Ҳабиб Сиддиқ. Устоз (қатра)

— Одамлар ҳам ҳар хил-да.
Ўртабўй, қорачадан келган, тўлароқ гавдали маҳалладош йигитнинг қўққисдан шунақа дейиши ғалати туюлди. Одамларнинг ҳар хиллиги ажабланадиган гап эмас. Лекин унинг кутилмаганда шундай дейишининг бирор сабаби бўлса керак.
— Нега унақа деяпсиз? — деб сўрадим ва жавоб кутиб унинг оғзига тикилдим.
У бошини маънодор силкиб, яна жиндай ўйланиб турди-да, ҳикоясини бошлади.
— Рустамжон синфдошим бўлади, биласиз. Отаси Собиржон муаллим — устозимиз. Мактабда бизни ўқитган. Бир куни Рустам ишхонамга келди. Нафақалар миқдори ўзгараётганини эшитганлигини, имкони бўлса отасининг пенсиясини ҳам қайта ҳисоблаганда бир қараб қўйишимни сўради. Унинг назарида нафақанинг чўғи озроқ эмиш.
Ижтимоий таъминот бўлимида ишлайман. Бунақа ишлар ҳам бўп туради. Қонун доирасидан чиқмаган ҳолда устозимизга, яна дўстимизга нафим тегса, деган умидда ҳужжатларини ўргандим. Чиндан ҳам, домланинг нафақасини ҳисоблаганда сал хатоликка йўл қўйилган экан. Аниқроғи, унинг қўшни мактабда ўриндошлик асосида ишлаб олган иш ҳақлари унутилиб қолдирилибди. Қайта ҳисоблаб кўргандим, домланинг нафақаси сал кўпроқ чиқадиган бўлди. Дарров Рустамга кўнғироқ қилдим. У менга қайта-қайта раҳмат айтиб, «Биздан нима хизмат», деб сўради. Мен ҳеч қандай «Хизмат-пизмат» йўқлигини, ўз вазифамни бажарганлигимни, фақат хатони тузатганлигимни, қолаверса, хато ҳам ўзимизники эканлигини айтиб, домлага узримизни етказиб қўйишини сўрадим.
— Гўшакни қўйиб энди ишга киришганимда яна бир ҳамқишлоғимиз кириб келди, — деб гапини давом эттирди суҳбатдошим. — У кишиниям яхши танийсиз. Келинг, исмини айтмай қўяқолай. Топиш-тутиши ёмон эмас. Илгари анча йиллар нуфузли ташкилотларда ишлаган. Ўғил-қизларини ҳам жойлаб бўлган ҳисоб. Уч-тўрт йил илгари бир ходимнинг бошини айлантириб онасига каттагина нафақа тайинлатиб олган экан.
Ўтган йили тафтишда «миси» чиқиб қолиб, бир неча йиллик нафақасини қайтариб тўлади.
Бу одам яна нима юмуш билан келди экан, деб ўйланиб турганимда, бошлиғимизни сўради. У киши хизмат сафарида эканлигини айтдим.
— Сиз ҳам ўзимизники, — деди кейин аста. — Шу кампирни нафақасини сал кўпайтиришни иложини қилсак, деб.
— Ахир, ўтган йили…
— Ҳа, энди орадан анча вақт ўтди. У ишлар босилиб кетди. Яна қайтадан…
Мен бу номаъқул ишга аралашмаслигимни айтдим. Сал ранжигандай бўлиб чиқиб кетди.
— Шунинг учун одамлар ҳар хил, деяётган экансиз-да.
— Йўқ, гапим ҳали тугагани йўқ. Бу ёғини эшитинг. Анови нотавоннинг қилиғидан ранжиб ишдан кайтдим. Манзилга етиб «Дамас»дан тушиб кўчамизга бурилсам, ҳалиги домламиз кутиб турибди. Дарров салом бериб кўришдим.
— Ўтган куни ошнанг бир гап топиб келди. Нафақамни қайта ҳисоблаганмишсизлар?…
— Ҳа, домла. Илгари бир оз хатога йўл қўйилган экан, шуни тўғриладик. Энди пенсиянгиз кўпроқ чиқади.
Устоз жилмайди.
— Буни эшитдим. Лекин мен бир нарсани аниқлаштириб олай деб сени кутиб турувдим. Фақат, ростини айт, болам. Ростдан ҳам менинг пенсиям нотўғри ҳисобланган-у, сизлар тузатдингларми?.. Ёки ошнангнинг юзидан ўтолмай, бир балолар қилиб пенсиямни кўпайтирдиларингми?
Мен кулиб юбордим. Ҳаммаси рисоладагидей эканлигини, қилган ишимиздан ҳеч ким айб тополмаслигини айтдим.
— Гап биров айб топишида эмас, — деди домла вазминлик билан. — Қирқ йилдан ортиқ муаллимлик қилдим. Ўқувчиларимга ҳалоллиқдан, тўғриликдан ваъз айтдим. Узоқ йиллар пешона тери билан йиғиб-терганим орқасидан улуғ ҳаж сафарини адо этдим. Фарзандлар ҳам оёққа туриб қолишган. Хонадонимиз тинч, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Пенсага жа-а қараб қолганимиз ҳам йўқ. Шунчаки, ҳамкасбларимникига қараганда сал чўғи камроқдек туюлувди, бир суриштириб кўргин, девдим-да. Амал-тақал қилиб кўпайтириб ке, деганим йўқ. Агар, ўшанақа қилиб кўпайтирган бўлсаларинг, ростини айтавер. Шунча йил ҳалқумимни пок сақлаб келдим, эндиям нопок луқмани оғизга олиб ўтирмай…
— Нималар деяпсиз, устоз. Ҳаммаси ҳалол-пок меҳнатингиз учун оладиганингиз. Мен сиз ўйлагандай ишга қўл уролмайман, биласиз-ку. Ахир, сиздан тарбия олганман.
Гапимни далиллаш учун онасининг пенсиясини оширилишини сўраб келган киши билан бўлган воқеани айтиб бердим.
— Бай-бай-бай, шунақа одамлар ҳам бор, дегин. Жуда тўғри йўл тутибсан. Ҳеч қачон унақа ишларга аралашма. Демак, сенга ишонсам бўлади-а?
— Ишонинг, устоз.
— Баракалла, — деб устоз елкамга қоқиб қўйди. Сўнг дуога қўл очди…