Ражаббой Раупов. Иймон минораси (ҳикоя)

Заргар Тўрахўжа ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз қолди, икки кундан буён ўғли Қодирхўжадан дарак йўқ. Ётиб-туриб ўйласа-да, ўтган талотўпга ақли  лол, бу хил жангу жадал, осмондан ажал ёққанини ҳеч тасаввурига сиғдиролмасди. Худонинг юборган балоси, офат десангиз – қирғинни ҳукмдор Олимхоннинг душманлари бошлаб келди. Ҳа, шу тупроқда униб-ўсган Бухоронинг тагли-тугли аслзода йигитларидан бўлмиш бир гуруҳ илмпарвар ақлирасоларнинг билиб-билмай босган қадамлари шаҳарни қонга ботирди, хароб қилди. Чол таланган мол-дунёсига ачинмади, очиқдан-очиқ зўравонлик, ёнғин юрагини ўртади. На чора, келган бало бир унингмас, бутун Бухорони ёндирди. Шу топда ягона илинжи ўғли оиласини ишончли, тайинли жойга омонат қолдириб, Бухорога эсон-омон қайтсин.
Қўшнилардан ҳол сўрашнинг имкони йўқ, икки кундирки, босқинчи тўдани айтмаганда, на бировдан хабар олди, на биров “Ҳолинг нечук?”, деб келмади. Бу қандай жазоки, ҳафта ичида бутун бошли маҳаллалар, аҳил жамоа, қавм бир-бирига ёт – бегона. Асл ким, ноасл ким билмайсан, худо берган жон омонат, ҳалол мулкинг болшавой деган қароқчилар оёғи остида хор.
Чол бўғилиб ҳовлига чикди, ҳаво етишмай ҳансираб нафас олди. Супа ўртасидаги цинган ҳассасига кўзи тушиб хўрлиги келди. Талончи гуруҳга тайинли қаршилик кўрсатмаса-да, борига қаноат қилмаган шайтонлар “Кўмган тиллангни топиб бер» деб савалашди. У мажҳул бир тарзда тураркан, Оллоҳдан юпанч истагандек осмонга қаради, кўзлари тиниб ҳеч нарсани кўрмади. Шу ҳолда бироз тургач дарвозага кўзи тушди: “Ў, баччағарлар, – деди у, – оларини олиб яна дарвозани ёпиб кетишибди-я, қизил аскар дегани ишни пухта қиларкан…”
Чол дарвозани ланг очиб қўяркан, “Таланган уйнинг нимасини бекитай, барибир, ҳаммасига Оллоҳ шоҳидку”, дея ўйлади. Хаёл билан секин кўчага чиқди-ю бехос тўхтади, юрагини ваҳм босиб ортига қайтди. Бухоро Бухорога ўхшамасди…
Шаҳар тепасида аччиқ тутун, чанг қотиб қолганди. Кеча-кундуз давом этган отишма, ёнғин, бомба ёғдиришдан сўнг Бухоро асл қиёфасини йўқотди. Ерданми, кўкданми гўё жаҳаннам даҳшатини намоён этган бир бало Бухорога жазо ёғдирди: юз йиллар аввал қад кўтарган Катта минора ярадор, мадрасаларнинг тоқи тешик, азиз авлиёлар қабри ерпарчин, Амир Сайид Олимхон хазинаси ўлжа, шаҳар аҳли саросима ва даҳшат ичра чорасиз…
Шунга қарамай Амир лашкарлари тўрт кеча-кундуз душманга қарши курашди. Талофот ва харобаликлар ҳаддан ортиб, шаҳар фуқаролари жон сақлаш умидида мол-дунёсини ташлаганича турли томонга қочишди.
Сайид Олимхоннинг ички ва ташқи ҳарб қувватидан хабардор Фрунзе кетма-кет ҳамлалар уюштириб Бухорони ололмагач, Чоржўйга Полша фронтидан чақириб, ҳозирлаб қўйилган махсус самолётлар дастасини жангга киритишга буйруқ берди. Бутун кун бўйи – эрта тонгдан то кеч кўз кўргунча шаҳар бомба остида қолди. Амир Олимхоннинг Бухорони ташлаб чиқишдан бошқа иложи қолмади. Минг тзқққиз юз йигирманчи йил чоршанба – жангнинг тўртинчи куни Олимхон шоҳлик боғи саналмиш Ситорайи Моҳи Хоссадан чиқиб Ғиждувон туманига йўл олди. Шу кундан бошлаб манғитлар сулоласининг еттинчи ва охирги амири Олимхонниниг қадами Бухоройи Шарифдан буткул узилди…
Ҳукмдорсиз Бухоро ёт қўллар остида қўрқинчли тус олиб, ҳувиллаб қолди. Эгасиз уйлар, соҳибсиз дўконларнинг эшиги очиқ ётар, мол-мулк таланган, сочилган… Кундуз кўчаларда одам сийрак, барча фуқаро — ҳунар аҳлидан гадоларгача бекиниб олиб, такдирдан паноҳ излар, ўтган довул таъсирида гуё қўл-оёғидан, ҳушидан ажрагандек карахт эди.
