Дўстбек Сулаймонов. Бўри ови (ҳикоя)

Қишлоқда кеч тушиб, атрофга  тун ўзининг сиё пардасини ёяётган паллада миш-миш тарқалди. «Мурод мерганни бўри еганмиш».
Бу гапга биров  ишонди, биров ишонмади. Лекин Мурод мерганнинг ҳовлисидан эшитилиб турган йиғи-сиғи овози бу гаплар ростлигидан дарак бериб тургандай қишлоқ аҳлини тажжубга соларди. Йиғи-сиғи овози кучаявергани сари Мурод мерганнинг ҳовлиси одамларга тўлаверди.
«Нима гап? Нима бўлибди?».

* * *

Мурод мерган ўртоғи билан овга йўл олишди. Аслида бормасаям  бўлар эди-ю, бўри қишлоққа тап тортмасдан келиб ҳамқишлоқларининг молини «тинчитиб» кетгандан кейин, одамларнинг гапи билан овчилик ори келиб, «шу бўриларни битта қўймай қириб ташлайман», деб жўраси Самандарни олиб овга чиқишга қарор қилди.
Улар қишлоқдан чиқиб, қирлар ён бағридан кетаверишди. Шу кечаси қалингина қор ёққан бўлиб, бўри излари билиниб турарди. Икки овчи бўри изидан тоққа қараб чиқа бошлашди. Чошгоҳгача йўл юриб, азим тоғлар этагига етиб боришди.
Мурод мерган олдин ҳам кўп бўри овлаган. У йўл-йўлакай Самандарга тажрибаларидан гапириб берди.
– Бўри жонивор, шундай ҳайвонки, битта издан юриб, битта издан қайтишни маъқул кўради. У қачондир яна ортга қайтади. Энди юраверганимизнинг фойдаси йўқ. Шу ерда қопқон қўйиб пойлашимиз керак.
Улар бўри ўтадиган йўлни мўлжаллаб, қопқон қўйишди. Устини қор билан билинтирмайдиган қилиб ёпиб қўйдилар.
Кейин узоқроқдаги ҳарсанг тош панасига пўстинларини тўшаб жойлашишди. Мурод мерган ҳам Самандар ҳам милтиқларни ўқлаб, пичоқларни тайёрлаб қўйишди.
Шивирлашиб гаплашиб кута бошладилар. Мурод мерган қанча вақт ўтди, билмадилар. Кун ҳам анча уфққа оғиб қолганди. Бир пайт тоғ тарафдан бир шарпа кўринди.
– Келаяпти, бўри келаяпти, – шивирлади Мурод мерган. – Қимирлама, агар сезиб қолса, қочиб қолади. Шунча қилган ишларимиз ҳавога учиб кетмасин!
Бўри аввалги изи  билан яқинлашиб келди. Қопқонга бир неча  қадам қолганда бир нима сезгандай тўхтаб қолди. Чошгоҳда қўйилган қопқон қорнинг эриши натижасида бир чети кўриниб қолганди. Буни ҳисобга олмаганидан Мурод мерган энди афсусланди. Лекин, энди кеч бўлганди.
Бўри бошини кўтариб, ҳавони ҳидлаб, шу атрофда одам борлигини сезиб қолди. Бўрилар йиртқич бўлиши билан бирга, уларда ўзига яраша айёрлик мужассамлигига мерган яна бир бор ишонди.
– Боя қопқонни бир текширмаган эканмизда, – ачинди Самандар.
– Қани кўрайлик-чи, бу ёғи нима бўларкан?
– Ана, ортига бурилди, ҳозир қочиб қолади.
– Энди отмасак бўлмайди.
Бўри ортига шиддат билан бурилди. Мурод мерган отишдан ўзга илож тополмай мўлжалга ола бошлади. Самандар ҳам милтиғини олди. Мурод мерган лўкиллаб югуриб бошлаган бўрини кўкрагини нишонга олди. Лекин тепкини босишга шошилмади. Тўсатдан милтиқ овози янгради. Самандар шошиб тепкини босиб қўйганди.
Милтиқ отилганда бўри бир умбалоқ ошиб тушди. Сакраб турди, яна югуриб кетди, шиддат билан югурмаётганлигига қараганда яраланганди.
– Кетдик, ўқ тегибди, бу аҳволда узоққа боролмайди, – деди Мурод мерган. -Нарсалар жойида қолсин. Бўрини тинчитиб қайтиб келиб олиб кетамиз.
Улар қўлларида милтиқ ва пичоқ билан бўрини ортидан чопиб кетди. Бўри ҳийла олисдаги тошлар ёнига яқинлашиб қолганди. Улар ҳаллослаб, қор кечиб югуриб кетишди.
Бўри тошлар ёнидан чопиб бориб, ҳарсанглар орасида кўринмай кетди. Овчилар эҳтиёт бўлиб тошларга яқинлашди. Муроднинг қўлида узунлиги икки қаричча келадиган яланғоч пичоқ, Самандар милтиқни отишга тайёр ҳолда тошларни айланиб чиқишди.
