Таътил даврим ниҳоялаб қолган кунлар эди. Бекорчиликдан бостирма устидаги ғарамда алламаҳалдан бери қалин бир романни варақлаб ўтирардим. Роман шу қадар семиз, ясама тўқнашувлар билан лиқ тўла эдики, уни охиригача ўқиб чиқишга Азроилнинг ўзи ҳам мени мажбур қила олмасди. Мен китобдан кўз узиб, этак тарафдаги ўркач-ўркач адирлар узра қиялаб ботиб бораётган офтобни, унинг қирмизи нурига чулғанган қишлоқни томоша қилардим. Теракларнинг оқ япроқлари шивирлар, кекса толлар номозгар елида салобат билан чайқалар, уйларнинг пештоқлари, сал наридаги бошқа пичан ғарамлари ҳам шу қирмизи рангда ловиллаб ёнар эди.
Даладан ҳали мол қайтмаган. Қишлоқ осуда. Одамлар чанг йўлда у ёқдан-бу ёққа ўтиб туришар, гўё дунёнинг ташвишлари уларга бегонадек, сира шошилмас эди. Қишлоқни томоша қилишдан зерикиб, гузардан молларни суғориб Қўзибой укам қайтарди.
– Оламда нима гап, Қўзи полвон?
– Оламда хотиржамлик, – деди у ҳовли ўртасидаги оғочқозиқ ёнига отдан сакраб тушаркан.
– Наҳотки ҳеч гап бўлмаса?
– Шундай, ҳеч гап йўқ. – Бола ўзини катталардек тутиб, шошилмасдан отни оғочқозиққа боғлади. Сўнг айилини бўшатаркан, шунчаки айтаётгандай қўшиб қўйди: – Тўра жунчиникига бир машина ем кепти. Машина ҳозир туманга қайтиб кетаркан, юкни туширишяпти. Хў-ўш, яна… Мавлон почтачи магазинда ароқ ичиб олиб, Махсумнинг ўғлини урибди. Устидан ёзган экан.
– Нимани ёзибди?
– Нимани бўларди, одамларга газет-журнал тарқатмайди, деб ёзганда. Мавлон почтачи: «Сенга газета ўқишни ким қўйибди, тирранча? Ундан кўра, бориб отангнинг чор китобларини варақлагин, мулла бўласан! Отанг қартайди, яқинда ўлса ҳам керак, ахир қишлоқда энди никоҳу жанозани ким ўқийди?», дебди. Махсумнинг ўғли уни «ахта пиёниста!» деб сўкибди. Шундан кейин почтачи уни тутиб олиб урибди. Ҳозир Махсумнинг кампири почтачини қарғаш учун магазинга боряпти. Олдимдан чиқди: желагини қўлига олволган. Шашти баланд…
– Отнинг емини илсангчи, вақвақа! Жанжал билан нима ишинг бор? – Айвонда нимадир йўниб ўтирган отам Қўзибойнинг сўзини бўлди. – Ҳа, айтмоқчи, Тўра ем обкелди, дедингма? Қанча? Бир машина?… Ана, одамлар аллақачон қишлигини ҳам ғамлаб оляпти. Сен ҳам, Нурали, у ёқда ошна-пошналаринг бўлса, бирор тонна ёрма чиқариб берганингда, иликузилди маҳали молларга асқатармиди?
Бу гаплар, албатта, менга тегишли эди. Лекин, «шаҳардаги ошна-пошналарим» омборга ёки фермага мудир эмас, балки оддий талабалар эканини айтиб отамнинг ҳафсаласини пир қилишдан нима фойда? Шаҳарда ўқиганим учун отам мени қўлидан кўп иш келса керак, деб ўйлайди ўзича. Эртага қайтишим керак. Бунинг учун аввал биронта йўловчи машинада туман марказига бориб олиш лозим. Худо билади, қачон жўнайди бу шалдироқ аравалар, яна уларга нималар ортилган: сомонми, гўштга жўнатилган қўйларми? Тағин, хўжаликнинг шофёрлари ўлгудай димоғдор, тош йўл қанча қуюқ чангиса, уларга шунча маза! Нима ҳам дердик, машина уларники, билганларини қиладида. Хуллас, Тўра жунчиникига келган машина билан жўнаб юборсамми, деб хаёл қилиб Қўзибойдан ҳар эҳтимолга қарши сўрадим:
– Машина кимники?
– Ўтаган аканинг «Зил»и.
Баданимга илон ўрмалагандек сесканиб кетдим. Руҳимдаги беғам, ҳузурбахш сокинлик ўрнини ваража эгаллади. Ҳар сафаргидек унинг отини эшитиб ғазабдан лов ёндим…
Бу ўша Ўтаган эди! Менинг азалий рақибим. Ёшликнинг пўртана уммонида биз ҳануз йўл талашиб келамиз. Бироқ ҳар сафар мен пиёда, у йўрға отда. Бу «пойга»нинг охири нима билан тугаши эса номаълум. Йўрға от уни аллақачон эгардан итқитиб ташлаши керак эди, аммо у шундай итоаткор жониворки, ким қаёққа бурса, ўша ёққа елади. Ҳали далада қўзи боқиб, чиллик ўйнаб юрган кезларимиз ҳам у мени ғирромлик билан ютиб, зувлатарди. Биз бамисоли қарама-қарши икки қутб эдик. Мактабда худди атай қилгандай уни мен билан бир партага ўтирғизиб қўйишди. Синф раҳбаримиз Қулматов акасининг ошнаси: «Шу бола синфдан кўчмаса, сен жавоб берасан! – деди у менга. – Шахсан ўзим шуғулланаман бу масала билан. Сенга шу пионерский поручения, уқдингми? Дангасаликни хаёлингга ҳам келтирма! Аълочиман деб мағрурланма. Одамни билиб бўладими? Эйнштейн мактабда ўқиб юрган чоғлари физикадан икки баҳо олар экан…» Қулматовнинг гапларини ўшанда ғиринг демай тинглаган бўлсамда, Ўтаганга ҳеч қачон ҳеч нарсани ўргатмадим. Ўргатганимда ҳам бу тўнканинг миясига бирор нарса кирармиди? Лекин у, шу кундан бошлаб уй вазифаларини дафтаримдан бемалол кўчириб олаверди. Нияти ҳам шу эдида ўзи. Танаффусда эса, мени қандай боплаганини – яшириб қўйилган жойидан дафтарни топиб, жуда «гажакдор» қилиб кўчирганини, хуллас, мени «эш-шакдай» ишлатиб маза қилаётганини болаларга сўзлаб берарди. Улар қийқириб чапак чалишар, навбатдаги ҳангомасини эшитиш учун худди шотирлардай уни ўраб олишар эди. Мен, албатта, бу шотирлардан бирининг ҳалқумига ўхшатиб туширардим. Шундан кейин Ўтаган ҳангомани бас қилиб, хумдай бошини эгиб, мўмин-мусичадай яна ёнимга ўтириб олар эди.
Акаси Мирзахонов совхоз директори. Ўтаган эса – қовоқкалла. Шундай бўлса ҳам, уддабуронлик билан амаллаб мактабни битириб олди. Бир партада ўтирардик. Бориб-бориб Ўтаган зиғир ёғдай кўнглимга урди; синф раҳбаримизга арз қилдим. Йўқ, арз қилмадим, фақат бошқа партага ўтказишларини сўрадим, холос. Бироқ юпқақулоқ муаллимнинг бошидан капалаги учди: «Нима дединг? Бошқа партага дейсанми? Бор, бор, тирранча, дарсингни қил, Ўтаган билан ишинг бўлмасин. У кимсан Мирзахоновнинг укасия!»
Ниҳоят, мактабни ҳам тамомладик. Йўлимиз айри тушди – мен пойтахтга ўқишга кетдим, у ҳарбий хизматга жўнади. Шундан кейин, учрашганда, балки, ўтган-кетганни эслаб суҳбатлар қурадиган дилкаш жўралар бўлиб кетишимиз мумкиндек эди, лекин ошначилик қилиш бизнинг манглайимизга ёзилмаган экан. Асл рақобат – энди болалик шўхликлари, деб бўлмайдиган можаро кейин бошланди.