Аввалига Бухоронинг ҳар бир ғишти қизил аскарларнинг кўзига антиқа ўлжа бўлиб кўринди. Амир хазинаси – сийму зар, мисдан ясалган идишлар, ипак матоҳлар, кумушу марварид, олтинларни вагонларга ташийвериб, ниҳоят, уларнинг бир муддат кўзи тўйгандек, унча-бунча нарсани назар-писанд қилмай қўйишди.
Фрунзе буйруғига кўра зудлик билан махсус гуруҳ тузилди. Казаклардан иборат сараланган аскарлар “инқилоб”нинг тўртинчи куни Бухоро хонадонларидан тилло йиғиш мавсумини бошлаб бердилар. Эшикларини танбалаб, Оллоҳдан иноят кутиб ётган қариялар, иложсиз бандалар, Бухорога қаттиқ боғланган фуқаролар ҳар бир дамни таҳликада ўтказишар, молу жон қароқчилари тунда хонадонларга бостириб киришар, уй эгаларини қийнаб-қақшатиб тилла талаб қилишарди. Шаҳарда бу зулмкор тўданинг олдини тўсадиган мард топилмади. Маҳаллалар аҳли ҳар эрта юзи тимдаланган, сочи юлинган, боши боғлиқ қўни-қўшнисига кўзи тушиб, сирдан огоҳ булар, ҳеч ким бир-бирига чурқ этмай навбат кутар, эртага исталган вақтда ўлпон йиғувчи Фрунзе жаллодлари уйига бостириб киришидан хавотирда, юрак ҳовучлаб чора излашарди. Чора эса топилмас, зулмнинг эшиги очилган, еб тўймас, талаб тўймас тиллохўрларнинг тўйдими йўқ эди.
Амир кетганининг эртаси тунда Заргар маҳаллалик ўн беш хонадонни тонг отгунча қийнашди. Оиласини Бухоро атрофидаги қишлоқлардан бирига яшириб қайтган Қодирхўжа қайсар отасидан хабар олгани уйига кирди. Чол ўлсам, ўлигим ҳовлимдан чиқсин, мол-дунё деб Бухородан кечмайман, менинг қочадиган гуноҳим йўқ, деб ҳовлида ёлғиз қолган эди. Эрталаб ўғли кириб келганида у оппоқ сурп кўйлак-иштонда супа ўртасида бош яланг, цинган ҳассасини бағрига босганича ҳайкалдек қотиб, савдойи янглиғ турарди. Ғишт ётқизилган кенг супа ковлаб ташланган, хоналар ағдар-тўнтар эди.
Ота-ўғил иккиси бир-бирига тикилиб қолишди, кўзлар дардлашди – ҳол айтди, ҳол сўради:
“Отажон, олиб кетай, қишлоққа яширай, дедим, кўнмадингиз, ахир бу не кўргулик?”
“Ўғлим, сенга айтдимку, менинг яширинадиган, қочадиган гуноҳим йўқ. Топган мол-мулким ҳалол, ўзимники… Барига чидайман, бошимга не тушса, Оллоҳдан деб биламан. Лекин сендан бир сўроғим бор. Сенлар ишонган, юртни бузиб, юрт тузаман деганлар қани бугун? Нега улар жим? Юртим, диним, амирим деб жангга кирган лашкарларнииг хуни каммиди, нечун улар жонсиз минорани тўпга тутдилар, Бухоро дарвозаларини ёндирдилар. Дарвозалар ёнмади, менинг жоним ёнди, масжидлар қуламади, мен қуладим. Отанг молига эмас, жонига куяди, ўғлим, Қодирхўжа?!” – чолнинг кўзларидан ёш  думалади.
“Отажон, не қил дейсиз?! Шу топда қўлимдан келадигани қочиш, йўқса, розилик беринг, Амир қўриқчиларига етиб олай, ул зоти олий хизматини қисмат деб билай… Юрт бузиб, юрт сўрайдиганларга ўғлингиз Қодирхўжа  ишонмаган, уларнинг хизматидан ҳазар қилганман, аммо бошимда бир улкан гуноҳ бордирки, ҳар қанча ювсада кетмайди…”
“Биламан ўғлим, биламан, Сиз четда турдингиз, қон-қардош биродарингиз Файзуллага қарши чиқмадингиз, Амирни ҳам ёқламадингиз – шундай эмасми? Билиб қўйинг, ўзини таниган, ҳурмат қилган одам учун ўртада туриш қийин. Энди қисматингиз оғир кечади.