Бўри шу атрофдалиги аниқ. Лекин қаерда?. Самандарнинг назарида панада пойлаб ётган бўри отилиб чиқади-ю, уларга ташланади. У атрофга ҳадик билан назар ташлаб, мерганнинг ортидан судралиб бораверди.
Мерган бир тошнинг ёнида одам сиғадиган катталикда ўнгурни кўриб қолди. Бўрини излари ҳам шу ерга кирганини кўрсатиб турарди.
– Энди нима қиламиз?, – деди Самандар.
– Қани қарайлик-чи.
Тешикдан қарашди, ним қаронғуликдаги ичкари анча катта кўринди.
Мурод мерган қўрқув нималигини билмасди. Неча бор бўрилар билан олишган. Баъзи катта  жароҳатларни ҳисобга олмаганда, барчасида ғолиб чиққанди.
– Мен ичкарига кираман, – деди Мурод мерган.
– Кириб нима қиласиз, бошқа бирор нима қилиш керак.
– Овга келдикми, ўлжани олиб кетиш керак. Энди бўрини каттароқ қопқонга тушди, деб тасаввур қилавер. Майли, кутиб тур, мен кетдим. Агар чиқмасам кетавер, ҳар йигитнинг бошида бир ўлим бор. Бўпти омонликда кўришгунча, – Мерган бу гапни ҳазил қилиб ёки чиндан айтдими, ишқилиб бу гап Самандарга ёқмади. Овчи қўлида пичоқ тутганча ғор оғзидан эмаклаб кириб кетди.
Самандар ташқарида кутиб қолди. Унинг вужудини шу тобда қўрқув эгаллади. «- Нима қиларди кириб, бошқа нарса қилиш керак эди. Ёки чақирсаммикан?», – ўйлади у.
– Мурод, Мурод, чиқ, кетамиз жўра, – чақирди у. Ичкаридан бирон садо чиқмади.
Бу пайт Мурод мерган бир қўлида пичоқ, бир қўлида фонар билан ғорга кириб олганди. Ғор ичи нимқоронғу бўлиб, ичи анча катта экан. Фонарнинг ёруғидан фойдаланиб, бўрини излай бошлади. «- Қаерда экан, лаънати бўри, ишқилиб кўрмай қолмайин-да, ташланиб қолиши ҳам мумкин. Ҳужумга тайёр туриш керак. Аҳа, мана қаёқда экан, бу ерда эканда».
Ғор тўрида ғужанак бўлиб ётган бўри фонар ёруғи тушиш билан ирғиб турди. Тишларини кўрсатиб ирриллади. Мерган пичоқни уришга шайлаб, бўрига яқинлашди. Бўри олдингга бир қадам юриб, орқага бир қадам ташлаб пайт пойлай бошлади. У осонликча жон таслим қиладиган кўринмасди. Аслида ҳам шундай, йиртқичлар ҳал қилувчи олишувда охиригача боради. Вақт эса ўтиб бораяпти.
Мерган бўри ҳамла қилишига ишонди. Сал ортига сурилиб, тўнини этагидан ҳимариб белбоғига қистирди. Пичоғи ўткирлигини синамоқчидай дамига тегиниб кўрди. У овдан ҳеч қачон қуруқ қайтмаган. Бугун эса ови бирмунча бароридан келди. Бўри ундан атиги бир неча қадам нарида турибди. Яхшилаб мўлжалга олиб бир зарба берса тамом, уйга, қишлоқдошлари ёнига ёруғ юз ва қаҳрамон сифатида кириб боради. Энг муҳими қишлоққа бўри ораламайди. Хуллас, ортга қайтиш йўқ!
Таъқиб давом этди. Овчи бўрига яқин борди. Бўри ҳам жунлари тикка бўлиб, иррилади, ҳамлага ҳозирланди. Бўринининг қоронғуда ялтираётган кўзлари ҳамма ёқни кўриб турарди. «Ҳозир ҳал қилувчи зарбани бераман», деб ўйлади овчи.
Мерган бўрини кўкрагини мўлжаллаб пичоқ урмоқчи бўлди. Бўри ҳам иррилаб, бир жойда турмас, гоҳ олдингга, гоҳ орқага силжиб яқин келишига имкон бермасди. «- Агар мен тезроқ уни урмасам, ташланиши аниқ».
Бўрини кўкрагини мўлжалга олиб куч билан пичоқни силтади. Бўри олдинга шиддат билан интилди. Унинг ўткир кўзлари овчи ёнида ўзи ўтиши мумкин бўлган тирқиш жой очилиб қолганини кўриб турарди. Овчи «бўри ҳамла қилаяпти» – деб ўйлаб бор кучи билан пичоқни сермади. Пичоқ бўрини орқа оёғига тегди-ю, оғир жароҳат етказмади шекилли, йиқитмади. Овчининг ёнидан лип этиб ўтиб, ғордан қочиб чиққан бўри ғойиб бўлди. Мерган фонарнинг ёруғида пичоғига қаради. Пичоқ қон эди. Фонарнинг ёруғида пичоқни яхшилаб артиб тозалади. Уст-бошини тузатди.
Мурод мерган фонар ёруғлигидан фойдаланиб, ғор ичини кузата бошлади. «Балки, бўри уясидир, бу».

