Фахриддин Содиқ. Яхши одам (ҳикоя)

Ҳаво очиқ. Ҳарир пардалар ортидан тушган қуёш нури эътибор билан қараган кишига бетакрор мўъжиза бўлиб кўринади. Хонадагилар эса бундай мўъжиза ҳақида ўйлашмайди ҳам — табиатдаги табиийлик шундай.
— Келинг, келинг бобо. Марҳамат, чойдан ичинг.
— Раҳмат, раҳмат, болам.
— Чойдан ичинг, бобо, иш бўлса… бўлар!
— Нимасини айтасан, отанг раҳматлиям яхши одам эди. Сен ҳам илгаридан бўладиган бола эдинг. Бўладиган бошидан маълум. Отанг ҳам, амаки, тоғаларинг ҳам…
Бобо кутилмаганда мунғайиб, хижолат тортиб, мўлтираб қолди.
— Бобо, замон бугун шиддатли. Одамлар сараланаяпти. Кун иш билганники. Энди ҳар ким ҳам тулумини оз-моз чайқаш керак. Бошқа илож йўқ.
— Ҳа-а… ўғлимам шундай деганди. Кейин охирги мажлисингда айтган экансан. Энди хатолар кечирилмайди, деб одамларга ётиғи билаан тушунтирган экансан.
Фермерлар уюшмаси раиси бирдан сергак тортди. “Қилт” этиб ютинди-да, креслосига қайтадан ястаниб ўтирди. Юз ифодасига бошқача мазмун қалқди.
— Шу десанг, кичик ўғлим… ёшлик қилиб қўйипти. Кимдир хотинидан хабар етказган экан. Даладаги ишини ташлаб, трактири билан уйга шошаверибди-да.
— Келинга нима қипти?
— Йўқ, ҳеч гап йўқ. Иккиқат. Ўғлим шунга илинибди-ю, шошибди-да.
Фермерлар уюшмаси раиси бирор бир хавф дарагини сезиб аччиқлана бошлади.
— Бобо, бундай бир… очиқроқ гапиринг! Нима бўпти, нима қўйипти. Одамнинг диққатини мулойимгина қилиб кўтариб… охири деворга урасиз шекилли.
— Ўғлим, энди нима қиламан, раисга нима дейман, деб уйга қамалиб ўтирипти. Трактирини бошқа бир трактир билан судратиб олиб келипти.
— А? Трактор? Тракторга нима бўпти? Ўзимам гапларингиздан ўйлаб турувдим. Ҳозир биласизми, трактор билан осмоннинг нархи бир…
— Мен айтдим, бундай ётма, дедим. Бориб бир бошидан айт, тушунади, дедим. Сизни ҳамма билади. Тўғрими, сизни ҳамма яхши одам, дейди.
— Сизламанг энди… Бўлар иш бўлиб…
— Бошда сенлаганим учун хижолат бўп турувдим ўзи.
— Тракторга нима бўпти, тракторга?
— Жудаям катта гап эмас. Олдинги кичик оёқларидан бири… Шу, ёшлик қилипти-да. Бу ёқда келиним. Келин бояқиш иккиқат.
— Трактордан гапиринг.
— Бир оёғи синиб кетипти. Бола ёшлик қилиб, шошиб, тутлардан бирига қадалиб қопти.
Энди бобо фермерлар уюшмаси раисининг кўзига шундай кўриниб қолдики, буни тасаввур қилсак, одам зотига ўхшатишнинг иложи йўқ. Ўшқира бошлади.
—  Қани ўзи? Мулла Марайим қаҳрамон бўп, сизни жўнатиб, ётиптими ўзи?
— Унга айтмай ўзим келдим, раис бобо.
—  Кепсиз, яхши қипсиз. Энди бориб ўғлингизга айтинг. Тракторни тузатиб жойига қўйсин-да, тошини терсин. Ҳозир иш излаган тракторчининг сони минг.
— У ёғиниям ўйладик, раис бобо. Нима қилай, қўлимиздан келмаса. Рўзғорни шу ўғлим шу трактири билан тебратиб туради. Бирор бошқа жойдан кеп ётган нарсамиз йўқ. Давлатга раҳмат, пенсамни вақтида олиб турипман.
— Бўпти-бўпти. Тракторни судратиб ташлаб кетсин, бўлди. Ўзи билади, мажлисда айтувдим. Ким битта хато қилса ўзи билиб ишини топширсин, деганман. Ортиқча гап ортиқча.
Бобонинг жуссаси кичрайиб қолди. Қизариб кетган раиснинг гапларини жим, мўлтираб эшитди.
— Бир марта кечиринг энди. Менам илгари трактирчи бўлганман. Бундай пайтларда, темир экан-ку, дейиларди. Одамнинг қадри билинарди.
— Боо…бо. Энди майда гап қилманг. Бориб лапашанг ўғлингизга айтинг. Бояги айтганимдай қилсин. Бўпти энди…
— Энди ундай деманг, раис бобо. Сизга кенглик ярашади.
— Қани ўзингиз айтинг, нима қил, дейсиз?
— Бир марта кечиринг. Ҳозир биласиз, ишсиз қолиш қиёмат. Четга бориб ишлаб келаман, дейди, мен жўнатмайман. Қўрқаман. Келин биринчисига иккиқат.
Раис ўрнидан туриб кетди.
— Бўпти, бобо, сиз бораверинг, эртага ўғлингиз келсин. Ўзи билан гаплашаман. Сиз барибир бошқа замоннинг одамисиз.
— Шундай кетолмайман-да, раис бобо. Ундан кейин, келганимни ўғлим билмаслиги керак. Бир мартага кечирдим, денг. Ўзиям бўлари бўлди, кўрсангиз ачинасиз.
Гап-гап билан бобони раис ўзи хонасидан чиқариб қўйди. Афтидан ҳамма заҳрини унинг ўғлига асраб қўйгандек бўлди. Ҳарқанча бўлмасин, кечирдим, демади.
Ўзини ғижимланган қоғоздек сезиб қолган бобо қабулхонадан чиққач йўлакда қотиб туриб қолди. У ҳеч қачон ҳеч кимдан ўзини ортиқ санамаган, ҳеч кимдан ортиқча иззат талаб қилмаган… лекин, шу ёшгача ҳали ҳеч кимдан бу қадар таҳқирниям кўрмаганди.
Шахд билан қайрилдию имконсизликнинг чегараси бўлган журъат билан раисга қайтадан юзма-юз бўлди. Фермерлар уюшмасининг раиси бобонинг кўзларига қараб ҳайиқди. Бу кўзларда, бу нигоҳларда ўзига жуда таниш бўлган ҳис мужассам эди.
Ўзини зўрға тутиб турган бобонинг овози қалтираб чиқди.
— Кўп нарса сўрадим, раис, сендан яна бир нарса сўрайман.
— Сўранг, сўранг…
— Худо… ҳаттоки Худо одамга… саноқсиз хатоларини тузатиш учун ажалигача… ажалигача имкон бераркан. Шуни биласанми?
— Хўш, хўш…
— Гапни бўлма, сўрайдиганим шу: сен Худоданам зўрмисан, а, Худоданам зўрмисан?
Жавобини ҳам кутмай, хонага қандай шахд билан кирган бўлса шундай чиқиб кетди.
…Эртасига созланган тракторида даладаги ишини қилиб келган ўғли раисни мақтади. Одамлар у кишини бекорга яхши одам дейишмасакан, деди.
Бобо кўзларини беихтиёр ойналари кирчил дераза томон олиб қочди.