Сизлар доим “Жабр-зулм кўкка етди”, деб сўзлашни хуш кўрардинглар. Эндичи, қўни-қўшни, хешу таборнинг ҳолидан хабар олинг, ўз кўзингиз билан кўринг уларни, шоядки ҳақиқий зулм нималигини англасангиз. Шуни унутмангки, бизларнинг худодан бўлак сиғинадиган, Бухородан бўлак топинадиган жойимиз йўқ!”
Қодирхўжа аста бориб отасини озорсиз бағрига босди. Кетма-кет зарбаларга худди Катта минорадек қаддини тутиб берган бу чол Заргар маҳалланинг давлатли, диёнатли, обрўли оқсоқоли ҳисобланар, у яккаю ягона ўғли Қодирхўжа билан фахрланар эди. Тўрахўжанинг асли касби заргарлик, сўнгроқ савдо билан шуғулланди. Ўғли Қодирхўжа саводли, мадраса кўрган йигит. У яқин беш-олти йилдирки, отасининг ёрдамчиси, қариядан буткул ҳисоб-китобу иш юритишни қабул қилиб олган тадбиркор савдогар. Бухоронинг ҳур фикрли жадидлари, савдо аҳли, айниқса, атроф туманлардаги ўзига тўқ хонадонлардан кўплаб яқинлар орттирган мулоҳазакор Қодирхўжа ҳар қанча ўйламасин, қизил қўшиннинг истилосини англаёлмасди. Нечун бу тартиб вайрон этиш, ёндириш, шафқатсиз қириш, талаш… Йўқ, инқилоб дегани бу тахлит бўлмас, зўравонлик бу, босқинчилик! Юртпарвар миллат кишилари нечун бу қирғин-баротга йўл қўйдилар, нега халқнинг бор-йўғи билан ҳисоблашмай ўлпон йиғадилар?
Қодирхўжа отасининг қўлтиғидан суяб айвон зинасига етаклади. Чол бир зина босиб-босмай тўхтади:
– Миллат қайғусида Бухорога қўшин чорлаган биродарларингиз қайда, нечун индамайсиз, ўғлим?
Қодирхўжа тушунди, отаси “Ёш бухороликлар”га шаъма қиляпти. Дарвоқе, нечун дўсти Файзулла бунинг каби талонга бепарво, жимгина кузатиб турибди. Шаҳарни кофирга тўлдириб, ўзи қаёққа ғойиб бўлди?
– Отажон, ўзингизга маълум, уч кундирки оиламиз ташвиши билан бандман. Бухоро эгасиз қолди. Эгасиз юртни талашар экан. Боши берк – чорасиз кўчага кириб қолдик, кимга ишонишни билмайсан киши.
– Ўзингизга ишонинг,  Қодирхўжа,  юртнинг эгаси бор, бугундир,  эртадир бузғунчилар,  юрт талашганлар жазосини топади, ўзи бошлаб келган яроғ бошини ейди. Юрт босиб барака топиш мумкиндир, аммо шуни билингки, юрт сотиб барака топмайсиз. Молданку кечдингиз, энди жондан кечиб бўлса-да, биродарингиз Файзуллага учранг, сизга айтган омонат сўзимни унга етказинг. Қўлидан келса итларини боғласин, халққа жабр бўлди, хў-ўб жабр бўлди, талагани етар, ҳаққи қолмади! Ўз қавмига озор етказган барака топмайди, – чол зинага ҳорғин чўкар экан, Қодирхўжа англадики, отасининг унга айтадиган сўзи тугади. Умр бўйи зар йиққан, тилло йиққан одам нечун бугун йўқотган мол-дунёсига ачинмайди, юрт дейди, қавм дейди, қадди тик, юрагида ғалаён… Қодирхўжа остона ҳатлаб кўчага отиларкан, ушбу мулоҳаза юрагини ўтдек куйдирди.
Файзуллага ҳавасманд ўсган Қодирхўжа дастлаб ислоҳотталаб “Ёш бухороликлар”га хайрихоҳ, сўнгра фирқанинг Бухорода ислоҳот ўтказиш лойиҳаси билан танишиб, лойиҳанинг ер-сув, ҳарб ва молия ишлари, маориф ва нозирлар кенгаши каби бўлимларини маъқуллаган, бу ҳақида дўсти Файзуллага ҳам билдирган эди.