***

Самандар жўраси ичкарига кириб кетгач, милтиқни ғор оғзига ўқталиб анча вақт турди. Ичкаридан ҳар замон-ҳар замонда бўрининг дарғазаб иррилагани эшитилиб қолса Самандар бир сергак тортарди.
Ташқарида қўрқув ва ҳадикда турган йигит «Муродга бир нима бўлди, ҳаяллади», деб ўйлаб турганида ғор оғзидан бўри отилиб чиқдию, ўнгу-сўлига қарамай югуриб кетди. Самандарнинг эсхонаси чиқиб кетди. Шошганидан қўлидаги милтиқни нишонга тўғрилай олмади. Тепкини босиб юборди. Тоғдан акс-садо қайтди. Бўри бир дам тўхтади. Кейин оқсоқланганча чопиб кетди.
– Бугун иккинчи марта ўқим хато кетяпти, нима бўлаяпти тушунмаяпман, – деб шоша-пиша яна ўқлади. Бу орада бўри анча олислаб кетди. Самандар нишонга теккизишга кўзи етмади. «- Э, бор-э, ўлиб кетмайсанми», – деб милтиқни ерга улоқтирди. Мерганни чақира бошлади.
– Мурод чиқ энди, кетамиз, бугун овимиз юришмади.
Ичкаридан жавоб қайтмади. Самандарнинг юрагига ғулғула тушди. Ғор оғзига эътибор бериб қараса, ҳаммаёқ қон, қон томчилари бўри изидан кетган. «Тамом, Муродни бўри еган, ичкарида яна бўри бўлса-я, қанча айтдим-а кирма жўра деб мана оқибати, энди тез бориб одамларга айтиш керак. Эҳ, Мурод жўрам-а, сени ажал ҳайдаб келган экан-да, асли пешонангда бўрига ем бўлиш ёзилган экан-да».

***

Самандар шошиб-пишиб қишлоққа кириб келди-ю, кимни кўрса Мурод мерганни бўри еганини айтиб, «уйига йиғилинглар жасадини олиб келамиз» деб кетаверди. Ҳамма ишонди. Ахир эрталаб бўри овлаймиз, деб кетишаётганинни кўпчилик кўрган эдида.
Самандар Мурод мерганнинг уйига хабар қилай деб чопиб кетди. Бориб бўлиб ўтган воқеани тушунтирди ҳам.
– Асли мен айбдорман, шу лаънати овга бормасак бўларкан. Тақдир – пешона экан. Худо сабр берсин, – дея хотин ва болаларига ҳамдардлик билдирди. Воқеадан хабардорлар келишди. Қўни-қўшнилар чиқишди. Мурод мерганникида йиғи-сиғи бошланди. Йиғи овозини эшитиб бошқалар ҳам кела бошлади.
Нима бўлганини эшитган одамларнинг ўн беш-йигирма чоғлиси ғорга бориб Мурод мерганни жасадини олиб келмоқчи бўлди. Уларга Самандар йўл бошлаб кетди. Мурод мерганникида қиёмат бошланиб кетди. Йиғи-сиғи, қий-чув…