* * *
Одамлар қизиқда: ўзлари билан иши йўқ, бўй етган қизларини эрга бериш ҳақида сира қайғуришмайди. «Тенги чиқса, узатамизда, шунга ҳам ташвишми?» деб юраверишади. Аммо Тўлаш раис қизини кимга беради? Таърифи кетган бу гўзал қиз кимга насиб бўларкин? Мана, муаммо! Кайвони хотинлар урчуқларини ёнларига қўйиб шу ҳақда бош қотиришар, турли гапларни бичиб-тўқишар эди. Бу ҳол то бултургача – Ўтаган армиядан келиб Гулсанамга совчи юборганию, менинг қизга жазман – ошиқ эканим элга ошкор бўлгунича давом этди. Лекин барибир муаммо ечилмади, қайтага баттар чалкашиб кетди. Кексалар дарров бир қарорга келишди: «Албатта, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, раис қизини Ўтаганга беради, вассалом! Мен буни ярим йил бурун айтганман, энди ҳам гапимдан қайтмайман!» «Рост, – дея ақлларини ишга солишарди бошқа бирлари, – Ўтаган қарчиғайдай йигит, берса шунга берадида, Нуралига йўл бўлсин!» Аммо бировнинг гапига эргашмайдиганлар ҳам йўқ эмасди. «Нега энди шундай бўларкан? Билиб гапирингларда гапни. Ўтаган бу қизга лойиқ эмас, Нурали – бошқа гап: ўқимишли, ақли расо келишган йигит. Гулсанам ҳам унга ошиқ эмиш. Ўшанга тегса керак. Қиз ҳам бир нарсани дидлаб ошиқ бўладида одамга!»
Бу гаплардан бало-қазодан қочгандай четлатиб юрардим, лекин ҳаммасини, барибир, менга оқизмай-томизмай етказиб туришарди.
Ўтаган қизга аллақачон совчи юборган ва энди башанг кийиниб олиб, гоҳо улфатлари билан, гоҳо совхознинг энг зўр машинасида кўчани чангитиб юрарди. Мен эса одатдагидай, бостирма устида Гулсанамларнинг гузар бўйидаги боғ ҳовлиси тарафга кўз тикардим. У гоҳо йироқдан мени кўрар, рўмолчасини силкитиб саломлашар эди. Бизнинг ошиқ-маъшуқлигимиз шундангина иборат. Бироқ янгаларим «оёқ олишимдан», раиснинг уйига тез-тез қарайверишимдан масалани осонгина тушуниб олишди ва менга: «Етар энди шунча паранглик қилганингиз, совчи юборайлик, кеккайиб юриб, тағин бировга олдириб қўйманг», дейишди. Отам бўлса, Тўлаш раис ўзининг ошнаси экани ва «Бир қиз бўлса, бор-э, ана, келин қил, сен билан биз энди кўрибмизма бунақа савдоларни!» дейишини айтиб роса мақтангач, шарт турдию совчиликка жўнади. Кечқурун худди иш битгандай оғзи қулоғида, хурсанд кириб келди. Суриштиришса, бор-йўғи: «Ҳали эртароқ, тараддимиз битган эмас. Кейин бир хабар олинг, ўйлаб кўрамиз», дейишган экан, холос.
Энам, одати бўйича, олдиндан тайёрлаб қўйган таънаю маломатларини ёғдира кетди:
– Қуринг сиз, чол, ахир Ўтаганнинг совчиларига ҳам шундай дейишган. Гапни кавлаштириб кўрмадингизми? Улжон кампирнинг диди кимда – шуни билинг эди аввал.
– Улжонга йўл бўлсин раис турганда.
– Нима деди ўша ордона раисингиз?
– Айтдимку нима деганини. Сенга дарров майли, дермиди? Қизини тошга чиқариб ўтирибдима? Ана, ўғлинг хат ёзсин, жуда билгинг келаётган бўлса!
Отам Тўлаш раиснинг қўлида кўп йиллар ферма мудири бўлиб ишлагани, чорва учун роса хизмат кўрсатганлари ҳақида узундан-узоқ гурунг бошлади. Охирида соқолини силаб: «Бургутдай назари баланд эди», деб қўярди.
Гапни қаранг: «Бургутдай назари баланд эди», эмиш! Бир пайтлар бўлса бўлгандир, аммо ҳозир бу назари баландликдан асар ҳам қолмаган. Раисликдан аллақачон бўшаб, шундан кейин дарҳол қартайган, хиром этикни маҳсига, сур телпакни симоби саллага алмаштириб кўркамгина чолга айланган. Ўтган баҳорда шаҳардан келган мухбир уни бола-бақраси билан суратга олди. Рангдор бир журналда чиққан бу серҳашам суратда у талай орден-медалларини кителига тақиб, ўртада гердайиб ўтирарди. Фарзандлари уйли-жойли бўлиб кетган, энди суюкли кенжа қизи, Гулсанамни узатиши керак. Ўтаган билан биз шу қизга талабгор.
Отни суғориш учун кечқурун гузарга тушиб борарканман, беихтиёр хаёлимдан Махсумнинг, ўғлини почтачи урган ўша Махсумнинг сўзлари ўтарди: «Ердаги ҳамма нарса, қурт-қумурсқа, ҳатто осмондаги ой, юлдузларгача ҳисобли. Худойим бир улоқни яратибди, унга атаб бир туп шувоқни яратибди. Аллоҳга шак келтирманг, азизлар». Ҳа, демак, Ўтаган ҳам атай жиғимга тегиш учун яралган эканда. Бўлмаса, келиб-келиб шу қизга совчи қўядими? Акаси директор, қўлини қаерга узатса етади. Атрофда қиз демаганингиз… От жиловини силтаб, тумшуғини сувга ботирди, лекин қадам шарпасию сатилнинг шиқирлаган товушидан чўчиб, шу заҳоти бошини кўтарди. Мен ҳам ўгирилдим: Гулсанам! У сатилларни бир қўлига олиб, иккинчиси билан рўмолини ва ўримдан қочган жингала сочларини тузатганча менга қаради. От безовталаниб пишқириб юборди ва тағин сувга интилди. Гулсанам сатилини чайишга тутинди. Мен қизга на бир оғиз гап гапира олар ва на отнинг жиловини буриб йўлимга кета олар эдим. Саросар бўлиб турарканман, бирдан қизнинг жаранглаган кулгуси эшитилди. У сатилларни чайиб бўлгач, сочини ўйнаганча яна кўзларини пориллатиб менга тикди.
– Отингиз сувга қондику, нега кетмаяпсиз?
Мен қиз болани кўрганда юраги пўкиллайдиганлардан эмаслигимни англатмоқчи, унга ҳатто ҳазил-ҳузил қилмоқчи эдим, аммо қизнинг сира тап тортмаётганини кўриб, довдирадим. Отнинг қийшайиб қолган нўхтасини тўғрилайман деб қамчинни тушириб юбордим. Номус кучли, шартта ерга энгашдим, бироқ от яйдоқ эди, қамчиннинг ёнига ўзим ҳам гуппа қуладим. Гулсанам қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Уст-бошимни қоқиб отга қайта минарканман, зарда билан унга қарадим.
– Айтсангиз ўзим олиб берардимку, Нурали ака! Яйдоқ отда туриб қамчин олиб бўларканми!
– Сендан биров шуни сўраяптима?
Гулсанам энди кулмас, гўё отдан ўзи йиқитгандай гуноҳкорона ерга боқарди.
– Қачон келдингиз ўқишдан? Кўринмайсиз? – У гўё кетиб қолишимдан чўчигандай бошини тез кўтарди.
– Кўриниб нима қилардим?
У яна кулди. У менинг зарда қилаётганим боисини билмасди.
– Эҳтиёт бўлинг, тағин битта-яримта обқочиб кетмасин сизни!
Кулгидан унинг юзи лоладай қизариб кетган, шу тобда ўзи ҳам номозшоматлас кўйлакда қирда ёниб турган лолага ўхшар эди.
– Менда гапинг борми, Гулсанам? – дея сўрадим ундан отнинг ёлига бармоқларимни ботирганча.
– Йўқ, шундай ўзим сўраяпманда. Нима, сиздан гап сўраб ҳам бўлмайдими? Айтмоқчи, менда битта китобингиз бор эди, ўшани…
– Уйга, Раҳимага бериб қўявер. Анави иш бўйича отамлар яна боришади, хабаринг бордир?
Гулсанам уялган бўлиб рўмоли билан юзини бекитди, мен эса сувлиқни шақирлатиб чайнаганча тайсалланиб турган отимни орқага бурдим…
* * *
Ўшанда талабалардан гуруҳ тузиб бизни БАМ қурилишига жўнатишди. Кейин ўқиш, имтиҳонлар… хуллас, 3 ойдан сўнг қишлоққа қайтдим. Тахминимча, ҳаммаси шу даврда ҳал бўлиши керак эди. Мен қишлоқ йўлида, совға-саломлар билан лиқ тўла жомадоннинг оғирини ҳам сезмай, худди ўшанда Гулсанам билан гузарда учрашиб қайтганимдаги каби мастона хаёллар қанотида келардим.