У шаҳарнинг харобага айланган кўчаларидан ўтиб бораркан, шундай ўйларди: “Яқингача Файзуллани менингдек дўстлари кўп эди, бирин-кетин тарқаб кетдик, ажрашдик, у эса аҳдидан қайтмади. Нечун мен инқилобчи бўлмадим, худо асрадими, журъатим етмадими ё унингдек замондан ўзиб яшолмадимми?” – Қодирхўжа шундай ўйларкан, барча нияту маслакларининг чилпарчин синиши – тескари аксидан ўзига келолмасди.
Катта минора ва масжид атрофидан узоқ айланиб юрди. Қорайган ғишт, тупроқ уюмлари қабристонни ёдга солади. Ҳафта олдин шаҳарнинг энг обод, файзли манзили ҳисобланмиш бу азиз жойларда беш-олтитадан бўлиб қизил аскарлар турар, улар харобаларни қўриқлашаётгандек теваракни зийрак кузатишар, ярадор минорага ҳеч кимни яқинлаштирмас эдилар.
“Қай бир гуноҳинг учун бағрингни тўпга тутдилар эй, бобо минор?! – Қодирхўжанинг бағри хун бўлди, кўзлари ёшга тўлди, ютинди, аммо киприк қоқмади. – Кучга тўлган, дўст-душманнинг фарқига борган эркак йиғламайди, йўқ, зинҳор йиғламайди. Ўзингни тут Қодирхўжа, чақирилмаган меҳмонлар ёнида паст кетма, уларга айтадиган сўзинг бўлса, йиғламай, қўрқмай айт, токи улар сени шу тупроқнинг фарзанди, эгаси эканлигингни билишсин! Бир ўқ билан, ўн ўқ билан қуламаган минорадан уял, у сендан мадад эмас, номус кутади… Қани энди Файзуллани тезроқ тополсам, ахир у мендан, Амирдан-да Бухорони ортиқ севарди, ҳаммамиздан ортиқ севарди. Амирга тахт мерос бўлса, бизга Ватан, Бухоро меросмасмиди?..»
Муштларини тугиб, аскарларга яқинлашаркан, қулоғига бегона – русча сўзлар чалинди:
–  Стой!
–  Куда ты, сарт?
–  По моему он бай!
– Амирнинг қариндошимикан, отамиз! – аскарлар бирин-кетин гирдини ўраб олишди. Қодирхўжа ўртада тўхтаб қолди.
“Отамиз”, дедими? – у бир хил кийинган аскарларга разм соларкан, ўзбекча сўзлаган ёшгина йигитга тикилиб қолди. Бехос отасининг: “Ўғлим, менинг қочадиган гуноҳим юқ”, – деган сўзларини эслади. У отишга ишқибоз аскарга яқинроқ бориб:
– Қочмаганни, қўрқмаганни отасизми, йигит?! – деди киноя билан. – Қўйингчи, биродар, ўзлари ким бўладилар, сарполар қуллуқ бўлсин, хўп ярашибди! Сизга яроғ тутганлар адашмабди, баракалла, отинг мени, нега қараб турибсиз, камлик қилса, ана, Минорайи калонни отинг, қулатинг, нега қараб турибсизлар?!
Аскар бола қилт этмай:
– Мен қизил аскарман, инқилоб қўриқчиси, ўзингиз кимсиз, ҳужжат?! – деди жиддий.
– Ҳужжат сизда бўлади, қизил йигит, мен бухороликман, бухоролик Қодирхўжа! Мени каттангизга бошланг, айтадиган гапим бор.
– Каттамиз  штабда, ўртоқ Фрунзе ниҳоятда банд, у сизни қабул қилмайди, гапингиз бўлса, марҳамат, ўртоқ комиссарга айтинг, – деди у чеккарокда нописанд қараб турган малласоч кишини кўрсатиб.
“Ё раб, отам башоратчи экан, “Энди қисматингиз оғир кечади, ўғлим”, деб ҳозиргина айтмаганмидилар? Ноҳотки энди гапирадиган сўзимга, босадиган қадамимга шулардан ижозат сўрасам? Бухоронинг қўлдан кетгани ростга ўхшайди. Ё, Амири аъзам, қадрингизга етмабмизку, биз ғофил бандаларни шайтон йўлдан оздирмиш, мана оқибат, мана инқилоб!”
Бу орада аскар йигит комиссарнинг сўзларини Қодирхўжага етказишга шошилди:
– Ўзингизни таништиринг, ўртоқ гражданин, тақиқланган зонага не мақсадда кирдингиз?
