Тайёрлов идорасида Шамси ака Тошниёзов деган одам ишларди. Раҳматлик кам гапирса-да, ҳазил-мутойибани жойига қўярди.
Ёзги мавсумда маҳсулот кўпайиб, анча-мунча ишчи ёллашга тўғри келган. Кимдир мева-чевага қути ясайди, кимдир тери ошлайди, яна бири жунни тозалайди.
Бир куни тушликда жўралари билан улфатчиликдан қайтса, ишчилар ўз билганича дам олиш билан овора. Фақат ёши каттароқ Қудрат ака ишлаяпти. Бу одам шу корхонада улғайган, деса ҳам бўларди. Қоровулликдан тортиб барча юмушларни бажариб юради. Ўқимаганлиги учунми, сал соддароқ, ҳамма гапни тўғри маънода тушунади.
Хуллас, Шамси ака ароқнинг кайфи билан мавсумий ишчиларни ландовурликда, дангасаликда айблаб, роса уришади:
– Нима, энди ҳар биттангнинг орқангдан пойлаб ўтиришим керакми? Қудрат акага ўхшаб, ҳалол ишласаларинг бўлмайдими?! Бўпти, энди ҳаракатларингни минутма минут ҳисобга оламан. Бугундан бошлаб Қудрат ака сизларга бригадир!
Шу зайлда икки-уч кун ўтибди. Тайёрлов идорасида ҳар душанба эрталаб режалаштириш бўлади. Директор, омбор мудирлари, ҳисобчи ҳафталик ишларни келишиб оладилар. Гоҳида райижроқўмдан вакил иштирок этади.
Ҳамма йиғилгач, директор энди гап бошлаганда эшик очилиб, костюм-шим кийиб, галстук боғлаб олган… Қудрат ака кириб келади. Оёғида ялтироқ туфли, қўлида эса блокнот.
– Кечирасизлар, ишчиларни йўқлама қилиб, сал кечикдим…
Ҳамма ҳайрон. Одатда бундай пайтда у чой келтириб берарди. Саратонда ясаниб келган одамни кўриб хонадагилар кулгисини базўр яшириб туради. У эса ҳеч нарса билмагандек даврадаги стуллардан бирига ўтиради. Директор ўз ишчисининг бу ҳаракатини ҳазм қила олмай, атрофдагиларга қарайди.
– Ҳа, Қудрат ака, тинчликми? Нима бало, уйланаяпсизми? Ясан-тусан зўр-ку!
– Хизматчилик, ўртоқ бошлиқ. Мени мавсумий ишчиларга бригадир этиб тайинлашганди. Топшириқ бўлса, олай деб келдим…
Раҳбар яна ёнидагиларга кўз югуртирди. Шамси ака мийиғида кулиб қўйди. Директор бу томоша айнан шу кишининг навбатдаги ҳазили эканини тушунди ва юмшоққина деди:
– Яхши, сиз болалар билан ишлаб туринг, ўзим чақираман.
Қудрат ака чиқиб кетгач, раҳбарнинг хонасидан “гурр” этиб кулгу кўтарилди.