– Ассалом алайкум, мулла Нурали!
Қаршимда кўк тойхарга неварасини мингаштириб олган Хўшмат бобо турарди. Чол билан қўл бериб кўришдим.
– Одамни уялтирасиза, Хўшмат бобо! Саломни олдин биз айтишимиз керакку.
– Сиз айтишингиз керак, лекин кўрмадингиз, бўтам. Айби йўқ, ҳеч айби йўқ. Хў-ўш, қайтдингизма? Ўқишдан денг? Ўзи қачон битади, а, Нуралибой?.. Икки йил қолди? Ҳа, дуруст. Домулла бўласизма энди? Манов шўртумшуқни сиз ўқитаркансизда?
– Бўлмасамчи, ҳозир нечанчида ўқийди? Нечанчида ўқийсан, ошна?
Бола жавоб ўрнига бурнини тортди ва уялганидан бобосининг орқасига яширинди. Гўё бобоси бир ёққа қочиб кетадигандай унинг сурп белбоғига маҳкам ёпишиб олган.
– Иккига боради, тоғаси. Насиб қилса, бу йил иккига, – деди чол боланинг ўрнига. – Хў-ўш ўқишлар бир навку, некин яширишнинг кераги йўқ, пича ғиш-ғишаси бор. Бу ҳалиги денг, оти нимайди, ҳаҳ… Ҳа, рубоб, шунга ишқибоз! Ҳайитмуротнинг ўғлида бор, бунда эса йўқ. Ҳамма жанжал шунга. Нуралижон, бўйингдан, жиянингга шаҳардан битта обкелиб бер, хўпми? Пулини бераман. Ҳозир ёнимда йўқ эди.
Шу маҳал орқадан устига кападай қилиб беда босилган машина кела бошлади ва ёнимиздан шитоб билан ўтиб кетди. Ғилдиракларидан отилган қуюқ чанг Хўшмат бобонинг салла-чопонини белади.
– Ҳе, падарингга лаънат! Қутурган энағара! – сўкинди чол салласини чуватиб қоқаркан. – Бу, ҳалиги Чўтбойнинг Ўтагани. Бўйингдан суяк тушгур, ўша! Садқайи одам кет-э!
Кетишга чоғланиб зилдай жомадонни қўлга оларканман, сўрадим:
– Ўзингиз қаердан келяпсиз, Алим бобо?
– Тўлаш раис кенжа қизини узатган. Шунга, эски ошначилик, чол қурғур бўшашиб ўтирган бўлса, бир ҳангамалашай, деб бориб эдим. Бояги эси йўққа берди қизини… тўйга Мирзахоновнинг ўзи бош бўлди. Бир ёқда кино, бир ёқда артист, денг! Кўсам сарканинг ўзидан 4 та сўйилди, яна икки панжи қўчқор. Ҳали бу – раисникидагиси, тўйнинг зўри келин тушиб боргач, у ёқда бўлдида…
Чол салласини қайтадан ўраб олиб, тўйни, унга келган казо-казоларни таърифлар, мен эса кўз олдим қоронғилашиб, худди бошимдан совуқ сув қуйилгандай, йўл устида серрайиб туриб қолгандим…
– Хўп, панои худо. Ҳалиги эсингдан чиқмасин, Нурали! Отангга айтиб қўй, эртага Шаҳрисабзга жума намозига борамиз-ов!
Бошимни кўтарсам, Хўшмат бобо аллақачон нарида кўк тойхарини жадаллатиб кетмоқда эди. Беихтиёр унинг ортидан югургим, ҳалиги гаплари чинми-ёлғонми, сўрагим келарди, чол мени жўрттага лақиллатиб кетганга ўхшар эди.
Сатил кўтарган бир тўда қизлар гузар томонга ўтди. Баъзилари салом берди, бошқалари изимдан кулишди. Уларнинг ичида илгари мен назарга «илмаган»лари ҳам бор, энди гўё «ўч» олаётгандай бир-бирига имо қилар, «Нурали ака, тўйдан кеч қопсиз, қайнонангиз суймас экан», дея гап отишар эди. Аламдан тишларим қисирлаб кетди, ўзимни қаёққа уришни билмасдим. Ҳатто гап отган ўша сепкилли сариқ қизни сўкиб юбораёздим. Бироқ тўсатдан атрофимни қоп-қора ғубор қоплади ва бу ғубор ичра ҳеч нарса кўринмас эди…
– Бордим, ўшандан кейин раисникига икки дафъа бордим. – Уйда мен ҳеч нимани суриштирмаган бўлсам ҳам, отам Гулсанамни олиб беролмаганига узр сўраётгандай палағда товушда воқеани сўзларди. – Раиснинг дарёдай тошиб юрган даврлари ўтиб кетган. У пайтлар гапи гап, сўзи сўз, қиличдай кесар эди. Мирзахонов совчи бўлиб боргандан кейин нима ҳам қилсин? У – катта одам, министрлардан ошналари бор…
– Ай, чола, минг қилса ҳам, ўзбаклигингизга борасизда! Ота-бобонгиз кўчманчи ўтган, ҳамма гапга ишонаверасиз, – дерди урчуқ йигириб ўтирган энам. – Улжон кампирнинг ўзи қизини Ўтаганнинг қўйнига солибди, менга катта келини Менглихол айтди.
– Фотиҳадан кейин апил-тапил тўй қиб узатгалариям бежизга эмасда. – Гапга қўшилди янгам ҳам билгич кайвонилардай. – Қилар ишни қилиб қўйиб, энди ўзлари андавалаб ўтиришипти.
– Менглихолинг бекорларни айтибди! Ғийбатнинг уйини куйдиради у.
– Бўлмаса, сизнинг раисингиз оппоқ эканда! Нега олдиндан орани узмади? Менинг боламга хотин топилмай қоптима? Рози бўлганида ҳам келин қилмасдим шу тўрвада азизини!
Чол-кампир мени жуда хафа деб ўйлашар, сал-пал кўнглимни олиш мақсадида тинмай гап талашишарди. Аслида, бу тортишувнинг беҳуда эканини ўзлари ҳам яхши билишарди. Мен эса бундан баттар ториқиб, меҳмонхонага чиқиб кетдим. Синглим Раҳима кириб ўрин солди. Лекин кетишга шошилмай, ўзини эшикнинг пардасини тузатганга солиб, пича ҳаяллади.
– Ака, сизга бир гап айтсам майлима? – деди ниҳоят.
– Айтавер, нима гап экан?
– Гап эмасу, шундай бир… Манави китобни сизга Гулсанам берди.
– Берган бўлса яхши. Токчага қўй, тураверсин ўша ёқда.
– Қўлига берасиз, деб кўп сўрадида. Тўйдан олдинги куни. Кейин йиғлади…
– Нега йиғлайди? – Ҳардамхиёл сўрадим сир бой бермаслик учун, аммо томоғимга алланима тиқилгандай бўлди, кўзларимга ёш қалқди, тескари ўгирилдим.
– Сизни яхши кўрармиш, барибир эсидан чиқармасмиш. Шуни айтиб қўйишимни илтимос қилди.
– Балки, Ўтагандан чиқиб, менга тегмоқчидир, сўрамадингми?
– Сўрамабман, – деди Раҳима киноямни тушунмасдан. – Баримиз бир қишлоқнинг боласи, куёвим билан қасдлашиб юрмасин, дейди.
– Шундай де? Уни яна кўрсанг, айтгин: сен билан ҳам, куёвтўранг билан ҳам акамнинг бир чақалик иши йўқ, ҳатто дунёда шундай бандалар борлигини билмас экан, дегин, хўпми?