– Боя айтдимку, нега англамайсиз, бухоролик Қодирхўжаман, дўстим Файзуллада ишим бор. Учрашмоқчиман.
Аскар унинг сўзини комиссарга етказди. Комиссар чирт этиб ерга туфураркан, нималардир деди, асабийлашди. Сўнг қизил аскар бошлиғининг сўзини шундай етказди:
– Ўртоқ комиссар сизга ишонмайди, у дейдики, дуч келган бухоролик ўзини Файзулла Хўжаевга дўст деб таништиради, бўлмаган гап бу. Сизлар уни ёмон кўрасиз, сиз феодаллардан уни ҳимоя қилиш бизнинг бурчимиз. Хўжаев Бухоро инқилобининг калити, у бизга керак. Тушундингизми? Энди биз билан юрасиз, шахсингизни аниқлаш лозим.
– Чиғириқдан ўтасан денг, менга ишонмайсизми, тўғри қиласиз, бегона юртнинг шоҳи гадоси-да бир, ишонманглар, ишонманглар менга!
– Гражданин Қодирхўжа, нега ундай дейсиз, Бухоро бизники, биз уни озод қилдик, ёт қўллардан, манфур амирдан озод этдик, яшасин Инқилоб! Ёки сиз бизга қаршимисиз, хато қиласиз, сизнинг ўрнингизда мен бўлганимда мана бу, эски тузум сарқити – амирнинг сояси ажал минораси ҳисобланмиш баландликка чиқиб “Яшасин инқилоб!”, деб жар солардим.
– Э, шундай денг, ажал минораси деб номладингларми, йўқ, иймон  минораси бу, сизлар келгунча минорада сўфи азон айтган, барча мўмин-мусулмонни эътиқодга бошлаган, – унинг сўзига ҳеч ким эътибор бермади.
Ўзига ярашиқли кийим кийган Қодирхўжани ўртага олиб кетишаркан, ёнидаги малласоч аскар чўнтагига қўл суқди:
– Тилла бар? Золото, золото?

***

…Фрунзе аскарларининг муваққат штаби Амир Олимхон Аркига жойлашгач, инқилоб учун хавфли саналган ҳар бир кишининг тақдири шу жойда ҳал этила бошланди. Гумондорлар гуруҳларга бўлиниб, ҳукмдорга яқинлар Амир хонадони билан юзлаштириш учун тутқунликда сақланарди. Асосий штаб эса Когон темир йўли станциясида. Қизил аскарлар Қодирхўжани Аркка судрашган пайтда Файзулла шаҳардан четда – Когонда ўзи учун ажратилган вагонда ёлғиз эди. Фрунзе унинг Бухорода туришини маъқул топмади, суиқасд уюштиришларини рўкач қилиб, вақтинчалик махсус вагонда яшашини маслаҳат (аслида буйруқ) берди. Фрунзе ушбу тадбири билан икки вазифани адо этди: биринчиси, Хўжаевнинг четда туриши шаҳарда ўз истагича тинтув ўтказиш, хоҳлаган одамни қаршиликсиз қамаш, отиш – ҳар бурчида хазина яширилган Бухоро бойликларини рухсатсиз йиғиш имконини берди; иккинчиси, инқилоб курашчисининг ҳаётини кафилликка олиб, қизил армиянинг садоқатини намойиш этди.
Хар икки тадбирни манфаат асослар, манфаат оқлар, шу боис қаршиликка ўрин йўқ эди.
Кеча-кундуз қўриқланаётган вагонларда тинимсиз тилла юкланар, арава, фойтунлар узлуксиз қимматбаҳо буюмлар ташир, инқилобнинг дастлабки ҳосилини Бухородан Когонга завқ-шавқ билан йиғишарди.
Файзулла Хўжаев илк кунларданоқ, савдогар отасидан мерос қолган жамики бойлигини инқилоб ғалабаси учун ихтиёрий топширди. Айтиш мумкинки, бу борада у шахсий намуна кўрсатди. Унингча, эътиқод синовининг бундан бўлак ишончли усули йўқ эди. Узоқ муддат Бухоронинг мустақил, ривожланган тенглик ва адолатли қонунлар устиворлиги асосида қурилган давлат бўлиши учун курашган экан, бундай улуғ мақсад учун наинки шахсий мулк – бойлик, жондан кечишга ҳам тайёр эди у.
Инқилоб қурбонсиз бўлмас! – бу шиор даврнинг нафаси, жамики йўқотилган, бой берилган бойлик, ҳатто тўкилган қон ўрнини босишга арзирли таскинбахш мезон эди. У ҳар бир қадамини шу мезон билан ўлчар, иккиланмасди.
