Сайди Умиров. Адабиёт – фидойилар билан барҳаёт

Кўнгил хоҳиши, қалб амри билан ёзган маъқулроқ, эмин-эркин фикрлайсан, табиий, самимий, ишончлироқ чиқади.

* * *

Айрим амалдор, пулдорлар, ўз хатоларидан ташқари, эркатой, тизгинсиз фарзандлари, қариндошлари қилмишлари, қинғирликлари учун ҳам азият чекишади.

* * *

Оқибатсиз қариндошдан олижаноб «бегона» яхши. Мартабаси, пули, давлати ошиб кетгач, кўп меҳнати сингган, яхшиликлар қилган кишиларини унутган бемеҳр кимсалар ҳақида эшит­ганман, баъзиларини ўзим ҳам биламан.

* * *

Адаби­ёт – инсонни одоб-ахлоқли, иймон-эътиқодли, маданиятли қилиб тарбиялайди.

* * *

Инсон умри орзулар, умидлар, қайғу ва изтироблар маж­муидир.

* * *

Не ажаб, эндиликда китоб кўп, имкониятлар катта, бироқ ўқийдиган мард кам.

* * *

Қармоққа кичик балиқлар кўпроқ илинади, йирикларининг тўрга тушиши қийинроқ. Коррупцияга қарши кураш жараёнида ҳам шундай ҳолат сезиляпти чоғи.

* * *

Не-не машаққат билан пиёдани фарзинга чиқар­гани гувоҳи бўлганимда кичик далилдан катта хулоса чиқара олган, салмоқли тадқиқот битган олим Бегали Қосимовни тасаввур этаман.

* * *

Ношуд қаламкаш аравани қуруқ олиб қочиб, ярим бет, бир бетда айтолмаган гапни моҳир ёзув­чи кичик бир деталь орқали айтиши, ишонтириши, вақтни, қоғозни, қаламни тежаши мумкин.

* * *

Қийини – ғоя, мазмунга ишора қилув­чи мос сарлавҳа, илк жумла, хос оҳанг топиш: янги, мароқли сарлавҳа бўшроқ нарсани ўқишга даъват этса, сийқа, зерикарли сарлавҳа яхши, мазмундор мақола, очеркдан кўнгил совутади.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 7-сон