Лекин ўзим ёлғиз қолгач, ўринга чўзилдиму, ўкраб юбордим. Билмас эмишман, Гулсанамни билмас эмишмана! Айб ундамики, зарда қилсам. Бундайин шармандаларча чиранчоқликка асло тоқат қилиб бўлмасди. Лекин… нега мен шунақа, оғзидаги ошини олдирадиган, чумчуққа ҳам озор бермайдиган одам бўлиб яралганман! Кўксимни қасос олиш истаги ёндирди. Шахт билан эшик томон юрдим ва бехосдан гиламда ётган алланимага қоқилиб кетдим. Бу ўша китоб эди – Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достони. Тўзғиган саҳифалар орасида ипак ҳошияли атлас рўмолча ётарди. Ундан атир иси келар, буржига атиргул тасвири туширилган, ипак билан байт битилган. Кўз ўнгимда Гулсанам жонланди: У латиф бир тазда рўмолчани узатиб турар, гулгун чеҳраси табассумдан лола янглиғ ёнар эди…
* * *
Тўра жунчиникига айни пайтида етиб келибман. Юк тушириб бўлинган, машина аллақачон йўлга шай бўлиб турар эди. Қанор қопдай барваста, майкачан Тўра жунчи капотга қўлини тираб Ўтаганга ниманидир сўзларди. Саломимга алик олиш ўрнига, афтимга шунчаки бир қараб қўйди, холос. Писанд қилмагани учун эмас, муҳимроқ гап билан банд бўлганидан шундай қилди, шекилли. У ҳар йили икки маҳал – қирқим пайти одамлардан жун йиғиб, давлатга топширади. Жун йиғишда у аввал рўйхат тузарди, кейин бригадир билан уйма-уй юрар, гоҳо сахийлиги тутиб кетган бойваччадай уй эгасининг боласини чақириб, қўлига бир сўм – икки сўм тутқазар, каттакон оғзи ёйилиб, кулганча: «Дафтар оласан, биродар, қалам билан ўчирғич олсанг ҳам, майли, фақат йўқотма!» деб қўяр эди. Жун учун тўланадиган пулнинг катта қисми унинг чўнтагига тушишини одамлар биларди, албатта, бироқ Тўра жунчи одамларнинг салкам ярми билан қуда-билиш, божа ва тағин қанча балойи баттар ошначиликлари бор. У ҳар ерда ҳозиру нозир, қишлоқнинг уста кайвониларидан. Айниқса, совчилик билан от савдосида ундан ўтадигани йўқ бу атрофда…
– Шундай қилиб, бир пиёла чой ҳам ичмай кетасизми? – деди у Ўтаганга унгурдай оғзини очиб илжаяркан. – Ҳай, майли, нима ҳам деймиз. Насиб бўлса, ўғил тўйингизда бел боғлаб хизмат қиламиз. Гуручи бизнинг бўйинга. Искаладда ошнам бор, дангал йигитлардан, худди сизга ўхшайди. Ревизор-певизордан қўрқмайди, ҳатто бултур биттасини урган ҳам. Тўғрида, ошиқни таваккал ташламасанг, иш битадими? Кейин денг, ўша билан ошна бўлиб қолди қизталоқ!
Кап-катта одамнинг илжайиши, яна бунақа чалакам-чатти гапларни гапириб ўтириши номатлуб туюларди. Лекин Тўра жунчига ҳаммаси кетаверади, ўроқдай бурни кулганда ҳатто ўзига жуда ярашади.Ўтаган унга қарамас, гўё гапини эшитгиси келмаётгандай қўлларини чўнтагига суқиб, кеккайиб турар эди. «Мана, кўрдингми, одамлар мени қанчалик ҳурмат қилади, сенинг бўлса саломингга ҳам алик олмади», дегандай менга беписанд нигоҳ ташлади у.
– Ҳа, айтгандай, – деди Тўра жунчи ёрмага беланган шимининг киссасидан пул чиқариб. – Манглайингизга суртиб олинг, ахир буям чавандозникидай бир гапда. Мен отангиздан жун ҳам олиб ўтирмайман.
Ўтаган жавоб қилмади. Пулни бармоқлари орасига олиб, чўтлаб кўрмоқда эди. Лекин улар ҳаммаси бир сўмлик бўлгани учун охиригача санашнинг иложини топмади, шекилли, ҳеч нима демай, буклаб-буклаб чўнтагига тиқдида савол назари билан менга қараб қўйди.Ҳозир рақибликнинг мавриди эмаслигини иккимиз ҳам тушуниб турардик
– Ўқишга қайтаяпман, тумангача олакетсанг, – дедим.
– Бемаҳалда борамизда, қаерда тунайсан?
– У ёғи бир гап бўлар.
– Ҳм-м, йўлда ҳаяллаймиз, иш бор озроқ… – У қуюқ мўйловлари тагидан тилла тишларини ярақлатиб, паст овозда чертиб-чертиб сўзларди. – Ҳа, майли, ўтир, барибир туманга борамизку.
Машина қишлоқдан чиқди. Устига тикан босилган пахса деворлар ортда қолиб, шип-шийдам дала бошланди. Ўтаган соябони кенг шапкасини дўнг пешонасига қўндириб олган, қайроқдай юзи қилт этмас эди. Гўё шу кетишда тумангача миқ этмай борадигандек. Бироқ, сал ўтмай ўртадаги адоватни ҳам унутиб, беихтиёр гапга тушиб кетди.
– Мана шунақа ишлар. Одамлар Ўтаган бундоқ, Ўтаган ундоқ, лева ишлайди, деб сўкади. Лекин ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди бу иш. Тўра жунчининг ёрмасини Бақирчининг ўридан олиб чиққунча эна сутим оғзимдан келди. Уч тонна юк билан ҳали бу ўрдан одам боласи чиқкан эмас! Тўра жунчига қолса, дунёни сел боссин, берган пулини қара! Нима эмиш отамни жундан озод қилармиш! Закон бўйича жунингни олавермайсанми, баччағар! Ҳа, ишқилиб орқангда бир кимсанг бўлгани яхши. Қайсидир ўтиришда шундай десам, Сармонов домла: «Бўлмаган гап, ҳамма вақт шундай бўлавермайди, беш қўл баробар эмас», дейди. Қарасам, роса маҳмаданалик қилмоқчи! «Ўзингиз ким бўбсиз, четдан келадиган даромадингиз йўқ, бировга фойдангиз тегмайди», дедим. «Нега тегмас экан? Мен, масалан, болаларни ўқитаман. Бундан ортиқ фойда борми? Одамлар ўқимишли бўлса, турмушимиз ҳам фаровонлашади», дейди яна. Мен унга: «Бу сизнинг тенгламаларингиз эмас, яхшиси, бошни қотирмасдан тузукроқ бошпана қуриб олинг, муаллим ака! Кейин ҳар қанча карилласангиз ярашади», дедим жаҳлим чиқиб. Шунақада, ошна…
У гўё ҳамма нарсани ўзи биладигандай, бу ишларнинг мағзини чақишга унинггина ақли етадигандай мақтаниб борарди. Ҳаёт тўғрисидаги фалсафаларини тинглайдиган одам топилганидан кайфи чоғ бўлиб кетган эди гўё. Барча ақли ноқис, майдагап одамларга ўхшаб Ўтаганга ҳам қилинган ишлар, эришилган муваффақиятларнинг ўзи озлик қилар, бу нарсаларни яна кимгадир айтиб мақтаниш керак эди. Мен унинг мақтанишларини, дўриллаган овозини «мириқиб» эшитиб бораяпман, меъдамга зиғир ёғдай урарди. Бунинг устига: «Йўлда ҳаяллаймиз», дегани… Дилим тоғларни ўз комига тортаётган қоронғу оқшом каби кадарли эди. Энамнинг ҳай-ҳайлаб қаршилик кўрсатишига қарамай бемаҳал йўлга чиққанимга пушаймон едим.
Ўтаган машинани Бақирчига бурди.
Зов этагидаги чоққина қишлоқ. Даладан сурув қайтган, кечки соғим пайти – қиз-жувонлар қутиларини кўтариб қўтонда туришар, ҳар ким ўзининг улоқ-қўзиси боғланган кўган ёнида эчки-совлиқларини пойлашар эди. Ўтаган уларни ва қаршидан ҳуриб чиққан итларни четлаб ўтиб, пахса деворли ҳовлилардан бирининг ёнида тормоз бериб сиргнални босди. Бошига худди Ўтаганникидай соябони кенг шапка кийган бир ўспирин дарров шар қўзини шеригига қолдириб, ёнимизга келди. Эски беқасам тўнининг кўкрагига яқинда армиядан келган акасининг медалу нишонларини тақиб олган болакай ҳам унга эргашиб келиб нарироқда тўхтади. У кабина теварагида ўралашиб турар, кир қўлларини машинанинг буферига авайлаб теккизиб кўраркан, орқасидан келган бошқа болага шивирлар эди: «Зўр машина экана! Чўлдаги акамнинг ҳам худди шунақа машинаси бор, яп-янги «Зил».