Қарши дарвозаси портлатилди. Катта минора тўпга тутилди. Арк ярим вайронага айланди, масжидлар устига бомба ёғди, самолёт нелигин кўрмаган, билмаган Бухоро аҳли қурбон бўлди, қирилди. Ҳаммасига гувоҳ: шафқатсиз режанинг иштирокчиси у. “Ғафлат босган Олимхон Бухоро тақдирини ўйлаганида, аввало, ҳарб қувватини оширмасмиди, ўзганинг ҳимоясига ишонган подшоҳ қандай қилиб ўз юртида эркин бўлсин, бугун бўлмаса эртага, у албатта, Бухорони топширмасмиди?”
Ёлғизликда ўтаётган ҳар лаҳза Файзуллага тинчлик бермас, ўзича турли сабаблар топарди: “Агар у бизнинг ислоҳотларни қабул қилиб, амалга оширганида, бугун Бухоро таланмасди, аммо у қўркди, ўзидан қўрқди, тахтдан қўрқди. Олимхон узоқни кўролмади, ўзига ишонди, пилта милтиқ билан қуролланган қари лашкарларига ишонди. Тақдир мен тараф бўлиб, рус қуроли билан уни енгган эканман, қисматдан тонмайман! Отадан давлат қолади, мол қолади. Лекин унга мамлакат қолди, Бухоро қолди, у шунга лойиқмиди? Олимхон Бухорони бошқаролмади…”
Бухоро таланар, Бухоро ёнар, у эса ўз-ўзи билан хаёл талашар, ўтган воқеалар бўлак имкон бермасди. Минг тўққиз юз ўн саккизинчи йилги Колесов жангидан сўнг унинг энг катта имкони жим туриш эди. Бир марта ишончни йўқотган маҳаллий инқилобчи иккинчи бор қизил армиянинг мададидан умидини узиши керак. Лекин унга ишонишди. Файзулла бўлгани учун, керак бўлгани учун ишонишди…
У шундай ўйласа-да, сўнгги икки-уч кунлик воқеалар силсиласи, бир-ярим ёнига келиб кетаётган яқинлари, маслакдошлар, қариндошларининг очиқ-ойдин норозиликлари бир дақиқа бўлсин тинчлик бермасди. Рост, қизилларнинг мадади қимматга тушди, лекии на чора, энди ортга йўл йўқ, кўприклар синди.
Ниҳоят, вагон пардасини суриб атрофни кузатди: аскарлар терлаб-пишиб аҳду жаҳд билан елкасига қоп ташир, бирин-кетин тўлган вагонлар эшиги танбаланиб, соқчилар сони ортиб борарди. “Агар шу билан қутулсам, шу билан уларнинг қадами Бухородан узилса, – дея ўйларди у, – билингки, Бухоро ўзининг иккинчи умрини бошлайди, биз янги, мустақил давлатнинг пойдеворига ғишт қўйган бўламиз…» Аммо бунга ҳали эрта, ўй-хаёллари тор вагонда, аскар қўриқчилигида, Бухородан четда кечаётган орзу эканлигини билмасди. Бухоро воқеалари шу қадар шиддат билан кечдики, энди у темир гўшасида тинч туролмас, шошилинч режалар тузар, ён дафтарига қайдлар ёзар, кимлар биландир хаёлан баҳслашар, вазифалар тақсимлар, хуллас, вақт унга, у вақтга тинчлик бермасди.
Нохос эшик тақиллаб, соқчи кўринди:
– Сизни сўраб келишди.
– Ким!
– Дўсти Қодирхўжаман, дейди, рухсатномаси бор.
– Кирсин.
Қодирхўжа вагонга кирганида Файзулла ярим сурилган парда ёнида туриб, бир маҳаллада улғайган болаликдаги ўртоғи ҳақида ўйларди: “Келгани яхши бўлди, у мени тушунади, ўтган гиналарни унутамиз, энди бизни иш бирлаштирсин, Бухоро бирлаштирсин”.
Дўсти Қодирхўжа Файзулла кутганчалик қучоқ очмади, ҳаяжонланмади, бегона, бутунлай ёт бир кишига кўзи тушгандек ажабланиб қараб турди. Бир дақиқалик оғир сукунат Файзулланинг юрагига тошдек қадалди. “Нега мени тушунишмайди, нечун менга бундай қарайдилар, ҳамманинг қўли менинг ёқамда, ахир менга ҳам суянчиқ керак, қани ўша мард, атрофимда устоз Фитратдан бошқа ҳеч ким қолмади!”