***

Мурод мерган ғорни кузатиб, у ёқ бу ёғини тузатиб, бир пайт ташқарига чиқса, Самандар йўқ. Ғор оғзида қон томиб, бўри изидан кетган. Овчи халқи шундай бўлади: ўлжасиз ортига қайтмайди. Мурод мерган бўри яраланган экан-да, шу атрофда ётгандир деб бўри изидан кета бошлади. Бориб-бориб қон томчилари йўқолди. Бўри изи тоғ тарафга қараб кетганди.
Атрофга қоронғу туша бошлади. Мурод мерганни энди Самандарнинг қаёққа кетгани хавотирга сола бошлади. «- Ишқилиб омон бўлсин-да», – деб қўйди. Уни бўри қувлаб кетмагани аниқ. Чунки, Самандарнинг излари кўзга чалинмади. Боя ғор яқинида Самандарнинг изларига эътибор бермаган экан. «- Қишлоққа қайтгандир», – деб ўйлади.
Кундуз яшириниб ётган ҳарсанг ёнидан кийимларни олди. Қишлоққа кириб келганда, вақт ярим тунга яқинлашганди. Уйига яқинлашди. Ҳовлисида негадир одам кўп эди. «- Нима бўлди экан, ишқилиб тинчлик бўлсин-да»,- деб қўйди.
Уйи олдида тўн кийиб, белбоғ боғлаган қариндошларини кўриб ўзини тутолмай йиғлаб қўя берди. Уй олдида юрганлар қариндошлардан биронтаси келгандир, деб ўйлашди.
Мурод мерганни улар таниб қолишди. Ўтирганлар ўтирган жойида, турганлар турган жойида қотди-қолди. «Нега менинг олдимга биронтаси келмайди», деб ҳайрон бўлди. Қариндошларининг ҳолати тушуниб бўлмас даражада саросимали эди. У дарвозадан кириб қоққан қозиқдек туриб қолди.
«Ким бўлиши мумкин? Нима қилди экан? Нега ҳамманинг важоҳати ўзгарди?» деб ўйлади у.  Олдингга бир қадам босди. Шунда қариндошларидан бири Маҳмуд ўзига келди, шекилли, «Арвоҳ, арвоҳ, Мурод акамнинг арвоҳи» деб қичқириб юборди. Уйнинг эшигини очиб югуриб кириб кетди. Бошқалар ҳам ғайритабиий қўрқинч ва саросимали ҳолатда бир-бирини итариб-суриб, кириб кетди. Эшикни ичкаридан беркитиб олишди.
Мурод мерган ҳайрон. «Нима бўлаяпти? Нимага бунақа қилаяпсизлар? Арвоҳ дейишдими?» – пичирлади Мурод мерган ўзининг ўлганига ишонишига бир баҳя қолди. Алам билан бош бармоғини тишлади. Оғриқ жонидан ўтди. «- Тирикман».
У яна уй томон бир неча қадам босди. Энди ичкарида аёл ва эркакларнинг ваҳимали қий-чуви кўтарилди. Дераза ортидан даҳшат ва ваҳима билан боқиб туришарди.
– Мурод, ўзингмисан? – деди титроқ овоз билан Нўъмон бобо.
– Ҳа, Муродман. Нима бўлаяпти? Тинчликми?
– Тирик экан, тирик!
Қий-чув, шовқин кўтарилди.
– Қаёқда эдинг?
– Бўрини қувиб ғорга кирдим, афсус омадим келмай қочириб қўйдим. Яраландим ҳам…
Орадан анча вақт ўтиб, Самандар бошчилигида кетган одамлар йиғи-сиғи қилиб қайтиб келиб қолишди.
Олдидан чиққан одамларга «Тополмадик, ғорда фақат қон излари ва мана бу қийиқча бор экан» деб оқ қийиқчани кўрсатишди. Ҳамма жим.
Ичкаридан Мурод мерган «Бормисан ошна, ҳазилинг қурсин», деб чиқиб келди. Уни кўриб Самандар ўзидан кетиб қолди. Одамлар уни суяб, сув сепиб ўзига келтириб олди.
Кейин нима бўлганини Мурод мерган батафсил айтиб берди.
– Худога минг марта шукур, мен яқин жўрамдан айрилиб қолдим, деб ўйлабман, – деди Самандар дўстини қайта-қайта бағрига босаркан ҳазил қилишга ҳам улгурди:
– Энди сени ғорга киритиб бўпман. Ҳей овчи бўлмай ҳар бало бўлгур, юракни ёрдинг-ку!