– Отанг уйдами? – деб сўради Ўтаган шапка кийган ўспириндан. – Бу ёққа чақириб қўй, ошна. Эй, сен, қизил аскар! Машинага айланишма биродар!
Ўспирин бирпасда отасини бошлаб чиқди. Унинг эгнида ҳар-ҳар жойини куя еган қил чакмон ҳалпиллаб турарди. У узун, сийрак соқолини силаб, аввал Ўтаган билан кўришди, кейин менга қўл узатди.
– Жунқайчи чархлаётган эдим, келганларингдан хабарим йўқ. Машина бир гуриллагандай бўлди-ёв хаёлимда. Қани, Ўтаганбой, тушинглар.
– Тушмаймиз, – деди Ўтаган унинг елкаси оша қўтон тарафга қараркан, – вақт йўқ. Сизни қора қилиб келдим, Бойпўлат ака. Озгина хари бор, ўшани машинага олишиб юборинг. Туманда катта бир одамга ваъда берганман, олакетай.
– Мен… боролмайман, ука. Ўзинг биласан, хирмонда кечаси билан уруғ элаймиз. Наҳоргача тахт қилиш керак, бўлмаса тележкалар тўхтаб қолади.
– Оббо, Бойпўлат ака-ей! Хўп… энди бир ишим тушган эдида, минг қўйли бойнинг бир эшаклига иши тушгандай.
– Ҳа, ҳа, бу гапинг ҳалоли гап бўлди. – Бойпўлат ака носдан сарғайган, лекин терилган гуручдай бир текис тишларини кўрсатиб тиржайди. – Сенга ҳам арзимиз бор. Мана, яқинда нўхатни бозорга элтиб сотиш керак. Анави гирой укангизнинг қўлини ҳалоллаш зарур.
У шундай дея, тўнига медаль таққан болани кўрсатди. Ўтаган папирос олиб чекди.
– Ана, кўрдингизми! Нўхатни биз элтамизда бозорга. Қўй-пўй бўлса ҳам, ортаверасиз. Сиздан йўлкира ҳам олмайман, дуо қилсангиз бас. Оилангиз катта, кира ҳақи сўрасам сизга жабр бўлади.
– Ҳа, ҳа, яқинда еттинчи азамат дунёга келди, бари ерман-ичарман, – деди Бойпўлат ака ва боядан бери гурунгга диққат билан қулоқ солиб турган болаларига қараб қичқирди: – Ҳов, нега турибсанлар, энанг у ёқда шошиб ётибди, қани, марш! – Болалар қўтонга тирақайлаб югуришди. – Шундай қилиб, нўхатни ортишинг чинма? Янаги шанбагая? Яхши. Хари қаерда ўзи?
– Гавазмайдонда. Чўпонларга ёзда кестирганман, нақ бўлмаса эсимдан ҳам чиқиб кетаёзибди.
– Гавазда бўлса, йўл чап эканда. Мошина борадими ўзи? – дея ташвишланиб сўради Бойпўлат ака.
– Боради. Чўпонларнинг куч-кўронини ўзим ташиганман. Деҳқонободлик гирой чўпон борку, Амирали Эшбоев, ўша одам қўйларига ҳар йили Гавазнинг йўнғичқасини едиртириб кетади. Биз у билан Тўрқага, ҳов Оқсувнинг бошига ҳам борганмиз. Эҳ-эй, бормаган ерим қолдима бу машина жонивор билан!
– Лекин Гавазнинг Қизилқияси ёмонда сабил, айниқса, кечаси, – деди Бойпўлат ака, ҳали ҳам эътироз билдириб.
– Қизилқия? Ёмонлиги чин, фақат мишиқи шофёрлар қўрқади унақа ерлардан, мендан кўнглингиз тўқ бўлсин!
Ўтаган қўтондаги болалару қиз-жувонларни ўзига қаратиб, хо-холаб куларди. Унинг кулгиси Бойпўлат аканинг иккиланишларига чек қўйди, шекилли:
– Мен қалинроқ кийиниб олай бўлмаса, – дея уйига шошилди.
Бирпасдан кейин у бошига жиякларининг қири кетган қулоқчин, эгнига гуппайган чопон кийиб чиқди. Кейин зарур бир нарса эсига тушгандай тўхтаб, Ўтаганга қўл силтади:
– Шошма, Ўтаган! Биз ҳали ўғилчани ўпиб қўймабмизку.
Кўган ёнида унинг хотини қўй соғар, шапка кийган бояги ўспирин совлиққа талпиниб ҳадеб типирчилаётган олабош қўзичоқни оёғидан ушлаб турар эди. Нарироқда эса, сочлари майда қилиб ўрилган чиройли қизча чақалоқ кўтариб олган. Чақалоқ ҳам худди олабош қўзичоққа ўхшаб энасига талпинар, унча қаттиқ бўлмаса ҳам, ҳар қалай, ғайрат билан инга-ингалар эди. Қизча уни овутиш мақсадида, алла оҳангида қандайдир сўзларни хиргойи қиларди.
– Тезроқ бўлинг, эна, эммаса кўнмайди бунингиз, – дейди қизча сабри тугаб.
Бойпўлат ака бориб чақалоқни қўлига олди.
– Қани, бу ёққа келчи, полвонтой! Бизга келса, дарров юпанадида, а шоввоз?..
Чақалоқ эса юпанишни хаёлига ҳам келтирмас, отасининг соқолини тимдалаб тинмай биғиллар эди.
– Ма, бунингни эмиз! Жуда хумор бўп кетганга ўхшайди. Қорни тўймагунча ота-потани танимайди энағар!
Бола онасининг қўлига ўтган заҳоти тинчиди. Энди қўлчаларини силкитганча маза қилиб эмарди. Аёл унинг сийрак сочларини силар, бундан ўзи ҳам ором топаётгандек, ёқимли жилмаярди. Чақалоқ эмиб бўлгач, бошчасини чайқатиб атрофга аланглади ва тағин кўкракка интилди, лекин аёл боланинг бошидаги қалпоғини тўғрилаб, отасига қаратди. Бойпўлат ака ўғилчасини яна қўлига олиб ўпди.
Бу орада қўйлар соғиб бўлинди, чўпон уларни шомлатиш учун қир томонга ҳайдаб кетди. Ўтаган эса тоқати тоқ бўлиб папирос кетидан папирос тутатар эди.
– Оббо, роса соғинган эканку чақасини! – деди у хуноби тошиб. Кейин кетма-кет бобиллатиб сигнал берди.
– Ҳозир, ҳозир! Мана, бўлдик, тойчоқни бир ўйнатдикда энди. Боряпман! – деб қичқирди Бойпўлат ака.
Чақалоқ энди унинг қўлидан кетишни истамас, қанот қоққан полапондай ҳадеб жажжи қўлчаларини силкитар эди. Бойпўлат ака уни хотинига тутқазиб, ўрнидан турди.
* * *
Машина сой ичидаги Теракли қишлоғини, бир-бирига мингашган тепаларни ортда қолдириб, шитоб билан Гавазмайдонга ўрлаб борарди. Пахмоқ чангалзорларни шом қоронғуси аллақачон забт этган, ҳавода чириган арчаларнинг намхуш ҳиди анқийди. Ёввойи ҳидлар шу қадар тоза ва ўткир эдики… буни шаҳардан келган кишигина тўлиқ ҳис эта олади.
– Хў-ўш, шуйтиб, сен нима қилиб юрибсан? – дея мендан сўради. Бойпўлат ака. Азбаройи кайфи чоғлигидан қўлларини бир-бирига ишқалади. – Ўқишга кетаяпсанми? Нималикка ўқияпсан? Муаллим? Яша! Ғайрат қилибсан, укам. Менинг ҳам катта ўғлим армиядан келди, ҳозир чўлда ишлаб юрибди. Пича пул топсин, кейин ўқишга қўяман.
– Лекин асло ўқитувчиликка қўйманг! – дея Ўтаган унинг гапини бўлди. – Нега деганингизда, бу асли хотинларнинг иши. Йигит одам сал ориятли касбнинг бошини тутгани маъқул.
У рақиблигини унутмаган, ўрни келди дегунча палағдасини мен томон отишга уринар, гапининг нишонга қанчалик аниқ текканини билиш мақсадида мен томонга кўз қирини ташлади. Башараси совуқ йилтирарди, бу башарага бехос мушт туширишдан ўзимни зўрға тутиб турардим. Қачон тийилар экана? Қишлоқда мендан ўзга ҳамма, ҳатто қариндошларим билан ҳам апоқ-чапоқ. Бу туганмас ғаразнинг сири нимада экан? Гулсанамни мендан тортиб олган бўлса… Акасининг соясида бойвачча бўлиб айшини суриб юрипти, яна нима алами қолди менда?!