Жимликии Файзулла бузди:
– Дўстим, тоқатинг етса, яна бир дам жим тур, гапирма. Мен бир ойдинлик тилайман, кўнглим эса кун сайин қора, қоп-қора: кучинг етса, менга қўлингни узат, мадад бер, қадамим ёруғликка етсин, у ёғини ўзимга қўй, албатта қаддимни тиклайман!
Қодирхўжа ҳамон жим, ўша совуққонлик ила қараб тураверди.
“Бир дунё кек билан келган, яхши ҳамки қуроли юқ…”
– Сен бошқа юртнинг одамисан, – сокин тилга кирди Қодирхўжа, – танимайман сени, ёлғонми? Атрофингда соқчилар, ортингда юк тўла вагонлар! Сен мен учун гуё Бухорога келгансану савдонгни пишитиб, яна тўлиб-тошиб юртингга кетаётгандексан! Қаёққа жўнатаяпсан бу олтинларни?! Бухорога қасдинг бормиди?! Яна қўл чўз дейсан, мадад бер дейсан, сен шайтонга қўл узатдинг, сенга шайтон мадад берсин! Отангдан, мол-давлатингдан, ҳаммамиздан кечиб топган тахтингга тупурдим! Нима қилиб турибсан бу ерда бекиниб, олиб чиқ темир тахтингни, Аркка ўрнат! Олимхон кетди, энди у йўқ!
– Бухорога қасдинг бормиди! – Файзулла Қодирхўжанинг  сўзини такрорлади. – Кеча  амаким ҳам худди шу гапни айтди. Азобку бу даъвони эшитиш, тушунтириш азоб, чидаш азоб. Мен сенларнинг қай биринг билан айтиб-эшитай! Шу кунгача ёлғиз эдим, наҳотки, яна ёлғизлик қисматим бўлса? Бунақада мен ким билан Давлат қураман?! Йўқ, сенлар гинани биласан, хатони кўрасан, аммо суянчиқ бўлолмайсанлар!
– Гапирма, сенга суянчиқ бўлишдан худо асрасин! Юртини кофирга топширган одамни мен тушунмайман!
– Менинг ўз режам, мақсадим бор. Сенлар юртни эмас, ўз молинг, жонингни ўйлайсан! Бугун бўлмаса эртага мени халқ тушунади. Олимхондан қутулганига шукур қилади, кўзи очилади…
– Олимхонни сен қанчалик билсанг, мен ҳам уни шунчалик билардим. Мен тахт ҳавасидан узоқда эдим. Тинчгина оилам, касб-корим, юрагимда шукронам бор эди – ҳаммасини тўзитдинг! Кошки тўзғиган бир мен бўлсам? Айт! Даъвога арзимайдими булар?! Жавоб берасан, ҳаммасига жавоб берасан, юртнинг даъвоси елкангда турибди, кўзларинг кўр сенинг – кўрмайсан, қулоқларинг кар сенинг – эшитмайсан!
Мутелик, бўшанглик Файзулланинг табиатига ёт эди. Мақсадга эришишнинг қонли йўли, вайронагарчилик, кўплаб яқинларидан ажралиш уни янада теранроқ ўйлашга, Бухоро билан боғлиқ ҳар бир катта-кичик воқеани қайта-қайта тафаккур мезонидан ўтказишга мажбур қиларди. Шафқатсиз вақт ҳафта ичида ўз ҳукмини ўқиган, шикоятга ўрин йўқ эди. Энди буёғига пухтароқ режалар тузиш, ён бериш, пинҳона курашишдан ўзга чора йўқ. Алдандим, десинми, хато қилдим, десинми, узр сўрасинми – бундан не фойда? Мақсади аниқ экан, қайтмайди, қайсар тақдир унга ён босмагунча курашаверади.
– Чўнтагимдаги сўнгги ақчамни ҳам тортиб олишди, – Қодирхўжа ҳамон тик турганича гапирарди. – Бу қадар пасткашлик?! Ишонган тоғинг шулармиди? Қароқчику булар, гадоку булар! Тунда отамни тунашибди. Бутун маҳаллани қон қақшатиб, кўзи тушган одамдан тилла талаб қилишади! Кечалари уйма-уй изғиб ўлпон йиғишади… Қарғишга қолдинг Файзулла, қўлингдан келса итларингни боғла. Халқни талагани етар, сендан қизиллар миннатдор бўлишса, шу ёғи ҳам етиб ортади. Амирни қулатишта етгулик, балки ортиқроқ хизмат ҳақи тўладинг! Энди айт, бизга тегмасин, бева-бечоранинг оҳи сенга етмаса, Оллоҳга етади!
