраган одам нақ балога йўлиққандай бўларди.
Тушлик маҳали ҳамма ҳар жойга кетар-ким уйига, ким ошхонага, улар уйларидан бир-бир коса таом олиб келиб, хонада овқатланишар эди, сал вақтда қорин тўйғазишиб, сўнг мириқиб чойхўрлик қилишар, гурунглашишар эди. Аммо ёмғир ёққан кундан буён иккаласидан садо чиқмас, жимгина тугунчаларини ечиб, жимгина овқатланишар. Сўнг бир-бир пиёла чой қуйиб олиб, ўз столлари ёнига йўл олишарди.
Бугун пойдеворга қўйилган сув йўллари ҳақида сўради:
— Иш бераяптими, ўзи?
— Э-э, қаёқда? Бошида шовуллаб сув ўтиб ётарди. Улар анорларига тинимсиз гўнг солишади, ер семириб, сув йўллари тамоман ёпилиб қолганга ўхшайди.
— Ё, тавба! — ёқасини тутамлади у. — Ёпилиб қолган бўлса, ўтиб очиб ташланг. Бўлмаса, сингилга айтинг. Болалари очиб юборсин.
— Икки йил бўлди, гаплашмаймиз, шу деворни деб сену менга бориб…
— Ё-ё, алҳазар! Гаплашинг, синглингиз учун гапиргингиз келмаса, девор учун гаплашинг. Сингил деганлари инсон-ку, барака топгур, қирчумолининг онаси эмас-ку, ўн беш метр ернинг тагида ёти-иб, ҳар кеча- кундузда миллион балоиофат туғадиган. Қани эди, мен кайфиятимни бузаётган нарса ер юзида бўлганда эди!.. Бу ифлослар ернинг тагида яшайди, уларга қуруқ, иссиққина жой керак. Манави ёмғирдан сўнг, ҳаммаси уйимнинг ичига кириб олди, шекилли.
Тошпўлат унга ҳеч нарса демади. Тўғри, шу кунларда синглиси кўзига қирчумолидан ҳам ёвуз ва хунук кўринса-да, у барибир қирчумоли эмас-да. Ростданам, бироз хижолат тортди.
— Э-э, иним, жангари кинолардаги терминаторларни ўйлаб топганлар шу бизларнинг қирчумолиларни кўрган, шулар билан олишиб,бир натижага эриша олмаган одамлар бўлса керак. Дунё фанида уларни термит, дейишар экан. Ҳақиқий терминатор, ҳали фан уларга қарши қурол излаб топмаган. Тўғри, уйингизнинг болорларини еяётган қирчумолини эзиб-мажағлаб ташлашингиз мумкин, аммо уларнинг бир бўлиқ чақалоқдай келадиган онаси ер қаърида тинимсиз тухум қўйиш билан шуғулланиб ётса, сизнинг ҳаракатингиз терминаторнинг кўксига ўқ отишдек кулгули. Энди денг, муҳтарам олимлар бош қотириб-бош қотириб, бирон натижага эришмагач, навбатни қурувчиларга берибди. Нима эмиш, қирчумолиларнинг тиши ўтмайдиган қурилиш маҳсулотлари ихтиро қилишсин, эмиш. Ахир, уй, ҳаёт- тупроқ ва ёғочсиз бўладими? Э-э, биродар,бу қирчумолилар шундай касофатки, шароитга қараб, озуқасини ҳам ўзгартираверади. Мана, Африкада бетонни ейдиган қирчумолилар ҳам чиқибди.
Бу одамда қирчумолилар ҳақида шундай даҳшатли маълумотлар кўп эдики, уни тинглаётганлар худди баданида қирчумоли ўрмалаб юргандай, эти жимирлаб кетар, қанча пайтлар уйидаги ҳар бир ҳашарот кўзига қирчумоли бўлиб кўриниб кетаверарди.
Бир офат билан йигирма йил олишгач, ҳар қандай одам ўзи офатга айланмаса ҳам, ваҳимага айланиб қолади, шекилли.