– Янги иморат солаяпман, саккиз хонали, – деди у Бойпўлат акага, кейин ўзича мағрурлангандек сўради: – Томини шифер қилсамми ё тунука? Сиз нима дейсиз?
– Билмадим, ука, умримда шифер билан тунукага ишим тушмаган. Ота-бободан бери лой сувоқ томда яшаб келганмиз. А, бу зормондани топиш қийин дейишади, чинми?
– Қийин ҳам гапми! Ҳозирам шунинг дардида чопиб юрибман. Туманда бир одам билан гаплашдим. Анави харилар ўшанга. Ўғлига саккиз хонали уй қураяпти, тўсинига арча ёғочидан қўймоқчи. Ҳиди яхши эмиш, уйнинг ҳавосини хушбўй қилиб турармиш.
– Эҳа, одамлар арчанинг ҳидига ҳам ошиқ, денг. Бизга соя бўлса бўлди, ҳид-пиди билан ишимиз йўқ.
– Шунақа, Бойпўлат ака. Одамлар илгарилаб кетаяпти. Насиб бўлса, ёғочларни омон-эсон етказиб борсам, эртага ўрнига шифер юклаб қайтаман.
– Қўлга тушиб қолмада, ишқилиб. Ҳозир назорат қаттиқ, нега деганингда, тоғларда арча камайиб кетаяпти.
– Ўрмончилардан қўрқмайман. Ҳатто бошлиғидан ҳам! Ушласа, киссасига беш-ўн сўм солиб қўяман. Қайтанга, раҳмат айтади.
Кейин Ўтаган ҳуштак чалиб, ашула айтиб юборди:
О-ой, шофёр бўлодурман:
Тормозини тўғрилаб,
Бензинидан ўғирлаб,
Ёр, сани боқодурман!
О-ой, ферма бўлодурман:
Қоғозини тўғрилаб,
Қўйларидан ўғирлаб,
Ёр, сани боқодурман!
– Қўй, дўриллама! Ундан кўра йўлга қара, – деди Бойпўлат ака беозор илжайиб.
Машина инграна-инграна баланд қирга чиқиб борди. Қаршида арчазор қуршаган очиқ майдон кўзга ташланади. Гавазмайдон дегани мана шу жой. Бир пайтлар бу ерларда чинданам шохлари тарвақайлаган гавазлар (буғилар) макон қуриб, гусур-гусур чопишиб юришгандир, урғочи талашиб қарс-қурс сузишгандир. Лекин ҳозир Гавазмайдон кимсасиз, чўпонларнинг гулханлари ёнмас, итлари ҳурмас эди. Ҳамма аллақачон қиш қўтонига қайтиб кетган. Энди Гаваз муаззам тоғлар оғушида тунги кўл сингари қорайиб ётарди. Машина нишаблаб аста-секин зулмат қаърига шўнғиб борарди. Ўнг тарафда қат-қат қоялар тизилган, сўлда эса – Қизилқия! У шу қадар тик ва тубсиз эдики, пастда қоп-қора бўшлиқдан ўзга ҳеч вақо кўринмас, аллақаердан сойнинг шалдираган овози келади, холос.
– Бу йўллардан кўп юрганман. Бундан баттарроқлари ҳам учраган, – деди Ўтаган парвойи фалак.
– Қайтишда ҳам шу йўлдан келасанми? – деб сўради Бойпўлат ака.
– Бўлмасамчи! Гавазда бошқа йўл йўқ. Қўрқаяпсизми? Қўрқманг, ака, мен сиз ўйлаган мишиқи шофёрлардан эмасман. Мана сойликка ҳам тушдик… Аҳ-ай! «Келиной»дан айтинг, «Келиной»дан! Э-ҳов, қоч, шайтон! – У чакалакзор орасидан отилиб чиққан сап-сариқ тулки устига машинани бўкиртириб ҳайдади. Аммо тулки лип этиб йўлнинг нарига тарафига ўтди ва масхара қилгандек тишларини иржайтириб, арчазорга кириб кўздан ғойиб бўлди.
– Ҳаҳ, падарлаънат! – дея афсус билан бош чайқади Ўтаган. – Қутулиб кетдия!
– Бошқа нима ҳам қилардинг жониворни? Сенга оғири тушаётгани йўқку, – дея пўнғиллади Бойпўлат ака.
– Оғирлиги тушаётгани йўқ, лекин йўлингни тулки кесиб ўтдими – тамом, ишинг бароридан келмайди. Бўри кўрсанг, бошқа гап. Милтиқ бўлганида, шартта отардим лаънатини!
Машина энди Гавазнинг чим йўлидан равон елар, чироқ нурлари қадимий арча ва зарангларнинг қув шохларини ёритиб, водий бағрини тилганча қир тубига югурар эди.
Ўтаган машинани зич ўсган арчазор ёнида тўхтатди.
– Келдик, қани, тушинглар, биродарлар.
Машинанинг мотори, чироғи ўчган, ўрмон зулмат қўйнида ваҳимали гувлар эди. Аҳён-аҳёнда шохларни потирлатиб қандайдир қушлар учади.
– Чироғингни ёқиб қўй, Ўтаган. Ёғочлар қаерда ўзи? – деди Бойпўлат ака телпагининг қулоғини тушураркан.
– Шу ерда. Фақат, ҳаммаси бир жойда эмас.
– Қани, бошла бўлмаса. Тўплаймиз, ортамиз, бошқа нима ҳам қилардик. Сен ҳам қарашасанми, Нурали? Ё кабинада ўтираверасанми? – деди Бойпўлат ака менга ўгирилиб.
– Қарашади, нега қарашмайди? Кабинада бало борми бунга? Уни сайрга олиб келганим йўқ! – деди Ўтаган ва чирт этказиб туфлади. Тупуги юзимга сачраб кетди.
Агар Ўтаган эркинсибми, манмансибми, шу гапларни айтмаганида, тупуги юзимга сачрамаганида, мен яна индамай қўя қолганимда ҳеч нима бўлмас, ҳатто унга бемалол ёғоч ташишаверар ҳам эдим, лекин гапи суяк-суягимдан ўтиб кетди. Унга еб юборгудек тикилдим.
– Ташишмасам, хўш, мабодо ташишмасам, нима!
Ўтаган бир зум каловланди, кейин бирдан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Кулгуси кимсасиз ўрмонда жуда хунук янгради.
– Ҳа-ҳа, ҳали шундайми? Кекирдагингни узиб ташламасимдан, қани, марш!..
У қаршимда қўлларини чўнтагидан чиқармай, худди ғажиб ташламоқчидек қаҳр билан тикилиб турар, ғиринг демай олдига тушишимни кутар эди. Мен эса унинг қайроқдек йилтираб турган башарасига қулочкашлаб мушт туширдим. У гандираклаб кетди, ҳамон қўлини чўнтагидан олмай менга ҳайрат билан ўқрайди.
– Нурали! Пушаймон қиласан, бола! Гавазда ўлигинг қолади, худо урсин агар!
– Майли, Ўтаган. Иккимиздан биримиз яшашимиз керак ўзи!
Мен унинг йўғон бўйнини кўзлаб яна уришга чоғланган эдим, Бойпўлат ака ҳай-ҳайлаб орага кўндаланг бўлди. У бизнинг жанжалимиз ҳазил эмаслигини энди пайқаган эди.
– Ия, икки ошна шўхлик қилаяпти десам, силар чинакамига ташлашаяпсизларку! Уят бўлади, ҳов, Нурали!
– Нима Нурали! Нега битта мен уялишим керак?! Сизлар шундай, доим ориятли одамдан уят талаб қиласизлар, уялмаса, устига мағзава тўкиб юрасизлар!