– Қодирхўжа! – Файзулла унинг кифтидан чангаллади. –Хотинқарғиш сўзларингдан тўйдим! Яхшилаб эшитиб ол: Бухоро шу кунгача ватаним эди, энди эса қисматимга айланди! Биласан, қисматдан ҳеч ким кечолмагай. Агар тақдир устимдан кулмаса, Бухорони қайтадан қураман. Сен ҳали Файзуллани билмайсан!..
Сергак соқчи таҳдидли овоздан ҳушёр тортиб, вагонга отилиб кирди. Файзулла малласоч аскарга зўрма-зўраки жилмайиб  “Ҳаммаси жойида, чиқиб тур”, деди русчалаб.
Кутилмаганда аскарнинг пайдо бўлиши ҳар иккисинида ҳушёр торттирди. Файзулла учун ички ва ташқи тартиб ўрнатилган – у энг яқини билан ҳам вагонда узоқ гаплашолмас, ким билан нима ҳақида суҳбатлашгани учун ҳисоб беришга мажбур эди. Гувоҳларсиз суҳбат ўзига чоҳ қазишга тенг, буни англамасликнинг иложи йўқ, то шу кунгача асраб-авайлаб, жону танига қалқон бўлиб келган Когон станциясидан кунма-кун узоқлашаяпти. Рост, ҳаётини асраш важида темир қутида, соқчилар қўриқчилигида ётар экан, кўнглига бостириб кирган бегоналик ҳисси кун сайин катталашиб, улкан тўсиққа айланиб бораяпти.
У вагон бўйлаб аста юра бошлади, буткул тинчини йўқотди. Бири-биридан чалкаш, хавотирли ўйлар таъсирида вагондан отилиб чиққиси келди. Унинг чорасиз пайтлари кўп бўлган, лекин бугунгидек ўтган воқеаларнинг барча маломати йиғилиб бошидан ёғилмаган эди. Нималар бўлаяпти ўзи? Бари унинг ихтиёрисиз кечди, у биладики, унинг хоҳишидан-да шиддатли, қудратли бир куч Бухорога бостириб кирди. Фрунзе лашкарларининг қадами етган Бухорога ҳаммадан кўпроқ у масъул эмасмиди?..
Бир муддат жимликда кечган фурсат соқчиларни янада ҳушёрликка чорлади. Бу гал улар вагон панжарасидан пойлашди, ҳатто бириси пойлаганини атайлаб яширмади, тиржайиб, очиқ-ойдин ичкарига разм солди.
– Кимни пойлашаяпти, – сўради Қодирхўжа, – меними ё…
– Мени пойлашаяпти, уларга мен керакман.
– Йўқ, хато қиласан, Файзулла, уларга сен эмас, Бухоро керак! Ҳолингни кўриб ҳаммасини англадим, энди қўлингдан бир иш келиши мушкул, сен аллақачон болшавойнинг аравасига мингансан, ўз ихтиёрингча тушмайсан, тушолмайсан, жўшиб-жўшиб қўшиғини айтасан, айтмасанг айттиради!
Файзулла унииг сўзларини эшитмагандек, хотиржам кўзларига тикилди:
–Дусту биродарларга айт, Бухорони ташлаб кетишмасин, ҳали бир-биримизга керак бўламиз. Янглиш фурсат тез ўтади, менга ишонинглар Қодирхўжа. Кел, энди хайрлашамиз дўстим.
– Кетаман, – деди Қодирхўжа орқага тисланиб, – лекин сенга ишонмайман, Файзулла, ишонмайман! Оллоҳга қасамки, барингдан ўч оламан, токи тирик эканман, ўч оламан…
У эшикни тарақлатиб ёпди.

***

Бир муддат ўтгач, кетма-кет ўқ овози эшитилди. Қодирхўжа чуқур хандақда қонга беланиб ётар экан, Файзулланинг сўнгги сўзларини эслади: «…Янглиш фурсат тез ўтади, менга ишонинглар, Қодирхўжа…” У кўзларини катта очиб, чидам билан хўрсинди. Кўзи элас-элас тепасида белкурак кўтарган қизил аскарга тушди.
У ҳали жони чиқмаган – тирик жасадини тупроққа қориштираётганларини томоша қилиб ётди, кўзларини юммади, юмолмади. Боши узра – осмонда элас-элас ярадор Катта минора аксланди. Бир ўқ билан, ўн ўқ билан қуламаган минорадан мадад истагандек ўнг қўлини чўзмоқчи бўлиб талпинди-ю шу лаҳза елкасига тош урилди, юзига қум тушди, кўзлари уни зулмат қаърига тортиб кетди.