Биринчи уйидан қирчумоли чиққанда унчалик кўп куймади. Ҳар жойдан қирчумолилар ҳақида маълумот тўплаб, улар ҳақидаги ваҳимали гурунглар билан ҳаммани қўрқитиб юриб-юриб, ҳовлисининг адоғидан уй ташлади. Ҳокимият қишлоқнинг нариги бошидан ер ажратган экан, унамапти: “Бу ерларда менинг етти отам ўтган. Мен уни қаердаги қирчумолиларга ташлаб кета олмайман. Ҳали бу қирчумолиларнинг кунини кўрсатаман”, дебди.
Янги уйини қийналиб бўлса-да, фақат цемент ва пишиқ ғиштдан кўтарди, қирчумолиларнинг севимли озуқаси бўлган ёғоч ва тупроқни умуман ишлатмади… Аммо бир куни неварасининг бешигида қирчумолини учратганда ўкириб юборди…
— А-а!..
Шундан буён унинг боши хам, ҳеч кимга қўшилмайди, зарурат бўлмаса ҳеч ким билан гаплашмайди, қирчумолилар ҳақида-ку, умуман сўз очмайди.
Тошпўлатнинг унга жудаям ичи ачишади. Ўзи бир девор учун қанча оғриниб ўтирибди, бу бечоранинг иккинчи уйи ҳам…
— Ака, шу ерларни ташлаб, олисроққа кўчиб кетсангизчи? — ўзича меҳрибонлик қилди у бир куни.
— Йў-ўқ, иним! Мен киндик қоним томган ерларни қирчумолиларга ташлаб кетаманми? Бунинг ҳеч иложи йўқ. Ота-боболарим ўтган бу ерларнинг ажриқ босиб, ташландиқ бўлиб ётишини тасаввур ҳам қила олмайман. Иложини топсам, уларнинг тиши ўтмайдиган темирдан уй қураман, бўлмаса, ўтов тикаман, аммо бу ерларни қирчумолига ташлаб кетмайман.
…Кечга бориб, ёмғир тинди. Аччиқ изғирин эса бошлади. Шамол боласини йўқотиб қўйган онадек увиллаб юракка ваҳима соларди.
Тошпўлат иссиққина тўшакда ётиб, вужудида оғир ҳорғинлик ҳис этди Қарибди. Илгари об-ҳаводаги унча-мунча ўзгаришлар танида сезилмас эди. Энди эса… Шу тўрт кунлик ёмғир уни буткул эзиб ташлади. Анча пайтгача ухлаёлмай ётди. Энди кўзи илинган эди, онаси раҳматлик тушига кирибди. Ҳовлисининг адоғида туриб, аллақандай йигитларга деворнинг дарз кетган жойларини суватаётган эмиш. Тошпўлат ухлаб ётган ҳолида хижолат бўлди, шу бир деворни деб онамнинг руҳини ҳам безовта қилдим, шу сингил билан куёвда-ку инсоф-диёнат йўқ экан, мен инсофли бўлсам бўлмасмиди, деб ўйлади. Яна пича харажат экан-да. Шу билан яна сингилли бўлиб қолса,эҳтимол…
Ярим тунда гумбирлаган овоздан уйғониб кетди Сарпойчанг айвонга югуриб чиқди. Худди ўзи тахмин қилгандай эди. Қўшни хонадан ҳовлиқиб чиққан ўғлини ортига қайтарди.
— Девор нурабди. Эртага бўйракашларга бориб, икки метр-икки метрлик қилиб, бўйра буюртир. Ёзги ресторанларникидай қилиб, бўйра девор қилиб қўямиз. Бўйра ивимайди ҳам, чиримайди ҳам.
— Ота!…
—Ў зингни бос, ўғлим. У амманг, термит эмас. Терминатор эмас.
— Нима? Терминатор?! Аммам эмас, биз терминатор бўлдик, ҳар ўлдирганларида, гоҳ ғишт бўлиб, гоҳ бўйра бўлиб тирилаверамиз.
— Уйингга кир,— елкасига қоқди ўғлининг. — Эртага гаплашамиз. Ҳаммаси яхши бўлади.