Шундай дея Бойпўлат акани орадан итариб ташладим, лекин шу он чаккамга тарсиллаб мушт тушди, кўзларимдан ярқ этиб олов чиқиб кетди. Чалқанча ағдарилишимга сал қолди. Мени оёқда тутиб қолган сеҳрли куч шу эдики, ҳозир йиқилсам, яна бир марта, эҳтимол, охирги мартадир, Ўтагандан шармандаларча енгилиб, хароб бўлишим аниқ. Ўзимни ўнглаб, рақибимга тикка ташландим. Росмана муштлашув энди бошланди. Бойпўлат ака бизни айиролмай, чапак чалиб атрофимизда гир-гир айланарди. Ўтаганнинг қўллари тошдай қаттиқ, лекин қамрови калта эди. Буни сезиб у ўзини олиб қочди, пайт пойлаб туриб, қутурган йўлбарсдай мен томон отилди, омбирдай қўллари билан бўйнимдан ғиппа бўғиб ўдағайлади:
– Ҳў, итвачча! Менга қўл кўтардингми ҳали сен?! Менгая! Итдай бўғиб ўлдираман! Гулсанамга ошиқ бўлгансана, ҳароми! Менинг қонуний хотинимгая? Бизга тенг бўлишни ким қўйибди сенларга!..
Мен қорнига зарб билан тепдим, у букчайиб қолди, бор кучимни тўплаб энсасига қўшқўллаб туширдим, юзтубан йиқилди. Ўрнидан турмоқчи бўлганида яна тепдим, тепавердим. Ниҳоят! Ўрнидан туролмай қолди. У чим устида оёқларим тагида аянчли бир алфозда яраланган йиртқичдек тўлғаниб ётарди…
* * *
Қоқ ярим кеча. Тарози юлдузи Темирқозиқ устига келган. Ўрмон қоп-қора тўлқинлар оғушида мавжланади. Қув арчаларнинг яланғоч таналарини изғирин ялар, у ер-бу ерда тубидан қирқилган навниҳол арчаларнинг шох-шаббалари атрофда сочилиб ётибди. Мен тўнкалардан бирида мажолсиз ўтирибман. Елкаларим шол бўлиб қолгандай қақшайди, мушт зарбидан ёрилган чаккаларим лўқиллайди, аммо таърифлаб бўлмас сокинлик ва хотиржамлик борлиғимни қамраган. Ҳеч қачон ўзимни ҳозиргидек масрур, осуда сезмагандим. Айни ҳолатим ёлғиз ғолиблик нашидаси эмас, гўё елкамдан босиб ётган қирқ ботмонлик тегирмон тоши ағдарилгандек. Ҳаётимда мен учун жуда муҳим, таърифлаб бўлмас зарурий ҳодиса юз берган эди.
…Ўтаганнинг жони қаттиқ, ҳеч нарса бўлмагандек Бойпўлат ака билан ғайрат қилиб машинага ёғоч юклаяпти. Бунчалик жон куйдириши боиси нимада экан? Нега муштлашдик? Ёки файласуфларнинг тили билан айтганда, яшаш учун курашмикин бу? Лекин, у мендан итдай калтак еган бўлса ҳам, шунча ёғочни йиғиштириб келган, энди пишиллаб, ўлиб-тирилиб машинага ортаяпти! Демак, у шунинг учун курашади. Мен эса бўлак нарса учун! Зулмат сукунати ичра, олисда – тоғнинг энг баланд чўққисида нолон бир овоз янгради, қоп-қора ўрмон узра таралиб сингиб кетди. Бир оздан кейин мунгли овоз яна қайталади. Тоғда ҳилол сайрарди! Сайраши қиз боланинг овозидек тиниқ ва мусиқий. Йироқ-йироқлардан кимнидир ёнига чорлар, ушалмаган асрий орзуларидан ҳали ҳам умидвордек, ноласи юракларни сим-сим эзарди. Чаккамни зирқиратаёган оғриқ қайгадир чекилди – қушдай енгил сездим ўзимни, кўксимни ажиб ҳислар тўлиқтириб, қайгадир ошиқар, талпинар эдим… Ниҳоят, баланд чўққига етдим. Гўзал париваш бир қиз менга пешвоз чиқди. Мен уни оғушладим…
Ёнимда кимдир «оҳ»лаб юборди. Чўчиб бошимни кўтардим. Кўрганларимнинг ҳаммаси рўё экан, ўнгимда эса… Бойпўлат ака белини ушлаганча, ингранарди. Ёнига югуриб бордим.
– Нима қилди, Бойпўлат ака?
– Ҳеч… Белим сал … Хирмонда мертилган.
У ёғочнинг йўғон томонини қўлидан қўймай нафрат билан тикилиб турган Ўтаганга гуноҳкорона боқарди.
– Сиз сал дамингизни олинг, – дедим ёғочнинг иккинчи учидан олиб.
Машина бортига чиқариб жойлаганимиздагина унинг зил-замбил эканини сездим. Пайларим зўриқиб, увишиб кетди. Ўтаганга эса бу оғирлик сира кор қилмасди.
– Нечта бўлди, Ўтаган? – дея сўради Бойпўлат ака навбатдаги ёғочни олиб ўтаётганимизда.
– Ўттизта. Нима эди? – деб тўнғиллади Ўтаган.
– Етар энди. Машина тортолмай юрмасин тағин. Хўп де, ука, кўплик қиладида, мана, мени айтди дерсан…
Лекин Ўтаган бирдан сенсираб, уни жеркиб ташлади:
– Ақл ўргатма менга! Ҳе, яримжон! Сени олиб келган мен аҳмоқ.
– Бас! Етади шунчаси, кетдик, – дедим мен кескин қилиб.
Бу сафар Ўтаган бўйсунди. Бойпўлат ака билан бирга ёғочларни уч жойидан тортиб бортга боғлади. Ручка айлантириб, моторни ўт олдирди.
Йўлга тушдик. Орқада ҳувиллаб қолаётган Гаваз билан хаёлан хайрлашдим. Бойпўлат ака телпагининг қулоғини қайтариб қўйди. Ишнинг битганидан кўнгли тинчиб, ўртамизда илжайиб борарди.
– Сен хафа бўлма, Ўтаган, – деди у ёнидан носкадисини олиб, бафуржа нос чекаркан. – Боя ёғочни ташлаб юбордим. Белим зирқираб кетдида. Хирмонда мертилган. Бўлим бошлиғи: «Баҳона қилма!» дейди. Гапини қара! Мен хирмонда ўлиб ишлайман, у кишим тумандан келган вакиллар билан ароқ ичиб юрибди. Келиб яна дағдаға қилгани ортиқча. Нима эмиш, беда уруғ плани бажарилгани тўғрисида эртага рапорт бериш керак, белингнинг мертилган-пертилгани билан ишим йўқ, нима бўлса, ўзинг қилгансан, жавобини ҳам ўзинг берасан эмиш! Вакиллар хохолаб кулишади, денг. Ҳар қайсисининг қўлтиғида биттадан семиз папка!
Ўтаган унга қайрилиб қарамас, димоғдорлигидан асар ҳам қолмаган, хумдай бошини орқага ташлаб, бир оғиз ҳам гапирмай тумтайиб борар эди. Йўлнинг тик жойига етганда зўриқиб, юриши секинлаган машинани абжирлик билан қуйи тезликка олди, дўнгликда машинани тўхтатди. Кабинадан тушиб йўлни кўздан кечирди. Кичкина сойчиқдан ўтгач, йўл тубсиз жар ёқалаб тағин тикка кўтарилиб кетар эди. Қизилқия! Ўтаган бир тормозни, бир газни босиб, моторнинг овозига қулоқ тутганча ишлашини текшириб кўрди.
– Бир марта гапимга кир, жон ука… – Орага чўккан совуқ сукунатни бузиб Бойпўлат ака ялинишга тушди. – Ёғочдан ўнтасини туширайлик. Бошқа пайт келиб олиб кетарсан…
– Сиз менга яна ақл ўргатаяпсизми? Йигирмата ёғочни ғилдиратиб бориб бошимга ураманми? Шиферни сиз катта холангизнинг уйидан олиб берасизмиа?!
Ўтаганнинг ранги бўздай оқариб кетган, боя мен билан муштлашганда ёрилган лаблари титрар, мендан калтак егани учунми, асабийроқ эди. У арвоҳларига сиғинди, мой босган курткасининг енгини шимарди. Моторнинг бор қувватини ишга солиб, машинани сойчадан ўқдай учириб олиб ўтди. Машина шиддат билан пишқириб, олға интилди. Лекин бу тобора шашти сўниб, ҳадемай буткул ҳолдан тоядиган ўткинчи шиддат экани кўриниб турарди… Биз тахминан Қизилқиянинг охирроғига чиқиб борардик. Пастдан сойнинг аранг шилдираши, машина тумшуғининг нақ юлдузларга рўбарў бўлаётгани шундан дарак берарди. Мотор азбаройи зўриқиб кетганидан ҳансирар, аянчли ингранар эди. Ўтаганнинг юзидан дувиллаб тер қуйилади, ғудраниб тинмай ҳазрати Довудга сиғинади. Лекин! Бир пайт мотор ғиппа ўчди.
