Дўстбек Сулаймонов. Зўраки «миллиардер» (ҳикоя)

— Пулни қачон қайтарасан?
— Айтдим-ку, бераман деб. Бунча ёпишиб олдинг менга?
— Бераман деганинг қачон эди, сен учун бировдан олиб бергандим.
— Ҳовлиқма, қочиб кетаётганим йўқ-ку.
— Тўғри сен қочмаяпсан, лекин сени деб мен кимлардан қочиб юрибман, номард, — Акром Сардорнинг ёқасига ёпишди.
— Қўйвор, қўлингни торт-э, — Сардор силтаб ташлади. — Қаерданам сенга йўлиқдим. Агар сен бўлмаганингда ҳеч нима бўлмасди.
— Яна мени айбдор қилаяпсанми? Яхшиликни билмаган нокас экансан?
— Ўзинг ўшасан? Бўлмайдиган ишларни деб бошимга бир дунё ғалва орттириб олдим.
— Мен билмайман, қонимни кўп ташна қилма, пулни топиб бер, — бўғилиб бақириб берди Акром. — Ҳе сендақа дўстнинг…
У қўл силтаб нари кетди.  

***

Сардор интернетга кириб, электрон почтасига кўз югуртирди. Эҳа, янги хатлар келибди-ку. Кимдан экан? Иккитаси танишларидан, биттаси номаълум манзилдан эди. Номи, манзили инглизчасига алламбало деб ёзилган. Очиб ўқиган бўлди. Ажнабий тилда бир варақ ёзилган хатда ҳеч нимага тушунмади. Фақат 400 000 фунт стерлинг деганини тушунгандек бўлди. «Бу нимаси бўлди? Лотерияга ўхшаган нарсамасмикин?».
Хатни қоғозга чиқариб, чет тиллар олийгоҳида ўқийдиган таниши Акромга кўрсатди. Уч йилдан бери шу олийгоҳда ўқийвериб анча инглизчанинг ҳадисини олган талаба қисқача  тушунтирди:
— Қисқаси, жўражон, сенга лотерея чиқибди. Англияда яшайдиган бир миллиардер вафот этибди. Ундан қолган маблағ меросхўрларга етказилиши керак экан. Қизиғи…
—  Бунча чайналдинг? Айтавермайсанми?
— Ўша миллиардернинг меросхўрлари орасида сен ҳам бор эмишсан.
— Мен Лондонда нима қилиб юрибман?
— У ёғини билмадим, менимча қанақадир лотереяга ўхшаган нарса. Ҳаракат қилиб кўриш керак, балки омадинг келиб, айтилган пулни ололсанг, сендан бой, сендан зўр одам бўлмайди.
Сўнг билағонлик қилиб ҳисоблай кетди:
— Хўш, 400 минг фунт стерлингни долларга ўтказсак, 800 минг доллар бўлади, у бизда 2 миллиард сўмдан ошиб кетади-ёв. Янаям билмадим.
— Эй, гапни калта қил, нима деяпсан ўзи?
— Жўра, табриклайман, миллиардер олдимизда турган экану билмай юрган эканмиз.
— Ҳазиллашма, сени ҳозир аяб ўтирмайман.
— Қара, хатнинг давомини, агар, белгиланган кунгача анкетани тўлдириб юборсангиз, марра сизники деяпти.
— Очиқроқ тушунтир.
— Юр, интернетга кирамиз, — Акром Сардорни судраб кетди. Интернетда сўралган у ҳақидаги бор маълумотни ёзиб юборишди.
— Жўра, хизматинг катта бўлаяпти, агар насиб қилиб, шу пулни ололсам, сенга биздан янги Нексия «подарка», — Сардор ҳам ютуқ чиққанига энди ишона бошлади.
— Ростданми? Қанақа ёрдам керак бўлса айтавер, тортинма.
— Бўпти, хатнинг жавобини кутайлик-чи.
Икки кундан сўнг яна ўша манзилдан хат келди. Таржимон Акром пешонасини тириштириб таржима қилишга киришиб кетди:
— Айтаяптики, уларнинг адковати сенинг адвокатинг билан гаплашмоқчи экан. Пулни кўчириш масалаларини ҳал қилиш керак деяпти.
— Яна қанақа адвокат? Қаердан топаман адвокатни?
— Керак бўлса топасан, қолган гапни эшит. Эртага кундузи соат 11.00 да сенинг қўл телефонингга адвокат телефон қиларкан. Шу.
— Қизиқ-ку, қаердан топай энди уни.