– Тормозни бос, тормозни!– дея қичқириб юборди Бойпўлат ака.
Ўтаган ричагни куч билан силтаб тортди, аммо бу сафар ричаг унинг бақувват қўлларига итоат этмади. У жон талвасада тормозни босиб, бақирди:
– Тушь, Нурали! Тош қўй ғилдиракка! Тушь… тезроқ!!!
Кабинадан отилиб тушганимда, уни ўчган машина орқага – тик нишабга тисарилиб борарди. Ёндаги ғадир-будир қояга юзимни уриб олаёздим ва ғичирлаб, тобора тезлашиб бораётган машина тагида қолмаслик учун қояга қапишиб, ўзимни ўнгладим. Оёғим остда ётган тошлардан бирини олиб ғилдирак орқасига ташладим. Ғилдирак тошга сал илингандек бўлдию, бироқ мен иккинчисига энгашганимда машина тошни бир четга суриб ташлаб, ғизиллаб пастга кетди. Мен фақат кабина эшигининг қарсиллаб ёпилганию, Ўтаганнинг: «Қоч, Бойпўлат! От ўзингни кабинадан!», деган телбаларча ҳайқириғини эшитдим, холос. Бирпасдан кейин бошқа бир гусирлаган даҳшатли шовқин бу ҳайқириқни босиб кетди. Тоғлар гўё қиёмат қўпгандай ўкирар, гумбурлаб акс -садо қайтарар эди…
Ниҳоят, еру кўкни ларзага келтирган гумбурлаш тинди, шовқин сой тубига сингиб, йўқ бўлиб кетди. Мен йўл устида танҳо қаққайиб турардим. Энди бу машъум Қизилқия бўм-бўш. Унда ёғоч ортилган машинадан ном-нишон йўқ, Бойпўлат ака ҳам, унга сўнгги бор: «Қоч!» дея телбаларча ҳайқирган Ўтаган ҳам! Гавазмайдонни ўлим сукунати қамраган, тепада фақат юлдузларгина, гўё ерда содир бўлган фожиадан ҳаяжонга тушгандек бетиним парпирашар эди. Даҳшатдан қалтироқ турди. Кимсасиз зулмат ютиб юборадигандек тезроқ бу ердан қочгим келарди…
Ногаҳон, жар тарафдан хирқираган бўғиқ овоз эшитилди. Инграётган одам эди. Одам! Ҳозир у ким бўлса ҳам, менга дунёдаги жамийки нарсалардан азизроқ туюларди. Мен пастлаб, овоз эгасини ахтариб кетдим. Овоз жуда яқиндан эшитиларди, бироқ ҳеч қаерда қораси йўқ. Шунда мен юрак ютиб жар лабига энгашдим ва қоя бағрини ёриб чиққан зарангда осилиб ётган гавдани кўрдим. Гавда заранг шохини жон-жаҳди билан чангаллаб олган, бир оёқлаб бошқасига таянганча, нақ жаҳаннам узра зўрға илиниб турар эди. Энди уни бу жаҳаннамдан тортиб олиш керак, лекин бунинг сира иложи йўқ – салгина қалтис ҳаракат уни ҳам, мени ҳам зовлар қаърига тортиб кетиши мумкин. Барибир, нимадир қилиш, ҳеч бўлмаса, уриниб кўриш керак. Уни бу аҳволда ташлаб кетолмайманку, ахир. Пастга, ёнига эниш, заранг тубига оёқ қўйиб гавдани тепага тортиш… йўқ, бу хавфли; гавдани кўтариб яна жар устига қайтиб чиқишга кўзим етмасди.
Ниҳоят, таваккалига зов лабидаги тошга тиззаладим ва бир қўлим билан заранг шохига таянганча юзтубан энгашиб, иккинчиси билан гавданинг қўлтиғидан кўтардим. Бироқ у айиқдай оғир эди. Тошга янада маҳкамроқ таяниб, бор кучим билан чираниб тортдим. Гавда юқорига бир газча кўтарилди, лекин худди шу пайт тиззаларим бўшашиб, ўзимнинг жар томон сурилиб бораётганимни сезиб қолдим. Гавда заранг шохларини чангаллаб тинмай типирчилар ва шу билан мени ҳам тобора пастга тортқилар эди. Иккимиз жаҳаннам узра тебраниб, муаллақ осилиб турардик. Роса терладим, дармоним қуриб, чанг ёпишган танглайим қақраб кетди. Қўлларим эса бўшашгандан бўшашиб борарди. Агар яна озгина ҳаялласам, машъум Қизилқия бизни ўз комига тортиб кетиши муқаррар эди… Оғирлигимни орқага ташлаб, иккинчи қўлимни ҳам қоядан уздим ва қўшқўллаб, ғийритабиий куч билан силтаб тортдим. Гавда худди пастдан улоқтириб юборилгандай отилиб чиқди ва иккимиз бир-биримизга чирмашганча шағал аралаш тупроқ йўлга қуладик…
– Вой, оёғим! Оҳ, Нурали! Оёғимни кўр, синиб кетган!
Мен шундагина унинг Ўтаган эканини пайқадим. Оёғи пойчасидан шартта синиб атрофида қон қотиб қолган, бир чеккасидан ҳамон сизиб турар эди. Бўйнимдаги юпқа шарфни ечиб, маҳкам танғиб боғладим. Ўтаган хийла ўзига келиб, қўлларига таяниб қаддини ростламоқчи бўлди, аммо белини ололмади. Кейинчалик ҳам оёққа туриш унга насиб этмади, бир умрга мажруҳ бўлиб қолди…
– Машина… Бойпўлат ака… – Ён-верига аланглаб ғудранди у
– У ҳам кабинадан сакраганмиди?
Ўтаган жавоб қилмади, пастга, қоп-қора бўшлиққа маънисиз тикиларди.
– Ўзинг қай маҳал тушиб қолдинг?
– Билмайман нима бўлганини, худо урсин, билмайман! Хаёлимда, у мендан олдин тушиб қолгандай… Йўқ, эшикни очолмади чоғи. Эҳ, пешонам шўр экан, унинг қонига зомин бўлдим. Лаънати заранг!.. Нимага қутқардинг мени, Нурали?! Нимага? Ахир, душманмизку! Абгор бўлдим, абгор…
У ўзини тупроққа отиб, олдинга чўзилган қўллари билан шағал тошчаларни ғижимлаганча бошини тўлғаб, ўкраб-ўкраб йиғлар эди.
– Алжирама! – дедим. – Балки, у тирикдир… Мен қараб келайчи. Ўрнингдан қимирлама!
Мен пастлаб кетдим. Ўн қадамча юриб йўл устида ниманингдир тўппайган қорасини кўрдим. «Топдим!» деган қувончли ўй кечди хаёлимдан. Мен ҳатто Ўтаганга қичқирмоқчи ҳам бўлдим. Лекин, сабрим чидамай қора ёнига югурдим ва унинг жуда кичик нарсалигини пайпаслаб кўрганимдагина пайқаб, бўшашиб кетдим. Қўлимга илинган нарса Бойпўлат аканинг телпаги эди! Бурилишда эса, йўлнинг жар томони ўпирилиб кетган, афтидан, машина худди шу ердан Қизилқияга ўқдай учган. Мен Бойпўлат акани ахтариб, чақириб атрофга беҳуда чопардим, кўз унгимдан эса қанот қоққан полапондай жажжи қўлчаларини силкитиб отасига интилган чақалоқ ўтар эди…
* * *
Ўтаганнинг зил-замбил гавдасини судраганча, буткул ҳолдан тойиб қиррага чиққанимда қоялар учига тонг шовгуми урган, қуйида Теракли, нарида Бақирчи қишлоғи бир ҳовучгина бўлиб кўринди. Милтиллаган яккам-дуккам чироқлар, итларнинг ҳурган овозлари кишини оҳанграбодай ўзига чорлар эди. Орқада эса муаззам чўққилар пойидаги арчазор бағрида гўзал Гавазмайдон ястаниб ётибди. Тоғлар гўё фожиадан бехабардек асрий сукутини бузмаган, ҳеч қандай фалокат юз бермагандек тонгнинг оппоқ, сокин ёғдусига чўмилиб, аста уйқудан бош кўтармоқда эди…
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 10-сон