— Шунгаям шунча ваҳимами? — Акром бидирлаб яна билағонлик қилди. — Телефон қилсин-чи олдин. Мен сенга адвокатлик қиламан. «Нексия»ни ҳалоллаб олишим керак.
— Бўпти, келишдик, эртага учинчи парага кирмаймиз. Шу масалани ҳал қилайлик.
Йигит хонасига келиб жойига чўзилди. Ширин хаёллар суриб ухлаб қолди. Тушида қандайдир ваҳимали хориж машинасида кетаётганмиш. Ёнида чемодан тўла пулмиш. Бўларканку, пулни олибман-да, деб қўярмиш у мамнун бўлиб.
Шодлигидан уйғониб кетди. Шу тушнинг хосияти бор деб ўйлади. Яна хаёлга берилди. «Икки миллиард сўм-а. Бирданига шунча пул. Қани ҳозир қўлимда бўлиб қолса. Биринчи ўринда Акром жўрага машина олиб берардим, хизмати катта бўлаяпти. Дадамнинг «Жигули»сиям анча чарчади. Битта «Нексия» совға қилсам ёмон бўлмайди. Анча кўнгли кўтариларди. Менинг ўқишимга тўлаган контракт пуллари бир йўла эсидан чиқиб кетарди. Акамга «Дамас» олиб берсам, укам ҳам қуруқ қолмаслиги керак, унга битта «Матиз»чанинг калитини ушлатсак ҳам бўлади. Хўш, энди ўзимизга битта яхшигина шаҳардан ҳовли олсак, бойвачча номи бўлгандан кейин машинаси камида «Лассетти» бўлиши керак. Яна қанча пул қолди ўзи?..».
Орзу яхши нарса-да хоҳлаганча сеники, биров тортиб ололмайди. Сардор ҳам ширин хаёлини суриб ётаверди.
Эрталаб Акром билан учрашиб:
— Соат 11 да учрашиш эсдан чиқмасин-а, — қайта-қайта тайинлади.
— Гап бўлиши мумкин эмас, ҳаммаси «окей» бўлади, — деди Акром қувноқлик билан бош бармоғини тепага кўтариб.
Келишилган вақтдан бироз олдин улар хиёбонда учрашишди.
— Телефон бўлмадими? — деди тез юрганидан ҳансираб қолган Акром.
— Йўқ, энди бўлиб қолар. Юр, анави скамейкада ўтириб турайлик.
Келишилган пайтда номаълум рақамдан қўнғироқ бўлди.
— Алло, эшитаман, — деди Сардор, ҳеч нимага тушунмади шекилли, Акромга узатди. — Ма, гаплаш, инглизча гапираяпти.
Акром чала-чулпа бўлсаям анча гаплашди. «Окей, окей, сенкю, сенкю»ни бир неча марта такрорлагач, суҳбат тугади.
— Нима деяпти, жаноб Смитнинг адвокати. Гапирсанг-чи?
— Ҳамма иш яхши кетаётганмиш. Яна хат келармиш. Шунга жавоб ёзарканмиз.
— Бўлади деяптими ўзи?
— Билмасам. Унинг айтишича, ҳаммаси жойида эмиш.
— Бўпти, кутамиз.
Эртасига яна хат келди. Акром шоша-пиша таржима қилишга тутинди:
— Улар айтишаяптики, нотариус, яна қанақадир хизматлар учун пул тўлаш керак. Хўш, давоми, шунга кўрсатилган ҳисоб рақамга 600 доллар ташлаш керак экан.
— Нималар деяпсан, жўра, ўзи тирноғини кирини сўриб юрган бир талаб бўсам, 600 долларни қайдан топаман?
— Энди тушун-да сен ҳам, бурунгилар айтган — 80 сўм кетмаса 90 сўм келмайди. Сен атиги 600 долларга миллиардер бўлиб қолаяпсан-ку.
— Хўш, нима қил дейсан, сенинг калланг компьютер, ишлат, бекорга сенга «Нексия» олиб берадиган ахмоқ йўқ.
— Шу «Нексия»нгни бунча миннат қилавердинг. Мен ҳам қараб ўтирганим йўқ. Айтилган долларни топиб, юбориш керак, шунда натижа бўлиши мумкин.
— Яхши, тушундим. Пулни кимдан олсак экан-а?
— Сен ҳам изла. Мен ҳам қараб турмайман.
Сардор таниган-билганларидан баридан қарз йиғиб чиқди. Ишқилиб ҳар ким қўлидан келганича қарашди. «Қора бозор»дан 600 АҚШ доллари олиб банкка бориб, кўрсатилган ҳисоб рақамга юборишди.
Орадан кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Аммо энди на хат, на хабар келди.